Дам солиш деганда, Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб паноҳ тилаш кўзда тутилади.
Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор.
Баъзи бир ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса, дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида муболағага кетадилар.
Бошқа бир тоифалар эса, ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади, дейдилар. Улар ҳам муболағага йўл қўядилар.
Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби ила таъвил ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳ қиладилар.
Аслини олганда бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, иш ўртача экани аён бўлади.
Тибга хос хасталикларни у орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни у билан даволаш ва дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш керак.
Кези келганда дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юргандан сўнг замонавий тиб ҳам эътироф қилганини, уни дам солиш, демаса ҳам руҳий даволаш, деб атаётганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Илмий изланишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажанинг таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша яхши ҳолатда бўлиши кераклигини исбот қилди.
Ҳозирда психологлар номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинг¬лаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишламоқдалар.
Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хас¬та кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва, албатта, У зот менга шифо беради, деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?
Аллоҳ таолонинг китобидан ўқиб ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг ҳадигини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?
Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин, фақатгина шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз.
Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз».
Уламоларимиз, ушбу ояти каримада келган «шифо» сўзи ҳам маънавий, ҳам моддий шифони ўзида мужассам қилган, дейдилар.
Имом Ибн Можа ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар.
Ундан кейин дам солиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «Тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтирганлар. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир.
Энди Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда дам солишга оид ҳадиси шарифларни ўрганишга киришамиз.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жоҳилият даврида дам солар эдик. Бас:
«Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедик. Шунда у зот:
«Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг:
«Жоҳилият даврида дам солар эдик», дейишларидан Ислом келгунча бўлган даврда дам солиш ривож топганини тушуниб олиш керак. У вақтларда соғлиқ борасидаги деярли ҳамма нарса дам солишга боғлиқ бўлиб қолган эди. Тиб деярли ўз мақеъини йўқотган эди. Дам солиш эса, асосан бутхона ходимлари томонидан амалга оширилиб, Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг ривож топган бир турига айланиб қолган эди.
Шунинг учун ҳам Исломнинг дастлабки таълимотлари билан танишган одамларда бу нарса тўғри эмаслиги ҳақида тушунча пайдо бўлар эди. Ана ўша тушунчадан келиб чиқиб одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедилар.
«Шунда у зот:
«Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар».
Демак, дам солишга рухсатнинг асосий шарти унда зинҳор ва зинҳор Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлмаслиги зарур экан.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, дам солайми?» деди.
«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».
Шарҳ: Бундан чаён чаққанда дам солиш жоиз экани чиқади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Менинг бир тоғам бор эди. Чаён чаққанда дам солар эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, дам солишдан наҳий қилдингиз. Мен чаён чаққанда дам солар эдим», деди у.
«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда. Хўш, заҳарли ҳайвонлар чаққанда дам солиш бор экан, нимани ўқиб дам солинади? Бу саволга жавоб топиш учун яна ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари:
«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди.
Уларнинг олдиларига бориб:
«Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар.
«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши.
Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди. Бемор худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб:
«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди ўз одамларига. Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот:
«Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».
Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур. Ҳозирги кунларда ҳам тез-тез зикр қилиниб туради. Уни турли нарсаларга далил қилинади. Турли тортишувларга сабаб қилинади. Хусусан, дам солиш ва Қуръон ўқиш учун ҳақ олиш масаласидаги тортишувларда икки тараф ҳам айни шу ҳадисни зикр қилади.
Дам солиш тарафдорлари, ушбу ҳадис шариатимизда дам солиш борлигига далилдир. Саҳобийлардан бирлари дам солди, бемор тузалди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда хабар эшитиб тасдиқладилар, дейдилар.
Уларга қаршилар эса, бу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолат фавқулодда ҳолат, саҳобалар қи¬йин вазиятга тушиб қолганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга осонликни муҳайё қилган. Бундан бош¬қа ҳолатларга ҳадиси шарифни умумлаштириб бўлмайди, дейишади.
Қуръонга ҳақ олса бўлади дейдиганлар, мана саҳобалар Қуръони Каримни ўқиб дам солиб ҳақига бир неча қўйни олдилар, бу ишни Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъқулладилар. Шундан Қуръонга ҳақ олса жоизлиги чиқади, дейдилар.
Уларнинг қаршилари эса, бу махсус замон, макон ва шахсларга хос нарса. Уни умумийлаштириб бўлмайди, дейдилар.
Аммо икки тараф ҳам ўзлари тортишаётган масала бўйича фақатгина ушбу ҳадиси шариф бор эмаслиги, бошқа далиллар ҳам кўплигини унутиб қўядилар.
Мисол учун айтадиган бўлсак, ҳозиргина, ушбу бобнинг аввалида чаён чаққанда дам солишга изн берувчи ҳадисларни ўрганиб чиқдик.
Уламоларимиз, оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда беришини ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Бас, шундоқ бўлгандан кейин одамларнинг Роббисининг каломи фойда бермасмиди, дейдилар.
Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири ила боғланишидан хасталик тузалади. Худди, шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчи руҳининг таъсири ўтади. Орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади.
Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни ила солган дами фойдали бўлади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бош¬қалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар, Фотиҳа сураси-ку ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани, деган эканлар.
Юқорида зикр қилинган нарсалардан заҳарли ҳайвонлар чаққанда фақат дам солиш керак экан, деган хулосага келиб қолмаслик керак.
Бу ҳақда Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиради:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб туриб сажда қилган эдилар, у зотнинг панжаларини чаён чақиб олди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтдилар-да:
«Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам қўймайди», дедилар.
Сўнгра бир идишда сув билан туз келтиришга буюрдилар. Чаён чаққан жойни ўша сув ва тузга солдилар ва босилгунча «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан икки «қул аъузу»ни ўқиб турдилар».
Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал чаён чаққан жойга дори-дармон қилиб туриб, кейин ўзлари Қуръони Карим сураларини ўқиганлар. Шунинг учун ҳар бир одам ўзига-ўзи дам солиши яхшидир.
Заҳарли ҳайвонлар чаққанда уларнинг заҳари иссиғидан чақилган жой исий бошлайди. Шунинг учун уни совутишга совуқ сув зарур экан. Тузда эса заҳарни сўриш қобилияти бор экан. Буни Ибн Сино ҳам таъкидлаган.
Уламоларимиз дам солиш, руҳий муолажалар дардга йўлиққандан кейин уни тузатишга хизмат қилганидек, дардни олдини олиш, у етганда ҳам зарарини кам бўладиган қилишга хизмат қилади, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирадилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси мени бир чаён чақиб олиб, кўрадиганимни кўрдим», деди. Шунда у зот:
«Кечқурун бўлганда, «Аъузу бикалиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда сенга зарар қилмас эди», дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ётар жойларига кирсалар «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқиб кафтларига дам солиб юзларига, баданларининг қўл етган жойларига суртар эдилар».
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо айтади:
«Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар-да, менга:
«Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, «намила»га дам солишни ҳам ўргатмайсанми!» дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: «Намила» одамнинг ёнбошига чиқадиган нарса бўлиб, чумоли ўрмалаб юриб, чақаётганга ўхшайдиган ҳисга сабаб бўлади.
Ушбу ривоятнинг соҳибаси Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилият даврида мазкур хасталикка дам солиб юрар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада байъат қилган эканлар. Ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага келганларида:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда «намила»га дам солар эдим. Ҳозир уни сиздан ўтказиб олмоқчиман», деди. Сўнгра ўқий бошлади:
«Бисмиллаҳи, саъалту ҳатта яъуда мин афваҳиҳа ва лаа тазурру аҳадан. Аллоҳумма икшифил баъса, Роббан наси».
Шунда у зот:
«Шуни ўқиб бир шохчага етти марта дам урасан, пок жойни топиб туриб уни яхши сиркага солиб олиб тошга ишқайсан, кейин «намила»га суртасан», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўз уйида, хотини билан гаплашиб ўтирган аёл ила кўришиш, гаплашиш мумкинлиги.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамиз билан гаплашиб ўтирган Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо билган гаплашганлари каби.
2. Аёл киши ҳам дам солиш ила шуғулланса жоизлиги.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилиятда ҳам шу ишни қилар эдилар, Исломда ҳам шундоқ бўйича қолди.
3. Дам солишни бировга ўргатиш ёки уни биладиган одамдан ўрганиш жоизлиги.
4. Аёлларга ёзишни ўргатиш лозимлиги.
5. Фақат бир нарсадан дам солишни ўзлаштириш мумкинлиги.
Бу ривоятда Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо намила хасталигига дам солишни ўзлаштиргани ва уни адо этиб юриши ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ривоятларда чаён чаққанда дам соладиган эркак киши ҳақида сўз кетган эди.
Эҳтимол, одамлардаги Аллоҳ таоло берган руҳий ва бошқа қобилиятларга қараб баъзи кишиларда маълум заҳарли ҳайвон заҳарини қайтаришга истеъдод бўлар. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам мулоҳаза қилинади. Келажакда мутахассис уламолар бу нарсани илмий равишда ўргансалар яхши бўлади.
Араб аёллар «намила» хасталигига ушбу калималар ила дам солар эдилар:
«Ал-арусу таҳтафилу, тахтазибу ва тактаҳилу. Ва кулла шайъин тафтаъилу. Ғойра алла таъсияр ражла»
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Араб аёллар ушбу ривоятда айтилган сўзларни айтиб эрталаб ва кечқурун намила хасталигига учраганларга дам солар эканлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кўз текканда, заҳар етганда ва намила чиққанда дам солишга рухсат бердилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан бошқа ҳолатларда дам солиб бўлмас экан деган хулосага келмаслик керак. Чунки бу ҳадис саволга жавоб тарзда айтилган. Нимадан дам солса бўладию, нимадан дам солиб бўлмаслигини ҳисоб қилиш учун, чегаралаш учун эмас.
ДАМ СОЛИШ КАЛИМАЛАРИ
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши ўзига, тобим йўқ, деган Собитга:
«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишлари ила дам солиб қўяйми?» деди.
«Ҳа», деди у.
«Аллоҳумма Роббаннаси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Ла шофия иллаа анта. Шифаан ла юғодиру сақман», деди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича:
«Эй Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчиси! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!»
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:
«Аллоҳумма Роббан наси, изҳибил баъса. Ишфиҳи. Анташ шафии. Ла шифаъа иллаа шиффаъука. Шифаан ла юғодиру сақман», дер эдилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳар бир дам солувчи беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг беморни ўша ўнг кафт билан силамоқ керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар. У зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим. Шунда у зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар. Сўнгра:
«Эй Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар. Кейин назар солсам, қазо қилибдилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдаги охирги лаҳзаларини сўзлаб бермоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ҳужраларида ва бошлари у кишининг қўйинларида туриб олий рафиққа интиқол қилганлар. Шунинг учун у зотнинг охирги кунлари, соатлари ва лаҳзалари ҳақидаги ривоятларнинг кўплари айнан Оиша онамиздан келади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар».
Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтларидан ким бемор бўлиб қолса, олдинги ривоятда келган дуони ўқиб, муборак қўлларига дам солиб, беморни силар эдилар.
«У зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим».
Яъни, Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтишларидан олдинги хасталикларида мазкур дуони ўқиб, у зотнинг қўлларига дам солиб ўз қўллари билан ўз баданларини силамоқчи бўлганлар.
«Шунда у зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар».
У зот Оиша онамизнинг ўйлаган нарсаларини юзага чиқишини хоҳламадилар. Чунки бу ёғи аён бўлиб қолган эди. Шунинг учун у зот бошқа ишга машғул бўлдилар:
«Эй Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар».
Олий рафиқ — Аллоҳ таолонинг яқинидаги фаришталарнинг олий тўплами. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан собит бўлган ушбу дуонинг сабабидан Ислом адабиётида у зот вафотлари ҳақида турли истилоҳлардан кўра, рафиқи аълога интиқол қилдилар, истилоҳи афзал кўрилади.
«Кейин назар солсам, қазо қилибдилар».
Нима учун юқоридаги дуони қилганлари шунда аён бўлди.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва:
«Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина», дер эдилар».
Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил дам солар эди:
«Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли доин юшфийка. Ва мин кулли шарри ҳасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», дер эди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг номи ила. Сени тузатадиган. Ва ҳар бир дарддан сенга шифо берадиган, ҳар бир ҳасадчининг ҳасад қилган пайтидаги ҳасад ёмонлигидан ва ҳар бир кўзи борнинг ёмонлигидан».
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Бемор бўлдингми?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот. Шунда у:
«Бисмиллаҳи урқийка. Мин кулли шайъин юъзийка. Мин шарри кулли нафсин ав айнин ҳасидин Аллоҳу яшфийка. Бисмиллаҳи урқийка», дер эди».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман. Сенга озор берадиган ҳар бир нарсадан. Ҳар бир нафс ёки кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сенга шифо берсин. Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман».
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломга кирганидан буён жасадида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Қўлингни жасадингдаги аламли жойга қўй ва уч марта, бисмиллаҳи, етти марта, аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру, дегин», дедилар.
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Охирги иккисининг лафзи:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мендаги оғриқ, мени ҳалок қилишига сал қолган эди. Бас, у зот:
«Ўшани ўнг қўлинг билан ушлагин ва етти марта, аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду, дегин», дедилар.
Бас, ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендаги бор нарсани кетказди. Шундан буён аҳлимга ва улардан бошқаларга ҳам шуни буюраман».
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда ҳис қилаётган нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман».
Амр ибн Шуъайбдан, отасидан, бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қўрқинчда ўқиладиган калималарни ўргатар эдилар:
«Аъузу бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин ғазабиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайятийн. Ан яҳзурууни».
Ибн Умар буларни болаларидан ақли кирганларига ўргатар, ақли кирмаганларига ёзиб илиб қўяр эди».
Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг тугал калималари ила Унинг ғазабидан, бандаларининг ёмонлигидан ва шайтонларнинг қалбга соладиган хатарларидан паноҳ сўрайман».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб:
«Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин» дер ва сўнгра:
«Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», дер эдилар».
Абу Довуд ва Термизий яхши санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», деганлари Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга худди мана шу дуо ила паноҳ сўрар эди, деганларидир.
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси бир нарса чақиб олиб, тонг отгунча ухлай олмадим», деди. Шунда у зот:
«Нима чақди?» дедилар.
«Чаён», деди.
«Кечқурун бўлганда, «Аъузу би калиматиллаҳи тааммаати мин шарри ма халақ» деганинг¬да, иншааллоҳ, сенга зарар қилмас эди», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий яхши санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг тугал калималари ила У зот халқ қилган нарсалар ёмонлигидан паноҳ тилайман».
Демак, мана шу дуони ёдлаб, доимо ўқиб юрса яхши бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, «Бисмиллаҳил кабири, аъузу биллаҳил азийми, мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин наари»ни ўқишни таълим берар эдилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: Азим Аллоҳдан ҳар бир наъра солувчи томирнинг ёмонлигидан ва оловнинг иссиғи ёмонлигидан паноҳ тилайман.
ҚУРЪОН ИЛА ДАМ СОЛИШ ВА УНГА
АЖР ОЛИШНИНГ ЖОИЗЛИГИ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан бир киши бемор бўлиб қолса, унга «қул аъузу»лар ила дам солар эдилар».
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилган:
«У зот ўзлари бемор бўлиб қолсалар, «қул аъузу»ларни ўқиб ўзларига дам солар эдилар. Вафотларидан олдинги бемор бўлганларида у зотни суфлаб ўз қўллари билан ўзларини силадим. Чунки у менинг қўлимдан баракаси улуғ эди».
Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, икки «қул аъузу» сурасидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашнинг олий нуқтаси мужассам бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўзларига ҳам аҳлларига ҳам ўқиб дам солганлар ва умматларига ҳам шуни амр қилганлар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар ва инсоннинг кўзига қарши паноҳ тилаш сўзларини айтар эдилар. Икки «қул аъузу» нозил бўлганидан кейин уларни олдилар ва иккиларидан бошқани тарк қилдилар».
Термизий яхши санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таолонинг каломи ҳамма нарсадан устун туради. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам бу икки муборак сурани маъноларини яхши билиб олиб ихлос билан ўқиб юришимиз керак. Кези келганда ушбу икки сура ҳақида тўлиқроқ маълумотлар бериш, уларнинг тафсирини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.
ФАЛАҚ СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Ушбу сурага ўзининг биринчи оятидаги «Фалақ» сўзи ном бўлиб қолган. «Фалақ» сўзи луғатда «ёриш» маъносини билдиради. Бу жойда «Фалақ» тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриши учун шу ном билан ҳам аталади.
Бу сурада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга барча ёмонликлар, хавф-хатарлардан фақатгина У зотнинг Ўзидан (Аллоҳдан) паноҳ тилашга ундайди. Аллоҳ уларга Ўз ҳимоясини эълон қилади ва худди «Менинг ҳимоямга марҳамат, тинч-омон жойга марҳамат», дегандек бўлади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман.
2. У яратган нарсалар ёмонлигидан.
3. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.
4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан.
5. Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт.
Фалақ сурасининг маънолари таржимасини тўлиқ келтириб олганимиздан кейин, энди унинг тафсирига ўтайлик.
«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман».
Фалақ сурасидаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилган. Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда.
Мўмин-мусулмон инсон ҳар бир вақт, ҳар бир нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.
Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт, дейилмасдан, Тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда. Нима учун? Чунки тонг доимо оғирликдан ва шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон, худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.
«У яратган нарсалар ёмонлигидан».
Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.
Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарса ёмонлиги киради.
«Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан».
Қоронғи кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротлар зарари доим кечаси юзага келади. Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга Ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини Аллоҳга доим боғлиқ қилишга чорлайди.
«Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан».
Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.
«Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт».
Ҳасадда бировга ёмонлик орзу қилинади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса ҳасад эмас.
Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.
Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди.
Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бош¬қа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.
НАС СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 6 оятдан иборат.
Қуръони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага ҳам унинг биринчи оятдаги «Нас» сўзи ном бўлиб қолган. «Нас» одамлар дегани.
Бу сураи карима ёмонлик билан яхшилик орасидаги курашни тасвирлайди. Шу билан бир вақтда ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашга ундайди.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Одамлар Роббисидан.
2. Одамлар подшоҳидан.
3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.
4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,
5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,
6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт.
Нас сураси ояти карималари маъноси таржималарини тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик
«Одамлар Роббисидан»,
Яъни, одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилган: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гарчи Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларни хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат берган. Уларга фаришталарни сажда қилдирган. Бинобарин, одамлар махлуқотнинг афзалидир.
«Одамлар подшоҳидан»
Яъни, одамларнинг подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики — Подшоҳи ва Эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.
«Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман».
Яъни, одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман.
Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.
Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Робб¬лик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».
Энди эса, келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.
«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»
Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки, у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.
Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.
«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»
Шайтоннинг васвасаси инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.
«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт».
Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.
Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.
Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:
«Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига суртиб ётардилар».
Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муъаввизатайни» — «икки паноҳ тиловчи» деб номланади. Чунки икковлари ҳам «аъузу»–«паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, муъаввизатайнни ўқиб дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъузи бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббиннаси», дедилар.
Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар».
Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар яна Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва, эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган, дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари:
«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол улардан баъзисидан бирор нарса чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб:
«Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар.
«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди. (Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб:
«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига.
Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот:
«Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар ҳам бор:
«…Бас, баъзиларига бу ёқмади. Аллоҳнинг китоби учун ажр олдинг, дедилар. Мадинага келганларида:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг китоби учун ажр олди», дедилар. Шунда у зот:
«Сиз ажр оладиган нарсаларнинг энг ҳақлиси Аллоҳ азза ва жалланинг китобидир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни олдин ҳам шарҳда келтирган ва баъзи мулоҳазаларни қисқа шаклда айтиб ўтган эдик. Энди Аллоҳ таолонинг ёрдами ила муфассал сўз юритсак ҳам бўлади.
Бу ҳадиси шариф улуғ саҳобий Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ҳикоядаги бош қаҳрамон, мазкур саҳобалар гуруҳининг бошлиғи ва дам солган одам ҳам худди шу зотнинг ўзлари.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар».
Мазкур сафарга чиққан саҳобалар гуруҳининг сонлари ўттиз кишидан иборат бўлган экан.
«Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар».
Бошқа ривоятларда таъкидланишича, ўша маҳалла суви ғор жойда экан. Аммо маҳалла аҳли бахил одамлар экан, муҳтож мусофирлар ўзлари меҳмондорчилик сўрашса ҳам уларга бир нарса беришмапти.
«Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади».
Аллоҳ таоло саҳобаларга илтифот кўрсатмаган бахил қавмга бир дарс бўлсин учун шундоқ қилган бўлса ажаб эмас. Бошлиғи азоб чекиб турганда ўзларининг бахиллик қилганлари ҳам тўсиқ бўлмай, саҳобалар гуруҳига юзланишга қарор қилдилар.
«Шунда улардан баъзилари:
«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол улардан баъзисидан бирор нарса чиқар», деди».
Ҳа, улар ноилож қолганда кеккайишни ҳам йиғиштириб қўйишди.
«Уларнинг олдиларига бориб:
«Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар».
Яъни, чаён чаққанга қарши бирор чора кўришни биладиган одам борми ичингизда?
«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши».
Ўша киши Абу Саъид ал-Худрийнинг ўзлари, лекин ривоят қилаётиб камтарлик юзасидан, мен, дейишни эп кўрмадилар. У киши бахилларга ўзига яраша муомала қилдилар. Йўлда оч қолиб, таом сўраганларида бахиллик қилганини айтдилар. Шундоқ қилиб орада музокара бошланди. Бир тараф бирни айтди, иккинчи тараф иккини айтди ва охири...
«Бир қанча қўйга келишишди».
Бошқа ривоятлардаги маълумотларга қараганда ўттиз дона қўйга келишишди. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу чаён чаққан маҳалла бошлиғига дам уриб қўядиган бўлдилар. Маҳалла аҳли бу ишнинг эвазига ўттиз дона қўй берадиган бўлдилар.
«У «алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди».
Келишув битгандан кейин Абу Саъид ал-Худрий маҳалла бошлиғига дам солишни бошладилар. У кишининг дамлари Фотиҳа сурасидан иборат эди. Дам солиб бўлар бўлинмас
«(Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди».
Ҳозиргина кўзига дунё тор кўриниб турган маҳалла бошлиғи Абу Саъид ал-Худрий розиялоҳу анҳунинг Фотиҳа сурасини ўқиб дам солишлари билан соппа-соғ бўлиб қолди. Бу бахил бошлиқ бирдан соғайганини билгач сахийлиги тутиб кетди.
«Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб:
«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига».
Улар келишилган ўттиз қўйни тўлиқ бердилар. Қилган ишларидан, бошлиқларининг тузалиб қолганидан хурсанд бўлиб кетдилар. Бирдан бунча адад қўйга эга бўлиб қолган саҳобалар гуруҳи эса мазкур қўйларни нима қилиш ҳақида маслаҳат қила бошладилар.
«Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди».
Қўйларни гуруҳ аъзолари ўзаро бўлишиб олайлик, у қавм ўзи рози бўлиб берди, дейишди.
«Аммо дам солган киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи бизларни нимага амр қилар эканлар», деди.
Чунки, ҳозиргача биров чаён чаққан одамга Қуръони Каримдан ўқиб дам солиб, ҳақ олмаган эди. Бундоқ қилиш шариат ҳукмига тўғри келадими, йўқми биров билмас эди. Бундоқ нарсаларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраш лозим эди. Бу нарсани Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу яхши билар эдилар. Шунинг учун ўз шерикларини бу масалада шошилмасликка чақирдилар.
Бошқа ривоятда зикр қилинган маълумотга кўра Абу Саъид ал-Худрийнинг шерикларидан баъзилари, Қуръони Карим учун ҳақ олиб бўлмайди, деган тушунчада бўлганлар.
«Бас, баъзиларига бу ёқмади. Аллоҳнинг китоби учун ажр олдинг, дедилар».
Улар нафақат бўлиб олишга, балки, умуман ҳақ олишга қарши чиқдилар. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан масалани ҳал қилиш кечга сурилди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар».
Яъни, бўлиб ўтган қиссани бир бошдан сўзлаб бердилар.
«Шунда у зот:
«Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди?»
Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саъид ал-Худрийга, сенга «Фотиҳа» дам солиш учун ўқилишини ким билдирди, дедилар. Бундан аввал «Фотиҳа»ни дам солиш учун ўқиш машҳур бўлмагани чиқади. Ке¬йин у зот асҳобларига хитоб қилиб:
«Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».
Яъни, дам солганлик учун қўйларни олиб тўғри қилибсизлар, дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Сиз ажр оладиган нарсаларнинг энг ҳақлиси Аллоҳ азза ва жалланинг китобидир», дедилар».
Жумҳури уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини далил қилиб, Қуръони Карим ўқигани учун ҳақ олса жоиз, деганлар.
Баъзи уламолар, бу гапга Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад қўшилмаган, дейдилар.
Ҳанафий уламолар эса, Имом Абу Ҳанифа Қуръони Каримдан таълим бергани учун ҳақ олиш жоиз эмас, деганлар. Дам солганда ҳақ олиш жоизлигига у киши ҳам қўшиладилар, деб таъкидлайдилар.
Хорижа ибн ас-Солт Тамимийдан, унинг амакисидан розияллоҳу анҳумо ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқиб, араб маҳаллаларидан бирининг олдидан ўтдик. Бас, улар бизга:
«Бизга айтилишича сизлар анави одамнинг ҳузуридан яхшилик ила келган эмишсизлар. Сизларда даво ёки дам солиш борми? Бизнинг бир мажнунимиз бор», дедилар.
«Ҳа», дедик.
Улар кишанланган бир мажнунни олиб келишди. Мен унга уч кун эрталаб ва кечқурун «Фотиҳа»ни ўқидим. Ҳар ўқиб тугатганимда унга туфлар эдим. Бас, худди тушовдан бўшатилгандек бўлиб кетди. Улар менга атаганларини беришди.
«Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимча олмайман», дедим.
У зотдан сўраган эдим.
«Ейявер! Умрим ила қасамки, кимдир ботил дам солиш ила еган бўлса, сен ҳақ дам солиш ила единг», дедилар».
Абу Довуд солиҳ санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Бу қиссадан ҳам Қуръони Каримдан ўқиб дам солса, унга ҳақ олса жоизлиги олинади.
Дарҳақиқат, бу асрлар оша тажрибадан ҳам ўтиб келаётган ҳақиқат. Қуръони Каримни тинглаган одам таъсирланиши илмий асосда ҳам тасдиқланди.
Илм тараққий этган юртлардан бирида инсоннинг руҳий ўзгаришларини ўрганаётган олимлар қизиқарли бир тажриба ўтказганлар.
Улар тажриба учун тўрт кишини олганлар. Уларнинг бири араб бўлиб, ўз тилини яхши биладиган эътиқодли мусулмон, иккинчиси, ўз тилини яхши биладиган араб, аммо мусулмон эмас, учинчиси, эътиқодли мусулмон, аммо араб тилини билмайди. Тўртинчиси, араб тилини ҳам билмайди, мусулмон ҳам эмас.
Тажриба ўтказувчи олимлар буларнинг тўртовларига ҳам Қуръони Карим тиловатини эшиттириб, уларда содир бўлаётган руҳий ўзгаришларни замонавий ўта ҳассос жиҳозлар ила кузатганларида, ҳаммаларида ажойиб бир ўзгариш содир бўлаётганини кашф қилганлар. Яъни, Қуръони Каримнинг тиловатини эшитишнинг ўзи ҳар қандай одамда катта руҳий ўзгариш содир бўлишига сабаб бўлиши илмий йўл билан тасдиқланди.
Энди ихлос билан, бутун вужуди билан Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб Қуръони Каримни ўқиб дам солинганда нима бўлишини тушуниб олса бўлаверади.
Шу ерга келганда Қуръони Каримни Аллоҳ таоло беморларга дам солиш учун эмас, икки дунё саодатига эриштирувчи дастурул амал этиб нозил қилганини таъкидламоғимиз лозим. Аллоҳ таолонинг каломи ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида бирга йўл кўрсатувчи маёқдир.
Дам солишни инкор қилувчилар айни шу фикр¬га биноан иш тутадилар. Улар одамлар Қуръони Каримни дам солиш, вафот этганларни йўқлаб ўқиш учун ўқиладиган нарса каби тушуниб қолишларини сабаб қилиб келтиришади. Ҳақиқатда, худди ана шундоқ фикрдаги кишилар ҳам йўқ эмас.
Шу билан бирга, ҳамма нарса ўз ўрнида бўлиши керак. Қуръони Карим асосан, дастурул амал, ҳаётга ҳар бир ҳукмини ва кўрсатмасини татбиқ қилиниши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар тўплами. Бу илоҳий дастурнинг кўрсатмалари қиёмат қоим бўлгунча собитдир.
Баъзи вақтларда Қуръони Каримни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлардан ўрнак олиб дам солиш учун ўқиш ҳам бор нарса. Буни ҳам унутмаслик лозим. Руҳий жиҳатдан муолажага муҳтож кишиларга суннатга мувофиқ равишда дам солиш борлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Умуман, ҳар бир беморга руҳий дастак ҳам зарур. Агар бемор руҳан тетик бўлмаса, тузалиши қийин. Буни шаръий илмлар уламоларигина эмас, тиб илмининг пешқадамлари ҳам таъкидлаганлар.
Бу ҳақида Ибн Сино қуйидагиларни ёзган:
«Биз билмоғимиз лозимки, иложларнинг энг яхшиси ва фойдалиси беморнинг нафсий ва руҳий қувватларини кучайтирувчи омиллардир». |