Qomus

Abu Humayd as-Sa`idiy
АБУ ҲУМАЙД ас-САЪИДИЙ. Абу Ҳумайд Мунзир ибн Саъд ибн Молик ас-Саъидий (р.а.), Мадина аҳлидан бўлган саҳобий. Расулуллоҳдан (с.а.в.) бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида вафот этганлар.
Abu Hurayra
АБУ ҲУРАЙРА. Абдураҳмон (Абдушшамс) ибн Соҳар ал-Давсий (р.а.), машҳур саҳобийлардан. Ҳижратдан 21 йил аввал Маккада туғилганлар. Жоҳилият даврида етим ва заиф ҳолда яшаганлар. Ҳижратнинг еттинчи йили Исломга кирганлар. Кейинчалик Асҳоби суффадан бўлганлар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) ажралмай, Дорул-ирфондан сабоқ олганлар. Мушукни яхши кўрганлари учун Пайғамбаримиз Абу Ҳурайра (мушукнинг отаси) деб лақаб берганлар ва шу ном билан машҳур бўлганлар. Ажойиб фақиҳ, улуғ муҳаддис бўлиб етишиб, фатво бериш мавқеига кўтарилганлар. Пайғамбар алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис (5374 та) ривоят қилганлар. Ҳадисларни ривоят қилиш учун 800 саҳоба ва тобеъий билан учрашганлар. 5374 ҳадиснинг 335 тасини ҳам Бухорий, ҳам Муслим келтиришган, 93 тасини фақат Бухорий, 189 тасини ёлғиз Муслим келтирган. Қолган 4757 таси бошқа ҳадис китобларида келтирилган. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин Баҳрайн, Мадина волийи, Макка қозиси бўлдилар. Ҳижрий 57 милодий 679) йили Мадинада вафот этдилар, қабрлари Бақиъ қабристонида.
Abu Hysayn Nuriy
 АБУ ҲУСАЙН НУРИЙ. Абу Ҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Нурий ал-Бағавий, Хуросоннинг таниқли тсаввуф шайхларидан. Бағдодда туғилган. Замонасида бу зотдан улуғроқ, илмлироқ шайх бўлмаган. Тақво ва зуҳдда, амалларининг гўзаллигида, сўзлари фасоҳатида, қарашлари ҳақлигида ном чиқаргани учун «Амир ул-қалб» унвонини олган. Сирри Сақотий, Зуннун Мисрий, Аҳмад Абул Ҳаворийлар таълимини олган. Ҳижрий 295 (милодий 908) йили вафот этган.
Abu Idris Halvoniy

АБУ ИДРИС ҲАЛВОНИЙ. Абу Идрис Айзуллоҳ ибн Абдуллоҳ, шомлик тобеъинлардан. Ҳижрий 8 (милодий 630) йилда туғилган. Етук фақиҳ ва муҳаддис сифатида шуҳрат топган. Абу Дардо, Абу Зарр Ғифорий, Убайда ибн Сомит, Авф ибн Молик, Абу Ҳурайра каби бир неча саҳобийлардан ҳадис ривоят қилган. Бир қанча вақт Шомда воизлик ҳам қилган. Ҳижрий 80 (милодий 699) йилда вафот этган.

Abu Ishoq

АБУ ИСҲОҚ. Абу Исҳоқ Амр ибн Абдуллоҳ, машҳур тобеъинлардан. Халифа Усмон ибн Аффон вафотларидан икки йил олдин туғилган. Тақводор, ҳадис илмининг етук олимларидан бўлган. Уламолар бу зотдан ривоят қилинган ҳадисларда шубҳа йўқ, дейишган. Бу киши Ҳазрати Али, Муғийра ибн Шуъба, Зайд ибн Арқам, Баро ибн Озиб, Жобир ибн Самура, Адий ибн Ҳотим ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.

Abu Jahl

АБУ ЖАҲЛ. Абул Ҳакам Амр ибн Ҳишом, Абу Жаҳл (бутпараст) номи билан Исломга ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ашаддий душманлик қилган маккалик мушрик зодагон. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва мусулмонларнинг бошига кўп кўргиликлар солган, уларни таъқиб ва тазйиқ қилишни кучайтирган бадбахт кимса бўлган. Пайғамбаримиз бир неча ашаддий золим мушриклар қатори уни ҳам дуоибад қилганлар.  Милодий 624 йилдаги Бадр жангида ўлдирилган.

Abu Jahm

АБУ ЖАҲМ. Абу Жаҳм Абдуллоҳ ибн Ҳорис ас-Самма (р.а.), саҳобалардан. Мадиналик   ансорийлардан эдилар. Одамлар танҳо яшаш ёмон деб айтишса ҳам одамлар билан ўтирмасдилар.   Ўзлари «модомики ҳаёт эканман, одамларга имом бўлмайман», деб айтардилар. Айтишларича, бу киши одамларнинг энг ибодатлиси ва ижтиҳоди қаттиғи эдилар. Доим масжидда бўлардилар. Вафот саналари номаълум.

Abu Jandal

АБУ ЖАНДАЛ. Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр (р.а.), саҳобий, аввалги даврдаёқ Маккада Исломга кирганлар. Оталари ҳибс қилиб ҳижратдан ман этганлари сабабли ҳижрат қила олмаганлар. Ҳудайбийя сулҳига имзо чекилганидан кейин Абу Жандал мусулмонлар томонига ўтиб кетдилар. Бу зотни мусулмонлар томонига ўтиб кетишлари шартномага зид эди. Оталари ўғилларининг қайтарилишини Расулуллоҳ (с.а.в.) дан талаб қилганида, у зот Абу Жандални отасига қайтардилар. Чунки Ҳудайбийя сулҳида мусулмонлардан ким мушриклар томонига ўтса қайтарилмаслиги, лекин мушриклар томонидан бирор киши ўтса қайтариб берилиши шарт қилинган эди. Шунда Абу Жандал: «Эй мусулмонлар жамоаси! Мушриклар динимдан қайтариб фитнага солишлари учун мени уларга қайтариб юборасизларми?», дегандилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Биз шу нарсага битим тузганмиз. Ўша битимни бажаришга мажбурмиз. Сен сабр қилгин, Аллоҳ Ўзи рўшноликка чиқаради», дедилар. Лекин бу кишига Расулуллоҳ (с.а.в.) тириклик пайтларида ғазотга чиқиш насиб қилмади. Кейинчалик Шом шаҳрига мужоҳид ҳолатда чиқиб кетдилар.  Авомис вабоси сабабли ҳижратнинг 18-йили вафот этдилар.

Abu Ja`d az-Zamriy

АБУ ЖАЪД аз-ЗАМРИЙ. Абу Жаъд Амр ибн Бакр аз-Замрий (р.а.), таниқли саҳобийлардан. Макка фатҳида ва Табук ғазотида қатнашганлар. Жамал воқеасида Оиша онамиз томонларида туриб, шу жангда ҳалок бўлганлар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) бир неча ҳадис ривоят қилганлар.

Abu Juhayfa

АБУ ЖУҲАЙФА. Абу Жуҳайфа Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Жанода ас-Сувоий (р.а.), саҳобалардан. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этганларида бу зот ҳали балоғатга етмаган эдилар. Куфада истиқомат қилиб, байтулмолга (давлат хазинасига) бошлиқ бўлдилар. Ҳазрати Алининг қўриқчиларидан бўлганлар, Али (к.в.) бу кишини Ваҳбул-хойр деб атаганлар. Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар, уларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари китобларига киритишган. Ҳижратнинг 63 йили вафот этдилар, Куфада вафот қилган энг сўнгги саҳобий бўлдилар.

Abu Kabsha al-Anmoriy

АБУ КАБША ал-АНМОРИЙ. Саид ибн Амр Абу Кабша ал-Анморий (р.а.), саҳобийлардан, Шомда истиқомат қилганлар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) бир неча ҳадис ривоят этганлар.

Abu Kiloba

АБУ КИЛОБА. Абу Килоба Абдуллоҳ ибн Зайд, басралик машҳур тобеъинлардан. Фиқҳ ва ҳадис илмида пешқадам олимлардан бўлган. Собит ибн Қайс, Анас ибн Молик каби саҳобийлардан, Абу Айюб Сахтиёний, Қатода каби тобеъинлардан таҳсил олиб, бир қанча ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 104 (ёки 106) йилда вафот этган.

Abu Lahab

АБУ ЛАҲАБ. Арабчада «ўтда куювчи, аланга олиб ёнувчи» деган маъноларни билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг энг ёвуз душманларидан Абдулуззо ибн Абдулмутталибнинг куняси Абу Лаҳаб бўлган. У Расулуллоҳнинг (с.а.в.) амакиси бўлса-да Ислом динини қабул қилмаган эди. Расулуллоҳнинг икки қизлари Абу Лаҳабнинг икки ўғлига берилган эди. У Абу Толиб ўлимидан сўнг Бани Ҳошим қабиласи бошлиғи бўлган, Пайғамбаримизни масхаралаб, хотини билан бирга у зотга кўп озорлар етказган. Қуръони каримнинг Масад сурасида Абу Лаҳаб ва хотинининг аянли оқибати Ислом душманларига абадий ибрат ўлароқ келтирилган.

Abu Ma`sud Badriy

АБУ МАСЪУД БАДРИЙ. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ибн Саълаба ал-Ансорий ал-Бадрий ал-Хазражий (р.а.), саҳобалардан. Иккинчи Ақоба байъатида, Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазотларда қатнашган. Ҳазрати Алининг энг яқин сафдошларидан, у зотга ўринбосар бўлганлар. Ҳазрати Али Сиффийн жангига кетаётиб уни Куфага амир қилиб қолдирганлар. Расули акрамдан (с.а.в.) 102 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 40 (милодий 660) йили Куфада вафот этганлар.

Abu Muhammad Bazdaviy

АБУ МУҲАММАД БАЗДАВИЙ. Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо ал-Баздавий, Мовроуннаҳрнинг йирик ҳанафий фиқҳи олимларидан. Унинг зурриётидан Абул Йуср Баздавий, Абул Ҳасан Баздавий каби атоқли мотуридия уламолари дунёга келган. Фиқҳ ва калом илмига доир рисолалари бор. Ҳижрий 390 (милодий 999) йилда вафот этган.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort