Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳунинг олдида эдик. Бас, у:
«Сиздан қай бирингиз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг фитналарни зикр қилганларини эшитган?» деди.
«Биз эшитганмиз», деди бир қавм.
«Сизлар кишининг аҳли ва қўшнисидаги фатнасини кўзда тутаётган бўлсангиз керак?» деди.
«Шундоқ», дейишди.
«Унга намоз, рўза ва садақа каффорат бўлади. Аммо қай бирингиз денгиз мавжидек мавж урдигани ҳақида эшитган?» деди.
Қавм жим бўлиб қолди. Шунда:
«Мен», дедим.
«Сенми?! Отанг Аллоҳ учун бўлган?!» деди.
«Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Фитналар қалбларга худди бўйрадек, чўпма-чўп ориз бўлади. Бас, у қайси қалбга кирса, унга қора нуқта чекилади. Қай бир қалб уни инкор қилса, унга оқ нуқта чекилади. Охир оқибат улар икки хил қалбларга айланади. Сафо каби оппоққа. Модомики осмонлару ер бор экан унга фитна зарар етказмайди. Бошқаси қора бўлиб бир оз оқ аралашган бўлади. У тўнтарилган кўзага ўхшайди. Маъруфни билмайди. Мункарни инкор қилмайди. Илло ўзининг ҳавои нафсига нима тўғри келса, ўшани билади», деганларини эшитганман», дедим.
Сўнгра мен унга:
«Сен билан унинг орасида ёпиқлик эшик бор. Уни синдирилса керак», дедим.
«Синдириладими?! Отанг ўлгур! Агар у очилса, ўрнига қайтармиди», деди Умар.
«Йўқ. У синдирилади», дедим.
Мен унга ўша эшик қатл қилинадиган ёки ўладиган бир киши эканини айтдим. Бу аниқ гап эди. Хатоси йўқ эди».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўша эшик ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эдилар. У кишини қатл қилиниши билан фитналарни тўсиб турган эшик синди. Умар розияллоҳу анҳудан кейин фитналар чиқишни бошлади. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг давларида фитна бошланиб, авж олди ва мусулмонлар бошига кўпгина мусибатлар тушди.
Саъид ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан Набий алайҳиссаломнинг масжидларида ўтирган эдим. Биз билан Марвон ҳам бор эди. Бас, Абу Ҳурайра:
«Мен Содиқул масдуқнинг «Менинг умматимнинг ҳалокати қурайшлик ғуломчаларнинг қўлидадир» деганларини эшитганман», деди.
«Уша ғуломчаларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деди Марвон.
Шунда Абу Ҳурайра:
«Агар Бани Фулон, Бани Фулон демоғимни истасанг, айтаман», деди.
Амр ибн Яҳъя айтади:
«Бобом билан Бани Марвон олдига улар мулкка эга бўлганларида ва Шомда турганларида чиқар эдим. Қачонки у уларнинг ёш ғуломлар эканлигини кўрганда «манашулар ўшалар бўлса керак» дер эди. Шунда биз «Буни сиз биласиз», дер эдик».
Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятга суянган баъзи кишилар, умматнинг ҳалокига сабаб бўлганлар Бани Марвон бўлса эҳтимол, дейдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий алайҳиссаломнинг машриққа қараб туриб «Огоҳ бўлинглар! Фитна мана шу, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдадир», деганларини эшитган экан».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Уламоларимиз «шайтоннинг шохи» таъбири ҳақида бир неча хил фикрлар айганлар.
Довудий, ҳақиқатда ҳам шайтоннинг иккита шохи бор, деган.
Ҳиравий эса, унинг икки шохи бошининг икки тарафидир, деган.
Баъзилар, шайтоннинг шохидан мурод унинг қувватидир, деганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг машриққа ишора қилишлари ўша пайтда ўша тарафнинг аҳли кофирлар бўлган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
«Эй Аллоҳим! Бизга Шомимизни баракали қилгин! Эй Аллоҳим! Бизга Яманимизни баракали қилгин!» дедилар.
«Ва Наждимизни ҳамми?» дейишди.
«Эй Аллоҳим! Бизга Шомимизни баракали қилгин! Эй Аллоҳим! Бизга Яманимизни баракали қилгин!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Ва Наждимизни ҳамми?» дейишди.
Менимча учинчисида:
«У ерда зилзилалар ва фитналар бор ва у ердан шайтоннинг шохи чиқади», дедилар.
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг Нажд ҳақига дуо қилмаганлари ўша вақтда унинг аҳли кофир бўлгани учундир, дейди баъзи уламолар. Мадинаи Мунавварага нисбатан Нажд ҳам машриқ тараф ҳисобланади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом Оишанинг уйидан чиқдилар ва:
«Куфрнинг боши мана бу ёқдан, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдандир», дедилар. Яъни, машриқдан».
Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Дарҳақиқат, кейинчалик Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу мўъжизалари ўз тасдиғини топди. Кўпгина фитналар айнан Мадинаи Мунавварага нисбатан машриқ бўлган тарафдан чиқди. Кейинчалик, Яъжуж Маъжуж ҳам, Дажжол ҳам машриқдан чиқиш бор.
|