Qomus

Abdurahmon ibn Samura

АБДУРАҲМОН ибн САМУРА. Абу Саид Абдураҳмон ибн Самура ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ал-Қурайший (р.а.), маккалик саҳобийлардан, таниқли лашкарбоши бўлганлар. Макка фатҳ этилганида Исломга кирганлар. Мутъа ва шундан кейинги ғазотларда қатнашганлар. Бирмунча вақт Басрада яшадилар. Сижистон, Кобул, Хуросон фатҳлари иштирокчиси. Яна Басрага қайтиб келганлар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) 14 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 50 (милодий 670) йили вафот этганлар.

Abdurahmon Jomiy

АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ. Абдураҳмон Нуриддин ибн Аҳмад ал-Жомий, милодий 1414 йили Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида туғилган. Форс-тожик адиби, машҳур мутафаккир, тасаввуф шайхи. Оиласи Ҳиротда истиқомат тутган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида таҳсил олиб, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, адабиёт илмларини чуқур ўрганган. Нақшбандия сулуки пирларидан шайх Саъдиддин Қошғарийга мурид бўлиб, қизига уйланади ва Ҳиротда зоҳидликда ҳаёт кечиради. Ҳирот нақшбандийлик сулукининг пири-муршиди. «Хамса» ва шеър-достонлардан ташқари «Нафаҳот ул-унс», «Пайғамбарликка далиллар», «Силсилат уз-заҳаб», «Зикр шартлари», «Ҳаж қилиш йўллари», «Хожалар тариқати», «Аҳрорларга туҳфа» ва бошқа асарлари бор. Ўғлининг наҳв илмини эгаллашда қийналаётганини кўриб «Кофия»га шарҳ ёзиб берган ва бу асар «Шарҳи мулла Жомий» номи билан ҳозиргача машҳур. Милодий 1492 йили вафот этган.

Abdurazzoq ibn Humam

АБДУРРАЗЗОҚ ибн ҲУМАМ. Абу Бакр Абдурраззоқ ибн Ҳумам ибн Нофеъ ал-Ҳимярий ас-Санъоний, ҳимяр қабиласи озод этган қуллардан. Машҳур ҳадис олими, ҳофиз. Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ, Яҳё ибн Маъин, Аз-Зуҳлийлар ундан ҳадис ривоят қилишган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб аввалги хотирасини ҳам йўқотган. Ҳижрий 211 йили саксон беш ёшида вафот этган.

Abdurrauf Munoviy

АБДУРРАУФ МУНОВИЙ. Тожиддин Абдуррауф Муновий, ўн биринчи асрнинг таниқли муҳаддисларидан ва шофеъий мазҳаби фақиҳларидан бири. Ҳижрий 952 (милодий 1545) йили Мисрда туғилган. Отаси ва машҳур олим Шамси Рамлийдан ҳадис, фиқҳ ва адабиёт илмларини ўрганган. Ҳаётини мударрисликка ва китоб таълиф қилишга  бағишлаган. Ҳадис, сияр, фиқҳ, тиб, тарих, имсол, наботот, тасаввуф ва ташриҳга доир юздан ортиқ асар ёзган. Олти жилдли «Файзул-қодир», икки жилдли «Ат-тайсир», ўн минг ҳадисни жамлаган «Кунузул-ҳақойиқ», «Асмои ҳусна шарҳи» каби асарлари машҳур. Ҳижрий 1031 (милодий 1662) йили Қоҳирада вафот этган, жанозаси Жомеъул-Азҳарда ўқилган.

Abdusalom Qazviniy

АБДУССАЛОМ ҚАЗВИНИЙ. Абдуссалом ибн Муҳаммад ибн Юсуф ал-Қазвиний, улуғ муфассир, мўътазила шайхларидан. Суютийнинг ёзишича, у Қуръони каримга ёзган тафсир барча тафсирларнинг энг катта ва мукаммали бўлиб, асар уч юз жилддан иборат. Унинг етти жилдли биргина Фотиҳа сурасига бағишланган. Агар тафсирда эътизолий ақидалар бўлмаганида эди, бунга тенг келадиган тафсир дунёда топилмас эди. Ҳижрий 483 йили вафот этган.

Abduvohid qori Abdurauf

АБДУВОҲИД ҚОРИ АБДУРАУФ ЎҒЛИ. Абдувоҳид қори ўғли Абдурауф қори ўғли, Туркистоннинг атоқли олими ва дин арбобларидан. 1858 йили Тошкентда машҳур олим оиласида туғилган. Тошкент ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган, араб, форс, турк, рус тилларини мукаммал эгаллаган. Чор ҳукуматининг сиёсатидан норозилиги учун 1908 йилда Сибирга сургун қилинади ва Тула шаҳрида атоқли рус ёзувчиси Лев Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлиб, унга таъсирини ўтказади. 1912 йилда сургундан қайтиб, Туркистонда Янги тузилган «Шўрои исломия», «Шўрои уламо» жамиятларига раҳбарлик қилади. 1918-1920 йилларда республика диний бошқармаси раиси бўлиб ишлади. Шундан кейин Олий суд ҳайъати аъзоси, Тошкент «Маҳкамаи шаръия» идораси масъул ходими, масжидларда имом-хатиб бўлган. 1927 йилда Ҳиндистонда бўлган Бутундунё мусулмонлари конгрессида Туркистондан вакил сифатида қатнашди. 1937 йил августида яна сиёсий айблар билан қамоққа олинди ва орадан ярим йил ўтиб тутқунликда вафот этди. Ислом тарихи ва фиқҳига доир бир неча асарлари бор.

Abodila

АБОДИЛА. Луғатда «Абдуллоҳлар» деган маънони англатади. Саҳобалар орасидаги Абдуллоҳ исмли кишилар умумий тарзда Абодила деб аталади. Уларнинг адади бир ривоятга кўра уч юз, бошқасида икки юз йигирма кишига боради. Аммо бу истилоҳ асосан Абдуллоҳ исмли тўрт машҳур саҳобийга нисбатан қўлланилади. Улар Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Амрлардир. Абдуллоҳ ибн Масъуд фиқҳда етук бўлишларига қарамай, бу сафга кирмайдилар, чунки бу истилоҳ у зотнинг вафотларидан кейин қўллана бошлаган.

Abraha

АБРАҲА. Исломдан аввалги Яман подшоҳининг номи. Қуръони каримнинг Фил сурасида унинг қилмишлари зикр этилган. Абраҳа Каъбани  йўқ қилмоқчи бўлиб, 570 йили филлар бошчилигидаги катта қўшин билан Маккага бостириб келади. Аллоҳнинг иродаси билан абобил қушлари филларни ҳам, лашкарларни ҳам ҳалок қилади. Бу воқеа тарихга «Фил йили» бўлиб кирган.

Abs Saqafiy
АВС САҚАФИЙ. Авс ибн Авс ас-Сақафий (р.а.), саҳобийлардан. Сақиф қабиласининг пешволаридан бири сифатида Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига элчи бўлиб келганлар. Пайғамбаримиз у кишига таҳорат ва намозни ўргатганлар ҳамда Авс Расули акрамдан буларга доир бир неча ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 59 йили Шомда вафот этганлар.
Abtoh

АБТОҲ. Макка билан Мино қишлоғи орасидаги кенг сайхонлик номи. Бу жой номи билан боғлиқ қуйидаги ҳадис бор: «Набий алайҳиссалом, Абу Бакр ва Умар Абтоҳга тушишар эди» (Имом Муслим ва Термизий ривояти)

Abu

АБУ. Арабчада «ота» деган сўзнинг изофа ҳолатидаги шакли бўлиб, мусулмон халқларда куняларнинг таркибий қисмини ташкил этади. Масалан: Абу Бакр (Бакрнинг отаси), Абу Толиб (Толибнинг отаси) каби.

Abu Abbos Badaviy

АБУ АББОС БАДАВИЙ. Абу Фитён Аҳмад Сиди аш-Шариф, Абу Аббос Бадавий куняси билан машҳур, милодий 1199 йили туғилган. Бадавия (ёки Аҳмадия) тариқати асосчиси, Миср халқи ҳозиргача эъзозлаб келадиган машҳур сўфий. Ўн бир ёшида унинг оиласи Маккага кўчиб келган. Таълим олгач Шофеъий фиқҳи ва Қуръон илми билан шуғулланган. Отаси вафотидан сўнг зоҳидликни танлаган. Милодий 1276 йили вафот қилган.

Abu Abdulloh G`unjoriy

АБУ АБДУЛЛОҲ ҒУНЖОРИЙ. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Бухорий ал-Варроқ ал-Ғунжорий, Бухоронинг таниқли олимларидан, ҳофиз, муҳаддис, ориф ва валийуллоҳ зот бўлган. Унинг «Тарихи Бухоро», «Фарз амаллари китоби», «Саҳобалар киоби» каби асарлари бор. Милодий 1022 йилда вафот этган, қабри Бухорода.

Abu Abdurahmon Sulma

АБУ АБДУРАҲМОН СУЛМА. Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Сулма, куняси Абу Абдураҳмон, куфалик улуғ тобеъинлардан. Қуръон илмининг билимдони ва ҳофизи. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларидан. Кўп ҳадис ривоят қилган ишончли киши эди. Ҳижрий 70-йилларда вафот этган.

Abu Ali Ba`lamiy

АБУ АЛИ БАЛЪАМИЙ. Абу Али Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Балъамий, бухоролик таниқли муаррих ва давлат арбоби, сомоний ҳукмдорларнинг бош вазири бўлган. Ат-Табарийнинг машҳур «Тарих ул-анбиё вар-расул вал-мулук вал-хулафо» асарини форс тилида қайта ёзган. Милодий 974 йилда Бухорода вафот этган.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri