9-дарс: Хутба (ваъз) мавзуси Принтер учун
04.05.2009 й.

1. Тараққиёт асрида воизлик.
2. Иборанинг ваъз мавзуси учун хизмати.
3. Мавзуни таҳлил қилиш.
4. Мавзуни таҳлил қилиб бериш фойдалари.

Тараққиёт асрида воизлик
Тараққиёт юқори даражада ривожланаётган ҳозирги даврда воиз ҳам ваъз услубларини янада мукаммалроқ қилиб замон билан тенгма-тенг одимламоғи керак. Ҳатто ҳунармандлар ҳам вақт ўтган сари ўз касбларида тараққиётга эришадилар. Нима учун воиз ҳаётини бир хил суратда ўтказиши керак? Қачонлардир ўрганган услубни қачонгача давом эттиради? У ҳам маълумотларни халққа етказишда бошқа соҳа одамлари каби янги услублар ўйлаб топсин. Шунда унинг панду насиҳатлари халқнинг онгига етиб боради. Хизматининг самарасини кўради.
Шунингдек, илм замони бўлмиш ушбу замонда воизлик ўз вазифасини бажариши учун ваъзнинг битта мавзуси бўлиши керак. Ваъз ушбу мавзуга хизмат қилиши ва унинг атрофида айланиши керак.
Аммо нотиқ ўз ваъз мавзусидан четлаб баҳодирлик ҳақидаги шеърларга, бани Исроил ҳикояларига мурожаат қилса ва маълумотларининг кўплигини кўрсатишга уринса бу билан мавзуни шарҳлаган бўлмайди. Балки уни йўқотган бўлади. Араблар жоҳилият даврида шеър ўқиш учун бозорлар ташкил қилишар, уларнинг аксар шеърлари фахрланишга доир, умумий ва асосий муаммолардан холи бўлар эди. Ислом дини жоҳилиятнинг ҳар қандай кўриниши, шакли ва моҳиятини йўқ қилди. Қуръон ва ундаги ҳар бир оятнинг ўзига хос мавзуси бўлиб, бир ёки ундан кўп муаммоларни ҳал қила олади. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳам муайян бир мавзуни ўз ичига қамрайди. Саҳоба ва тобеъинлар мана шу Қуръоний ва Муҳаммадий мадрасада таълим олганликлари учун, хутба ва нутқлари бир мақсадга қаратилар, аниқ бир мавзу атрофида бўлар эди. Мусулмонлар мақсади фақатгина гапириб олишлик, аниқ бир мавзуга эга бўлмаган хутба ва ваъзларни эса билмас эдилар.
Мана шу фикрларга воқиф бўлар эканмиз нотиқлар ўзларининг катта жамоатларига таъсир ўтказа олмаётганига сабаб бўлаётган омилларнинг бири маълум бўлади.
Чунки воиз, маълум бир мавзусиз гапирса жамоат унинг ваъзидан мақсад нима эканлигини тушунмасдан тингласа, ухлаётган одам ухлаган одамларга ёки маст одам сархуш одамларга гапираётганга ўхшайди.

Ибораларнинг ваъз мавзуси учун хизмат қилиши
Воиз хутба мавзусини аниқлаб, тайин қилиб олгандан сўнг шу мавзуни инсонлар онгида чуқурроқ из қолдириши ва уларга кучлироқ таъсир қилиши учун ушбу мавзуни кенгроқ очиб берадиган сўзларни келтириб ўтиши мақсадга мувофиқдир. Масалан: ваъзни мавзуси (мақсади) тахвиф (қўрқитиш) бўлса, воқеаларни маълум бир шахслар ёки оилаларга даҳшатли тус олганини тасаввурига келтириб сўнг бундан Аллоҳни тақдири инсонлар устига тўсатдан келиши ҳақидаги фикрларга ўтилади.Буни қуйидаги мисолда кўрамиз:
1. Аҳмад ишдан қайтиб келди.
2. Кийимларини ечиб, алмаштирди.
3. Оиласи атрофида кечки овқатни кутиб ўтирди.
4. Болаларини бугунги дарсларини суриштирди.
5. Улар билан бирга бахтиёр ҳолатда овқатланди.
6. Таомдан сўнг суҳбатлашиб ўтирдилар.
7. Хотини унга бир пиёла чой қўйиб берди. У чойни совуши учун олдига қўйди ва хотини билан суҳбатни давом эттирди.
8. Тўсатдан деворлар рақсга тушиб, чой олиб келинган пиёла қаттиқ силкина бошлади ва уй устиларига қулаб уларни босиб қолди. Аҳмад ва хотини нима бўлганини билишга ҳам улгурмай вафот этдилар. (Қаттиқ зилзила рўй берганди)
9. Оила аъзоларини ярми вафот қилди. Тўплаган молу дунёсидан айрилиб, бошпанасиз қолди.
Мана шу иборалар бир мавзуни (қўрқитиш йўли билан) ифода қилиш учун хизмат қилди.

Мавзуни таҳлил қилиш
Воиз биринчи навбатда ваъзнинг мазмунини очиб беришга муҳтож бўлади. Чунки хутба (ваъз) нинг мазмуни гапнинг мағзидир, у воиз ва воиз ҳаракат қилаётган асосий мўлжал (мақсад)дир. Калом эса унинг пўстидир. Воизлик ўтган замонларда каломнинг балоғати, тилнинг фасоҳати, чиройли ҳайъат, баланд овоз ва ҳужжатнинг бақувватлигига суянган бўлса, ҳозирги замонда шулар билан бирга мавзуни чегаралаб олишга муҳтождир.. Ҳозирги замон ҳаёти шунчалик ривожланганки, башар ақли шунчалик ўсиб кетганки, воиз ўз ваъзининг мазмунини чегаралаб (тайин) қилиб, уни таҳлил килиб беришга эҳтиёж сезмоқда. Мазмунни таҳлил қилиш илми ўзини янги мафҳуми билан араб луғатига янги луғат бўлиб кўринса ҳам лекин араб тилида унинг чуқур томирлари мавжуддир. Тафсир ҳам Каломи Ҳақни мазмунининг таҳлилидир. Аммо кўплаб муфассирлар бу тарафга диққат қаратмаганлар. Воиз ўзининг асосий озуқаси бўлган Қуръони қарим ва Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳадисларини фаҳм этишга уринганида ҳам, фиқҳ, луғат, адабиёт каби фанлардан дарс берганида ҳам мавзунинг таҳлилига муҳтож. Айниқса, ҳозирги замонамизда фаолият кўрсатаётган воиз кундалик воқеа-ҳодисалардан, атрофда бўлаётган жараёнлардан бохабар бўлиши керак, ҳамда уларни тўғри таҳлил қила олиши зарур.

Мавзуни таҳлил қилиб бериш фойдалари
Ораларида келишмовчилик бўлган иккита давлат вакиллари бир жойда учрашиб музокара қилсалар, музокаралари тугагандан сўнг қуйидагича ахборот берилади: "Иккала томон ҳам музокараларни давом эттириш, бир-бирларига ташриф буюриб, ҳамкорликни кучайтириш ҳамда олам тинчлиги ва барқарорлиги учун ҳаракат қилишга келишиб олдилар". Бу ахборотдаги умумий иборалар ва маънолар мавзу (мазмун)га диққат билан қарамаган одамни алдаб қўяди. Ҳақиқатда эса бу ахборотнинг мазмуни аниқ, шарҳлашга муҳтож эмас, яъни томонлар учрашувдан олдин келиша олмаётган масалаларда бир битимга келмадилар, ихтилофлар ҳамон давом этмоқда, агар улар бу борада бирор битимга келишсалар, эълон қиламиз, деганидир.
Мана шу нарсалар мавзуни таҳлил қилиш фойдасидир.
Бу иборалар воизни сўзнинг далолат қилиш ўрин ва мақсадларини илғаб олишда сезувчан, сергак бўлишга ундайди. Мазмунни таҳлил қилиш фойдаларидан бири ҳам мана шудир. Бу билан воизнинг савияси ошади. Атрофида кечаётган воқеаларни айтаётган кичкина ҳужжат ва кўрсатмасида бўлса ҳам ҳис қилиб туради.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz