СУЛҲ Принтер учун
02.03.2009 й.

Аллоҳ таоло: «Сулҳ яхшидир», деган (Нисо: 128). Шарҳ: Сулҳ нафақат мусулмонлар учун, балки барча инсоният учун яхши нарсадир. Ҳамма нарсани уруш - жанжалсиз, келишув, сулҳ билан ҳал қилмоқ яхшидир.

Амр ибн Авф ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сулҳ мусулмонлар орасида жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган ёки ҳалолни ҳаром қилган мустасно. Мусулмонлар шартлари устидан чиқурлар. Магар ҳалолни ҳаром қилган ёки ҳаромни ҳалол қилган шарт мустасно», дедилар». Термизий, Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмонлар орасида кўпроқ низо ва келишмовчиликлар келиб чиқадиган ишлардан бири молиявий муомалалар бўлганидан сулҳ ҳақидаги ушбу ҳадиси шариф ҳам бу жойда келтирилмоқда.
Низоларни сулҳ билан тинчитиш яхшидир. Аммо, сулҳ ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қиладиган бўлмаслиги керак. Бундоқ нарса ҳеч қачон сулҳ бўла олмайди. Балки, куфрдир. Бунга ҳеч бир мусулмон рози бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, мусулмонлар ўзлари иштирок этган ҳар бир шартни бажарадилар. Лекин ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол қиладиган шартни ҳеч қачон бажармайдилар. Шунинг учун мусулмонлар бундай гуноҳли сулҳ ва шартномаларга қатнашмайдилар ҳам.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришни масжидда талаб қилди. Бас, икковларининг овозлари кўтарилди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйлари ичида туриб эшитдилар. Кейин икковлари томон чиқдилар, хужраларининг пардасини очиб туриб: «Эй, Каъб!» деб нидо қилдилар.
«Лаббай, эй, Аллоҳнинг Расули», деди у.
«Қарздан бунчасини қўй», деб ярмига ишора қилдилар.
«Батаҳқиқ, шундоқ қилдим, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.
«Тур. Қарзни адо эт», дедилар
». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда исмлари зикр этилган, Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан қарздор бўлган Ибн Абу Ҳадрад розияллоҳу анҳунинг исмлари Абдуллоҳ ибн Абу Салама ибн Умайр ал-Асламий розияллоҳу анҳудирлар.
Худайбия ва ундан кейинги ғазавотларда иштирок этганлар. Бир неча бор вазифа билан турли томонларга юборилган жангчилар гуруҳига амир бўлганлар. Етмиш иккинчи ҳижрий санада вафот этганлар.
Ўша киши розияллоҳу анҳу Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан қарздор эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида учрашиб қолишиб, қарз ҳақида гап чиқибди. Бундай ҳолатларда содир бўладиган икки томоннинг овози баланд бўлиши, икковлари қизишиб кетганда уларда ҳам содир бўлибди.
Шунда ишга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аралашибдилар. Ҳужралари пардасини очиб, Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳуни чақириб, қарзнинг ярмини кечиб юбор, деб ишора билан кўрсатиб, айтибдилар. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу дарҳол рози бўлибдилар.
Шунда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор Ибн Абу Ҳадрадга, тур, қарзингни тўла, дебдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Масжидда қарздордан қарзни талаб қилиш мумкинлиги.
2. Масжидда фаҳш бўлмаса овозни кўтариш мумкинлиги.
3. Бошлиқ одам хусумат қилаётган кишиларнинг орасига тушиб, сулҳ қилиши керак эканлиги.
4. Баъзи маъноларни ишора билан англатиш мумкинлиги.
5. Бошлиқ одам ҳақдордан ҳақидан бир оз кечиб юборишни сўраши яхшилиги.
6. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг фазллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳтиромлари мисолида намоён бўлиши.
7. Раҳбар қарздорни қарзини адо этишга ундаши кераклиги.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri