Нархни чегаралаш ва эҳтикор жоиз эмас Принтер учун
06.10.2009 й.
islom.uz
«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади. «Эҳтикор» (монополия) деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди, бизга нархни белгилаб беринг», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳнинг Ўзи нарх белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбарў бўлишни хоҳлайман», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Қимматчилик кўпчиликни ташвишга тушириб қўяди. Чунки бундоқ иқтисодий ҳолат кўпчиликка зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма ўзича бу ҳолатдан чиқишнинг йўлларини ўйлай бошлайди. Энг содда, энг осон ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора, бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб кўринади. Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилиб келганларида ҳам маъқул кўрмадилар? Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Пайғамбари ўлароқ, ҳеч бир нарсага юзаки қарамас эдилар.
Нархни чегаралаб қўйиш вақтинчалик фойдали кўрингани билан алдамчидир ва аслида зарар келтиради. Аввало, нархни чегараланганидан зарар кўрган тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл-юртга бошқа томондан ризқ келишини ман қилиш билан баробардир.
Кейин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз сарф-харажатлари чегараланган нарх туфайли қопланмай қўйгани учун ишлаб чиқаришни тўхтатадилар. Секин-аста деҳқонлар, ҳунармандлар ва бошқа тоифаларда ҳам рағбат йўқолиб, маҳсулдорлик пасаяди, ишлаб чиқариш таназзулга кетади.
Айниқса, бу ишга эҳтикор – монополия аралашса, яна ҳам ёмон бўлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир одам қандайдир маҳсулотни етиштирса, унинг ҳақиқий нархини билса, аммо кимдир унинг етиштирган нарсасини ҳақиқий нархидан бир неча марта оз нархга мажбуран қўлидан тортиб олиб, бир оздан кейин ўша нарсани ўзи билган нархда сотса, қандоқ қилиб ҳалиги одам ўз ишига рағбат қила олади?! Бу нарса ўтакетган зулм эмасми?!
Ана шу зулм туфайли қанчадан-қанча бой-бадавлат эллар ва юртлар хонавайрон бўлади. Фақирлик, мискинликка юз тутади.
Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархга сотса, яхши бўлади.
Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.
Яхши ва сифатли нарса юқори баҳоли бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарса паст баҳоли бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади.
Шунинг учун ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга уринганидан сўнг юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.
Ҳадиси шарифда, албатта, Аллоҳнинг Ўзи нарх белгиловчидир, дейилишининг маъноси шундай.
Бу ҳол баъзи бир кишилар ўзларича нархни сунъий равишда ошириб кўпчиликка зарар етказаверса ҳам майли, дегани эмас. Унга яраша алоҳида чоралар бор. Буни эҳтикорга қарши чораларни ўрганган чоғимизда билиб оламиз.
Аммо оддий ҳолларда нарх чегараланмайди. Сотувчиларга ноинсофлик қилмаслик, нархни арзон қилса баракали бўлиши ҳақида доимо тушунтириш олиб бориб турилади.

Муъаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Луғатда ушлаб туришга «эҳтикор» деб айтилади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархни ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «эҳтикор» деб айтилади.
Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади.
1. Ўзи етиштирган нарсани ушлаб туриш эҳтикор эмас.
2. Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас.
3. Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлса-ю, нархни сунъий равишда орттириш мақсадида ушлаб турса, эҳтикор бўлади.
Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.
Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар.
Эҳтикор ҳақида юқоридаги мазкур ҳадисдан бош¬қа бир қанча ҳадислар ҳам келган, улардан баъзиларини зикр қилсак, мавзуни яна ҳам очиқроқ тушунишимизга ёрдам берса, ажаб эмас.
Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким, Дора Қутний ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таомни қирқ кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳдан воз кечган, Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар», деганлар.
Баъзилар айни ушбу ҳадисга суяниб, эҳтикор фақат таомда бўлади, дейдилар. Лекин жумҳур уламоларимиз эҳтикор ҳақидаги ҳадислар кўп, улардан фақат битта ҳадисда таом зикр қилинган, бу эса эҳтикор фақат таомда бўлади, дейишга асос бўла олмайди, дейдилар.
Бошқа ҳужжат ва далиллар ҳамда воқелик эҳтикор таомдан бошқа нарсаларда ҳам бўлишини кўрсатади. Шу билан бирга, таомни нархини ошириш учун сотиб олиб, қирқ кун ва ундан кўп ушлаб туриш эҳтикор бўлиб, катта гуноҳ эканини айни мана шу ҳадисдан билиб оламиз.
Банда учун Аллоҳ ундан юз ўгиришичалик катта бахтсизлик йўқ. Кўпчилик таомнинг нархини сунъий равишда ўстириш учун эҳтикор – монополиячилик билан шуғулланадиган кимсалар бу ҳақиқатни тушунишлари ҳамда бу ҳаром ишларидан тезда воз кечишлари лозим.
Имом Ибн Можа, Доримий ва Байҳақийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жалб қилувчи ризқлантирилгандир. Эҳтикорчи лаънатлангандир», деганлар.
«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш яхши иш. Уни қилган одамнинг ризқи улуғ бўлади.
Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни орттирувчи – монополиячи эса малъундир. Чунки у кўпчиликни ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа жойдан савдо моли олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган ҳаромхўр кимсадир.
Имом Аҳмад Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мусулмонларга нархни орттириш учун бирор эҳтикор қилса, хатокордир», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта ўтга ўтказмоғи ҳақ бўлади», деганлар.
Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлар экан.
Ҳозирги даврда нарх ортишининг асосий омилларидан бири эҳтикор—монополия десак, ошириб юборган бўлмаймиз.
Ҳозир эҳтикорчи—монополиячи шахслар, мафия¬лар, ширкатлар, халқаро ширкат ва бошқа тарафлар турли йўллар билан нархларни сунъий тарзда ошириш, бозорда фақат ўз молини қолдириб, у молни қандоқ бўлишидан қатъи назар энг юқори нарх¬да сотиш йўлларини қидиришмоқда.
Бунинг учун катта-кичик бозорлардаги молларни сотиб олиб, ўз нархини қўйиб сотиш, бозорга зўравонлик йўли билан ўзидан бошқани йўлатмаслик, турли қонунлар чиқариш каби чораларини ишга солишмоқда.
Майда безори эҳтикорчилар бозордаги бегона сотувчини қисиб чиқариш, унинг молини тортиб олиш ёки арзимаган баҳога олиб, қимматга сотиш билан шуғулланишмоқда.
Эҳтикорчи ширкатлар эса пора бериб ва турли ҳаром йўлларни ишга солиб ўз молини бошқалар ишлаб чиқармаслиги, бошқа юртдан олиб келиб сотмаслиги ҳақида қонун ва қарорлар чиқартириб олишлари мумкин. Шунинг учун ҳам баъзи юртларда эҳтикорга қарши антимонополия муассасалари ишга солинган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz