Етимларга яхшилик қилиш Принтер учун
21.11.2009 й.
islom.uz

Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.

Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.
Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади.
Шу ва бошқа бир қанча ҳикматлар асосида Исломда етимга яхшилик қилиш қаттиқ тарғиб қилинган. Етимга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик–Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим  қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир», демоқда.
Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда. Шулардан бири молу дунёсидан нафақа қилиш.
«яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса»
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш.
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «...Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир» (220-оят).
Боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, ояти каримада ана ўшалар ҳақида савол берилмоқда.
 «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экани маълум бўлади. Чунки оятда:  «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.
Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир.
Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, «Анъом» сурасидаги: «Етимларнинг молига яқин келманг...» ояти ва «Нисо» сурасидаги: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» ояти ва бошқалар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, ушбу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.
Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:
«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз».
Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани.
«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».
Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.
Тушунтириш учун айтиш керакки, етим–отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса,
«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.
«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».
Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси ҳам, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур» (2-оят).
Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади.
Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:
«Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳаққига хиёнат авж олгандир. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.
«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб-алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки, узоқ давом этган худосиз тузум  бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган-алмаштирган бўлади.
«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».
Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси  яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бор эди. Бу эса, етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти.
«Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир» (3-оят).
Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга Имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради:
«Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Ойиша онамиздан, «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу  анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», деб жавоб қилибдилар.
Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига–ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин.
Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан бирга қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қандай адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керак. Жумладан, эркак бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиш натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10-оят).
Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади.
«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар».
Сўнгра шу ҳолда–қоринларидаги олов алангалаган ҳолда дўзахга кирадилар.
«Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар».
Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етим молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!
Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», дедилар. «Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўралди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш», деб жавоб бердилар.
Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: «Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам уни етимнинг молини еганлигини билиб олади», деган.
Ибн Мурдавайҳи Абу Барзадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган ҳолда тирилтириладилар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?» деб сўрашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўладилар», деганини билмайсанми?» дедилар.
Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг–аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», деганлар.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли» (152-оят).
Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.
Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят).
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Аллоҳ таоло «Моъуун» сурасида айтади: «Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? У етимни қўполлик билан ҳайдайдир» (1-2-оятлар).
Охират жазосини ёлғонга чиқарувчи нобакор киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг шундай сифатлади.
Ушбу саккизинчи қисмдаги бобларда келтирилган ҳадиси шариф ва ривоятларнинг матнлари орқали етимларга яхшилик қилиш ҳақидаги олиймақом таълимотларни Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўрганамиз.

Бева ва мискинларга хизмат кўрсатиш ҳақидаги боб

308. (204). Исмоил ибн Умайяядан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир.
Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради», деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан бева, тул, мискин, фақир кишилардан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, уларга ўзлари муҳтож бўлиб турган нарсаларда ёрдам бериш учун қилинган ҳаракатлар улкан савобли ишлардан бири эканлигини тушуниб оламиз.
«Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир».
Одамлар ўзининг фазлини ошириб кўрсатиш, кўпроқ ажр олиш учун фарз рўзадан ташқари нафл рўзалар ҳам тутадилар. Баъзилар фазлини ошириш учун тунлари таҳажжуд намозларини ўқийди. Бу ибодатлар туфайли кўп савобларга эришадилар. Бироқ, бир беванинг, бир камбағалнинг ҳожатини чиқариш учун ёрдам бериб юрган одам ҳам юқорида айтиб ўтилган ибодатларнинг - Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, тунлари қоим, кундузлари соим бўлишнинг ажрига эришади. Бева-бечоралар, тул, етим-есирларга эҳсон қилиш, ёрдам бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш Исломда ана шундай улуғ иш ҳисобланади.
Албатта, Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилишдек савоб иш йўқ. Бироқ, бева, тул, мискин, фақир кишиларга ёрдам бериш, уларнинг ҳожатини чиқариш билан ҳам ўшандай савобга эга бўлиш мумкин экан.
Шунингдек, кечаларни бедор бўлиб, нафл намозлар ўқиб, Аллоҳга илтижо қилиб ўтказишнинг савобини ҳам бева-бечораларга, фақир-мискин, тул, етим-есирларга хизмат қилиб, уларга ёрдам бериб ҳам топиш мумкин экан.
Нафл рўзаларни тутиб юришга тенг келадиган улкан савобни ҳам юқоридаги амалларни қилиб топиш мумкин экан.
«Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради», деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди».
Ҳадисда «ўз етимини» дейилишидан бева қолган онанинг отасиз қолган ўз етим боласини қарамоғига олиш назарда тутилган. 
Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир.
Демак, ота-онасиз қолган етим болани ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатда бўлар экан, жаннатда бўлганда ҳам жаннатнинг энг олий мақомида – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлар экан.
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта аҳамият беришлари керак.
Ушбу ҳадисга амал қилиб, тул, мискин, бева-бечора, етимларга меҳрибон бўлишимиз, уларга ёрдам беришимиз, имкон қадар уларнинг оғирини енгил қилишимиз лозим экан.

 Етимларни кафолатига олиш ҳақидаги боб

309. (205). Умму Саъийд бинти Мурра Фиҳрийдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз етимини ёки бегонанинг  етимни кафолатига олган, агар Аллоҳга таво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади», деб икки бармоқларига ишора қилдилар
».
Шарҳ: Етимни ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлади. Бу жуда олий мақом.
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта аҳамият беришлари керак.
Мана шундай буюк шараф ваъда қилинган ҳадисларга амал қилган ҳолда бу масала мусулмон умматида қадимдан жуда (ниҳоятда) яхши йўлга қўйилган эди – етимларга вақфлар қилинган, уларга тарбия берилган.
Ҳозирги кунда ҳам мўмин-мусулмонлар ўз динини қаттиқ тутган жойларда бу нарсага катта аҳамият берилади. Айниқса, араб ўлкаларидаги хайрия жамиятлари ўзларидаги етимларнинг аҳволи яхши бўлганлигидан бошқа ўлкалардаги етимларга ёрдам беришни яхши йўлга қўйишади.
Масалан, истаган давлатлар билан ҳамкорликда етимларни аниқлаб, уларни суратларга олиб, ҳужжатларини тўғрилаб, қайтиб бориб, «Мана бу бола етим, исми, отасининг исми, мана сурати, унинг йиллик сарфиёти мана шунча, ким уни ўз қарамоғига олмоқчи бўлса, бизга боғлансин» деб эълон қилишади.
Шунда бой, имконияти бор одамлар «Мен бешта, мен учта, мен ўнта, мен юзта етимни ўз қарамоғимга оламан, деб ўзлари рағбат билдиришади, сўнг ўша йиллик сарфиётни хайрия жамиятининг ҳисобига бир марта, ёки бир неча марта ўтказиб туради.
Хайрия жамияти бу маблағларни ўша етимларнинг эҳтиёжларига сарфлаб боради, доимий егулигини, ҳар мавсумда кийим-кечагини, таълимини, ўқув қуролларини таъминлаб туради.

310. (207). Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича ўзига қўшса, унга албатта жаннат вожиб бўлади», дедилар
».
Шарҳ: Аллоҳ таоло етим қизни тарбиялаб, вояга етказган кишини жаннатга киришни вожиб қилмоқда. Ким жаннатга кираман деса, жаннатга киришим вожиб бўлсин, деса етим қизчаларни боқиб, вояга етказсин.
Одатда, етим боқишга қарор қилган кишилар унинг ўғил бола бўлишини истайдилар. Шунинг учун бўлса керак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида етим қиз боққанларга жаннат вожиб бўлишини ваъда илмоқдалар. Сиз билан биз бу нозик нуқтага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

311. (212). Умму Саъийд бинти Мурра Фиҳрийдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз етимини ёки ўзганинг етимини кафолатига олган, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан у жаннатда мана бу иккиси каби ёки мана бу ва мана бу каби бўлади», дедилар.
Суфён бош ва ўрта бармоқларига ишора қилди
».
Шарҳ: Бу ривоятга ўхшаш ривоят аввал ҳам ўтган.
Етимларга яхшилик қилиш ва етимнинг бошини силаш ҳақидаги боб

312. (206). Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади.
Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан» деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар
».
Шарҳ: Етимга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш, унга хайр-эҳсон қилишнинг нақадар улуғ бир мақом эканлиги, қанчалик буюк бир мартаба эканлигини ана шу сўзлардан билиб олсак бўлади.
Албатта, одамнинг бошидаги сочнинг саноғига етиш қийин. Бироқ, етим болага бошқа ҳеч қандай ёрдам бермаса ҳам, унинг бошини меҳр билан силаб қўйишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Энди етимнинг бошини силаш билан бирга уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, иймон-эътиқодни, тақво, ибодатни ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдорини ўзингиз чамалаб кўраверинг...
Динимизнинг қанчалик етимпарварлигини ушбу ҳадислардан билиб оламиз.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Етимнинг бошини силаган одам унинг сочлари саноғича савоб олиши.
2. Етим қиз ёки болага яхшилик қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда бирга бўлиши.

313. (208). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қиланадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир», дедилар.
Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб:
«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» дедилар
».
Шарҳ: Замонамизда турли туман танловлар ўтказиш одат тусига кириб қолди. Уларда турли қобилият ва афзалликларни аниқлаш ва уларга кишиларнинг эътиборини тортиш нияти ҳам бор.
Айтайлик, мусулмонлар жамиятида энг яхши хонадон танлови ўтказиладиган бўлди. Умумий маънода ўтказиладиган бу танловнинг ғолибини аниқлашга асосий ҳакам ушбу ҳадиси шариф бўлади. Мазкур танловда ичида яхшилик қилинаётган етим бор хонадон ғолиб бўлади.
Агар салбий маънода танлов ўтказиб, энг ёмон хонадонни аниқлаш керак бўлса ҳам, ушбу ҳадиси шариф ҳақам бўлади. Мазкур танловда ичида ёмонлик қилинаётган етим бор хонадон ғолиб бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонлар ичида энг яхши уй ичида етимга яхшилик қилинаётган уйлиги.
2. Мусулмонлар ичида энг ёмон уй ичида етимга ёмонлик қилинаётган уйлиги.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва етимнинг кафили жаннатда кўрсаткич ва ўрта бармоқлар бирлашиб тургандай бирга бўлиши.
Етимни таомига чақириш ва унга ўз таомидан едириш ҳақидаги боб

314. (213). Ҳасандан ривоят қилинади:
«Бир етим Абдуллоҳ ибн Умарнинг таомига ҳозир бўлар эди. Бир кун таомини сўради ва етимни чақирди. Бас, уни топмади. Бас, у Ибн Умар фориғ бўлганда келди. Унга ҳам таом келтиришни сўради. Ҳузурларида таом йўқ эди. Шунда унга асал билан талқон олиб келишни сўради. Сўнг «Ма, буни ол. Аллоҳга қасам, кам бўлмадинг», деди».
Ҳасан айтади: «Аллоҳга қасам, Ибн Умар ҳам кам бўлмади
».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума қачон таом есалар, олдиларига бир етимни таклиф қилиб, у билан бирга таом ер эдилар. Ёлғиз ўзлари таом емас эдилар. Ҳар таомда дастурхонга албатта бева-бечоралар, фақир-мискинларни ҳам таклиф қиларди. Бир кун одатича «Овқат тайёрми?» деб сўради ва уни олиб келишни буюриб, таклиф қилинган етимни чақиришни сўради. Қараса, етим бола йўқ экан.
Бироз қараб туриб, сўнг таомни ўзи ебди. Таклиф қилинган етим бола эса овқат тугаганда келиб қолди. Шунда ибн Умар розияллоҳу анҳу унга ҳам овқат келтиришни буюрди. Бироқ овқат қолмаган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу болага асал билан талқон олиб келишни буюрди. Сўнг болага «Ма, буни ол. Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг» деб, чиройли муомала қилди.
Кўриб турибмизки, Ибн Умар розияллоҳу анҳу овқатга кечикиб келган етим болани қаровсиз қолдирмаслик учун ҳаракат қилди. Унинг кўнглини олишга уринди. Аввало у билан овқатни бирга ейишни истабди. Бироқ бола ўйинқароқлик қилиб, овқатдан кеч қолгач, овқат қолмагани маълум бўлгач ҳам, уни қайтариб юбормай, бошқа овқат келтиришни буюрибдилар. Буюк саҳобийнинг болани олдиларига ўтқазиб, таомни едирганлари, кўнглини кўтарганлари Исломнинг етимларга бўлган муносабатининг, етимнинг ҳаққидан қўрқишнинг ҳақиқий намунасидир.

Етимга одоб бериш ҳақидаги боб

315. (209). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши етимга одоб бериш ҳақида «Мен етимга чўзилиб қолгунча уриб бўлса ҳам тарбия бераман» деганлар.
Шарҳ: Етимнинг кўнгли ярим, унинг бошини силаш керак экан деб, унинг беодоб, аҳлоқсиз бўлиб қолишига шароит яратиб қўйиш керак эмас. Албатта, дастлаб ширин сўз билан, мулойимлик билан таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ беришга ҳаракат қилинади. Бироқ, бола бунга кўнмаса, тарбияси бузилиб бораверса, шариатимиз уни ҳатто уришга ҳам ижозат берган экан.
Сумайяя Аткийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди. Шунда у: «Мен етимни тўғри йўлга кириб, адаб олгунича ураман», деди».
Демак, етим бола гапга кирмаса, одобсиз бўлса, уни уриб бўлса ҳам тарбиялаш керак. «Етимга тегмаслик керак, уни хафа қилмаслик керак», деган нотўғри тушунча билан унинг беодоб бўлиб кетишига, ёмон йўлларга кириб кетишига сабаб бўлиб қолмаслик керак.
Кўпинча ёш болалар гапга тушунмай, ўз фойдасини билмай, ўйинқароқлик қилади, ана шу вақтда бу болалар етим бўлса, уни ўз тарбиясига олган кафиллар қаттиқ туриб, одоб бериши керак бўлади.

Етимнинг молини муҳофаза қилиш ҳақидаги боб

316. (210). Ҳасан Аранийдан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менда бир етим бор. Унинг молидан есяверайми?» деди.
«Ўзингники қилиб олмай ва молингни унинг моли билан сақламай, маъруф билан», дедилар.
«Уни урсам бўладими?» деди.
«Ўз фарзандингни урадиган нарсада», дедилар
».
Шарҳ: Савол сўраган киши боқиб олган етим болага маълум миқдорда мол-мулк мерос қолган экан. Бола ёш бўлганлиги туфайли, унинг меросини тасарруф қилиш ҳам унга кафил бўлган кишига қолган. Шу киши ўша мол-мулкдан ўзи учун фойдаланиш мумкин ёки мумкин эмаслигини сўрабдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг ҳукмини баён қилибдилар. Кафил ўзи муҳтож бўлгандангина қўлидаги етимнинг молидан маъруф ила ҳаддан ошмай еса бўлади.
Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боқиб олинган етим болага одоб бериш учун урадиган даражани гўзал тарзда ифода қилибдилар.
Дарҳақиқат, ҳеч кими йўқ болани уришга ҳамманинг ҳам кўнгли боравермайди. Бироқ, одобсизлик қилса, ўз фарзандини ҳам урадиган даражага борса, етим болани ҳам уриб, тарбия қилишга шариатимиз рухсат берган экан.
Демак, шариатимиз етим болага худди ўз фарзандимиздек муносабатда бўлишни талаб қилар экан. Ўз боласини эркалатган киши етимни ҳам эркалатиши, ўз боласига нимани раво кўрса, етимга ҳам шуни раво кўриши лозим экан. Худди шунингдек, ўз боласини уришга қўли кўтарилмаган киши етимни ҳам урмаслиги, урса, ўз боласини ҳам урадиган иш қилганда уриши мумкин экан.
Халқимиз бу маънони «Бола азиз, одоби ундан азиз» деган мақолда гўзал тарзда ифодалаб қўйган.

Хулоса

Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу саноқли ҳадис ва ривоятлардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қоил қилиб ўринлатиб келганлиги ҳаммага маълум. Бунга жаҳон уришидан кейинги даврда халқимиз қўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади.
Етимлар Исломдаги каби ўзларига олийжаноб муомалани кўрмаганлар. Етимларни кафолатга олиш ишини ҳаммадан кўра мусулмонлар қойиллатганлар. Бунга тарих, дўст ва душман ҳам шоҳид.
Ҳозирги кунларда ҳам Ислом оламининг турли тарафларида етимларнинг боши етарли даражада силаниб келмоқда. Бизда турли сабабларга кўра бу иш давлат тасарруфига ўтиб қолган эди.
Аммо энди бу ишни давлат қилади деган тушунчага берилиб қолмаслигимиз керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон етимларнинг ҳақини унутмаслиги лозим. Аста-секин бўлса ҳам етимпарварликни аждодларимиз амалга оширганлари каби савияга олиб чиқишимиз керак.
Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оиласига қабул қилсалар ва уларнинг ўз фарзандлари қатори бошини силасалар жуда яхши бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri