Садақа ва яқинларга садақа қилиш Принтер учун
18.11.2009 й.
islom.uz

«Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади.

«Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.
Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.
Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади.
Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадия бўлади.
Ўлими олдида мол улашиш атийяя бўлади.
Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади.
Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Мазкур оятлардан баъзиларини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлиги да ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.
Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).
Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада:
«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.
«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.
«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».
Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади:
«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».
Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини ортдиради.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».
Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.
Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.
Ушбу қисмга китрган бобларда ҳам ихтиёрий садақа ҳақида сўз боради.

САДАҚА СЎРОВЧИНИНГ ҚЎЛИГА ТУШИШДАН ОЛДИН РОББНИНГ ҚЎЛИГА ТУШИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

198. (341). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким садақа қилса, албатта, тиланчининг қўлига тушишдан олдин Роббул оламийннинг қўлига тушади. Ҳолбуки, у тиланчининг қўлига солган эди», деди ва: «Билмайдиларми, албатта, Аллоҳ ўз бандаларидан тавбани қабул қилади ва садақани олади»ни тиловат қилди».
Шарҳ: Мўмин-мусулмон банда садақа қилса, садақа қилинаётган нарсани бир муҳтожга, мискинга узатаяпман, деб ўйламаслиги керак. Унинг берган садақаси тиланчининг ёки муҳтожнинг қўлига тушмай туриб, Аллоҳнинг қўлига тушади. Бу жуда улуғ мартабадир. Оятдан далил ҳам турибди, ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари турибди, демак садақа биз ўйлагандек оддий нарса эмас экан.
Садақа жуда эътиборли нарса, унинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, садақа сўзи «сидқ», «содиқ» сўзларидан олинган бўлиб, банданинг иймон борлигини тасдиқловчи амал деган маънони билдиради. Кишининг иймони, Аллоҳга ишончи бўлса, қалбида қилаётган хайр-эҳсонининг савобидан умидворлик туйғуси бўлса, берган садақаси ана шу туйғуларнинг чин эканлигини тасдиқлайди.
Шунинг учун бу гўзал амал садақа деб аталади. Бўлмаса, мол-дунё беришни нафақа ҳам, хайр-эҳсон ҳам дейиш, турлича номлаш мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси умумлаштирилиб, садақа дейилган. Садақа иймоннинг, эҳсоннинг, қалбдаги мурувватнинг ва бошқа кўп хайр-баракотларнинг тасдиғидир.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмасларми?» (104-оят).
Яъни, бу ишларни фақат Аллоҳнинг Ўзигина қилади. Бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Шунинг учун, Расулуллоҳ бизни кечириб ечмагунича ўзимизни ечмаймиз, деганларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан амр бўлмагунча ечмай турдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бунга ҳақлари йўқ эди.
Улар садақаларини олиб келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан амр бўлмагунча олмай турганларининг сабаби ҳам шундан.
Ҳа, тавбани ҳам, садақани ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қабул қилади.

САДАҚА УНИНГ ҚИЛУВЧИ ҚОЛДИРГАН НАРСАГА ЯХШИ ЎРИНБОСАР БЎЛИШНИ ТАЪМИНЛАШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

199. (340). Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда садақасини гўзал қилса, албатта, Аллоҳ унинг орқасидан қоладиганларга ўринбосарни гўзал қилади», дедилар».
Шарҳ: Бир умр садақа қилиб ўтган одам вафот этса, орқасидан қолган болаларининг таъминотига Аллоҳ Таолонинг ўзи кафил бўлар экан. Бу фарзандлар оталарининг садақани кўп қилганлиги сабабидан, шарофатидан унинг вафотидан кейин ҳам Аллоҳнинг риоясида бўлар эканлар.

САДАҚА БУРҲОН ЭКАНИ ҲАҚИДАГИ БОБ

200. (299). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш жариймадир. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Рўза метин қалқондир. Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб қутқариб олувчи», дедилар».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилаётган ушбу ривоятдаги гаплар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинганида ҳеч шубҳа йўқ. Унда қисқа иборалар ила улкан маънолар ифода этилгандир.
1. «Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш жариймадир».
Ким сокин бўлса, шошқалоқ бўлмаса, хотиржамлик билан иш тутадиган бўлса, катта ўлжани олган одамдир.
Сокинликни қўйиб, шошқалоқ бўлиш худди кишига масъул томондан солинган солиқ ёки жариймага ўзини уриш билан баробарди.
2. «Намоз нурдир».
Намознинг нур эканлиги, Аввало, банда вафот этиб қабрга кўмилганда унинг қоронғу қабрини ёритиш билан бўлади.
Намознинг нур эканлиги, кейинчалик, қиёмат қоронғусида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.
Ўлим - ҳақ, ҳар биримизнинг вафот этишимиз бор. Яқинларимиз бизнинг ҳар биримизни қабрга элтиб, кўмиб, ёлғиз ташлаб кетиши бор. Ана шунда қабр зулматидан азоб тортмайлик десак, намоз ўқийлик. Ўқиган намозимиз қабримизда нур бўлиб, атрофимизни ёритиб, кўнглимизни хушнуд қилиб турсин.
Қиёмат куни-ҳақ, бир куни келиб, албатта, у қоим бўлажак! Унинг тўс-тўполони, даҳшатли қоронғусида қолишимиз турган гап. Ўша пайтда ҳеч нарсани кўрмай қоқилиб-суқулиб юрмайлик десак, намоз ўқийлик! Шояд, ўша ўқиган намозимиз қиёмат қоронғусида нур бўлиб порлаб, атрофимизни, йўлимизни ёритиб турса!
3. «Садақа бурҳондир».
Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳон бўлиши бир неча хил бўлади.
Аввало, молу-мулкидан савоб умидида садақа қилиш - киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон - ҳужжат бўлади.
Яна бир гапларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бурҳон - белги қўйилар экан. Ўша белгини кўргандан кейин улардан молингни нимага сарф қилдинг, деб сўралмас экан.
Қаранг, садақа қилиш - қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карами. Фақат шу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол - мулкимиздан оз бўлса ҳам муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол - мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда бизга бурҳон бўлса ёки сиймомиздаги бир аломат бўлиб, бу саволдан қутқариб қолса.
4. «Рўза метин қалқондир».
Ҳа, рўза инсонни турли ёмонликлардан сақловчи метин қалқондир.
Рўза рўзадорни турли ёмон ишлардан ва гапу-сўзлардан сақловчи метин қалқондир.
Шаҳватга берилишдан сақловчи метин қалқондир.
Ёмон ахлоқлардан сақловчи метин қалқондир.
Турли-туман касалликлардан сақловчи метин қалқондир.
5. «Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб қутқариб олувчи».
Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон саъйи-ҳаракат қилиб ўтади. У ўша саъйи-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса бу дунёда қилган амали бўлади. Агар банда яхши амал қилган бўлса, унинг эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, унинг эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчи бўлади. Яъни, ҳар ким қилса, ўзига қилади.
Биз ҳам бу дунёда ўшандай ҳаракат қилувчи, жонимизни савдога қўювчи бандалармиз. Ҳар биримиз яхши амални иложи борича кўп қилиб, ўз жонимизни улар эвазига сотиб олиб, дўзахдан озод қилишга ҳаракат қилайлик. Ғафлат уйқусида савдони нотўғри қилиб, ёмон ишлар билан жонимизни ҳалок қилувчи, дўзахга туширувчи бўлмайлик!
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Сокинлик фазийлат экани.
2. Сокинликни тарк қилиш яхши эмаслиги.
3. Намоз банданинг икки дунёсини ёритувчи нур экани.
4. Рўза банданинг турли ёмомнликлардан сақлови метин қалқон экани.
5. Одамлар икки тоифага бўлиниши.
6. Жонини бу дунё учун сотган банда ҳалокатга учраши.
7. Жонини тўловини тўлаб қутқариб қолиш пайидан бўлиш зарурлиги.

САДАҚА ХАТОНИ ЎЧИРИШИ ВА У ИЛА АЛЛОҲ ГУНОҲЛАРНИ МАҒФИРАТ ҚИЛИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

201. (277). Икримадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага:
«Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради.
Бас, билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳғожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади.
Садақа фақат маълум катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа бўлаверади. Садақа оч қилган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбар ва олим одамлар ўзларига қарашли кишиларни садақага чорлаб туришлари лозимлиги.
2. Аризмаган нарса демай, топганини борича садақа қилса қабул бўлиши.
3. Садақа очларга бўлиши яхшилиги.
4. Садақа ўз соҳиби гуноҳини ювилишига сабаб бўлиши.

202. (278). Қайс ибн Ибоддан ривоят қилинади:
«Албатта, садақа худди сув оловни ўчиргандек хато ва гуноҳларни ўчиради».
Шарҳ: Бу ривоят олдингисининг такрори.

203. (279). Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:
«Бир киши Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди. Сўнг фоҳишага қўл урди ва Аллоҳ амалини ҳабата қилди. Кейин шол бўлиб ўтириб қолди. Бас, мискинларга садақа қилаётган бир кишини кўрди ва олдига бориб ундан бир дона нон олди. Кейин ўша нонни бир мискинга садақа қилди. Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди ва унга етмиш йиллик амалини қайтарди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сиз билан бизга садақанинг фазли, унинг гуноҳларни мағфират қилинишига сабаб бўлиши ҳақида ўта ибратли бир қиссани айтиб бермоқда.
«Бир киши Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди».
Афтидан мазкур одам илми йўқ обид бўлганга ўхшайди. Чунки, олим бўлганида илми уни бундай ишдан тўсар эди. Илмсиз одамларгина етмиш йил ибодатдан кейин адашиши мумкин. Шунинг учун ҳалиги одам етмиш йил ибодатдан...
«Сўнг фоҳишага қўл урди ва Аллоҳ амалини ҳабата қилди».
Фоҳиша ишнинг касофатини қаранг, ўзи катта гуноҳ бўлиб ёзилиши етмагандек, ундан олдин қилинган етмиш йиллик ибодатни ҳам беҳуда кетишига сабаб бўлди.
Фоҳиша иш азоби охиратга қоладиган гуноҳ ва ўзидан олдинги ибодат ҳамда солиҳ амалларни ҳабата қилибгина қолмайди. Балки унинг касофати бошқа тарафлардан ҳам бало офатларга сабаб бўлади. Етмиш йил ибодат қилган жоҳил ҳам фоҳиша иш қилиб гуноҳга ботди, етмиш йиллик ибодати ҳабата бўлди ва...
«Кейин шол бўлиб ўтириб қолди».
Ибодатга ҳам, гуноҳ ишлар, жумладан фоҳиша иш қилишга ҳам ярамай қолди. Ўтирган жойида нажот излай бошлади.
«Бас, мискинларга садақа қилаётган бир кишини кўрди ва олдига бориб ундан бир дона нон олди».
Садақа қилинган нонни қўлига тутиши билан вужудини ғалати бир ҳис қамради. Қалби садақа қилаётган кишига нисбатан шукрона туйғусига тўлди. Пешона териси билан топган нарсасини ҳожатманд одамларга бераётган бу инсонга нисбатан ўзида чексиз эҳтиром уйғонганини сезди. У бирдан ўзи сезмаган ҳолда садақа қилган одамни дуо қилишга турди; Шундай одамлар бор бўлсин! Улар камчилик кўрмасин! Соғ бўлсин! Муродларига етсин! Ҳаётида ғам кўрмасин!
Кейин ўзига қайтди. Бахтсизлигини қайтадан ҳис этди. Унинг ҳам садақа қилгиси келди. Лекин нимани садақа қилади? Садақа қиладиган ҳеч нарсаси йўқ-ку? Бирдан қўлидаги нонга қаради. Шу нонни садақа қилсам бўлармикан, деди ўзига ўзи.
«Кейин ўша нонни бир мискинга садақа қилди».
Унинг қўлидан садақани қабул қилиб олаётган мискиннинг юзида мамнуният аломатлари пайдо бўлди. Кейин вужуди қувончга тўлди. Мақсади ҳосил бўлганидан Аллоҳ таолога шукрлар айтиб шол одамни дуо қилди. Бу ҳолатни кўрган шол одамда умид учқунлари пайдо бўлди.
«Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди ва унга етмиш йиллик амалини қайтарди».
Аллоҳ таоло бировдан олинган нонни мискинга садақа нияти ила берилганини қабул қилди. Мазкур садақа туфайли шол одамнинг гуноҳини мағфират қилди. Гуноҳи мағфират қилингани билан бирга Аллоҳ таоло унинг ҳабата бўлган етмиш йиллик ибодати савобини ҳам қайтариб берди.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Етмиш йил ибодат қилган одам ҳам фоҳиша иш қилиши хавфи борлиги.
2. Гуноҳ туфайли ибодат ҳабата бўлиши.
3. Гуноҳ туфайли шол ёки шунга ўхшаш балоларга гирфтор бўлиш мумкинлиги.
4. Бировдан олган садақани бошқага садақа қилиш мумкинлиги.
5. Садақа гуноҳларни мағфират бўлишига сабаб бўлиши.
6. Садақа ҳабата бўлган амални қайтишига сабаб бўлиши.

204. (280). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У ўлим олдида «Нон соҳибини эсланглар», деди».
Шарҳ: Ушбу ривоят ҳам садақанинг фазли ҳақида. Бир киши бир дона нон берган бўлса ҳам, бу иш вазиятга қараб катта бир эҳсоннинг ўрнига ўтиши, садақа берган киши учун муҳим бир солиҳ амал бўлиши мумкин.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудек улуғ саҳобий ўлимлари олдидан бир пайтлар ўзларига битта нон садақа қилган бир кишини эсга олишлари мана шуни кўрсатади.
Шу билан бирга, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бундан олдин ўтган ривоятдаги етмиш йил ибодатдан кейин фоҳиша иш қилиб амали ҳабата, ўзи шол бўлган ва бировдан олган нонни мискинга садақа қилиб гуноҳи мағфират қилинган ва етмиш йиллик амали қайтарилган кишининг қиссасига ишора қилган бўлишлари ҳам мумкин.

205. (281). Абдурроҳман ибн Зайд ибн Асламдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Луқмон ўғлига: «Эй ўғлим, агар хатога йўл қўйсанг, дарҳол садақа тайёрла», деди».
Шарҳ: Демак, садақа яхши ният билан, чин кўнгилдан чиқариб қилинса, банда қилган гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши мумкин экан. Шунинг учун ҳазрати Луқмон алайҳиссалом ўз ўғилларига шу нарсани насийҳат қилган эканлар. Буни биз ҳам эслаб, амал қилишимиз, садақага рағбат қилишимиз лозим экан.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта Аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганда нархи икки юз минг бўлган ерини садақа қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни Шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.

САДАҚА ЗАРРА ОҒИРЛИГИЧА БЎЛСА ҲАМ АЛЛОҲ УНИ КЎПАЙТИРИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

206. (284). Воил Маданийдан, у Умар ибн Хаттобнинг мавлосидан ривоят қилинади:
«Бир куни Умар Мадинанинг бозорида эди. У энгашиб яримта хурмони қўлига олди. Сўнг тупроқни тозалади. Кейин олдида меш кўтарган бир қора танли киши ўтиб қолди. Умар унинг олдига бориб «Мана шуни оғзингга сол», деди.
Бас, Абу Зарр унга:
«Эй мўминларнинг амири, бу нима?» деди.
«Бу мисқол ёки зарра», деди.
«Йўқ, мана бу», деди.
«Аллоҳ азза ва жалла «Нисо» сурасида нозил қилган «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» деганини тушиндингми. Бошида зарра оғирлигича бўлган эди, охир оқибат улкан ажр бўлди», деди
».
Шарҳ: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жуда зийрак зот бўлганлар. У киши бошқаларга эътиборсиз бўлиб кўринган нарсаларга ҳам эътибор берар ва ўшанга яраша амални қилар эдилар. Мадийнаи Мунавваранинг бозорида бўлиб ўтган ушбу ҳодисада ҳам у кишининг мазкур сифатлари намоён бўлди.
«У энгашиб яримта хурмони қўлига олди. Сўнг тупроқни тозалади».
Мўминларнинг амири бозор тўла мўминлардан биротаси эътибор бермаган нарсага эътибор берди. Ерда ётган яримта хурмони олиб, тупроқдан тозалади.
«Кейин олдида меш кўтарган бир қора танли киши ўтиб қолди. Умар унинг олдига бориб «Мана шуни оғзингга сол», деди».
Ҳазрати Умардек улуғ зотнинг қилиган бу ишини кўрган ҳамроҳларидан бири у кишини саволга тутди.
«Бас, Абу Зарр унга:
«Эй мўминларнинг амири, бу нима?» деди.
«Бу мисқол ёки зарра», деди.
Зарра кўзга кўринмайдиган нарса бўлганлиги учун Абу Зарр розияллоҳу анҳуга бу жавоб унча тушунарли бўлмади шекилли яна қайта савол бериб:
«Йўқ, мана бу», деди.
Шунда Умар розияллоҳу анҳу ўз гапни шарҳ қилишга турди ва:
«Аллоҳ азза ва жалла «Нисо» сурасида нозил қилган «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» деганини тушиндингми. Бошида зарра оғирлигича бўлган эди, охир оқибат улкан ажр бўлди», деди».
Мен ҳам ўша заррача яхшиликни қилдим, яъни ерда тушиб ётган яримта хурмони олиб, тозалаб, бировнинг оғзига солиб қўйдим, умид қиламанки, бунинг ажри жуда улуғ бўлади, деди.
Дарҳақиқат, ерда тушиб ётган нарсага кўпинча эътибор берилмайди, баъзан ҳатто нон ҳам ерга тушиб ётган бўлади. Бироқ улуғларимиз ундай қилмаган эканлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик чоғларида, давлат тепасида турган пайтларида ерда тупроққа аралашиб ётган яримта хурмони кўриб, дарҳол уни олибдилар, тозалаб, қийналиб юриб кетаётган бир кишининг оғзига солибдилар.
Четдан қараганда бу оддий ишдек кўринади, бироқ ривоятдан маълум бўляптики, ҳазрати Умар бу ишни улуғ ажр умидида, Қуръони каримдаги оятдан келиб чиққан ҳолда қилган эканлар. Бу улуғ инсоннинг беписандлик қилмай, заррадек нарсадан ҳам савоб умид қилишлари ҳаммамизга ибрат, ўрнакдир.
Кези келганда «Нисо» сурасидаги мазкур ояти кариманинг маъноси ва тафсирини ҳам ўрганиб қўяйлик.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» (40-оят).
Яъни, инсоннинг бу дунёда қилган ишлари ҳисоб-китобсиз қолмайди. Аллоҳ мутлақ адолат ила ҳукм қилади. Ҳаммага қилган амалига, ишига яраша беради. Ҳеч кимга заррача зулм этмайди.
«Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас».
Аммо банда:
«агар яхшилик қилган бўлса, бир неча бор кўпайтирур».
Қуйидаги ривоятни ўргансак, бу оятнинг маъноси яна ҳам равшанлашади.
Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар:
«Қиёмат куни эркак бўлсин, аёл бўлсин, бандани олиб келинади-да, аввалгию кейинги барча халойиқнинг олдида бир жарчи: «Манави фалончи фистончи ўғли. Кимнинг унда ҳақи бўлса, келиб олсин», деб жар чақиради. Аёл, отамда, онамда, акамда, эримда ҳақим бўлса эди, деб орзу қилади,–деб туриб, «У кунда улар орасида насаблар ҳам йўқ ва бир-бирларидан сўраша олмайдилар ҳам» оятини ўқидилар ва сўзларида давом этиб:–Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечади. Одамларнинг ҳаққидан ҳеч нарсани кечмайди. Кейин одамларга тўғриланади. «Одамларга ҳақларини беринглар», дейди. У: «Эй Роббим, дунё тугади-ку, қандай қилиб уларнинг ҳақларини бераман?» дейди. Аллоҳ: «Яхши амалларидан олиб, ҳар бир ҳақ эгасига кўрган зулмига яраша беринглар», дейди. Агар банда Аллоҳга дўст бўлса, заррача яхшилиги ортиб қолса ҳам, уни Аллоҳ бир неча бор кўпайтириб, ўшанинг савобидан жаннатга киритади. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур», оятини ўқидилар ва сўзларида давом этдилар: Агар банда бадбахт бўлса, фаришта: «Эй Роббим, бунинг яхшиликлари тамом бўлди ва кўп даъвогарлари бор», дейди. Аллоҳ: «Талабгорларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар. Сўнгра унга дўзахдан жой беринглар», дейди.
Аммо бахтлиларнинг яхшиликларини кўпайтириш билан кифояланиб қолинмайди. Бунинг устига энг катта мукофот ҳам берилади. Аллоҳ уларга:
«Ўз ҳузуридан улкан ажр берур».
Бу улкан ажрдан мурод жаннатдир.

207. (324). Абу Исҳоқдан ривоят қилинади:
«Менинг аёлим, Зайд ибн Арқамнинг умму валади ва яна бир хотин Оишанинг олдига киришди. Бас, тиланчи келиб тиланди. Унга бир дона нарса берди ва: «Мана шу донада мисқоллар ва жуда кўп хайр-савоб бор», деди».
Шарҳ: Бу ривоятдан Оиша онамизнинг нақадар содда ҳаёт кечирганларини кўрамиз. Бироқ у зот қўлларига нима илинса, садақа қилиб бериб юборар эдилар. Ривоят қилинган тиланчи келган пайтда шу бир дона нарса қолган экан, холос. Шуни ҳам берибдилар, сўнг буни шарҳ қилиб, бу зарра мисқол садақа шу бўйича қолмаслигини, ажр-савоби кўп бўлишини айтибдилар.

АЛЛОҲ САДАҚАНИ ЎСТИРИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

Ушбу бобнинг сарлавҳасидаги маъно Қуръони каримда баёни келган ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло ҳар бир садақани ўстирадир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас» (276-оят).
Бандалар пул-молларини зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади. Аслини олганда иши бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ
«садақаларни зиёда қилур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», деганлар.

208. (337). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши пок садақа қилган бўлса, Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул ҳам қилмайди, албатта, уни қўйган пайтида, Роҳманнинг кафтига қўяди. Албатта, Аллоҳ бирингизнинг бир дона хурмосини, худди у тойчоғини ёки бўталоғини тарбия қилгандек тарбия қилиб, тоғчалик қилади».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, Закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол-пок бўлиши шарт эканлиги уқтирилмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол-пок бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.
Баъзи бир кишилар Закот, садақа молни поклайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, деса, гаплари нотўғри эканига ушбу ҳадис далилдир.
Закот ва садақага инфоқлар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади ул молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, мансабини ишлатишлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди.
Баъзи ҳукамоларимиз ҳаром молни садақа билан покламоқчи бўлганларни нажосатни сийдик билан ювмоқчи бўлаётганларга ўхшатганлар.
Садақа қилинган бир дона хурмо Аллоҳнинг кафтида туриб, тоғдек катталашиб кетар экан, савоби ҳам шу даражада катта бўлар экан.

209. (323). Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда битта хурмо донасини ёки шунча келадиган пок нарсани садақа қилади. Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Бас, у Аллоҳ Табарока ва Таолонинг қўлига тушади. Бас, У зот уни бирингиз тойчоғини ўстирганидек, катта адирдек бўлгунича тарбия қилади», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтияптилар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ Таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ Таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан.
Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшиликни қилавериш керак экан, кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан садақа қилавериш керак экан.

САДАҚА ЁМОН ЎЛИМНИ ҚАЙТАРИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

210. (285). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва аалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар
».
Шарҳ: Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. «Садақа – радди бало» деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан.

САДАҚА ҚИЁМАТ КУНИ ЎЗ ЭГАСИГА СОЯ СОЛИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

211. (286). Абул Хайрдан ривоят қилинади:
«Менга етишича, одамлар қиёмат куни, оғирлик, жон ҳалқумга тиқилган ва шиддатли ғам пайтида, садақалари соясида бўладилар».
Шарҳ: Қиёмат куни одамлар соя топа олмай, гирён уриб турган, бир парча сояга зор бўлиб турган пайтда банданинг бу дунёда худди шундай қийналиб турган одамларга қилган садақалари бошига соябон бўлади. Албатта, бу жуда улуғ мақомдир.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Одамлар қиёмат куни, оғирлик, жон ҳалқумга тиқилган ва шиддатли ғам пайтини бошдан ўтказишлари.
2. Ўшандай пайтда ҳар кишининг садақси бошида соябон бўлиши.
3. Садақанинг фазли нақадар улуғ эканлигини.

212. (310). Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:
«Марсад ибн Абдуллоҳ қачон масжидга келса, албатта, садақа билан келар эди. Бир куни пиёз олиб келди. Шунда унга:
«Эй Абул Ҳасан, буни нима қиласан? Кийимингни қўланса қилади-ку?» дедим.
Бас, Ибн Абу Ҳабиб:
«Аллоҳга қасамки, уйимда шундан бошқа садақа қиладиган нарса йўқ эди. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир киши У зотнинг «Мўмин кишининг қиёмат кунидаги соябони садақасидир» деганларини айтиб берган», деди
».
Шарҳ: Шу ҳадисни эшитганимдан бери масжидга келганда, албатта, садақа беришга ўрганиб қолган эдим. Бугун уйда шу пиёздан бошқа ҳеч нарса қолмаган экан, шуни бўлса ҳам кўтариб келдим.
Қиёмат қойим бўлиб, ҳамма жизғанак бўлиб куйиб, бир парчагина сояга зор бўлиб турган пайтда мўмин кишига дунёда қилган садақалари соя бўлади.
Бу ривоят ҳадиси шарифни эшитиб, унга амал қилишнинг юксак намуналаридан биридир. Албатта, ҳадислар эшитилиб, таҳлил қилиниб, шарҳланиб ўтиб кетавериладиган нарса эмас. Эшитган, билган киши уларга амал қилиши ниҳоятда зарурдир. Ҳақиқий амалнинг намунаси эса ушбу ривоятдир.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Марсад ибн Абдуллоҳнинг садақа қилишга ихлос қилган зот экани.
2. Бир дона пиёзни ҳам садақа қилиш мумкинлиги.
3. Мўмин кишининг қиёмат кунидаги соябони садақаси экани.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига амал қилишда бардавомлик яхшилиги.

213. (339). Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳар ким қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади» деганларини эшитдим».
Язийд: «Абул Хайр бирор кунни ҳам садақасиз ўтказмас эди. Ҳеч бўлмаса, бир бурда қотган нон ёки бир дона пиёз бўлса ҳам», деди
».
Шарҳ: Қиёматнинг даҳшатли жазирамасида ҳамма соя излаб зор юрган пайтда банданинг бошига бу дунёда қилган садақалари соябон бўлиб туради. Ким охиратдаги сояси қуюқ бўлишини, охиратнинг куйдирувчи иссиғидан сояда жон сақлашни истаса, кўпроқ садақа қилиши керак.
Абул Хайр розияллоҳу анҳу мана шу ҳадиси шарифни эшитиб қолган, одамларга ривоят қилган, унинг маъносини ўзига тўлиқ сингдирган, яхши билган. Шунинг учун Аллоҳнинг берган куни садақа бериб юрган. Жуда ҳеч нарса топа олмай қолса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилиб, шу ҳадисга амал қилган, қиёматдаги соясини кўпайтирган экан.

САДАҚА ТАРОЗУНИ ОҒИР ҚИЛИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни тарозу бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз», деган (47-оят).
Қиёмат қойим бўлгандан кейин дод-войларга, эътирофларга, тавба-тазарруъларга ва ёлборишларга қаралмайди.
«Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз».
У мутлақ адолат тарозуси бўлади. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлинади.
«Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас».
Фойдасидан камайтирилмайди, зарарига қўшилмайди.
«Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз».
Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик доначалик оғирликка эга бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Яъни, ҳеч бир амал эсдан чиқарилмайди.
«Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз».
Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ.
Демак, қиёмат куни келмасидан олдин ҳаракат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.

214. (292). Абу Заъродан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ айтди: Сиздан аввалги қавмлардан бир одам Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди. Сўнг бир гуноҳ иш қилиб қўйди. Бас, тортилганда гуноҳ ибодатдан оғир келди. Бас, у олтита ёки учта нонни садақа қилди. Уларни хатоси ила тортиб кўрилди. Нонлар оғир чиқди».
Шарҳ: Биздан олдин ўтган қавмлардан бизга ибратли қисса ривоят қилинмоқда.
«...бир одам Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди».
Бошқа нарса билан иши бўлмади. Аллоҳ таолонинг ибодатини нима қилиб бўлса ҳам адо этиш пайидан бўлди. Аммо унинг илми йўқ эди. Шунинг учун илмсиз ибодатнинг ўзи уни йўлдан озишдан сақланиб қолишига сабаб бўла олмади.
«Сўнг бир гуноҳ иш қилиб қўйди».
Етмиш йиллик ибодат бир тараф, бир дона гуноҳ бир тараф бўлиб қолди. Бари бир уларни тортиб кўриш керак эди. Етмиш йиллик ибодатни тарозунинг бир палласига, бир дона гуноҳни бошқа палласига қўйилди.
«Бас, тортилганда гуноҳ ибодатдан оғир келди».
Шунақаси ҳам бўлади. Бир дона гуноҳ етмиш йиллик ибодатдан оғир келиши ва ўз эгасини расвои олам қилиш бор. Мана, бу сафар ҳам шундай бўлди. Тарозуда тортилганда бир дона гуноҳ етмиш йиллик ибодатдан оғир келди. Энди ўша бир дона гуноҳ туфайли уни содир этган одам етмиш йил ибодат қилган бўлишига қарамай дўзахи бўлиши аён бўлди.
Энди нима қилиш керак? Бирор чора борми? Ахир бир дона гуноҳ етмиш йиллик ибодатни ҳабата қилди-ку? Яхши амаллардан ҳам катта самара берадигани йўқмикан? Бирор амал қилиб кўриш керак!
«Бас, у олтита ёки учта нонни садақа қилди».
Қисқаси, садақа қилди. Иймони ва ихлосини тасдиқлови амал қилди. Иймони ва ихлосида содиқлигини тасдиқловчи амал қилди. Энди нима бўларкин?
«Уларни хатоси ила тортиб кўрилди».
Хатони тарозунинг бир палласига, учта ёки олтита нонни бошқа палласига қўйиб тортилди. Қаранг! Қаранг! Мўъжиза рўй берди!
«Нонлар оғир чиқди».
Буни қарангки, етмиш йиллик ибодатдан оғир келган гуноҳни садақа ювиб юборди!
Садақа оз бўлса ҳам тарозуни оғир қиладиган нарса экан!
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Ўтган умматларнинг ибратли қиссаларини келтириш мумкинлиги.
2. Ўтган умматларда етмиш йил ибодат қилган одамлар бўлгани.
3. Етмиш йил ибодат қилган одам ҳам гуноҳга қўл уриши мумкинлиги.
4. Бир дона гуноҳ тарозуда етмиш йиллик ибодатни босиб кетиши мумкинлиги.
5. Гуноҳ қилган одам уни ювиш чорасини ахтариши кераклиги.
6. Садақанинг тарозуда оғир келиши.
7. Озгина садақа ҳам катта гуноҳларни ювилишига сабаб бўлиши мумкинлиги.

ОШКОРА САДАҚА ҲАҚИДАГИ БОБ

Аслида, риё ва манманликдан қочиш учун ихтиёрий садақани махфий қилган афзал бўлади. Аммо баъзи ҳолатларда одамларни садақага қизиқтириш ва ўрнак бўлиш учун уни ошкора қилишга рухсат берилади. Ушбу бобда зикри келадиган ҳолатдан ана шулар жумласидандир.

215. (331). Мунзир ибн Жарир ибн Абдуллоҳдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эдик. Бас, У зотнинг ҳузурларига кўпчилиги Музар қабиласидан, балки ҳаммаси Музардан бўлган қавм келди. Улар Нимор кийиб, қилич тақиб олишган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар ва садақага қизиқтирдилар».
Шарҳ: Нимор жундан қилинган йўл-йўл чопондир.
Бу ҳадиснинг давоми кейинги ривоятда келади.

216. (330). Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақага қизиқтирдилар. Одамлар кечикишди. Ҳатто У зотнинг юзларида ғазаб кўринди. Шунда ансорийлардан бир киши ҳамён келтириб У зотга берди. Кейин одамлар бирин-кетин садақа қила бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларда сурур аломатларини кўринди ва:
«Ким гўзал суннат пайдо қилса, унга унинг ажри ва ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда бўлади.
Ким бир ёмон суннат пайдо қилса, ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга унга унинг гуноҳи ва ўшанга амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда бўлади», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф динимиздаги яхши амалга қизиқтириш ва ёмон амалдан қайтариш бўйича асосий қоида бўлиб қолган. Бу қоида ҳам бошқа исломий қоидаларга ўхшаб инсонлар ҳаётидан олинган, ҳаётий тажрибаларга йўғирилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақага қизиқтирдилар».
Имкони борларни садақа қилиши, ўзлари ва жамиятлари учун фойдали бўлгани учун, бу иш одамлар ўртасида муҳаббат ришталари мустаҳкам бўлишига сабаб бўлгани учун ва яна бошқа кўплаб яхшиликларга омил бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни садақа қилишга тарғиб қилдилар. Аммо...
«Одамлар кечикишди».
Садақа қилишмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг садақага тағиботлари уларга тасир қилмагандай бўлди. Нима учундир улар садақа қилмай туриб қолдилар. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботди.
«Ҳатто У зотнинг юзларида ғазаб кўринди».
Одатда У зот ғазаблансалар муборак юзларида унинг аломатлари пайдо бўлар эди. Ҳозир ҳам саҳобалар садақага тарғиб қилинган ваъзни эшитиб туриб бу ишни қилмай туриб қолганларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабландилар. Ҳамма энди нима бўлар экан деб жим туриб қолди.
«Шунда ансорийлардан бир киши ҳамён келтириб У зотга берди».
Мазкур ансорий саҳоба розияллоҳу анҳу бир ҳамён маблағни очиқ-ойдин ҳамма тўпланиб турган маконда ошкора садақа қилди. У кишининг садақа қилиши яхши ўрнак бўлди. Ҳамма унинг садақа қилганидан намуна олди.
«Кейин одамлар бирин-кетин садақа қила бошлашди».
Уларнинг бу хайрли ишга киришганларини кўриб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари шод бўлди. У зот саҳобаларнинг мазкур ансорий саҳобанинг яхши суннатига эргашганларидан хурсанд бўлдилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларда сурур аломатларини кўринди».
У зотнинг бирор нарсадан хурсанд бўлганлари аломати ҳам юзларидан билиб турар эди. Буни ҳамма яхши биларди.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам динимиздаги яхши амалга қизиқтириш ва ёмон амалдан қайтариш бўйича асосий қоида бўлиб қолган қуйидаги сўзларни айтдилар:
«Ким гўзал суннат пайдо қилса, унга унинг ажри ва ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда бўлади».
Бир яхши, солиҳ амални бошлаган одам шу амалининг савобини ҳам олади. Унга эргашиб, ундан ўрнак олиб шу амални қилган бошқа одамларнинг савоблари миқдорича савобни ҳам олади. Бироқ ундан ўрнак олиб унинг амалига ўхшаш амал қилган одамларнинг савоблари камайтирилмади.
Масалан, ривоятда айтилган ансорийга ўзи берган садақасининг савоби ҳам, ўша куни ундан ўрнак олиб қилинган барча садақаларнинг савоби ҳам ёзилади. Бироқ бошқа садақа қилганларнинг савоби камайиб қолмайди.
«Ким бир ёмон суннат пайдо қилса, ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга унга унинг гуноҳи ва ўшанга амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда бўлади».
Бир ёмон амални бошлаган одам шу амалининг гуноҳини олади. Унга эргашиб, ундан ўрнак олиб шу амални қилган бошқа одамларнинг гуноҳлари миқдорича гуноҳни ҳам олади. Бироқ ундан ўрнак олиб унинг амалига ўхшаш амал қилган одамларнинг гуноҳлари камайтирилмайди.
Ушбу ҳодисаларни тўлдирквчи бошқа бир ривоят ҳам бор. Унда ушбу икки ривоятда зикр қилинмаган маълумотлар ҳам бор.
Имом Муслим ва Насаий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:
«Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан ялонғоч, ялангоёқ, йиртиқ кўйлак ва ридо кийган, қиличлар тақиб олган одамлар келиб қолдилар. Уларнинг кўпчилиги Музарлик, балки, ҳаммалари Музарлик эдилар. Уларнинг бунчалик аянчли ҳолларини кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари тундлашиб кетдилар. Кириб-чиқа бошладилар. Сўнгра Билол розияллоҳу анҳуга амр қилдилар. У азон ва иқома айтди. Намозни ўқиб бўлиб, хутба қилдилар:
«Эй иймон келтирганлар, сизларни бир жондан яратган Роббингизга тақво қилинглар...» оятини. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир»гача тиловат қилдилар. Сўнгра «Ҳашр» сурасидаги: «Аллоҳга тақво қилинглар ва ҳар бир жон эрта учун нима тақдим қилганига назар солсин» оятини ҳам тиловат қилдилар.
Одамлар ўз динорларидан, дирҳамидан, кийимидан, буғдойининг соъидан, хурмосининг соъидан садақа қилсин. Ҳатто, ярим дона хурмо бўлса ҳам, дедилар.
Ансорийлардан бир киши кафти ожиз қолай деб бир ҳамённи олиб келди. Кейин одамлар кетма-кет нарсаларни олиб келишаверди. Таом бир тепа, кийим бир тепа бўлиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари олтин каби ёришиб кетди».
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишилар одамларни садақа қилишга чорлаб туришлари лозимлиги.
2. Одамлар садақага кечикишганидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабланганлари.
3. Одамлар жамланган ерда ошкора тарзда садақани бериш мумкинлиги.
4. Кишиларнинг садақа қилганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масрур бўлганлари.
5. Бир киши ўрнак бўлса бошқаларни ҳам унга эргашиши.
6. Ким яхши амални бошласа ва одамлар унга эргашиб мазкур ишни қилса, яхши ишни биринчи қилган одамга ундан кейин қилган одамларнинг савобича савоб ёзилиши.
7. Бировга эргашиб яхши ишни қилганларнинг савоби камайиб қолмаслиги.
8. Ким ёмон амални бошласа ва одамлар унга эргашиб мазкур ишни қилса, ёмон ишни биринчи қилган одамга ундан кейин қилган одамларнинг гуноҳича гуноҳ ёзилиши.
9. Бировга эргашиб ёмон ишни қилганларнинг гуноҳи камайиб қолмаслиги.

САДАҚАНИНГ АФЗАЛИ ФАҚИРГА ЕТИБ БОРАДИГАН КАМБАҒАЛНИНГ ОЗГИНА НАРСАСИ ЭКАНЛИГИ ҲАҚИДАГИ БОБ

217. (297). Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Аллоҳнинг Расули, садақа нима?» дедим.
«Кўпайгандан кўпаядиган. Аллоҳнинг ҳузурида зиёдаси бор», дедилар.
«Ё Аллоҳнинг Расули, садақанинг қай бири афзал?» дедим.
«Камбағалнинг қийналиб бергани, фақирга ўтади», дедилар
».
Шарҳ: Ўзида йўқ бўлиб туриб, буни берсам, ўзимга нима қолар экан, деб турса ҳам, ўзидан заифроқ одамни топиб берилган садақа афзал ҳисобланади.
Чунки, моли оз одам садақа қилса ўз ҳавойи нафасини енгиб, ўзидан бошқани устун қўйиб садақа қилган бўлади. Бой-бадавлат одамда бу ҳолат бўлмайди.

АГАР БИР ХУРМОНИНГ ЯРМИ БИЛАН БЎЛСА ҲАМ, ДЎЗАХДАН САҚЛАНИШ ҲАҚИДАГИ БОБ

Садақа бандани дўзах ўтидан сақлайдиган омиллардан бири эканини Ушбу сарлавҳадан ҳам билиб олса бўлади. Ҳатто яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам банда ўзини дўзах ўтидан сақлашга ҳаракатда бўлиши керак. Яримта хурмо нима бўлар эди деган хаёлга бормаслик керак. Оз садақани писанд қилмаслик, оз садақа берганларни масхара қилиш мунофиқларнинг иши экани Қуръони каримда баён қилинган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир» (79-оят).
Бу оятни яхшироқ тушунишимизга ояти карима нозил бўлиши пайтдидаги ҳодисаларни ўрганишимиз ёрдам беради.
Ибн Жарир Табарий ва ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳимолар Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқиш пайтида одамларни садақа қилишга қизиқтирдилар. Абдурроҳман ибн Авф тўрт минг тилло танга келтириб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, молим саккиз мингдан иборат эди. Ярмини олиб келдим, ярмисини олиб қолдим», деди.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ сенинг олиб келганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», дедилар.
Абу Ақийм бир соъ хурмо келтириб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, икки соъ хурмо топган эдим, бир соъни Роббимга қарзга бераман, бир соъни аҳли аёлимга», деди.
Мунофиқлар уни айблаб масхара қилдилар:
«Абдурроҳман ибн Авф фақат риё учун берган эди, Аллоҳ ва Унинг Расули манавининг соъига муҳтожларми?!» дейишди.
Мунофиқларнинг маломатидан кўп садақа берган ҳам, оз садақа қилган ҳам қутула олмади. Мунофиқлар ҳар доим ва ҳамма жойда маломатдан бошқага ярамайдилар. Ўзлари бирор иш қилмай, пул-мол сарфламай юрадилар. Аммо қилганларни айблаш ва масхара қилиш билан овора бўладилар.
Ояти каримада ундоқ кимсаларни:
«Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганлар», деб васф қилинмоқда.
Халқимизда бу ҳолни тўлиқ васф қилувчи «Ўзи беролмайди, берганни кўролмайди», деган нақл бор. Улар мўмин-мусулмонларни масхара қиладилар, аммо вақти келганда уларни:
«Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир».
Чунки уларнинг ишлари тузалиб бўлмайдиган даражада қаттиқ бузилган. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом улар учун истиғфор айтсалар ҳам, гуноҳлари мағфират қилинмайди.

218. (326). Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинглар», дедилар
».
Шарҳ: Битта бутун хурмони ҳам топа олмаган киши яримтасини топса ҳам, садақа қилиши, садақанинг савобидан ўзини дўзахнинг ўтидан қутулишга ҳаракат қилиши керак.

219. (327). Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам, уни ҳам топмасанг, чиройли сўз билан бўлса ҳам, дўзах ўтидан сақланинглар», дедилар
».
Шарҳ: Мутлақо қашшоқлашиб, садақа қиладиган бирон нарса топа олмай қолган киши ҳам дўзахнинг ўтидан сақланиш учун ҳеч бўлмаса бир оғиз ширин сўз айтиб бўлса ҳам садақа қилиши керак.

220. (333). Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам, уни ҳам топмасанг, чиройли сўз билан бўлса ҳам, дўзах ўтидан сақланинглар», дедилар
».
Шарҳ: Бу ривоят ўзидан олингисининг такрори.

221. (338). Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар, ундан паноҳ сўрдилар ва юзларини бурдилар. Сўнг яна дўзахдан паноҳ тилаб, юзларини икки-уч марта бурдилар. Сўнгра: «Дўзахнинг оловидан бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам сақланинглар. Агар шуни ҳам топа олмасангиз, ширин сўз билан бўлса ҳам», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мўмин-мусулмон одам имкони борича яхшилик қилишга ҳаракат қилиши кераклигини англаб оламиз. Унинг қилган ҳар бир яхшилиги дўзахдан сақланиш омили эканини англаб етамиз.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишилар одамларга дўзахни эслатиб туриши кераклиги.
2. Дўзахни эсалаганда ундан паноҳ сўраш кераклиги.
3. Хурмонинг ярмини бўлса ҳам садақа қилиб дўзахдан сақланишга ҳаракат қилиш зарурлиги.
4. Бергани нарсаси бўлмаса ширин сўз билан бўлса ҳам одамларга яхшилик қилиш лозимлиги.

САДАҚАНИ ЭСЛАТИШ ВА УНГА ҚИЗИҚТИРИШДА БАРДАВОМ БЎЛИШ ҲАҚИДАГИ БОБ

222. (289). Ҳасан бир шайхдан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон турсалар, албатта, садақага буюрар ва мусладан қайтарар эдилар».
Шарҳ: "Турсалар"дан мурод ваъз қилгани турсалардир. "Мусла" - ўликни қиймалаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъзларидаги асосий мавзулардан бири садақа бўлган. У зот умматлари алоҳида эътибор бериши керак бўлган нарсани ўз ваъзларидан таркор-такрор гаприганлар. Ушбу ҳадиси шарифда ўшандан мавзулардан иккитаси зикр қилинмоқда. Улардан бири садақа, иккинчиси мусла.
Бу ҳам садақанинг нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

223. (298). Сулаймон ибн Мусодан ривоят қилинади:
«Ғазотга чиқишларимнинг бирида Ҳимснинг бозорида эдим. Абдуллоҳ ибн Абу Закарийя ва Абу Махромани кўриб қолдим ва:
«Қаёқни ирода қилдингиз?» дедим.
«Абу Умайянинг олдига бормоқчимиз», дейишди.
«Икковингиз билан борсам бўладими?» дедим.
«Агар хоҳласанг», дейишди.
Бас, унинг олдига бордик. Ёлғон тўғрисида гапирдик, у уни катта гуноҳлигини айтди. Кейин айтди:
«Сизлар жоҳилият аҳлидан ҳам бахилроқсиз. Аллоҳ Сизларга ўзининг йўлида нафақа қилишни буюрган. Бир яхшиликнинг савобини ўн марта кўпайтириб беришни, етти юз ва ундан ҳам кўп баравар қилиб беришни ваъда қилган. У зот «Бир нарсани нафақа қилсангиз, Аллоҳ унинг ўрнига бошқа нарса беради, Аллоҳ ризқ берувчиларнинг энг яхшиси», деган.
Аллоҳга қасамки, кўп фатҳлар безаги тилло ва кумуш эмас қиличлар ила бўлмади, балки безаги қўрғошин, суяк ва темир қиличлар билан бўлди
».
Шарҳ: Ушбу ривоятни нақл қилувчи ровий Ибн Мусо ўз танишлари Абдуллоҳ ибн Абу Закарийя ва Абу Махромалар билан бирга Ҳимснинг ўша даврдаги кўзга кўринган олимларидан Абу Умайянинг зиёратига бориб мезбоннинг илмий суҳбатида бўлган.
Суҳбатнинг аввалида меҳмонлар ёлғон ҳақида сўз очган. Мезбон ёлғоннинг кабира гуноҳ эканини баён қилиб берган ва ўзи садақанинг ҳақида меҳмонларига ваъз қилган.
«Сизлар жоҳилият аҳлидан ҳам бахилроқсиз".
Жоҳилиятдаги одамлар ҳам сиздан қўпроқ садақа қилар эдилар. Сиз ўшаларчалик ҳам бўлса олмаясизлар.
"Аллоҳ сизларга ўзининг йўлида нафақа қилишни буюрган".
Мисол учун Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида айтади:
"Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир" (195-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни Ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда.
«Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг».
Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради.
«Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор.
Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани.
Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади. Шунга ўхшаган бўлмасин, дегани.
Имом Олусий, ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади, деганлар. Оятнинг охирида нафақа билан кифояланиб қолмасдан эҳсон даражасига кўтарилишга амр бўлади.
«Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир».
Эҳсоннинг ҳақиқий маъносини эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эҳсон–Аллоҳга уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Агар кўрмасанг, у сени кўриб тургандек ибодат қилишдир», деб таърифлаганлар.
"Бир яхшиликнинг савобини ўн марта кўпайтириб беришни, етти юз ва ундан ҳам кўп баравар қилиб беришни ваъда қилган".
Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида айтган:
«Молларини Аллоҳнинг йўлида нафақа қиладиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайдир. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқадир, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир» (261-оят).
"У зот «Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир», деган.
Аллоҳ таоло "Сабаъ" сурасида айтган:
"Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир» (39-оят).
Бу оятда аввал ўтган маъно яна бир бор таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига хоҳлаганича ризқ беради. Хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва ҳоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.
«Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур».
Аллоҳ буюрган йўлларда инфоқ қилинган молу дунё ҳеч зое кетмайди. Ўша молу дунё ўрнини Аллоҳ таоло бу дунёнинг ўзида дарҳол тўлдиради ёки охиратда ажру савоб беради.
«У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир».
У зот ризқни ҳаммага ҳатто Ўзига куфр келтирганларга ҳам бераверади.
"Аллоҳга қасамки, кўп фатҳлар безаги тилло ва кумуш эмас қиличлар ила бўлмади, балки безаги қўрғошин, суяк ва темир қиличлар билан бўлди».
Яъни, аввал ўтган азизларимиз молу дунёга сизларчалик қизиққан эмаслар.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишиларнинг зиёрат қилиб уларнинг илмидан фойда олишга ҳаракат қилиш лозимлиги.
2. Ёлғон катта гуноҳлардан экани.
3. Зиёратига келган одамларга ваъз қилиш мумкинлиги.
4. Аллоҳ таоло Нафақа қилишга амр этгани.
5. Садақанинг савоби етти юз мартагача кўпайтирилиши.
6. Садақа қилнган нарсанинг ўрнига Аллоҳ таоло ундан яхши нарса бериши.
7. Аввалги мусулмонлар дунёга ўч бўлмагани.

224. (312). Осим ибн Умар ибн Қатодадан, у ўзига хабар берган кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақага қизиқтирдилар. Шунда бир киши тухумдек тиллони олиб келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Аҳли аёлимга ҳеч нарса қолдирмадим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб, отиб юбордилар ва:
«Бирингиз молини олиб келиб, аҳлу аёлини ҳеч нарсасиз қўядими?! Албатта, садақа беҳожатликдандир», дедилар
».
Шарҳ: Садақа ўзидан ортганини ҳадя қилиш ила бўлмоғи керак. Садақа қиламан, деб қизиқиб кетиб, боласига, оиласига, қарамоғидагиларга берадиган нафақасини сиқмаслиги лозим. Балки улардан ортганини садақа қилиши керак.
Баъзи ҳадисларда зикр қилинган садақа қилишга ҳеч нарсаси қолмаган кишиларда ҳам оиласининг нафақаси алоҳида бўлган. Бўйнидаги вожиб нафақадан ортганидан ҳеч нарсаси қолмаган бўлган. Болангга ҳам бермай садақа қил, деган гап йўқ. Фарзандларга, оилага, қарамоғидагиларга бериладиган нафақа вожиб бўлса, садақа нафл ибодатдир. Бу ишларнинг фарқи бор. Шунинг учун ҳамма нарсасини садақа қилиб, ҳеч нарсаси қолмади, дейилганда вожиб нафақадан ортган ҳамма нарсани садақа қилиб юбориб, ҳеч нарсасиз қолди, эҳтиёждан ташқари садақа қилиб берса бўладиган нарсаси қолмади, деб тушуниш керак.
Яна баъзи ҳолларда ана шундай кишиларнинг аҳли аёли бўлмайди, ёки аҳли аёли билан келишиб, шундай қилаётган бўладилар.
Асосий қоида – аҳлу аёлидан ортган нарсанигина садақа қилишдир. Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тухумдек тиллони кўтариб келган кишига жаҳл қилиб, тиллосини отиб юбордилар, нега бола-чақангга ҳеч нарса қолдирмай, садақа қилишга олиб келасан, деб қаттиқ койидилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишилар одамларни садақа қилишга чақириб туришлари кераклиги.
2. Садақа қилишда ҳаддидан ошганларга танбиҳ бериб туриш зарурлиги.
3. Бола-чақанинг ризқини қийиб садақа қилиш яхши эмаслиги.
4. Ўзидан ортдириб, беҳожат бўлганда садақа қилиш яхшилиги.

КИШИ ҚАНЧА САДАҚА ҚИЛИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ

225. (293). Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига уч киши келди.
Бас, улардан бири: «Менинг юз увқиям бор эди, ундан ўнтасини садақа қилдим», деди.
Иккинчиси: «Менинг юз динорим бор эди, ундан ўнтасини садақа қилдим», деди.
Учинчиси: «Менинг ўн динорим бор эди, бир динорини садақа қилдим» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар савобда тенгсиз. Сиздан ҳар бирингиз молидан ўндан бирини садақа қилди», дедилар
».
Шарҳ: Юз динори, увқияси борлар ўн динор, ўн увқия садақа қилган, ўн динори бор одам эса бир динор садақа қилган. Бироқ, ҳар бири бор молининг ўндан бирини садақа қилганлиги учун ажрлари тенг бўлади.
Демак, жуда кам нарса садақа қилдим, энди бунинг ажри нима ҳам бўларди, демаслик керак экан. Имкони кам одамнинг садақаси кам ажрга сабаб бўлмас экан. Гап садақанинг миқдорида эмас. Одамлар ўн динорлаб садақа қиляпти, менинг бир динорим нима бўларди демаслик керак.
Кўп бераётган моли кўплигидан беряпти, моли кам одам ўз имконига қараб садақа қилса ҳам, албатта улуғ ажрлар олади.

226. (302). Ҳайсам ибн Жамийлдан ривоят қилинади:
«Ҳасан ибн Ҳайй ҳеч нарсаси қолмагунча садақа қилар эди. Ўшанда сўровчи келиб қолса, уйининг олдида соябон бўйрасини бўлса ҳам унга берар эди. Кейин бирор нарса топса, қамиш сотиб олиб уни қайтадан қурар эди. Одамлар Ҳасаннинг эшиги соябонсиз қолганини кўрсалар, унинг ҳеч нарсаси қолмаганини билар эдилар».
Шарҳ: Ушбу ривоят қаҳрамони Ҳасан ибн Ҳайй садақа қилишга жуда рағбатли зот эди. У ўзининг бу хислати ила ўша даврда машҳур бўлган эди. Одамлар ҳам бунга ўрганиб қолган эдилар. Ҳасан ибн Ҳаййнинг уйи олдидаги соябон йўқолиб қолса «Ҳа, Ҳасаннинг ҳеч вақоси қолмабди-да, бирорта тиланчига бериб юборган бўлса керак» дейишар, янги соябон ўрнатилса, Ҳасаннинг қўлига пул тушибди, дейишар эди.
Уламоларимиз, ким ўзининг таваккулга қодир эканига тўлиқ ишонса ва тиланчиликка ўзини уришдан сабр қила олса молининг ҳаммасини садақа қилиши жоиз, бўлмаса жаиз эмас, деганлар.

227. (303). Товусдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молининг ҳаммасини садақа қилиб, ўзи ўтириб қолган одам худди калоланинг меросхўрига ўхшайди», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «калола» сўзини бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анча баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг муродифи йўқ.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан одамлар «калола» ҳақида сўрашганида: «У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола–зурриёти ва аждоди йўқ одамдир», дедилар. Яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз халифалик вақтларида: «Абу Бакрнинг фикрига хилоф қилишдан уяламан», деганлар. Тўрт маҳзаб соҳиблари ҳам, аввал ўтган, кейин келган уламолар ҳам шу фикрга қўшилганлар.
Калоланинг меросхўри дегани ҳеч нарсасиз қолган киши деганидир.

228. (309). Ибн Абу Маликадан ривоят қилинади:
«Оиша мискинларга берилган таомлар ададини санади ва уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Шунда У зот: «Эй Оиша, санамагин, яна эртага сенга саналмасин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа берганда қизғаниб ёки ҳисоб-китоб қилишдан қайтардилар. Дарҳақиқат, садақа қилаётган одам берадиган нарсасини санаб, ҳисоб-китоб қилиб, оғринганини билдириб берса, олаётган одам ҳижолат бўлиб қолади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

229. (318). Умму Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Робийъ ибн Хайсам нонни садақа қилар ва: «Роббимдан садақам синиқ бўлишидан уяламан», дер эди».
Шарҳ: Бу ривоятнинг қаҳрамони Робийъ ибн Хайсам садақанинг тўлиқ, бутун бўлишига ҳаракат қилар эканлар, чала-ярим нарсани садақа қилишга Аллоҳдан ҳаё қилар эканлар. Мўмин-мусулмонлар садақани чиройли, ҳимматли, мукаммал, кўрганлар ҳавас қиладиган тарзда қилишлари керак.

230. (332). Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Суннатдаги озгина амал бидъатдаги кўп амалдан яхшидир. Садақанинг яхшиси ўзида ҳожатига лойиқ қолганидир. Устин қўл остин қўлдан яхшидир. Ўз аҳли аёлингдан бошла. Учма-уч етказиб турган маломатга қолмайди», дедилар
».
Шарҳ: Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига бир неча тавсияларни қилмоқдалар.
1. «Суннатдаги озгина амал бидъатдаги кўп амалдан яхшидир".
Ҳар бир амал, албатта, суннати набавийяга мувофиқ қилиниши керак. Бидъат амалнинг нафақат фойдаси бўлмайди, балки у гуноҳ бўлади, беҳуда кетади. Кам бўлса ҳам, оз бўлса ҳам, кичик бўлса ҳам суннатга мувофиқ амал қилиш, бидъатга зинҳор яқинлашмаслик керак.
2. "Садақанинг яхшиси ўзида ҳожатига лойиқ қолганидир".
Садақа қиладиган одам ўзининг эҳтиёжидан ташқари молидан садақа қилиши керак. Ўзидан ҳеч вақо қолмайдиган даражада садақа қилиш тўғри эмас.
Уламолар, ўзига ва қарамоғидагиларга кифоя қиладиган даражадаги нарсани қолдириб садақа қилиш мустаҳабдир, ўзи ва қарамоғидагиларнинг таъминотини нуқсонга учратса, гуноҳкор бўлади, деганлар.
3. «Устин қўл остин қўлдан яхшидир».
Садақа қилувчи қўл, садақа олувчи қўлдан яхшидир. Садақа берувчи қўл, яхши қўл соҳиби бўлиши учун ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳар бир мусулмон, остин қўл-хайри эҳсон олувчи қўл, яхшимас қўл соҳиби бўлмасликка уриниши керак
4. «Ўз аҳли аёлингдан бошла».
Садақа қилишни ўзининг аҳли аёлидан, ўз қарамоғидагилардан бошлаш керак. Уларни қўйиб бегоналарга садақа қилиш дуруст бўлмайди.
5. «Учма-уч етказиб турган маломатга қолмайди».
Кунини зўрга кўраётган, топганини учма-уч қилиб рўзғорига етказиб турган кишига садақа қилмагани учун маломат бўлмайди.

"Яхшилик ва силаи раҳм китобидан"

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri