БИРОВ БИЛАН АРАЗЛАШИШ Принтер учун
18.03.2009 й.
www.islom.uz

Авф ибн ал-Ҳорис ибн ат-Туфайлдан ривоят қилинади. (У Оишанинг она бир акасининг ўғли): «Оишага у берган мол ёки ато ҳақида Абдуллоҳ ибн Зубайр «Аллоҳга қасамки, Оиша тўхтатсин, бўлмаса, мен ҳукм чиқариб, тўхтатиб қўяман», дегани айтилди.

«У шундай дедими?» дедилар.
«Ҳа!» дейишди.
«Мен Аллоҳга назр қилиб айтаманки, энди Ибн Зубайрга ҳеч гапирмайман», дедилар.
Ибн Зубайр у кишининг ундан аразлашиши узайиб кетгандан кейин муҳожирлардан шафоатчилик қилишни сўради.
«Аллоҳга қасамки, унинг ҳақида ҳеч қачон бирор кишининг шафоатини қабул қилмайман. Назримни бузувчи эмасман», дедилар.
Бу ҳолат чўзилиб кетгандан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр Мисвар ибн Махрама ва Абдурроҳман ибн Асвад ибн Абдуяғусларга гапирди. Улар Бани Зуҳрадан эдилар.
«Аллоҳни ўртага қўйиб, илтимос қиламан. Мени Оишанинг олдига олиб киринглар. Унинг мендан алоқани узиши ҳалол эмас», деди.
Мисвар ва Абдурроҳманлар уни ридоларига ўраб олиб боришди. Икковлари у кишидан рухсат сўраб:
«Ассалому алайки ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, кираверайликми?» дейишди.
«Кираверинглар!» дедилар.
«Ҳаммамиз кираверайликми, эй мўминларнинг онаси?» дейишди.
«Ҳа, ҳаммаларингиз киринглар», дедилар.
У киши икковлари билан Ибн Зубайр борлигини билмас эдилар. Киришганда Ибн Зубайр ҳижобнинг ичига кирди ва Оишани қучоқлаб олиб, йиғлаб ёлбора бошлади. Мисвор билан Абдурроҳман ҳам икки томондан маънода ёлвора бошлашди. Хуллас, нимаики гап бўлса ҳам айтиб, узоқ ёлворишди. Илло у киши унга гапирмадилар ва узрини қабул ҳам қилмадилар. Икковлари эса:
«Ўзингиз биласиз-ку, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрондан қайтарганлар. Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас», дейшарди.
Улар Оишага эслатиш ва хижолат қилишни кўпайтириб юборишганда у ҳам иккисига эслатиб йиғлаб:
«Ахир мен назр қилиб қўйдим! Назр оғир нарса!» дедилар.
Бироқ икковлари у кишини Ибн Зубайрга гапиргунларича ҳоли жонларига қўйишмади. У киши назр каффоротига қирқта қул озод қилдилар. Кейинчалик ҳам назрни эслаб йиғлар, ҳатто кўз ёшларидан рўмоллари ҳўл бўлиб кетар эди».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Алилардан кейин Маккаи Мукаррамага амир бўлганлар. Муовия розияллоҳу анҳуга бўйсунмай, маълум муддат ўзлари ҳукм юритиб турганлар. Бу киши ҳам Оиша онамизнинг жиянлари, яъни, опалари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг ўғиллари бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу муҳожирлар Маккаи Мукаррамадан Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганда, муҳожир оилалардан туғилган биринчи фарзанд бўлганлар. Алғов-далғов замон туфайли муҳожирларда маълум муддат фарзанд туғилмай турган. Шунда яҳудийлар гап чиқариб: «Биз буларни сеҳрлаб қўйдик, энди бола туғишмайди» деганда Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилганлар.
Бу воқеадан бутун Ислом аҳли хурсандчиликка тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари болани кўтариб, ўпиб, тупуклари билан танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйганлар.
Кейинчалик, бу киши машҳур бўлиб, Маккага амир бўлиб, бу шаҳарни ўзлари алоҳида бошқариб турганлар. Ана шу пайтда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мол сарф қилганлар ёки кимгадир ҳадия берганлар. Бу гап Абдуллоҳ ибн Зубайрга етиб борган.
Одатда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўта сахий бўлганларидан ўзлари муҳтож бўлиб турсалар ҳам қўлларига тушган нарсани бошқаларга бериб юбориб ўзлари ҳеч нарсасиз қолаверар эдилар. Бу сафар ҳам шундай қилган бўлсалар керакки, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу холаларининг қилган тасарруфлари ёқмасдан, «Аллоҳга қасамки, Оиша тўхтатсин, бўлмаса, мен ҳукм чиқариб, тўхтатиб қўяман», деган.
Ҳаддан ташқари сарф қилиб юборган кишининг молини ҳоким «музлатиб» қўйиб, ўзига керагича бериб туришини «ҳажр» дейилади. Ибн Зубайр худди ўша «ҳажр» ҳақида сўз юритган.
Бу гап Оиша онамизга етиб боргач: «Шу гапни унинг ўзи айтдими?» деб сўрадилар. Одамлар «Ҳа, ўзи айтди» дейишди.
Оиша онамиз: «Агар шу гапни айтган бўлса, мен Аллоҳга назр қилиб айтаманки, энди ибн Зубайрга гапирмайман» дедилар. У кишига хайри эҳсоннинг йўли тўсилиши ёқмади. Қаттиқ ранжидилар ва жиянлари Абдуллоҳ ибн Зубайрдан аразлаб унга гапирмасликни назр қилдилар.
Бир муддат гаплашмай қўйдилар ҳам. Бу гапдан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр қилган хатоларини тушуниб, ўртага муҳожирлардан одам қўйиб, бориб айтинглар, мен билмай гапириб қўйибман, мени кечирсинлар. Бу нарса менга жуда қаттиқ оғир ботиб кетар экан, дедилар.
Муҳожирлар уларни яраштирмоқчи бўлиб, орага тушишди. Оиша онамиз эса уларга: «Аллоҳга қасамки, бирор кишининг шафоатини қабул қилмайман, орага тушманглар. Мен назр қилиб қўйганман, бу назримдан қайтмайман. Шундай қолади», дедилар.
Вақт ўтаверди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу вақт узайиб кетганига чидамай, обрўли, нуфузли, гапи ўтадиган Бани Зуҳра қабиласидан бўлган Мисвор ибн Маҳрама, Абдурроҳман ибн Асвад ибн Абдуяғус деган деган улуғ саҳобийларга бориб, ялиндилар. Менга ёрдам бермасангиз бўлмайди. Аллоҳни ўртага қўйиб, илтимос қиламан. Нима қилсангиз қилинг, лекин мени Оиша онамизнинг олдиларига олиб киринглар. Бўлмаса бўлмайди. У киши мендан хафа бўлиб, менга ҳижрат эълон қилиб, менга гапирмай юришлари ҳеч мумкин эмас, - деб ёлвордилар.
Икковлари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни ораларига олиб, елкаларидаги ридони устларига ташлаб, беркитиб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг олдиларига олиб боришди. Уччовлари бири беркинган, фақат икки киши кўринадиган ҳолатда бориб, ичкарига киришга рухсат сўрашди.
Мисвор ибн Маҳрама, Абдурроҳман ибн Асвад ибн Абдуяғуслар «Ассалому алайки ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, кираверайликми?» дейишди. Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «Кираверинглар!» дедилар.
Келганлар эса «Ҳаммамиз кираверайликми, эй мўминларнинг онаси?» дейишди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо келганларнинг орасида, ридонинг ичида Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам бекиниб турганини билмасдилар, шунинг учун:
«Ҳа, ҳаммаларингиз киринглар», деб рухсат бердилар.
Келганлар киришди. Оиша онамиз розиялоҳу анҳо ҳижобнинг ичидада эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр секин бекиниб олган жойидан чиқиб, бориб ҳижобнинг ичидан холаларини қучоқлаб олиб, оёқларига ётиб йиғлаб юбордилар. Жуда қаттиқ ёлвориб йиғладилар. Мисвор ва Абдурроҳманлар ҳам икки томондан туриб, «Уни кечиринг, билмай шундай деб юборибди» деган маънода ёлвора бошлашди. Хуллас, нимаики гап бўлса ҳам айтиб, узоқ ёлворишди.
«Ўзингиз биласиз-ку, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кундан ортиқ бир-бири билан аразлашиш мумкин эмас. Мўмин киши биродарига ҳижрат қилиши тўғри эмас», дейишди.
Улар тинмай гапириб, ҳаддан ташқари кўп ёлворишиб, юқоридаги каби гапларни эслатиб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳони бироз ноқулай аҳволга солиб қўйишди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўзларига ёш олиб: «Сизлар ҳам унутманглар, мен ахир назр қилиб қўйдим, назр оғир нарса, бундан мени қайтаришга урингманглар», деб кўрдилар.
Бироқ келганлар ёлворишдан тўхташмади, ялиниб туриб олишди. Ниҳоят, ҳеч иложлари қолмаган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга гапириб, ярашдилар.
Ярашганлари қилган назрларига хилоф бўлди. Ана шу хилофнинг каффороти учун Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қирқта қул озод қилдилар. Кейинчалик ҳам мана шу воқеа эсларига тушиб қолса, йиғлар эканлар, ҳатто кўз ёшларидан рўмоллари ҳўл бўлиб кетар экан.
Бу ҳадис саҳобаларнинг ҳаётида ҳам мўминларнинг ўзаро аразлашишлари учраб турганлигини кўрсатади. Бундай ҳолатда айбдор томоннинг ёлвориши, одамларнинг орага тушиши, ҳамманинг бу нарсани ислоҳ қилишга уриниши Ислом умматининг сиймосидир.
Бошқа ҳеч бир халқда, ҳеч бир миллатда, ҳеч бир қавмда бундай гап йўқ. Исломда аразлашиб қолган икки киши қолиб, бу ёқдагилар ташвишга тушиб қолади. Мусулмонлар бундай ҳолатда «Яхши бўлмади, бундай бўлмаслиги керак эди, мўмин киши биродаридан уч кундан ортиқ аразлаши мумкин эмас», деб ташвишланадилар.
Ислом уммати доим ана шундай эътиқодда бўлган ва бунга амал қилган, шу орқали ўзаро ижтимоий алоқаларни юксак савияда сақлаб турган. Бу қоидага амал қилиш узоқ вақт давомида мусулмон умматини кўпгина ноқулайликлардан сақлаб келган.
Алҳамдулиллаҳ, бунинг баъзи кўринишлари ҳозиргача ҳам бор. Аразлашиб қолганларни яраштириб қўйиш, уч кундан кўп аразлашиб юриш шариатга тўри келмаслигини тушунтириш ҳолатлари бор.
Демак, кўпчилик билмаса ҳам, бу нарса динимизнинг самимий таълимотидан келиб чиққан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюрган амрлари, қилган ишлари, берган кўрсатмалари эканлигини, саҳобаи киром бу нарсага ушбу ҳадисда келганидек риоя қилганини, кейинги авлод буни улардан ўрганганиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлигини тушуниб етишимиз керак.
Баъзи ҳолатларда диний билимлардан, ҳадислардан бехабар бўлганлигимиз учун эсимиздан чиқиб қолган бўлса, билган, ўрганганларимиз бошқаларнинг ҳам эсига солиб, аразлаб юриш, гапирмай юриш, душманлик қилиб юриш мўмин-мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган иш эканлигини тушунтириб, қўлидан келганча ҳаракат қилиб, аразлашган икки томоннинг орасини ислоҳ қилиб қўйишга ўтишимиз керак экан.

МУСУЛМОН БИЛАН АРАЗЛАШИШ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизни ёмон кўришманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас», дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сиз билан биз умматларини тўрт салбий ишдан қайтармоқдалар.
1. Бир-бирини ёмон кўриш.
2. Бир-бирига ҳасад қилиш.
3. Бир-бирига қарши чора-тадбир кўриш.
4. Бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашиш.
Мўмин-мусулмон кишилар бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас. Ахир мўминларни Қуръони Карим биродар деб атаган. Улар қандай қилиб бир-бирларини ёмон кўришлари мумкин. Душманларгина бир-бирини ёмон кўриши мумкин.
Ҳасад, кўра олмаслик – бир яхшиликнинг бошқа одамдан кетиб, ўзига ўтиб қолишини орзу қилиш, шунга мувофиқ иш қилиш, фалончидаги яхшилик меники бўлиб қолсин, дейишдир.
Лекин «Фалончига Аллоҳ берибди, буюрсин, бизга ҳам насиб қилса эди», дейиш яхши. Буни ғибта, яъни, ҳавас дейилади. Аммо «Нега фалончига шу нарса берилибди? У нарса менга ўтиб қолса эди», деб айтиш ва шу мақсадда қандайдир ишларни уюштириш ҳасад бўлади.
Албатта, ҳасад қилиш ҳам мўмин бандага мутлақо ярашмайдиган сифатдир. Мўмин киши бағри кенг, бутун дунёга яхшиликни раво кўрадиган қалби дарё шахс бўлади. У ўзидан бошқага бирор неъмат етганда хурсанд бўлади. Эгасига буюрсин дейди. Ўзига ҳам шунга ўхшаш неъмат етишини орзу қилади.
Одам боласининг бир-бирига қарши турли чора-тадбирларни уюштириб юриши ёмонликдан бошқа нарсага олиб бормайди. Агар бу ёмон хислатга одатланадиган бўлсалар, уларнинг бу дунёдаги ҳаётлари машаққатга айланади.
Мусулмонлар ана шундай бўлмаслиги, бир-бирларига қарши чақимчилик, иғво, бўҳтон йўли билан турли тадбирлар уюштирмаслиги, одамларни бир-бирига қарши қўйиб, «ундай қил, бундай қил» деб бировга қарши ишлар қилмаслиги лозим экан.
Мўмин-мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, биродар, ака-ука бўлиши керак. Ораларидан гап-сўз ўтган, аччиғи чиққан, бир-бирига оғир ботадиган гап айтган, иш қилган бўлса, уларни кўнгилдан чиқариб ташлаш учун шариатда уч кун муҳлат берилган. Мусулмон одам уч кун ичида ҳовуридан тушсин, ўз-ўзига насиҳат қилсин ва уч кундан оширмасдан ярашиб олсин, бундай аразлашиб юришни ўзларига эп кўрмасин.

Ато ибн Язид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор кишига ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш мумкин эмас, ҳалол эмас, ҳаром. Икковлари учрашиб қолса, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлмасин. Икковидан яхшиси биринчи салом берганидир», - дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифлдарида мўмин-мусулмон бандалар орасига совуқчилик тушиб аразлашиб қолганларидаги ҳолатни муолажа қилиш ҳақида сўз юритилмоқда.
Аразлашиб қолганлар кўришганда юзини ўгириб олмасдан, «Ассалому алайкум» деб биринчи ким салом берса, ўша киши яхши бўлар экан.
Бу аразлашиб қолганларни яраштиришнинг жуда бир ажойиб услуби билан ярашишга тарғиб қилишдир. Икки киши уришиб қолган бўлса, йўлда учрашиб қолганда тескари қараб, юз ўгириб ўтиб кетса, орадаги нифоқ икки баравар кўпаяди. Ичида адоват ғимирлаб, «тескари қараб ўтиб кетди» дейди.
Иккинчи марта тескари қараб ўтиб кетса, адоват янаям кучайиб кетади. «Фалон жойда кўрди, кичкина бўлса ҳам менга салом бермади» деб, гап кўпаяди.
Шунинг учун аразлашиб қолган икки киши учрашиб қолса, шу ерда бир томон савоб умидида яхшиликни бўйнига олиб, салом бериши керак экан. Салом берган одамнинг гуноҳи тўкилади. Чунки у Аллоҳнинг амрини бажарган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳисобланиб, аразлашганлик гуноҳидан фориғ бўлади.
Нариги одам алик олса, икковлари ҳам бу гуноҳдан қутулади. Алик олмай кетган бўлса, гуноҳ унга бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчи бўлиб салом бергани яхшиси», - деганлар.
Ҳар биримиз ушбу ҳадисни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Ҳаётда турли ҳолатлар бзага келиб туради. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо бир билан аразлашиб қоладиган бўлсак, араздан кейинги биринчи учрашувдаёқ ярашиб кетишга одатланишимиз керак. Албатта, бу иш араздан уч кун ўтмасдан олдин юз бериши лозим.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мўмин-мусулмон кишига ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш ҳаромлиги.
2. Икки аразлашган мусулмон учрашиб қолсалар, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлиб кетмасликлари кераклиги.
3. Икки аразлашиб қолган мусулмондан яхшиси биринчи салом бергани эканлиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», - дедилар».
Шарҳ: Бу маънодаги ҳадис аввалроқда ўтди. Имом Бухорий ҳадисда ушбу бобга боғлиқ маъно борлигидан уни яна бир бор такрор келтирмоқдалар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки киши Аллоҳ Азза ва Жалла учун ёки Ислом учун дўст бўлсалар, улардан бирининг дастлаб қилган гуноҳи ораларини ажратадир», - дедилар».
Шарҳ: Демак, Аллоҳ учун биродар тутинган мусулмонлар ана шу биродарлик мустаҳкам туришини ҳоҳласалар, гуноҳ қилмасликлари керак.
Чунки бири гуноҳ қилса, иккинчиси «Аллоҳ учун мен билан биродар бўлган киши шу ишни қиладими? Фалончининг биродари шу ишни қилибди, деса бу гап менга ҳам тегмайдими?» деб, ораларидаги муносабатга путур ета бошлайди.
Шу сабабдан Аллоҳ ва Ислом учун бўлган биродарликни сақлаш йўлида ҳам гуноҳдан четланиш керак экан. Икки томон ана шундай йўл тутса, биродарлик кундан-кунга мустаҳкамланиб, яхшиланиб бораверади, икки томон ҳам савоб олаверади.
Аллоҳ ва Ислом учун биродар бўлиб туриб, ўз биродарига ҳам гап тегадиган ишларни қилиш дуруст эмас экан.

Муъозадан ривоят қилинади: «Ҳишом ибн Омир, (Анас ибн Моликнинг амакиваччаси)дан эшитдим:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмас.
Агар икки киши орасидаги алоқа узилган ҳолида давом этса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади.
Агар улардан қайси бири аввал қайтса, бу амали унинг гуноҳларига каффорот бўлади.
Агар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, икковлари ҳам абадий жаннатга кирмайди.
Агар бири салом берса, иккинчиси унинг саломига алик олишдан бош тортса, салом берганга фаришта алик олади. Алик олишдан бош тортган одамга эса шайтон гапиради», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, бирига фаришта, иккинчисига шайтон дўст бўлади.
Буни ҳар бир мўмин-мусулмон жуда яхши билиб олиши керак, мўмин-мусулмонлар бир-бири билан уришиб, ўзаро алоқани узиб, бир-бирига душман ҳолатда юрса, икки томон ҳам ҳақдан четда юришар экан.
Ким бундан аввалроқ қайтса, унинг гуноҳи ювилар экан. Ярашиш ниятида салом берган одам ҳар қандай ҳолатда ҳам салом берса ҳам, алик олса ҳам ютар экан.
Чунки унинг саломига фаришта алик олади, Аллоҳ унинг гуноҳини ювади, қилган рағбати учун савоб беради.
Бундан юз ўгирган одамнинг айби ўзи билан, шайтонга ошна бўлади. Унинг гапини шайтон эшитиб, раддиясини ҳам шайтон беради.
Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмонлар аввало уришмаслиги, аразлашмаслиги керак экан, аразлашиб қолса ҳам имкон қадар уч кундан ўтказмасдан ярашиб олишнинг ҳаракатида бўлиши керак. Ҳаммада ана шундай тушунча бўлса, иншааллоҳ уриш-жанжаллар камаяди.
Инсон жаҳл устида аразлашиб қолиши мумкин. Лекин бу хатони уч кун ичида ярашиш йўли билан тузатиш имкони бор. Ким бунга ҳаракат қилса савоб ваъда қилинган. Фаришталар унинг саломига алик олади.
Буни яхши тушуниб, амал қилиб борса иншааллоҳ жамиятда ижтимоий алоқалар яхшиланиб, маҳалла-кўйда аразлашиш, душманлик руҳияти ҳеч қачон бўлмайди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон киши учун бошқа мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмаслиги.
2. Агар икки киши аразлашган ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлиши.
3. Агар аразлашганлардан бири аввал қайтса, гуноҳлари ювилиши.
4. Агар аразлашганлар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, жаннатга кира олмасликлари.
5. Аразлашганлардан бир салом берса, бошқаси алик олишдан бош тортса, салом берганга фаришта алик олиши.
6. Алик олишдан бош тортган одамга эса шайтон гапириши

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сенинг мендан розилигингни ҳам, аччиғинг чиқиб турганини ҳам биламан», - дедилар.
«Қандай қилиб бунибиласиз, эй Аллоҳнинг Расули!?» дедим.
«Агар сен рози бўлсанг, гапингнинг орасида «Худди шундай, Муҳаммаднинг Роббиси ила қасам!» дейсан. Агар аччиғинг чиқиб турган бўлса: «Йўқ, Иброҳимнинг Роббиси ила қасам!» дейсан», дедилар.
«Тўғри! Фақат исмингизнигина ҳижрон қиламан», дедим
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг энг яхши кўрган аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги қалб сирига боғлиқ дақиқ муносабатларни билиб оламиз.
Бу жуда нозик масала. Буюк зотлар ўтасида уришиш, аразлашиб қолиш ҳолатлари бўлмаган. Ўзгариш жуда ҳам сезиш қийин бўлган нарсада, фақат гапда бор.
Рози бўлиб турсалар, Оиша онамиз гаплари орасида «Муҳаммаднинг Роббиси ила қасам» дер эканлар.
Сал аччиқланиб турган ҳолатларида эса «Иброҳимнинг Роббиси ила қасам» дер эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу нарсанинг ҳам мулоҳазасига борган эканлар, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бунинг жуда дақиқ маъносини тушунтириб берган эканлар.
Бу ҳаммамизга ўрнак бўладиган юксак одоб намуналаридан биридир. Бизлар ҳам ҳаётимиз бу каби нозик дидли муомалаларга ва уларни сезиб қадрлашга одатланишимиз керак.

БИРОДАРИ БИЛАН БИР ЙИЛ АРАЗЛАШИБ ЮРГАН КИШИ

Абу Хирош ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ўз биродари билан бир йил аразлашиб юрган бўлса, бу унинг қонини тўккан билан баравардир», - деганларини эшитган экан».
Шарҳ: Бир мусулмон ўзининг дин қардоши ила бир йил гаплашмай юриши жуда оғир гуноҳ. Шунинг учун узоқ муддат бировга қасддан, аразлаб, алоқани узиб юриш мўмин-мусулмон одамга тўғри келмайди.
Мўмин мўминдан фақат уч кунгина аразлаши мумкин. Инсоннинг ўзига хос заифликларини ҳисобга олиниб шу муддатда аразлашга рухсат берилган. Бундан зиёда аразлашиши ҳалол эмас. Бу эса ҳаром деганидир. Мўмин киши шариатда ҳаром бўлган нарсани қилиши мумкин эмас.
Бир йилгача ярашмай аразлаб юриш эса, билиб туриб ҳаром ишда бардавом бўлиш демакдир. Бу ишда эҳтиёт бўлиш керак ва аразлашган одам билан тезроқ ярашиш чораларини ахтариш ва уни амалга ошириш лозим.

Имрон ибн Абу Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишига Аслам қабиласидан бўлган бир саҳобий шундай деган эканлар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мўминдан бир йил аразлашиб юриш унинг қонини тўкиш билан баробар», - деганларини эшитдим».
Ўша мажлисда Муҳаммад ибн Мункадир ва Абдуллоҳ ибн Абу Итоб ҳам бор эди. Улар, биз ҳам буни эшитганмиз, дейишди».
Шарҳ: Шунинг учун аразлашиш бу даражада узоқ чўзилиб кетиши мумкин эмас экан. Юқорида айтилганидек, мўмин-мусулмонлар уч кунгача ёки ундан тезроқ муддатда аразлашишни тугатишнинг пайидан бўлиши керак экан.

АРАЗЛАШИБ ҚОЛГАНЛАР ТЎҒРИСИДА

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир», - дедилар».
Шарҳ: Уч кунгача, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, баъзи инсоний заифликларни ҳисобга олиб аразлашга рухсат. Мазкур муддатдан ортиғига рухсат йўқ.
Аразлашган икки киши кўчада учрашиб қолиб, бир-биридан юз ўгириб ўтиб кетиши ҳаром. Мана шу икки кишининг қайсиниси аввал салом берса, шуниси яхшироғи бўларди.
Аразлашганларнинг иккови ҳам, агар ўша ношаръий ишни давом эттирсалар, айбдор бўлади. Бироқ ким ярашишга аввалроқ ҳаракат қилса, аввал салом берса, ўшаниси яхшироқ бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи. Аввало уришиш, аразлашиш керак эмас. Мабодо бандачилик бўлиб, жаҳл устида аразлашиб қолинадиган бўлса, уч кун муддат ичида инсон ўзини ўнглаб, жаҳлидан тушиб, Аллоҳдан қўрқиб, орани ислоҳ қилишга ўтиши керак.
Араздан кейинги дастлаб учрашганда юз ўгириб кетмай, дарров салом беришга ҳаракат қилиш керак.

Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмас.
Агар икки киши орасидаги алоқа узилган ҳолида давом этса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади.
Агар улардан қайси бири аввал қайтса, бу амали унинг гуноҳларига каффорот бўлади.
Агар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, икковлари ҳам абадий жаннатга кирмайди», - деганларини эшитган эканлар»
.
Шарҳ: Бу ҳадисдан мўмин-мусулмонларнинг ўзаро уришиши, алоқаларини узиши, алоқа узилган ҳолда бардавом бўлишлари нақадар ёмонлигини билиб олдик.
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар аввало уришмаслиги, мабодо уришиб қолса, уч кундан ўтказмасдан ярашиб олишлари лозим бўлади. Акс ҳолда икки томонга ҳам оғир оқибатлар келади.
Бу ҳикматни ниҳоятда яхши тушуниб олишимиз, атрофдагиларга ҳам тушунтиришимиз, оқибатларининг ёмон бўлишини англаб етишимиз ва англатишимиз ва бунга амал қилиб боришимиз керак.

ДУШМАНЧИЛИК

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманг! Бир-бирингизга ҳасад қилманг! Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинг!» - дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонларнинг ўзаро бир-бирларини ёмон кўришлари, кўнглларида бир-бирларига нисбатан ҳасад сақлаши мутлақо мумкин эмас экан.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларини ёмон кўришлари ҳеч ақлга тўғри келмайдиган иш. Улар бир-бирларига дўст-биродар бўлишлари матлуб иймоарининг талаб шудир. Исломларининг талаби шудир.
Ҳасадгўй бўлиш мумсулмон шахс учун мутлақо мумкин эмас. Чунки ҳасад бировга етган неъматнинг завол топишини, ундан йўқ бўлиб, ўзига ўтиб қолишини орзу қилиш ва шу ниятни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилишдир.
Бировга Аллоҳ бир неъмат берибди, яхши бўлибди, ўзига буюрсин, бизга ҳам Аллоҳ шунга ўхшаган неъмат берсин, дейиш яхши. Бироқ ҳасад ёмон. «Нега унга бўлар экан? Менга бўлсин…» деган муносабатда бўлиш мумкин эмас.
Мўмин-муслумонлар бир-бирларини ёмон кўриш, бир-бирларига ҳасад қилиш ўрнига, бир-бирлари ила биродар бўлишлари ва ўзларига яхши кўрган барча нарсаларни биродарларига ҳам яхши кўриб яшашалари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг ёмони иккиюзламачи эканини кўрасан. У анавуларга бир юз билан, наригиларга бошқа юзи билан келади», дедилар».
Шарҳ: Демак, иккиюзламачи одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ёмон кўрилган одам бўлади. Шунинг учун иккиюзламачиликдан, бировга бир гапни айтиб, бошқаларга бунинг тескарисини айтиб, «Мен уста эканман, икки томонни ҳам алдаяпман» деган фикрдан сақланиш лозим экан.
Иккиюзламачилик мўмин-мусулмон кишининг обрўси, сиймоси, одоб-аҳлоқига тўғри келмайдиган ҳолат. Мўмин-мусулмонларнинг ҳар бири бундай ҳолатлардан узоқда бўлишлари керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумонликдан йироқ бўлинг. Чунки бадгумонлик энг ёлғон гапдир. Бир-бирингизни авраманг. Бир-бирингизга ҳасад қилишманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингиз билан рақобатлашманг. Бир-бирингизга қарши турли ёмон чора-тадбирларни кўрманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар!» - дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда шарифда жамиятдаги кишиларни бир-бирига душман қиладиган, якка шахсларни ўзаро душман қилиш орқали бутун жамиятга адоват уруғини сепадиган ва шу орқали инсоний алоқаларни, оилаларни ва жамиятни таназзулга юз туттирадиган ёмон ҳулқлар ҳақида гапирилмоқда.
Улар рўйхатининг бошида эса бадгумонлик турар экан. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, «ундай бўлса керак, бундай бўлса керак», дейиш бадгумонлик бўлади. Бу нарса аввало баъзи шахслар ичида адоват қўзғаб, душманлик ва ишончсизлик руҳини таратади.
Кейинроқ ушбу руҳ жамиятнинг турли табақаларига тарқалиб ҳамма бир-бири ҳақида ёмон гумонга борадиган, бир-бирига душманлик қиладиган ва ишонмайдиган бўлиб қолади.
Аввал айтиб ўтилганидек, бир-бирига ҳасад қилиш, ёмон кўриш, кек сақлашни ўзига касб қилиб олиш, ёмонликда мусобақалашиш, бир-бирига турли ёмонликлар қилиш, одамларни ишга солиш ва бошқаларнинг барчаси бўмагур нарсалар экан. Балки мўмин-мусулмонларнинг барчаси ака-укадек бўлиб юришга ҳаракат қилиб юришлари керак.
Келинг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларни бир-бир кўриб чиқайли.
«Зинҳор ва зинҳор бадгумонликдан йироқ бўлинг. Чунки бадгумонлик энг ёлғон гапдир».
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади.
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бас, ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша ичи бузуқ одам бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескариси бўлади.
«Бир-бирингизни авраманг манг».
Бу маъно арабчада «Лаа танаажашуу» шаклида келган. Бу сўз аслида ваҳший ҳайвонни бир жойдан бошқасига қувишга ишлатилади.
Аммо бу сўз ва унинг бирикмалари савдода ишлатилиши одатга айланиб қолган. Бунда бировни алдаш учун савдо молининг нархини оширилади.
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар.
Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди.
Ўзаро муомалада ҳам бировга ўзини яхши крсатиб асолида унинг зарарига иш қилиш ҳаромлиги учун бу нарса ушбу ерда зикр қилинган. Бу иш бор ердан бир-бирига нисбатан бадгумонлик келиб чиқиши борлиги учун ҳам бу нарса эсга олинган.
«Бир-бирингизга ҳасад қилишманг».
Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва шилиш маъносини билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.
Уламолар, ҳасад-бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига ҳасад қилишдан бутунлай йироқда бўлишлари лозим.
«Бир-бирингизни ёмон кўрманг».
Албатта, мўмин-мусулмонлар биродар бўлганларидан кейин ўзаро бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас.
«Бир-бирингиз билан рақобатлашманг».
Бу ердаги рақобат арабчада «Танофус» дейилади ва рағбат қилинган нарсада ёлғиз ўзи қолишга интилиш маъносини англатади. Бунда ҳам ҳасадга ўхшаш ҳолат бор.
«Бир-бирингизга қарши турли ёмон чора-тадбирларни кўрманг».
Албатта, бу иш ҳам мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.
«Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар».
Аллоҳ таоло сизни шунга амр қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Душанба ва пайшанба кунлари жаннатнинг эшиклари очилади. Бас, Аллоҳга бирор нарсани ширк қилмаган ҳар бир бандани мағфират қилинади. Фақат биродари билан орасида душманлик бор кишигина бундан мустасно. Шунда: «Иккисини ораларини ислоҳ қилишгунча кутиб туринг» дейилади», - дедилар».
Шарҳ: Демак, бир кишининг «Гуноҳларим кечирилсин, Аллоҳ таоло мени мағфират қилсин», деган умиди бўлса, биров билан аразлашган ҳолатда юрмаслиги, гина сақламасдан, бу ноқулай ҳолатни тез ислоҳ қилиб олишга ҳаракат қилиши керак экан.
Чунки ораларида ислоҳ бўлмаса гуноҳлари душанба, пайшанба кунлари каби гуноҳлар мағфират бўладиган улуғ кунларда ҳам мағфират бўлмай тураверар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Душанба ва пайшанба кунлари жаннатнинг эшиклари очилиши.
2. Душанба ва пайшанба кунлари Аллоҳга ширк келтирмаган бандаларнинг гуноҳлари кечирилиши.
3. Ораларида душманлик бор кишиларнинг гуноҳи душанба ва пайшанба кунлари ҳам кечирилмаслиги.
4. Орани ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият бериш кераклиги.
5. Душанба ва пайшанба кунлари яхши ишларни кўп қилиш, дуода бўлиб туриш зарурлиги.

Абу Идрисдан ривоят қилинади: «Абуд Дардо розияллоҳу анҳу: «Мен сизларга нафл садақадан ҳам, нафл рўзадан ҳам яхшироқ нарсанинг хабарини берайми? Орани ислоҳ қилиш. Огоҳ бўлинглар! Ёмон кўриш қирувчидир!» деди».
Шарҳ: Бир киши уришиб қолганларнинг орасини ислоҳ қилса, нафл рўза тутган кишидан ҳам, нафл садақа қилган одамдан ҳам кўра кўпроқ савоб олар экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, ўша кимда бўлмаса, кимни ҳоҳласа, ундан бошқаси мағфират қилинади; Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай вафот этган одам.
Сеҳргар бўлмаган ёки сеҳргарга эргашмаган одам.
Ўз биродарига ҳасад қилмаган одам», - дедилар».

Шарҳ: Албатта, бу ҳадисда зикр қилинган учта нарсадан ташқари бошқа ёмонликлардан ҳам сақланиш зарур, бироқ бу уч нарса алоҳида таъкидланган экан.
Биринчиси: Аллоҳ таолога нисбатан одоб доирасида У Зотга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик.
Иккинчиси: Сеҳргарлик қилиш ҳам, сеҳргарга ишониб, унинг сеҳрини тасдиқлаб, унинг олдига бориб, унга эргашиб, «ундоқ қилиб беринг, бундоқ қилиб беринг» деб юриш ҳам гуноҳларнинг мағфират бўлмаслигига сабаб бўлар экан.
Учинчиси: Кишилар билан бўладиган муомалада ҳам ҳасад қилиб, аразлашиб, уришиб, алоқаларни узиб юриш ҳолатлари мутлақо бўлмаслиги керак.

ЯРАШИШ УЧУН САЛОМ БЕРИШ КИФОЯ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир киши учун мўмин кишидан уч кундан ортиқ аразлаб юриш ҳалол эмасдир. Уч кун ўтса, ўшани топсин ва салом берсин. Агар у саломга алик олса, икковлари савобга шерик бўладилар. Агар алик олмаса, мусулмон аразлашдан қутилади», - деганларини эшитган экан».
Шарҳ: Бу ҳадисда аразлашиб қолган киши ярашиш учун ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланмоқда. Аразлашиб қолган кишилар учрашганда салом бериб, алик олишса, ярашганлик учун бериладиган ажрга шерик бўлар экан. Бироқ аввал салом бериш фазийлатлироқ бўлади.
Бу ҳолатда «Салом берсам, алик олмаса нима қиламан?» деган хаёлга бормаслик керак. Чунки алик олинмаса ҳам салом берган одам ажр олаверади, зиммасидаги масъулият соқит бўлади, аразлашганлик учун ёзиладиган гуноҳдан қутулади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz