Умидворлик Принтер учун
08.08.2009 й.
islom.uz
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касалнинг юқиши йўқ, шумланиш ҳам йўқ, менга солиҳ фаъл, гўзал сўз хуш келади», дедилар».

Шарҳ: Демак, сиз билан биз – мўмин-мусулмонлар касал юқади деган гапга ишонмаслигимиз керак. Баъзилар бу гапни эшитиб, ҳозир илм жуда тараққий этиб кетди-ку, касалликнинг юқиши собит бўлди-ку, дейишлари, турли далилларни келтиришлари ҳам мумкин.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ерда «Касалнинг юқиши йўқ» дейишлари ақидавий гапдир. Яъни касал ўзича юқмайди. Беморлик Аллоҳнинг иродаси кетганда юқади. Аллоҳ ҳоҳласа ҳам, ҳоҳламаса ҳам касалнинг ўзи юқиш қудратига эга, деб эътиқод қилиш Аллоҳнинг қудратига шак келтириш бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларини ана шу маънода тушунишимиз керак.
Касаллик ўзидаги қудрат билан, Аллоҳнинг иродасидан ташқари, Аллоҳ ҳоҳласа, ҳоҳламаса барибир соғ одамга бориб юқа олмайди. Юқиши фақат Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Аллоҳнинг ҳоҳиши кетсагина юқади, чунки дунёда ҳеч бир иш Аллоҳнинг ҳоҳишидан ташқари бўлмайди.
Мана шу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун бошқа ҳадисларга, ривоятларга мурожаат қиладиган бўлсак, масалан, «Мохов ёки пес касалларидан худди шердан қочгандек қочинглар» деган мазмундаги, «Қаерда ўлат тарқаганини эшитсангиз, у ерга борманглар, у ердагилар ташқари чиқмасин» деган мазмундаги ҳадислар бор.
Ислом эҳтиёт чораларининг ҳаммасини кўриб қўйган, лекин бу ерда «юқиш йўқ» дейиш ақидавий, жуда нозик масаладир. Яъни касаллик ўз салоҳияти билан, Аллоҳнинг иродасидан ташқарида ҳам юқади, деган эътиқодда бўлмаслик керак – Аллоҳ ҳоҳласа юқади, бўлмаса йўқ.
Ҳозир ана шундай тарбия кўрмаганларнинг гапига, тасарруфига зеҳн солсангиз, улар касал ўзи юқиб қолади, деган хавотирда, ваҳимада яшайдилар. Улар Аллоҳни ўртага қўйишни билмайдилар. Биз, мусулмонлар бундай қилмаймиз, бундан устунмиз, Аллоҳга эътиқодимиз кучли.
Биз «Аллоҳ ҳоҳласа, юқади» деб ишонамиз. Аллоҳ касални юқтирмаслик учун чора кўришни бизга буюриб қўйган. Бунга амал қилган ҳолда барибир яна Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
Шумланиш ҳам шундай. «Фалончиникига бойқуш келиб қўнган экан, уйи хароба бўлибди», «Йўлидан мушук кесиб ўтган экан, машинасини уриб олибди» каби гапларнинг ҳаммаси нотўғри гаплар.
Аммо гўзал бир сўздан келажакдан хурсандчилик, яхши башорат оладиган бўлсангиз, бу сўз сизни келажакдан умидвор қилса, ажаб эмаски, бу гапга фаришталар омин деб қолса, деган умид қилиш бор экан, холос.

Ҳабба ат-Тамимийдан у отасидан ривояти:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бойқушда ҳеч нарса йўқ. Тияранинг энг содиғи фаълдир. Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Шарҳ: Ушбу мавзудаги ҳадиси шарифларда «тияра», «фаъл» сўзлари кўп такрорланмоқда кези келганда бу истилоҳларнинг ўзига хос фарқларини англаб олишимиз ҳам керак.
«Тияра» сўзининг асли келиб чиқиши ҳақида олдин гапириб ўтилди. Уни келажак ҳақида хабар тахмин қилиш маъноси болигини ҳам билдик. Шу билан бирга бу сўз кўпроқ шумланиш маъносида ишлатилишини уламоларимиз таъкидлайдилар.
«Фаъл» сўзи билан ҳам аввал танишдик. У умидворлик маъносини англатишини, ажнабий тилларда «оптимизим» дейилишини қўшимча қилмоқчимиз.
Арабларда бойқушдан шумланиш одатга айланган эди. Уларда мавжуд бўлган нотўғри тушунчага биноан, ноҳақдан қатл этилган кишининг ўчи олинмаса унинг руҳи бойқушга айланар ва «Сув! Сув!» дея қичқирар эмиш. Агар ўчи олинса, учиб кетар эмиш.
Исломда бу ва бунга ўхшаш нотўғри эътиқодларнинг барчаси ботил эканини эълон қилди.
Демак, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, шумланиш, ёмон гумон қилишда асос йўқ экан. Энди бўладиган ишлардан бирон нарса кутишнинг энг афзали чиройли сўздан умидвор бўлиш экан. Кўз тегиши эса бор экан.
Дарҳақиқат, бошқа ҳадислардан ҳам собит бўлганки, баъзи бир одамларда Аллоҳ берган руҳий қувват бўлади. Бундай кишилар кўзини бирор яхши нарсага тикиб, кўнгли бузилса, ўша нарсага, айниқса инсонга бунинг таъсири ўтиши бор нарса экан. Бу нарса тажрибада кўп кузатилган, ҳадисларда собит бўлган, бунинг муолажаси қандай бўлиши ҳам баён қилинган.
Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапараслари кўз тегиши деган нарсани умуман инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат-хурофат, қолоқлик ва жаҳолат, деб атайдилар.
Аммо барча элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз мусулмонларга бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана ўша нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Яъни, бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар ақлни бир оз ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.
Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмларида ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисмларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам тез-тез заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида ухлайдиган, уларга ўзини чақтирса ҳам ҳеч таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Бунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятли жисмга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.
Худди шунингдек кишиларни Аллоҳ таоло руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Агар кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Ўзи уяладиган одамни унга назар солиб турганини кўрган шахснинг юзи ўз-ўзидан қизара бошлайди. Ўзи қўрқадиган одамнинг унга тикилиб турганини сезган одамнинг юзи ўз-ўзидан оқариб кетади. Ўша пайтда таъсирланган одамнинг эс-хуши йўқолиб, қуввати кетиб оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?
Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шу тасирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам назари ила таъсирини ўтказиши мумкин. Буни халқ ичида, илон авраши, ҳам дейилади. Ўшандоқ илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келса инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомадор аёлларнинг ҳомласини тушишига, баъзида инсоннинг кўзига зарар етказишга сабаб бўлгани тажрибада собит бўлгандир.
Бас, шундоқ экан, исонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб бошқаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб-билди-ку!
Ана шундоқ ишларни бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган шахс кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир кишини васф қилингада ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишнинг асосида ҳасад бордир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар», деган.
«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.
Биттаси-адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.
Иккинчиси эса-кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларда, мушриклар Қурайш қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлганлар.
Шундоқ кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.
Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Бу маънодаги барча ҳадислар тўпламининг шарҳи, таҳлили «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг ўн саккизинчи жузида батафсил ёзилган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz