Сўкиш Принтер учун
19.11.2009 й.
islom.uz

Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада «Базоъа» дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:
Ғаззолий: «У қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир», деган.
Муновий: «У калом рост бўлса ҳам нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир», деган.
Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.
Одатда одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. Сўкса сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар. Фалончи бўлгандан кейин сўкади-да, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса, сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида икки киши сўкишиб қолишди. Улардан бири сўкди. Униси жим турди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар. Сўнг бошқаси ҳам қайтарди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар.
«Турдингиз?» дейилди.
«Фаришталар турдилар. Мен ҳам турдим. Мана бу жим турганида, фаришталар сўкишга жавоб қилаётган эдилар. Бу ҳам раддия қилгач, фаришталар туришди», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, сўкишиш ёмон нарса экан. Бир киши бировни сўкса, иккинчи киши жим турса, у жим тургани билан, фаришталар уни сўккан кишига жавоб қайтариб турар экан.
Лекин жанжал бошланиб, икковлари ҳам сўкишиб кетишса, фаришталар бу ерни тарк қилар эканлар. Чунки бу ер шайтонга жой бўлиб қолади. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Мўмин-мусулмонлар бир-бирлари билан сўкишмаслиги керак. Мабодо кимдир тушунмовчиликдан, заифликдан, аҳлоқсизликдан сўкса ҳам, иккинчи томон қизишиб, сўкишиб кетмасдан, жим турса, савоб олади. Сўкаётган одам эса фаришталарнинг сўкишига қолади.
Бу ҳадиси шарифда кўпчилик жамиятларнинг энг ёмон маданиятсизликларидан бири бўлган сўкиш дарди муолажа қилинмоқда. Сўкиш кишиларга ва улар яшаётган жамиятларга қанчалар зиён келтириши сир эмас. Беодобликнинг бу турини ушбу ҳадисга амал қилиб барҳам топтиришимиз керак.

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Унинг олдига бир киши келиб:
«Бир киши Абдулмаликнинг ҳузурида сени ёмонлади» деди.
«Модомики, бизда йўқ нарса ила мақталар эканмиз, ўзимизда йўқ нарса ила ёмонланган бўлсак, ҳечқиси йўқ», деди
».
Шарҳ: Яъни, биров бизни ғийбат қилиб, бўҳтон қилиб, бизда йўқ сифатлар билан бировга чақимчилик қилиб, ёмонлаган бўлса, бизни ўзимизда йўқ нарсалар билан мақталганимиз ила тенгма-тенг бўлади» деб, бошқа гап айтмаган эканлар.
Демак, бу ерда Умму Дардо розияллоҳу анҳонинг юксак одобларининг тимсоли бор. Одатда биров бир кишига келиб, «Фалончи сени бир жойда ундай-бундай деди», деса эшитган одам гапни «Унинг ўзи ким бўлибди?» дейишдан бошлайди. У ҳам мазкур киши ҳақида турли гаплар айтиб, орада тушунмовчилик пайдо бўлади, ўзаро адоват чиқади, гап кўпаяди, уриш-жанжалга айланади.
Бутун жамият ана шундай балога мубтало бўлиб қолади. Кимни кўрсанг, бир-бирининг орқасидан ёмонлаган, сўккан, ғийбат, иғво, бўҳтон қилган ҳолат бўлади.
Умму Дардо розияллоҳу анҳо эса ўзларини ёмонлаган киши ҳақида ҳеч нарса демабдилар. Шу билан гап кўтариб келган одамнинг ҳам тили кесилади. Биз буни тушунишимиз, билишимиз лозим.

Қайсдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:
«Бир одам ўз соҳибига «Сен душманимсан» деса, икковидан бири Исломдан чиқади. Ёки соҳибидан воз кечган бўлади», деди».
Қайс: «Кейин менга Абу Жуҳайфа хабар беришича, Абдуллоҳ, илло ким тавба қилса бундан мутасно, деган экан
», деди.
Шарҳ: Чунки мўмин мўминга душман бўлиши мумкин эмас. Мўмин мўминга биродар, ака-ука бўлади. Душман эса иймондан ташқаридаги кишидир.
Демак, бир киши «Сен менинг душманимсан», деса ва айтилган киши ҳақиқатдан ҳам душман бўлса, демак у иймондан чиққан одам бўлади. Агар у киши душман бўлмаса, айтган одам мўмин кишини душман дегани учун ўзи иймондан чиқади.
Демак, мана шу маънода мўмин-мусулмонлар ҳеч қачон бир-бирларига душман бўлмаслиги, бир-бирларини душманим деб билмаслиги лозим экан, бундай маънодаги эътиқодда бўлишлари дуруст эмас экан.
Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, мўминлар биродардирлар» деб марҳамат қилган.
Биз ана шу маънони яхши тушунишимиз керак. Мўмин-мусулмонлар орасида ўзаро адоват бўлиши, бир-бирларига «Сен менинг душманимсан» дейишлари мумкин эмас, бундан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Ушбу ҳадисни ривоятни қилган одамнинг айтишларича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сўзларининг охирида: «Агар тавба қилмаса» деб қўшиб қўйган эканлар.
Яъни, юқоридаги гапни айтиб қўйган одам кейин айбини тушуниб қолиб, тавба қилса, тавбаси қабул бўлиб, иймондан чиқиб кетиш хавфидан сақланиб қолар экан.
Кимки бу гапни билмасдан, аччиқ устида, ўзини тия олмай айтиб юборган бўлса, дарҳол тавба қилиши, надомат қилиши ва бундай гапни иккинчи бор оғзига олмаслиги лозим ва лобуд бўлади.

Икки сўкишганнинг гуноҳи биринчиси зиммасида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики, икки сўкишган айтишар экан, (гуноҳи) бошлаганнинг зиммасида. Агар мазлум тажовуз қилмаган бўлса», дедилар
».
Шарҳ: Биз бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак. Бировни сўкиш, унга қаттиқ гапириш керак эмас. Чунки у киши жавоб қайтарса, гуноҳ тенг бўлинади.
Агар мазлум сўкишга сўкиш қайтармаса, гуноҳ батамом биринчи бошлаган кишига бўлади.
Бу ҳадиси шарифда бошланган фитнанинг авж олишдан сақлашнинг ажойиб услуби тақдим қилинмоқда.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики, мазлум тажовуз қилмаса, икки сўкишган айтишар экан, (гуноҳи) бошлаганнинг зиммасида», дедилар
».
Шарҳ: Бир киши бошқа бир кишини сўкса, иккинчи киши жавоб қилмай турса, гуноҳ биринчи кишига бўлиб тураверар экан. Иккинчи одам ҳам чегарадан чиқиб, сўка бошласа, уриш-жанжал бошланиб кетса, гуноҳга икковлари ҳам тенг шерик бўлиб қолар экан.
Иккинчи киши «сўкишмаган, сабр қилган кишига ажр бўлади» деган ниятда сабр қилса, гуноҳ биринчи кишига ёзилиб тураверар экан. Бироқ бу киши ҳам сўкишиб кетса, икковлари ҳам гуноҳда, маъсиятда шерик бўлишар экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Азҳ нималигини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Расули билгувчидир», дейишди.
«Одамларнинг орасини бузиш учун баъзисининг гапини баъзисига ташишдир», - дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадисда зикр қилинган иш жуда катта гуноҳ экан. Уриштириб қўйиш, орасини бузиш ва бошқа ғаразгўйлик мақсадида бировнинг гапини бошқа одамга чақимчилик қилиш, гап ташиб юриш ана шундай катта гуноҳ ҳисобланар экан.
Биз ушбу гуноҳдан сақланиб, одамларнинг орасини бузишдан, уларнинг гапларини чақимчилик йўли билан ташиб юришдан сақланишимиз зарур.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта Аллоҳ Азза ва Жалла менга ваҳий қилиб: «Тавозеъли бўлинглар! Баъзингиз баъзингизга тажовузкорлик қилманг!» дедилар»
Шарҳ: Бир-бирингизга душманлик маъносидаги гап-сўз, ҳатти-ҳаракатларни қилманглар, балки камтар, тавозеъли бўлинглар, ўзларингизни паст тутинглар, деган эканлар.
Мўмин-мусулмонлар мана шу ҳадиси шарифларга амал қилиб, мутавозеъ бўлишлари, ўзларини паст тутишлари, бир-бирларига душманлик қилмасликлари керак.

Сўкишганлар, обрўларини тўкаётган ва ёлғон гапираётган икки шайтондир

Иёз ибн Ҳаммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам сўкади?» дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўкишганлар, обрўларини тўкаётган ва ёлғон гапираётган икки шайтондир», - дедилар
».
Шарҳ: Бунинг маъноси, биров сени сўкса, сен сўкма. Сўкишсанг, икковинг ҳам шайтон бўласан, деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни яхшилаб уқтирган эканлар. Сиз билан биз, у Зотнинг умматлари буни яхши тушуниб олишимиз керак, бировни сўкмаслигимиз керак.
Бошқалар бизни сўкиб қолса ҳам, сабр қилиб, мана шу ҳадисларни эслаб, «сўкишиб кетсак, икковимиз ҳам шайтон бўлиб қоламиз, Аллоҳ сақласин», деб ўзини тийиб туриш керак.
Албатта, бир томон ўзини тийса, иккинчи томон ўз-ўзидан аҳмоқ бўлиб қолаверади. Ўзини тийган одам ажр олади, гуноҳ сўккан одамга бўлади, натижада орада душманчилик пайдо бўлмайди.

Иёз ибн Ҳаммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ таоло менга мутавозеъ бўлинглар деб ваҳий қилди. Ҳаттоки бир одам бошқасига душманлик қилмасин. Баъзилар баъзилардан фахрланмасин», - дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бир киши мени ўзимдан паст табақадаги кишиларнинг орасида сўкиб қолса ва мен ҳам унга қайтарсам. Шунда менга гуноҳ бўладими?» дедим.
«Сўкишганлар обрўсини тўкишаётган ва ёлғон гапираётган икки шайтондир», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, бир киши бировни ёлғиз сўкадими, кўпчиликнинг ичида сўкадими, ўзидан обрўли паст кишилар ичида сўкадими – фарқи йўқ экан. Сабр қилиш керак экан, жавоб қайтариб, уриш-жанжалга сабабчи бўлмаслик керак.
Сўккан одамнинг гуноҳи ўзи билан, бунга ўзи жавобгар бўлаверади. Лекин бу ёқдаги киши сабр қилса, Аллоҳ таолодан ажр-савоб олади, юқори мартабаларга эришади.

Иёз айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилар эдим. Исломга киришимдан олдин У Зот урғочи туя ҳадя қилган эдим, қабул қилмадилар ва: «Мен мушрикларнинг кўпигини олмайман», - дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушрикларга бўлган муносабатлари келтирилмоқда. Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иёзнинг ҳадиясини қайтариш ила унинг аччиғини чиқариб, мусулмонликка жалб қилишни ирода қилган бўлсалар керак, дейдилар.

Мусулмонни сўкиш фосиқликдир

Муҳаммад ибн Саъд ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонни сўкиш фосиқликдир», - дедилар
».
Шарҳ: Ким бўлишидан қатъи назар, мўмин-мусулмон одамни сўкиб бўлмайди. Бу номаъқул иш шариат ҳукми бўйича фосиқлик ҳисобланади.
Фосиқлик – диннинг чегарасидан чиқишдир. Аслида араб тилида ерга кўмилган данак ёрилиб, ўсиб чиқса «фасақа» дейилади.
Худди шу каби шариат мўмин-мусулмонларни кўпгина аҳкомлар билан ўраб қўйган. Кимки шариатнинг мана шу чегарасидан чиқса, фосиқ бўлади.
Мусулмон кишини сўкиш анна шу фисқ ишлардан биридир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳаё гап гапирувчи ҳам, лаънатловчи ҳам эмас, ва сўконғич ҳам эмасдилар. Аччиқлари чиққанда «унга нима бўлди, пешонаси ерга ишқалсин», дер эдилар».
Шарҳ: Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон одам бу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, бешарм, беҳаё гапларни гапирмаслиги, лаънат айтувчи бўлмаслиги, бировни сўкмаслиги, жуда жаҳли чиқса юқоридаги каби енгил сўз айтишга одатланиши керак экан.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган шахс беҳаё гапларни гапришни ўзига эп кўрмайди. У доимо ҳаёли бўлади ва ҳаёли гапларни гапириб ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган шахс бировни лаънатлашни ўзига эп кўрмайди. У доимо одобли бўлади ва одобли гапларни гапириб ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган бировни сўкишни ўзига эп кўрмайди. У доимо гўзал муомалада бўлади ва ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир», - дедилар
».
Шарҳ: Сўкиш ёмон нарсалигини билиб олдик, ундан ўтиб, уришиб кетиш бундан ҳам ёмон экан. Сўкиш фисқ бўлса, уришиш куфр экан, Аллоҳ Ўзи сақласин. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим.
Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Биров бировга туҳмат тошини отмасин, туҳмат қилмасин, уни кофир демасин. Агар соҳиби ўшандоқ бўлмаса, албатта, гапи ўзига қайтиб келади», деганларини, эшитдим
».
Шарҳ: Бир киши бошқа бирини кофир деса, бироқ ҳақида бу сўзни айтилган киши мўмин-мусулмон бўлса, кофир бўлмаса, куфр уни кофир деган одамнинг ўзига қайтар экан.
Шунинг учун бировни кофир дейишдан ниҳоятда сақланиш керак. Бир киши мўмин-мусулмонман, деб, калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмонларга тақозо бўлган ишларни қилиб турган бўлса, у кишини зоҳирдан мусулмон деб турилаверади.
Уни кофир дейилса, лекин у киши аслида кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлиб қолиш хавфи бор.
Шунинг учун зинҳор бировни кофир дейишга шошилмаслик керак, умуман бу сўзни айтмаслик керак. Шунда эминлик бўлади.
Агар мабодо бир киши куфр ишларни қилиб, куфр гапларни гапириб юрса, унинг кофир ёки кофир эмаслигини аниқлаб бериш учун маҳкамага тортилганда ҳам унинг юздан тўқсон тўққиз нарсаси куфрга тортиб турса, бироқ битта нарсаси иймонга тортса, уни мўмин деб ҳукм қилинади. Улуғ уламоларнинг айтган гапи шу.
Қилган ишларининг деярли ҳаммаси – 99 таси куфр. Биргина ишида иймон кўриняпти. Ана шунда «демак, унда иймон бор экан, иншааллоҳ» деб яхши умид қилиш керак экан. Ўша битта ҳам қолмаса, унда бошқа гап.
Шунинг учун куфр нисбатини бериш ниҳоятда оғир иш, ундан доим эҳтиёт бўлиш керак.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким била туриб, ўз отасидан, бошқани отам, деб даъво қилса, кофир бўлади.
Ким ўзи улардан бўлмаган қавмданман деб даъво қилса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин.
Ким бир одамни куфрда айбласа ёки Аллоҳнинг душмани, деса ва ундай бўлмаса, албатта, ўзига қайтади», - деганларини эшитган
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларни учта катта ёлғон ва бўҳтондан қайтарилмоқда. Буларнинг ҳар бири кўпчиликка зарар келтириши ва жамиятда ҳаром-хариш ишларнинг кўпайиши олиб келадиган нарсалардир.
Биринчиси; Била туриб ўз отаси бўлмаган одамни отам деб даъво қилиш.
«Ким била туриб, ўз отасидан, бошқани отам, деб даъво қилса, кофир бўлади».
Бу ҳолат, одатда, асли паст бўлган одамнинг бой-бадавлат, амалдор, шуҳрат соҳиби бўлган кишининг боласиман деб даъво қилиши ила юзага чиқади. Бу билан пасткаш ўзини юқори кўтаришга ҳаракат қилади.
Шу билан бирга бошқа бировни шарманда қилади. Обрўли шахснинг зинодан топган боласи бор экан деган гап тарқалишига сабаб бўлади. Тўҳматга қолган бечоранинг шани булғанади. Обрўси тўкилади. Оила аъзолари ва яқинлари билан алоқаси бузилади ва ҳаказолар.
Бунинг устига бу ишда кўпчиликнинг ҳаққи поймол бўлади, номаҳрамларни ўзига маҳрам қилиб олиш юзага келади. Шу ёлғон гап ва иш туфайли шариатнинг уларга тегишли аҳкомлари алғов-далғов бўлиб кетади.
Шунинг учун билиб туриб бегона одамни отам, деб даъво қилган одам кофир бўлади.
Иккинчиси; Ўзига бегона бўлган қавмнинг аъзолигини даъво қилиш.
«Ким ўзи улардан бўлмаган қавмданман деб даъво қилса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин».
Бу ҳам аввалги номаъқул ишнинг бошқача кўриниши. Унда якка шахсга мансублигини ёлғондан даъво қилса, бунла бир жамоага мансублигини ёлғондан даъво қилади.
Бу ҳолатда ҳам худди аввалгисига ўхшаш гуноҳлар содир бўлади. Фақат бунда ёмонликнинг ҳажми катта бўлади. Бутун бошли бир қавмга қарши жиноят қилинган бўлади.
Албатта, бу иш ўзига яраша жазо олиш билан тугаши керак. Жазо эса дўзахда тайёрлаб қўйилган жойдир.
Учинчиси; Мўмин-мусулмон одамни кофирликда ёки Аллоҳга душманликда айблаш.
«Ким бир одамни куфрда айбласа ёки Аллоҳнинг душмани, деса ва ундай бўлмаса, албатта, ўзига қайтади».
Албатта, иймонли, мусулмон кишини кофирликда ёки Аллоҳ таолога душманликда айблашдан кўра катта жиноят бўлмайди. Бу даъвони қилган шахс ўз даъвоси рост эканини исботлаб бериши лозим. Агар у ўз даъвосини исботлай олмаса, гапи ўзига қайтади. Унинг ўзи кофир ёки Аллоҳнинг душмани бўлади.
Демак, мусулмон киши оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзга эҳтиёт бўлиши, эътиборидан қочирмаслиги керак экан.

Адий ибн Собитдан ривоят қилинади:
«Сулаймон ибн Сураддан-Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг биридан эшитдим:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида икки киши сўкишиб қолишди. Улардан бири ғазабланди. Аччиғи шиддатлашиб, юзи ўзгариб, шишиб кетди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен бир калимани биламан. У шу калимани айтса, топиб тургани кетади», - дедилар.
Бир одам унинг олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини етказди. Шайтони ражимнинг шарридан Аллоҳдан паноҳ сўра», деди.
«Менга бирор нарса бўлган демоқчимисан!? Мен жинниманми!? Жўна!» деди
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишилар орасида сўкиш содир бўлганда қилиниши тавсия этилган ишлардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни муолажа қилиш бўйича берган маслаҳатлари тақдим этилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мавжуд бўлган чоғларидаги йиғинлардан бирида икки киши сўкишиб қолибди. Улардан бирининг асаблари бўроқ ва ўзини тута олмайдиган шахс экан. Мазкур шахс сўкиш оқибатида ўзини тута олмай фиғони фалакка чиқибди. Унинг ташқи кўриниши бутунлай ўзгариб кетибди.
Бу ҳолатни кўриб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одам ўзини босиб олиши учун «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм»ни айтиши кераклиги таъкидладилар. Ўша ердаги саҳобалардан бири бориб ҳалиги жаҳлдор одамга бу хабарни етказди.
Аммо мазкур шахс баъзи шарҳларда айтилганидек, кофир ёки мунофиқ ёхуд тамоман ўзини билмаган одам экан. У ўзи учун фойдали бўлган набавий насиҳатни қабул қилмай, хабарчига бақириб чақириб, уни қувиб солди. Ўзига яҳши бўлмади. Мана асрлар ўтса ҳам, ҳозиргача уни яхшилик ила эсланмай келинмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Улуғ кишилар ҳузурида сўкишиш мутлақо яхши эмаслиги. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бор жойда сўкишган одамлар сабабидан ташвишга тушдилар.
2. Раҳбар ва олим кишилар ҳузурларида беодоблик содир бўлса, уларни тартибга чақириб қўйиши кераклиги.
3. Катта одамларни ўзларига мос бўлмаган ҳолатларга яқинлаштирмаслик яхшилиги. Жанжаллашиб турганлар олдига саҳобалардан бири бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини етказиши шунга далолат қилади.
4. Қаттиқ ғазабланган одам ўз-ўзини боса олмаса, дарҳол «Аъузубиллаҳи минаш шайтони рожийм» деб шайтоннинг шарридан Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг паноҳини сўраса, бу нарса мўмин-мусулмон одамга ёрдам берар экан.
5. Ҳар қанча узри бўлса ҳам, улуғ ва олим кишилар ҳузурларида беодоблик қилиш ёмонлиги.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Икки мусулмон орасида, Аллоҳ азза ва жалладан парда бўлади. Улардан бири ўз соҳибига ёмон гап айтса, Аллоҳнинг пардаси йиртилади. Иккисидан бири бошқасига «Сен кофирсан», деса, иккисидан бири кофир бўлади».
Шарҳ: мўмин-мусулмонликнинг ўзи катта бахт. Уларнинг орасидаги мўминлик ҳурмати ҳам катта неъмат ва нозик масъулиятдир. Ким бўлишидан қатъий назар мўмин бўлишликнинг ўзи ўз эгаси билан бошқа мўминлар орасида ажойиб бир алоқани вужудга келтиради.
Ана ўша хислатлардан бири икки мусулмон орасида, Аллоҳ азза ва жалладан парда бўлишидир. Бу парда ўзаро ҳурмат ва иззат пардасидир. Аммо бу парда жуда ҳам нозик бўлади. Озгина нарса тегса йиртилиши бор.
Ўша нозик парданинг йиртилиши ва мусулмонлар орасида ҳурмат ва иззат қолмаслиги улардан бири ўз соҳибига ёмон гап айтса, юзага келади.
Қаранг-а, бир оғиз сўз билан. Бу ноқулай ҳолат давом этаверса, бора-бора ораларида тамоман алоқа қолмаслиги ҳам мумкин.
Икки мусулмондан бири бошқасига «Сен кофирсан», деса, иккисидан бири кофир бўлади. Ўша машъум гап унга қарата айтилган одам кофир бўлса, айтган одамнинг гапи тўғри чиқади. Лекин айтилган одам кофир бўлмаса, айтган одамнинг ўзи кофир бўлади.
Бу жуда нозик нарса экан, шунинг учун бу масалада ниҳоятда эътиборли бўлишимиз керак. Баъзи одамлар икки-учта ҳадисни ёки оятни ўрганиб олиб, мусулмонларнинг ярмидан кўпини кофирга чиқариб, «У ҳам кофир, бу ҳам кофир, мана бу мушрик, мана бу фосиқ», деб юришлари ушбу ҳадиси шарифга мутлақо тўғри келмайдиган ҳолатдир.
Бировни кофир деб юбориш жуда осон иш эмас. Бировнинг иймонига чанг солиш ниҳоятда оғир иш. Буни мўмин-мусулмонлар яхши билишлари, эҳтиёт чораларини кўриб юришлари керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz