Шеърлар ҳақида... Принтер учун
25.04.2009 й.
www.islom.uz

...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казо-казоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳ-воҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, иймон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур...

АСЛИДА ШЕЪР НОЖОИЗ

Аллоҳ таоло: «Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас», деган.
Мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир, Қуръони Каримни шеър ҳам деганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу даъволарига кескин жавоб бермоқда.
«Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ».
Сизлар шеър билан Қуръоннинг фарқига бора олмаяпсиз. Шеър ички кечинмаларни инсоннинг ўзи вазнга солиб, байт қилиб айтишидир. Уни хоҳлаган инсон айтиши мумкин. Шеър турли бўлган-бўлмаган гапларни ҳам кўтараверди. Айниқса, арабларда бу нарса машҳур. Улар ҳақиқатни яхшилаб билиб олишлари лозимки, Қуръон Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийдир. У Аллоҳнинг каломидир. Уни ҳеч ким ўзидан чиқариб айта олмайди. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир дейишлик мумкин эмас.
«Бу унинг учун тўғри ҳам келмас».
Шоирлик Пайғамбарлик мақомига ҳеч мос келмайдиган амалдир. Шунинг учун ҳам шоирлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида умуман йўқ эди.
Абу Заръа ар-Розий қилган ривоятда аш-Шаъбий: «Абдулмуттолибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси, эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, магар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар», дейилган.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шеърни таълим бермаганини, шеър ўқиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғри ҳам келмаслигини айтганидан сўнг, Қуръони Каримнинг моҳиятини баён қилишга киришади:
«У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас».
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, эслашдир, Қуръондир–қироат қилинадиган каломдир. Бу илоҳий китоб бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир. Ҳамма учун тиловат қилинадиган илоҳий дастурдир. Уни Аллоҳ таоло маълум мақсад ила нозил этгандир.

Аллоҳ таоло: «Ва шоирларга гумроҳлар эргашур. Уларнинг ҳар водийда дайдишини. Ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми? Магар иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар), деган.
Бу оятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳини васаллам шоир, Қуръони Каримни шеър, деганларга жавобдир. Инсоният тарихига назар солинса, ҳеч бир шоир Пайғамбар бўлиб кишиларни ҳидоятга бошламаган. Шоирларга биров эргашмайди. Эргашса ҳам, гумроҳ, йўлдан озганлар эргашади. Ундан кейин шоирларнинг собит шахсиятлари, ўз ҳаёт тарзлари ва шеър айтиш ишларида ҳеч субутлари йўқ. Шунинг учун ҳам:
«Уларнинг ҳар водийда дайдишини» кўрмадингми? дейилмоқда.
Шоирлар бир кун буни айтса, эртасига бошқасини айтиб тураверишади. Улар ким бир оз нарса берса, ўшани мақташади. Кимдан ҳеч бир манфаат чиқмаса, уни ҳажв қилишади. Бировни аввал мақтаб, кейин ёмонлаб, сўнгра яна қайта мақташлари ҳам мумкин. Шунингдек, фисқу фужур, турли бемаза васфлар, маддоҳликлар ва ўзини англаган одам табиатига мутлақо тўғри келмайдиган гап-сўз ва ишлар шоирлардан содир бўлади. Ичкилик ичмасдан, фосиқлик этмасдан шоирлик қилганлар жуда кам. Бунинг устига, шоирлар
«қилмайдиган ишларни айтишлари» билан ажралиб турадилар. Шоир ўз шеърида ажойиб маъноларни, ҳикматли сўз ва насиҳатларни айтиши мумкин, аммо ўзи унга мутлақо амал қилмайди. Бундай одам қандай қилиб ўзгаларни ҳидоятга бошлаши мумкин?
Келгуси оятда мазкур васфлардан мустасно бўлган шоирлар ҳам борлиги таъкидланади:
«Магар иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар)».
Ҳамма шоир ҳам ҳар водийда дайдийдиган, беамал гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир иймонли бўлса, яхши амаллар бажариб, Аллоҳни кўп эсга олса, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, яхши, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин.
Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казо-казоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳ-воҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, иймон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шеърдан ҳикматлиси бордир», деганлар. Шеър орқали ҳикматли, иймоний, исломий ва инсоний тушунчаларни кишиларга етказиш ўзига хос устунликка эгадир. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларини мисол қилиб олиш мумкин. Ўша саодат даврида юқоридаги оятда васфлари келган иймонли шоирларнинг биринчи авлоди яшаб ўтган. Улуғ саҳобий Ҳассон ибн Собит уларнинг етакчиси эдилар. У киши билан бирга Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забъарий ва бошқалар бор эди. Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурроҳман ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан қуйидаги ривоятни келтиради. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида ҳукмини нозил этиб қўйдими?!» деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир», деган эканлар.
Чунончи, ўрни келганда, мўмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкин. Асрлар давомида турли мусулмон халқлардан доимо иймонли шоирлар ҳам чиқиб тургани барчани қувонтиради.

Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингизнинг қорни қусқига тўлмоғлиги шеърга тўлмоғидан яхшидир», дедилар
».
Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, бу ҳадиси шарифда ножоиз шеър кўзда тутилган.

Абу Саъид розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аржда юриб бораётган эдик. Бир шоир шеър айтиб йўлдан чиқиб қолди. Шунда Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тутинглар шайтонни ёки ушланглар шайтонни! Кишининг қорни қусқига тўлгани шеърга тўлганидан яхшироқдир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Арж маконнинг номи.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМ УНИ МИСОЛ УЧУН АЙТГАНЛАР

Жудуб розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетаётганларида бир тош ғегиб бармоқларидан қон чиқди. Шунда у зот:
«Сен бир бармоқдирсан, ўзгамас
Аллоҳ йўлида қонасанг ҳеч гапмас», дедилар
».
Бухорий ривоят қилган.

Оиша розиаллоҳу анҳодан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор шеърдан мисол келтирармидилар?» деб сўралди. «Ибн Равоҳанинг шеъридан мисол келтирар ва «Хоҳламаган кимсанг хабарлар келтирур», дер эдилар», деди».
Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шоир айтган энг содиқ калима Лабийднинг «Билки, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса ботилдир» деган калимасидир. Ва Умайя ибн Солт исломга киришига оз қолган», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Лабийд ибн Робийъа ибн Омир ал-Омрий розиаллоҳу анҳу шоир саҳобалардан бўлганлар. У кишининг Қуръони Карим маънолари ила юғирилган шеърлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳсинларига сазовор бўлган. Ушбу ривоятда ярми зикр қилинган байтлари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари ила шоир зоти айтган энг рост калима унвонини олган. Байт тўлалигича қуйидагича янграйди:
«Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса ботилдир.
Ҳар бир неъмат шак-шубҳасиз зоилдир».
Умайя ибн Солт эса жоҳилият шоирларидан бўлиб яхши маънодаги шеърлар айтган. У Исломнинг дастлабки даврида яшаган. Мусулмон бўлишига сал қолган.

АЛБАТТА ҲИКМАТЛИ ШЕЪР ҲАМ БОР

Убай ибн Каъб розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳикматли шеър ҳам бор», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ваТермизий ривоят қилган.
Шарҳ: аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, шеърнинг ҳаммаси ҳам олди-қочди эмас. Пурҳикмат шеърлар ҳам бор.

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб каломмисан каломни гапирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, баёндан сеҳирлиси бор. Албатта, шеърдан ҳикматлиси бор», дедилар».

Бурайда розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, баёндан сеҳирлиси бор. Албатта, илмдан жаҳолати бор. Албатта, шеърдан ҳикматлиси бор. Албатта, гапдан оғири бор», дедилар».
Соъсоъа айтади; «Албатта, баёндан сеҳирлиси бор» деганлари бировнинг бошқадан қарзи бор. У ҳақ эгасидан кўра гапга чечанроқ. Бас, қавмни ўз баёни ила сеҳрлаб ҳақни олиб кетади.
«Албатта, илмдан жаҳолати бор», деганлари олим одам ўз илмига лойиқ бўлмаган нарсани юклайди ва ўша нарса уни жоҳил қилиб қўяди.
«Албатта, шеърдан ҳикматлиси бор», деганлари мавъиза ва одамларга ўрнак бўладиган насиҳатлар бор деганларидир.
«Албатта, гапдан оғири бор», деганлари гапингни уқмайдиганларга ёки хоҳламайдиганларга гапиришингдир
». Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, баённинг ҳам, шеърнинг ҳам, илмнинг ҳам ва гапнинг ҳам яхши ёмони бор. Ислом уларнинг энг яхшиси тарафдори.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲУЗУРЛАРИДА ШЕЪР ЎҚИШ

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сизнинг бир биродарингиз бор. У фаҳш гап айтмайди. У Ибн Равоҳадир. У:
«Ичимизда Аллоҳнинг расули, ўқир Унинг китобини.
Қачон тонг отса сочиб атрофга ўз ёриғини.
Ул бизга кўрликдан сўнг ҳидоятни кўрсатди.
Қалбларимиз айтгани бўлишига ишонди, битди.
Тунда ёнбоши тўшакдан узоқда бўладир.
Вақтики кофирлар авжи уйқуда бўладир», деган», дедилар
».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирлари Абдуллоҳ ибн Равоҳа розиаллоҳу анҳуни мадҳ этиб у кишининг шеъларидан мисол келтирмоқдалар.

Ҳассон ибн Собит розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Абу Ҳурайрага қараб:
«Сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга: «Эй Ҳассон! Расулуллоҳнинг номидан жавоб бер! Эй Аллоҳим уни Руҳул Қудус ила қўллагин!» деганларини эшитганмисан?!» деди.
«Ҳа!» деди Абу Ҳурайра
».
Шарҳ: Бу ривоятда келаётган ҳодиса ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бўлган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу масжиддан ўтиб кетаётиб Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг у ерда шеър айтаётганларининг гувоҳи бўлганлар. Бу иш у кишига ёқмаган. Ибодатхонада туриб шеър айтиш масжиднинг одобига тўғри келмайдиган нарса бўлиб кўринган бўлса керак. Шунинг учун у киши Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга норози бўлган ҳолда ғалати қараш қилганлар.
Бу ҳолни мулоҳаза қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу дар ҳол ўзларини оқлашга ўтганлар. Бунинг учун у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳужум қилганлар ва:
«Мен бу ерда сенда яхши зот борларида ҳам шеър айтар эдим», деганлар.
Яъни, мен шу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликларида ҳам шеър айтганман. У зот менга бирор нарса демаганлар. Энди сен менга масжидда шеър айтагниб учун ўқраясанми?
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу шу билан бирга ўз гапларини тасдиқлаш учун гувоҳ ҳам борлигини исбот қилмоқчи бўлдилар ва:
«У Абу Ҳурайрага қараб:
«Сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга, «Эй Ҳассон! Расулуллоҳнинг номидан жавоб бер! Эй Аллоҳим уни Руҳул Қудус ила қўллагин!» деганларини эшитганмисан?!» деди.
«Ҳа!» деди Абу Ҳурайра».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзларининг қилган ишларига ҳужжатлари кучли экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мушрикларнинг ҳажвлари ўзлари номида шеърий йўл ила ҳажвий жавоб беришни амр қилган эканлар ва у кишига Аллоҳ таолодан нусрат сўраб, эй Аллоҳим уни Руҳул Қудус ила қўллагин, деб дуо ҳам қилган эканлар.
«Руҳул қудус» Жиброил алайҳиссаломдирлар.
Ана ўша амр ва дуо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қилинган пайтда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Шунинг учун Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қаршиларида гувоҳликка ўтишга таклиф қилмоқдалар. У киши гувоҳликка ўтдилар ва:
«Ҳа!» дедилар.
Бу, албатта, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун катта фазл эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоялари учун мушрикларни ҳажв қилиш ишониб топширилиши ва Аллоҳ таолога Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юқоридаги маънода дуо қилиниши ҳар кимга ҳам насиб қилавермаган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мушрикларни ҳажв қилишга изн сўрадим. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг насабим нима бўлади?» дедилар.
«Албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», дедим
».
Шарҳ: Агар Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу мушрикларни ҳажв қиладиган бўлса орада гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насабларига ёки баъзи аввал ўтган яқинларига ҳам тегиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун у зот Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга:
«Менинг насабим нима бўлади?» дедилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўта уста шоир бўлганларидан ва бу борада ҳамма нарсадан хабардор бўлганларидан ишончлари комил бўлгани учун дарҳол:
«Албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», деди.
Ва «Албатта, Оли Ҳошимнинг улуғлиги чўққисидир
Бинти Махзум ўғиллари ва отангиз Абдуллоҳдир» деган қасидасини айтди.

Урва розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишанинг ҳузурида Ҳассон сўка бошладим. Бас, у «Уни сўкма! У Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламни мудофа қилар эди», деди».
Учовини икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳассон ибн Собит розиаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари бўлишлари билан бирга Оиша онамиз розиаллоҳу анҳонинг ҳақидаги бўҳтонга ишонган оз сонли одамлардан бири бўлиб. Бу иш учун у кишига дарра урилган ҳам эди. Аммо шунга ҳам қарамай Оиша онамиз розиаллоҳу анҳо Ҳассон ибн Собит розиаллоҳу анҳуни ўз ҳузурларида сўкилишига йўл қўймадилар. Чунки у киши ўз шеъри билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган эдилар. Бундан шоир мусулмон бўлса, шеърлари исломга хизмат қилса, катта мартабаларга эришиши мумкинлиги келиб чиқади.

Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассонга масжида минбар қўйиб берар эдилар. У унинг устида туриб Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фахланар ёки у зотни мудофа қилар эди. Ва Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Ҳассонни, модомики Расулуллоҳни мудофа (ёки Фахр) қилар экан Руҳул Қудус ила қўллайди», дер эдилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан кези келганда масжидда ҳам шеър ўқиш мумкинлиги чиқади. Ҳа, мухолифлар ила маънавий жабҳада кураш олиб боришда шеър катта ўрин тутган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қуролдан жуда ҳам унимли фойдаланганлар.

Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо умрасида Маккага кирганларида Абдуллоҳ ибн Равоҳа у зотнинг олдиларида: «Бани кофирлар, сизлар у зотнинг йўлин очинглар.
Бугун у зотга нозил бўлганла урурмиз, қочинглар.
Бир уришки, ул бошни танадан жудо қилур.
Бир уришки, ул дўстни дўстдан жудо қилур», деб борарди».
Шунда Умар унга:
«Эй Ибн Равоҳа! Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ва Аллоҳнинг ҳарамида шеър айтасанми!?» деди.
Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«У тек қўй, эй Умар! Албатта, бу улар учун ўқдан кўра тезроқдир», дедилар
».
Шарҳ: Дарҳақиқат, беҳудага «тил яраси тиғ ярасидан кучлироқ» дейилмаган. Демак, кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тушиб олиб ҳам, ҳарами шарифнинг ичида ҳам шеър айтиш жоиз экан.

Жобир ибн Самура розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юзтадан кўп мажлисда ўтирдим. У зотнинг саҳобалари шеър айтишар, жоҳилият ишларидан баъзиларини эслашар эди. У зот бўлсалар сукут сақлар ва гоҳида уларга табассум қилиб қўяр эдилар».
ИккисиниТермизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан улуғларнинг ҳузурида ҳақ шеърни айтиш мумкинлиги чиқади.

Амр ибн Шарийд розиаллоҳу анҳудан у киши отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мингашдим. Бас у зот: «Сенда Умайя ибн Солтнинг шеъридан бирор нарса борми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Айтчи», дедилар.
Мен у зотга бир байт айтдим.
«Айтчи», дедилар.
Мен у зотга яна бир байт айтдим.
«Айтчи», дедилар.
Шундоқ қилиб у зотга юзта байт айтдим
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан яхши маънодаги шеър бўлса мусулмонмас одамнинг шеърини ҳам тингласа бўлиши чиқади. Умайя ибн Солт мушрик ҳолида ўлиб кетган шоирлардан эди.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri