ЎЛГАНДAН СЎНГ... Принтер учун
14.02.2009 й.
www.islom.uz

Ва баъсга (ўлгандан сўнг қайта тирилишга), қиёмат куни амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, арзга, ҳисобга, китобни ўқишга, савобга ва иқобга, сирот ва мезонга иймон келтирамиз.

Шарҳ: Ўлимдан кейин бўладиган қуйидаги саккиз ишнинг ҳақлигини тасдиқлаймиз:
1-Ўлимдан сўнг иккинчи бор ҳаётга келиш. Аллоҳ таоло: «Сўнгра У зот сизни тирилтирур. Кейин эса Унга қайтарилурсиз», (Бақара сураси, 28) деган.
2-Қиёмат куни яхши ишларнинг мукофоти, ёмон ишларнинг жазоси берилиши.
Аллоҳ таоло: «Қилиб юрган ишлари жазосига», (Аҳқоф сураси, 14) деган.
3-Аллоҳнинг ҳузурида арз-кўргазиш-бўлиши. Аллоҳ таоло: «Ўша кунда арз қилинурсизлар. Сиздан ҳеч бир нарса махфий бўлмас», (Ал-Ҳаққа сураси, 18) деган.
4-Бандалар амалларининг ҳисоб-китоби.
Аллоҳ таоло: «Албатта, мен ўз ҳисобимни учратувчиман», (Ал-Ҳаққа сураси, 20) ва «Бас, тезда осон ҳисобла ҳисоб қилинур», (Иншиқоқ сураси, 8) деган.
5-Ҳар бир кишининг номаи аъмоли ўқилиши.
Аллоҳ таоло: «Китобингни ўқи! Ҳисоб-китоб қилишда ўзингга ўзинг кифоя қилурсан», (Ал-исро сураси, 14) деган.
6-Яхши амалларга савоб, ёмон амалларга иқоб берилиши.
Аллоҳ таоло: «Ким, зарра мисқолича ёмонлик қилса ҳам кўради», (Залзала сураси, 7-8) деган. Яъни савоби ва иқобини кўради, дегани.
7-Сирот (жаҳаннам устига қурилган кўприк)дан ўтиш.
Аллоҳ таоло: «Сиздан Унга тушмайдигани йўқ. Бу Роббинг зиммасида албатта қазо қилингандир». (Марям сураси, 71)
Жаҳаннамга тушишдан мурод, унинг устига қурилган сирот номли кўприкдан ўтишдир.
8-Яхши амаллар билан ёмон амаллар ўртасидаги фарқни зоҳир қилиш учун амалларни тортиш.
Аллоҳ таоло: «У кунда вазн-тортиш ҳақдир», (Аъроф сураси, 8) деган.
Ёмонликдан бошқа амаллари йўқлар ҳақида эса, Аллоҳ таоло: «Қиёмат кун улар учун вазн-тортиш қоим қилмаймиз», (Каҳф сураси, 105) деган.
Баъс–ўлгандан кейин қайта тирилиш ва ундан кейинги нарсаларга умумий далил:
Билингки, ўлгандан кейин қайта тирилиш ва жисмоний қайтишга Қуръон, Суннат, ақл ва соғлом табиатда далиллар тўлиб ётибди. Аллоҳ таоло Ўз Китобида бу ҳақда хабар берган, далил келтирган ва Қуръоннинг кўпчилик сураларида бу нарсаларни инкор қилувчиларга раддия келтирган. Қуръонда хабар берилганидек, пайғамбар алайҳиссаломлар ҳаммалари ўлимдан кейин қайта тирилишга иттифоқ қилганлар. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам охиратни бошқа анбиёларнинг китобларида бўлмаган шаклда батафсил баён қилганлар.

МАЗКУР САККИЗ ИШНИНГ ҲАР БИРИГА ТАФСИЛИЙ ДАЛИЛЛАР

1-Баъс–қайта тирилишга далиллар:
Аллоҳ таоло Қуръонда: «Куфр келтирганлар зинҳор қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Сен: «Йўқ! Роббимга қасамки: албатта, қайта тирилтирилурсизлар. Сўнгра, албатта қилган амалларингиз ҳақида хабар берилурсизлар. Бу эса Аллоҳ учун осондир»-деб айт», (Тағобун сураси, 7) деган. Яна: «Албатта, Аллоҳ қабрдаги кимсаларни қайта тирилтирур». (Ҳаж сураси, 7)
«Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирирсизлар». (Мўминлар сураси, 1)
«Вой шўримиз қурсин! Бизни ётган жойимиздан ким қайта тирилтирди?! Бу раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқ қилган нарсаку?!», (Ёсин сураси, 51) оятларидир.
2-Амалларнинг мукофот ёки жазоси берилиши далили:
«Жазо кунининг Моликидир». (Фотиҳа сураси, 3)
– «Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўла берадир. Ва Улар, албатта, Аллоҳ очиқ-ойдин ҳақ эканини билурлар». (Нур сураси, 25)
–»Ким, бир яхшилик келтирса, унга унинг ўн мисли берилур. Ким, бир ёмонлик келтирса, унга унинг мислидан бошқа жазо берилмас ва улар зулм қилинмаслар». (Анъом сураси, 160)
«Эй, куфр келтирганлар, бугунги кунда узр айтманглар. Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилур, холос». (Тахрим сураси, 7)
«Фақат, қилиб ўтган амалларингиз жазосини олурсизлар, холос». (Намл сураси, 90)
«Ёмонлик қилганларни, амал қилган нарсаларига яраша жазолаш учун ва яхшилик қилганларни гўзал (мукофот) ила (мукофотлаш учун)», (Нажм сураси, 31) оятлари.
3-Арз (кўрсатиш) далили:
«Ва Улар Роббингга саф ҳоларида арз қилиндилар». (Кахф сураси, 48)
«Ва куфр келтирганлар дўзахга арз қилинадиган кунда: «Ушбу ҳақ эмасми?!»-дейилади. Улар: Ҳа, Роббимизга қасам» (Аҳқоф сураси, 34) дейдилар.
«Куфр келтирганлар дўзахга арз қилинадиган кунда: «Ҳаёти дунёингизда пок нарсаларингизни кетказдингиз ва уларла маза қилдингиз!»-дейилади». (Аҳқоф сураси, 20)
4-Ҳисоб-китобга далил:
«Бас, албатта, унинг ҳисоби Роббиси ҳузуридадир». (Мўминун сураси, 117)
«Бас, аммо кимга китоби ўнг томонидан берилса, тезда енгил ҳисоб қилинади ва ўз аҳлига хурсанд ҳолида қайтади». (Иншиқоқ сураси, 8)
«Ва аммо, кимга китоби чап тамонидан берилса: «Вой шўрим, менга китобим берилмаса эди, ҳисобим нима эканини билмасам эдим!»-дейди». (Ал-Ҳаққа сураси, 25)
«Албатта, улар ҳисобни орзу қилмас эдилар ва Бизнинг оятларимизни роса ёлғонга чиқарган эдилар». (Наба сураси, 27)
«Албатта, Аллоҳ ҳисоби тез зотдир», (Ғофир сураси, 17) оятлари.
5-Номаи аъмолни ўқилишига далил:
«Ва қиёмат куни Биз унга китобни чиқарурмиз, уни ёйилган ҳолда учратур».
«Китобингни ўқи! Бугунги кунда ҳисобчиликда ўзингга ўзинг кифоя қилурсан!» (Ал-исро сураси, 13-14)
«Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсалардан қўрққан ҳолларида кўрурсан. Улар: «Вой шўримиз! Бу қандоқ китобки, кичикни ҳам, каттани ҳам қўймасдан ҳисобласа», дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолида кўрарлар». (Каҳф сураси, 49)
«Ва ҳар бир кичигу катта, сатрларда битилгандир», (Қамар сураси, 53) оятлари.
6-Савоб ва иқобнинг далили:
«Қилган касби унинг фойдасига ва қилган касби унинг зарарига». (Бақара сураси, 286)
«Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз, ёмонлик қилсангиз ҳам ўзингиз учун». (Ал-исро сураси, 7)
«Ҳар бир одам ўзи касб қилган нарса гаровидир». (Тур сураси, 21)
«Ким, бир яхшилик келтирса, унга унинг ўн мисли бордир. Ким бир ёмонлик келтирса, бас, фақат унинг мислича жазоланур холос. Ва уларга зулм қилинмас». (Анъом сураси, 160)
«Ким охират савобини ирода қилса, анга ундан берурмиз». (Ол-и Имрон сураси, 145)
«Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди». (Ол-и Имрон сураси, 147)
«Ва Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир», (Ол-и Имрон сураси, 11) оятлари.
7-Сиротга далил:
«Сиздан унга тушмайдигани йўқ. Бу Роббинг зиммасида албатта қазо қилингандир». (Марям сураси, 71)
«Сўнгра тақво қилганларга нажот берурмиз ва золимларни Унда чўккалаган ҳолда кўюрмиз». (Марям сураси, 72)
– «Ойша онамиздан қилинган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ер бошқа ерга алмаштирилганда, осмонлар ўнг қўли ила ўралганда одамлар қаерда бўладилар?»-деб сўралганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар кўприк ёнида, зулматда бўладилар», деганлар. (Муслим ривоят қилган).
Яъни, мавқифдан ўша зулмат томон келурлар. Сўнгра сиротдан ўтирлар. У жаҳаннам устидаги кўприкдир. Шу жойда мўмин эр ва аёлларнинг нурлари олд ва ўнг тарафларида юради. Мунофиқ эр ва аёллар эса уларга қараб: «Бизга имкон беринг, нурингиздан бир оз олайлик», дейдилар. Ва уларга: «Ортингизга қайтиб, нур излайверинг»-деюлур». (Ҳадид сураси, 13)
Суннатда «Сирот»ни кўплаб сифатлари келган. Уларнинг ҳаммаси инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўпдир. Гапни чўзиб ўтирмаймиз.
8-Мийзон (торозу) далили:
«Қиёмат куни учун адолат торозуларини ўрнатурмиз. Ҳеч бир жонга бирор зулм қилинмас. Агар ачитқи донаси мисқолида нарса бўлса ҳам келтирурмиз. Биз ҳисоб қилувчиликка кифоя қилурмиз». (Анбиё сураси, 47)
«Бас, кимнинг торозулари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир». (Аъроф сураси, 8)
«Бас, аммо, кимнинг торозулари оғир келса, ана ўша розилик ҳаётидадир», (Ал-Қориъа сураси, 6) оятлари.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri