Тақлид арабча сўз бўлиб бизнинг тилимизга ўз маъноси билан ўтгандир ва бир кишининг бошқа одамга ўхшаш ҳаракат қилишини англатади.
Ушбу сарлавҳа остида тақлид деганда шариат ҳукмларини англашдаги тақлид ҳақида сўз боради. Яна ҳам тушунарли қилиб айтмоқчи бўлсак, фиқҳдаги ҳукмларда бошқаларга тақлид қилиш ҳақида сўз боради. Бизнинг воқеълигимиз эътиборидан мазҳабга эргашиш ҳақида сўз боради.
Баъзи бир қавмлар фиқҳий мазҳабларга тил теккизишлари, фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликка чақиришлари ҳаммага маълум.
Улар ўзларича фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуқсон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ мазҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.
Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ «Эълоус сунан» китобига ёзган тақризида қуйидагиларни ёзади:
«Бу китобнинг таълиф қилиниши сабаби ушбу асрнинг ярмида пайдо бўлган ҳолатдир. Ўшанда Покистон ажраби чиққанидан кейин Ҳиндистонда ўзини "аҳли ҳадис" деб атаган баъзи одамлар нағма тарқатиб, ҳиндистонда, жумҳури мусулмонларнинг мазҳаби ҳанафий бўлган бу бепаён юртда кенг тарқалган мазҳабини ҳадисга хилофлигини даъво қилиб чиқдилар. Улар яна ҳанафийларни қиёсни ҳадиси шарифдан устун қўйишда айбладилар. Шунингдек, улар тўрт эргашилган имомга тақлид қилишни инкор қилдилар ва ҳанафий фиқҳига тил текказдилар».
Мазҳабни инкор қилувчилар «Қуръон ва суннат турганда уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг айтганини қилмасдан Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми?» дейишади.
Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳабга амал қилиш Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни қўйиб бир банданинг айтганини қилишдан иборатдир. Бу каби нарса ў эгасининг куфрига сабаб бўлиши турган гап.
Тақлидни қораловчиларга раддия қилишдан олдин унинг уламолар қандай таърифлаганларини билиб олайлик.
Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энсклапедияси»да тақлидни қуйидагича таъриф қилинган:
«Тақлид бошқанинг гапини ҳужжатсиз қабул қилишдир. Омий одамнинг мужтаҳиднинг гапини олишига ўхшаш. Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қавлларига қайтиш тақлид эмас. Шунингдек, ижмоъга қайтиш ҳам тақлид эмас. Чунки бунда ҳужжатнинг ўзига қайтилади».
«Ақоидда тақлид жоиз эмаслигига усул илмининг уламолар жумҳури иттифоқ қилганлар».
«Шариатнинг амалий аҳкомларида тақлид қилиш ҳақида икки қавлга ихтилоф қилинган.
Биринчиси: Мазкур нарсаларда тақлид қилиш жоиздир. Бу усулийлар жумҳурининг қавлидир. Улар қуйидагиларни айтганлар:
«Мужтаҳид амалий аҳкомларни тўғри топса ҳам, хато қилса ҳам бари бир савоб олади, гуноҳкор бўлмайди. Бас, мазкур ишларда тақлид қилиш жоиздир. Аммо омий кишилар учун вожибдир. Чунки ундан шариат аҳкомларига амал қилиш талаб қилинган. Гоҳида ўша ҳукмлар далилларида назар ва ижтиҳодга ҳожат тушадиган махфийлик бўлиши эҳтимоли бор. Омий кишилардан мужтаҳидлик мартабасини талаб қилиш эса, экин – тикин ва наслу насабнинг кесилиб қолишига, ҳунар ва саноатнинг тўхтаб қолишига ва ниҳоят харобаликка олиб боради. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар бир – бирларига ва бошқаларга ҳам фатво берар, уларнинг мужтаҳид бўлишга амр қилишмас эдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи «Бас, зикр аҳлидан сўранглар» деган қавлида уламолардан сўрашга амр қилган.
Иккинчиси: Тақлид ҳаромдир, жоиз эмасдир. Бу гап Ибн Абдул Барр, Ибнул Қаююм, Шавконий ва бошқаларга оид».
Аммо иккинчи тоифанинг гапини таҳлил қилиб кўрсак, имкони борларнинг тақлид қилиш жоиз эмаслиги ҳақида сўз бораётганини англаб оламиз.
Тақлидга, яъни, мазҳабга душман бўлганлар ўзларининг гаплари тўғрилигига далил ҳам келтирадилар.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир», деган (31-оят).
«Ҳибр» яҳудийларнинг диний олимидир. «Роҳиб» эса, насороларнинг диний одамидир. Аллоҳ таоло бу оятда диний олимларнинг гапига кирганларни ўша олимларга ибодат қилишда айбламоқда. Фақиҳларга тақлид қилган мусулмонлар ҳам худди ҳибр ва роҳибларни Робб қилиб олган яҳудий ҳамда насоролар кабидир.
Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: У кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етганда, Шомга қочиб кетган экан. Жоҳилият даврида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу насронийлик динига кирган экан. Унинг синглиси ва қавмидан бир жамоа одамлар мусулмонлар қўлига асирга тушибди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг синглисини озод қилиб, ҳадялар берибдилар. Сингил бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришга ундабди. Машҳур Ҳотим Тоийнинг ўғли бўлмиш Адий ўз қабиласининг бошлиғи ҳам эди. У Мадинага борганида, одамлар унинг келгани ҳақида гап тарқатишди. У бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлариига киради. Шунда у зот:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар.
Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки:
«Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар».
Яҳудийлар ва насоролар ўз ҳибрлари ва роҳибларини худо деб эътиқод қилишгани йўқ, қилмайдилар ҳам. Лекин уларнинг айтганларига бўйинсунганлари, яъни, ҳалол деганларини ҳалол, ҳаром деганларини ҳаром деб билганлари учун ширк келтирган, уларни Робб қилиб олган ҳисобланмоқдалар.
Бу даъвога қуйидаги раддия берилади
Аввало фиқҳий мазҳабга амал қилиш, Қуръон ва суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақийда бобида ҳеч қандай хилоф қилганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари умуман мантиққа тўғри келмайди.
Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларига ортиқча илоҳийлаштириш ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки, ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.
Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:
«Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар.
Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса, ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак». |