Зайд ибн Ҳорисанинг фазли Принтер учун
08.11.2009 й.
islom.uz

Бароо розияллоҳу анҳу айтдилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен биродармиз ва мавломизсан», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапларни ушбу сатрларимиз қаҳрамони Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга қарата айтганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродари бўлиш шарафига эга бўлган зот ким ўзи?!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари бўлиш шарафига сазовар бўлган зот ким ўзи?!
Ушбу ва бунга ўхшаш бошқа саволларга жавоб олиш учун қаҳрамонимиз Зайд ибн Ҳориса ибн Шуроҳийл ибн Каъб ал Калбийнинг ҳақларида келган ривоятларни бирма бир синчклаб ўрганиб чиқишга, у кишини босиб ўтган ҳаётий йўлларини қайта босиб чиқишга тўғри келади.
Жоҳилият даври.
Яман диёри.
Бани Калб қабиласи ерлари.
Бу қабиланинг аъзоларидан бири Ҳориса ибн Шуроҳийл ўз аёли Сўъда бинти Саълабани сафарга кузатиб қўймоқда. Сўъда эридан изн олиб ўз қабиласи бўлмиш Той қабиласи ерлари томон қориндошлари зиёратига кетмоқда. У ўзи билан бирга ўғли Зайдни олиб кетмоқда.
Она-бола Той қабиласидаги ўзларининг уруғлари Бани Маън уруғига етиб ҳам бордилар. Сўъда анчадан буён кўришмаган яқинлари билан кўришиб тўйиб-тўйиб суҳбатлашар эди. Унинг ўғли Зайд эса қориндош болалар билан саҳронинг соф ҳавосида маза қилиб ўйнар эди. уларнинг икковлари ҳам, қориндошлари ҳам, Ҳориса ҳам жоҳилиятнинг жаҳолати ўзларига етказадиган мусибат ҳақида ўйлаб ҳам қўйишмас эди.
Бирдан Бани Айн ибн Жиср уруғига мансуб жоҳил отлиқлар гуруҳи Бани Маън устига ғарот қилиб, келиб қолди. Бир пасда ҳаммаёқни шовқин сурон босди. Хотин халажнинг дод-войи осмону фалакни тўлдирди.
Босқинчилар кўзларига кўринган нарсани ўзлари билан олиб кетишга ҳаракат қилар эдилар. Отлиқлардан бири чанг тўзон ичида нима қилишини билмай довдираб қолган кичик Зайдни олиб қочди. Зайд босқинчининг кучли қўлларида типирчилай-типирчилай дод солиб ўз онаи меҳрибонидан, она юртидан узоқлашиб борар эди.
Жигаргўшасидан айрилган бечора Сўъда қон йиғлаб қолди. Кечаю кундуз унинг кўз ёшлари тинмас эди. Ҳаммасидан ҳам ўғлининг ўлигининг ҳам тиригининг ҳам хабари йўқлиги уни қаттиқ қийнар эди.
Сўъда эри Ҳорисанинг олдига овозининг борича дод солиб кўзларининг қорачиғи Зайддан ажраб қолганларини айтиб кириб борди. Бу машъум хабарни эшитиб Ҳорисанинг кўзига дунё қорнғу бўлиб кўринди.
Хотинидан бўлиб ўтган ҳодисанинг тафсилотини эшитиши билан сафар анжомларини олиб ўғлини қидириш мақсадида йўлга тушди. Ҳориса ўз ўғлини қидириб кўзида ёши билан тоғу тошларни, дала адирларни, дара водийларни ва шаҳар қишлоқларни тинмай кезар эди.
Бола куйитига учраган бечора ота ўзи билмаган ҳолда ҳассос шоирга айланган эди. У юрган йўлида ўз ўғли Зайдга ва унинг фироқига атаб шеърлар айтар эди. Ўша пайтларда Ҳориса куйитда айтилган араб шеърларининг гултожи бўлиб қолажак байтларни айтаётганини хаёлига ҳам келтирмас эди.
Ҳа, жигарбандини излаб гирён уриб юрган Ҳориса ибн Шуробийл шеър айтар эди:

Зайдга йиғларман, не бўлганин билмасман.
Тирикми ёки ажали етганмикин билмасман.
Аллоҳга қасам, сўрарман аммо билмасман.
Ер ютдими сани ёки тоғ ютдими билмасман.
Қани билсам бир замон менга қайтишингни.
Қайтганингда бу дунёда менга етишингни.
Чиққанида қуёш менга уни мудом эслатур.
Ботганида қуёш менга хотирасин эслатур.
Эсганида шамоллар менга зикрини эслатур.
Узайганда хафалигим хавф хатарни эслатур.
Қистарман тинмай юрмоққа ер юзида туяни.
Айланмоқдан безмасман бездирмасман туяни.
Хоҳ тирикман, хоҳ менинг ажалим етадир.
Барча фонийдир гар умиди узоққа тортадир.
Қайсга, Амрга васият қилурман уни қидирадир.
Язидга, Жабалга васият қилурман қидирадир.

Ҳориса ибн Шуробийлнинг ўз ўғли Зайднинг фироқида айтган ушбу «Қасидаи мимийя»да номлари келган Қайс, Амр, Язид ва Жабалалар Зайл ибн Ҳорисанинг акаларидир.
Ҳориса ибн Шуробийл ғаротчи қабийла одамлари қўлига тушгандан сўнг дом дараксиз кетган ўғли Зайдни қидириб йиғлаб ер юзини кезиб турсин. Энди гапни Зайднинг ўзига бурайлик.
Бани Айн ибн Жиср уруғи одамлари Бани Маъндан ўлжага олган нарсаларидан баъзиларини сотгани жоҳилиятнинг Макка яқинидаги машҳур бозори Укозга олиб бордилар. Савдога қўйилган матоҳлар ичида бизнинг қаҳрамонимиз саккиз ёшлар чамасидаги қорачадан келган бурни пачоқ бола Зайд ибн Ҳориса ҳам бор эди.
Ўша куни Қурайшнинг кўзга кўринган зодагонларидан бири Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ҳам бозорга тушган эди. Унинг бир неча қул сотиб олиш нияти бор эди. Ҳаким ибн Ҳазам сотиб олган ғуломлар ичида саккаиз ёшли Зайд ибн Ҳориса ҳам бор эди. Янги хўжайин уни ҳам бошқа қулларга қўшиб Маккага ўз уйига олиб кетди.
Ҳаким ибн Ҳазамнинг Укоздан келганини эшитган аммаси Хадийжа бинти Хувайлид унинг зиёратига келди. Қориндошлар бир оз гаплашиб ўтирдилар. Вақти соати келиб меҳмон амма қайтишга ҳозирланганда Ҳаким ибн Ҳазам:
«Амажон! Укоз бозоридан бир тўп ғуломларни сотиб олиб келдим. Улардан бирини сизга ҳадия қилмоқчиман, хоҳлаганингизни танлаб олинг», деди.
Хадийжа бинти Хувайлид хоним ғуломларга синчковлик билан назар солиб чиқдилар. У кишига ўзи қорачадан келган бурни пачоқ бўлса ҳам истараси иссиқ бўлган Зайд ёқиб қолди. Охири Хадийжа бинти Хувайлид хоним Зайдни ўзлари билан олиб уйларига қайтдилар.
Зайд ҳушёр, зеҳинли ва ихлосли чиқиб қолди. У ўзининг яхши сифатлари ила хожа ойимига ёқиб қолди. Кишиларнинг кимлигини ва қадрини яхши биладиган Хадийжа хонимнинг ишонган хизматкорига айланди.
Вақти соати етиб эридан ажрагандан кейин ўзига совчи қўйган манман деган задогонларни қайтариб юрган Хадийжа бону ўзи одам қўйиб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ номли камбағал йигитга турмушга чиқди. Ўзидан ёши катта ва бой бадавлат хотинга уйланган камбағал куёв ёстиқдошининг уйига келиб яшай бошлади.
Хадийжа хоним эрининг келажакда катта ишларга соҳиб бўлишига қаттиқ ишонар эди. Зотан шу нарсага далолат қилувчи аломатларни кўргандан кейин у киши билан бир ёстиққа бош қўйишга қарор қилган эди. Шу боис бу заковатли хоним ўз эрининг кўнглини олиш учун барча чораларни ишга солар эди. Хадийжа бинти Хувайлид ўз жуфти ҳалоли Муҳаммад ибн Абдуллоҳга арзигулик бир совға қилмоқчи бўлди. Ўйлаб-ўйлаб ўзининг энг афзал қули Зайддан яхшироқ совға бўлиши мумкин эмаслигига қаноат ҳосил қилди ва уни ўз турмуш ўртоғига совға қилди. Шу тариқа Зайд Муҳаммад ибн Абдулоҳ қарамоғига ўтди.
Зайднинг янги хожаси жуда яхши одам эди. Бошқа хўжайинларга мутлақо ўхшамас эди. Уларнинг иккисини одам хўжа ва ғулом деб эмас, икки дўст деб ўйлаши турган гап эди.
Ҳаж мавсумларидан бирида кишилар жоҳилият даври ҳажини адо этмоқда эдилар. Зайд ўз қавмидан ҳаж учун келган бир гуруҳ одамларни учратиб қолди. Уларни уни танидилар. У уларни таниди. Икки орада узоқ кўришмаган ҳам қабилаларнинг суҳбати бўлиб ўтди. Зайд таниш ҳожилар орқали ота-онасига салом айтиб юборди. Ҳожилар юртларига қайтиб боришлари билан Зайднинг отаси Ҳорисага хушхабарни айтиб суюнчи олишди.
Ҳориса йиллар давомида ўзи кутиб юрган қувончли хабарни эшитиши билан уловини йўлга ҳозирлади. Севикли ўғлини қулликдан озод қилишга етгулик маблағ ҳам олди. У ўзи билан укаси Каъбни ҳам олиб Макка томон йўлга тушди. Ака ука кечаб кундуз тиниб билмай, тезлаб юриб келиб Маккада Муҳаммад ибн Абдуллоҳни топдилар ва:
«Эй Муҳаммад, албатта, сизлар Байтуллоҳнинг аҳлисизлар, асирга тушганларни озод қиласизлар, асирга таом берасизлар. Менинг ўғлим сизнинг ҳузурингизда экан, уни бизга беринг, унинг тўлови ҳақида бизга яхшилик қилинг. Албатта, сиз ўз қавмининг улуғи бўлган одамнинг зурриётисиз. Унинг тўловига нимани истасангиз, берамиз», деди.
«Сен айтаётган ўғил ким ўзи?» деди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ.
«Сенинг ғуломинг, Зайд ибн Ҳориса», деди.
Шунда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ:
«Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсани бераман», деди.
«У нарса нима?» деб сўрашди.
«Ҳузурингизда уни ўз ихтиёрига қўяман. Агар у сизларни ихтиёр қилса, уни тўлов бермай, олиб кетаверасизлар. Агар у мени танлайдиган бўлса, мен ўзимни ихтиёр қилган киши учун тўлов оладиган одам эмасман», деди.
«Жуда яхши қиласан! Аллоҳ сенга яхши мукофотлар берсин!» дейишди.
Сўнгра Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайдни чақириб:
«Эй Зайд! Анавиларни танийсанми?» деб сўради.
«Ҳа, буниси отам, ана униси амаким», деди.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ:
«Эй Зайд! Бу отанг. Бу амакинг. Мен ўзинг билган одамман. Биздан кимни хоҳласанг, танла», деди.
Шунда Зайднинг кўзларидан ёш оқа бошлади ва:
«Мен сиздан бошқа ҳеч кимни ҳеч қачон ихтиёр қилмайман. Сиз мен учун ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз», деди.
Отаси билан амакиси:
«Ҳой Зайд! Ҳурликни қўйиб, қулликни танлайсанми?!» дейишди.
Зайд уларга:
«Албатта. Мен бу одамдан шунчалар яхшилик кўрдимки, энди ундан ажрай олмайман. Мен ҳеч қачон ундан бошқа одамни ихтиёр қила олмайман», деди.
Сўнгра Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайдни қўлидан олиб етаклаб байтуллоҳга чиқди. Тўғри Каъбанинг олдига бориб ҳижри Исмоилда турди ва:
«Гувоҳ бўлинглар! Зайд менинг ўғлимдир. Мен унга меросхўрман, у ҳам менга меросхўрдир», деди.
Зайднинг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳузурида қанчалик икром-эъзозга эга эканини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб, ортга қайтдилар. Шундан бошлаб Зайд ибн Ҳорисани Зайд ибн Муҳаммад, деб чақирилиб юрди».

БИРИНЧИ МУСУЛМОНЛАРДАН

Ушбу ҳодисадан кейин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайдни яна ҳам яхши кўриб қолди. Зайд ҳам бу муҳаббатга яраша бўлди. Инсоният тарихида беназир бўлган бу ҳодиса бежиз эмаслигини ҳамма кейинроқ тушуниб етди. Зайд ўз ота-онаси ва қориндош уруғидан устун кўрган зот келажакда охирзамон пайғамбари бўлиб чиқди.
Аллоҳ таоло Ислом нури билан ер юзини мунаввар қилиб, Жиброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг биринчи оятлари олиб келган пайтда Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу у кишига биринчилардан бўлиб иймон келтирди. Кечаги қулнинг қалби бугун иймон нури ила нурафшон бўлди. У Ислом даъватининг биринчи кунларидан бошлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлди. Аллоҳ таолонинг динига кишиларни даъват қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дучор бўлган машаққатларга шерик бўлди. Ҳар қандай қийинчилаклар бўлса ҳам сабр ила у зотнинг ёнларида мухлис хизматкор бўлди.
Ислом даъватининг барча машаққатларини бирга торттишди. Мушрикларнинг душманликларига, озорларига бирга чидашди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлганларига ўн йил тўлди. Ўша йили у зотга асосий ҳомий бўлиб турган икки киши; амакилари Абу Толиб ва жуфти ҳалоллари Хадийжа онамиз вафот этдилар.

ТОИФ САФАРИ

Пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
Маҳзунлик йили.
Шаввол ойи.
Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз мавлолари, вафодор дўстлар, мухлис шогирдлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида ўзлари гўдакликларида эмиш, кўксиларининг ёриб тозалаш ва ундан кейинги бир муддатни ўтказган Бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томон кетмоқдалар. Улар шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса деган умиддалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга етиб борганларидан кейин диёр аҳолиси асосини ташкил қилувчи Сақиф қабиласи аъёнлари билан учрашдилар. Улар билан мажлис қуриб Исломга даъват қилдилар.
Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар У зот алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмаганидек ўзларининг эси пастлари, қуллари ва бевош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларига қичқиришга ва тош отишга чорладилар. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб У зот олдиларидан ўтаётганда аёвсиз тошбўрон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Тиллари Аллоҳ таолога илтижога-дуога тўлди:
«Эй бор Худоё!
Ўзингга қувватим заифлигидан, ҳийлам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман!
Эй раҳмлиларнинг раҳимлиси!
Сен заифҳолларнинг Роббисисан!
Сен Роббимсан!
Мени кимга қўюрсан?!
Мени ёқтирмайдиган нотанишгами?!
Ёки ишимни душманга топширдингми?!
Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман!
Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир!
Зулмотларни ёритган ва бу дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила, менга ғазабинг нозил бўлишидан ва қаҳринг тушишидан паноҳ тиларман.
Токи рози бўлгунингча узр.
Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир».
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу ондан ишлар аста-секин юриша бошлади.
Шунда Аллоҳ таоло У зотнинг ҳузурларига тоғ фариштасини юборди. У келиб икки тоғни бир-бирига қўшиб юбориш ила аҳли Тоифни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юбориган зот бу ишга изн бермадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тоғ фариштасига:
«Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман», дедилар.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундоқ ҳолда кўрган Утба ибн Робийъа ва Шайба ибн Робийъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос номли носроний ғуломларини чақириб:
«Узилган узумдан олиб, манаву табаққа солгинда анави одамга олиб боргин. Ундан есин», дедилар.
Аддос узумни олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди ва У зотга:
«Егин», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатиб, бисмиллаҳ, дедиларда узумдан олиб едилар. Аддос ажабланиб:
«Валлоҳи, бу гапни ушбу диёр аҳли айтмайдилар», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен қайси юртдансан? Қайси диндасан?» дедилар.
«Насронийман. Найнаводанман», деди у.
«Солиҳ киши Юнус ибн Муттонинг қишлоғиданмисан?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Юнус ибн Муттони сенга нима билдирди?» деди Аддос.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У биродарим. У набий эди. Мен ҳам Набийман», дедилар.
Шунда Аддос ўзини отиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари, оёқ қўлларидан ўпа бошлади. У мусулмон бўлди.
Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Макка томон йўл олдилар.
Йўлда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси намоз ўқиётганларидаги қироатни эшитиб бир гуруҳ жинлар У зотга иймон келтирдилар ва ўз қавмларини Исломга даъват қилиш учун шошилиб кетдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳқоф ва Жин сураларида хабар берган.
Бу ҳодисани оғир пайтда юз бериши алоҳида ҳикматга молик эди. Одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилиб турганларида жинлар ўзларидан ўзлари иймон келтиришлари катта гап эди.
Икковлари Маккага яқинлашганларида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули уларнинг олдига қандоқ кирасиз? Ахир улар сизни чиқардиларку?!» деди.
«Эй Зайд! Албатта, Аллоҳ сен кўриб турган нарсага кушойиш берур. Албатта, Аллоҳ Ўз динига нусрат берур. Ўз набийсини зоҳир қилур», дедилар У зот.
Сўнгра Хузоъа қабиласидан бир одамни Мутъам ибн Адийга юбориб Маккага унинг ҳимоясида кираётганликларини хабар қилдилар. Мутъам ибн Адий рози бўлди. У зот алайҳиссалом Маккага кирдилар.
Ислом тарихидаги мана шундоқ ҳассос ва ўта хавфли босқичда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ёлғиз Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг бўлиши у киши учун шону шарафдир. Фақат ушбу Тоиф сафарининг шону шарафи бир неча минг кишиларга улашиб берилса ортиб қоладиган бир шарафдир. Аммо мазкур шарафга фақат бир киши, кечаги қул Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу мушарраф бўлди.
П-с. ўзларининг маҳбублари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ўзларининг энагалари Умму Айман розияллоҳу анҳога уйлаб қўйган эдилар. Бу ҳам ўша вақтнинг ўлчовида катта иш эди. Қулни уйлаб қўйиш ҳали бировнинг хаёлига келмаган бир иш эди.

ҲИЖРАТ

Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига дину диёнат йўлида ҳижрат қилишга изн берди. Мусулмонлар аста-секин Маккадан Мадийнага ҳижрат қила бошладилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳам биринчилар қатори ҳижрат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳижрат қилиб Мадийнаи Мунавварага етиб келдилар. Аммо у кишининг оила аъзолари Маккада қолган эдилар. Кофирлар пайт пойлашар эди. Оила аъзоларини олиб кетишга Мадийнадан келиши мумкин бўлганларни ушлаб олиб нима қилсалар қилишлари ҳеч гап эмас эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оила аъзоларини Маккадан олиб келиш учун энг ишончли ва кўпгина камолот талабларига жавоб бера оладиган шахсни танлашлари керак эди. Ана ўша одам у зотнинг энг ишонган кишилари сифатида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бўлиб чиқди. У киши Маккага бориб аввал мўминларнинг онаси Савдаа онамизни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳоларни ва ўз аёллари Умму Айманни олиб келдилар. Бир муддат кейин яна қайтиб бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳони Мадийнага олиб келдилар.
Албатта, мушриклар кўз-қулоқ бўлиб турган бир пайтда бу ҳажмдаги муҳим топширини бажариш учун мислсиз жасорат, шижоат ва ихлос керак эди. Ўша нарсаларнинг ҳаммаси ва улардан бошқа фазийлатлар ҳам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуда керагидан ортиқчаси билан топилди. Ушбу ўта муҳим топшириқни адо этиш давомида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг баҳодирлик, мардлик, чапдастлик, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликлари йўлида ўлимнинг кўзига тик боқа олишлик каби сифатлари ёрқин намоён бўлди.

ЯНА БИР СИНОВ

Афтидан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг қориндошлари Яманда юриб у кишини соғинишар ва қандоқ қилиб бўлса ҳам ўз юртларига қайтариб олиб кетиш ҳақида фикр қилган бўлсалар керак. Бу маънони қуйидаги ривоятни ўрганиш орқали тушуниб оламиз.

Жабала ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен билан укам Зайдни юборинг», дедим.
«Ана у, агар сен илан кетадиган бўлса мен ман қилмайман», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ҳеч кимни алмашмайман!» деди Зайд.
Укамнинг фикри менинг фикримдан афзал эканини кўрдим».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг акалари тўғри айтади. Унинг укаси Зайд розияллоҳу анҳу ўта фикрли одам. Унинг Аллоҳ таолонинг шундоқ қилган. Агар Аллоҳ таолонинг инояти бўлмаса инсон боласи ўзича бундоқ ишни қила олмайди. Ҳа, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли қилиб қўйган зот Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга муҳаббатли қилиб қўйган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга нисбатан бошқача муҳаббатда эканликларини барча осонлик билан мулоҳаза қила олар эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни, «ҳиббур Расул»-Расулнинг маҳбуби деб аташар эдилар.
Имом ал-Ҳоким ўзларининг «Мустадрак» номли китобларида Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зайднинг муҳабати учун бизни маломат қилманглар», дедилар».

БАДРДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Бадр томон йўлга чиққанларида Рамазон эндигина кирган эди. Мусулмонларда бор-йўғи етмишта туя бўлиб, навбат билан миниб келишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрати Али ибн Абу Толиб ва Марсад ибн Абу Марсадлар бир туяни, Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Зайд ибн Ҳориса, Абу Кабша ва Онисалар биргаликда бошқа биттасини, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар ва Абдуроҳман ибн Авф учовлон яна бир туяни навбат ила минишар эди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Бадр жангида бутун куч ва имкониятларини ишга солиб душманга қарши урушдилар. У киши жанг майдонини бир лаҳза ҳам тарк этмадилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқинларида бўлишга ҳаракат қилдилар.
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила мусулмонлар бу тарихий жангдан душман устидан ғалаба қозондилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зафарнинг хушхабарини мусулмонлар оммасига етказиш учун хабарчилар юборишга қарор қилдилар. У зот Абдуллоҳ ибн Ровоҳа розияллоҳу анҳуни Аволийга-Мадийнанинг атрофидаги қишлоқларга юбордилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни эса Мадийнаи Мунавваранинг ўзига юбордилар.
Икки хушхабарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларига миниб овозларини борича қичқириб ўзларига биркитилган жойларга кириб бордилар. Аҳолининг барчаси кўчаларни тўлдириб қувоч билан уларни кутиб олдилар. Бирпасда ҳаммаёқни «Аллоҳу акбар» овозлари тўлдирди.

ЗАЙД ҚУРЪОНДА

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юз мингдан кўпроқ одам саҳобий бўлиш бахтига сазовор бўлди. Уларнинг ичида турли шарафларга соҳиб бўлган кишилар кўп эди. Ана ўша зотларнинг баъзиларининг шахслари ва фазллари билан танишиб ҳам чиқдик, Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи ила яна бошқалари билан танишармиз ҳам. Саҳобаи киромларнинг сонлари кўп. У зотларнинг фазллари ундан ҳам кўп. Аммо бир фазл борки, у фақтгина бир кишига насиб этган. Ўша бир киши Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудирлар. Ўша бир фазл Қуръони каримда номи зикр қилинишдир.
Бешинчи ҳижрий сананинг Зулқаъда ойида бўлиб ўтган баъзи ҳодисалардан кейин Аллоҳ таоло ўша ишларга оид оятларни ўз ичига олган «Аҳзоб» сурасини ниозил қилди.
«Аҳзоб» сураси Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳга тақво қилишга, кофир ва мунофиқларга итоат этмасликка буюриши билан бошланади. У зоти бобаракот ўзларига келган ваҳийга эргашишлари ва Аллоҳга таваккал қилишлари лозимлиги уқтирилади.
Сўнгра жоҳилий урф-одатларнинг ботил жиҳатлари очиб ташланади. Ақлли, зийрак одамнинг иккита қалби бўлади, деган тасаввурнинг ва бошқа одатларининг ботиллиги айтиб ўтилади.
Жоҳилий арабларда «зиҳор» деб номланган ҳукм бор эди. Унга кўра, ким ўз хотинига «Сен мен учун онамнинг орт қисми кабисан», деса, унга хотини худди онасидек бўлиб қолади, деб ҳисобланарди. Сурада ўша ҳукм ботил этилади.
Шунингдек, фарзанд асраб олиш бўйича улар жорий этган ҳукмлар ҳам бекор қилинади. Сурада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом умматига ҳаммадан афзал валий эканликлари, у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари мўминлар учун маънавий она саналишлари ҳақидаги оятлар ҳам бор.
Келинг масалани кенгроқ ва чуқурроқ англаб олишимиз учун ўша оятлари батафсилроқ ўрганиб чиқайлик. Чунки бу оятлар бевосита бизнинг қаҳрамонимиз Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга тегишлидир.
«Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур».
Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда. Булар:
Ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур;
Ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақийда;
Ким бирор бола асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнида ўтади, деган ҳукм.
Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди.
Шу билан бирга, мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишарди. Ким амал қилмаса, маломатга қоларди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, У зот юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг Ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди.
«Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир».
Араб мушриклари баъзи одамларнинг иккита қалби бўлади, деб эътиқод қилишарди. Жумладан, Жамил ибн Маъмор ал-Феҳрий исмли одамнинг иккита қалби бор, дейишарди.
Унинг ўзи ҳам:
«Менинг ичимда иккита қалбим бор. Уларнинг ҳар бири билан Муҳаммаддан кўра яхшироқ ақл юритаман», дер эди.
Ушбу ояти карима ўша Жамилнинг ёлғончи эканини, мушрикларнинг бу маънодаги тушунчалари ботиллигини баён қилмоқда. Шу билан бир вақтда, ҳеч бир одам ҳеч қачон иккита қалбли бўлмаслигини, уларнинг бири билан иймон, иккинчиси билан куфр келтира олмаслигини, бир одам ҳам ростгўйлик, ҳам ёлғончилик қилолмаслигини, ҳам диндор, ҳам динсиз бўла олмаслигини, динга ҳам ихлос, ҳам адоват кўрсатолмаслигини уқдирмоқда. Аллоҳ таоло ҳар бир одамга битта қалб берган. У қалбга бир нарса сиғади. Ё иймон, ё куфр, ё нифоқ. Иймонли қалб эгаси доимо ростгўй, диндор, ихлосли, тақволи, ибодатли, ҳамма ҳолатда Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш қиладиган, шариат бўйича йўл тутадиган бўлади. Унинг айтаётган сўзидан, қилаётган ишидан иймонли қалб эгаси экани билиниб туради.
Ўз навбатида, кофир қалб эгаси ёлғончи, динсиз, ихлоссиз, фисқу фужурга берилган, ҳаромхўр, ибодатсиз, Аллоҳнинг буюрганини қўйиб, бошқанинг айтганидан юрадиган бўлади. Кофир ҳам гап-сўзидан, қилаётган ишидан таниб олинади.
Мунофиқ эса, ичи бошқа, усти бошқа одамдир. У сиртидан мусулмон бўлиб кўринади. Ичи эса, кофир бўлади. Мусулмонларни кўрса, мусулмонман, дейди, Ислом амалларини бажаради. Ўзи қолса ё кофирларга қўшилса, Ислом амалларини тарк этиб, куфр ишларини қилади. Уни ҳам гап-сўзи, юриш-туришидан билиб олса бўлади.
Демак, инсон фақат бир хил бўлиши мумкин, холос. Чунки Аллоҳ таоло унинг ичида фақат битта қалб яратган. Ўзининг шахсий ишларига алоҳида қалб, жамиятдаги ишларига яна бошқа бир қалб берган эмас. Диний ишлар учун алоҳида бир қалб, дунёвий ишларга яна бошқа бир қалб яратган эмас. Худо учун қиладиган муомаласига ҳам бошқа битта қалб берган эмас. Аллоҳ таоло ҳар бир одамга ягона қалб берган. Ҳар бир одам шахсий юмушларида ҳам, жамият ишларида ҳам, дину диёнатда ҳам, Худо ва банда билан бўладиган алоқада ҳам бир қалб билан, бир йўл билан–Аллоҳ кўрсатган йўл билан юриши керак.
«Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас...»
«Зиҳор» арабларга хос истилоҳ бўлиб, жоҳилият қоидаларига кўра, ким ўз хотинига: «Сен мен учун худди онамнинг орт қисми кабисан», деса, хотини онасига «айланиб» қоларди. Яъни, худди онасига ўхшаб, никоҳи ҳаром бўлар ва бошқа ҳукмлар ҳам жорий қилинар эди. Зиҳор ҳақидаги тушунча ва унга тегишли ҳукмлар Мужодала сураси ва унинг тафсирида батафсил келтирилган. Бу оятда эса, зиҳор нотўғри экани эълон қилинмоқда. Худди бир одамнинг ичида иккита қалби борлиги беҳуда ва мантиқсиз гап бўлганидек, эркак киши, мен сени зиҳор қилдим, дейиши билан хотини унга она ўрнига ўтиб қолиши ҳам мантиқсиз экани баён этилмоқда.
«...ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас».
Арабларда бола асраш, хусусан, ўғил болаларни асраб, ўзига ўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат, айниқса, урушда аср тушганларни ўғил қилиб олиш борасида кўпроқ содир бўларди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин эди. Бу ҳолат жуда кенг тарқалган эди.
Бир одам бировнинг боласига:
«Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан», деса ва бола буни қабул қилса, иш битди ҳисоб. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, мерос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса, асранди болага ҳам шу муомала қилинар эди.
Аллоҳ таолонинг иродасидаги ҳикматга биноан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Пайғамбар бўлишларидан олдин араблар одати бўйича, аввал айтиб ўтганимиздек, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни асранди ўғил қилиб олган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани, аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло ирода қилган бир ҳикмат билан асранди ўғил қилиб олганларини ёдимизда тутайлик-да, яна жоҳилият аҳлининг бошқа бировнинг боласини ўзига фарзанд қилиб олишдек номаъқул одатига қайтайлик.
Аллоҳ таоло ушбу оят билан бу одатнинг ботил эканини баён қилди. Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бир оятда бир йўла жоҳилиятнинг уч одатини ботилга чиқармоқда. Бир кишининг икки қалбли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хурофий тасаввурни; зиҳор қилинган хотин эрига она бўлиши ҳақидаги ҳукмни; бировнинг боласини бошқа одам ўзига фарзанд қилиб олиш одатини бекор деб эълон қилмоқда. Сўнгра оятнинг давомида:
«Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир», дейилмоқда.
Ҳар кимнинг оғзидан чиққан гап қонун бўлавермайди. Беҳудадан беҳудага оғзингизни тўлдириб гапириб юрган гапингиз, холос, бу ишлар. Сизнинг гапингиз ноҳақдир.
«Аллоҳ эса, ҳақни айтур ва у тўғри йўлга ҳидоят қилур».
Аллоҳ бу уч масалада ҳақни баён қилиб қўйди. Бир кишининг икки қалби бўлмайди. Зиҳор қилинган хотин эрига она бўлмайди. Тутинган ўғил фарзанд ўрнига ўтмайди. Аллоҳгина тўғри йўлга ҳидоят қилур, шунинг учун доимо У кўрсатган йўлдан юриш керак.
Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади:
«Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир».
Бу оятлар нозил бўлгунча, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса, оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан одамларда, нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз, олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми, каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда.
«Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир».
Яъни, асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Расулуллоҳнинг мавлолари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирар эдик. Қуръоннинг «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганича».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мазкур ояти карима нозил бўлганидан кейин эса ҳар кимни ўз насабий отаси номи билан чақириш лозим бўлди. Чунки ояти карима шунга амр қилди. Баъзи вақтларда насабий отанинг кимлиги номаълум бўлиб қолса нима қилиш кераклигини оятда қуйидагича байён қилинди.
«Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир».
Мабодо, асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким эканлиги маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. Дин қардошим, деб мурожаат қилинглар. Ёки мавло-дўстларинг бўладилар. Эй дўстим, деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор, ўғлим, фарзандим, деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар тушгунча бировнинг боласини ўз фарзандим деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.
«Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ».
Шунинг учун бу оятлар тушгунча қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг.
«Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз...»
Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини ўз болам деб даъво қилиш гуноҳ эканини билиб туриб шу ишни қилсангиз, гуноҳ бўлади.
«Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир».
Билмай қилинган хатоларни кечиради ва Ўзи тўғри йўлни лутф билан кўрсатади.
Қуръони Карим инсонларни аста-секин тарбиялаб, мустаҳкам шахсларни ва мусулмон жамиятини етиштиришни буюрган. Одамларни жоҳилият ботқоғидан чиқариб, Ислом нурига рўбарў қилган. Жамиятни шакллантириб, илоҳий қоида-қонунлар асосида яшашни ўргатиб келган.
Юқоридаги оятларда инсонларнинг насабга, никоҳга тегишли ўзаро алоқаларининг илоҳий ҳукмга тўғри келадиган-келмайдиган жиҳатлари баён қилиб ўтилди. Энди навбатдаги оятларда мусулмонларнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг завжаи мутоҳҳараларига ва бир-бирларига нисбатан муносабатлари қандай бўлиши кераклиги баён этилади:
«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш».
Маълумки, бундан олдинги оятлар ҳукми ила фарзанд асраш ҳукми бекор қилинди. Тўғрироғи, бу жоҳилий ҳукмнинг ботил экани баён қилинди. Ўша баёнга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайд розияллоҳу анҳу ораларидаги тутинган ота-болалик алоқаси ҳам узилди. Зайд розияллоҳу анҳу эса, бу алоқа билан фахрланиб юрар эдилар. Шу боисдан, ҳатто отаси ва амакисидан ҳам воз кечган эди. Табиийки, бу ҳолат унинг руҳий-маънавий дунёсига таъсир қилган. У киши ўзларида қандайдир ваҳшат-ёлғизлик ҳис этган бўлишлари мумкин. Шунингдек, бошқа мусулмонларда ҳам, ҳатто мусулмон эмасларда ҳам шу каби ҳолатлар кўрилгандир. Натижада, Пайғамбар мўминларга нисбатан қандай мақомда бўлади, деган савол туғилган бўлиши керак.
Ушбу оятнинг аввалида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг кўнгиллари кўтарилмоқда ва уйғониши мумкин бўлган мазкур саволларга жавоб берилмоқда:
«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир».
Яъни, Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.
Бу ғоятда олий мақомдир. Бу дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсонга берилмаган мақомдир. Бу мақомнинг улуғлигини янада чуқурроқ тушунишимизга ҳадиси шарифлар ёрдам беради.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, молу дунёсидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди».
Қуйида келадиган ояти карималарнинг нозил бўлишига, барча мусумонларга қиёматгача ўзи ибодат учун тиловат қилинадиган ва ҳукига амал қилинадиган бўлишига Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу саба бўлганлар.
«Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».
Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳнинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Мумкин эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.
«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».
Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум.
ал-Авфий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун...» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу учун совчиликка борганларида нозил бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш ал-Асадия олдиларига кириб, совчилик қилиб, розилигини сўрадилар.
У (Зайнаб):
«Мен унга (Зайдга) тегмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хўп де, унинг никоҳига кўнавер», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга ўз нафсимда ҳам амр қилинадими?!» деди у.
Икковлари гаплашиб туришганида Аллоҳ таоло:
«Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун...» оятини нозил қилди.
Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга уни никоҳга олувчи деб рози бўлдингизми?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа» дедилар.
Зайнаб розияллоҳу анҳо:
«Ундай бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлмайман, ўз нафсимни унинг никоҳига топширдим», деди.
Оятнинг нозил этилишига сабаб бўлган ривоятдан кўриниб турибдики, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳу бу никоҳга ўз иродасига қарши, Аллоҳнинг оятини эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рағбатлари туфайлигина розилик бердилар.
Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули ҳукм қилган ишга ҳеч бир мўмин ва мўмина қарши чиқиши мумкин эмас. Мусулмонлар ушбу эътиқодда мустаҳкам турган пайтларида, фақат Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ҳукми ила иш юритганларида дунёнинг пешқадам уммати бўлганлар.
Жоҳилиятнинг ботил қонун-қоида ва урф-одатлари йўқотилиб, ўрнига Исломий қонун-қоида ва урф-одатлар жорий этиларди. Маълумки, жоҳилиятда турли инсоний табақалар мавжуд бўлиб, ҳар кимнинг қадр-қиймати табақасига қараб белгиланар, шунга кўра муомала қилинар эди. Хусусан, қуллар ёки қулликдан озод бўлганлар одам ўрнида кўрилмасди. Ислом ҳамманинг тенг эканини, оқ билан қора, араб билан ажам, бой билан камбағал, подшоҳ билан гадо орасида ҳеч қандай фарқ йўқлигини, бўлганида ҳам, фақат тақвога кўра бўлиши мумкинлигини қатъий низом асосида қўйди. Бу ҳақда оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оламшумул таълимотларни амалда татбиқ қилишни истадилар. Бу ишни ўз яқинларидан бошладилар. Ўзларининг мавлолари–озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу номидан аммалари Умайма бинти Абдулмуттолибнинг қизлари Зайнаб бинти Жаҳш ал-Асадияга совчи бўлиб бордилар. Бу билан Исломда асли қул ҳам, Бани Ҳошимдан бўлган оқсуяк ҳам баробарлигини кўрсатмоқчи эдилар. Шундай бўлди ҳам. Зайд ибн Ҳориса ва Зайнаб бинти Жаҳшлар розияллоҳу анҳу оила қурдилар.
Лекин турмушлари унча келишмади. Эру хотин тотув яшай олмадилар. Зайд хотинидан норози бўлиб, унинг устидан шикоят қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайта-қайта келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, унга насиҳат қилиб, сабрга чақириб, оиласига қайтарар эдилар. Кейинроқ Зайд розияллоҳу анҳу хотини Зайнаб розияллоҳу анҳони талоқ қилиш ниятида эканини айта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга талоқ қилмай туришни маслаҳат берардилар. Сўнгра иш умуман бошқача тус олиб кетди.
Келгуси ояти каримада ана шулар ҳақида сўз кетади:
«Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир».
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот ўзлари озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳорисага нималар деганларини эслатиш билан сўз бошламоқда:
«Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга...»
Бу жумлада Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг сифатлари келтирилмоқда.
«Аллоҳ неъмат берган...»
Аллоҳ Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга иймон-Ислом неъматини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш саодатини берган эди.
«...сен ҳам неъмат берган...»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни қулликдан озод этган, унга кўплаб яхшиликлар қилган эдилар. Шу сабабли у жамиятда обрў-эътиборли, ҳамма ҳурмат қиладиган шахсга айланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни ўта яхши кўрганларидан у киши «Расулуллоҳнинг маҳбуби» лақабини олди.
Оиша онамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари иштирок этмаган юришларга Зайдни юборадиган бўлсалар, фақат амр қилиб юборар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қолганида Зайдни ўзларига халифа қилар эдилар», дердилар.
Ана ўшандай одам Зайнаб бинти Жаҳшдан шикоят қилиб келганида:
«...Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг».
Аввал айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари совчи бўлиб, ўртада туриб, Зайд ва Зайнаб икковларини никоҳлаб қўйган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Умайма бинти Абдулмуттолибнинг қизи эди. Унинг маҳрига ўн динору олтмиш дирҳам пул, бир рўмол, бир чойшаб, бир кўйлак, саксон мудд таом ва ўн мудд хурмо берилган эди.
Муқотил ибн Ҳиббоннинг айтишича, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ва Зайнаб розияллоҳу анҳолар бир йил ёки ундан сал кўпроқ бирга яшаганлар. Сўнгра Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинидан шикоят қилиб кела бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, унга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдилар.
«Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг...».
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилганидан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю, аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайд розияллоҳу анҳуга «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур», деб айтаётганларида, хаёлларининг бир четида бу фикр бўлиб, Аллоҳдан амр келишини кутардилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хаёлларида кечган шу гапни ҳам эслатмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани» махфий тутганларининг сабаби кейинги жумлада келади:
«...ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди».
Одамлар, Муҳаммад ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди, деб айтишларидан қўрқар эдилар. Чунки ўша вақтнинг урф-одатига биноан, асранди ўғилга худди ўз ўғлидек муомала қилинарди. Ўз ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром бўлганидек, асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига ҳам уйланиш ҳаром ҳисобланарди. Расули акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни–Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини махфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қачон махфий тутмас эдилар. Балки уни дарҳол ошкор қилардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амридан бирор сўзни ҳам махфий тутишга ҳақлари йўқ эди. Бундай қилмаганлари маълум ва машҳурдир.
Ибн Жарир ат-Табарий раҳматуллоҳи алайҳи Омир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Агар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий қилинган Аллоҳнинг китобидан бирор нарсани беркитадиган бўлсалар, «Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди» оятини беркитар эдилар».
Ҳа, Расулуллоҳ Аллоҳнинг амрига итоат этиб, ҳеч нарсани беркитмадилар. Бу гапларни ҳам оят бўлиб нозил қилинганидан кейин ҳаммага ўқиб бердилар. Мана, асрлар давомида ўқилиб келмоқда.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. Бу ҳақиқат суранинг аввалида асранди болаларга ўз фарзандидек муомалада бўлишни ботил қилган оятлар ҳақидаги баёнда ҳам айтилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлгунларича ҳам жоҳилиятнинг ботил урф-одатларидан четда турганлар. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзи сақлаган. Фақат бола асраш бобида Аллоҳ ирода қилган ҳикмат юзасидан Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олганлар. Мана, энди ҳикмати юзага чиқмоқда. Аллоҳ таоло шу одатни ва унга қўшиб, асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди, деган жоҳилият қонунини ботил қилиш учун чиқарган ҳукмни ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётида тадбиқ этишни хоҳлаган экан. Чунки шунда ҳукм таъсирлироқ бўлади. Ҳамма ҳеч иккиланмай, қабул қилади. Худди шу ҳикматга биноан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аммаларининг қизи бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони норози бўлишларига қарамай, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берган эканлар. Худди шу ҳикмат юзасидан «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ» ояти нозил бўлган экан.
Мазкур ишларнинг асл моҳияти, улардан кўзланган ҳикмат энди юзага чиқмоқда ва Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига:
«Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик», демоқда.
Яъни, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач, Биз ўзимиз сенга уни завжа-хотин қилиб бердик, демоқда.
Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анониу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор.
Зайнаб бинти Жаҳш онамиз бундай никоҳ билан фахрланиб юрар эдилар.
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади:
«Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёлларига фахрланиб: «Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган», дер эди».
Кейинги жумлада бу ишнинг ҳикмати очиқ баён этилади:
«Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб».
Бировнинг асранди боласи хотинидан ўз ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилса, уни асраб олган киши ҳалиги аёлга уйланиши–мумкин эмас, деган ғирт мантиқсиз, хато жоҳилият қонунини энди Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғирлади. Бу ишда намуна тариқасида Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзларини танлади.
«Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир».
Бўлмасдан иложи йўқ. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолонинг бу борадаги амрига ҳам амал қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйландилар. Шу билан жоҳилиятнинг одамлар ҳаётига ва онгига қаттиқ сингиб кетган одатларидан бири–асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром, деган қонуни ботил бўлди. Мўминлардан яна бир танглик кўтарилди.
«Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас. Бу - олдин ўтганлар ҳақида ҳам Аллоҳ тутган йўлдир. Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди».
Модомики Аллоҳ таоло бир нарсани фарз қилар экан, ундан ҳеч уялмаслик, қандайдир танглик ҳис этмаслик керак. Аллоҳ ҳар бир нарсани Ўзи билиб қилади. Пайғамбар ҳам Аллоҳнинг бандаси, унинг амрига бўйсуниши лозим.
«Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас».
Шунинг учун Зайнабга уйланиш борасида ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай танглик бўлмаслиги керак. Одамлар у дейди, бу дейди, деган мулоҳазалар ҳам бўлмаслиги керак. Қолаверса, бу амр фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғиз ўзлари учун бўлмаяпти.
«Бу–олдин ўтганлар ҳақида ҳам Аллоҳ тутган йўлдир».
Аввал ўтган Пайғамбарлардан ҳам кўп хотинлилари бўлган. Мисол учун, Довуд алайҳиссаломнинг юзта хотинлари бўлган. Сулаймон алайҳиссаломнинг уч юзта хотинлари бўлган. Аллоҳ шуни ирода қилган, шундай бўлган.
«Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир».
Аллоҳнинг йўлига ҳеч қандай тангликсиз эргашиб юрган зотлар, Набийлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлардир:
«Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган» зотлардир.
Аллоҳ уларни ўз элчиси–Пайғамбари қилиб юборган. Улар-Пайғамбар, одамларга Аллоҳнинг хабарларини етказувчилар. Сен ҳам, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўшаларга ўхшаб, Аллоҳнинг элчилигини одамларга етказадиган зотсан.
«...Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир».
Яъни, илгари ўтган Пайғамбарлар фақат Аллоҳ таолодангина қўрққанлар, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаганлар. Шунинг учун Аллоҳ уларга нимани амр этса, ўйлаб ўтирмай, дарҳол бажарганлар. Сен ҳам, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Зайнабга уйланиш масаласида Аллоҳнинг айтганини қил, одамларнинг гапига эътибор берма.
«Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир».
Охиратда ҳисоб-китобни Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Оғзига кучи етмаган одамлар эмас.
Ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи зот Аллоҳ таолонинг бир никоҳ–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинти Жаҳш онамиз розияллоҳу анҳога никоҳлари масаласига бунчалик эътибор бериб, шунча оятларни нозил этиши бежиз эмас. Аввало, бу ерда гап жоҳилият даврида кенг тарқалган, одамлар қонига ва онгига сингиб кетган катта бир нотўғри урфни, қонун-қоидани ҳаётдан сиқиб чиқариш ҳақида кетмоқда. У ҳам бўлса, асранди бола тутиш, унинг талоқ қилган хотинини ўгай ота никоҳлаб ололмаслиги масаласидир. Бу ботил ҳукм туфайли жамиятда қанчалик ноқулайликлар, ҳаром-ҳариш ишлар келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам гапирилди. Жоҳилий жамиятда жорий этилган урф-одатларни йўқ қилишдек оғир ва машаққатли вазифани бажаришда намуна қилиб бу сафар Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини жалб этди. Эҳтимол, бу йўл ила бу ҳукмнинг таъсири анада орттирилгандир.
Қолаверса, аввалги оятларда ҳам айтилганидек, бу ерда гап киши ўз нафсига, ўз хоҳишига қарши ўлароқ, Аллоҳ таолонинг амрини сўзсиз қабул қилиши ҳақида кетмоқда. Пайғамбаримизнинг ўзлари бу ишда ҳам гўзал намуна бўлишлари керак эди. Шунинг учун ҳам одамлар гап қиладиган, турли-туман миш-мишлар тарқатадиган ишга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дучор бўлдилар.
Бу хусусда айтилган гаплар етарлидир. Аммо қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бу масала Ислом душманлари ва баъзи тушуниб етмаган кишилар томонидан қайта-қайта қўзғатилиб, Исломга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсларига таъна етказишга ҳаракат бўлгани учун, ҳатто баъзи исломий китобларга, баъзи тафсирларга ҳам нотўғри тушунчалар кириб қолгани учун уламоларимиз бу масалага алоҳида эътибор билан қарайдилар. Бу хусусда душманлар томонидан тўқилган ботил ривоятларга раддия берадилар. Ана шундай ботил ривоятлардан бири қуйидагича: Эмишки, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо ҳали Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан яшаб юрганида унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тушиб, яхши кўриб қолибдилар ва «Субҳана муқаллибал қулуб–қалбларни айлантириб тургувчи зот пок бўлди», дебдилар. Зайнаб буни эшитиб, гап нимада эканини англабди ва Зайдга айтибди. Ана шундан кейин Зайд Зайнабни талоқ қилиш ҳақида ўйлаб қолибди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда сўз очибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, жуфтингни ўзинг ила тутиб тур, дебдилар ва ҳоказо.
Бу гаплар туҳмат ва бўҳтон экани аниқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аммаларининг қизи Зайнабни ундан олдин кўрмаган эдиларми? Зайнабга ўзлари совчи бўлиб, Зайдга олиб бермаган эдиларми? Наҳотки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот бировнинг хотинига бошқача кўнгил билан қарасалар?!
Ҳамма нарсани олдиндан билгувчи Аллоҳ таоло, душманларнинг бу хусусда бўҳтон ва туҳматлар тўқишларини ҳам олдиндан билган. Шунинг учун унга тааллуқли гапларни олдиндан очиқ-ойдин баён қилган. Қуръони Карим шахс, жой, вақтни аниқ айтиш услубини қўлламайди. Бу унинг умумийлигини, ҳар замон, ҳар макон ва ҳар жамиятга лойиқ лигини орттиради. Қуръони Каримда бирорта саҳобийнинг исми зикр қилинмаган. Аммо ушбу масалага алоқадор зотлардан бири бўлган Зайд розияллоҳу анҳунинг исмини очиқ-ойдин «қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо қилгач» деб келтирилган. Бу ишнинг, яъни, Зайнабга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланишларининг ҳам сабабини очиқ-ойдин келтирган: «Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб».
Қуйидаги оят ҳам худди шу масалани ёритади:
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».
Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйлангани учун, Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди, деб бўҳтон қилманглар:
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас».
Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри ила жоҳилият ҳукмини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат ила шу одатни йўқ қилиш учун эди. Ҳеч қачон у зотга Зайд ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. У зот эса, ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.
«Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир».
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма учун Аллоҳнинг юборган Расулидир. У зот Пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир Пайғамбар келмас.
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».
Ана шундоқ қилиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг номлари Қуръони каримда айнан зикр қилинди. Аллоҳ таоло жоҳилиятнинг кишиларнинг қон-қонига сингиб кетган одатларидан бири ботил қилишда, унинг туфайли одамлар ичида юзага келадиган турли нохуш ҳолатларга чидашдек улкан синовга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини ва узотнинг энг вафодор дўстлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни танлаб олган эди.

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ҚУВОНЧЛАРИ

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар Оиша розяллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун олдимга масрур ҳолларида юзларидан қувонч барқ уриб кириб келдилар ва:
«Эй Оиша! Биласанми, Мужаззар ал-Мудлажий олдимга кириб, Усома ва Зайдни бошларига чопон ёпилган ҳолида, очиқ турган оёқларини кўриб, албатта, ушбу оёқлар бир-биридандир, деди!»-дедилар».
Ушбу ривоятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни қанчалар яхши кўришларини у кишининг обрўсини ўз обрўлари каби синашларини билиб олсак бўлади.
Зайд розияллоҳу анҳунинг ўғли Усома розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркатойлари эди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу хиббуррасул-Расулнинг маҳбуби, лақабини олган эдилар. Балки саҳобаи киромлар у кишини маҳбубнинг ўғли маҳбуб деб аташар эди.
Шу билан бирга Зайд розияллоҳу анҳу оқ танли бўлишига қарамай, у кишинг ўғиллари Усома розияллоҳу анҳу қора эдилар. Усоманинг оналари Умму Айман Барака ал-Ҳабашия розяллоҳу анҳо қора танли аёл эдилар. Баъзи бир фитначи кишилар, оқ танли одамнинг боласи ҳам қора танли бўладими? Бу ерда бир гап бўлса керак, деб фисқу-фасод гаплар тарқатар эдилар. Бу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хижолат бўлар, эзилар эдилар. Бу масалада гапни бирёқлик қилиш мақсадида ўша вақтнинг урфига кўра Мужаззир ал-Мудлажий номли қиёфачини таклиф қилинди. У кимларни аниқланиши кераклигини билмаслиги учун Зайд розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўғиллари Усома розияллоҳу анҳу бир уйга ўтказиб, бошларига чопон ёпиб қўйилди. Фақат оёқларигина очиқ турар эди. Қиёфачи келиб икковларининг оёқларини кўрди ва, бу оёқлар бир-биридандир, деди, яъни, ота-боланинг оёқларидир, деди. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар ва Оиша онамиз васф қилганларидек кириб келиб, бўлган воқеъани айтиб бердилар.
Шу билан Зайд ва Усома розияллоҳу анҳумоларнинг ота-болаликлари ҳужжатланди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг тўҳматчиларнинг тўҳматидан холос бўлганларига бунчалик хурсанд бўлишлари у зотнинг мазкур саҳобий розияллоҳу анҳуга бўлган чексиз муҳаббатларининг аломатидир.

ИСЛОМИЙ МЎЪЖИЗА

Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди.
Шунда Жаъфар:
«Уни мен ўз қарамоғимга оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки, у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она билан баробар»-деди.
Али эса:
«Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ»-деди.
Зайд эса:
«Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим, мен олиб келдим»-деди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва:
«У холаси билан бўлади. Хола она билан баробардир»-дедилар.
Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг Иммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди. Отаси розияллоҳу анҳу ҳижрат қилган пайтда ўзи билан бирга олиб келишга имкон бўлмаган эди. Кўп ўтмай Уҳуд жангида ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. Лекин бу унинг қизи Иммора мушриклар ичида қаровсиз қолди, дегани эмас эди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу хавф-хатарга қарамасдан Маккага бориб Иммора бинти Ҳамзани олиб келди. Шунда у билан Жаъфар ибн Абу Толиб ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумолар Имморани ўз қарамоғига олиш учун талаша бошладилар. Уч тарафнинг ҳар бири қизни ўз қарамоғига олишга айнан ўзини ҳақли, деб билар ва бунга ўзича далил келтирар эди.
Уларнинг бу ишини кузатиб бурган одам, беихтиёр, наҳотки шу одамлар асрлар давомида қиз болани ўзига ор, деб билган, кечагина ҳатто қизларини тириклайин кўмиб юрган халқнинг вакили бўлсалар?-деб ўйлайди.
Қандай мўъжиза рўй берди? Улар ўз қизларини эмас, бировнинг қизини ўз қарамоғига олиш учун талашмоқдалар-а!
Ҳа, бу Ислом мўъжизасидир. Бу кишилар бировнинг қизини ўз қарамоғига олиб тарбиялашни ўзига фахр, деб биладиган мусулмонлардир.
Уларнинг дини шундоқ қилишга буюради.
Улар ажри савоб умида Имморани ўз қарамоғига олиб тарбиялашни ҳар қанча талашишга тайёрлар.
Буларнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳукм чиқармасалар бўлмайди. Ана у зоти муборак ҳам чиқиб келдилар. Учовларини гапларини, далилларини диққат билан тингладилар. Сўнгра қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир.
Муҳаддис имомларимиз худди шу кишилар иштирокида ва худди шунга ўхшаш ривоятни бир оз ўзгаришлар билан келтирадилар. Эҳтимол иккинчи ривоят биринчисининг бошқача кўринишидир. Ёки бўлмаса, иккиси айри-айри икки ҳодиса бўлиб гап Ҳамза розияллоҳу анҳунинг бошқа-бошқа икки қизи ҳақида кетаётгандир. Нима бўлса ҳам икки ривоят ҳам саҳиҳ ва иккиси бир-бирини бойитади. Келинг, иккинчи ривоятнинг маъносини ҳам келтирайдик.
Имом Бухорий ва бошқалар қилган ривоятда қуйидаги маънолар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан чиқмоқчи бўлиб турганларида шаҳидларнинг саййиди Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизлари У зотга эргашиб, амаки, амаки, деб келиб қолди. Уни ҳазрати Али югуриб бориб қўлидан тутиб Фотимаи Заҳронинг олдиларига олиб бориб, амакингнинг қизини ол, дедилар. Ҳазрати Фотима қизчани кўтариб олдилар. Ўша ерда қизчани ўз кафолатига олиш ҳақида Али, Жаъфар ва Зайдлар талашиб кетишди;
Али розияллоҳу анҳу:
«Мен уни олдим. У амакимнинг қизи», деди.
Жаъфар розияллоҳу анҳу бўлса:
«У менинг амакимнинг қизи. Холаси хотиним», деди.
Зайд розияллоҳу анҳу ўз навбатида:
«У менинг биродаримнинг қизи», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хола онанинг ўрнидадир, деб уни холасига бериш ҳақида ҳукм чиқардилар.
Шу билан бирга қизчани кафолатига олиш учун талашган саҳобаларига илиқ сўзлар айтдилар; Алига:
«Сен мендансан, мен сенданман», дедилар.
Жаъфар ибн Абу Толибга:
«Менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг», дедилар.
Зайд розияллоҳу анҳуга эса:
«Сен биродаримиз ва мавломизсан», дедилар.
Баъзилар, бир етим қизни кафолатга олиш учун талашсалар нима бўлибди, дейишлари мумкин. Лекин бу талашув бундан минг тўрт юз йилдан зиёдроқ вақтда бўлаётганига эътибор бериш керак. Бу талашув кечагина қиз болани ор билган, оиласида қиз туғилса хафа бўлиб юзи қорайиб кетадиган уни олиб бориб тириклай кўмиб юборадиган жамиятнинг кечаги аъзолари орасида бўлаётганига эътибор бериш керак.
Ҳа, Ислом инсониятни тезда жаҳолат ботқоғидан, маърифат гулшанига олиб чиқаётган эди. Аммо атроф ҳали мазкур жаҳолатдан қутила олгани йўқ эди.
Ушбу ҳодисадаги иккинчи Исломий мўъжиза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга қаратиб айтган:
«Сен биродаримиз ва мавломизсан», деган гапларида ўз ифодасини топган.
Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаги қулга унинг ўзларига ва Қурайшнинг икки аслзода аъзолари бўлмиш Жаъфар ва Али ибн Абу Толибларга биродар-ака-ука бўлганини эълон этмоқда эдилар. Яқин-яқингача бу эълонга тенг келадиган эълонни биров қила олгани йўқ, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Ушбу мақомдаги учинчи Исломий мўъжиза кечаги қул бўлмиш Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг икки аслзода қурайшлик билан шараф талашиши эди. У киши ўзларини Жаъфар ва Али розияллоҳу анҳулардан кўра уларнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуга яқинроқ деб даъво қилмоқда эдилар. Кечагина қул бўлиб юрган одамнинг бугун ўзини бундоқ муаззаз тутиши учун иймон ғурури ва Ислом туйғуси лозим эди. Ана ўша нарсалар Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуда мужассам бўлган эди.

ГЎЗАЛ СИФАТЛАР

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Муҳаммад алайҳиссаломнинг мухлис шогирдлари ўлароқ ўзларида мўмин-мусулмон инсонда бўлиши лозим бўлган гўзал сифатларни мужассамлаштирган эдилар. У кишининг ҳақларидаги ривоятларни ўрганар эканмиз ушбу маънони яққол кўрамиз.
Имом Тобарий, Ибн Абу Ҳотим, Абдурраззоқ ва бошқалар ўзларига етиб келган ровийлардан ривоят қиладилар:
«Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча яхшиликка ноил бўлса олмассиз», ояти нозил бўлганда Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ўзининг Шибла номли отини олиб келди. У кишининг ўша отдан кўра ўзи учун маҳбуброқ моли йўқ эди. Бас у:
«Бу садақадир!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабул қилиб олдилар ва ўғли Усома розияллоҳу анҳуни мингазиб қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайднинг юзида бундан (ажабланиш аломатини) кўрдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ уни сендан қабул қилди», дедилар.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг Қуръони карим амрига ҳозиржавобликларини қаранг! Оят нозил бўлиши билан унга амал қилишга ўтишларини қаранг!
У кишининг ўзи қилган садақа ўғлига берилгандан савобдан маҳрум бўлиб қолмадиммикан деб ажабланишларини қаранг!
Ушбу ривоятда зикри келган сифатлар ҳақиқатда Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу энг олиймақом инсоний сифатлар соҳиби бўлганларига далолат қилади.
Ибн Абдулбарр ўзларининг «ал-Истийъоб фии тамйизил асҳоб» номли китобларида қилган ривоятда Лайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Менга айтилишича Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Тоифда бир одамдан хачирни кирага олган экан. Кирчи унга ўзи хоҳлаган жойда туширишни шарт қилибди. Бас, уни хароба томон бошлаб олиб кетибди ва туш, дебди. У тушибди. Қараса харобада кўпгина ўликлар ётбди. Бас, уни ўлдирмоқчи бўлган кирачига:
«Муҳлат бер. Икки ракъат намоз ўқиб олай», дебти.
«Ўқивол! Сендан олдин аванулар ҳам ўқишган. Аммо намозлари уларга ҳеч фойда бермади», деди.
Намозни ўқиб бўлганимдан кейин мени ўлдириш учун келди. Бас, мен:
«Ё, арҳамар роҳимийн!» дедим.
«Уни ўлдирма!» деган овозни эшитди у.
Бундан қўрқиб у ташқарига чиқди. У ёқ бу ёққа қараб ҳеч нарсани кўрмади. Яна мен томон қайтди.
«Ё, арҳамар роҳимийн!» дедим.
Уч марта шу тариқа такрорланди. Кейин қарасам бир отлиқ турибди. Қўлида темир найзаси бор. Найзанинг учида олов шўъласи бор. Кирачига найзани тиққан эди кураклари орасидан тешиб чиқди. Кирачи ерга йиқилди.
Сўнгра ҳалиги отлиқ менга:
«Биринчи марта «ё, арҳамар роҳимийн» деб чақирганингда еттинчи осмонда эдим. Иккинчи марта «ё, арҳамар роҳимийн» деб чақирганингда дунё осмонида эдим. Учинчи марта «ё, арҳамар роҳимийн» деб чақирганингда ҳузурингга келдим», деди».
Бу ривоятга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

МОҲИР САРКАРДА

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бадр ва Уҳуд урушларида фаол иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мурайсиъ ғазотига чиққанларида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Мадийнага ўзларининг ўринларига ўринбосар қилиб қўйиб кетдилар.
Сўнгра Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Хандақ, ва бошқа ғазотларда ҳам қатнашдилар. Ҳудайбияда қатнашиб ризвон байъати соҳибларидан бўлдилар. Хайбар ғазотида ҳам ўзларининг мухлис лашкар эканликларини кўрсатдилар.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силоҳларинг соқловчи ишончли одамлари эдилар.
Имом ал-Ҳоким ўзларининг «Мустадрак» номли китобларида, Имом Ибн Асокир «Тарихи Димашқ»да Жабада ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазот қилмаган вақтларида силоҳларини фақатгина Алига ва Зайдга берар эдилар».
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуда етук жангчида бўлиши лозим бўлган барча сифатлар мужассам эди. У кишида жанг майдонларида керак бўладиган сабр матонат ҳам етарлича бор эди. Шунинг ботирли, шижоат бошқа сифатларни ҳам Аллоҳ таоло берган эди.
Бунинг устига Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуда асосан ғалаба Аллоҳ таоло тарафидан бўлишига содиқ иймон ва урушни ҳусни тадбири бор эди. Ушбу сифатлари у кишини нафақат яхши жангчи, балки моҳир саркада бўлишларига асос эди.
Шунингучун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга алоҳида эътибор билан қарар эдилар. У кишини аҳли байтдан ҳисоблар эдилар. Сарийяларга амир қилиб юборар эдилар.
Имом ал-Ҳоким аш-Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир сарийяни юборсалар ичида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бўлса, албатта, уни амир қилар эдилар».
Тарихчиларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни еттита сарийяга амир қилганларини айтадилар.
Имом Ибн Саъд ўзларининг «Тобақоти кубро» китобларида Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидийдан ривоят қиладилар:
«Зайднинг биринчи сарийяси Қирадага бўлган. Кейин Жаҳумга бўлган. Ундан сўнг Ийсга, Торфга, Ҳисмага ва Умму Қирфага. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мўъта ғазотида одамларга амир қилдилар ва амирлардан устун қўйдилар».
Энди ўша сарийяларнинг баъзилари ҳақида бир оз тўхталайлик.

ҚИРАДА САРИЙЯСИ

Имом Ибн Саъд «Табақату Кубро»да қуйидагиларни ёзадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳижратларига йигирма саккиз ой тўлганда, Жумадул охира ойининг аввалида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни сарийяга бошлиқ қилиб Қирадага юбордилар.
Бу Зайднинг амирлигида чиққан биринчи сарийя эди.
Қирада Зоти Ирқ тарафдаги Рабза билан Ғамра орасидаги Нажд еридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Қурайшнинг карвонининг йўлини тўсгани юбордилар.
Карвонда Сафвон ибн Уяйна, Ҳувайтиб ибн Абдул Уззо, Абдуллоҳ ибн Абу Робийъалар бор эди. Унда кўп мол; вазни ўтиз минг дирҳам бўлган қуйма тилло ва кумуш идишлар бор эди. Уларнинг далили Фурот ибн Ҳайён ал-Ажалий эди. У уларни Зоти Ирқ ила Ироқ йўлига бошлаб кетди.
Уларнинг бу иши ҳақидаги хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни юз отлиққа бошлиқ қилиб юбодилар. Улар йўлни тўсиб чиқиб карвонни қўлга туширдилар. Қавмнинг аъёнлари қочиб кетдилар.
Карвонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келишди. Бас, у зот бешга бўлдилар. Унинг бешдан бири йигирма минг дирҳамга етди. Қолганини сарийя аҳлига тақсим қилиб бердилар.
Фурот ибн Ҳайён асирга тушди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирилди. Унга, мусулмон бўлсанг тек қўйиласан, дейилди. У мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қатл қилмай тарк қилдилар.

БАНИ СУЛАЙМ САРИЙЯСИ

Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни келтиради:
«Олтинчи ҳижрий сананинг Робеъул Охир ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Бани Сулаймга юбордилар. У Ботни Нахлнинг чап томонидан бориб Жамумга етди. Ботни Нахл Мадийнадан олти барид узоқдадир. Улар у ерда музайналик Ҳалийма номли аёлни учратдилар. У аёл уларни Бани Сулаймнинг маҳаллаларидан бирига йўллаб қўйди.
Улар у маҳалада чорва ҳайвонлари, қўйлар ва асирларга эга бўлдилар. Асирлар ичида Ҳалийма ал-Музаниянинг эри ҳам бор эди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ўзларига тушган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб борганда у зот ал-Мазанияга ўзини ва эрини ҳиба қилиб бердилар. Било ибн Ҳорис бу ҳақда шеър ҳам айтди.

ИЪЙС САРИЯСИ

Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни келтиради:
«Олтинчи ҳижрий сананинг Жумадул Улаа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайшнинг карвони Шомдан келаётгани хабари етди. Бас, у зот Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни бир юз етмиш киши билан юбордилар. Улар карвонни қўлга олдилар. Ўшанда Сафвон ибн Умайянинг кўп кумуши ҳам қўлга олинди. Карвондаги кишиларни асирга олдилар. Асирлар ичида Абул Осс ибн Робийъ ҳам бор эди. Уларни Мадийнага олиб келдилар. Абул Осс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнабдан паноҳ сўради. Бас унга паноҳ берди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдодни ўқиб бўлганларидан сўнг у (Зайнаб):
«Мен Абул Оссга паноҳ бердим!» деб нидо қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мени буни билганим йўқ эди. Сен паноҳ берган шахсга биз ҳам паноҳ бердик», дедилар ва ундан олинган нарсаларни қайтариб бердилар».

ТОРФ САРИЙЯСИ

Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи бу сарийя ҳақида қуйидагиларни келтиради:
«Олтинчи ҳижрий сананинг Жумадул Охира ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Торфга юбордилар. У Мирозга яқиндаги бир сувли ер бўлиб Нахийлга етмасдан келади. Маҳажжага кетадиган Бақара йўлида бўлиб Мадийнадан ўттиз мил узоқдадир. У (Зайд ибн Ҳориса) ўн беш киши билан чиқди. Чорваларни ва қўйларни қўлга олди. Аъробийлар қочиб кетдилар. Зайд тонг чоғида чораваларни олиб Мадийнага кириб келди. У(ўлжа)лар йигирмата туядан иборат эди. У(Зайд) ҳеч қандай ёмонликка дуч келмади. У тўрт кун ғоиб бўлди».

ҲИСМАА САРИЙЯСИ

Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи бу Сарийя ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради:
«Олтинчи ҳижрий сананинг Жумадул Охира ойида Ҳисмаага Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг сарийяси бўлди. У ер Водил Қуронинг ортидадир.
Деҳяту ибн Хулайфа ал-Калбий қайсарнинг олдидан келаётган эди. У унга паноҳ бериб сарпо кийгазган эди. Ҳунайд ибн Ориз ва унинг ўғли Ориз ибн Ҳунайд ўзларининг Жузомлик бир қанча одамлари билан Ҳасмаада унинг йўлини тўсдилар. Унинг устида жанда кийимдан бошқа нарсани қўймадилар. Бани Зобиблик бир гуруҳ кишилар бу хабарни эшитдилар ва уларнинг устига бомтириб бориб Деҳя ёрдам бердилар. Деҳя Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб хабарни етказди.
Бас, у зот Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни беш юз киши билан юбордилар. У билан бирга Деҳяни ҳам қайтардилар. Зайд кечаси юриб кундузи паналар эди. У билан бирга унинг Бани Узралик далили ҳам бор эди. Улар бориб тонг чоғида қавм устига ҳужум қилдилар. Уларнинг ичида қатл ва жароҳат содир этдилар. Ҳунайд ва унинг ўғлини қатл қилдилар. Кейин чорва ҳайвонлари ва бошқа нарсалари томон ғорат қилдилар. Минг туя, беш минг қўй, юзта аёлва болаларни қўлга киритдилар.
Зайд ибн Рифоъа ал-Жизомий ўз қавмидан бир қанча одамлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. У узотга ўзлари уларнинг олдига борганларида ва улар мусулмон бўлганида берган мактубларини берди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули бизга ҳалол нарсани ҳаром қилманг ва ҳаром нарсани ҳалол қилманг», деди.
«Қатл этилганларни қандоқ қиламан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, тирик қолганларни бизга беринг. Қатл бўлганлар менинг ушбу икки оёғим остида», деди Абу Язид ибн Амр.
«Абу Зайд рост айтди!» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
У зот улар билан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг олдига Али розияллоҳу анҳуни уларнинг ҳарамлари ва молларини қайтариб бериш ҳақидаги амр ила юбордилар. Али юриб кетаётиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг хушхабарчиси Рофеъ ибн Мукайсни қавмнинг туяларидан бири миниб келаётганини кўриб қолди. Али у(туя)ни қавмга қайтариб берди. У зайдни Фкҳлатайнда (у ер Мадийна билан Зил Марванинг орасида) учратиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини етказди. У одамларга уллардан нама олган бўлса қайтариб берди».

ВОДИЛ ҚУРО САРИЙЯСИ

Олтинчи ҳижрий сананинг Ражаб ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Водил Қурога юбордилар. У ерда у кишига Бани Фирозаликлар дуч келдилар. Тўқнашувда Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг шерикларидан баъзи кишилар мусибатга учради. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ўзлари ярадор бўлдилар. У киши қайтиб келганларидан кейин Бани Фирозага ғазот қилмасдан туриб ғусл қилмасликка қасам ичдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг жароҳатлари тузалгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Бани Физора томон юбордилар.

УММУ ҚИРФА» САРИЙЯСИ

Аҳмад Зайни Даҳлон «ас-Сийра ан-Набавийя»да қуйидагиларни ёзади:
«Ўша сарийлардан бир «Умму Қирфа» сарийяси деб номланади. Умму Қирфа Физора қабиласига мансуб Фотима бинти Робийъа ибн Бадр номли аёлнинг кунясидир. Бу аёлнинг ўнта ўғли, иккита қизи бўлиб, ўғилларидан бирининг исми Қирфа эди. Шунинг учун мазкура аёлнинг куняси Умму Қирфа бўлган.
Умму Қирфанинг уйида унинг маҳрамларидан элликта эркакнинг қиличлари осиғлиқ турар эди. У Водил қуро номли жойда истиқомат қилар эди. Шунинг учун Умму Қирфа сарийяси Водил Қуро сарийяси деб ҳам номланади.
Бу сарийянинг юборилиши ва унга тегишли ҳодисалар олтинчи ҳ-с.нинг Рамазон ойида бўлиб ўтган ва тафсилоти қуйидагича.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ўз тижоратлари билан Шомга борган эдилар. У киши билан бирга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг тижорат моллари ҳам бор эди. Савдо карвони Водил Қурога келганда физораликлар Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ва у кишининг шерикларини уриб, молларини тортиб олдилар.
Улар қайтиб келиб бўлган воқеъани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб беришди. Бас, у зот Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчиликларида сарийя юборишга қарор қилдилар ва уларга:
«Кундузи беркиниб туриб, кечаси юринглар», дедилар.
Зайд ва унинг шериклари кундузи беркиниб туриб. Кечаси юриб кетдилар. Улар билан физоралик йўл кўрсатувчи ҳам бор эди.
Физораликлар уларнинг келаётганларидан хабар топишди. Улар назоратчи қўйиб қўйишди. Тонг отганда у тоғнинг устига чиқиб хавф кутилаётган томонга қараб турарди. У бир кунлик масафани кўра олар ва:
«Чоравангизни боқаверинг, чоравангизни боқаверинг, улардан дарак йўқ!» дер эди.
Қечаси бўлганда ўша тоғнинг устига яна бири чиқиббир кечалик масофага назар солар ва:
«Ухлашди, сизга ҳеч ҳавф йўқ», дер эди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошилқ саҳобалар қасд қилинган жойга етишларига бир кеча қолганда далиллари йўлни адаштириб қўйди. У кеч бўлгунча хато йўлдан бошлаб борди. Улар физораликларни кўриб қолдилар. Ана шунда дашганларини тушуниб етдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ва унинг шериклари тонг чоғида кутилмаганда ҳужум қилиб физораликларни ўраб олдилар ва қатл қилдилар. Улар Умму Қирфани қўлга туширдилар. У подшоҳлари эди. Ўз қавмида шарафга эга эди. Улар уни қатл қилидилар. Чукни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккан ва ўғилларию невараларидан ўттиз кишини қуроллантириб, Мадийнага ғазот қилинглар, Муҳаммадни ўлдиринглар, деган эди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бу сафардан ўз шериклари билан зафар ила қайтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қай ҳолда кутиб олганларини «Жомеъул усул» китоби келтирган ривоятда Оиша онамиз қуйидагича васф қиладилар:
«Зайд ибн Ҳориса Мадийнага етиб келиб эшикни қоққанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. У зот ялонғоч ҳолда, устларида авратларини тўсадиган нарсадан бошқа кийим йўқ ҳолда эдилар. У зот кийимларини судраб эшик томон тезлаб бордилар ва уни қучоқлаб ўптилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳни бундан олдин ҳам, кейин ҳам ялонғоч ҳолларида кўрмаганман».
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг фазллари ҳақида фақат шу ривоятгина ворид бўлган бўлса ҳам етарли бўлса керак. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, худди шундоқ муомалани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан бошқа бирор кишига қилганларини биламизми?!

МЎЪТА ҒАЗОТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусродаги Рум томонидан таъйинланган ҳоким Шарҳабийл ибн Амр ал-Ғас-сонийга ал-Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни элчи қилиб юбордилар. У бўлса элчини ушлаб, боғлаб қўйди. Кейин бўйнидан чопиб ўлдирди.
Одатда элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага амал қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар.
Румликлар ўзлари юз минг аксар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар.
Шу икки юз минг аскар билан мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш қасдида эдилар.
Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-Ула ойи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам румликларга қарши аскар юборишга қарор қилдилар. Уч минг кишилик лашкарга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб таъйинладилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари эди. Лашкар ичида бўлса катта саҳобалар бор эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб таъйинлар эканлар:
«Агар Зайдга бир гап бўладиган бўлса одамларга Жаъфар ибн Абу Толиб бош бўлур, агар Жаъфарга бир гап бўладиган бўлса Абдуллоҳ ибн Равоҳа», дедилар.
Сўнгра у зот уларга оқ байроқ тикиб уни Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Аллоҳнинг номи ила ғазот қилишни, Аллоҳнинг душманига қарши уруш қилишни, таъйинладилар. У зот шунингдек, аёллар, болалар ва қарияларга меҳрибон бўлишни, дарахтларни кесмасликни ва биноларни бумасликни таъйинладилар.
Лашкар ўз вазифасини адо этиш учун йўлга тушаётганда одамлар чиқиб уларни кузатиб қолдилар. Бу лашкар олдида узоқ ва машаққатли сафар ва оғир жанглар турар эди. Олдинда уларни ўша пайтдаги энг кучли империянинг мададига суянган аёвсиз душман кутарди.
Ислом лашкари машаққатли сафарни бошидан ўтказиб «Маъон» номли жойга етиб борди. Ўша ерда уларга Рум ўзларига қарши юз минг аскар тўплагани, уларга Лахм, Жузом, Балқийн, Баҳро, Балий ва бошқа араб қабилаларидан яна шунча адад қўшилганининг хабари етди.
Мусулмонлар бу хабарни эшитганларидан кейин маслаҳат қилиб «Маъон»да икки кун туриб қолдилар. Улар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб ёзиб душманнинг адади ҳақида хабар берсак, У зот ёки бизга янги кучлардан мадад берсалар, ёки бошқа бир амр берсалар ўшани қилсак» деган фикрга бордилар.
Икки кундан кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу кишиларни шижоатлантириб:
«Эй қавм!
Аллоҳга қасамки, сиз қўрқаётган нарса, ўзингиз талаб қилиб чиққан нарса-шаҳидликдир!
Биз одамларга қарши сон билан ёки кучу кўплик билан урушмаймиз!
Биз фақатгина Аллоҳ бизни мукаррам килган ушбу дин билан урушамиз!
Қани жўнанглар!
Икки яхшиликдан бири; зафар ёки шаҳидликдан бошқа нарса бўлмайди!» деди.
Одамлар дадил туриб йўлга тушдилар. Улар юриб бориб Балқоонинг Машориф деган қишлоғига етганларида румликлардан ва араблардан иборат душман аскарига йўлиқдилар. Душман яқинлашиб кела бошлади. Мусулмонлар ўзларини «Мўъта» деган қишлоқ томонга олдилар. Ўша ерда икки тараф тўқнашди ва шиддатли жанг бошланди.
Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолида душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар. Жанг давомида у киши шаҳид бўлдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Байроқни Зайд олди, мусибатга учради. Сўнгра уни Жаъфар олди, мусибатга учради. Сўнгра, уни Ибн Равоҳа олди, мусибатга учради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кўзлари ёш тўкар эди. Сўнгра уни Холид ибн Валид амирликни олди ва унга фатҳ берилди», дедилар».
Ҳа, Мўътада шиддатли жанг бўлган. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганлар.
Байроқни Жаъфар ибн Абу Толиб олиб, лашкарга амирлик қила бошлаганлар. У кишининг ўнг қўллари кесилган, байроқни чап қўллари билан тутиб жангни давом этдирганлар. Чап қўллари ҳам кесилганда, байроқни жағлари билан тутиб турганлар. Сўнгра Жаъфар розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганлар. Байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олиб, лашкарга амирлик қилган ва шаҳид бўлганлар.
Шунда амирсиз қолган лашкарни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари бўлмаса ҳам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бошқара бошлаганлар. У киши оғир вазиятда жуда ҳам оқилона ва усталик билан иш тутганлар. Натижада мусулмонлар учун катта фалокат билан тугаётган жангда Аллоҳ таоло уларга фатҳу нусрат берган.
Мазкур уч буюк саҳобийнинг шаҳид бўлганлари ҳақидаги машъум хабар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда У зот кўзларидан ёш тўкиб йиғлаганлар.
«Сияри Аъламун Нубалаа» китобида келтирилишича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Зайднинг шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар етганда унинг ҳақига дуо қилганлар ва:
«Биродарингизга дуо қилинглар. Батаҳқиқ, у жаннатга шошилиб кириб кетди», деганлар.
Имом Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Амр ибн Шарҳабийл ал-Ҳамадонийдан ривоят қиладилар:
«Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ва Ибн Равоҳанинг қатл бўлганлари хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида у зот туриб уларнинг шанини зикр қилдилар ва Зайддан бошлаб:
«Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин! Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин! Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин!
Эй Аллоҳим, Жаъфарни мағфират қилгин!
Эй Аллоҳим, Абдуллоҳ ибн Равоҳани мағфират қилгин!» дедилар».
Имом Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Холид ибн Шумайр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу мусибатга учраганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар(аҳли Зайд)нинг олдиларга келдилар. Зайднинг қизи у зотни кўриб қаттиқ йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йиғлаб ҳиққиллаб қолдилар. Шунда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деди.
«Бу ҳабибнинг ҳабибга шавқидир», дедилар у зот».
Ушбу ривоятлардан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан қандо жой олганларини билиб олсак бўлади. Албатта, бу жуда ҳам улуғ бир мақомдир.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМ ХОТИРАЛАРИДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотираларида ҳам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу энг олий сифатлари билан қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирлиаригача у кишини фақат яхшилик билан эслаб юрдилар.
Имом Ибн Абу Шайба, Баззор ва Дора Қутнийлар Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Отам қатл қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳузурларига келдим. У зот мени кўришлари билан икки кўзларидан ёш оқди. Эртаси яна келганимда у зот менга:
«Бугун ҳам худди сени кеча кўрганимдаги ҳолат бўлмоқда», дедилар».
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларининг охирларигача Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни соғинч билан эслаб юрганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аскар юбордилар ва уларга Усома ибн Зайдни амир қилдилар. Баъзи одамлар унинг амирлигига таъна қилдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар унинг амирлигига таъна қилаётган бўлсангиз, бундан олдин отасининг амирлигига ҳам таъна қилган эдингиз. Аллоҳга қасаки, у амирликка лойиқ бўлган бўлса ва менга одамларнинг энг маҳбубларидан бўлган бўлса, албатта, бу ҳам менга ундан кейинги одамларнинг энг маҳбубларидандир», дедилар».
Бухорий, Термизий, ва Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ривоят қилган. ва:
«Бас, унга яхшилик қилишингизни тавсия қиламан. Чунки у солиҳларинингиздандир»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик ёшли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни ичида улуғ саҳобийлар бўлган катта лашкарга қўмондон қилиб таъйинлаганларида кишилар ҳақида турли гаплар тарқалган. Хусусан, у кишининг ёш болалигини айтиб таъна қилганлар. Шунда роҳматуллоҳи алайҳи ўша миш-миш ва гап сўзларни рад этиш учун ушбу ривоятда келган гапларни айтганлар ва ҳамма жим бўлиб қолган.
Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини бундоқ тутишлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга бўлган улкан муҳаббатларидан келиб чиққандир.

САҲОБАЛАР ХОТИРАСИДА

Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ўзларининг биродарлари саҳобаи киромлар хотираларида ҳам фақат яхшиликлар билан соқланиб қолганлар. Бу ҳақида кўплаб ривоятлар учратамиз. Улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз.

Умар Усома ибн Зайдга уч минг беш юз таъйин қилди. Абдуллоҳ ибн Умарга уч минг таъйин қилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар отасига:
«Нима учун Усомани мендан афзал кўрдингиз? Аллоҳга қасамки, у бирор машҳадга мендан олдин борган эмас», деди.
«Чунки Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Усоманинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган! Бас, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини ўз муҳаббатимдан устин қўйдим», деди Умар».
Термизий ривоят қилган.
Оиша онамиз Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни хотирлаб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари иштирок этмаган юришларга Зайдни юборадиган бўлсалар, фақат амр қилиб юборар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қолганида Зайдни ўзларига халифа қилар эдилар», дердилар.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу эллик беш ёшларида шаҳид бўлганлар.
Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri