«Аллоҳ таоло:
«Ва сизларга Исломни дин, деб рози бўлдим», деган».
Яъни, Аллоҳ таоло мусулмон уммати учун Исломни дин, деб рози бўлиши бу уммат учун икки дунёнинг бахтидир.
Мазкур оятда Аллоҳ таоло айтади: «Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».
Бу оят Қуръони Каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Аввал айтилганидек, ояти карима Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида тушган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда ҳамма саҳобалар, динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди, деб чексиз қувондилар.
Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман мусулмонлар учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат эди.
Бу улкан шодлик хабари инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижа берган эди. Инсониятнинг яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳамма авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди.
Биринчи Пайғамбар Одам атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша вақт воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олиб шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат ўзидан аввалгисидан кўра мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Уларнинг Пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб Пайғамбарлар, шариатлар юборилди.
Ниҳоят–инсоният ўз камолига етган пайтида, Аллоҳ таоло Пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали жами инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса, инсониятга улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди.
Бошланиши Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бўлган бўлса, давоми Мадинаи Мунаввара ва атрофларида, мукаммал бўлиши видолашув ҳажида–ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши биландир. Ва ниҳоят, Оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига:
«Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди. Кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни олади, баркамол дастурни олади. Унинг ақидаси баркамол бўлади. Маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, сиёсати, турли алоқалари, тузумлари баркамол бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати баркамол бўлади. Борлиқни яратган қодир Аллоҳ шу борлиқ халифаси этиб инсонни ҳам Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Буюк яратувчи Аллоҳ мукаммал қилиб қўйган ушбу динга юрмай, бошқа тузумларни ахтарганлар эса, мен Худодан ҳам яхши йўл топгувчиман, деб даъво қилган бўлади.
«Сизга неъматимни батамом қилдим».
Демак, динни мукаммал қилиб беришнинг ўзи улкан ва батамом неъматдир. Исломнинг улуғ неъматлигини мусулмон бўлганлар билади. Айниқса, аввал турли жоҳилиятлар ва уларнинг тузумларини синаб кўриб, кейин мусулмонликка ўтганлар жуда яхши биладилар. Исломсиз яшаган инсоннинг ҳайвондан фарқи йўқлигини ана ўшалар кўпроқ таъкидлайдилар.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг батамом неъмат эканини яратган холиқни инкор этиб юрган худосизларнинг фожиали оқибатларини кўрганда янада ёрқинроқ тушуниб етилади. Бу ҳақиқатни худосизлар дунё халқлари бошига олиб келган битмас-туганмас мусибатларни идрок этганлар яхши биладилар.
Аллоҳ таоло бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг улуғ неъмат экани молга, дарахтга, инсоннинг жинсий аъзосига сиғиниб, залолатда юрганларни кўрганда билинади.
Бу неъматнинг қадри инсон ақлига ор ҳисобланган турли бузуқ ақидаларнинг ҳолини кўрганда тушунилади.
Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат экани, ҳалол-ҳаром нималигини ажратмай, худди ҳайвон каби, қўлига тушган нарсасини еб-ичиб, ўзига ўзи битмас-туганмас дардлар орттириб олаётганларни кўрганда тушуниб етилади.
Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат экани ахлоқ-одобдан бехабар, отасини ҳам танимайдиган, дунёдаги ҳеч бир разолатдан қайтмайдиган, безори ва жинояткор авлодлар етишиб чиққанда билинади.
Мукаммал дин Исломнинг қадри оилалар бузилиб, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидан, жамиятдаги кишилар орасидан меҳру оқибат кўтарилиб, одамлар бир-бирларига душманлик руҳида, беҳурматлик руҳида, меҳр-шафқатсизлик руҳида шаклланиб, ижтимоий алоқалари бузилиб бўлган жамиятларнинг ҳолини кўрганда билинади.
Мукаммал дин Исломнинг ҳақиқий илоҳий неъмат экани кучли кучсизни еб, ҳаммаёқда зулм урчиб, инсон ўз жонини, болаларини, молу мулкини ва обрў-номусини ҳимоя қила олмай қолган жамиятларни кўрганда тушуниб етилади.
Агар инсоният бу неъматнинг қадрига етганида эди, уни қабул қилиб ўрганган ва ҳаётга татбиқ этганида эди, дунёда ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлар эди. Бекор овора бўлиб, турли назариётларга, мафкураларга, дастурларга ва қонун-қоидаларга мурожаат этиб, ўзини қийнамаган бўлар эди.
«Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».
Аллоҳ таоло инсониятга амал қилиш учун фақат битта динни–Исломни рози бўлди. Бундан бошқа ҳеч бир динга рози эмас. Шу боисдан ҳам бошқа динлар унинг даргоҳида қабул эмас. Аллоҳ таолонинг бу хитоби мусулмон бандалари учун улкан шарафдир. Аллоҳ таолонинг катта иноятидир. Шу билан бирга, бу иноят мусулмонлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Аввало, мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилишларини, қолаверса, ўзларига насиб этган улуғ неъматни бутун дунё халқларига ҳам тарқатишларини вазифа этиб юклайди.
Мукаммал дин Ислом бандаларга Аллоҳнинг улкан неъмати эканини инсофли ғайримусулмон шахслар ҳам ҳар доим англаб келганлар. Уламоларимиз китобларида ишончли манбалардан ривоят қилишларича, яҳудийлар Ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб:
«Сизларнинг китобингизда бир оят бор, агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша оят тушган кунни ўзимизга байрам қилиб олар эдик», деган эканлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Қайси оятни айтмоқчисизлар?» деб сўрабдилар. Яҳудийлар:
«Бугунги кунда сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим», оятини дейишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Биз у кунни бир эмас, икки байрам қилганмиз: ҳам жума–ҳафталик байрам, ҳам қурбон ийди–йиллик байрам», деган эканлар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким, Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Исо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб ўтайлик:
Убода ибн Сомит ибн Қайс Ансорий ал-Хазражий, оналари Қурратулъайни бинти Убода, кунялари Абулвалид. Мадина уламоларининг бири, Ислом байроғи остида тинмай жиход қилган мужоҳидлардан, биринчи ва иккинчи Ақаба байъатларида иштирок этган, Бадр, Уҳуд, Хандақ, Миср фатҳи ва бошқа ҳамма ғазоту фатҳларда ҳозир бўлган, Шом диёрини фатҳ этилганда Умар Ибн Хаттоб буйруқлари билан, Шом аҳлига Қуръонни ўргатишлик учун юборилган. Фаластинга биринчи волий этиб тайинланган. Аллоҳ йўлида маломатчини маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга байъат берган. Муҳожир Абу Марсад ал-Ғанавий билан исломий биродар бўлган, тақво билан сифатланган улуғ саҳобалардан эдилар.
Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан 181та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритган. Абу Умома, Анас ибн Молик, Жобир, Фазолата ибн Абид, Абу Идрис Ҳувлоний, Абу Муслим Ҳувлоний, Абуъашъас Санъоний, Жанодата ибн Умайя ва бошқа катта тобеъинлар ҳам у кишидан ҳадис ривоят қилишган.
Бир куни Убода ибн Сомит Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси саҳобалар сизга яқинроқ?» деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва сен, эй Убода» деб, яна бир қанча улуғ саҳобаларни зикр қилдилар.
Убода ибн Сомит ҳижратнинг 34 йили Байтул Мақдисда 72 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни қуйидаги нарсаларга иймон келтириш фазли ҳақида сўз кетмоқда:
1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовар илоҳи маъбуд йўқлигига,
2. Аллоҳнинг ёлғиз эканлигига,
3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига,
4. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига,
5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига,
6. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг Биби Марямга ташланган калимаси эканига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганига,
7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканига.
8. Жаннат ҳақ эканига,
9. Дўзах ҳақ эканига, иймон келтириш.
Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни нима амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ таоло жанатга киритиши таъкидланмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифни ва шу маънодаги бошқа ҳадисларни жоҳиллар ўз жаҳолатари учун далил қилиб олганлар. Улар «шаҳодат калималарини оғиз билан айтиб қўйса бўлди, одам жаннатга киради», дейдилар. Ва фарз, вожиб, суннат амалларини қилмай юраверадилар. Бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас! Ислом дини тушунмаслик, тўғрироғи ўзини тушунмаганга олишдан бошқа нарса эмас! Улар ўз набокорликларини ҳадисни нотўғри таъвил қилиш билан хаспўслашади, холос.
Аслида эса, Исломга амал қилишга бўйинлари ёр бермайди.
Маълумки, Ислом дини янги келган пайтида дунёни ширк босиб ётган эди. Одамлар турли нарсаларни Аллоҳга ширк келтиришар эдилар. Ҳатто, туясини қумга соғиб, лой қилиб ўзига «худо» ясаб оладиганлар бор эди. Ҳазрати Умар мушриклик пайтларида хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб ибодат қилганини, кейин қорни очиб «худо»сини еб қўйганини айтиб, жоҳилият аҳмоқлиги устидан кулиб юрар эдилар.
Ана шундоқ ҳолатда, Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни тавҳид–(якка худолик) дини ила юборди. У зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўн уч йил давомида қилган ишлари кишиларни «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳамадун Расулуллоҳ»га даъват қилиш бўлди. Ўша даврда нозил бўлган ояти карималарнинг маъноси ҳам, шу эди. Айтилган ҳадиси шарифларнинг маъноси ҳам, шу эди. Дарҳақиқат, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтганлар комил мўмин бўлганлар. Чунки, бошда Исломнинг арконлари, ибодатлари ҳам жорий қилинмаган эди. Табиийки, ўша пайтда калимаи шаҳодатни айтиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берганлар вафот этсалар, албатта, жаннати бўлганлар. Чунки, улар ўша даврда жорий бўлиб турган Аллоҳнинг амрини тўлиқ адо этиб туриб, вафот этганлар.
Кейинчалик, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг бирин-кетин бошқа рукнлар, дин аҳкомлари жорий қилина бошланди. Энди, мусулмонлар шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланиб қолмасдан, ана шу рукнларни, аҳкомларни ҳам адо этишлари лозим бўлди. Аллоҳ таоло ояти карималарда мазкур рукн ва аҳкомларни бажармаганлар дўзахга тушишини айта бошлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ушбу маъноларни баён ета бошладилар. Энди «калимаи шаҳодатни айтган одам жаннатга тушади» деган гап билан кифояланмайдиган бўлди. Энди калимаи шаҳодатни айтган, намоз ўқиб, рўза тутган, закот бериб, ҳажга борган жаннатга киради», дейиладиган бўлди. «Калимаи шаҳодатни тасдиқ қилмаган дўзахга тушади»», дейиш билан бирга намоз ўқимаган, рўза тутмаган, имкони бўлиб туриб закот бермаган, ҳажга бормаган ҳам дўзахга тушади», дейила бошланди.
«Калимаи шаҳодатни айтса бўлди, бошқа нарсаларни кераги йўқ», деганлар шунчалар жоҳилдирларки, уларнинг бу гапида заррача ҳам мантиқ йўқдир. Агар калимаи шаҳодатни айтиш етарли бўлса, Аллоҳ таоло нима учун бошқа рукн ва аҳкомларни фарз қилди?
Ўша мантиқсиз шахслар, ўзларининг мантиқсиз гаплари билан Аллоҳ таолони ҳам мантиқсиз тасарруф қиладиган кишиларга нисбат беришдек гуноҳи азимга журъат қилган бўладилар.
Бундай ҳолларда битта оят ёки ҳадис биланиш битириб бўлмайди. Балки масаланинг туб моҳиятини, ҳамма тарафни атрофлича ўрганиб, сўнгра ҳукм чиқариш керак. Мисол учун, «Рўзадор киши Райян номли эшикдан жаннатга киради», деган маънода ҳадиси шариф бор. Шу ҳадисни далил қилиб: «Мен рўза тутсам бўлди, бошқа рукнларни ва аҳкомларни адо қилмасам ҳам жаннатга кираман», дейиш мумкинми? Йўқ, албатта!
Демак, Аллоҳ таоло ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берган одамни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади, дейилиши Исломнинг дастлабки, иймондан бошқа рукн ва аҳкомлари жорий қилинмаган даврига хосдир. Кейинги даврда қайси рукн жорий қилинган бўлса у ҳам қўшилиб кетаверган. Шунинг учун намоз фарз қилинган даврдаги ҳадисларга қарасак, намозни вақтида адо қилган одам жаннатга тушади, дейилади. Рўза фарз қилинган вақтдаги ҳадисларда–рўзани тутган одам, закот фарз бўлган даврдаги ҳадисларда–закот берган одам, ҳаж фарз бўлган даврдаги ҳадисларда–ҳаж қилган одам жаннатга тушади, дейилган. Ҳаммаси мукаммал бўлгандан кейин айтилган ҳадисларда ҳамма рукнларни қўшиб айтилгани ҳам бор.
Ислом дини таълимотлари бир соат, бир кун ёки бир йилда жорий қилингани йўқ. Балки, йигирма уч йил давомида, аста-секин жорий қилинди. Иймон масаласи мураккаб масала бўлганидан, мазкур йигирма уч йилнинг катта қисми–ўн уч йили иймонни мустаҳкамлашга қаратилди. Қолган ўн йилда бошқа рукн ва аҳкомлар аста-секин, бирин-кетин, жорий қилинди. Ушбу ҳақиқатни тўғри англаб етиш, ушбуларга ўхшаш масалаларни тушунишга ёрдам беради.
Бошқа вазиятда айтилган бир ҳадисни ушлаб олиб, Исломнинг бир рукни, яъни, иймон рукнидан бошқа ҳамма рукн ва аҳкомларини бекорга чиқариб юборишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Аллоҳ хоҳласа, ҳадиси шарифларни ўрганиб боришимиз давомида бунга ўхшаш масалалар яна ҳам равшан бўлиб боради. Шу бобда келадиган бошқа ҳадислар шу маъноларни тўлдириб келади.
Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга:
«Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради», деб башорат берди», дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.
Сўнгра тўртинчи мартада:
«Абу Зарр хоҳламаса ҳам», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у кишининг таржимаи ҳоллари билан танишайлик:
Жундуб ибн Жунодата ал-Ғифорий, кунялари Абу Зарр ал-Ғифорий. Исломга энг аввал кирган саҳобаларнинг бешинчисидирлар. Бу зотга Хандақ ғазотидан кейин, Мадинага ҳижрат қилишлик насиб этди. Аччиқ бўлса ҳам, рост гапиришга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга байъат берган саҳобалардан Абу Зарр эртанги кунга емаклик сақламаган, зоҳид зотлардан эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 281та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилдилар. Бу зотдан Аҳнаф ибн Қайс, Абдурраҳмон ибн Ғанам, Атоъ ва бошқалар ривоят қилишди. Абу Зарр Усмон розияллоҳунинг халифалик даврларида, 32 ҳижрий санада, Рабаза шаҳрида вафот этдилар.
Имом Термизий ўз ривоятлари охирида «аз-Зуҳрийдан: ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтса жаннатга киради, деган ҳадис ҳақида сўрашганда:
«Бу Исломнинг аввалида, шариат аҳкомлари туширилмасдан олдин, одамларни дингга тарғиб қилиш мақсадида бўлган эди», деганлар» жумласини қўшиб қўйганлар.
Демак, Имом Термизий ҳам одамлар нотўғри тушунмасин, деган мақсадда ушбу қўшимчани киритганлар.
Имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий–биринчи ҳадис китоби тўплаган улкан тобеъин эса саҳобалардан билганларини айтганлар.
Зотан Оиша онамизнинг ҳам: «Аввалги тушган оятларда иймон, жаннат ва дўзах зикри бор эди, одамлар қизиқиб динга кирганларидан кейин намоз, рўза каби аҳкомлар нозил бўлди, деган маънодаги гаплари ривоят қилинган.
Ушбу ҳадисда тавҳиднинг, Аллоҳга ширк келтирмасликнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, тавҳид ақийдаси улкан шараф ва бахт саодат эканлигида ҳеч шубҳа йўқ.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига фаришта Жиброил алайҳиссалом Қуръон олиб келишдан ташқари вақтда ҳам келиб, Қуръондан бошқа хабарларни бериб кетишлари.
2. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай ўлиш фазилатли бўлиб, охир-оқибат жаннатга киришга сабаб бўлишлиги.
3. Зино ва ўғриликнинг катта гуноҳлар эканлиги.
4. Бирор нарсани аниқлаб олиш учун қайта-қайта сўраш мумкинлиги.
Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг зино ва ўғрилик ҳақида қайта-қайта сўрашлари бу иккиси ўша пайтда энг оғир ва энг кўп тарқалган жиноятлардан бўлганидандир. Уламоларимиз таъкидлашларича, гуноҳлар умумий равишда икки йўналишга бўлинади.
Биринчиси, Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш.
Иккинчиси, банданинг ҳаққини поймол қилиш.
Зино Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги, ўғрилик эса, банданинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги гуноҳларга киради. Демак, савол икки йўналишни ҳам ўз ичига олган.
Эътибор берадиган бўлсак, Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳнинг амрини ва ибодатларини бутунлай тарк қилиб юриш ҳақида эмас, гоҳида содир бўладиган гуноҳлар ҳақида сўралмоқда. Шунга биноан, ушбу маънодаги ҳадисларни Аллоҳнинг амрларини тарк қилишга далил қилиб оладиганларнинг иши тамоман ботил эканлиги яна ҳам равшан бўлади.
Ушбу ҳадиси шариф маъносига ўхшаш маъноларни ботил аҳллари нотўғри таъвил қилишлари мумкинлигини мулоҳазаси ўша вақтда, ҳатто Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан мулоҳаза қилинганини келгуси ҳадисдан билиб оламиз.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор киши «Лаа илаҳа иллоллоҳу, Муҳаммадун Расулаллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди у.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса, суяниб қолурлар», дедилар.
Муоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилингандир. Аввало у кишининг ҳаётлари билан танишиб чиқайлик:
Муоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Абдурраҳмон, 12 ёшларида Исломни қабул қилган, иккинчи «Ақаба» байъатида иштирок этган, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан жамики ғазотларда бирга бўлган, улуғ табиатли, мулойим, чиройли хулқли саҳобалардан эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 157 та ҳадис ривоят қилганлар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абу Саълаба, Абу Қатода ва бошқа саҳоба ва тобеинлар ривоят қилишди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
«Умматимнинг ичида ҳалол, ҳаромни ажратувчи Муоздир».
Ва яна Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат кунида Муоз ибн Жабал уламоларнинг имомидир», деб айтдилар. Умар ибн Хаттоб айтадилар:
«Хотинлар Муоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздурлар. Агар Муоз бўлмаса, Умар ҳалок бўлибди».
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга, дин таълимотларини ўргатиш учун юбораётганларида:
«Эй, Муоз, нима билан ҳукм чиқарасан», деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг китоби билан», деб жавоб берди.
«Агар Аллоҳнинг китобидан тополмасанг-чи?» дедилар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам.
«Аллоҳнинг Расулининг суннатлари билан», деди.
«Унда ҳам тополмасангчи?» деганларида:
«Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман», деб айтди.
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари хурсандликка тўлган ҳолда:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Аллоҳнинг Расули рози бўлган нарсага сени мувофиқ келтирди», дедилар.
Муҳожирлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд Ансорий Муоз ибн Жабалнинг тутинган исломий биродари эдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонни тўрт кишидан олинглар», деб айтдилар. Шуларни бири, Муоз ибн Жабалдур.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Фаластин яқиндаги «Амовас» деган жойга вабо касали тарқади. Мана шу вабо сабабли Муознинг икки хотинлари, ўғилари Абдурраҳмон вафот этди. Муоз ибн Жабал ҳам мана шу вабо сабабли ҳижратнинг 18 йили 38 ёшларида, азобларга сабр қилган ҳолда, бу оламдан кўз юмдилар.
Мазкур ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдинги ҳадиси шарифга ўхшайди. Қўшимча маънолар эса, ҳадиснинг охирида келган. Ҳадиснинг ривоят қилувчи саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу тавҳид эгаларига бўлган буюк ваъдани эшитганларидан сўнг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди.
Шу гапнинг ўзи, бу нозик масала эканини кўрсатиб турибди. Чунки, бошқа масалаларда саҳобалар «бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраганлари маълум эмас. Аксинча, ҳар бир эшитган нарсасини одамларга етказишни бурч деб билганлар. Муоз ибн Жабал бу хабарни одамларга етказсалар, бирор тушунмовчилик бўлишидан хавфсираб, шундай саволни берганлар. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз Ибн Жабал розияллоҳу анҳуга берган жавобларидан ҳам фаҳмлаб оламиз.
«У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса, суяниб қолурлар», дедилар».
Яъни, агар одамларга айтсанг, бу гапга суяниб, амал қилмай қолурлар, деганлари. Демак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида ҳам одамлар бу гапни нотўғри тушуниб, амал қилмай қўйишлари мумкин, деган фикр бўлган. Шунинг учун, саҳобага бу гапни одамларга айтишга рухсат бермаганлар.
Афсуски, кейинчалик ушбу хавфсиралган нарса юзага чиқди, одамлар ичида бу гапни нотўғри талқин қилиб, Ислом дини рукнларига амал қилмайдиганлар тоифаси пайдо бўлди. Бу масалани нотўғри тушуниш эса, дўзахда абадий қолмайди, деган тушунчани дўзахга тушмайди, деган тушунчага алмаштириб олиш билан юзага келди.
Энди ҳадиси шарифни чуқурроқ ўрганиб чиқайлик. Унда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор киши «Лаа илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳи» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса» демоқдалар.
«Чин қалбдан» деганидан, мунофиқларнинг шаҳодати ўтмаслиги билинади, дейди уламоларимиз. Худди шу ибора билан бошқа жойларда гапнинг амалга мос келиши ҳам ифода қилинган.
Шу билан бирга бундан «калимаи шаҳодатни айтганларнинг барчаси дўзахга тушмайди», деган маъно эмас, балки «чин қалбдан айтганлари, яъни, айтганини амал билан тасдиқлаганлари кирмайди», деган маъно чиқади, дейдилар. Чунки, бошқа далиллар тавҳид аҳлларидан осий бўлганлар дўзахга тушишларини таъкид ила айтган.
Демак, аҳли тавҳиддан ким дўзахга тушиши, ким тушмаслиги аниқ. Шунинг учун Муоз розияллоҳу анҳуга бу гапни одамларга айтишга изн берилмади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шаҳодат калимаси улуғ нарса эканлиги.
2. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мартабалари баланд эканлиги.
3. Устоздан, раҳбардан иккиланган нарсасини сўраб олиш, одамларга айтиш-айтмасликни аниқлаб олиш зарурлиги.
4. Фаҳмли, ақлли кишиларга кўпчиликка айтиб бўлмайдиган гапни айтиш мумкинлиги.
5. Латиф маъноларни тушунмайдиган, калтафаҳм, илмсиз кишиларга қийин маъноли гапларни айтмаслик.
6. «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган одам дўзахга кирмайди каби гапларни одамларга айтавермаслик.
Имом Бухорий ривоят қилишларича улуғ тобеъинлардан Ваҳб Ибн Мунаббиҳга:
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» жаннатнинг калиди, дейишади?» дейилганда, у киши:
«Ҳа, калид, албатта, тишсиз бўлмайди. Агар тиши бор калид олиб келсанг, сенга очилади. Бўлмаса очилмайди», деган эканлар.
Келгуси ҳадисларни ўрганганимиздан кейин бу масала яна ҳам ойдинлашади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи, уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келирмаса ўшани азобланмаслигидир», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», дедилар».
Бу икки ҳадисни икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан аввалги ҳадисда танишган эдик.
Ушбу ҳадиси шариф билан аввалги ҳадиснинг ўхшашлик жойлари кўп. Лекин дақиқ фарқлари ҳам бор. Ана ўшаларни кўриб чиқайлик.
Ўхшашлик жойлари – ровий битта, яъни, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ўзлари ривоят қилганлар.
Сўнгра, хабарни Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандан сўнг «одамларга бу хабарни етказайми?» деб сўрашлари ва «етказсанг суяниб қолурлар» деган жавоб ҳам бир хил.
Ўхшамас жойлари эса, биринчи ҳадисда «ким Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат берса» дейилган. Бу ҳадисда эса:
«…уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, унга бирор нарсани ширк келтирмасликлари», дейилган.
Албатта, калимаи шаҳодатни айтиш билан Аллоҳга ибодат қилиш, унга ширк келтирмаслик орасида фарқ жуда ҳам катта. Хусусан, ибодат лафзини асл ва кенг маъносини оладиган бўлсак, бу дунё ҳаётини тамомийла Аллоҳниг амрига мувофиқ қилиб яшаш, маъноси чиқади. Ширк келтирмаслик эса, фақат ақийда бобида Аллоҳнинг шериги бор, деб эътиқод қилмаслик эмас, балки, ибодат, амал бобларида ҳам ширкнинг турли кўринишларидан узоқда бўлишни кўзда тутган бўлади.
Бу маънолар эса, ушбу бобдаги ҳадислар мазкур жоҳил кишилар уйлаганидек, калимаи шаҳодатни айтиб қўйса бўлди, бошқа нарсанинг кераги йўқ, деган фикрнинг ботил эканини кўрсатади.
Биринчи ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам калимаи шаҳодат учун берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилган бўлсалар, бу ҳадисда Аллоҳ ибодат қилиш, у зотга ширк келтирмасликка берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилмоқдалар.
Биринчи ҳадисда дўзахнинг ҳаром қилиниши ваъда қилинган бўлса, кейинги ҳадисда азобламаслик ваъда қилинмоқда.
Лекин иккисида ҳам одамлар маънони бошқача тушуниб, қилинган ваъдага суяниб қолишларидан чўчиш бор. Бу эса банда қай даражага етганда ҳам хотиржам, бепарво бўла олмаслигини кўрсатади.
Банда доим хавф ва умид орасида, яъни, дўзахга тушишдан хавфда, жаннатга тушишдан умидвор бўлиб туради. Ҳеч ким мен «шаҳодат»ни айтиб қўйдим, ёки ибодатни қилиб қўйдим, Аллоҳга ширк келтирганим йўқ, менинг жаннатдан жой олишим аниқ, деб шаҳодатига ёки ибодатига суяниб қола олмайди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг эҳтиёт чораларини кўришлари айни ҳикмат бўлганини бугун айниқса яққол кўриб турибмиз. У зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётликдаги вақтида, кейинги даврларда ҳеч ким шариат амалларининг заррачасига ҳам амал қилмаса бўлаверади, деган фикрда умуман бўлган эмас.
Тушунарли бўлиши учун намозни олайлик. Саҳобаи киромлар, тобеъийнлар, табаъ тобеъийнлар ва улардан кейинги авлодлардан ҳеч ким бирор вақт намозни ўқимай қўйса бўлаверар экан, деган фикрни қилган эмас. Ҳамма, ўқиган, ҳамма «ўқимаса бўлмайди», деган фикрда бўлган. Ҳамма намозни ўқимаса бўлаверади, деган одамни диндан чиққан, уни муртад сифатида ўлдириш зарурлигига иттифоқ қилган. Фақат диндан чиққан муртад сифатида ўлдириладими ёки осий сифатида ўлдириладими? деган масалада ихтилоф бўлган.
Хаворижлар, муртад сифатида шаръий ҳукумат томонидан қатл этилади, деганлар.
Наҳотки, Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламдан тортиб қанчадан-қанча саҳобийлар, уламолар, мужтаҳидлар, мазҳаб бошлиқлари, муҳаддислар, фуқаҳолар бугунги кунда Ислом амалларини адо этишдан бўйин товлаётган жоҳилларчалик тушунчага эга бўлмасалар?!
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг эшакка минишлари, ортларига Жобир розияллоҳу анҳуни мингаштириб олишларидан У зотнинг мутавозеъ, камтарликларини билиб оламиз.
2. Эшакнинг номи «Уфайр» эканлигидан ҳайвонларга ном қўйиш жоизлигини тушунамиз.
3. Бировга бир нарсани айтишдан олдин, буни биласанми? деб сўраб олиш ҳам таълимнинг услубларидан эканлигини билиб оламиз.
4. Аллоҳга ибодат қилиш, бандаларнинг Аллоҳ олдидаги бурчи эканлигини билиб оламиз.
5. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслик ҳам, бандаларнинг бурчи эканлигини билиб оламиз.
6. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилган, ширк келтирмаган бандаларини азобламаслигини ҳам билиб оламиз.
7. Бирор хабарни одамларга етказишдан олдин, агар у умумий рухсатдан бошқачароқ бўлса, хабар эгасидан (бошлиқдан) «бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраб олиш кераклигини тушунамиз.
8. Агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтириб чиқадиган бўлса, хушхабар бўлган чоғида ҳам кўпчиликга айтмай туриш лозимлигини тушунамиз.
9. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз. Чунки ушбу ҳадисда одамларни Аллоҳнинг ибодатига чорлаш, У зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўлса ҳам нотўғри тушуниб аксинча маъно беришдан, одамларнинг бунга суяниб қолишларидан чўчиб хабарни тарқатиш ман қилинди.
10. «Аллоҳнинг бандада ҳаққи бор, банданинг Аллоҳда ҳаққи бор» иборасини ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар» деганларига салафи солиҳ уламоларимиз кўплаб таълиқлар қилганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз:
«Бу қайтариш, баъзи одамларга хосдир. Бухорий шу ҳадис билан олим киши илмни фаҳмламасликларидан қўрқса, баъзиларини қўйиб, баъзиларини хос қилишга ҳужжат қилган. Гоҳида ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадисларни аҳли ботиллар ва ибоҳий (ҳар нарсани бўлаверади деювчи)лар шаръий таклифларни тарк қилиш, ҳукмларни йўқ қилишга рўкач қилиб оладилар. Бу эса охиратни хароб қилгани етмаганидек бу дунёни ҳам хароб этади».
Яъни: «Уларга бунинг хабарини берма. Чунки, сен уларга бу хабарни айтсанг, Роббинг лутфига эътимод қилиб, бандалик ҳаққини унутурлар. Оқибатда даражалари нуқсонга учраб ҳолатлари таназзулга юз тутар. Кўпчиликнинг ҳоли шудир. Аммо, хос кишиларга қанчалик башорат етса, шунчалик кўп ибодат қилурлар. Ашараи мубашшарийн (жаннат башорати берилган ўн) саҳобийлар шундоқ бўлган».
Биз қўшимча қилмоқчимизки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан фақат ўн кишининг албаттта жаннатга киришларига башорат берганлар. Бу жуда машҳур иш бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Ҳатто ақийда китобларида ҳам бу масала алоҳида зикр қилинади. Агар ким калимаи шаҳодатни айтса, тўғридан-тўғри жаннатга кираверадиган бўлса, мазкур ўн кишига берилган башорат беҳуда бўлиб қолмайдими? Уларни алоҳида зикр қилишнинг нима кераги бор?! Жаннатнинг башоратини нома-ном олиб туриб ҳам бирор ибодатни тарк этмай, балки олдингидан зиёда ибодат қилганларига нима дейсиз?
Демак, турли баҳоналар билан ибодат қилишдан қочадиган, шариат ҳукмини қилмасликка уринадиганларнинг гап ва ишлари ҳеч қандай рисолага тўғри келмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси амал афзал», деб сўралди.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш» дедилар.
«Кейин нима?» дейилди.
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Ундан кейин нима?» дейилди.
«Мабрур ҳаж», дедилар.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан юқоридада танишиб ўтганмиз.
Уламоларимиз аниқлашларича, бу саволларни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўраган киши Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудир. Сўров дунёдаги энг афзал амал ҳақида бўлмоқда. Чунки, сўровчи:
«Қайси амал афзал» деб сўрамоқда. Бу саволга,
«У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ва Аллоҳнинг Расулига иймон келтириш»-дедилар.
Яъни, энг афзал амал Аллоҳга ва Аллоҳнинг Расулига иймон келтиришдир. Ушбу гапдан уламоларимиз иймон амалга киришини тушунганлар.
Имом Бухорий бу ҳадисни «Иймон амалдир» деган бобда келтирганлар. Иймон ҳам сўздан, ҳам амалдан иборат эканлиги аҳли суннанинг кўпчилик жамоаси, жумладан Молик, Саврий ва Авзоъийларнинг мазҳаби томонидан тан олинган.
Абу Убайда бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда иймонни амалдан, деб айтдилар. Бошқа ҳадисларда иймон билан амалнинг орасини ажратганлар. Иймонни фақат тавҳид ва қалбга оид амалларга нисбатан, амални эса аъзоларга оид амалларга ишлатганлар. Иймоннинг ҳақиқати – гапга тўғри келувчи тасдиқ ва қалбдаги азму қарордир. Унинг тугал бўлиши эса, аъзолар амали билан боғлиқдир. Киши батамом иймонли мўмин бўлиши учун албатта эътиқоди, сўзи ва амали бир бўлиши керак. Ана шундай иймонгина жаҳаннам оташидан нажот беради, жон ва қонни сақлайди. Ана шундай бўлгани учун мазкур уч нарсанинг (эътиқод, сўз ва амал) жамига ҳам, ҳар бирига ҳам иймон дейилади. Шунинг учун ҳам тавҳид ва тасдиқ энг афзал амал ҳисобланади. Чунки, барча амалларнинг қабул бўлишига шу нарса шартдир».
Ушбу иборалар орқали Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби иймон тил билан гапириш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилиш эканини яхшилаб баён қилмоқда.
Аммо аҳли суннанинг бошқа уламолари:
«Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир» – деган фикрга иттифоқ қилганлар.
Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳилар:
«Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса, унга аломат ёки узрли бўлганлар учун шартдир», дейдилар.
Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф сувратда, холос.
Ақийда илми уламоларнинг таъкидлашларича, Аҳли сунна ва жамоа орасидаги ихтилоф иймоннинг шаръий таърифида эмас, балки луғавий маъносидан келиб чиққандир. Чунки, луғатда тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашга иймон дейилади.
Нима бўлганда ҳам, иймон дунёдаги энг яхши нарса эканига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Бу дунёдаги барча амалларининг қабул бўлишига иймон шартдир. Иймони бўлмай туриб ҳар қанча амал қилса ҳам қабул бўлмайди. Шунинг учун, афзал амал ҳақида сўз кетганда, иймондан кейингиси ҳақида кетади. Афзаллик борасида иймонга тенг келадиган нарса йўқ.
«Кейин нима?» дейилди.
Яъни, иймондан кейинги энг афзал амал нима? деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Жиҳод» луғатда машаққат чекиш, ўзининг бор имконини ишга солиш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, Аллоҳнинг дини учун кофирлар билан уруш қилишни билдиради. Бу иш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги маълум ва машҳур.
«Ундан кейин нима?» дейилди».
Яъни, жиҳоддан кейинги энг афзал амал нима? деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Мабрур ҳаж», дедилар».
«Ҳаж» сўзи луғатда, қасд қилмоқ, маъносини билдиради. Шариатда эса, маълум вақтда ибодат учун Маккани қасд қилмоққа айтилади. Ҳажнинг «Мабрур» сифати эса, «яхши ҳаж» деганидир. Гуноҳ аралаштирилмай, мақбул бўладиган тарзда адо этилган ҳаж «Мабрур ҳаж», дейилади. Ҳаж энг афзал амаллардан эканлиги ҳам яхши маълум.
Шу ерга келганда ҳақли савол пайдо бўлади: Нима учун намоз, рўза ёки закот айтилмади? Нима учун Ҳаж рукн бўлса, ҳам, рукн бўлмаган жиҳоддан кейинга қўйилди?
Жавоб қуйидагича: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундоқ пайтларда, сўровчининг ва атрофда эшитиб турганларнинг ҳолига ва умумий вазиятга қараб жавоб берганлар. Шунинг учун ҳам яхши амал ҳақидаги саволга жавоб бўлиб келган бошқа ҳадисларда ҳам турлича жавоблар келган.
Энг афзал амалга – намозни вақтида ўқиш, ота-онага яхшилик қилиш, таом бериш, танигану-танимаганга салом бериш кабилар, киргани шулар жумласидандир.
Дарҳақиқат, очарчилик бўлиб, мусулмонлар бир бурда нонга зор бўлиб турган пайтда уларга таом бериш бошқа ишлардан афзал амалга айланиши турган гап ва ҳакозо.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Амалларнинг бир-биридан афзал бўлиши.
2. «Энг афзал амал нима?» деб сўраш мумкинлиги.
3. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон – энг афзал амаллиги.
4. Иймон амалсиз бўлмаслиги.
5. Иймондан кейинги афзал амал жиҳод эканлиги.
6. Жиҳоддан кейинги афзал амал ҳажлиги.
7. Амал билан даражотларга эришишлиги.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки сиздан бирортангиз Исломни чиройли қилса, унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади. Қилган ҳар бир ёмон амали эса, ўз мислича ёзилади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Магар Аллоҳ уни ўтиб юборса (ёзилмайди)», дейилган.
Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида сиз билан биз умматларини мухлис мусулмон бўлишликка тарғиб қилмоқдалар. Чунки ўта мухлис мусулмон бўлмай туриб ҳеч ким ўз Исломнини чиройли қила олмайди. Ўтган ҳадисларнинг бирида, Исломнинг чиройли бўлиши, ичдан ҳам, устдан ҳам Исломнинг ҳамма талабларига жавоб бера оладиган бўлиш билан амалга ошишини ўрганган эдик.
Инсон ўз Исломини чиройли қилганда эса, катта ва улкан мукофотга сазовор бўлар экан. Бу мукофот эса, икки тарафлама бўлади:
1. Унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилар экан.
2. Унинг қилган ҳар бир ёмон амали ўз мислича, кўпайтирилмасдан ёзилар ёки Аллоҳ хоҳласа кечириб юборилар экан. Бу эса, албатта мўмин банданинг олий даражаларга эришишидан далолат беради.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар очиқ-ойдин кўриниб турибди. Фақат Исломимизни чиройли қилишга уринишимиз қолди, холос.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким, «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деса-ю, қалбида арпа донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади.
Ким, «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида буғдой дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади.
Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса-ю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар.
Абу Саъид:
«Ким шак қилса «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».
Шарҳ: Бу ҳадис Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда, у киши билан олдин танишганмиз.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда иймоннинг аҳамиятини, унинг катта-кичик бўлишини, охир-оқибат ўз эгасини дўзахдан чиқишига сабаб бўлишини баён қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деса, деганларидан «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни айтмаса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Одатда «Лаа илаҳа иллаллоҳ» бор жойда, албатта, «Муҳаммадун Расулуллоҳ» ҳам борлиги маълум ва машҳур бўлганидан гапнинг қисқаси айтиб қўйилган, холос.
Ушбу ҳадиси шариф калимаи шаҳодатнинг фазли ва аҳамияти нақадар улуғ эканини билдириш билан бирга «Калимаи шаҳодатни айтса бўлди, бошқаси ортиқча», дейдиган жоҳилларга қарши кучли ҳужжат ҳамдир. Чунки «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтган дўзахдан чиқади, деганларидан, ўша одам дўзахга тушиши маълум бўлади.
Демак, ким шаҳодат калимасини, айтиб иймонга кирса-ю кейин баъзи бир гуноҳларни қилса дўзахга кирар экан.
Мусулмонлар жумҳурининг иттифоқ қилишича, осий мўмин дўзахга тушади ва қилган гуноҳига яраша азобини тортади. Сўнгра дўзахдан чиқади. Дўзахга тушиш у ёқда турсину, жаннатга кириш учун бир оз кутиш катта хижолатга сабаб бўлади. Шундан кейин ҳам баъзи одамларнинг «бари бир дўзахдан чиқилар экану», деб баъзи гуноҳларни қилишни ўзига раво кўришини тушуниш қийин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шаҳодат калимасинининг улуғлиги.
2. Ким шаҳодат келтирган бўлса охир-оқибат дўзахдан чиқиши.
3. Шаҳодат сўзининг айтишнинг ўзи кифоя қилмай қалбда иймон бўлиши ҳам шартлиги.
4. Қалбдаги иймон заррача, буғдой ёки арпа донича ҳам бўлиши, яъни, жуда кичик бўлиши ҳам мумкинлиги.
5. Мўминлар ҳам осий бўлсалар дўзахга тушишади.
6. Гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) қилган мўмин кофир бўлмаслиги ва дўзахда абадий қолмаслиги.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан бир одам у кишига:
«Эй, Амир ал-мўминийн, китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар бизга, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, биз ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди. У (Умар):
«Қайси оят?» деди.
«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин, деб рози бўлдим», ояти» деди. Умар розияллоҳу анҳу:
«Биз ўша оят Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот Жума куни, Арафотда тик турган эдилар», деди».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан келмоқда. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, бу ерда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳам, амаллари ҳам йўқ. Лекин У зотнинг мазкур ояти карима нозил бўлган пайтдаги ҳолларининг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу томонидан қилинган васфи бор. Мана шу ҳам суннат ёки ҳадис, деб аталаверади. Ушбу ривоятнинг мўътабар ҳадис китобларида келганлиги бунга далил.
Бу ҳадисда ҳам диннинг фазли ҳақида, мусулмонларга бошқа дин вакиллари ҳам ҳавас билан қарашлари ҳақида сўз кетмоқда. Хусусан, мусулмонларга нисбатан ашаддий душманчилиги бор яҳудийлардан бундоқ гапнинг чиқиши, алоҳида эътиборга сазовордир.
Уламоларимизнинг аниқлашларича, ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида бу гапни яҳудийларнинг машҳур дин олимларидан Каъбул Аҳбор исмли киши, бир гуруҳ яҳудийлар ичида туриб айтган. У Қуръони Каримда бир оят борлиги, агар бу оят яҳудийларга нозил бўлганида, у нозил бўлган кунни байрам қилиб олишларини айтган. Бундан, яҳудийлар ўша оятда келган хабарни жуда улкан бир башорат, бундай башорат эълон қилинган кунни яҳудийлардан қадимий, илоҳий китоб эгаси, пайғамбарлар кўп чиққан миллатга байрам куни бўла олишини тушуниб етган чиқадилар. Каъбул Аҳбордан бу гапни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Қайси оят?» деди.
Яъни, ўша сизга тушганида, унинг тушган кунини байрам қилиб олмоқчи бўлган оят, қайси оят?» дедилар.
Каъбул Аҳбор:
«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин, деб рози бўлдим» ояти, деди.
Дарҳақиқат, ушбу оятда зикр қилинган улкан башорат мусулмонлардан бошқа ҳеч кимга насиб қилмаган. Ушбу оят нозил бўлгунча Аллоҳнинг дини мукаммал бўлмаган эди. Одам Отадан бошлаб аста-секин, бирин-кетин келаётган шариатлар, аҳкомлар билан ривожланиб келаётган эдию, макаммал бўлмаган эди. Ниҳоят Аллоҳнинг охирги китобидан ушбу оятнинг Аллоҳнинг охирги пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга тушиш билан, дин мукамал бўлди. Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига бераётган улуғ неъмати батамом бўлди. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига қиёмат қоим бўлгунча Исломни–дин, деб рози бўлди.
Ушбу улкан бахтга сазовор бўлишни ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм жумладан, яҳудийлар ҳам орзу қилар эди. Аммо, мазкур улуғ бахтни мусулмонларга, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига насиб этганини билиб уларга ҳавас қилдилар. Бу ҳавасни Каъбул Аҳбор ўзининг юқоридаги гаплари билан баён қилди. Бунга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Биз ўша оят Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот Жума куни Арафотда тик турган эдилар», деди».
Бу жавобда катта маъно бор. Ҳазрати Умар, сиз оят тушган кунни байрам қилмоқчи экансизлар. Биз сизлар қилмоқчи бўлгандан ҳам ўтказиб юборганмиз, деган маънода гапирдилар. Яъни, яҳудийлар ўша кунни хотирадан чиқармайдиган қилиш учун байрам куни, деб эълон қилишлари мумкин эди. Аммо мусулмонлар мазкур оят нозил бўлган кунни ҳам, жойни ҳам, ҳолатни ҳам абадий ёдлаб қолганлар. Хотирларидан асло чиқмайди. Ўша оят нозил бўлган куни, Жума куни, Арафот куни эди. Бу икки куннинг бири ҳафтанинг улуғ куни бўлса, иккинчиси сананинг улуғ кунидир. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу оятни қабул қилиб олиш ҳоллари энг улуғ ҳолатдир. Арафа куни, Арафот саҳросида, ҳажнинг энг улуғ рукнини адо этиб тик турган ҳолларида бўлганди. У зоти бобаракотнинг видолашув ҳажлари эди ўшанда. Ўша куни охирги марта Арафотда туришлари эди. Ояти карима Аср пайтида нозил бўлди. Эртасига Қурбон байрами бўлди. Саҳобалар динимиз мукаммал бўлса, ҳабибимизнинг боқий дунёга сафарлари яқинлашибди, деб йиғладилар. Ўшандан саксон бир кун ўтиб, анбиёларнинг хотими фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга сафар қилдилар. Ислом динининг мукамал бўлганлиги ўз кўзлари билан кўриб, хотиржам ҳолда, елкаларига юкланган буюк омонатни шараф билан адо қилиб бўлиб, кетдилар.
Ўша маъноларни яхши фаҳмлаб етган саҳобалари тез орада Исломни дунёга таратдилар. Улар Аллоҳнинг мукаммал дини, батомом неъмати, рози бўлган дини Исломдан бутун олам баҳраманд бўлиши учун қўлларидан келган хизматларини қилдилар.
Исломнинг қадрини билган авлодлар ундан ўзлари ҳам баҳраманд бўлдилар, ўзгаларни ҳам баҳраманд қилдилар. Аммо, бу мукамал диннинг қадрини билмаганлар, ўзлари ҳам баҳраманд бўла олмаёптилар, ўзгаларни ҳам шундай қила олмаяптилар. Бу эса, катта нуқсондир. Аллоҳнинг мукаммал динига мансуб бўла туриб, мукаммал неъматига эга бўла туриб, мусулмон бўла туриб Исломга амал қилмаслик, унинг таълимотлари бўйича яшамаслик катта бадбахтликдир.
Бу илоҳий ва охирги дин таълимотларини ўзгаларга етказмаслик улкан жиноятдир.
Исломнинг фазлини, Қуръони Каримдаги биргина оятнинг қадрини яҳудийлар ҳазрати Умарнинг даврида шунчалик тушуниб қадрлаган бўлсалар, бугунги кунда турли дин ва диёнатларга мансуб одамлар Исломга кираётганлари бежиз эмас. Улар Ислом туфайли икки дунё саодати топилишини тушунаётганлари беҳуда эмас. Ўз ичларидан чиққан уламолари ҳозирги мавжуд тузумлар ўрнига, албатта, Ислом келажаги ҳақида китоб ёзгани ҳам буюк Ислом ҳақиқатининг тантанаси яқинлигидан далолатдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга кириши, ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан ҳам танишиб чиқайлик:
Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ал-Ансорий ас-Саламий. Насаблари ансорларнинг ўртасидан бўлмиш Бани Саламадан. Оталари ва тоғалари билан Ақаба байъатининг иккинчисида бирга бўлганлар. Бу байъатда ансорлардан етмиш киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ғалаба қозонтириш ва динлари бўлмиш Исломни ер юзига ёйишга аҳд қилиб байъат беришган.
Жобир розияллоҳу анҳу Бадр ва Уҳуд жангларидан ташқари, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган барча жангларда қатнашгандилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ўн тўққизта жангда бирга бўлдим. Бадр билан Уҳуддагина отамнинг монеъликлари сабабли иштирок этмадим. Отам вафот этганларидан кейин, бирон-бир жангда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан қолганим йўқ», дейдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ саҳобаларнинг ичида кўп ҳадис ривоят қилганларнинг олтинчиси бўлиб, 1540 та ҳадис ривоят қилганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ Миср ва Шомга борганларида, одамлар у кишидан кўп илм ўрганишлар эди. Шунингдек Мадинаи Мунавварадаги Масжид ун-Набавийда ҳам илм ҳалқалари бўлиб, унда тўплаганлар у кишининг илм ва тақволаридан кўп нафланардилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ 74-ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада вафот этдилар. Жанозаларини Онзаак шаҳрининг волийси Абон ибн Усмон ўқидилар.
Ушбу ҳадиси шарифда ҳам олдингиларига ўхшаб тавҳиднинг фазли, ўз эгасига берадиган улкан самараси ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир одам келиб икки вожиб қилувчи сифат ҳақида сўради.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди.
Яъни, иккки сифат бор экан. Улар икки нарсани вожиб қилар экан. Шу икки сифат бўлса, ортидан икки нарса келмаса бўлмас экан, ўша икки сифат қайси? демоқчи бўлди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва қониқарли жавоб бердилар:
1. «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолида ўлса жаннатга кириши» вожиб.
Яъни, биринчи сифат Мувваҳҳид – Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш. Бу сифат жаннатга киришни вожиб қилади. Бунга эга бўлган одам жаннатга кирмай қолмайди. Гуноҳига яраша дўзахда ётгандан кейин бўлса ҳам жаннатга киради.
2. «Ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши» вожиб.
Ундай одам дўзахга кирмай қолмас. Чунки Аллоҳ таоло ўзига ширк келтиришни асло кечирмаслигини қатъий равишда таъкидлаган.
Ушбу ҳадисдан тавҳиднинг – Аллоҳга ширк келтирмасликнинг - қанчалар улуғ бахт эканини билиб олдик. Шунингдек, ширкнинг қанчалар бадбахтлик эканини ҳам англаб етдик. Шундай экан, Муваҳҳид бўлайлик, мушрик бўлиб қолмайлик!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки қилмасалар, ўзи-ўзига сўзлаганини кечиб юборди», дедилар».
Икки ҳадисни Имом Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Аллоҳ таоло томонидан ўз умматларига қилинган катта фазлу карам ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу мусулмон одамнинг маъсият (гуноҳ) қилиш ҳақида ичида ўз-ўзига сўзлаб туриб, ташида гапирмай, ўша маъсиятни амалга оширмай қўйса кечиб юборишдир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа юқоридаги нарса учун ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига лутфи-марҳамат кўрсатиб, улардан бу нарсани кечиб юборди. Бу ҳам Ислом дининг афзалликларидандир.
Ислом дини ёмонликнинг умуман юзага чиқмаслиги тарафдори эканини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳадиси шариф ҳар бир кишига улкан руҳий-маънавий таъсир ўтказиши турган гап. Инсончилик–гоҳида баъзи бир ёмон ишларни қилишни одам ичидан ўтказиши ёки ўзича гапириши мумкин. Кейин эса, уни ташида ҳам айтиши мумкин. Ташида айтиши эса ёмонлик томон қўйилган амалдир. Ундан кейин яна бир қадам босилса, ёмонлик амалга ошади.
Шунинг учун ёмонликни умуман юзага чиқармай туриб йўқ қилиш керак. Гарчи банда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаган бўлса ҳам Аллоҳ уни кечириб юборади, ёмонлик унинг номаи аъмолига ёзилмайди. Бу билан инсонни ёмонликдан унинг бошланғич давридаёқ қайтариш чораси кўрилмоқда.
Демак, баъзи вақтларда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаш ҳоллари юзага келса, дарҳол ушбу ҳадиси шарифни эслаб, ичдаги сўзни гапирмаслик ва унга амал қилмасликка урунишимиз керак.
Дунёнинг деярли ҳамма юртларида жиноятнинг олдини олиш бўйича илми нафс (психология) мутахассислари тайёрлашга катта куч ва маблағ сарфланиб қанчадан-қанча оворагарчиликлар бўлмоқда. Исломда эса, бу муаммо аллақачон ҳал этиб бўлинган.
Бухорий қилган таълийқда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга энг маҳбуб дин, ҳанифлик (ботилдан ҳаққа мойил), осон диндир», дедилар».
Шарҳ: Имом Бухорий гоҳида ҳадиснинг ровийсини зикр қилмай, тўғридан-тўғри Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламга етиштириб келтирадилар. Буни «таълийқ» дейилади. Ушбу ҳадис Имом Бухорийнинг таълийқларидандир.
Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг маҳбуб дин-шариат ҳақида сўз кетмоқда. Шунингдек, диндаги энг маҳбуб ҳислат ҳақида сўз кетмоқда, десак ҳам бўлади. Бу нарса ҳанифлик ва осонликдир. Луғатда, «Ҳанифлик», деб, ботилдан ҳаққа мойил бўлишга айтилади.
Албатта, бу сифат Исломда мужассам бўлгандир. Шунингдек, осонлик сифати ҳам, Ислом динида мавжуддир. Қадимда, Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати «ҳаниф миллат» деб аталган. Чунки, у зот бутларга чўқинишдан Аллоҳга ибодат қилишга мойил бўлганлар. Кейинчалик, араблар хатна қилдириб, ҳаж ибодатини адо этган одамни «ҳаниф» деб атайдиган бўлишган.
Диннинг осон бўлиши эса, унда тазйиқ ва тангликнинг йўқ бўлишидир. Бу, албатта, фақат Ислом динида ўз аксини топган. Исломда ботилнинг турли кўринишларидан ҳаққа тамомийла мойил бўлиш бордир.
Ислом шариати, энг осон шариатдир. Унда бандаларга танглик, қийинчилик йўқдир. Шариат ҳукмларининг барчаси, фақат бандаларга осон ва улар учун манфаатли бўлишини кўзлаб жорий қилингандир.
Шунинг учун, Ислом шариати Аллоҳнинг ҳузуридаги энг маҳбуб шариатдир. Унга амал қилган одам ботилдан ҳаққа мойил бўлади. Бу шариатга амал қилган одам осон, енгил шариатга амал қилган бўлади.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У кишини таржимаи ҳоллари билан танишайлик:
Исмлари Абдуллоҳ, оталари Аббос ибн Абдулмуталлиб, оналари Умму Фазл Лубоба бинти Ҳорис. Ҳижратдан уч йил олдин Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни Макка тоғларида модий ва маънавий қамалда ушлаб турган бир пайтда дунёга келдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Роббим, Абдуллоҳ ибн Аббосга ҳикматни ўргатгин», деб дуо қилганлар.
Ибн Аббос ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни, ўзлари ҳақларига кўп дуо қилаётганларини кўргач, илм учун туғилганларини билдилар ва илм ўрганишга киришдилар. Ёш бўлишларига қарамай, кўп оят ва ҳадисларни ёд олдилар.
Кишилар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ибн Аббос, шу умматнинг илм денгизидир», деган сўзларига кейинроқ шоҳид бўлдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Ибн Аббос 13 ёшда эдилар. У зот агар ҳадис ёдлаган кишини билиб қолсалар, дарҳол шу одамнинг уйида пайдо бўлардилар.
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ айтадилар:
«Ибн Аббос инсонлардан кўп хислатларда ўзиб кетди. Илмда у кишига етадигани йўқ эди. Фиқҳда доимо у кишини фикрига суянилар эди. Ҳалимликда ва насабда у зотга тенг келинмасди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини у кишидан яхши биладиган ёки халифаларнинг қозилик ишларини у кишидан кўра яхшироқ англайдиган киши топилмас эди».
Ибн Аббос нафақат ҳадис илми, балки Қуръон, фиқҳ, араб шеърлари таъвилларидан ҳам воқиф эдилар. У кишининг эшиклари доимо илм истаб келувчилар билан гавжум эди.
Ибн Аббос ҳаммаси бўлиб 1660 та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобаларнинг бешинчиси бўлганлар.
Ибн Аббос ҳижратнинг 68 йили 71 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан лутфу марҳамати ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши ўз ихтиёрисиз содир этган гуноҳлар учун жавобгар эмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор эканлиги ёки айбдор эмаслигини аниқлашда катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида, Аллоҳ таоло У зотнинг умматларидан уч нарсани ўтиб юборгани ҳақида баён бермоқдалар.
1. Хато – бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш.
Мисол учун бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилингани аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда, инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки, бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Мисол учун хато туфайли бировни ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганганидек, ҳайвонга отилган ўқи одамга тегиб кетса, уни қасос учун ўлдирилмайдию, лекин хун тўлайди.
2. Унутиш яъни, ёдидан кўтарилиб–эсидан чиқиб қолиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш.
Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичса-ю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли модий зарар етказилса тўланади. Унутишда амр бажарилмаган бўлса, эслаш билан дарҳол бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.
3. «Мажбур қилинган нарса».
Яъни, бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбур қолган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкори азим бўладилар. Мажбур қилиб рўзанисини очириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш, аёлларнинг ҳижобини олдириш ва бошқалар, шунга киради.
Шу билан бирга мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.
Буларга қўшимча равишда, бошқа ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни, бир киши намоз вақтида ухлаб қолса, уйғонганда ўқиб олади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Исломнинг осонлик дини эканлиги.
2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан лутф марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа ҳаққи бор эди. Аммо, бандаларига оғирлик хоҳламаганидан кечиб юборди.
«ДИННИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА»
БОБИГА ХОТИМА
Муаллиф бу бобда ўн бир ҳадис келтирдилар. Бу – Исломнинг фазилатлари ҳақида ўн биттагина ҳадис бор экан, дегани эмас. Исломнинг, унинг рукнларининг ва аҳкому таълимотларининг фазилати ҳақида ҳадислар жуда ҳам кўп. Бу ҳадислар ҳаммаси ўз ўрнида келади.
Ушбу биз ўрганаётган ҳадислар «Ислом ва иймон китоби» номли мавзуга дахлдор бўлганидан, умумий маънодаги, асосан, иймоннинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар келтирилди. Бунинг устига муаллиф маълум китобларни ўзига чегара қилиб олганлар. Агар умуман оладиган бўлсак, Ислом дини фазилатларини васф қилишга ҳар қандай тил ожиз, уни ёзиб адо этишга ҳар қандай қалам ноқисдир. Дунёда нима фазилат, нима яхшилик бўлса, бари Исломдадир.
Мазкур ўн бир ҳадисдан олтитаси иймоннинг фазилатлари ҳақидадир, иймони бор одам жаннатга кириши шак шубҳасиз экани ҳақидадир. Бу масала, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўпчиликнинг адашув нуқтаси бўлгани учун алоҳида тўхталиб ўтдик. Аслини олганда ўша кўпчилик ушбу ҳадисларда келган маъно туфайли адашмайди. Балки, ўз залолатини, дангасалигини ва жаҳолатини ушбу маъноларни нотўғри таъвил этиш орқали ҳаспўшлашга уринади.
Ушбу бобнинг ҳадисларини ўрганиш давомида калимаи шаҳодатни айтса бўлди, деган гапнинг ботил эканини ўргандик. Яна қисқача эслаб ўтайлик:
1. Тавҳид калимасини айтган жаннатга кириши ҳақидаги ҳадислар бошқа рукн ва ҳукмлар жорий қилинмай туриб, фақат битта рукн билан иш кўрилаётган пайтда айтилган.
2. Бошқа ҳадисларда тавҳид калимасига қалбида заррача бўлса ҳам иймони бўлиши, яна бирларида Аллоҳга ибодат қилиши ҳам шарт қилиб қўйилган.
3. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида, кўплаб ҳадиси шарифларда гуноҳ қилган мўминлар дўзахда жазоланиши айтилган.
4. Агар калимаи шаҳодатни айтишнинг ўзигина кифоя қилса, бошқа рукнларни ва аҳкомларни жорий қилиш, Қуръоннинг кўп қисми, ҳадисларнинг асосий қисми, Пайғамбаримизнинг ўзлари қилган ибодатлар, саҳобаларнинг ва жумҳури мусулмонларнинг қилиб келаётган ибодатлари беҳуда бўлар эди. Бу эса, мутлақо мумкин бўлмаган нарса.
5. Иймон-шаръий маънода сўз, тасдиқ ва амалдан иборат экани маълум ва машҳур. Шунинг учун ким тили билан тавҳид калимасини айтса-ю, дили билан тасдиқ қилмаса, иймони иймон бўлмайди. Ким тавҳид калимасини тили билан айтиб, дили билан тасдиқ қилса-ю, унинг тақозоси бўйича амал қилмаса, иймони комил бўлмайди.
6. Юқоридагиларни эътиборга олган уламоларимиз, ким «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтгандан кейин ва унинг тақозоси бўйича амал қилса, деган тақдирий шартнинг маъноси ҳам бор, дейдилар.
7. Мазкур маънодаги ҳадислар, тарғибот ва ташвиқот маъносида келган. Бундай ҳолда, асосий мақсадни бўрттриб кўрсатилиши ҳаммага маълум.
8. Қуръон ва суннатдаги минглаб оят ва ҳадисларда бошқа рукн ва аҳкомларга амал қилиш зарурлиги, қилмаган гунаҳкор бўлиши, дўзахга тушиши айтилган. Фаразан, мазкур ҳадислар, мазкур жоҳиллар айтаётган маънони англатади, десак ҳам, нима учун минглаб оят ва ҳадисларга амал қилмай, бир неча ҳадисларга амал қилиш керак экан?!
9. Ўтган улуғлардан бирортаси ҳам, мазкур қабиҳ фикрни айтмаганлар.
10. Ўтган улуғларнинг барчалари Ибн Шиҳоб аз-Зухрий розияллоҳу анҳуга ўхшаб, «Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтса, жаннатга киради» маъносидаги ҳадислар Исломнинг дастлабки даврида бошқа рукн ва аҳкомлар жорий бўлмай туриб айтилган», дейишган.
11. Муҳаддисларимиз мазкур маънодаги ҳадисларни, иймоннинг фазилати, тавҳид, иймонни зиёда ёки ноқис бўлиши ва жаҳаннамнинг сифати каби бобларда келтирганлар. Улардан ҳеч бирлари, тавҳид калимасини айтиш кифоя қилиши, бошқа нарсаларнинг кераги йўқлиги ҳақида боб очган эмас. Чунки, бундай нобакор, бемаъни фикр уларнинг хаёлига ҳам келмаган. Ушбу манфур фикрдан қутулмоқ жуда ҳам зарур. Кишиларга бу нарсани яхшилаб тушунтириш лозим. Ўзига олимлик нисбати бериб юрганлар ҳам, Аллоҳдан қўрқишлари керак. Бу масалани билмасалар яхшилаб ўрганишлари лозим. Нобакорларга нотўғри фатво бериб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам гунаҳкор қилмасликлари керак. |