Фақр ва фуқаролар фазли ҳақида Принтер учун
09.05.2009 й.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Набий алайҳиссалом билан бирга олти киши бор эдик. Бас, мушриклар Набий алайҳиссаломга «Анавуларни олдингдан қувиб юбор. Бизга қарши журъат қилмасинлар» дейишди. Ўшанда мен, Ибн Масъуд, Ҳузайлдан бир киши, Билол ва яна исмларини унутиб қўйганим икки киши бор эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Аллоҳ истаган нарса воқеъ бўлди. У зот ўзларига ўзлари бир нарса дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма»ни нозил қилди».
Муслим ривоят қилган
Шарҳ: Жоҳилият қонуни одамларнинг молу мулки, бойлигига қараб ҳукм чиқаради. Бой-зодагонлар камбағаллар билан муомалада бўлиш ёхуд бирга ўтириш у ёқда турсин, мискин бечоралар кирган динга киришни ҳам истамайдилар. Ҳатто камбағаллар билан мулоқот қилган Пайғамбарлар билан гаплашишни, бирга ўтириб-туришни ўзларига раво кўрмайдилар. Ҳамма нарсани пул-мол билан ўлчайдиган бўлиб қолган одамлар учун мол-дунёси йўқ камбағал одам ўрнида кўрилмайди.
Аммо Исломда инсон Аллоҳга бўлган иймони ва ихлосига қараб баҳоланади.
«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари–ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар. Шу боисдан Аллоҳ таоло у кишига бу ояти каримада:
«Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ», демоқда.
Шундай экан, камбағал бўлсалар-да, қалблари иймону ихлосга бой кишиларни ҳузурларидан ҳайдаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зинҳор-базинҳор тўғри келмайди. Аллоҳ таоло у кишига хитоб қилиб:
«Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма», демоқда.
Кишиларнинг бой ёки камбағалликлари уларнинг инсоний қадрларини ўлчаш, динга муносабатларини аниқлаш ёки Пайғамбар билан бирга ўтиришга ҳақли эканликларини белгилаш учун эмас, балки бу ҳолнинг бошқа ҳикмати бор.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳни расули Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Нима деяётганингга назар сол», дедилар.
«Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Нима деяётганингга назар сол», дедилар.
У яна уч марта:
«Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Агар мени яхши кўрадиган бўлсанг, фақирликка тўқим тайёрлайвер. Албатта, менга муҳаббат қилган киши учун фақирлик интиҳосига шошилган селдан ҳам кўра тезроқдир
», дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйган киши молу дунё илинжида муҳаббат қўймайди. У зотга муҳаббат қўйишдан асосий мақсад ер юзида иймон ва адолат ҳукм суриши учун фидокор бўлишдир. Шунинг учун бу йўлга кирган одам одатда бундоқ йўлни ихтиёр қилганлар тақдим этадиган фидокорликлардан кўпроқ нарсани тақдим этишга тайёр турмоғи лозим. Ана ўша фидокорликларнинг бошида молу дунёни фидо қилиш ҳам туради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб у зотнинг ҳамкори бўлмоқни истаган одам фақирликка томон ҳаракат қилмаса ҳам фақирликка чидашга тайёр турмоғи лозим. Буни асрлар оша собит бўлган тажрибалардан билиб олса ҳам бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришни таклиф қилди. Мен «Эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, деб уч ёки шунга ўхшаш айтилар ва давомида, «Оч қолсам Сенга тазарруъ қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимида Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман» дедим», дедилар».
Шарҳ: Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг тоғ-тоғ олтинлари бўлса, душманлар у кишига одамларни молу дунёси ила ўзига қаратиб олмоқда деган тўҳмат қилишлари мумкин эди. Шу билан бирга даъват соҳиби молу дунёга ўралашиб қолиши хавфи ҳам бор. Энг муҳими, кишиларга ўрнак бўлиш учун Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига ихтиёр қилган ҳолат энг муносиб эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг наздимдаги энг ҳавас қиларлик дўстларим аҳли аёли оз, намоздан насибаси кўп, Роббисининг ибодатини гўзал қилган, У зотга сирда итоат қилган, одамлар ичида таниқли бўлмаган, унга бармоқлар ила ишора қилинмайдиган, ризқи учма уч бўлган, ўшанга сабр қилганлардир», дедилар ва қўлларини узиб туриб (ўлимга ишора қилиб) «ўлими тез келган, ортидан йиғлайдигани оз бўлган ва мероси оз бўлганлардир», дедилар
».
Ушбу учтани Термизий ривоят қилган
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда молу дунёга ҳирс қўймай ибодатда бардавом, сабрли бўлишга даъват бор.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас У зот ўз ҳузурларида ўтирган бир кишига:
«Мана бу ҳақида нима дейсан?» дедилар.
«Бу одамларнинг шарафлиларидан бир киши. Аллоҳга қасамки. Агар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам», деди.
У зот жим қолдилар. Кейин бошқа бир киши ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу ҳақида нима дейсан?» дедилар.
«Эй Аллоҳни расули бу фақир мусулмонлардан бир киши. Агар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу, ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир», дедилар
».
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан биринчи ўтган киши фақат бойлиги билан танилган одам эди. Иккинчи бўлиб ўтган киши, Жуъайл ибн Суроқа розияллоҳу анҳу камбағаллиги ва тақвоси билан машҳур киши эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган киши У зотниннг саволларига бойлик асосида қараб жавоб берди.
Ҳа, одамларнинг қадр-қийматини ўлчаш уларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, қадр-қийматни айнан молу-мулкка қараб ўлчашлари турган гап. Чунки, инсон табиати, илоҳий таълимотларсиз мазкур ҳолга тушиб қолиши ҳам турган гап.
Шунинг учун ҳам, инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг молу-пулига қараб эмас, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.
Бир дона тақводор, аҳли солиҳ камбағал Ислом дини назарида ер юзи тўла бойю-бадавлат фосиқлардан кўра афзал.
Исломда инсоннинг қадри молу-мулкига қараб эмас, молу-мулкнинг қадри унга молик бўлган инсонга қараб белгиланади. Агар молу-мулк тақводор киши қўлида бўлса яхши молу-мулк бўлади. Аммо молу-мулк фосиқ ва фожир киши қўлида бўлса ёмон молу-мулк бўлади.
Тақводор, аҳли солиҳ одам молу-дунёси бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхшидир. Фосиқ ва фожир одам эса ҳар икки ҳолда ҳам ёмондир.

Мирдос ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Солиҳлар бирма бир кетадилар. Арпа ёки хурмонинг қипиғи қолганидек қипиқлар қоладилар. Аллоҳ уларга қараб ҳам қўймайди», дедилар».
Иккисини Бухорий ривоят қилган
Шарҳ: Бу аччиқ ҳақиқатни ҳамма билмоғи лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга:
«Биз фақир муҳожирлардан эмасмизми?» дейилди.
«Олдига кирадиган хотининг борми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Яшаб турган масканнинг борми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Сен бойлардансан», деди.
«Менинг ходимим ҳам бор», деди.
«Ундоқ бўлса, сен подшоҳлардан экансан», деди
».
Муслим ривоят қилган
Шарҳ: Албатта, мазкур нарсаларга қаноат қилиб яшаган одам катта бахтга эга бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аллоҳим! Оли Муҳаммадни қут ила ризқлантир», дедилар».
Бухорий, Термизий ва Муслим ривоят қилган
Муслимнинг лафзида:
«Эй Аллоҳим! Оли Муҳаммаднинг ризқини қут қилгин», дейилган.
Шарҳ: Қут учма уч етиб турадиган ризқ.

Термизий ва Муслим қилган ривоятда:
«Ким мусулмон бўлиб ризқи учма уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Исломга ҳидоят қилиниб маъишати учма уч бўлиб қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифга ўхшаш ҳадисларнинг айтилишига ўзига хос сабаб ва ўзига хос ҳолат ва мақсадлар бор. Уларнинг ҳаммасини жамлаб умумий маънони англаб олиш ўта фойдали бўлади.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот:
«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Икки Шайх ва Термизининг ривоятида:
«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ нажот топган бўлур», дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса:
«Эй бор Худоё, Оли Муҳаммаднинг ризқини қути лаа ямут қилгин», дейилган.
Яна бир ривоятда эса:
«Бойлик ориз(мол)нинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.
Демак, бу маъноларнинг айтилишига маълум бир ҳодиса сабаб бўлган.
Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса норози бўлмайди, кўп бўлса ховлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.
Мазкур ривоятлардан мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандоқ тутмоқлиги лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:
1-Иффатли бўлиш.
Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
2-Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.
Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўяса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.
3-Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.
4-Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан.
5-Пайғамбар алайҳиссалом ўз оли байтларига ўлмагудек миқдорда қут беришнигина сўраган эканлар.
6-Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатга қараб, унинг кўп аҳли фақирлар эканини кўрдим. Дўзахга қараб, унинг кўп аҳли аёллар эканини кўрдим», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган
Шарҳ: Бу маънодаги ҳадиси шарифлар олдин ҳам ўтган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатнинг эшиги олдида турдим. Қарасам, унга кираётганларнинг кўпи мискинлар экан. Қарасам, каттазанглар ҳибс қилинибдилар. Фақатгина дўзах аҳлини дўзахга киришларига амр қилинибди. Дўзахнинг эшиги олдида турдим. Қарасам, унга кираётганларнинг кўпи аёллар экан», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонларнинг фақирлари бойларидан ярим кун аввал жаннатга киради. У эса беш юз йилга тенгдир», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аллоҳим! Мени мискин ҳолда яшатгин, мискин ҳолда ўлдиргин ва қиёмат куни мискинлар жамоати ила тирилтиргин», дедилар.
Шунда Оиша:
«Нима учун, эй Аллоҳни расули» деди.
«Чунки улар жаннатга бойларидан қирқ йил олдин кирадилар. Эй Оиша! Мискинни ҳеч бўлмаса яримта хурмосиз қайтармагин. Эй Оиша! Мискинларга муҳаббат қилгин ва уларга яқин бўлгин. Анашунда Аллоҳ қиёмат куни яқинлаштиради», дедилар
».
Шарҳ: Бу ривоятларда Аллоҳнинг розилигини топган тақводор мискинлар кўзда тутилган. Уларнинг кўнгиллари синиқ бўлади. Улар Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган бўладилар. Бу ва бунга ўхшаш ҳадиси шарифларда фақир фуқаро ва мискинларга таскин ва уларни сабр қаноат қилишга даъват бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Оиша! Агар менга етишмоқни истасанг, дунёдан сенга йўловчининг зоди роҳиласи кифоя қиладиган бўлсин. Бойлар билан мажлис қуриб ўтиришдан сақлан. Ямоқ солмагунча кийимингни ташлама», дедилар
».
Ушбу учовини Термизий ривоят қилган
Шарҳ: Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифларда фақир ва мискинларга ваъда қилинаётган мартабалар уларнинг айнан фақир мискин бўлганлари учун эмас, балки фақир мискинликка сабр қилиб, тақводор бўлиб ва амали солиҳларни қилиб юрганлари учундир. Албатта, мискин фақирлик уларга кўпгина кўнгли синиқлик ва машаққатлар келишига сабаб бўлган. Бу ҳадиси шарифлардаги маънолар эса уларни сабрга, қаноатга ва ибодатга чорлайди. Шу билан бирга уларнинг кўнгилларини кўтаради. Албатта, бунда қасддан фақир бўлишга уриниш лозимдир деган маъно келиб чиқмайди. Зотан Исломий таомулга кўра шукр қилувчи бой сабр қилувчи мискиндан афзалдир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri