Қимор Принтер учун
07.10.2009 й.
islom.uz

Араб тилида муомала қилиувчиларга хатари бор ҳар бир муомалага қимор дейилади. Бошқача қилиб айтганда ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор дейилади.

Аллоҳ таоло қиморни Қуръони Каримда ёмонлаган:
«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз» (Бақара. 129).
Демак, Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган.
Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алаҳиссаломга:
«Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда.
Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ эканлиги аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. Хамр сотиб пул топишни, улар манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган.
Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда. Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак. Эслашимиз керакки, ақлни тўсувчи ҳар бир нарсага хамр дейилади. Унинг номи турлича бўлиши мумкин, пиводан тортиб морфи ва бошқалари ҳам, ҳаммаси ҳаром.
Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам хамрга ўхшаб тури кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтирмоқда, уларнинг барчаси ҳаром.
Ояти кариманинг охирида:
«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».
Демак, керакли нарсаларни Аллоҳ баён қилиб берган, тафаккур қилиб, ўша баёндан фойдаланиш банданинг иши.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида қиморни қаттиқ қоралаган:
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (90-оят).
«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг муродифи «майсир» сўзи келтирилган. Бу эса, осонлик билан мол топиш маъносини билдиради. Яъни, қиморнинг ҳақиқий маъносига далолат қилади.
Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтса бўлади. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб бир хил баҳо бермоқда.
«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда.
Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:
«Бас, ундан четда бўлинг», демоқда.
Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда.
Кейинги оятда эса, хамр билан қиморнинг ушбу суранинг сиёқига мос келадиган равишда зарарларини ҳам эслатиб ўтмоқда:
«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!» (91-оят).
Юқорида ўтган оятларда аввалги умматларнинг ҳалокатига уларнинг ораларига тушган адоват ва ёмон кўришлик ҳам сабаб бўлгани эслатилган эди.
Бундай ўзаро адоват ва ёмон кўришлик мусулмонлар орасида ҳам пайдо бўлишига хамр билан қимор сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Қимор зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват ва ёмон кўришлик солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқа ва бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди.
Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.
Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, ароқхўрнинг эсидан чиқади.
Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.

Жаъфар ибн Абу Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Меникига Саъийд ибн Жубайр тушди. Бас, у қуйидагиларни айтди:
«Ибн Аббос менга айтдики: «Туялар қиморбозлари қани?» дейилар эди. Бас, ўн киши тўпланар эди. Улар биттадан бўталоқ сотиб олиб тўплашарди. Сўнг чўпларни айлантиришарди. Тўққизтасига чиқарди. То биттаси қолгунча шундай қилишарди. Бошқалар биттадан туя ютқазар эди. Мана шу майсирдир
».
Шарҳ: Ровийнинг уйига улуғ тобеъинлардан, илми, шижоати, Исломга хизмати билан шуҳрат топган инсонлардан бири Саъид ибн Жубайр келиб, шундай деган экан: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга бир гапни айтиб берганлар: «Қадимги пайтларда «Қани, туялардан қимор ўйнайдиганлар борми?» деб чақиришар эди, ўн киши тўпланишар эди. Уларнинг ҳар бири биттадан бўталоқ сотиб олиб, ўртага тўплашар, сўнг тўққизта чўп олиб, уни тортишар, ким тортса тортиб, улгурмаган одам қолиб кетарди. Қолган одам ютқазган ҳисобланиб, ўйиндан чиқарди. Кейинги сафар чўплар биттага камайиб бориб, охирида бир киши ўша ўнта туяни ютиб оларди».
Бу нарса Исломда ҳаром қилинган. Бировнинг пулини меҳнатсиз, ўйнаб ўтириб ютиб олиш ҳаромдир.

Ибн Умар айтди:
«Майсир қимордир».
Шарҳ: Арабларда «майсир» деган сўзнинг «қимор» маъносини англатиши таъкидлаб қўйилган экан.

ХЎРОЗ ҚИМОРИ

Робийъа ибн Абдуллоҳ ибн Ҳудайр ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Умарнинг даврида икки киши икки хўрозла қимор ўйнашди. Умар хўрозларни ўлдиришга буюрди. Шунда ансорийлардан бир киши «Тасбеҳ айтиб турган умматни қатл қиласанми?» деди. У уларни тарк қилди».
Шарҳ: Демак, хўроз уриштириш ўша пайтларда ҳам бўлган экан. Бунинг ёмон иш, қимор эканлиги ва ҳаром эканлиги туфайли ҳазрати Умар қиморвозларни жазолаганлар. Ҳатто аччиқ устида улар уриштираётган хўрозларни ҳам ўлдириб юборишга буюрган эканлар.
Саҳобалардан бирининг қарши фикри билангина бу қарорларидан қайтибдилар.

ШЕРИГИГА КЕЛ СЕН БИЛАН ҚИМОР ЎЙНАЙМАН ДЕГАН ШАХС

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким қасам ичса ва қасамида Лот ва Уззо билан қасам деса, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» десин.
Ким ўз соҳибига «Кел, сен билан қимор ўйнайман, деса, садақа қилсин», - дедилар
».
Шарҳ: Лот ва Уззолар жоҳилий арабларнинг бутлари бўлган. Улар билан қасам ичган мўмин иймондан айрилиб қолар экан. Бир калима билан диндан чиқиб кетган киши дарҳол калимаи шаҳодатни айтиб, иймонини янгилаб олиши зарур экан. Акс ҳолда диндан чиқиб, бутга сиғинган ҳисобланади.
Қимор ўйнашни таклиф қилган киши ҳам ҳали ўйнамаган қимори учун гуноҳкор бўлиб, каффорот бериши вожиб бўлар экан. Шундагига ўша гуноҳи ювилади.
Қимор шу даражада оғир гуноҳ эканки, уни ўйнаймиз, деган гапнинг ўзи каффоротни тақозо қиладиган гуноҳ ҳисобланар экан.
Бунда қимор ўйнамоқчи бўлган пулни садақа қилиш кўзда тутилган. Зинҳор қимордан ютиб олган пул эмас. Қимордан ютилган пул ҳаромдир. Ҳаромни садақа қилиб бўлмайди. Ундай пулни кимдан ютиб олса, ўша шахсга қайтариб бериши керак. Унинг ўзини топмаса, меросхўрларига беради. Меросхўрлари ҳам бўлмаса, камбағал кишига ўша пул эгаси номидан беради.

КАПТАР ҚИМОРИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Абу Ҳурайрага:
«Биз икки каптарга уларга пул тикамиз. Иккисининг орасига ҳалолловчи қўшмаймиз. Чунки ҳалолловчи уни(соврунни) олиб кетишидан қўрқамиз», деди.
Шунда Абу Ҳурайра:
«Бу ёш болаларнинг иши. Уни тарк қилинглар», деди
».
Шарҳ: Демак, каптар учиришда ҳам, бошқа ишда ҳам ўртага пул тикилса, қиморга айланиб, Исломда манъ қилинган, ношаръий амал бўлиб қолар экан.
Бу ривоятдаги «ҳалолловчи» мазкур мусобақани ҳаром бўлган қимор шаклидан чиқариб, ҳалол мусобақага айлантириши кўзда тутилган шахсдир.
Икки киши пул тикиб, каптар учриб мусобақа қилсалар қимор бўлиб қолади. Аммо улар ўзларига яна бир кишини қўшиб уч киши бўлсалар, бу иш қиморликдан чиқиб соврунли мусобақага айланади. Ҳалолловчи ютса, совруннинг олади. Ютқазса ҳеч нарса бермайди.
Уламолар мазкур «ҳалолловчи»нинг ҳайвони аввалги икки кишининг ҳайвонига тенг бўлиши, ютиш ёки ютқазиш эҳтимоли баробар бўлиши шарт деганлар. Агар унинг ютиши ёки ютқазиши аниқ билиниб турса, жоиз эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz