«Араб истилоси» дейиш тўғрими? Принтер учун
07.11.2009 й.

Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Баъзи биродарлар билан Мавароуннаҳрнинг фатҳ қилиниши масаласида бироз «тортишиб» қолдик. Улар юртимизга араблар босқинчилик йўли билан келишган, аниқроғи, «бостириб келишган» дейишяпти. Айтишларича, бу тарихий факт экан. Мен бу гапларни ҳазм қила олмаяпман. Шу масалани ёритиб берсангиз, илтимос.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу гап Ислом душманларининг гапи. Душманлар Исломдаги фатҳ ҳаракатини босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Ўлкамизнинг ҳақийқий босқинчилари бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб, ҳаммаёқни ўзлариники қилиб олганлар. Кишиларни мажбуран Исломга киритганлар. Исломни қабул қилмаганларни ўлдирганлар ёки катта солиқ солганлар.
Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканлигини душманларнинг ўзлари ҳам билади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада, шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, дийнга даъват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолганлар.
Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаъқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақийқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.
Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири бўлмиш Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Рустам мусулмонлар томонга ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасидан топдилар. Ўзларини таништирган элчилар, Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди. Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Рибъий исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга:
«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.
Рибъий розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб:
«Кетдик», деди.
Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:
«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.
Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Рибъий розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай кулиб ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди. Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Рибъий розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу:
«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди.
Форсларнинг каттаси таржимонга:
«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.
Рибъий розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди:
«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, дийнларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.
Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлиши учун курашганлар. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган дийнини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерли аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дийни Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ дийнга тарғиб қила туриб: мусулмон бўл-саломат бўласан ёки дийнингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер; унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади, дейишган.
Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни дийнимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин. Ўзининг иши. Фақат, бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақийқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар.
Мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Уруш пайтида, Исломий қоида бўйича, қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб, мусулмонлар ғолиб келсалар, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан дастлабки даъватдаёқ ўз дийнида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверадилар.
Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир. Биринчидан, жизя Аллоҳнинг дийнига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.
Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.
Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.
Тўртинчидан, жизя олгандан сўнг мусулмонлар юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб эгасига топширадилар.
Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун, ўз фойдаси учун бериши аён бўлади.
Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солайлик.
Коммунистлар ўз фойдаларини кўзлаб, кишиларни алдаш учун баъзи дийний ташкилотлар тузган эдилар. Бу ташкилотларда фақат улар ихтиёр қилган кишилар ишлашига қарамасдан, ўша ташкилотларга ҳам, уларда ишловчиларга ҳам мисли кўрилмаган оғир солиқлар солинар эди. Баъзи бир маиший хизматлар учун дийний ташкилот ва ходимлар томонидан тўланадиган ҳақ ҳам бошқалар тўлайдиган тўловлардан ортиқча эди. Бунинг устига, улар дийний ишда ишлаган ватандошларга ҳар қандай нафақа беришдан, жумладан, қарилик нафақаси беришдан мутлақо бош тортар эдилар.
Хулоса қилиб айтилганда, Худога ишонган одам коммунистларга ҳақ тўлаб ишониши керак эди. Шу ҳолларига уларнинг бошқаларни танқид қилишларига ҳайронсан. Валлоҳу аълам.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri