Qomus

Abdulloh ibn Umar

АБДУЛЛОҲ ибн УМАР. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ал-Адавий (р.а.), кунялари Абу Абдураҳмон, машҳур саҳобалардан. Ҳижрат аввалида туғилганлар, болаликдаёқ Маккада Исломга кирганлар. Асҳоби киромнинг энг улуғ олим ва мужтаҳидларидан. Ҳижоз фиқҳининг тамал тошини қўйганлар ва олтмиш йил фатво берганлар. Бадр, Уҳуд ва бошқа барча ғазотларда қатнашганлар. Оталари Ҳазрати Умар билан Мадинага ҳижрат қилганлар. Африқо юртларига икки марта ғазотга борганлар. Ҳазрати Усмон вафотларидан сўнг халифалик таклиф этилганида бош тортганлар. Абу Ҳурайрадан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилганлар (2630 та). Шундан 170 тасини ҳам Имом Бухорий, ҳам Муслим келтиришган. 81 тасини ёлғиз Бухорий, 31 тасини Муслим келтирган. 2348 таси бошқа китобларда зикр этилган. Умрлари охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Ҳижрий 73 (милодий 692) йили саксон тўрт ёшларида Маккада ҳаж пайтида вафот этганлар.

Abdulloh ibn Vahb

АБДУЛЛОҲ ибн ВАҲБ. Абдуллоҳ ибн Ваҳб ибн Замъа ибн ал-Асвад ал-Асадий ал-Қурайший. Ислом шоирларидан. Макка фатҳи вақтида Исломга кирган. Ҳижрий 35 (милодий 656) йили Мадина қамали чоғида шаҳид бўлган.

Abdulloh ibn Vahb (2)

АБДУЛЛОҲ ибн ВАҲБ. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Ваҳб ал-Мисрий, Мисрда етишиб чиққан таниқли фиқҳ ва ҳадис олими. Ҳижрий 125 (милодий 742) йили туғилган. Етти ёшидан илм ўрганишга киришган. Биринчи устози Молик ибн Анас бўлган. Яна бир устози Ибн Хотим: «Мен унинг тўплаган саксон минг ҳадиси шарифини кўриб чиқдим, уларнинг бирортаси аслидан йироқ эмас», деб ёзган. Унинг саҳобалардан нақл этилган сўзлар, ахлоқ ва тарбияга оид масалалардан иборат «Ал-мужоласот», ҳадисга бағишланган икки жилдли «Ал-Жомеъ», «Муватто ас-сағир», «Муватто ал-кабир», «Китабу аҳволул-қияма ва тафсирул-Қуръон» каби асарлари бор. Ҳижрий 197 (милодий 812) йили вафот қилган.

Abdulloh ibn Zam`a

АБДУЛЛОҲ ибн ЗАМЪА. Абдуллоҳ ибн Замъа ибн Асвад ибн Мутталиб ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай ал-Қурайший ал-Асадий (р.а.), саҳобалардан, оналари Қурайба бинти Абу Умайя ибн Муғийра мўминлар онаси Умму Саламанинг сингиллари эди. Абдуллоҳ Пайғамбаримизга яқин, Қурайшнинг баобрў кишиларидан бўлганлар. Расулуллоҳдан ва Умму Саламадан бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 35 (милодий 656) йили Явмуд-дор куни Ҳазрати Усмон билан бирга шаҳид бўлганлар.

Abdulloh ibn Zayd

АБДУЛЛОҲ ибн ЗАЙД. Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Саълаба ибн Абдураббиҳ ал-Ансорий ал-Хазражий (р.а.), саҳобалардан. Азон калималарини тушларида эшитганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни ҳақ деб Ҳазрати Билолга айтишни буюрганлар. Бадр ғазотида (милодий 623) иштирок этганлар.

Abdulloh ibn Zayd Muzaniy

АБДУЛЛОҲ ибн ЗАЙД МУЗАНИЙ. Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим ибн Каъб Нажжорий ал-Музаний (р.а.), кунялари Абу Муҳаммад, милодий 616 йилда туғилганлар, машҳур саҳобалардан. Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазотларда қатнашганлар. Бу кишининг жиянлари Ҳабиб ибн Зайдни пайғамбарлик даъвосини қилган Мусайламатул Каззоб қиймалаб ўлдирган. Аллоҳнинг иродаси билан жиянлари учун қасос олдилар: Ваҳший билан бирга сохта пайғамбарни қатл этишди. Абдуллоҳ ибн Зайд Расули акрамдан 48 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 63 (милодий 683) йили Язид ибн Муовия давридаги «Ҳарра воқеаси»да шаҳид бўлганлар.

Abdulloh ibn Zubayr

АБДУЛЛОҲ ибн ЗУБАЙР. Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом ибн Ҳувайлид ал-Қурайший ал-Асадий (р.а.), кунялари Абу Бакр. Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) қизлари Асмо ва машҳур саҳобий Зубайр ибн Аввомнинг ўғли, ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этганларида тўққиз ёшда бўлганлар. Ўта тақволи, ростгўй, обид, ҳақиқатгўй ва жасур киши эдилар. Расули акрамдан 33 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрати Усмон (р.а.) даврларида Африқо фатҳида қатнашганлар. Ҳижрий 64 йили Язид ибн Муовия вафотидан сўнг халифа сифатида бу кишига байъат берилди ва тўққиз йил мобайнида Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шомнинг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар. Ҳижрий 73 (милодий 693) йилда Абдуллоҳ билан Ҳажжож ўртасида қаттиқ жанглар бўлиб, у киши ана шу жангда шаҳид бўлганлар.

Abdulloh tarjimon

АБДУЛЛОҲ ТАРЖИМОН. Асли исми Анселмо Турмеда, аввалда насроний олими, католикларнинг попи бўлган. Испаниянинг Майорка оролида туғилган. Бошда Испаниянинг Лорида шаҳрида, кейин Италиянинг Болоня шаҳрида насронийликдан дарс олган. Устози усқуф (епископ) Никола Мартелнинг яширин тавсиясига кўра Тунисга келиб Ислом динини қабул қилади ва номини Абдуллоҳ деб ўзгартиради. Тунисда араб тилини ўрганиб, давлат идорасида таржимонлик қилган. Ҳижрий 832 (милодий 1420) йили машҳур асари – «Туҳфатул-ариб фир-радди ъала аҳлис-салиб» (қисқача «Насронийликка раддия») китобини ёзган. Арабча матни ҳижрий 1290 йилда Англияда чоп этилган бу китоб ярим таржимаи ҳол ва ярим баҳс-мунозара шаклида ёзилган бўлиб, унда насронийликнинг бузилган ўринлари, ботил одатлар билан қориштириб юборилгани ичдан туриб кўрсатилади ҳамда буларга қарши исломиятнинг ҳаққонияти қиёсланади. Муаллиф Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) пайғамбарликларини Таврот ва Инжилдаги далиллар билан исботлайди. Мазкур китоб овруполик насронийлар эътиборини тортган ва унинг фарангча таржимаси кенг ўрганилган.

Abdumalik ibn Jurayj

АБДУЛМАЛИК ибн ЖУРАЙЖ. Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж ал-Умавий, куняси Абу Холид ёки Абу Валид. Асли румлик насронийлардан. Ҳижрий 80 йилда туғилган. Исломга кирганидан сўнг Макка уламоларидан ва етук муҳаддислардан бўлиб етишди. Ҳижозда китоб ёзган биринчи олим, тобеъийлар даврида исроилиётларнинг қутби (кони) бўлган. Кўплаб ҳадис ривоят қилган. Бир қанча юртларни кезиб, Басра, Яман, Бағдодда таълим олган. Ҳижрий 159 йили вафот этган.

Abdumutalib

АБДУЛМУТТАЛИБ. Абул Ҳорис Абдулмутталиб ибн Ҳошим, Пайғамбар алйҳиссаломнинг боблари. Исмлари Шайба (Оқсоч) бўлган. Милодий 497 йилда туғилганлар. Ота-онадан эрта етим қолган набиралари Муҳаммад тарбияси билан шуғулланганлар. Ҳожиларга таом ва сув бериш ишларига бош бўлганлар. Милодий 579 йили вафот этганлар.

Abdurahmon ibn Abdin

АБДУРАҲМОН ибн АБДИН. Абдураҳмон ибн Абдин ал-Қорий, атоқли тобеъинлардан, Қаҳофа ибн Дайимнинг фарзанди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётлик пайтларида таваллуд топган, у зотнинг ҳузурларига олиб келинганида ёш бола бўлган. Мадина аҳлининг улуғ уламоларидан бўлиб етишган. Ҳазрати Умар даврларида байтулмолда хизмат қилган. Бир неча ҳадис ривоят этган. Ҳижрий 88 йили Мадинада вафот қилган.

Abdurahmon ibn Abzo

АБДУРАҲМОН ибн АБЗО. Абдураҳмон ибн Абзо ал-Хузоъий (р.а.), саҳобий қорилардан. Хуросон амири бўлганлар. Расули акрамдан (с.а.в.) кўплаб ҳадис ривоят қилганлар.

Abdurahmon ibn Avf

АБДУРРАҲМОН ибн АВФ. Абдурраҳмон ибн Авф Абу Авф ал-Қурайший ал-Зуҳрий (р.а.), кунялари Абу Муҳаммад. Жоҳилият  давридаги исмлари Абдул-каъба эди, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни Абдурраҳмон деб ўзгартирганлар. Милодий 580 йили туғилганлар. Абу Бакр Сиддиқ иршоди билан мусулмон бўлганлар. Маккалик илк саккиз  мусулмоннинг (Хадичадан кейин) бешинчиси. Ашараи Мубашшарадан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолалари билан бешинчи ота (Ҳакам) да бирлашади. Абдурраҳмон аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилганлар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва бошқа барча ғазотларда Расули акрам билан ёнма-ён қатнашганлар. Тижорат билан шуғулланиб, бой-бадавлат бўлганлар ва мол-дунёларининг катта қисмини мусулмонларга тарқатганлар, ғозийларга васият қилганлар. Халифаликка лойиқ номзодлардан бўлишларига қарамай, буни хоҳламай ҳакамлик қилиб Ҳазрати Усмонни халифа этиб сайлаганлар. Расули акрамдан 65 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 32 (милодий 655) йили Мадинада вафот этганлар. Бақиъ қабристонига дафн қилинганлар.

Abdurahmon ibn Ka`b

АБДУРАҲМОН ибн КАЪБ. Абдураҳмон ибн Каъб ибн Молик, машҳур саҳобийлардан Каъб ибн Моликнинг (р.а.) ўғли, катта тобеъинлардан. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётликларида таваллуд топган. Таниқли ҳадис олими бўлиб етишган. Ривоят қилган ҳадислари ишончли деб топилган. Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик даврида вафот этган.

Abdurahmon ibn Qosim

АБДУРАҲМОН ибн ҚОСИМ. Абдураҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ ал-Қурайший, тобеъинлардан. Оиша онамиз ҳаётликларида таваллуд топганлар. Мадина аҳлининг улуғларидан, фақиҳ, тақводор ва олим зот бўлганлар. Ривоят қилган ҳадисларини муҳаддислар ишончли деб эътироф этишган. Ҳижрий 126 йили Шомда вафот қилганлар.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri