Qomus

Abdulkarim Sam`oniy

АБДУЛКАРИМ САМЪОНИЙ. Абу Саъид Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний ал-Марвазий, Мовароуннаҳрнинг атоқли қомусий олимларидан. Милодий 1113 йилда Марвда туғилган. Бухоро, Самарқанд, Найсобур, Куфа, Бағдод, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Дамашқ каби шаҳарларда бўлиб, етти минг устоздан сабоқ олган. Кўплаб ҳадис ривоят қилган. Элликдан зиёд асар ёзгани маълум. Унинг айниқса саккиз жилдли «Ал-Ансоб» (Насабнома) асари машҳур бўлиб, унда минглаб муҳаддис, муаррих, валий ва олимлар ҳақида маълумотлар бор. Ҳадис, тарих, тилшунослик, насабшунослик илмларида пешқадам бўлган олимга «Тож ул-Ислом» унвони берилган. Милодий 1167 йилда Марвда вафот этган.

Abdulla Avloniy

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ. Абдулла Авлоний, 1878 йили Тошкентда туғилган. Йигирманчи аср бошидаги ўзбек маърифатпарвар олимларидан. Янги мактаблар очиб, болаларга «Устоди аввал», «Туркий Гулистон ёки ахлоқ», «Иккинчи муаллим» каби дарсликларни ёзган. Милодий 1934 йили вафот этган.

Abdulloh ibn Abbos

АБДУЛЛОҲ ибн АББОС (р.а.). Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ал-Қурайший ал-Ҳошимий, оналари Умму Фазл Лубоба бинти Ҳорис. Ҳижратдан уч йил олдин туғилганлар, кунялари Абул Аббос. Саҳобаларнинг улуғларидан. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Роббим, Абдуллоҳга ҳикматни ўргатгин», деб дуо қилганлар. Пайғамбаримиз вафот этганларида ўн уч ёшда эдилар. Қуръон, ҳадис ва фиқҳ илмларининг машҳур олими бўлиб етишдилар. Ёшликданоқ кўплаб оят ва ҳадисларни ёд билардилар. Расули акрамдан 1660 та ҳадис ривоят қилиб, бу борада бешинчи бўлганлар. Абдуллоҳ нақл қилган ривоятларнинг бир қисмини машҳур муфассир ва муҳаддис Фирузободий «Тафсирул миқёс тафсири ибн Аббос» номи билан китобат қилган. Тафсир илмининг пешқадами бўлганлари учун «Таржумони Қуръон» унвонини олганлар. Ҳазрат Али даврларида Басрага волий этиб тайинланганлар ва у киши билан Жамал ва Сиффийн жангларида қатнашганлар. Умрлари охирида Маккада илм толибларига дарс бериш билан машғул бўлдилар. Ҳижрий 68 (милодий 687) йилда етмиш бир ёшда Тоифда вафот этганлар.

Abdulloh ibn Abdurrahmon

АБДУЛЛОҲ ибн АБДУРРАҲМОН. Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Абу Соъсоъа Мазиний ал-Ансорий, тобеъинлардан. Оталари улуғ саҳобийлардан бўлганлар. Абдуллоҳ оталаридан ва Абу Саид ал-Худрий, Ато ибн Ясор, Умар ибн Абдулазиз каби ровийлардан ҳадис ривоят қилган. Ишончли ҳадис тўпловчи бўлган. Абу Жаъфар халифалиги даврида вафот этган.

Abdulloh ibn Abduya

АБДУЛЛОҲ ибн АБДУЙА. Абдуллоҳ ибн Абдуйа (Абдавайҳ) ибн Назир ибн Хуштёр, асли бухоролик, Насафда яшаган. Улуғ имом, саҳиҳ ҳадис айтувчи бўлган. Бобоси Хуштёр мажусийлар олими эди, Қутайба ибн Муслим фатҳидан сўнг мусулмон бўлган. Ҳижрий 286 (милодий 900) йили Насафда вафот этган.

Abdulloh ibn Abu Avfo

АБДУЛЛОҲ ибн АБУ АВФО. Абу Муовия Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (р.а.), саҳобалардан. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларигача Мадинада истиқомат қилганлар. Ҳудайбия сулҳи, Ризвон байъати, Ҳайбар ғазоти ва бошқа маъракаларда қатнашганлар. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин Куфага кўчиб бориб, ўша ерда яшаб қолдилар. Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 86 йили Куфада вафот этганлар.

Abdulloh ibn Abu Bakr

АБДУЛЛОҲ ибн АБУ БАКР (р.а.). Илк мусулмон бўлган саҳобалардан, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) ўғиллари. Жасоратли, ўткир зеҳн соҳиби бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва оталари Абу Бакр Сиддиқ мушриклар таъқибидан ғорда яшириниб туришганида уларни егулик ва ичимлик билан таъминлаб турганлар. Кўплаб ғазотларда ва Макка фатҳида қатнашганлар. Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 11 (милодий 632) йили Тоифни фатҳ этишда яраланиб вафот қилганлар.

Abdulloh ibn Abu Bakr (2)

АБДУЛЛОҲ ибн АБУ БАКР. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм ал-Ансорий ал-Маданий, тобеъинлардан, отаси Амр ибн Ҳазмдан бир неча ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 135 йили етмиш ёшида вафот этган.

Abdulloh ibn Adiy

АБДУЛЛОҲ ибн АДИЙ. Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий ал-Журжоний, Ибн Қисор куняси билан машҳур. Ҳижрий 279 йили туғилган. Машҳур ҳадис олимларидан, ишончлилигини ровийлар тасдиқ этишган. Ҳижрий 365 йили вафот қилган.

Abdulloh ibn Amr

АБДУЛЛОҲ ибн АМР. Абу Абдураҳмон (ёки Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс ибн Воъил ас-Саҳмий (р.а.), саҳобалардан. Оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирганлар. Бадр ва Уҳуддан бошқа барча ғазотларда қатнашганлар. Тақво ва зуҳдлари билан машҳурлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан суҳбатда бардавом бўлиб, ваҳийларни ёзиб борганлар. Қувваи ҳофизалари ниҳоятда ўткир Қуръон ҳофизи бўлганлар. Расули акрамдан 1000 га яқин ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 65 (милодий 684) йили юз ёшда Шомда вафот этганлар.

Abdulloh ibn Amr (2)

АБДУЛЛОҲ ибн АМР. Абу Жобир Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ибн Саълаба (р.а.), таниқли саҳобийлардан ва раҳбарлардан. Ақоба байъатида етмиш саҳоба билан бирга иштирок этганлар. Бадр ва Уҳуд ғазотлари қатнашчиси. Уҳуд куни вафот этганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Уҳуд куни отам қатл этилган жойларига бориб, юзларидан кийимни очиб йиғлаётган эдим, саҳобалар бундан ман этишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса ман этмадилар. Аммам Фотима бинти Амр ҳам йиғлардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йиғлайсанми, йиғламайсанми, ҳали ҳам фаришталар қанотлари билан уни тўсиб туришибди», дедилар.

Abdulloh ibn Avn

АБДУЛЛОҲ ибн АВН. Абдуллоҳ ибн Авн, таниқли тобеъинлардан. Ибн Сирин, Наҳаъий, Қосим ибн Муҳаммад, Ҳасан Басрий, Шаъбий, Мужоҳид каби устозлардан ҳадис ривоят қилган. Ҳадис тўплаш ва ўрганиш учун Макка, Мадина, Куфа, Басра шаҳарларига сафар қилган. Ҳижрий 151 (милодий 768) йили вафот этган.

Abdulloh ibn Buhayna

АБДУЛЛОҲ ибн БУҲАЙНА. Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна (р.а.), кунялари Абу Муҳаммад, саҳобалардан. Оналари Буҳайна бинти Ҳорис ибн Мутталиб, оталари Молик ибн Ҳишом Аздуманда қабиласидан эди. Абдуллоҳ умр бўйи рўза тутган зоҳид ва фозил киши эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) суҳбатларида бўлиб, у зотдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Мадинадан ўттиз чақирим наридаги Батну-рийм деган жойда истиқомат тутиб, ўша ерда вафот этганлар.

Abdulloh ibn Busr

АБДУЛЛОҲ ибн БУСР. Абдуллоҳ ибн Буср ал-Маданий (р.а.), кунялари Абу Савфон, Мозин қабиласидан. Саҳобаларнинг охиргиларидан бўлганлар. Ҳижратдан етти йил олдин туғилганлар. Қиблатайнга қараб намоз ўқиганлардан. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу саҳобийнинг бошларига муборак қўлларини қўйиб, умрлари узоқ бўлишини тилаб дуо қилганлар. Абдуллоҳнинг оталари, оналари, ака-сингиллари ҳам Расули акрамнинг суҳбатларида бўлишган. Абдуллоҳ Расулуллоҳдан 50 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 88 (милодий 707) йили тўқсон беш ёшда Шомда вафот этганлар.

Abdulloh ibn Huzofa

АБДУЛЛОҲ ибн ҲУЗОФА. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (р.а.), илк мусулмонлардан, саҳобий. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) барча ғазотларида қатнашганлар. Бир гал эллик кишилик жангчилар гуруҳига бошчилик қилганлар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) мактубларини Эрон кисроси Парвезга олиб бориб элчилик қилганлар. Расули акрамдан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрати Умар халифаликлари даврида у кишининг византияликларга асир тушганлари, шунда иймонда қаттиқ туриб, Византия императорининг Исломдан қайтиш эвазига тахт, мол-мулк ва қизини бериш ҳақидаги таклифини рад этганлари, ҳатто ўлимдан ҳам қўрқмай бир тадбир билан ўзлари ва саксон мусулмоннинг жонини қутқариб қолганлари ҳақида гўзал тарих бор. Ҳазрати Усмон халифаликлари даврида Мисрда вафот этганлар.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort