Валийма ҳақида Принтер учун
07.10.2009 й.
islom.uz

Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб ўтказиладиган маросимни валийма дейилади. Ақиқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила ўтказиладиган зиёфатлар ҳам валийма, деб аталади.

Аллоҳ таоло: «Қачон даъват қилинсангиз кирингиз. Бас, қачон таомлансангиз тарқалингиз», деган (Аҳзоб, 53).
Шарҳ: Ушбу ояти каримада валиймага даъват, унда таом ейиш ва ундан тарқалиб кетиш ҳақида сўз кетмоқда. Демак, валийма ва унинг одоблари Қуръони Каримда зикр этилган. Бу алоҳида эътиборга сазовор ишдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз валиймага даъват қилинса, унга борсин», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги ва бошқа ҳадислардаги валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш ҳақидаги амрни уламоларимиз турлича таъвил қилганлар.
Аввало, никоҳ тўйидан бошқа валиймага даъват қилинганда бориш вожиб эмас, деганлар.
Никоҳ тўйи валиймасига даъват қилинганда бориш эса, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий маз-ҳаби бўйича, фарзи айн ҳисобланади.
Шофеъий ва Ҳанбалийларнинг баъзилари ни-коҳ тўйи валиймасига қилинган даъватни қабул этиб, унга бориш фарзи кифоя, деганлар.
Ҳанафий мазҳабида эса, номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир.

Бухорийнинг ривоятида:
«Асирни озод қилинг, даъватчига ижобат қилинг ва беморни кўргани боринг», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мусулмонлар ўзларининг бир-бирлари билан бўладиган ижтимоий алоқаларида алоҳида эътибор беришлари лозим бўлган энг муҳим учта масала зикр қилинмоқда;
1. Асирни озод қилиш.
Мусулмонлардан бирор кишининг асир тушиб қолиши қолганлар учун мусибатдир. Озодликдаги барча мусулмонлар ўша асирни озод қилиш учун ҳаракатда бўлмоқлари вожиб бўлади. Бу уларнинг бошга оғир иш тушганда бир-бирларига ёрдам беришга шошилишлари жумласидандир. Шу билан мусулмонларнинг ижтимоий алоқалари яхшиланади. Шу билан бир-бирларига нисбатан масъулиятлари ортади.
2. Валиймага қилинган даъватга ижобат қилиш.
Валийма–бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабати ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон киши Аллоҳ таоло томонидан унга берилган бир неъматга шукр маъносида дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни чақиради. У шу билан ўша неъмат, ўша сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам уларни чақиради. Шунинг учун ҳам ундоқ даъватни қибул қилиш лозим. Шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, ҳамжиҳатлик кучаяди.
3. Беморни кўргани бориш.
Бу ҳам мусулмонлар орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайдиган, муҳаббат ришталарини пишиқлайдиган омиллардан биридир. Беморнинг кўнгли нозиклашиб, бировнинг далдасига, дуосига, ҳол сўрашига интиқ бўлиб қолади. Ана шундоқ пайтда мусулмон кишилар уни бориб кўрмоқлари, ҳолини сўрамоқлари, ҳақига дуо қилмоқлари матлубдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таомнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам даъват этиладиган валийма таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур», дедилар
».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дер эдилар.
Икковини учовлари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳо-жатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб, менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса бахтиёр бўлар эдим, деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи киши ҳам кимларни чақиришни билиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушади. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ.
Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб ёлборамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.
Аввал билмасак, энди билиб олдик. Бундан бу-ён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб, валийма–зиёфатларимизга камбағалларни даъват қилишни унутмайлик.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валийма даъватини қабул қилиб, бунга бориш вожиб эканини англатади. Чунки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.

Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким даъват қилинса-ю, ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бў-лур. Ким даъват қилинмасдан кирса, ўғри ҳолида кириб, ғарот қилувчи ҳолида чиқур», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда чақирилган жойдан қолмаслик ва чақирилмаган жойга бормаслик ҳақида сўз кетмоқда.
Айтилган валиймага бормаслик Аллоҳ таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осийликдир.
Айтилмаган жойга боришлик эса ўғрилик ва босқинчилик кабидир. Ундоқ одам валиймага даъват қилинмагани учун унга кираётиб, биров кўриб қолмасин, деб ҳудди ўғрига ўхшаб писиб-беркиниб киради. Қайтиб чиқаётиб эса, ҳудди ғарот қилиб, куч билан бировнинг нарсасини тортиб олган одамдек гердайиб, кекириб чиқади. Шунинг учун айтилмаган жойга бормаслик керак.

Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб:
«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим», деди.
У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у Зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:
«Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.
«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у
».
Термизий ва икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Абу Шуъайб розияллоҳу анҳунинг зийракликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳрибонликлари. Улуғ кишиларнинг атрофларидаги одамлар ана шундоқ бўлишлари лозим.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа кишилар мулоҳаза қиладиган даражада оч қолишга дучор бўлган кунларни ҳам бошларидан кечирганлари.
3. Уйда таом тайёрлаб оч қолган кишиларни таомлантириш савобли иш экани.
4. Даъват қилинмаган одам валийма бор жойга бормагани маъқул экани, борса ҳам алоҳида изн сўраб, кейин кириши лозимлиги.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак одоблари. Аввало, эргашган одамга сен қол, демадилар. Сўнгра Абу Шуъайб розияллоҳу анҳудан чақирилмаган кишига изн беришни сўрадилар.
Ҳар бир мусулмон киши ушбу одобларга эътибор бериб, ўрганиши, уларга амал қилиши зарур.

Сунан эгалари ривоятида:
«Биринчи кун таоми ҳақдир. Иккинчи кун таоми суннатдир. Учинчи кун таоми сумъатдир (эшитсин учундир). Ким биров эшитсин, деса, Аллоҳ уни эшиттиради», дейилган.
Шарҳ: Биров валийма қилса, биринчи кунгиси ҳақ бўлиб, унга даъват қилинганлар бориши вожиб. Агар жой етишмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра валиймани икки кунлик қилса, иккинчи кунгиси суннат бўлади. Биринчи куни борганлар иккинчи куни боришлари суннат бўлади. Агар валиймани икки кундан кўп қилиб, учинчи кунга ҳам ўтказиб юборилса, хўжакўрсин ва риёкорлик бўлади. Унга бориш ҳам макруҳ ҳисобланади.

Абу Довуд ва Аҳмаднинг ривоятида:
«Қачон иккита даъват қилувчи жамланиб қолса, эшиги яқинроғига ижобат қил, чунки икковларидан эшиги яқинроғи яқинроқ қўшнидир. Агар бирлари олдин айтган бўлса, олдин айтганига ижобат қил», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда икки жойга бирдан даъват бўлиб қолганида қайси бирига бориш кераклиги ҳақида иршод этилмоқда.
Бир вақтда икки валийма бўлса, қайси бирининг соҳиби олдин айтса, ўшанга бориш керак. Кейин айтганига узр айтиб, бошқа жойга айтилганлигини баён қилиш керак. Айтувчи одам ҳам буни тушунмоғи, аввал айтган жойга бориш зарурлигини англаб етмоғи керак.
Агар икки жойга бир вақтда айтилса, яқинроқ қўшниники афзал бўлади. Шунингдек, яқинроқ қариндош ёки аҳли фазл одам ҳам илгари сурилади.

НИКОҲ КЕЧАСИ ВАЛИЙМАСИ ҲАҚИДА

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўз биродарини никоҳ кечасигами ёки шунга ўхшаган нарсагами даъват қилса, у ижобат қилсин», дедилар
».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳ кечасини тилга олиб, номлаб айтишлари унинг бошқа валиймалардан кўра аҳамиятли эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз никоҳ валиймасига алоҳида эътибор берганлар.

Абу Усайд ас-Саъдий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз никоҳ кечасига даъват қилди. Ўша куни уларга унинг хотини – келин ўзи хизмат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еб бўлганларидан кейин келин кечаси ивитиб қўйган хурмо сувидан у Зотга ичгани тутди».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан никоҳ тўйига иштирок қилганлари билиб олинади. Шунингдек, келин бўлмиш саҳобия ўзининг янги уйига меҳмон бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳмондорчилик хизматларини қилганлиги келиб чиқади. Хурмони ивитиб қўйиб, таомдан кейин ширин ичимлик сифатида ичиш одатлари борлиги, бу шариатда жоизлиги ҳам маълум бўлмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяйнинг валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У Зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У Зотнинг валиймалари шундан иборат эди.
Мусулмонлар:
«Мўминларнинг оналаридан биримикан ёки у Зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дедилар.
Сўнгра:
«Агар уни ҳижобга амр қилсалар мўминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар.
Бас, жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб торттилар
».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Хайбар деган жойда яҳудийлар яшар эдилар. Уларнинг хиёнати туфайли мусулмонлар билан ораларида уруш чиққан. Шунда асир тушганлар ичида Бани Қурайза номли яҳудий қабиласи бошлиғининг қизи София бинти Ҳуяй ҳам бор эди. Урушда тушган ўлжалар, жумладан, асирларни ҳам мусулмон мужоҳидларга бўлиб берилганда София бинти Ҳуяй Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг улушига тушади. Лекин у киши София қабила бошлиғининг қизи бўлса, мен уни олишим яхши эмас, деб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб биладилар ва уни у Зотга тортиқ қиладилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан Мадинага қайтаётиб йўлда уч кун туриб қоладилар ва кишиларга валийма берадилар. Бу зиёфат ривоятда васф қилинганидек содда ва оддий бўлган. Нон ва гўшт умуман бўлмаган. Ўша давр камбағалларининг кундалик таомлари–хурмо, қурут ва сарёғ теридан қилинган дастурхон устига ташлаб қўйилган, валиймага келган кишилар ана шулардан тановул қилганлар.
Ҳамма валийма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳуга қўшилишлари муносабати билан уюштирилганини билар эди-ю, аммо хотин қилиб оляптиларми, чўри қилиб оляптиларми, билмас эдилар. Мусулмонлар бир-бирларидан София мўминларнинг оналаридан бири, яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бўляптими ёки қўлларидаги мулк–чўри бўляптими, деб сўрар эди.
Чунки иккала эҳтимол ҳам бор эди. София бинти Ҳуяй уруш асираси эдилар. Ўша пайтда асира аёллар чўри қилиб олинар эди. Софияни ҳам Даҳятул Калбий розияллоҳу анҳу ўз улуши сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тортиқ қилган эди. Аммо валийма қилиб одамларнинг чақирилишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Софияни хотин қилиб олаётганга ўхшар эдилар. Ҳеч ким буни у Зотнинг ўзларидан сўрашга журъат эта олмасди.
Ахийри келажакда қилиниши мумкин бўлган тасарруфдан София Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинми ёки чўри эканлигини билиб олишга қарор қилишди. Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳижобга киритсалар хотин қилиб олган бўладилар, дейишди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари ҳижобда–парда ортида бўлишлари лозимлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда маълум қилган эди. Ҳижоб деганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари тамоман парда ортида бўлишлари кўзда тутилган эди. Улар кўчага чиққанларида ҳам умуман қоралари кўринмайдиган парда ортида бўлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам София онамизга ҳам ўзлари минадиган туянинг эгари орқасига жой қилдириб, парда тўстирдилар ва унинг ичига София онамиз розияллоҳу анҳони ўтказдилар. Шундан сўнг кишилар у Зот София онамизни чўри қилиб эмас, хотин қилиб олганларини англаб етдилар. Кейинроқ бу ишнинг қолган тафсилотлари, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини озод қилганлари ва озод қилишни маҳр ҳисоблаганлари ҳаммага маълум бўлди.
Мусулмонлар шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Софиянинг қариндошларини асир қилиб олиб туришимиз яхши эмас, деб урушда қўлга тушган асирларни озод қилиб юборишди.
Шунинг учун ҳам София онамиз никоҳи қа-риндошларига энг кўп фойда келтирган аёл сифатида машҳур бўлганлар. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарона ҳаёт кечиришлари билан бирга ўта ҳикматли иш қилганлари маълум бўлмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилмадилар. Унга бир қўй ила валийма қилдилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақтларида имкони бўлиб қолиб, бир қўй сўйиб тўй қилган эканлар. Бу тўй у Зотнинг энг катта тўйлари ҳи-собланган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мендан ҳижоб ҳақида сўрар эди. Мен буни одамлар ичида энг яхши билувчи эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга куёв бўлиб тонг отдирдилар. У Зот унга Мадинада уйланган эдилар. Кундузи одамларни таомга чақирдилар. Одамлар туриб кетганларидан кейин ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баъзи кишилар ўтириб қолдилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб юриб кетдилар. Мен ҳам у Зот билан юриб кетдим. У Зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб бордилар-да, одамлар чиқиб кетишган бўлсалар керак, деб ортларига қайтдилар. Мен ҳам у Зот билан бирга қайтдим. Қарасам, улар жойларида ўтирибдилар. Бас, у Зот ортга қайтдилар. Мен ҳам иккинчи марта ортга қайтдим. У Зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб, ортга қайтдилар. Мен ҳам ортга қайтдим. Қарасак, улар туриб кетишган экан. Шунда у Зот мен билан ўзлари ораларига парда торттилар ва Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилди.
«Эй иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганда унинг пишишига мунтазир (бўлмай)диган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз кирганда таомни еб бўлиш билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб қолиб кетманг. Албатта, бундоқ қилишингиз Пайғамбарга озор берарди. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмайди. Қачонки, улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундоқ қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир
».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилдилар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳуга уйланганларида валиймани никоҳ кечасининг эртасига қилган эканлар. Бу уйланиш ҳодисасидаги энг машҳур воқеалардан бири ҳижоб оятининг нозил бўлиши эди.
Ўша машҳур воқеада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишига ихлос билан хизмат қилиб юрадиган ёш саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам бирга иштирок этган эдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада бирор савол чиқса ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиш одат бўлиб қолган эди. Ҳатто Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу каби қори ва улуғ саҳобийлар ҳам ҳижоб ояти ҳақида ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан сўрар эдилар.
Ушбу ривоят Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ҳижоб ояти қандоқ нозил бўлганлиги ҳақидаги саволларига жавоб тариқасида келаётгани учун гапнинг сиёқи ўша томонга бурилиб қолган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган кунларининг эртасига кундуз куни таом бермоқчи бўлиб, Анас розияллоҳу анҳуга одамларни чақиртириб келганлар. Улар келиб таом еб тарқалганлар. Аммо баъзилари гапга берилиб ўтириб қолганлар. Улар кетишавермагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хижолат бўлиб ташқарига чиққанлар, Оиша онамизнинг ҳужралари эшиги олдига бориб, қайтиб келганлар, ҳалиги одамлар яна гаплашиб ўтиришибди. Икки марта шундоқ бўлганидан кейин ахийри ўтирганлар туриб кетишган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамиз олдиларига кириб, пардани туширганларидан кейин ҳижоб ояти нозил бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим икковлари келтирган бошқа бир ривоятда ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳллари олдига кирганларида онам ҳийс (номли таом) қилиб, тавр (номли идиш)га солиб:
«Эй Анас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб боргин-да, буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтди ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтди, дегин», дедилар.
Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бориб:
«Онам сизга салом айтдилар ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қўй!» дедилар-да, сўнгра:
«Энди бориб, фалончи, фистончиларни, йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг номларини айтдилар. Мен у киши айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим.
«Неча киши эдилар?» деб сўрашди одамлар.
«Уч юз кишича бор эди», деди Анас розияллоҳу анҳу ва гапларида давом этдилар:
«Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Эй Анас, таврни олиб кел!» дедилар.
Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта-ўнтадан ҳалқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар.
Ҳаммалари еб тўйдилар. Бир гуруҳи кириб, бир гуруҳи чиқиб, ҳаммалари едилар. Сўнгра у Зот менга:
«Эй Анас, кўтар!» дедилар.
Билмайман, олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимда кўпмиди? Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб гаплашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирар эдилар. Аёллари эса юзларини деворга ўгириб ўтирар эди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб чиқдилар. Ҳалиги одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида оғир келганларини билдилар ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пардани тушириб, ичкарига кирдилар. Мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига «Эй иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига кирманг», оятини туширди».
Бу ривоятдан мазкур валийманинг бошқа тафсилотлари ҳам аён бўлмоқда. Жумладан, валийманинг таомини ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг оналари, машҳур саҳобия Умму Сулайм розияллоҳу анҳо тайёрлаб берганлар. Таом ҳийс номли таом бўлиб, тавр деб аталадиган кичик бир идишда бўлган. Бундан янги уйланган кишининг уйига таом юбориш яхши иш экани келиб чиқади. Умму Сулайм розияллоҳу анҳу пишириб юборган ҳийсни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам валийма қилиб юборишни ирода қилганлар.
Бундан тўйнинг таомини кўнгил яқин кишилар қилиб бериши ҳам жоизлиги ва яхшилиги чиқади. Шунингдек, валиймага одамларни номма-ном ёки ёппасига айтиш мумкин. Ҳалқа бўлиб ўтириб, Ислом одобларига риоя қилиб таом емоқ керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўъжиза шу ерда яна бир бор намоён бўлган. Озгина таом уч юз кишига етиб, яна ортиб ҳам қолган. Ортиб қолгани, ўзидан ҳам кўпроқ бўлган.
Валийма таомини еб бўлганидан кейин гапни чўзиб ўтирмасдан, тезроқ туриб кетиш керак. Чунки узоқ қолиб кетиш хонадон эгасига ноқулайлик туғдириши мумкин.
Валиймани маълум бир вақтда қилиш шарт эмас, ақди никоҳ пайтида бўладими никоҳ пайтидами, ундан олдин ёки кейинми, барибир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz