Энг катта фитна Масийҳ Дажжолнинг сифатлари Принтер учун
15.07.2009 й.

ДАЖЖОЛ ҲОЗИР ЖАЗИЙРАДА ВА ТЕМИРЛА БОҒЛАНГАН

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом билан намоз ўқидим. Қавмнинг орқасидаги аёллар сафида эдим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб минбарга ўтирдилар. У зот кулдилар ва: «Ҳар бир инсон намозгоҳини лозим тутсин», дедилар.
Сўнг у зот ўз сўзларидан давом этиб:

«Сизларни нимага жамлаганимни биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейишди.
«Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, бир қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Аммо сизни жамладимки, Тамийм ад-Дорий насроний одам бўлган эди. У келиб байъат қилди ва мусулмон бўлди. У менга сизларга мен Масийҳи Дажжол ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гап гапирди. У ўзининг Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан денгиз кемасига минганини, уларни тўлқин денгизда бир ой олиб юрганини, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтаганларини айтди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб оролга кирибдилар. Уларга бир ғалати жонвор учрабди. Унинг жуни кўп экан. Унинг жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Бас, улар унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дейишибди.
«Мен жассосаман», дебди.
«Жассоса нима?» дейишибди.

«Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутмоқда», дебди.
У айтдики:
«Бизга у одамнинг исмини айтганда бу урғочи шайтонмикан деб қўрқдик. Шошилиб бориб хилватхонага кирдик. Қарасак, биз кўрган инсонларнинг энг каттаси, энг кучли боғланиш ила боғланган ҳолда турибди. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир ила жамланган. Биз унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дедик.
«Менинг хабаримни топдингизми, хабар беринглар, сизлар кимсизлар?» деди.
«Биз араблардан бўлган одамлармиз. Денгиз кемасига мингган эдик. Денгизнинг қўзғолган вақтига тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб охири сенинг мана шу оролингга олиб келиб ташлади. Кейин кеманинг қайиқларига ўтириб оролга кирдик. Бизга бир ғалати жонвор учради. Унинг жуни кўп экан. Унинг жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Бас, биз унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дедик.
«Мен жассосаман», деди.
«Жассоса нима?» дедик.
«Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутмоқда», деди. Биз сенинг олдингга шошилиб келдик. Биз ундан қўрқдик. Уни урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик.
«Менга Байсон хурмосининг хабарини беринг», деди.
«Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», дедик.
«Мен унинг хурмоси ҳақида сўрамоқдаман, у мева қиладими?» деди.
«Ҳа», дедик биз унга.
«Аммо у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди.
«Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», дедик.
«Унинг ичида сув борми?» деди.
«Унинг суви жуда ҳам кўп», дедик.
«Аммо келажакда унинг суви кетади. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди.
Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», дедик.
«Булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди.
«Ҳа! Булоқда кўп сув бор. Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатади», дедик.
«Менга уммийларнинг набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди.
«Батаҳқиқ, у Маккадан чиқди ва Ясрибга нозил бўлди», дедик.
«Араблар унга қарши уруш қилдиларми?» деди.
«Ҳа», дедик.
«У аларга қандоқ муомала қилди?» деди.
Биз унга у ўзига яқин араблардан устун келганини ва улар унга итоат қилишганининг хабарини бердик.
«Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у.
«Ҳа», дедик.
«Албатта, уларнинг унга итоат қилганлари ўзлари учун яхшидир. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда хабар берай. Мен, албатта, Масийҳман. Албатта, менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилганимда ер юзида сайр қиламан. Кирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Уларнинг иккиси менга ҳаром қилингандир. Қачон иккисидан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени ялоғочланган қилич билан қарши олади, мени ундан тўсади. Шунингдек, ҳар бир йўлини ҳам фаришталар қўриқлаб туради», деди».
(Фотима) айтдики:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб туриб:
«Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Яъни, Мадийнадир! Айтингларчи! Мен сизларга айтганмидим?!» дедилар. Шунда одамлар:
«Ҳа», дейишди.
«Тамиймнинг гапи мени ажаблантирди. У мен сизларга унинг ҳақида, Мадийна ва Макка ҳақида гапириб юрган гапимга мувофиқ келди», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Аммо у Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ! Машриқ томондадир. У машриқ томондандир. У машриқ томондандир», дедилар ва у, деб туриб машриқ томонга ишора қилдилар».
Мен шуни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ёдлаб олдим, деди
».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳу менга айтдики, «аҳли Фаластиндан баъзи одамлар денгизда кемага минган эканлар. Бас, уларни айлантириб олиб бориб денгиздаги ороллардан бир оролга отибди. Бирдан олдиларидан нималигини билиб бўлмайдиган сочлари ёзилган жонвор чиқиб қолибди. Улар унга:
«Сен нимасан?» дейишибди.
«Мен жассосаман», депти.
«Бизга хабар бер», дейишибди.
«Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган ва сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», деди.
Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. Бас, у:
«Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди.
«У сувга тўла», дедик.
«Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди.
«У ҳам сувга тўла», дедик.
«Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмазори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди.
«Ҳа», дедик.
«Менга набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди.
«Ҳа», дедик.
«Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликлари хабарини беринглар», деди.
«Унга томон ошиқмоқдалар», дедик.
Шунда у қаттиқ силкинди. Сал бўлмаса бўшаб кетай деди. Шунда биз унга:
«Сен нимасан?» дедик.
У ўзининг Дажжол эканини ва Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба Мадийнадир
», дейилган.

ДАЖЖОЛ МАШРИҚДАН ЧИҚАДИ ВА УНГА КЎП ОДАМЛАР ЭРГАШАДИ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дажжолга Асфиҳоннинг яҳудийларидан етмиш минги тайлисонларни кийиб олиб эргашадилар», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Асфиҳон машҳур шаҳар. Тайлисон ҳам маълум кийим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дажжол машриқдаги бир Хуросон деган ердан чиқади. Унга юзлари тери қалқонга ўхшаган кўп қавмлар эргашади», дедилар».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Хуросондан қора байроқлар чиқади. Уларни Илияга тикилмагунларича бирор нарса қайтармайди», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу байроқлар Дажжолнинг байроқлари бўлади.

Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Албатта, одамлар Дажжолдан тоққа қочурлар», дедилар. Шунда Умму Шарик:
«Эй Аллоҳнинг расули Ўша кунда араблар қаерда бўлади?» деди. «Улар оздир», дедилар
». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

ЭНГ КАТТА ФИТНА БЎЛГАН МАСЙИҲ ДАЖЖОЛНИНГ СИФАТЛАРИ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом одамлар ичида туриб Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар ва Дажжолни зикр қилиб:
«Албатта, мен сизларни ундан огоҳлантирурман. Ҳар бир набий ҳам, албатта, ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга унинг ҳақида ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтурман. Шубҳасиз, у ғилайдир. Албатта, Аллоҳ ғилаймасдир», дедилар
».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қай бир набий бўлсаки, албатта, ўз умматини ғилай каззобдан огоҳлантиргандир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у ғилайдир. Албатта, Роббингиз ғилай эмасдир. Унинг икки кўзи орасига «ка фо ро» яъни кофир деб ёзилгандир. Буни ҳар бир мусулмон ўқийдир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло кишиларни синаш учун Дажжолга турли нарсаларни бериб қўяди. Жумладан у ўликни тирилтириш, ёмғир ёғдириш, ерни ҳосилдор қилиш ва шунга ўхшаш ишларга Аллоҳ таолонинг изни ила имкон топади. Сўнгра ўзидан кетиб худолик даъвосини қилади. Анашунда Аллоҳ таоло унинг ожизлик тарафларини зоҳир қилиб қўйгани иш беради. Унинг ғилайлиги, пешонасига кофир деб ёзиб қўйилганлиги ва у ўша нарсаларни ўзидан кетказа олмаслиги уни фош қилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ухлаётиб (тушда) ўзимни Каъбани тавоф қилаётганимни кўрдим. Бир буғдойранг кишини сочлари яхшилаб таралган кишини кўрдим. Қарасам у(соч)дан сув оқиб турибди. Бу ким, дедим. Бу Масиҳ ибн Марям, дедилар. Сўнгра бошқа ёққа қараб бир барваста кишига дуч келдим. Сочи қизил ва жингалак. Кўзи ғилай. Худди бўртиб турган узум донасига ўхшайди. Бу Дажжол, Унга энг ўхшайдиган одам Хузоъадан бўлган киши Ибн Қатандир», дедилар». Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ибн Қатан жоҳилият давридан ўлиб кетган одам эди.

Муслимнинг ривоятида:
«Дажжолнинг чап кўзи ғилай, серсоч. У билан жаннат ва дўзах бор. Унинг дўзахи жаннатдир, жаннати дўзахдир», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятида: «Албатта, Дажжол пакана, маймоқ, жингалаксоч ва ғилай теп-текис бўртиб ҳам чиқмаган, ичкарига ҳам кирмагандир. Агар аралаш бўлган бўлса, билингки, Роббингиз ғилай эмас», дейилган.
Шарҳ: Шу сифатларидан уни таниб олаверинглар. Тағин унинг худолик даъво қилаётганига алданиб қолманглар.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳеч ким Набий алайҳиссаломдан Дажжол ҳақида мен сўраганчалик сўраган эмас. У зот менга: «Унинг сенга зарари бўлмас», дедилар.
«У билан бирга нон тоғи ва сув анҳори бор дейишади», дедим.
«Аллоҳнинг наздида у бунчалик бўлишга арзимайди», дедилар»
. Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Яъни, Аллоҳ таоло унга мўъжиза каби нарсаларни жуда ҳам ошириб бериб қўйган эмас.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мен Дажжолда бор нарсани ундан кўра яхши билурман. У билан иккита оқиб турган анҳор бор. Улардан бири кўзга кўриниб турган оқ сув. Бошқаси кўзга кўриниб турган алангали олов. Агар биров унга етишса, ўзига олов бўлиб кўринган анҳорга борсин ва унга шунғисин. Сўнгра бошини эгиб туриб ундан ичсин. Ана ўша совуқ сувдир. Албатта, Дажжолнинг кўзи текис, унинг устини қалин эт қоплагандир. Унинг икки кўзи орасига кофир деб ёзилгандир. Уни ёзишни билгану билмаган ҳар бир мўмин ўқийди», дедилар».
Шарҳ: Дажжолнинг чап кўзи қалин эт билан қопланган бўлиб у теп текис ҳолда туради. Шунинг учун у «Масийҳ»-текисланган деб ҳам аталади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Албатта, Дажжол хуруж қилганда у билан бирга сув ва олов бўлади. Одамларга сув бўлиб кўринган нарса олов куйдирувчи оловдир. Одамларга олов бўлиб кўринадиган нарса совуқ ва ширин сувдир. Сиздан ким ўшанга етишса, ўзига олов бўлиб кўринган нарсага тушсин. Ана ўша ширин ва пок сувдир», дедилар». Иккисини учовлари ривоят қилишган.

Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Дажжолни васф қилдилар ва сўнгра: «Эҳтимол, келажакда мени кўрган ёки гапимни эшитган кимса унга етишар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули ўша кунда қалбларимиз қай ҳолда бўлур, бугунгига ўхшашми?» дейишди. «Ёки яхшироқ», дедилар
». Абу Довудва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки улар иймони комил зотлардир.

Термизийва Муслимнинг ривоятида: «Биласизларки, сиздан бирортангиз то ўлмагунича Роббисини кўрмайди. Албатта, Дажжолнинг икки кўзи орасига кофир деб ёзилган бўлади. Ҳар бир унинг амалини ёқтирмаган ўшани ўқийди», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятида: «Ким Дажжолни эшитса ундан узоқлашсин. Аллоҳга қасамки, киши унинг олдига борса, уни мўмин деб ҳисоблайди ва ундаги шубҳаларга қарамасдан унга эргашади. Ёки унга берилган шубҳалар сабабидан унга эргашади», дейилган.
Шарҳ: Дажжолга берилган сеҳр, баъзи одамларни ўлдириб бошқаларини тирилтириш каби нарсалар одамларни алдаб қўйиш хавфи бор. Шунинг учун уни чиққани эшитиш билан унга йўлиқмасликка ҳаракат қилмоқ керак.

Абу Даҳмаа ва Қатода розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: «Ҳишом ибн Омирнинг олдидан ўтар эдик. Сўнгра Имрон ибн Ҳусойннинг олдига борардик. Бир куни у: «Сизлар менинг олдимдан ўтиб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида мендан кўра кўп ҳозир бўлмаган ва у зотнинг ҳадисларини мендан кўра яхши билмайдиган кишилар олдига борасизлар. Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Одамнинг яратилишидан тортиб то қиёмат қоим бўлгунча Дажжолдан каттароқ (фитна) йўқ» деганларини эшитганман», деди». Муслим ривоят қилишган.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дажжолнинг отаси ва онаси улардан бола туғилмай ўттиз йил ўтадилар. Сўнг улардан бир ўғил туғилади. Унинг кўзи ғилай, ўзи энг зарарли ва манфаати йўқ бўлади. Унинг икки кўзи ухлайдию қалби ухламайди», дедилар. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга унинг ота-онасини васф қилиб бердилар. Унинг отаси новча, сергўшт ва бурни қушнинг тумшиғига ўхшашдир. Онаси бўлса бесўнақай, икки қўли узун», дедилар.
Абу Бакра айтади: «Кейин Мадийнада яҳудийлардан бир бола туғилганини эшитдик. Мен ва Зубайр ибн Авом бориб унинг ота-онасининг олдига кирдик. Қарасак, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг икковида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг васфлари. Шунда биз: «Икковингизнинг болангиз борми?» дедик.
«Ўттиз йил бола кўрмай ўтдик. Сўнгра биздан бир ўғил бола туғилди. У энг зарарли ва манфаати йўқ. Унинг икки кўзи ухлайдию қалби ухламайди», дейишди.
Биз иккисининг олдидан чиқсак, уни бир қатийфага ўраб офтобга ташлаб қўйилган экан. Унда тушуниб бўлмайдиган овоз чиқмоқда. У бошини очди-да:
«Нима дедиларинг?» деди.
«Биз айтган нарсани эшитдингми?» дедик.
«Ҳа. Менинг икки кўзим ухлайди, қалбим ухламайди», деди
». Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан Дажжол Мадийнада туғилиб Абу Бакра ва Зубайр ибн Овом розияллоҳу анҳумолар кўрганларидан кейин Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳу кўрган оролга ўтиб кетган бўлади.

ДАЖЖОЛ МАККА ВА МАДИЙНАДАН БОШҚА БАРЧА ЮРТГА КИРАДИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Макка ва Мадийнадан бошқа ҳар бир юртни, албатта, Дажжол оёқ ости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Шунда у тузли ерга тушади. Кейин Мадийна уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у(Дажжол) томон чиқади», дедилар».
Шарҳ: Дажжол Мадийнаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб Мадийнадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб олдига боришади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Дажжол ҳақида узоқ гапирдилар. У зот бизга гапирган нарсалар ичида қуйидагилар бор эди: «Дажжол келади. Унга Мадийнанинг йўлларидан кирмоқлик ҳаромдир. Бас, у Мадийнанинг яқинидаги тузли ерлардан бирига етиб тўхтайди. Ўша куни унинг олдига одамларнинг яхшиси ёки одамларнинг яхшиларидан бири чиқади ва унга: «Мен гувоҳлик бераманки, сен Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга гапини айтиб берган Дажжолсан», дейди.
Шунда Дажжол: «Айтингларчи, агар манашуни қатл қилиб кейин тирилтирсам ҳам иш ҳақида шак қиласизларми?!» дейди.
«Йўқ!» дейишади.
Шунда у ҳалиги одамни қатл қилиб, кейин тирилтиради. У бўлса тирилганидан кейин «Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон сени ҳозирги каби яхши танимаганман» дейди. Дажжол уни яна қатл қилмоқчи бўлади. Аммо унга қодир бўла олмайди», дедилар
». Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Шундоқ қилиб Дажжолнинг ўзига эргашганлар олдида шармандаси чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Дажжол хуруж қилади. У томон мўминлардан бир киши боради. Уни Дажжолнинг силоҳли одамлари учратиб:
«Қаёққа бормоқчисан?» дейишади.
«Манави хуруж қилганнинг олдига бормоқчиман», дейди.
«Роббимизга иймон келтирасанми?» дейишади.
«Роббимизда махфийлик йўқ», дейди.
«Уни қатл қилинглар!» дейишади. Сўнглар улар бир-бирларига «Роббингиз сизга унинг изнимиз бировни қатл қилмасликни амр қилмаганмиди?!» дейишади. Улар Дажжолнинг олдига борадилар. Мўмин уни кўриши билан «Эй одамлар! Манави, Расулуллоҳ алайҳиссалом зикр қилган Дажжолдир!» дейди.
Шунда Дажжол уни қорни узра ёткизишга амр қилади. «Ушланглар уни, уринглар уни!» дейди. Бас, унинг орқасига ҳам, қорнига ҳам калтак ёғилади. Кейин у:
«Менга иймон келтирмайсанми?!» дейди.
«Сен каззоб масийҳсан!» дейди.
Амр қилиниб унинг фарқидан арра солиб арраланиб икки оёғи орасидан ажратилади. Сўнгра Дажжол икки бўлакнинг орасида юриб туриб унга «Тур!» дейди. У туради. Кейин Дажжол унга:
«Менга иймон келтирасанми?!» дейди.
«Фақатгина менинг сен ҳақингдаги илмим зиёда бўлди, холос! Эй одамлар! Бу мендан кейин бирор кишига бундоқ қила олмайди!» дейди.
Сўнг Дажжол уни сўймоқчи бўлиб тутади. Унинг бўйни билан кекирдагига мис қадайди. Аммо унга тасир қилишга йўл топа олмайди. Кейин унинг икки қўли ва оёғидан тутиб улоқтиради. Одамлар уни дўзахга улоқтирди деб ҳисоблайдилар. Аслида эса у жаннатга улоқтирган бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Бу оламларнинг Роббиси ҳузуридаги одамларнинг энг улуғ шаҳидидир», дедилар
». Муслим ривоят қилган.

ДАЖЖОЛ ЕР ЮЗИДА ҚИРҚ КУН ТУРАДИ КЕЙИН ИЙСО АЛАЙҲИССАЛЛОМ ТУШИБ УНИ ШОМДА ҚАТЛ ҚИЛАДИ

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни эрталаб Расулуллоҳ алайҳиссалом Дажжолни зикр қилдилар. У зот уни паслатдилар ва кўтардилар. Ҳаттоки биз уни хурмолар орасидамикан деб гумон қилдик. Биз кечки пайт у зотнинг олдиларига борганимизда ўша ҳолни бизда кўрдилар ва: «Сизларга нима бўлди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Эрталаб Дажжолни зикр қилдингиз. Уни паслатдингиз ва кўтардингиз. Ҳаттоки биз уни хурмолар орасидамикан деб гумон қилдик», дедик.
«Менинг сизга хавфим Дажжолдан бошқада. Агар у чиқсаю, мен ичингизда бўлсам, сизларнинг ўрнингизга ўзим унга қарши тураман. Агар у чиқсаю, мен ичингизда бўлмасам, ҳар киши ўзини ўзи ҳимоя қилади. Аллоҳ ҳар бир мусулмон учун менинг ўрнимда бўлади. Албатта, у ёш, жуда ҳам жингалаксоч, кўзи бўртиб чиққан. Мени уни худди Абдул Уззо бин Қатанга ўхшатаман. Сизлардан ким унга эришса, унга қарши «Каҳф» сурасининг бошланиши ўқисин. Албатта, у Шом билан Ироқ орасидан хуруж қиладир. Ўнгда ҳам фасод қилади. Чапда ҳам фасод қилади. Эй Аллоҳнинг бандалари! Собит бўлинглар!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Унинг ерда қолиши қандоқ?» дедик.
«Қирқ кун. Бир кун бир йилчалик. Бир кун бир ойчалик. Бир кун бир ҳафтачалик. Қолган кунлари сизларнинг кунларингизга ўхшаш», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик.
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Унинг ер юзидаги тезлиги қандоқ?» дедик.
«Худди ортидан шамол келаётган ёмғирга ўхшайди. У бир қавмнинг олдига келиб даъват қилади. Улар унга иймон келтирадилар ва ижобат қиладилар. У осмонга амр қилса, ёмғир ёғади. Ерга амр қилса, набототларни ўстиради. Ўтлаб юрган ҳайвонлари кечқурун уларнинг олдига ўркачи энг узун, елинлари энг тўлган ва қоринлари энг шишган ҳолда келади. Сўнгра у бошқа қавмга келиб, уларни даъват қилади. Улар унга ўзининг гапини қайтарадилар. У улардан қайтиб кетади. Улар қаҳатга учраб қўлларида молларидан ҳеч нарса қолмайди. У бир хароба ёнидан ўтаётиб унга «хазийналарингни чиқар!» дейди. Унинг хазийналари, асаларилар подшоҳига эргашгандек унга эргашади. Кейин бир ёшликка тўлган кишини чақириб, қилич билан уриб иккига бўлиб ташлайди. Ҳар бўлак ораси икки ўқ етадиганча бўлади. Сўнг уни чақирса юзларида кулгу барқ урган ҳолда юриб келади. У шу ҳолда турганида Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломнинг юборади. У киши Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минорадан бўялган икки хил кийимда, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил бўлади. Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади. У зотнинг нафасини сезган кофир бўлсаки, албатта, ўлади. Унинг нафаси кўзи етган ерга бориб етади. Бас, у зот уни излаб Боби Лудда топиб ўлдиради. Кейин Ийсо ибн Марямнинг ҳузурига Аллоҳ ундан сақлаган қавм келади. Бас, у зот уларнинг юзларини силайди ва уларга жаннатдаги даражалари ҳақида гапирадилар. Шундоқ бўлиб турганда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй» дейди. Кейин Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни юборади. Улар ҳар томондан оқиб кела бошлайдилар. Уларнинг аввалгилари Тобария кўли олдидан ўтаётиб ундаги ҳамма нарсани ичиб юборадилар. Охиргилари ўтаётиб «Бунда бир вақтлар сув бор эди» дейдилар. Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари қамал қилинадилар. Ҳаттоки улардан бирига хўккизнинг боши бугунги кунда сизларнинг бирингизга юз дийнор яхши бўлгандан ҳам яхши бўлиб қолади. Бас, Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари (ўлимга) рағбат қилиб қоладилар. Шунда Аллоҳ уларга бўйинлари томондан «нағаф»-қуртини юборади. Улар бир жон ўлгандек, ўликка айланадилар. Сўнгра Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Улар ер юзида аларнинг ёғи ва сассиғи етмаган бирор қарич ҳам жой топа олмайдилар. Шунда Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳга рағбат қилиб қоладилар. Бас, Аллоҳ туянинг бўйнига ўхшаган қушларни юборади. Уларни аларни кўтариб олиб бориб Аллоҳ истаган томонга ташлайдилар. Сўнгра Аллоҳ бир ёмғир юборади. Ундан бирор лойдан ёки жундан бўлган уй панада қолмайди. У ерни ювиб худди ойнакка ўхшатиб қўяди. Кейин ерга «Самарангни ўстир, баракангни қайтар» дейилади. Ўша кунда одамлар бир анорнинг ўзини еб пўстлоғини соябон қиладилар. Подаларга барака киритилади. Ҳаттоки бир туянинг сути бир катта жамоа одамларга кифоя қилади. Бир сигирнинг сути бир қабила одамларга етади. Бир қўйнинг сути бир уруғ одамларга етади. Улар шундоқ ҳолда турганларида Аллоҳ бир ёқимли шамолни юборади. У уларнинг қўлтиқларидан олиб ҳар мўмин ва муслимнинг руҳини қабз қилади. Кейин одамларнинг ёмонлари қолади. Улар эшакларга ўхшаш жинсий яқинлик қиладилар. Ана ўшаларнинг бошида қиёмат қоим бўлади», дедилар
». Муслим, Термизийва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: «У зот уни паслатдилар ва кўтардилар».
Пайғамбар алайҳиссалом Дажжолни таги паст, ҳеч нарсага арзимислигини ҳам айтдилар ва шу билан бирга унинг фитнаси энг катта фитнагини ҳам таъкидладилар.
«Сизлардан ким унга эришса, унга қарши «Каҳф» сурасининг бошланиши ўқисин».
Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам кўп. Жумладан, Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида:
«Ким Каҳф сурасининг аввалидан уч оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Ким Каҳф сурасининг охиридан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.
«Эй Аллоҳнинг расули Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик».
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар.
Яъни, кун одатдагидан узоқ бўлиб кетгани учун йигирма тўрт соатлик вақтни чамалаб ўшанда ўқилиши лозим бўлган намозларни ўқилади.
«Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом покиза ҳолда тушадилар. У кишидан ғусл ва таҳоратнинг сувлари тўкилиб туради.
«Бас, у зот уни излаб Боби Лудда топиб ўлдиради».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом Дажжолни излаб топиб Байтул Мақдисдаги Лудд деган жойнинг эшиги олдида қатл қиладилар.
«Шундоқ бўлиб турганда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй» дейди».
Ўша ҳеч ким уларга қарши тура олмайдиган бандалар Яъжуж ва Маъжужлардир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломати бўлар экан. Дажжол аслида унинг лақаби. Кўп алдамчилик қилиши учун шу лақабни олган. Шунингдек, у ҳақни ботил ила кўмиб ташлаш қобилиятига ҳам эга. У асли яҳудий одамдир. Мадийнаи Мунавварага нисбатан машриқ тарафдан чиқади. У одамлар орасида аҳли салоҳликни ва тақводорликни даъво қилади. Кейинроқ худолик даъвосини қилади. Унга жуда кўп одамлар, хусусан яҳудийлар эргашади. Унинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади. Боласи бўлмайди. Макка ва Мадийнага кира олмайди. Пешонасига кофир деб ёзилган бўлади.

ХОТИМА

ИЙСО АЛАЙҲИССАЛОМ НОЗИЛ БЎЛИБ ЕРДА БИР ЗАМОН ҚОЛУРЛАР СЎНГРА АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИГА ВАФОТ БЎЛУРЛАР

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки бирор киши уни қабул қилмай қуюр. Ҳаттоки битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг
», деди. Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганларида ерга тушиб Ислом шариати ила ҳукм юритиб ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб уларни йўқ қилишларидир. Чўчқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса, Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
Абу Ҳурайра бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам борлигига ишора қилиб:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди.
Уламоларимиз бу ояти кариманинг маъносида икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари, бу ерда Ийсонинг ўлими назарда тутилган, десалар, баъзилари, аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган дейдилар.
Биринчи тоифанинг гапига биноан оятнинг маъноси бундай: Ийсо алайҳиссалом қиёмат яқинлашганда тушганларида, у кишининг ўлимларидан олдин, аҳли китоблардан ҳеч ким қолмай, у киши ўлишларидан олдин у зотга иймон келтиради.
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирларига кўра эса, ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради.
«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса».
Яъни, ҳар бир яҳудий ҳам ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради. Аммо бу фойда бермайдиган иймон бўлади. Шунинг учун ҳам,
«Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом қиёмат куни уларнинг зиддига гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига Зухруф сурасидаги қуйидаги оятлар ҳам далилдир:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Бу масалани теранроқ англашимиз учун ушбу ояти карималарнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган ҳодисани келтирадилар. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам мушрикларга Анбиё сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик:
«Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
«У сиз учун, олиҳаларингиз учун ва ҳамма умматлар учун», деб жавоб берганлар.
«Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга ибодат қилмайдиларми? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдиларми? Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди у.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб бир оз жим қолдилар. Мушриклар эса, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланиб кулишди, бақир-чақир қилиб шовқин кўтаришди. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, Биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у(жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва буни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилади ва муноқаша қилинади:
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Мушриклар Ийсо алайҳиссаломни насоролар худо санаб ибодат этишларини мисол сифатида келтириб, ўзларининг Аллоҳдан бошқа илоҳларга ибодат қилишлари тўғри эканини исботламоқчи бўладилар.
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар».
Яъни, бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими, дедилар. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса нима бўлибди?! Иккинчиси, насоролар Ийсога ибодат қилса, бизнинг баъзиларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Ийсо яхшироқми, деган маъно чиқади.
Оятнинг давомида мушрикларнинг бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида эса, «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз» оятидан кўзланган мақсадни яхши билишади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом ўзларини худо демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқлиги учун бўлар-бўлмас баҳоналар топиб хусумат қўзғайверадилар.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Хусуматчилик жуда ёмон одат бўлгани учун ҳам Исломда ундан четлашиш ҳар бир мусулмонга қаттиқ тайинланади.
Ибн Жарир Табарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиққанларида, улар Қуръон ҳақида тортишиб ўтирган эдилар. У зот қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра:
«Аллоҳнинг китобининг баъзиси билан баъзисини урманглар! Фақат талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир, деб: «Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар», оятини тиловат қилдилар».
Эндиги оятда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақиқатларини баён қилади:
«У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, Ийсо фақат бир банда, холос. Худо ҳам эмас. Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандаларга ўхшаш Худонинг оддий бандаси, холос.
«Биз унга неъмат бердик...»
Фарқ шуки, биз унга Пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.
«...ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсони Бани Исроилга мисол қилиб қўйдик.
Эй мушриклар!
«Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик».
Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйдагича маъно чиқарганлар. Яъни, бу дунёю у дунёда яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки, аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.
Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар баёни давом этади:
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир».
Яъни, вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Бас, у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади, молу дунёни тошириб юборганидан уни биров олмай қўяди. Ҳаттоки, бир сажда бутун дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади».
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга:
«Кел, бизга намозга ўт», дейди.
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди у».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни, қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Сиз қандоқсиз? Қачон Ибн Марям ичингизга нозил бўлганда, имомингиз ўзингиздан бўлур», дедилар». Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўша имом аввал ўтган ҳадису-шарифларга биноан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Аллоҳга қасамки, албатта, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб нозил бўлгай. Сўнг албатта, хочни синдиргай, албатта, чўчқани ўлдиргай, албатта, жизяни бекор қилгай, албатта, ёш туялар тарк қилингай, уларни суғорилмагай, албатта, одамлар орасидаги кўраолмаслик, ҳасад қилиш ва бир-бирини ёмон кўриш кетгай ва албатта, у молга даъват қилгай, аммо уни биров қабул қилмас», дедилар».
Шарҳ: Чунки молу дунё ҳамма ёқни босиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасидаги ўзаро душманлик қолмаган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дажжол умматим ичида чиқиб қирқ, билмадим қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми турур. Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборур. У худди Урва ибн Масъудга ўхшар. Бас, у ҳалиги(Дажжол)ни излаб топиб ҳалок этур. Кейин одамлар етти йил икки киши орасида адоват бўлмай турурлар», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ровий Дажжолнинг чиққанидан кейин ер юзида туриши қирқ йилми, ойми ёки кунми эканида шакка тушиб қолган экан. Биз буни қирқ кун эканини ва у кунлар қандоқ кунлар эканини Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ўрганганмиз.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга хўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминдик воқеъ бўлади. Ҳаттоки шерлар туялар билан, йўлбарслар молллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнга вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар». Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям солаллоҳу алайҳимо ва салламларнинг сифатлари ва Ийсо М-с. билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Биладиганларнинг айтишларича Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи шаришаларида ҳозир ҳам бир киши дафн қилинадиган жой бор. Ўша ерга Ийсо алайҳиссалом дафн қилинсалар керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ийсо алайҳиссалом нозил бўлишлари қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Ийсо алайҳиссалом нозил бўлишининг маъноси у кишининг узоқ вақт Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган маконда турганларидан кейин ерга тушишларидир. Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқоди бўйича Ийсо алайҳиссалом ҳозир ҳам аввалги ҳаётлари давомини яшамоқдалар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримнинг «Нисо» сурасида баён қилган:
«Биз Аллоҳнинг Расули Масиҳ Ийсо ибн Марямни ўлдирдик», деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир».
Ушбу оятларда яҳудийларнинг Аллоҳнинг лаънатига учрашларига сабаб бўлган баъзи қилмишлари зикр этиляпти.
Ўша қилмишлардан биринчиси:
«Аҳдномаларини бузганлари».
Яҳудийлар аҳдномаларини қандай бузганларини ўтган оятда ҳам яққол кўрдик, ўргандик ва англаб етдик.
Иккинчиси:
«Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганликлари».
«Оят» деганда белги ва мўъжиза маънолари ҳам тушунилади. Аллоҳ таоло яҳудийларга иймонга келишлари ва тўғри йўлга тушишлари учун кўплаб оятлар–белги ва мўъжизалар кўрсатди. Бошқа сура ва оятларда уларнинг зикри келган. Аммо яҳудийлар мазкур мўъжизаларнинг барчасига куфр келтирдилар, уларни инкор этдилар.
Учинчиси:
«Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдирганлари».
Бу ҳам маълум ва машҳурдир. Қуръонда ўрни билан бу масала ҳам керагича ёритилган. Мисол учун, яҳудийлар Закариё ва Яҳъё алайҳиссаломларни ноҳақдан ўлдирганларини эслаш кифоя қилади.
Тўртинчиси:
«қалбларимиз берк», деганлари».
Бу гапни улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даъватларига жавобан айтганлар. Уларни Исломга чақирганларида, масхара қилиб: «Бизнинг қалбларимиз берк, сенинг даъватинг кирмайди», деганлар. Бу билан улар, биз сенинг гапингга қулоқ ҳам солмаймиз, демоқчи бўлганлар.
Во ажабо, ҳақиқатда ҳам уларнинг қалблари берк ҳолда, унга ҳеч нарса кирмайдиган қилиб яратилганми?!
«Йўқ! Балки куфрлари сабабли Аллоҳ қалбларига муҳр босган, озгиналаридан бошқаси иймон келтирмаслар».
Яъни, аслида уларнинг қалблари ҳам бошқаларники каби яратилган, улар айтгандек, берк қилиб яратилган эмас. Аммо куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб, қаттиқ, бетаъсир ва берк қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам, улардан жуда ҳам оз одамлар мусулмонликни қабул қиладилар.
Бешинчиси:
«Ва куфрлари, Марямга қарши улкан бўҳтон айтганлари...»
Яҳудийларнинг ҳар бир катта гуноҳи эсга олинганида куфрлари қўшиб зикр қилинади. Ушбу жумлада ҳам шундай бўлган. Улар покиза, афифа Марям онамизга ҳам бўҳтон қилганлар. Марям Юсуфи Нажжор билан зино қилди ва ҳаромдан Ийсони туғди, деганлар. Бу гапни айтишга ҳеч кимнинг тили бормайди. Уни фақат яҳудий айта олиши мумкин.
Олтинчиси:
«Аллоҳниг Расули Масиҳ, Ийсо ибн Марямни биз ўлдирдик деганлари».
Аслида, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни Пайғамбар деб тан олмаганлар. Бу ердаги «Аллоҳнинг Расули» дейишлари истеҳзо ва масхара учундир. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Лекин бу қуруқ даъво, холос. Ҳақиқатни эса, Қуръони Карим баён қилади:
«Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди».
Ийсо алайҳиссаломга яҳудийлар суиқасд қилганларининг қиссаси маълум ва машҳур. Бу қиссани буюк тафсирчилардан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича ривоят қиладилар:
«Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни очиқ-ойдин аломатлар ва ҳидоят ила Пайғамбар қилиб юборганида, яҳудийлар у зотга берилган Пайғамбарлик ва мўъжизаларга ҳасад қилдилар. У киши кўр бўлиб туғилганларни ва песларни даволар, ўликни Аллоҳнинг изни ила тирилтирар, лойдан қушнинг шаклини ясаб унга пуфласалар, Аллоҳнинг изни ила қуш бўлиб учиб кетар эди. Шунга ўхшаш кўпгина мўъжизалар билан у кишини Аллоҳ қўллаб-қувватлаган эди. Яҳудийлар эса, у кишини ёлғончига чиқардилар, хилоф қилдилар ва имкони борича у зотга озор беришга ўтдилар. Ҳаттоки, Аллоҳнинг Пайғамбари Ийсо алайҳиссалом улар бор жойда турмайдиган бўлдилар. Кўпинча оналари билан бирга саёҳатда юришга мажбур бўлдилар. Яҳудийлар бу билан кифояланиб қолмадилар, у зотни ўша даврдаги Дамашқнинг подшоҳига чақдилар. Подшоҳ юлдузларга сиғинадиган мушриклар тоифасидан эди. Унинг миллатига, юнон, деб ном берилган эди. Яҳудийлар унга: «Байтул Мақдисда бир одам чиқиб, кишиларни фитнага солмоқда, адаштирмоқда ва фуқароларни подшоҳга қарши қўймоқда», деб хабар етказдилар. Бундан подшоҳнинг ғазаби чиқди. БайтулМақдисдаги ноибига мазкур одамдан эҳтиёт бўлиш, уни осиб, бошига тикон қўйиб, унинг шарридан одамларни сақлаш фармонини берди. Мактуб Байтул Мақдиснинг волийсига етиб келганида, у фармонни бажаришга отланди. Бир тоифа яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом турган жойга борди. У киши ўзларига яқин кишилар билан бирга эдилар. Уларнинг сони ўн икки-ўн уч ёки ўн еттита эди.
Бу воқеа жума кунидан шанбага ўтар кечаси содир бўлди. Яҳудийлар уларни қамалга олдилар. Ёки улар босиб киришади, ёки ўзлари уларнинг олдига чиқишлари керак–бундан бошқа илож қолмаганини англаб етган Ийсо алайҳиссалом шерикларига: «Кимингизга менинг тусим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар.
Бу ишга бир ёш йигит тайёрлигини билдирди. Уни хиёл ёш санадилар, юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит ўз тайёрлигини билдирди. Ийсо алайҳиссалом: «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Ийсо алайҳиссалом тусига киритди.
Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Ийсо алайҳиссаломни мудроқ олди. Шу ҳолда осмонга кўтарилдилар. У зот кўтарилганларидан кейин, шериклари ташқарига чиқдилар. Яҳудийлар қоронғуда ҳалиги йигитни, Ийсо, деб ўйлаб, ушлаб, осдилар ва бошига тикон қўйдилар».
Аммо ишга бу билан нуқта қўйилгани йўқ. Асосий ихтилофлар айнан ушбу воқеадан сўнг бошланди. Таъкидланганидек, ҳодиса кечанинг қоронғусида, тўс-тўпалоннинг ичида бўлиб ўтди. Кўп нарсалар ноаниқ қолди. Шунинг учун:
«Унинг ҳақида ихтилоф қилганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар».
Аввало, ҳодисада иштирок этганларнинг ўзлари ихтилофга тушдилар. «Агар ўлдирилган Ийсо бўлса, бирга юрган одам қани? Агар ўлдирилган бирга юрган одам бўлса, Ийсо қани?» дедилар, бир-бирларига. Лекин бирибир ўликни осиб қўйиб, биз Ийсони ўлдирдик, деб мақтаниб юришаверди. Насоролар бўлса, баъзилари бу гапга ишонди, баъзилари «Ийсо ўлгандан кейин кўмилди. Аммо уч кундан кейин яна тирилди», дейишди. Лекин ҳаммаларининг гапи ҳам асоссиз гаплардир. Бу нарса оятнинг сўнгида яна бир бор таъкидланади:
«У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашадилар. Уни ўлдирмаганлари аниқ».
Хўш, ўлдирмаганлари аниқ бўлса, унга нима бўлган, деган саволга келаси оятда жавоб келади:
«Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир».
Мўмин-мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ақидалари ушбу ва бошқа оятлардан ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифлардан олинган. Унда ҳеч қандай ноаниқлик, шубҳа ёки гумон йўқ. Ҳаммаси аниқ ва очиқ-ойдин.
Аллоҳ таолонинг иродаси кетган пайтда Ийсо алайҳиссалом ерга тушиб М-с.нинг шариатлари бўйича иш тутадилар. Ўша пайтда Ийсо алайҳиссаломга янги ваҳий келмайди. Шундан Ийсо алайҳиссалом тушишлари М-с.нинг охирги набий эканликларига ва у зотнинг шариатлари охирги шариат эканига ҳеч ҳам хилоф бўлмайди.
Аммо қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи тоифалар Аҳли Сунна вал Жамоа мазҳабининг Ийсо алайҳиссаломнинг ҳозир тирикликлари ва қиёматга яқин нозил бўлишлари ҳақидаги эътиқодига хилоф қилганлар ҳам бўлган. Бу ишни қадимда мўътазилийлар ва жаҳмийлар қилган бўлса, ҳозирда Муҳаммад Абдуҳ ва унинг баъзи шогирдлари қилдилар. Аммо уларнинг гапининг эътибори йўқ. Улар ўзларича гапни бошқа томонга буришдан бошқа нарса қилмаганлар.
Аҳли Сунна вал Жамоа мазҳабининг бу масаладиги далиллари Қуръони каримдан бошқа йигирма тўққизта ҳадису-шарифдан иборатдир. Булар мутовотир даражасига етганлигида ҳам бировнинг шубҳаси йўқ.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz