Иймон масаласи... Принтер учун
31.07.2009 й.
www.islom.uz

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи иймоннинг таърифида «Иймон–иқрор ва тасдиқдир» дейдилар. Яъни, иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб нутқ қилишдан иборат бўлади. Ислом эса «Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиб, уларга бўйсунишдир». Луғат жиҳитидан иймон билан ислом орасида фарқ бор. Аммо ҳақийқатда исломсиз иймон, иймонсиз ислом бўлмайди. Улар бир-бирларига нисбатан худди бир нарсанинг ичи ва таши кабидир. Дийн эса, ислом, иймон ва шариат қонунларининг барчасидан иборатдир. Мазкур маънолар «Ал-Фиқҳул Акбар»да ўз аксини очиқ-ойдин иборалар билан топган. Шу билан бирга, бу маъноларни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бошқа тарафлар билан қилган мунозараларида ҳам кўришимиз мумкин.

Маккий ўзининг «Маноқиб»ида қуйидагиларни келтиради:
«Жаҳм ибн Сафвон калом учун Абу Ҳанийфани қасд қилиб келди. У кишига йўлиққанида:
– «Эй Абу Ҳанийфа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим ҳақида гаплашгани келдим»,–деди.
– «Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шўнғиш алангаланиб турган нордир»,–деди Абу Ҳанийфа.
– «Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб менинг ҳақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?»
– «Менга сенинг ҳақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган.»
– «Менинг ҳақимда ғойибдан ҳукм чиқарасанми?»
– «Бу нарса сенинг ҳақингда машҳур бўлган. Омлар ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун сенинг ҳақингда буни таҳқиқ қилиш жоиз бўлган.»
– «Эй Абу Ҳанийфа! Мен сендан иймондан бошқа нарса ҳақида сўрамайман.»
– «Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи мендан унинг ҳақида сўрасанг!»
– «Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури ҳақида шакка тушиб қолдим.»
– «Иймонда шак қилиш куфрдир.»
– «Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч ҳалол эмас.»
– «Сўра.»
– «Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам ҳақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?»
– «У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир.»
– «Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?»
– «Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келтирсанг-у, ҳужжат деб билмасанг, худди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман»,–деди Абу Ҳанийфа.
– «Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан.»
– «Аллоҳ таборака ва таоло Ўз китобида иймоннинг икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот таборака ва таоло: «Уларни Набийга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» – дерлар. Айтганларига яраша Аллоҳ уларга (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шулдир», деган («Моида» сураси, 83–85-оятлар).
Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди.
У зот таоло яна: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар», деган («Бақара» сураси, 136-, 137-оятлар).
У зот таоло яна: «Ва уларга тақво калимасини лозим қилли», деган («Фатҳ» сураси, 26-оят).
У зот таоло яна: «Ва улар гўзал сўзга ҳидоят қилинурлар», деган («Ҳаж» сураси, 24-оят).
У зот таоло яна: «Унга хуш каломлар юксалур», деган («Фотир» сураси, 10-оят).
У зот таоло яна: «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур», деган («Иброҳим» сураси, 27-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» денглар, нажот топасизлар», деганлар. Ул зот нажот топишни сўзсиз фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни айтган бўлса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади», деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.
Агар қавл(сўз)га эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам уни қалби ила таниса, мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда Иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки, у Роббисини танийди. У зот холиқи – яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканини билади. «У:«Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман», деган («Аъроф» сураси, 16-оят). У яна: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди» («Ҳижр» сураси, 36-оят). У яна: «Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди», («Аъроф» сураси, 12-оят).
Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам, мўмин бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло: «Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар», деган («Намл» сураси, 14-оят).
Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам, тиллари билан инкор қилганлари учун, уларни «мўминлар» демади. У зот азза ва жалла:
«Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир», деган («Наҳл» сураси, 83-оят). У зот таоло:
«Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир», деган («Юнус» сураси, 31-, 32-оятлар). Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари фойда бермади. У зот таоло:
«Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар», деган («Бақара» сураси, 146-оят). Уларга Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади», деди.
– «Сен менинг хаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдингга яна қайтиб келаман»,–деди Жаҳм».

ИЙМОН ТАЪРИФИ

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашича, амал иймондан эмас. Иймон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки, иймоннинг асли тасдиқдан иборатдир.
Ал-Интиқо номли китобда Абу Муқотилдан қуйидагилар ривоят қилинган:
«Абу Ҳанийфанинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:
«Бизнинг наздимизда, одамлар уч манзилададирлар. Анбиёлар аҳли жаннатдирлар. Анбиёлар кимни аҳли жаннат десалар, ўша ҳам аҳли жаннатдир. Бошқа манзила мушрикларники бўлиб, улар дўзах аҳлидир. Учинчи манзила мўминларники бўлиб, улар ҳақида тўхатаб турамиз. Улардан бирортасини аҳли жаннат ҳам демаймиз, аҳли дўзах ҳам демаймиз. Лекин улар ҳақида умидворлик ва хавфда бўламиз. Худди Аллоҳ таоло айтганидек «Солиҳ амалга бошқа – ёмонини аралаштирдилар. Шояд, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса», деймиз. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи уларнинг орасида ҳукм чиқаради. Биз улар ҳақида умидвор бўламиз, холос. Чунки, Аллоҳ азза ва жалла «Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирмоқни мағфират қилмас. Ундан бошқасида кимни хоҳласа, мағфират қилур», деган. Гуноҳлари ва хатолари туфайли улар ҳақида хавфда бўламиз».
Бу, мусулмонлар жумҳурининг эътиқодидир. Худди шу фикрни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-Фиқҳул Акбар»да ҳам зикр қилганлар. Аммо у кишига зулм ўлароқ баъзи ғаразгўйлар «Абу Ҳанийфа муржиа мазҳабида бўлган» деган гапни айтганлар. Бу гап улуғ имомга туҳматлигига бир неча далиллар бор:
1. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари «Ал-Фиқҳул Акбар»да: «Муржиъаларга ўхшаб, яхшиликларимиз мақбулдир, ёмонликларимиз мағфурдир, демаймиз», деган жумлани келтирганлар.
2. Муржиа мазҳабида бўлган Ғассон номли киши ўз фикрларини айтиб туриб, ёлғондан: «Буларни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳидан эшитганман, у ҳам муржиа мазҳабида эди», дер ва шу тарийқа ўз обрўсини орттирмоқчи бўлар эди.
3. Мўътазилийлар қадар масаласида ўзларига хилоф қилган ҳар бир шахсни «муржиа» деб атар эдилар. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи уларга қарши чиққанларнинг катталаридан эдилар.
4. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи «Амал иймоннинг аслидан эмас» деганлари учун ҳам баъзи мухолифлар у кишига муржиалик нисбати берган бўлиши мумкин. Аслида эса, ундоқ эмас.
5. Ибн Абдулбарр айтганидек, Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳасадгўйлари кўп эди. Улар у киши ҳақида турли бўлмағур гапларни тарқатар эдилар. Муржиа ҳақидаги гаплар ҳам ўша ҳасадлар жумласидан бўлиши мумкин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri