ОРИЯТ ВА УНИНГ ЗОМИНЛИГИ Принтер учун
02.03.2009 й.

«Орият» ҳақида олдин ҳам гаплашиб олганмиз. Бизда буни қарз, деб ҳам аташ одат бўлган. Лекин бу икки нарса орасида фарқ бор. «Орият» бир киши ўзининг ҳайвони, кийими ёки идиш ва шунга ўхшаш нарсаларини бошқа кишига вақтинчалик фойдаланиш учун бериб турушдир. Ориятга олинган нарсанинг ўзи яна эгасига қайтариб берилиши шарт.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада қўрқинч вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳадан Мандуб, деб аталадиган отини ориятга олдилар. Қайтиб келиб: «Ҳеч нарса кўрмадик, у(от)ни денгиздек билдик», дедилар».
Шарҳ: Бир кун Мадинаи Мунавварада, душман бостириб келаётган эмиш, деган гап тарқалди. Ҳаммаёқни қўрқинч босди. Ҳақиқатни билиш, одамларни тинчитиш керак эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисига чиқиб воқеъликни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлдилар. Лекин, мингани уловлари йўқ эди. Шунинг учун Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан Мандуб номли отини вақтинча миниб турушга – ориятга сўраб олдилар.
Мандуб ўта ночор, секин юрадиган от эди. Аммо, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минишлари билан елдек учиб кетди.
У зот шаҳардан ташқарига чиқиб хабар олсалар, ҳеч гап йўқ. Қайтиб келиб одамларга, ҳеч нарса кўрмадик, деб хабар бердилар. Мандубни мақтаб, биз уни денгиз каби от эканини билдик, дедилар. Яъни, қадами кенг, тез юрар, деганлари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элу-юрт тинчлиги учун қаттиқ қайғурушлари, камтарликлари ва жасурликлари.
Бутун шаҳарни қўрқинч босганда, бировни юбормасдан, ёлғиз ўзлари, зудлик билан шаҳар ташқарисига хабар олгани чиқишлари шуни кўрсатади.
2. Уловни ориятга олиб туруш жоизлиги.
3. Ҳайвонга, жумладан, отга исм қўйиш жоизлиги.
4. Кишилар хабар кутиб турганда хушхабарни тезда айтиш кераклиги.
5. Ориятга олинган нарсани фойдаланиб бўлиш билан эгасига қайтариб бериш кераклиги.
6. Ориятга олинган нарсани эгасига мақтаб қўйиш яхшилиги.

Айман розияллоҳу анҳу: «Оишанинг олдига кирсам, баҳоси беш дирҳамлик «қитр» кўйлак кийиб олган экан. Бас, у: «Менинг чўримга назар сол! У буни уйда кийишдан кеккаяди-я! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида менинг шундай кўйлагим бор эди. Мадинада қай бир аёл зийнатланадиган бўлса, менга одам юбориб уни ориятга олиб турар эди», деб айтди». Икковини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мўмин-мусулмонлар жуда ҳам содда яшаганлари.
«Қитр» кўйлак Ямандан келтирилган қўпол ва қаттиқ кўйлак эди. Баҳосининг беш дирҳам (тийин) экани ҳам унинг нима эканлигини кўрсатиб турибди.
Мадинаи Мунавварада, мусулмонлар пойтахтида ҳамма келинлар учун тўй куни кийиб турушга бир дона қитр кўйлак бўлиши ҳам ўта содда ҳаётдан дарак беради.
2. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг тақводор ва камтар шахс эканликлари. Чўрилари уйда кийишни хоҳламаган кийимни ўзлари кийиб юришлари шуни кўрсатади.
3. Кийимни, жумладан, кўйлакни ориятга бериб ва олиб туруш жоизлиги.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бергандир. Ворисга васият йўқдир. Аёл эрининг рухсатисиз бирор нарсани нафақа қилмас», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.
«У молларингизнинг афзалидир», дедилар. Сўнгра:
«Орият адо этилур. Минҳа қайтарилур. Қарз узилур. Зомин бўлган, тўловчидир», дедилар
». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг молиявий ҳуқуқлари, мулк ҳақи Аллоҳ томонидан берилгани таъкидланмоқда.
«Албатта, Аллоҳ, ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бергандир»-дейилгани, инсонга Аллоҳ мулк ҳақини берганини, бу ҳақни ҳеч ким ман қила олмаслигини таъкидлашдир.
1. «Ворисга васият йўқ».
Ворисга Аллоҳ таолонинг Ўзи меросдан тегадиган ҳақини белгилаб бергандир. Ул ҳақни ҳеч ким бекор қила олмайди. Ҳаттоки, мерос қолдирувчи васият қилса ҳам ўтмайди. Мисол учун фалончи меросхўримга мендан қолган меросдан берилмасин, деса васияти ўтмайди. Мазкур меросхўр бари-бир шариатда кўрсатилган ҳақини олади. Шунингдек, фалончи меросхўримга, камроқ мерос берилсин, деса ҳам, унга бари бир шариатда кўрсатилган ҳисса берилади.
2. «Аёл эрининг рухсатисиз бирор нарсани нафақа қилмас».
Чунки, у ҳолда эрининг ҳақини поймол қилган бўлади. Агар аёлнинг ўз моли бўлса ихтиёр ўзида.
3. «Орият адо этилур».
Яъни, ориятга олинган нарса ўз эгасига қайтариб берилур. Чунки, бу унинг ҳақи. Ориятга олган нарсасини эгасига қайтариб бермаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади. Бировнинг Аллоҳ берган ҳақини ноҳақ поймол қилган бўлади.
4. «Минҳа қайтарилур».
«Минҳа» соғиб ичиб туруш учун берилган туя, қўй ёки сигирдир. Бу ҳам ўз эгасига, ўз вақтида қайтарилиши лозим. Ўзига ёрдам сифатида вақтинча соғиб ичиб туруш учун берилган ҳайвонни эгасига бермай қўйиш ўта номардлик ва инсофсизлик бўлади. Бир одамнинг Аллоҳ берган ҳақини поймол этиш бўлади.
5. «Қарз узилур».
Қарз олиб, уни узмай еб кетиш, энг оғир гуноҳлардан биридир. Ўзига яхшилик қилиб, оғир вақтида ёрдам қилган инсоннинг юзига оёқ қўйишдир. Унга Аллоҳ томонидан берилган ҳақни зулм ила поймол этишдир.
6. «Зомин бўлган, тўловчидир».
Биров, мен зоминман, деб бир кишининг молини бошқа одамга олиб берган бўлса, олган қайтармаса, зомин бўлган тўлаб бериши лозимдир. Бировнинг ҳалол ҳақи поймол бўлмаслиги лозимдир.
Ушбу қоидаларни ҳар бир мусулмон инсон яхшилаб ўрганиб олиб, уларга амал қилиб яшамоғи лозим. Бировнинг ҳақини емоқ улкан гуноҳдир. Ушбу ҳадисда айтилганидек, ҳар бир инсоннинг ҳақи Аллоҳ томонидан берилгандир. Бировнинг ҳақига хиёнат қилган одам, Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаққа хиёнат қилган бўлади.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нарсани олган қўлга уни қайтармоғи вожибдир», дедилар. Сўнгра Ҳасан унутиб: «У омонатчингдир, унинг зиммасида зомин бўлишлик йўқ», деди». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, бировнинг нарсасини олган одам, уни, албатта, қайтариб бериши вожиб. Агар олган нарсага зарар етказса тўлаб берилади.
Бу қоидани Ҳасан (ровийлардан бири) унутиб қўйиб, зомин бўлиш, тўлаб бериш, йўқ, деган экан.

Сафвон ибн Яъло розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қачон сенга менинг элчиларим келсалар, ўттизда совут ва ўттизта туя бергин», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, зоминлиги бор ориятми ёки адо қилинадиган ориятми?» дедим.
«Йўқ! Адо қилинадиган», дедилар
». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан орият икки хил бўлиши чиқади:
1. Зоминлиги бор орият.
Бунда орият олувчи, ориятга олинган нарсага бирор нарса бўлса, тўлаб беришга зомин бўлади.
2. Адо қилинадиган орият.
Бунда, ориятга олинган нарсага, ориятга олувчининг айбисиз бирор нарса бўлса тўлаб бермайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи аёллари ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишга таом солиб юбордилар. Бас у(аёл) идишни қўли билан уриб синдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «онангиз рашк қилди, енглар», дедилар.
Улар то у(аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот, енглар, деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи, улар (таом емоқдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар
». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ушбу лафз Абу Довудники. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари айтилмаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида бўлган завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамиздирлар.
Бўлиб ўтган ҳодисани ровийлар мақтовга сазовор эмас, деб тушуниб у киши розияллоҳу анҳонинг номларини очиқ айтмай учинчи ғойиб шахс сийғасида, у аёл, деб гап юритишган.
Бошқа бир ривоятда эса бу ҳодисани Оиша онамиз ўзлари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида бир тўп кишилар билан ўтирганларида Софийя онамиз таом пишириб ходимлари орқали юборадилар. Идиш ҳам, таом ҳам, Оиша онамизникидан яхши бўлади. Шунда Оиша онамизни титроқ тутиб, Софийя онамизнинг идишларини уриб синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг бўлакларини йиғиштириб ушлаб туриб таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга, онангизнинг рашки келди, сиз (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар, дейдилар.
Бошқа ривоятда айтилишича Оиша онамиз, эй Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима? - дейдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом, дейдилар. У киши, Софийя онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай турадилар. Таом еб бўлинганидан кейин, бутун идишни хизматчига берадилар.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Оилавий ҳаётда турли ҳолатларнинг бўлиб туруши.
2. Рашк табиий ҳол эканлиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ва улуғворликлари.
4. Бировнинг мулкини зое қилган одам худди ўша зое қилган нарсасига ўхшаш нарсани тўлаб бериши лозимлиги.
Албатта, бировнинг нарсаси омонат ҳисобланади. Омонатга хиёнат қилмаслик эса ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz