Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг фазллари Принтер учун
01.01.2010 й.
islom.uz

Ўзларининг кунялари билан машҳур бўлган бу улкан саҳобий Абу Толҳанинг тўлиқ исмлари Зайд ибн Саҳл ибн Асвад ибн Ҳаром ибн Амр ибн Зайдуманот ибн Адий ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор ал-Ансорий ал-Хазражийдир.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг Исломга киришларига бир ажойиб ҳодиса сабаб бўлган. Бу ҳодиса ҳақидаги ривоятни Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ўгай ўғиллари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан эшитайлик.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:
«Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим», деди.
«Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!», деди Абу Анас.
«У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб, Пайғамбар қилди».
«Келтирган нарсанг нима?!»
«Ароқ ҳаром қилинди».
«Бу сен билан менинг ажрашимиз», деди.
Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди.
Сўнгра Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга:
«Модомики, мушрик экансан, сенга тегмайман», деди.
«Йўқ. Бу сенинг мақсадинг эмас».
«Менинг мақсадим нима?»
«Сенинг мақсадинг сариқ (тилло) билан оқ (кумуш)да».
«Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!», деди Умму Сулайм.
У (Абу Толҳа) туриб қўлини елкамга қўйди. Юриб бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг каломимизни эшитдилар ва кейин:
«Мана, Абу Толҳа, икки кўзи орасида Ислом иззати!» дедилар.
У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва:
«Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Му¬ҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун уни уйлаб қўйдилар».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ўша ондан бошлаб, Ислом байроғи остида яшай бошлади. У ўзининг барча имкониятларини Аллоҳ таолонинг дини йўлига тикди. Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг барча юришларида иштирок этди.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳуни машҳур қилган юриш Уҳуд уруши эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уҳуд куни бўлганда одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ташлаб қочдилар. Абу Толҳа бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб, у зотни ўзининг тери қалқони ила тўсиб турарди. Абу Толҳа камонни қаттиқ отадиган киши эди. У ўша куни иккита ёки учта камонни синдирганди. Бирор киши ўз ўқдони билан ўтиб қолса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Ўқдонингни Абу Толҳага тутиб тур!» дердилар.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорилаб, қавмга назар сола бошладилар. Абу Толҳа бўлса:
«Эй Аллоҳнинг Набийи, юқориламанг! Тағин сизга қавмнинг ўқидан бирортаси тегиб кетмасин! Кўксингизни ўз кўксим билан тўсай», дерди.
Абу Толҳанинг қўлларидан қилич ёки икки марта, ёки уч марта тушиб кетди
».
Икки шайх ривоят қилишган.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятда зикри келган қаҳрамонликлари бутун бир авлодга тақсимлаб берилса етадиган қаҳрамонликдир десак, муболаға қилмаган бўламиз. Агар Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ушбу ишдан бошқа иш қилмай ўтиб кетганларида ҳам у кишининг номлари Ислом тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилиб қолиши турган гап эди. Ҳа, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу мисли йўқ жангчи эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг васфида:
«Аскар ичида Абу Толҳанинг овози бир гуруҳдан кўра яхшироқ», деган эдилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг қаҳрамонликлари ҳақида қанча гап айтилса, шунча оз. Бу ҳақда алоҳида баҳслар ёзган олимларимиз ҳам бор. Мисол тариқасида у кишининг Ҳунайн жангида қилган ишлари ҳақида тарихчиларимиз қисқача қилиб, қуйидагиларни айтадилар:
«Ҳунайн жангида баъзи бир саҳобалар катта фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Абу Тол¬ҳа розияллоҳу анҳунинг бир ўзи йигирмата мушрикни ўлдирди».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу фақат урушдагина ўзларини кўрсатиб қолмадилар. У киши Ислом йўлида жонларини фидо қилганларидек, молларини ҳам фидо қилар эдилар. Ана шу маънога ишора қилиб, «ат-Тожул Жомеъ» китобининг соҳиблари шайх Мансур Али Носиф қуйидаги жумлани келтирганлар:

«Унинг Аллоҳ таолонинг: «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан инфоқ қилмагунингизча, яхшиликка ета олмайсиз» деган қавлига ижобат қилишининг зикри савдо ва зироат китобининг вақф бобида ўтди».
Бу жумлада қуйидаги ривоятга ишора қилинмоқда:
«Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўпи эди. Унинг молларининг энг маҳбуби «Байраҳоо» эди. У масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва ундаги яхши сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча, яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Аллоҳ таоло Ўз Китобида:
«Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда. Менинг учун молларимнинг энг маҳбуби «Байраҳоо»дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурида унинг яхшилигини ва (савоб) захийрасини умид қилурман. Эй Аллоҳнинг Расули, уни нимага хоҳласангиз, шунга қилинг!», деди.
«Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менга қолса, уни қариндошларингга қил», дедилар у зот.
Бас, Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакиваччаларига тақсим қилди
».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
«Байраҳоо» Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг боғларининг номидир.
Ушбу ҳадисдан билиб оламизки:
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ансорийлар ичида энг бой киши бўлганликлари.
Боғга ном қўйиш борлиги. Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг боғлари «Байраҳоо» деб номланиши шуни кўрсатади.
Саҳобаи киромларнинг Қуръони Каримга амал қилишга иштиёқлари кучли эканлиги. Матнда зикр қилинган ояти каримага амал қилиб, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ўзлари энг яхши кўрган моллари– «Байраҳоо»ни Аллоҳнинг йўлига аташлари шуни кўрсатади.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари. Боғни нима қилсангиз ўзингиз биласиз, де¬йишлари шуни кўрсатади.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Абу Тол¬ҳа розияллоҳу анҳу мазкур боғни Ҳассон ибн Собит, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳулар каби камбағал қариндошларига вақф қилган эканлар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг сахийликлари, айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни меҳмон қилишга қаратилган эди. У киши нима қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир оз бўлса ҳам роҳатланиб олишлари учун қаттиқ ҳаракат қилар эдилар.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни манзилимизга даъват қилдик. Бас, у зот ўз саҳобалари билан келдилар. Ва уларни ўнта-ўнта бўлиб киришга амр қилар эдилар».
Ушбу ҳадиси шариф узун ривоятдан бир иқтибосдир. Анас розияллоҳу анҳунинг оналари Умму Сулайм ва ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу¬молар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу бой ва сахий одам эдилар. Тез-тез Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни уйларига чақириб меҳмон қилиб турар эдилар. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ушбу ривоятда ана ўшандоқ зиёфатлардан бири ҳақида сўз юритмоқдалар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни манзилимизга даъват қилдик».
Аҳли илм ва фазл кишиларини уйга даъват қилиб, зиёфат қилиш мусулмонларнинг энг яхши одатларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу яхши одатга саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз уйларида зиёфат қилиш ила асос сол-ганларини ушбу ривоятдан билиб олмоқдамиз.
«Бас, у зот ўз саҳобалари билан келдилар».
Бундан, у зот билан бирга саҳобаларни ҳам қўшиб даъват қилингани чиқади. Бўлмаса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одатлари бўйича бировникига чақирилмаган одамни бирга олиб бормас эдилар. Бир марта бир кишини бирга олиб бориб, кўчада туриб уй эгасидан чақирилмаган кишига изн бўлса, киришини, бўлмаса, қайтиб кетишини айтганлар. Уй эгаси изн берган ва ҳалиги одам ҳам зиёфатга кирган.
«Ва уларни ўнта-ўнта бўлиб киришга амр қилар эдилар».
Демак, зиёфат катта экан. Бундан зиёфатга чақирилган кишиларнинг сони кўп бўлса, уларни гуруҳ-гуруҳларга бўлиш яхши бўлади. Бундоқ бўлиниш туфайли мезбон учун хизмат қилиш осон бўлади. Шунингдек, меҳмонларнинг ўзларига ҳам енгил бўлади.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абу Толҳа Умму Сулаймга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» деди.
Умму Сулайм:
«Ҳа», деди-да, бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб унинг бир тарафи ила нонни ўради. Сўнгра уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб, у(рўмол)нинг баъзиси билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди.
Мен бориб, у зотни масжиддан топдим. У зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб индамай туравердим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Таом биланми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга:
«Туринглар», дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб, юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим.
Абу Толҳа:
«Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса, уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!» деди.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», деди Умму Сулайм.
Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, У зотни бошлаб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Умму Сулайм, ўзингда борини олиб кел», дедилар.
Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, уларни синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин:
«Ўнтага изн бер», дедилар.
Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар.
Сўнг у зот:
«Ўнтага изн бер», дедилар.
Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар.
Сўнг у зот:
«Ўнтага изн бер», дедилар.
Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар.
Сўнг у зот:
«Ўнтага изн бер», дедилар.
Уларга изн берди. Бас қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар. Қавм етмиш ёки саксон киши эдилар».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳатто сафарда бўлганларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомларидан хабар олиб турар эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:.
«Марриз-Заҳрондалигимизда бир қуённи чўчитиб юбордик. Одамлар уни қувлаб чарчашди. Мен уни тутиб, Абу Толҳага келтириб бердим. У уни сўйиб, икки сонини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бас, у зот қабул қилдилар».
«Марриз-Заҳрон» Маккаи Мукаррамадан пиёда юрганда бир кунлик йўл узоқликдаги жойнинг номи. Бу жой ҳозир ҳам шундоқ номланиб келмоқда.
Абу Толҳа ва Анас розияллоҳу анҳуларнинг Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга овланган қуённинг икки сонини юборишлари саҳобаларнинг у зотга бўлган муҳаббатларини кўрсатади.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг ҳамма нарсалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аталган эди, десак ошириб юборган бўлмаймиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мадинада қўрқинч вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳадан Мандуб, деб аталадиган отини ориятга олдилар. Қайтиб келиб:
«Ҳеч нарса кўрмадик, у(от)ни денгиздек билдик», дедилар».
Бир кун Мадинаи Мунавварада, душман бостириб келаётган эмиш, деган гап тарқалди. Ҳаммаёқни қўрқинч босди. Ҳақиқатни билиш, одамларни тинчитиш керак эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисига чиқиб воқеликни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлдилар. Лекин мингани уловлари йўқ эди. Шунинг учун Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан Мандуб номли отини вақтинча миниб туришга–ориятга сўраб олдилар.
Мандуб ўта ночор, секин юрадиган от эди. Аммо, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минишлари билан елдек учиб кетди.
У зот шаҳардан ташқарига чиқиб, хабар олсалар, ҳеч гап йўқ. Қайтиб келиб одамларга, ҳеч нарса кўрмадик, деб хабар бердилар. Мандубни мақтаб, биз уни денгиз каби от эканини билдик, дедилар. Яъни, қадами кенг, тезюрар, деганлари.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ва у кишининг аёллари Умму Сулайм розияллоҳу анҳумолар дои¬мий равишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида эдилар. Шунга қарамай Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ўзларининг ўгай ўғиллари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига бутунлай топширган эдилар.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мади¬нага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хуш¬ёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ўзига етган мусибатларга Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилишда ҳаммага ўрнак эдилар.
Фарзанднинг ўлими ота-она учун чексиз мусибат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки, фарзанд ота-онанинг бир бўлаги, юрагининг парчаси, жигаргўшаси, кўз қувончи бўлади.
Шунинг учун ҳам ўз фарзанди ўлимига сабр қилган ота-оналарга катта ва улуғ мартабалар ваъда қилинган.
Булардан баъзи намуналарни юқорида келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Мусулмонлар ушбу таълимотларни ўзларига сингдириб олиб, ҳаётларига татбиқ қилганлар. Мусулмонлар фарзанд ўлимига сабр қилишнинг инсоният тарихидаги нодир намуналарни кўрсатганлар.
Биргина мисол, Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг мисолини келтирайлик:
Имом ал-Баззор Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун Абу Толҳани уйлаб қўйдилар. Аёли унга ўғил туғиб берди. Бола катта бўлиб, йўлга кирди. Отаси уни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бир куни Аллоҳ таборака ва таоло болани қабз қилди.
Абу Толҳа келиб:
«Ўғлимнинг ҳоли қандоқ, эй, Умму Сулайм!»-деди.
«Жуда яхши. Тушликни қилиб олмайсанми?! Бугун тушлигинг кеч қолиб кетди?» деди ва унга таомни тақдим қилиб туриб:
«Эй Абу Толҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликкка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолса-да, кейин эгалари қайтариб олса, вақ¬тинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?» деди.
«Йўқ» деди Абу Толҳа.
«Ўғлинг дунёни тарк этди», деди Умму Сулайм.
«Қани у?!»
«Ҳов ана, ётоқхонада».
У кириб, боланинг юзини очди ва истиржоъ айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Умму Сулаймнинг гапини айтиб берди.
Шунда у зот:
«Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳ бу кеча боласига сабр қилгани учун, унинг раҳмига бир ўғил бола илқо қилди», дедилар.
У болани туғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Анас, онангнинг олдига бориб, ўғлингни киндигини кесганингдан кейин, унга ҳеч нарса татитмай туриб, менга юбор, дедилар, дегин» дедилар.
У(онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга учта Ажва хурмоси келтир», дедилар.
Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб оғизларига солиб чайнадилар ва боланинг оғзини очиб солдилар, бола тамшана бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ансорий-да, хурмони яхши кўради!» дедилар. Сўнгра:
«Онангга бориб, Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин, деб айт», дедилар».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу гоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жарчилик ҳам қилиб турар эдилар.
Жангга чиққан саҳобалар ўзларига таом пишириш учун ҳаракат қилишиб, Хайбарда қўлларига тушган эшакларни сўйиб, қозонга солиб пишира бошлашган.
Бошқа ривоятларда айтилишича, одамлардан баъзилари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, эшаклар ейилмоқда, деб икки марта хабар берган, учинчи мартада эса, эшаклар битирилмоқда, деб айтган.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга одамлар ичида:
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!» деб жар чақиришни амр қилганлар.
Бу нидони эшитиш билан ҳамма ичида эшак гўшти қайнаб турган қозонларни ағдариб ташлаган. Шу билан иш тамом бўлган. Ҳамма ўз ишини қилиб кетаверган.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу аввалги авлод мусулмонлари вакили сифатида Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ўзига етиши билан унга сўзсиз амал қилишга ўтар эдилар.
Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абу Убайда, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъбларга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб:
«Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди», деди.
Шунда Абу Толҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» деди.
Мен уни тўкиб юбордим».
Жоҳилият вақтида ҳамма хамр ичишга мубтало бўлган, бу ишга ёшу қари муккасидан кетган эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу нарсани аста-секин ҳаром қилди. Ушбу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъб каби улкан саҳобийлар ҳам хамр ҳаром қилинмай туриб уни ичганлари, ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса, косагуллик қилганлари зикр этилмоқда.
Бу ривоятда саҳобаи киромларнинг шариат амри¬га қандоқ муносабатда бўлганлари ҳам яққол васф қилинмоқда. Одатда, хамр тановул қилган одам баъзи нарсаларга бепарво қарайди. Энг муҳим ишлар бўлса ҳам мастлиги тарқагандан кейин қилиш учун орқага суради. Аммо саҳобаи киромларга хамр ҳаром қилингани ҳақидаги хабар келиши билан уни зудлик билан ҳаётга татбиқ қилишга ўтганлар. Ичмай қўйиш билан кифояланмай, идишлардаги хамрларни ҳам тўкиб ташлашга ўтганлар. Ривоятларда келишича, хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ояти карима нозил бўлганда кўчаларда хамр оққан экан. Баъзи хамр ичиб ўтирган одамлар ўзларини мажбур қилиб, уни қусиб ташлаган эканлар. Ҳа, дастлабки ихлосли мусулмонлар шариат амрини амалга оширишга ана шундоқ улкан эътибор берганлар.
Ушбу ривоятда ҳам мазкур ҳолатдан бир кўриниш васф қилинмоқда.
«Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб:
«Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди», деди.
Шунда Абу Толҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» деди.
Мен уни тўкиб юбордим».
Имом Абу Довуд яна ўша кишидан ривоят қилади:
«Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамрни меросга олган етимлар ҳақида сўради. У зот:
«Уни тўкиб юбор», дедилар.
«Сирка қилсам бўлмайдими?» деган эди.
«Йўқ!» дедилар».
Бу ривоятда ҳам аввалги ривоятда келган маъно таъкидланмоқда.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча сафарларида хизматларини қилиб юрар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Видолашув ҳажларида ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга эдилар. Ана ўша сафарда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу учун ҳеч кимга насиб этмаган илтифот бўлди.
Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни тошни отиб қайтдилар. Туяларни сўйдилар. Сўнг қайтиб келдилар. Сартарош ўтирган эди. У зот ўтирдилар. Сўнгра сочларининг ўнг тарафини тутиб туриб сартарошга, сочни ол, дедилар.
У ўша тарафнинг сочини олди. У зот ўзларига яқин турган одамларга бир тола, икки тола қилиб, тақсимлаб бердилар.
Кейин иккинчи томонни ушлаб туриб, сартарошга, бу ёғини ҳам ол, дедилар. У ўша тарафнинг сочини олди. У зот «Абу Толҳа, шу ерда эди» дедилар. Абу Толҳа ўрнидан турди. У зот сочнинг ҳаммасини унга бердилар».
Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан бошқа бировга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ярим сочларини олиш насиб қилмаган. Шу фазлнинг ўзи ҳар қанча фахрга арзийди.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ихлослари Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак умрларининг охиригача давом этди. Бу ихлос учун унинг соҳиби ҳам охиригача фазлларга эга бўлиб борди.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини қазиш ҳам насиб этди.
Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини лаҳад қилиб қазиган Абу Толҳа, тагларига қатийфани ташлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Шақрон эди. У:
«Аллоҳга қасамки, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тагларига қатийфани қабрга ташладим», деган.
Ҳа, Абу Толҳа Ансорий розияллоҳу анҳу Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у зоти шариф жон таслим қилган ердан жой қазиди.
Бундан олдин саҳобалар ўртасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қабрни қандоқ қазилади ва ким қазийди, деган савол ҳам туғилган эди. Ўша пайтда Мадинаи Мунавварада икки киши қабр қазир эди.
Бирлари, Абу Убайда ибн Жарроҳ бўлиб, у киши шаққ, яъни, ёрма усулида қабр қазир эдилар.
Икинчилари, Абу Толҳа–Зайд ибн Саҳл Ансорий розияллоҳу анҳу бўлиб, у киши лаҳад усулида қабр қазир эдилар. Саҳобаи киромлар мазкур икки кишидан қайси бири олдин келса, ўз ишини қилади, деб келишдилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу олдин келдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун лаҳад қазидилар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига шуни ихтиёр қилган эди.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанггда кўп қатнашганлари учун нафл рўзани оз тутар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин эса, умрларининг охиригача, йигирма йилдан ортиқ муддатда нафл рўза тутиб ўтдилар. Фақат ийд кунларигина у кишининг оғизлари очиқ бўлар эди.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўқсон иккита ҳадиси шариф ривоят қилганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам Абу Толҳа розияллоҳу анҳу давлат ишларида фаол қатнашдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг ўлимларига кўзлари етиб қолганда Абу Толҳа Ансорий розияллоҳу анҳуга ичларидан халифаликка номзод танлашлари лозим бўлган олти кишилик шўро мажлиси аъзоларини қўриқлаш учун ансорий саҳобалардан эллик кишилик гуруҳ тузишни амр қилдилар. Ал-Миқдод ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳуга шўро мажлиси аъзолари ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳу бошлиқ эллик кишилик қўриқчилар гуруҳини шўро мажлиси ичларидан бир кишини номзодликка танлагунларича жой ва бошқа керакли нарсалар билан таъминлаб туришни топширдилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу бу ишни ҳам яхшилаб адо этдилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу етмиш йил яшадилар. У киши ҳижратнинг қирқ учинчи йили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин вафот этдилар.
Ибн Саъд, Ибн Абдул Барр, Байҳақий ва ал-Ҳокимлар Анасдан ривоят қиладилар:
«Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Бароат сурасини ўқиб, «Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам қўзғолинг!» оятига келди ва:
«Роббимизнинг ёш бўлсак ҳам, қари бўлсак ҳам қўзғолишни талаб қилаётганини кўрмоқдаман. Эй болаларим! Мени жиҳозланглар! Мени жиҳозланглар!» деди.
«Аллоҳ раҳм қилсин сизни! Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зот вафот қилгунларича жанг қилдингиз. Сўнгра Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан вафот қилгунича жанг қилдингиз. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу билан вафот қилгунича жанг қилдингиз. Бизга қўйиб беринг! Сизнинг номингиздан жанг қилайлик!» дедилар.
«Йўқ! Мени жиҳозланглар!» деди у ва денгизда жанг қилиб, денгизда ўлди. Уни дафн қилгани етти кунгача орол топа олмадилар. Охири бир жойга дафн қилдилар. У ўзгармаган эди».
Аллоҳ таоло Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан рози бўлсин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz