МУСУЛМОН БИРОДАРИНИНГ КЎЗГУСИДИР Принтер учун
17.02.2009 й.
www.islom.uz

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди».

Шарҳ: Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўташлари, бир-бирларининг айблари, камчилик, хатоларини тўғрилашга ҳаракат қилишлари керак экан. Бу ниҳоятда яхши иш бўлиб, мўминлар бир-бирларига айбларини холисона билдириб, уларни кенгбағирлик билан, хурсандчилик билан йўқотиб боришлари, халқ олдида кулги бўлмасликлари лозим экан.
Буни бугунги кунда ўз-ўзини танқид қилиш деб атайдилар. Одатда инсон ўзининг айбини ўзи кўриши жуда ҳам қийин. Аммо четдан қараганда бошқанинг айбини кўриш жуда ҳам осон.
Анашу айбни душман кўриб қувонганидан ва гап-сўз қилганидан қўра, дўст кўриб гап-сўзга айлантирмасдан тезда тўғрилаш пайидан бўлгани афзал.
Мўминлар биродардирлар. Уларнинг биттасидаги айб бошқаларига ҳам айб бўлади. Шунинг учун биродарини айбини тўғрилаган мўмин ўзининг айбини тўғрилагандек бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ўз биродарининг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг йўқотганини топиб боради, айбини эса беркитиб боради», дедилар».
Шарҳ: Биродарлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўтаб, бир-бирларининг айбларини беркитиб боришлари, йўқотиб боришлари керак экан.
Мўмин мўминнинг айбини кўриб туриб, уни тузатмасдан тек қўйса, бошқаларнинг олдида масхара, кулги бўлиш мумкин.
Шунингдек, бир мўмин иккинчи мўминга айбини айтиб, уни тузатишни таклиф қилса, айбдор мўмин аччиқланмаслиги, ғазабланмаслиги, балки ўша биродарига ташаккур айтиб, айбини дарҳол тўғрилашга тушиши лозим бўлади.

Муставрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмон юзасидан таом еган бўлса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўша таом мислида таом егизади.
Ким бир мусулмон юзасидан либос кийса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаҳаннамнинг либосидан кийгизади.
Ким бир мусулмонга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ қиёмат куни унга нисбатан риё ва шуҳратпарастлик мақомида туради», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни бошқача сўзлар ила қуйидагича ифодалашимиз мумкин.
«Ким бир мусулмон бандани сотиб, мусулмоннинг зарарига иш қилиб туриб, ўша қилган ишининг мукофотига таом еган бўлса, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Қиёмат кунида унга жаҳаннамдан ўша таом миқдорида таом егизади.
Бир одам мусулмон одамнинг зарарига ишлаб, гапини сотиб, пойлоқчилик ёки шунга ўхшаш ишларни қилиб, либос олиб кийса, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло қиёмат кунида жаҳаннамнинг либосидан кийгизади.
Ким бир мўминга риёкорлик ва шуҳратпарастлик мақомида турса, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло қиёмат кунида уни мана шу нарсалар билан жазолайди»,
Демак, мўмин-мусулмонлар зинҳор базинҳор бу дунёнинг матоҳи учун, либос учун, таом учун бир-бирларининг зарарларига иш қилмас эканлар. Мусулмонга зарар етказиб топилган таом, либос ёки шуҳрат шунга ўхшаш нрсаларнинг барчаси қиёмат кунида бало-офат, азоб-уқубат бўлиб қайтар экан.
Шунингдек, ҳеч ким мўмин-мусулмонга нисбатан зинҳор риё ва шуҳратпарастлик ила турмаслиги керак экан.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz