Асал, қизиган нарса босиш ва қон олиш Принтер учун
19.12.2009 й.
islom.uz

Аллоҳ таоло: «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир», деган.

Шарҳ: Ушбу «Наҳл» сурасидаги асаларилар ҳақидаги оятнинг бир қисми, асалда одамларнинг баъзи дардларига шифо борлигини тасдиқлаш учун келтирилмоқда. «Наҳл» сурасидаги оятнинг тўлиқ матни қуйидагича:
«Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир».
Ушбу оятда Аллоҳнинг асаларига ваҳийси, ҳамда берган илҳомининг давоми келмоқда. Аллоҳ асаларига фақат уя қуришнигина эмас, балки бошқа нарсаларни ҳам илҳом қилгандир:
«Сўнгра ҳамма мевалардан егин».
Уяни қуриб қўйиб, мевалардан емоқ ҳам асаларига Аллоҳ томонидан илҳом қилинган. Шунинг учун у бошқа ҳайвонларга ўхшаб турмайди, тўғридан-тўғри мева гуллари томон учиб кетади ва уни емоққа киришади.
«Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди».
Аллоҳ асаларига ўша меваларни, уларнинг гулларини топиш йўлларини осон қилиб қўйган. Одамзот топа олмайдиган жойда бўлса-да, асалари бир зумда уларни топиб боради. Ҳамда ўша мева ва гулларни ейди.
«Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар».
Асаларининг қорнидан чиқадиган асалларнинг ранги турли бўлиши бежиз эмас.
«Унда одамлар учун шифо бордир».
Ўша асаларининг қорнидан чиққан турли рангли шаробда одамлар учун шифо бордир.
Ушбу Қуръоний ҳақиқат тиб илми ривожланган сари янада аниқроқ ойдинлашиб бормоқда. Ҳозирда асалнинг шифобахшлик хусусияти ҳақида ўтказилган илмий тажрибалар натижаси ўлароқ кўплаб китоблар битилган. Қизиққан одамлар уларни ўқисалар Аллоҳ таоло нима учун айнан асалнинг шифо эканини Ўз китобида эслатиб ўтганининг ҳикматини тушиниб етадилар. Бу масала Қуръони Каримда зикр қилингани учун мусулмон табиблар томонидан алоҳида эътибор ила чуқур ўрганилгандир.
«Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир».
Асаларининг ҳаёт тарзи, уларнинг уй қуриши, бориб мева ва гулларни еб келиб, асал қилишлари ва ўша асал одамлар учун шифо бўлиши каби ҳодисаларда катта мўъжизалар бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шифо уч нарсададир; қон олиш асбоби солишда, асал ичишда ва қиздирилган нарса босишда. Ва умматимни қиздирилган нарса босишдан наҳий қилурман», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Машҳур алломаларимиздан Имом Бадриддин Айний ўзларининг Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига ёзган шарҳларида ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида жумладан қуйидагиларни ёзадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Шифо уч нарсададир», деганларида ушбу уч насадан бошқа нарсада шифо йўқ дейишни ирода қилганлари йўқ. Шифо улардан бошқа нарсаларда ҳам бор. Фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу уч нарса ила хасталикни муолажа қилишнинг асл услубларига ишора қилдилар, холос. Чунки, хасталик асосан қон бузилишидан, сафродан ёки савдо-балғамдан бўлади.
Қон бузилишидан пайдо бўлган хасталикни қон олиш билан даволанади.
Бошқа хасталиклар дори дармон бериш билан даволанади. Уларга асални зикри ила ишора қилдилар.
Бу услублар ила даволанмайдиган дардларни куйдириб босиш ила даволанади».
Ушбу мулоҳазаларни замонамиз тилига ўгирадиган бўлсак, худди шунга ўхшаш ҳолат ҳозир ҳам мувжудлигини кўрамиз.
Ҳозирда ҳам кўпгина хасталиклар қондаги ўзгаришлар туфайли келиб чиқиши ҳаммага маълум. Шунинг учун беморликка ташхис қўйиш ишида ҳамма тиб мактаблари олдин беморнинг қонини текшириб кўришни йўлга қўйганлар. Қон алмаштириш, қон қуйиш, қонни тозалаш учун турли услубларни қўллаш ҳамма тиб мактабларининг асосий аҳамият берадиган услубларидир.
Қонга боғлиқ бўлмаган хасталикларни дори-дармон билан тузатишга ҳаракат қилиниши ҳаммага маълум.
Биз «қизитилган нарса босиш» деб таржима қилаётган услубда баъзи жароҳат, ўсимта ва шунга ўхшаш қонни тозалаш ёки дори ичириш билан тузалмайдиган ҳолатларда ўша жароҳатни кесиб туриб, тозаланган жойга қизиб турган нарсани ёки бирор моддани куйдириб кулини босиш йўлга қўйилган. Бу ишни бошқа услублар наф бермаган ҳолдагина қўллашган. Буни ҳозирги кунимиз истилоҳида жарроҳлик амалиёти дейилади.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдин шифонинг уч туридан бири куйдириб босишда эканлигини таъкидлаб туриб, кейин:
«Ва нарса қиздириб босишдан наҳий қилурман», дейишларини қандоқ тушинилади, деган саволга уламоларимиз қониқарли жавоб берганлар.
Ўша пайтда одамларда нарса қиздириб босиш дардни ўз табиати ила, албатта, тузатади, деган нотўғри фикр бор экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у нарсани унча тарғиб қилмаганлар. Лекин шифони Аллоҳ таоло беради деган эътиқод ила ўша мазкур услубни ҳам йўли билан қўллашга шариат йўл берган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга шу услбни ишлатганлар, бошқа саҳобалар ҳам ўз хасталикларини шу услуб ила муолажа қилганлари маълум ва машҳур.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг даволарингиздан бирортасида яхшилик бўлганда ёки сизларнинг даволарингиздан бирортасида яхшилик бўлса, бас, дардга мувофиқ келган қон олиш асбоби солишда, асал ичишда ва ўт ила чақиб олишда бўларди. Ва нарса қиздириб босишни хуш кўрмасман», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятнинг ровийси унинг аввалидаги «бўлганда» ва «бўлса» сўзларида шакка тушиб қолган экан. Шунинг учун икки хил сийғани ҳам келтирибдилар.
Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадиси шарифнинг маъносини таъкидлаб келмоқда. Шу билан бирга тўлдирувчи қўшимча маъно ҳам бор. Ул маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «дардга мувофиқ келган» деган гапларида ўз аксини топган. Яъни, ҳар бир қон олиш, ҳар бир дори ичиш ва ҳар бир жарроҳлик амалиёти шифога сабаб бўлавермас экан. Мазкур нарсаларнинг шифога сабаб бўлишларига Аллоҳ таолонинг иродасидан сўнг уларнинг дардга мувофиқ келиши ҳам шарт экан. Бу ишни юзага чиқишига ҳаракат қилиш ҳозиқ табибларга ишониб топширилгандир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Укам қорнидан шикоят қилур» бошқа бир лафзда эса «Укамнинг қорни юриб кетди», деди. У зот: «Унга асал ичир» дедилар. У иккинчи марта келди.
«Унга асал ичир» дедилар.
Сўнгра у учинчи марта келди ва: «Батаҳқиқ, (айтганингизни) қилдим. Унинг қорнини юргизишдан бошқа нарсани зиёда қилмади», деди.
«Аллоҳ рост айтадир. Укангнинг қорни ёлғон айтадир. Унга асал ичир», дедилар.
Бас, ичирган эди тузалиб кетди
». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ичи кетган шахсга асал фойдали экани кўриниб турибди. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳамма билиб олган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Аллоҳ рост айтадир», деганларида Аллоҳ таолонинг «Наҳл» сурасидаги асаларилар ҳақидаги «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир», деган қавли кўзда тутилгандир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Муоз билагидаги томиридан яродор бўлди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан мишқосни қиздириб туриб, босдилар. Сўнгра унинг қўли шишиб кетган эди, у зот иккинчи бор яна қиздириб босдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: «Мишқос» қиздириб ярага босиладиган асбоб.
Аҳзоб уришида улкан саҳобий Саъд ибн Муоз билакларидаги қон томирларига ўқ тегиб қаттиқ яраланганлар. У кишининг ҳурматларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қараганлар ва ушбу ривоятда баён қилинганидек, даволаш ишларини ҳам шахсан ўзлари олиб борганлар. Қон оқиб турган томирга иссиқ нарсани босиб қонни тўхтатиш ўша вақтдаги бирдан бир услуб эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Аҳзоб куни Убай ярадор бўлди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қизитилган нарса босдилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллоллҳу алайҳи васаллам шунингдек, Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳуга яра чиққанда ҳам шу услуб ила даволаган эканлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юбордилар. Бас, у анинг бир томирини кесиб туриб, кейин қиздирилган нарса босди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан тиб ишлари билан табиблик илмини ўзлаштирган мутахассис шахс шуғулланиши кераклиги чиқади. Табиб ўз илмига асосан хасталикни даволаш учун керакли чорани кўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юборишлари у зотнинг ҳар-хил табибликни даъво қилувчиларни эмас ҳақиқий тажрибадан ўтган тибни эътироф қилишларини билдиради. Ўша табиб олдин Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг томирларини кесиб туриб, кейин уни куйдиргани эса даволашда табиб илми асосида тасарруф қилишда ҳур эканини кўрсатади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куйдириб даволашдан наҳий қилдилар. Бас, биз куйдириб даволадик ва нажот ҳам топмадик, мувофақиятга ҳам эришмадик». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг шахсий тажриба ва мулоҳозалари. У киши ўзларича тажриба қилиб куйдириб даволашдан фойда топмаганлар.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг бавосир хасталиги бор эди. Бу хасталикдан у киши жуда ҳам қийналган эдилар. Шунда ундан қутилиш учун турли чораларни қўллаб кўрганлар. Жумладан, куйдириб даволашни ҳам синаб кўрганлар, лекин фойда бермаган. Ушбу ривоятда айтган гаплари ана ўша тажрибалари асосида айтилгандир.

Абу Довуд розияллоҳу анҳу айтади: «Мана шу Имрон фаришталарнинг саломини эшитар эди. Куйдириб даволагандан кейин бу нарса узилиб қолди. Куйдириб даволашни тарк қилганда эса, унга салом бериш қайтди».
Шарҳ: Бу нарса ҳам Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос бир иш. Дарҳақиқат, у кишига фаришталар салом бериб турар эди. Ўзларидаги бавосир хасталигини даволашга уриниб, унга мишқосни қиздириб босганларида фаришталарнинг саломи узилиб қолди. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу ташвишга тушиб ҳодисани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига икки ишдан бирини; ёки фаришталар саломини, ёки бавосирдан тузалишни танлашни таклиф қилдилар. У киши фаришталар саломини танладилар. Бавосирларини куйдириб даволашни тарк қилдилар. Фаришталар у кишига яна салом беришни бошладилар.
Яна қайтариб айтамизки, бу Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос иш. Аслида куйдириб даволаш шартлари вужудга келганда жоизлигини аввал ўрганиб чиққанмиз.

ҚОН ОЛИШ ЖОЙИ ВА ЗАМОНИ

Бизда «қон олиш» деб аталадиётган истилоҳ арабларда иккига бўлинади.
Биринчиси «ҳижома» деб аталиб, бошдан қон олишни англатади.
Иккинчиси «фасд» деб аталиб жисмнинг бошдан бошқа қисмидан қон олишни англатади.
Иссиқ ўлкаларда, жумладан, арабистонда бошдан қон олиш фойдали бўлгани учун «ҳижома» истилоҳи машҳур бўлиб кетган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик ҳолларида бошларининг бир томони оғриганда, бошларидан қон олдирдилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳром боғлаб Маккаи Мукаррама томон кетаётиб муборак бошларининг бир томони оғриб қолган. Леҳяй жамал номли жойга етганларида қон оладиган мутахассисни чақиртганлар. Шунда Абу Тийба номли ҳажжом келиб У зотнинг бошларидан қон олган.
Анашундан қон олдириш лозим хасталик ориз бўлганда қон олдириш керак, эҳромдалик ҳолда ҳам қон олдирса бўлади, деган ҳукмлар олинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходималари Салмадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бошидаги хасталикдан шикоят қилса, қон олдир, дер эдилар. Ким оёқ оғриғидан шикоят қилса, ҳинно қўй, дер эдилар».
Шарҳ: Албатта, Салма розияллоҳу анҳо ўзлари гувоҳ бўлган нарсанинг хабарини бермоқдалар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бош ориғи ёки оёқ оғриғи ила мурожаат қилган ҳамма одамларни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга берган барча маслаҳатларини қамраб олган илмга эга эканликларини даъво ҳам қилганлари йўқ. Иккинчидан бу ишлар ва маслаҳатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган муҳит, шароит ва беморларнинг хусусиятига қараб, тажрибага суяниб айтилган. Бу ҳадиси шарифдан ҳар қандай бош оғриғига қон олдириш, ҳар қандай оёқ оғриғига ҳинно қўйиш даво экан деган хулоса чиқариб олиш керак эмас.

Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларидан ва икки кураклари орасидан қон олдирар эдилар ва:
«Ким мана шу ердан қон оқизса, бир нарса ила, бир нарса учун даволанмаса ҳам бўлаверади» дер эдилар
». Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу гапдан вақти-вақти билан мазкур жойдан қон олдириб турган одам хасталикка дучор бўлиш эҳтимоли камаяди, деган маъно келиб чиқади. Шунинг учун ҳам авваллари баҳор мавсумида зулук солиш одати бўлган. Ҳозирги пайтда ҳам тажриба қилганлар бу маънони тасдиқлайдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйинларининг икки томонидаги томирларидан ва елкаларининг юқори қисмидан қон олдирар эдилар. Ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирар эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қонни қаердан олдириш ҳам аҳамиятли. Кўринган жойдан қон олдиравериш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Балки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганга ўхшаш мутахассислар тажриба орқали аниқлаган ва фойдали эканини тасдиқлаган жойдан олдирилади. Албатта, қонни қаердан олишни бемор эмас, балки, табиб белгилайди.
Иккинчи муҳим нарса қонни қачон олдириш масаласи. Ушбу ривоятда келишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнинг «Ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирар эдилар».
Бу ўта муҳим нарса. Чунки, ой ернинг йўлдоши у билан доимий боғлиқ. Ой кечаси ерга нур сочиб туради. Ойнинг тортиш кучи ҳам ерга ва ундаги нарсаларга ўз таъсирини ўтказиб туради. Ойнинг бундан бошқа таъсирлари ҳам жуда кўп. Бас шундоқ экан ойнинг янги чиққан кунидаги таъсири бошқача, тўлин бўлгандаги таъсири бошқача ва охирлаб қолгандаги таъсири бошқача бўлиши турган гап. Қон олиш инсон вужудида катта ўзгаришларга сабаб бўладиган жараён. У ишни энг муносиб шароитларда қилиш керак. Ана ўша шароитлардан бири у амалиётнинг қилиш вақтини тўғри танлай билиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқланган тажрибаларга суяниб ушбу ривоятда зикри келган кунлари қон олдирар эканлар.
Уламолар бу ишнинг ҳикматини англаш учун тажриба ўтказиб ҳақиқатда мазкур кунлар қон олдириш учун энг муносиб кунлар эканлигини тасдиқлаганлар. Бу ҳақиқатни Ибн Қайюм ал-Жавзийя ўзининг «Зодул Маъод фии Ҳадйи хойрил ибод» номли китобида батафсил баён қилган.
Ҳозирда энди-энди бу масалага бир оз эътибор берилмоқда. Баъзи бир жарроҳлик амалиётларини мавсумга қараб қилишга ўтилмоқда. Тез-тез «магнит бўрони» кунлари юрак хасталигига чалинганлар ўзларини эҳтиёт қилишлари кераклиги эълон ҳам қилинмоқда. Илм ўсиб бораверса ҳадиси шарифларда бундан минг беш юз аввал татбиқ қилинган ҳолатга етишиб олинса ҳам ажаб эрмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирса, ҳар бир дарддан шифо бўлур», дедилар».
Шарҳ: Албатта, қон олдиришга боғлиқ дардлардан шифо бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанба куни қон олдиришдан наҳий қилар ва: «У кун, қон кунидир. Унда бир соат бор, унда (қон) тўхтамас», дер эдилар».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сешанба кунини қон куни номи ила атаганларини уламоларимиз икки хил таъвил қиладилар.
Биринчиси, Қобил Ҳобилни сешанба куни ўлдирган. Одам боласининг қони биринчи бор сешанба куни оққан. Шунинг учун бу куни қон куни ҳисобланади ва у кунда қон олдириш марғуб эмас.
Иккинчиси, ҳафтанинг сешанба куни инсоннинг қони фаоллашган бўлади. Агар ўша куни қон олдирса, қони тўхташи қийин бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига исро қилдирилган кеча ҳақида сўзладилар. Албатта, қайси бир фаришталар тўпи олдидан ўтсалар, умматингни қон олдиришга амр қил, деганлари ҳақида сўзладилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятларда қон олдиришга кўп тарғиб қилинишининг асосий сабаби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ўша пайтдаги мусулмонлар ўта иссиқ минтақа ҳисобланган Ҳижозда яшаганларидандир. Уларнинг шароити шуноқ бўлишини талаб қилган.

Икрима розияллоҳу анҳу айтади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг учта қон олувчи ғуломлари бор эди. Улардан иккитаси унга ва унинг аҳлига даромад келтирар эди. Биттаси ундан ва унинг аҳлидан қон олар эди».
Ибн Аббос, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳажжом қандоқ ҳам яхши банда, қонни кетказади, қуйилганни енгиллаштиради ва кўзни равшанлаштиради», деганлар», деди
».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, қайси бир фаришталар тўпи олдидан ўтсалар, қон олдиришни лозим тут», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдаги янгича маъно қон олишни касб қилиб даромад топиш, ўзи ва оиласи учун хос табиб-қон олувчи ихтиёр қилиш жоизлигидир.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қон олишни касб қилиб олган шахс-ҳажжом ҳақида яхши сўзлар айтганларидир.
Учинчи нарса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қон олиш туфайли етадиган фойдалардан учтасини зикр қилганларидир;
1. «қонни кетказади»
Яъни, қон олиш орқали бемордаги хасталикка сабаб бўлаётган қон чиқиб кетади.
2. «қуйилганни енгиллаштиради»
Қон олдириш даражасида хаста бўлганларнинг кўпларининг қони қуйилиб, қон томирлари қотишиб қолиши маълум. Қон олиш туфайли қолган қон ҳам суюқлашади, томирлар ҳам юмшаб қон айланиш жараёни ўз ҳолига қайтади.
3. «ва кўзни равшанлаштиради»
Бу ҳам тажрибалардан ўтган ҳолат.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri