Qomus

Abu Ali ibn Fuzayl

АБУ АЛИ ибн ФУЗАЙЛ. Абу Али ибн Фузайл ибн Иёз ибн Масъуд ат-Тамимий ал-Ярбуъий, машҳур шайх Фузайл ибн Иёзнинг ўғли. Самарқандда туғилган. Онаси кешлик бўлган. Кўп йиллар Куфада яшаган. Кейин Маккаи мукаррамага кўчиб бориб, Байтуллоҳ ёнидаги ҳовлида ибодат, риёзат, зуҳд ва тақво билан умр ўтказган. Бир неча ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 180 (милодий 794) йили Маккада вафот этган. Қабри Ал-Муаллода.

Abu Ali ibn Sino

АБУ АЛИ ибн СИНО. Абу Али ибн Сино, Мовароуннаҳрнинг улуғ қомусий олими, шайхурраис. Ҳижрий 370 (милодий 980) йилда Бухоронинг Афшона қишлоғида туғилган. Ёшликдан тиб, ҳандаса, фалсафа, ҳисоб илмларини эгаллаган. Ўн ёшида Қуръони каримни тўла ҳифз қилган. Дунёга машҳур ҳаким ва Ислом файласуфи бўлиб етишади. Асарларининг умумий сони 450 тадан ошади, шундан бизга фақат 160 таси етиб келган. Унинг энг йирик асари «Китаб уш-шифа» йигирма икки жилддан иборат. Мантиқ, физика, риёзиёт ва фалсафага бағишланган бешта мустақил асардан иборат «Китаб ал-Қонун фит-тиб» асари тиббиёт қомуси бўлиб, замонавий тиб илмига асос бўлган. Бундан ташқари ўн жилдли «Араб тили китоби», тиб, доришунослик ва фалсафага доир ўнлаб илмий асарлари бор. Шарқу Ғарбда унга Шайхурраис, «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби унвонлар берилган. Тиббиёт (медитсина) атамаси унинг лотинча Авитсенна исмидан олинган. Ўн иккинчи асрдан бошлаб унинг биргина «Тиб қонунлари» китоби лотинчада ўттиз мартадан ортиқ нашр қилинган. Ҳижрий 428 (милодий 1037) йили Исфаҳон шаҳрида касалланиб вафот этган.

Abu Ali Solih

АБУ АЛИ СОЛИҲ. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳабиб ибн Ҳассон ибн Мунзир ибн Аммор, машҳур ҳадис ҳофизи ва билимдони. Қувваи ҳофиза, маърифат ва камолотда замонасида тенги бўлмаган. Мовароуннаҳрда Имом Бухорийдан кейин ундан бошқа кўп ҳадис ёдлаган киши бўлмаган. Насаф ва Самарқандда ҳам кўп ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 294 (милодий 908) йили Бухорода вафот этган.

Abu Ammor

АБУ АММОР. Абу Абдуллоҳ Аммор ибн Абу Аммор, тобеъинлардан. Таниқли муҳаддис, ривоят қилган ҳадислари ишончли деб топилган. Холид ибн Абдуллоҳ волийлиги даврида вафот этган.

Abu Atiyya

АБУ АТИЙЙА. Абу Атиййа Молик ибн Омир, саҳобий ёки тобеъин бўлганлари ҳақида ихтилоф бор. Баъзилар тобеъинлардан эди, дейишади. Бу зот ривоят қилган ҳадислар «Сунан» китобларига киритилган.

Abu Avona

АБУ АВОНА. Абу Авона Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Зайд ан-Нишопурий ал-Исфаҳоний, атоқли ҳадис олими ва ҳофизларидан. Унинг «Муснад ас-саҳиҳ» ҳадислар тўплами машҳур. Илм талабида кўп саёҳатда бўлган ва беш марта ҳаж қилган. Ҳижрий 316 йилда вафот этган.

Abu Azza

АБУ АЗЗА. Ясор ибн Абдуллоҳ ибн Омир (р.а.), кунялари Абу Азза. Басрада яшаган саҳобийлардан. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан суҳбатда бўлиб, бир неча ҳадис ривоят қилганлар, улар учта «Саҳиҳ» китобига киритилган.

Abu Bakr Barkoniy

АБУ БАКР БАРКОНИЙ. Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Барконий, милодий 948 йили Хоразмнинг Кот шаҳри яқинидаги Баркон қишлоғида туғилган. Шофеъий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан, муфассир, муҳаддис. Илм талабида Хуросон ва Ироққа саёҳат қилган, Бағдодда яшаган. Фиқҳга доир учта асари бор. Милодий 1034 йилда вафот этган.

Abu Bakr Boqilloniy

АБУ БАКР БОҚИЛЛОНИЙ. Абу Бакр Муҳаммад ат-Таййиб ал-Боқиллоний, калом илмининг йирик вакилларидан. Басрада туғилган ва кўп вақт Бағдодда яшаган. Фиқҳ масалаларида моликий мазҳабига суянган. Эллик иккита асар ёзган. Милодий 1013 йили Бағдодда вафот этган.

Abu Bakr G`ijduvoniy

АБУ БАКР ҒИЖДУВОНИЙ. Абу Бакр Ғиждувоний, Мовароуннаҳрнинг таниқли муҳаддисларидан. Бухоронинг Ғиждувон шаҳрида туғилган. Самъонийнинг ёзишича, у Ҳайсам ибн Аҳмад Басрийдан, Басрий эса Ибн Динордан, Ибн Динор Анас ибн Моликдан ҳадис ривоят қилишган. Кўплаб шогирдлар чиқарган, улардан машҳури Абу Наср Аҳмад Ғиждувонийдир.

Abu Bakr Ismoiliy

АБУ БАКР ИСМОИЛИЙ. Абу Бакр Аҳмад ибн Иброҳим ибн Исмоил ибн Аббос ал-Исмоилий ал-Журжоний, ҳижрий 277 йили туғилган, улуғ алломалардан, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ, Журжон шайхулисломи. Бир неча ҳадис тўпламлари, араб тили луғати ва бошқа асарлар муаллифи. Замондошлари унинг ҳадис ва шофеъий мазҳаби фиқҳи соҳасидаги чуқур билимини эътироф этишган. Ҳижрий 371 йили вафот этган.

Abu Bakr Juzjoniy

АБУ БАКР ЖУЗЖОНИЙ. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ (Субҳ) ал-Жузжоний, Мовароуннаҳрнинг атоқли фақиҳларидан. Шайх Мотуридийга устозлик қилган. Ўзи Абу Ҳанифанинг йирик шогирдларидан бири Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳузурида дарс тинглаган Абу Сулаймон Жузжонийдан сабоқ олган. Фиқҳ илми усуллари ва фуруълари соҳасида пешқадам бўлган, бошқа илмларни ҳам пухта эгаллаган. «Ал-Фуруъ ват-таймиз», «Китаб ат-тавба» ва бошқа китобларнинг муаллифи. Ҳижрий 268 йилда вафот этган. 

Abu Bakr Siddiq

АБУ БАКР СИДДИҚ. Абу Бакр (р.а.) Макканинг Қурайш қабиласи Тамим уруғидан, милодий 573 йили туғилганлар. Исмлари Абдуллоҳ, оталарининг исми Усмон (куняси Абу Куҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи Мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар. Халифаликлари  пайтида Қуръони  карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул Қуръон» унвонига сазовор бўлганлар. Ҳамма ишда адолатни биринчи ўринга қўйдилар. Халифаликлари икки йилу уч ой давом этди. Расулуллоҳдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр билимдон, бадавлат киши бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар.  Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ йўлида сарфлаганлар. Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар. Исломни ҳеч иккиланмай қабул қилганлари ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) меърожларини эшитган заҳоти тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони берилган. Қизлари Оишани (р.а.) Расули акрамга никоҳлаб бериб, ақраболик ришталарини боғланганлар. Барча ғазотларда Сарвари олам билан ёнма-ён турдилар, у зотга халифа эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталаниб қолганларида у зотнинг ўринларига ўн етти вақт намозга имомлик қилганлар. Расули акрамнинг вафотлари муносабати билан мушриклар фитнаси кучайган, асҳоб саросимага тушган буҳронли кунда биргина Абу Бакр ақл билан иш юритдилар. Ўзларининг машҳур хутбалари билан саҳобийларни тинчитиб, тасалли бердилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин мусулмонларга халифа этиб сайландилар. Ниҳоятда камтарона, оддий ҳаёт кечирдилар, давлат бошлиғи бўлганларида икки дирҳам (кумуш) маош билан кун кечирганлар. Вафот этганларида ёнларидан ҳеч пул чиқмаган. Ҳижрий 13 (милодий 634) йили олтмиш уч ёшда Мадинада вафот этдилар. Расули акрамнинг «Ҳужраи саодат»ларида у зотнинг ёнларига дафн қилинганлар.

Abu Bakr Sijistoniy

АБУ БАКР СИЖИСТОНИЙ. Абу Бакр Айюб ибн Абу Тамима ас-Сижистоний, басралик таниқли тобеъинлардан. Мерос илми билан шуғулланиб, «Фароиз Айюб ал-Басрий» китобини ёзган. Аксарият уламолар томонидан бу асар фароиз ҳақида ёзилган илк китоб, деб эътироф этилган. Ҳижрий 131 йилда вафот қилган.

Abu Bakr Vositiy

АБУ БАКР ВОСИТИЙ. Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ал-Воситий, Фарғона ўлкасининг таниқли тасаввуф шайхларидан. Ёшлигини Бағддодда ўтказиб, Ан-Нурий, Жунайд Бағдодий каби таниқли шайхлардан таълим олган. Ҳадис ва фиқҳ илмларини ҳам пухта эгаллаган. Кейин Хуросонга кўчиб бориб, аввал Абуварда, сўнгра Марвда истиқомат қилган ҳамда ҳижрий 320 (милодий 932) йилда шу ерда вафот этган.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri