Qomus

Abu Muhammad G`unjoriy

АБУ МУҲАММАД ҒУНЖОРИЙ. Абу Муҳаммад Исо ибн Мусо ал-Ғунжорий, Бухоронинг олим, фозил, обид кишиларидан, таниқли муҳаддис. Бухорода туғилиб, шу ерда таҳсил олган. Кейин илм талабида Ироқ, Ҳижоз, Мисрга саёҳат қилган, Молик ибн Анасдан ҳам сабоқ тинглаган. Хуросонда илм ва тақвода унга тенглашадиган киши бўлмаган. Қозилик таклиф қилинганида кўнмаган. Милодий 803 йилда Сарахс шаҳрида вафот этган.

Abu Muslim

АБУ МУСЛИМ. Асл исми Абдураҳмон ибн Асад, лекин тарихда Абу Муслим, Абу Муслим Хуросоний номлари билан танилган. Милодий 727 йили туғилган. 747-750 йиллари Хуросон ва Мовароуннаҳрда умавийлар халифалигига қарши ҳаракатга раҳбарлик қилган исфаҳонлик қул. Аббосийлар халифаси Мансур уни 755 йилда қатл эттирган. Унинг тарихи «Қиссаи Абу Муслим» жангномасида келтирилган.

Abu Muso al-Ash`ariy

АБУ МУСО ал-АШЪАРИЙ. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Солим ибн Ҳазор ибн Ҳарб ал-Ашъарий (р.а.) ҳижратдан ўн олти йил аввал туғилганлар. Ямандаги Ашъар (кўп тукли) қабиласидан. Маккада Ислом туғилганида унинг оиласи Яманда туриб мусулмон бўлди. Ҳабашистондаги муҳожирлар билан Мадинага кўчганлар, уч ҳижрат соҳиби. Хайбар, Ҳунайн ғазоти ва Макка фатҳида қатнашганлар. Табук сафаридан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Мусо ва Муоз ибн Жабални Яманга закот маъмури қилиб юборганлар. Вадо ҳажида Ямандан қайтиб, Расули акрам билан бирга ҳаж қилдилар. Пайғамбаримиз уни «Чавандоз паҳлавонларнинг саййиди» деб атаганлар. Ҳазрати Умар халифалиги даврида Басра ва Куфа волийи бўлдилар, Ироқ, Эрон фатҳларида қатнашдилар. Ҳазрати Али билан Макка мухолифлари ўртасидаги ихтилофда бетараф қолдилар. Абу Мусо Асри саодатда фатво берган тўрт саҳобанинг бири эдилар. Расулуллоҳдан 360 та ҳадис ривоят қилганлар. Умрларининг охирги йилларини Маккада ўтказдилар. Ҳижрий 44 (милодий 664) йили вафот этдилар.

Abu Muti` Balxiy

АБУ МУТИЪ БАЛХИЙ. Абу Мутиъ ал-Балхий ҳижрий 115 йилда туғилган. Ёшлигида Маккага бориб, имом Абу Ҳанифадан дарс олган. Шарқда ҳанафия мазҳабини тарқатишда катта хизматлари бор. Бирмунча вақт Бағдодда имом Абу Юсуфдан ҳам дарс олган. Абу Ҳанифанинг «Китаб ул-фиқҳ ал-абсат» асарини Имомнинг оғизларидан ривоят қилиб қолдирган. Ҳижрий 199 (милодий 814) йили вафот этган.

Abu Muzaffar Sam`oniy

АБУ МУЗАФФАР САМЪОНИЙ. Абу Музаффар Мансур ибн Муҳаммад ас-Самъоний милодий 1035 йили Марвда туғилган, Абу Саъд ас-Самъонийнинг бобоси. Замонасининг таниқли муфассири, муҳаддиси, фақиҳи, қози ва адиби. Кўп йиллар мобайнида Хуросон, Ироқ, Ҳижоз бўйлаб саёҳат қилган, Маккада шофеъийларга қўшилган. Саёҳатлари чоғида юздан ошиқ йирик муҳаддисдан минглаб саҳиҳ ҳадисларни тўплаган. Элликдан зиёд шогирди бўлган. Ҳадис, фиқҳ, тилшуносликка доир ўндан ортиқ асари бор. Милодий 1096 йили вафот этган.

Abu Mu`oz

АБУ МУЪОЗ. Абу Муъоз Холид ибн Сулаймон ал-Балхий, тўққизинчи асрнинг йирик фақиҳи, Қуръон ва ҳадис ҳофизи, юз минг ҳадисни ёд билган. Хуросон қозиси уни аввал Самарқандга, кейин Фарғонага бадарға қилган. У туфайли Шом ва Фарғонада минглаб одамлар мусулмон бўлишган. Вафот этган йили номаълум.

Abu Nasr Iyoziy

АБУ НАСР ИЁЗИЙ. Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ал-Иёзий, Мовароуннаҳрнинг таниқли ақида олимларидан. Шайх Мотуридийнинг устози. Абу Бакр Жузжонийдан таълим олган. Эамонасининг йирик фақиҳларидан бўлиб етишган. Сомонийлар давридаги дорул-ҳарбда асир ҳолида турк диёрида шаҳид бўлган.

Abu Nasr Kissiy

АБУ НАСР КИССИЙ. Абу Наср Фатҳ ибн Шахраф ибн Довуд ал-Киссий, Хуросоннинг атоқли шайхларидан. Зоҳид, обид, сайёҳ киши бўлган. Кўплаб ҳадис ривоят қилган. Аҳмад ибн Ҳанбал унинг зуҳди-тақвоси, илми ҳақида яхши фикрларни айтганлар. Бағдодда вафот этиб, ўша ерга дафн қилинган, жанозасида ўттиз минг киши қатнашган.

Abu Nasr Tusiy

АБУ НАСР ТУСИЙ. Абу Наср Абдуллоҳ ибн Али ибн Муҳаммад ибн Яҳё Саррож ал-Тусий, милодий ўн биринчи асрнинг таниқли тасаввуф олимларидан. Эроннинг Тус (ҳозирги Машҳад) шаҳрида туғилган. Ёшлигидан яхши билим олган, илм талабида Басра, Бағдод, Дамашқ, Антокия, Тир, Қоҳира, Бистом, Тустар, Табриз каби ўлкаларга сафар қилган. Сўфийлик анъаналарини яхши билгани ва пухта билим бергани учун «сўфийлар товуси» лақабини олган. Унинг «Китаб ал-лумаъ фит-тасаввуф» номли асари бор.

Abu Nuaym

АБУ НУАЙМ. Абу Нуайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Мусо ибн Миҳрон ал-Исфаҳоний, ҳижрий 336 (милодий 944) йили таваллуд топган. Машҳур ҳадис олимларидан, фиқҳ ва тасаввуфда ҳам замонасининг пешқадам зотларидан бўлган. Табароний каби буюк муҳаддислардан ҳадис олган. Йигирма жилдли «Ҳулятул-авлиё», «Далоил ун-Набавиййа», «Ал-мавзуот ул-кубро», «Китаб ул-мустахраж алал-Бухорий», «Ал-мустахраж ала Саҳиҳи Муслим», «Китаб ул-табақот», «Маърифат ул-саҳоба» каби машҳур асарлари бор. Ҳижратнинг 430 йили (милодий 1038) Исфаҳонда вафот этган.

Abu Qatoda
АБУ ҚАТОДА. Абу Қатода Ҳорис ибн Рабъий ал-Ансорий ас-Суламий (р.а.), саҳобий, ансорлардан. Милодий 604 йили туғилган. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суворийларидан бири. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Унинг юзи ва сочларига барака бер», дуо қилганлари сабабидан етмиш ёшларида ҳам сочлари қора ва юзлари қизил эди. Уҳуд жангидан бошлаб барча ғазотларда иштирок этганлар. Расули акрамдан 170 та ҳадис ривоят қилганлар, шундан 21 тасида Имом Бухорий ва Муслим ҳамфикрлар, қолганлари бошқа ҳадис китобларига кирган. Ҳижрий 54 йили (милодий 674) Куфада вафот этганлар, жанозаларини Ҳазрати Али ўқиганлар.
Abu Qiloba
АБУ ҚИЛОБА. Абу Қилоба Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Амр ал-Журмий, ҳукм чиқарувчи қози, олим ва тақволи инсон, ишончли муҳаддис бўлган. Аввал Басрада яшаган, қозиликка тайинлаймиз, дейишганида Шомга қочиб кетган. Расулуллоҳдан (с.а.в.) бир неча ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 104 ёки 106 йили вафот этган.
Abu Qiloba Riqoshiy
АБУ ҚИЛОБА РИҚОШИЙ. Абу Қилоба ар-Риқоший, машҳур муҳаддислардан, зоҳид ва тақводор шайх. Олтмиш минг ҳадис ёд билган, бир неча шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Кунига тўрт юз ракат нафл намози ўқиган. Ҳижрий 276 йили вафот этган.
Abu Qubays tog`i
АБУ ҚУБАЙС ТОҒИ. Ушбу тоғ Сафо ҳамда Масжидул-ҳаромга чўзилган бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги 420 метр, тоғ этагидан 120 метр. Унда биринчи бўлиб қурилиш ишларини олиб борган шахснинг исми Абу Јубайс бўлган. Баъзилар бошқа сабабларга кўра шундай номланган, дейишади. Жоҳилият даврида бу тоғ Амийн деб ҳам аталган. Чунки Ҳажарул-асвад ушбу тоғда сақланган. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганидек, қора рукн (тош) осмондан туширилган ва у Абу Јубайс тоғига қўйилган. У гўёки оқ биллурга ўхшар эди. У ерда қирқ йил тургач, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворга қўйилган. Ушбу тоғ Ахшаб деб ҳам аталган.
Abu Quhofa

АБУ КУҲОФА. Абу Куҳофа Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг оталари. Макка фатҳ этилганида Абу Бакрнинг барча оила аъзолари Исломни қабул қилишган, фақат Абу Куҳофагина ҳамон боболари динида эди. Макка фатҳи куни Абу Бакр қариб, мункиллаб, кўзлари кўрмай қолган оталарини Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига олиб бордилар. У зот қарияга: «Эй Абу Куҳофа, мусулмон бўл, ҳузур топ», дедилар. Қария шу заҳоти шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Аммо Мадинага бормай, Маккада қолди. Ўғиллари Абу Бакрдан бир йил кейин, ҳижрий 14 йили тўқсон етти ёшида вафот этди.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort