Довуд алайҳиссалом Принтер учун
18.01.2010 й.
islom.uz

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломни Қуръони Каримда ўн олти марта зикр қилган. У зот ҳақларида Бақара, Нисо, Моида, Анъом, Исро, Анбиё, Намл, Саба ва Сод сураларида ояти карималар бор.
У зотнинг насаблари Довуд ибн Ийшаа ибн Увайд бўлиб, бориб охири Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим бўлиб тугайди. Насаб илми соҳибларининг ҳаммаси Довуд алайҳиссаломни Яҳузо ибн Яъқуб авлодидан эканларига иттифоқ қилганлар.
Довуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан аввал Бани Исроил заифлашиб, шариат йўқолиб, ширку хурофотлар кенг тарқалиб кетган эди.
Уларнинг бу ҳоллари яқин қўшнилари томонидан ғанимат фурсат билиниб, ерлари босиб олинган эди. Ўша пайтда Бани Исроил босқинчиларнинг зулми остида турли азобларга гирифтор бўлиб, хору зор ҳолда яшар эдилар.

Бани Исроил уруш қилмоқчи

Бақара сурасида келадиган ояти карималарда Бани Исроилнинг Аллоҳ йўлида уруш қилишига боғлиқ қиссаси келтирилади:
«Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?! Вақтики ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингиз-чи?!» деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир» (246-оят).
Ушбу оятни Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмидан бўлган аъёнларни эслатиш билан бошламоқда:
«Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?!»
Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнларидан бир гуруҳи:
«Вақтики ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», дедилар».
Яъни, у аъёнлар ўз Пайғамбарлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ–бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Уларнинг бундоқ дейишларидан қалбларида иймон ҳисси уйғониб турган пайти экани билиниб турибди. Уларнинг биз ҳақ йўлдамиз, кофирлар ботилда, бизни Аллоҳнинг Ўзи қўллайди, деган фикрлари бор. Шунинг учун «Аллоҳнинг йўлида уруш» қилмоқчилар.
Лекин қуруқ ҳавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Бу ҳақиқатни Аллоҳдан бўлган ҳидоят туфайли Пайғамбарлари тушуниб етади. Шунинг учун:
«У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингиз-чи?!» деди.
Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдасизлар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайт­ган гуноҳкор бўлади.
Бу мулоҳаза қизишиб турган тўдани янада қизитиб юборди. Урушга кириш қарорига олиб келган сабабларни зикр қилишди:
«Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак?!» дедилар».
Яъни, қайтишга йўл йўқ. Урушмасак, нима деган одам бўламиз. Кофирлар бизни диёримиздан чиқарган, фарзандларимиздан жудо қилган бўлсалар.
«Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар».
Аввалги қизиқиш, шижоат ва ҳавасдан асар ҳам қолмади. Фақат иймоний тарбия олганларгина собитқадам бўлиб қоладилар.
«Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир».
Бошга иш тушганда ортга қараб қочадиганлар золим эканини шу оятдан биламиз. Аллоҳ таоло уларни зулмини билиб, муносиб жазоларини беради.

Толут подшоҳ бўлди

«Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган» дедилар. У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди» (Бақара сураси, 247-оят).
Бани Исроилнинг талабига биноан, уларнинг Аллоҳ йўлида қиладиган урушларига раҳбарлик қилиш учун подшоҳ ихтиёр қилинди.
«Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», деди».
Подшоҳ талаб қилган ўзлари эди, шу талаб инобатга олиниб, Толут уларга подшоҳ этиб та­йинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳ таолонинг амрига исён қилишди. Аллоҳ таоло тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато, деб эълон қилишди. Нега?
«Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган», дедилар.
Демак, Толутнинг подшоҳлар авлодидан эмаслиги уларнинг инкорига сабаб бўлган экан. Қолаверса, уларнинг фикри бўйича, подшоҳ бўладиган одамнинг мол-дунёси кўп бўлиши керак экан. Толутда бу ҳам йўқ. У қандай қилиб подшоҳ бўлади?
Бани Исроилнинг ушбу нотўғри мавқифига қарамай, набийлари Аллоҳ таоло нима учун Толутни уларга подшоҳ қилиб тайинлаганини баён қилди:
«У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади. Ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди».
Бани Исроилнинг Пайғамбари сабр билан, қизишмай, уларга ҳақиқатни тушунтиришга уринди. У зот аввало, сиз инкор қилаётган толутни подшоҳ қилиб Аллоҳнинг Ўзи танлади, мен ёки бошқа бирор киши танлагани йўқ, иккинчидан, Аллоҳ унинг илмда ва жисмда кенглигини зиёда қилиб қўйди, подшоҳликка энг керакли нарсалар шулар, қолаверса, Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради, Ўзи билиб тасарруф қилади, дедилар.
«Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир».
Ҳамма нарсани, шу жумладан, сиз билан бизни ва биз талашаётган масалани ҳам қамраб олган. Ўзи билиб тасарруф қилади.
Лекин иккиланиб турган ва улкан ишга қадам қўйиш арафасидаги қавмнинг эҳтимолли шубҳаларини ҳам тарқатиб, ишончларини ошириш учун Толутнинг подшоҳлиги Аллоҳ таоло томонидан эканлигини тасдиқловчи мўъжиза нарсаларни ҳам айтиб ўтилади:
«Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга белги бор», деди» (248-оят).
Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қоил қолдирадиган, одатдан таш­қари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти.
Маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Йушаъ алайҳиссалом Бани Исроилга раҳбар бўлган эдилар. Ўша пайтда уларни муқаддас ерларидан ҳайдаб чиқарган душманлари бир қанча муқаддас нарсаларини ҳам тортиб олган эди. Мазкур тортиб олинган нарсалар ичида, жумладан, Бани Исроилга хос бир машҳур тобут-сандиқ ҳам бор эди.
Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобутни ўз аскарларининг олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бани Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочишмасди.
Кейинчалик у тобутга Мусо ва Ҳорун алай­ҳиссаломлардан қолган эсдаликларни солиб қўйишган эди. Жумладан, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳалар, у зотнинг ҳассаси, кийими, ковуши ҳамда Ҳорун алайҳиссаломнинг салласи бор эди.
Пайғамбарлари тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, агар ҳақиқий мўмин бўладиган бўлсангиз, ушбу мўъжизанинг ўзи кифоя қилади, деди.

Толут аскарни синайди

Кейинги оятлардаги маънога қараганда, бу иш рўй бериб, Бани Исроилда ишонч ҳосил бўлганга ўхшайди:
«Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида, улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар» (Бақара сураси, 249-оят).
Ва, ниҳоят, Бани Исроилнинг урушдан қочмай қолган одамларини, Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканлигига ишонтирилгач, Толут улардан аскар тайёрлади.
Сўнгра уруш қилиш вақти етиб келди. Шунда Толутнинг ҳақиқий аскарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолган эдилар. Душман эса, кучли, ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак.
Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида, синов шартини эълон қилди.
«Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди».
Йўлда бир дарё учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоққа чидаб, унинг сувидан ичмаса, имтиҳондан ўтган бўлади. Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бир оз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, томоқни ҳўллаб олиш учун бир ҳўплам ичишга ҳам рухсат берди.
Юриб бориб дарёга ҳам етишди:
«Озгиналаридан бошқалари ундан ичишди».
Синовдан ўтиша олмади. Оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги шундан билинади. Биринчи амалий синовда Толутнинг аскари ҳам сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажраб қолдилар.
«У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар».
Иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг қувватли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозуларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқдилар.
«Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар».
Ҳақиқий мўминлар хатарли сўқмоқлардан қи­йинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг изни билан бўлишига ишонадилар. Шунинг учун, сонлари оз бўлса ҳам, қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқ­май, кўп сонли ва қувватли душманга қарши турадилар.

«Роббимиз бизга сабр тўккин»

«Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, бизга сабр тўккин, собит­қадам қилгин ва кофир қавмларга қарши нусрат бергин», дедилар» (Бақара сураси, 250-оят).
Улар душман билан тўқнашганларида, дуо қилиб, Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларини сўрашга шошилдилар. Ўша пайт дуо қабул бўладиган пайт. Ҳақиқий мўминлар ҳар доим Аллоҳни эсдан чиқармайдилар. Аллоҳнинг кўрсатмасига биноан керакли тадбирларни ишга соладилар ва ҳамма нарса қўлида бўлган зотга ёлборадилар.
«Роббимиз, бизга сабр тўккин» иборасидан сабр худди тўкиладиган нарсадек тасаввур беради. Худди сувни тўккандек, бошидан тўкиб юборса, оқиб оёғига тушади. Сабр энг керакли нарса бўлганидан мўминлар уни аввал зикр қилишди.
«Собитқадам қилгин» бу улуғ ишда қадамимиз тойилмасин, собит турсин. Бу иш ҳам Аллоҳнинг ёрдами билан бўладиган иш.
«Ва кофир қавмларга қарши нусрат бергин».
Мўминларнинг орзуси кофирлар устидан ғолиб чиқишдир. Уларнинг орзуси рўёбга чиқди.

Довуд Жолутни қатл этди

«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи(одам)ларни баъзиларига даф қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир» (Бақара сураси, 251-оят).
Толут аскарлари Жолут аскарлари устидан ғалаба қозондилар. Бу ғалаба, албатта, Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ҳеч бир нарса Унинг изнисиз бўлмайди. Аллоҳ Ўз иродасини мўминлар орқали юзага чиқаради.
«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди».
Довуд Толут аскари ичида ёш йигит эди. Жолут эса, катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи аскарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва аскарбошининг ёшгина йигитча қўлида қатл бўлишини ирода қилди. Бу билан одамларга, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай жаббор бўлса ҳам, бир ёш йигит унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шу билан бирга, бу ишнинг ортида бош­қа ҳикмат ҳам бор эди:
«Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди».
Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан ке­йин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб Пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.
«Агар Аллоҳнинг баъзи(одам)ларни баъзиларига даф қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди».
Яъни, кофирларни мўминлар билан даф қилиб турмаса, мўминларни кофирлар устидан ғолиб қилмаса, кофирлар ер юзини фасодга тўлғазиб юборадилар.
«Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир».
Шунинг учун баъзиларини баъзиларига даф қилиб, ишни тузатиб, тўғрилаб туради.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илоҳий китоб ҳам берди. Бу ҳақда Нисо сурасида:
«Довудга эса Забурни бердик» (163-оят), дейди.
Тарихчилар Аллоҳ таолодан Забур берилган, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди, дейдилар. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, зикр қилинадиган дуо­лар бўлган.
Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. У зот тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан.

Довудга берилган фазллар

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга яна бир қанча фазлларни ҳам берган эди. Бу ҳақида Сод сурасида сўз кетган:
«... Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у ўта қайтгувчидир» (17-оят).
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У зот динда бақувват эдилар. Кунора рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилар эдилар. Подшоҳликлари ҳам кучли эди.
«Албатта, у ўта қайтгувчидир».
Яъни, ҳар бир нарсада Аллоҳга тавба қилувчидир. «Тавба» сўзининг луғавий маъноси ҳам қайтишдир.
«Албатта, Биз унга тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайту эрталаб тасбеҳ айтардилар.
Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У зотга ўта қайтгувчидир»(18–19-оятлар).
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган эди. Тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтар эди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у зотга қўшилиб, Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтар эдилар.
Бунинг устига:
«Ва Биз унга мулкини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик» (20-оят).
Биз Довудга унинг давлатини қувватли қилиб бердик. Довуд алайҳиссалом Пайғамбар бўлишлари билан бирга, подшоҳ ҳам эдилар. У зотнинг салтанатини Аллоҳ таоло кучли қилиб қўйган эди. Аскарлари кўп эди.
«Ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик».
Биз Довудга пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини  бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.

Даъволашганларнинг хабари

«Сенга даъволашганларнинг хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишган эди.
Ўшанда улар Довуднинг олдига киришган эди. Бас, у улардан қўрқиб кетди. Улар: «Қўрқма, булар икки даъволашгувчи томон. Биз бир-биримизга зулм қилдик. Бас, орамизда ҳақ ила ҳукм чиқар. Жабр қилма. Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил», дедилар» (Сод сураси, 21–22-оятлар).
Ушбу оятлар билан бошланувчи қиссада, Довуд алайҳиссаломнинг синовга–фитнага дуч бўлганлари ҳикоя қилинади. Юқоридаги оятларда васф қилинганидек, улуғ мартабали, ҳар томонлама етук ва қувватли бўлишига қарамай, у зотнинг ҳам синовга йўлиқишларида ибрат бор.
Бу синов қиссаси қисқача қуйидагича:
Довуд алайҳиссалом вақтини тақсимлаб қўйган эди. Маълум бир вақтини подшоҳлик ишларига, одамлар ўртасида қозилик қилиб, ҳукм чиқаришга ажратган эди. Қолган вақтларда маълум муддат тоат-ибодат билан машғул бўлар эди. Унда Забур тиловат қилар, Аллоҳга тасбеҳ айтар ва бош­қа илтижоларни қилар эди. У зот меҳробга кириб, ибодатни бошлаганида, то ўзи қайтиб чиқмагунича ҳеч ким ҳузурига киришга рухсат ололмасди.
Кунлардан бир куни Довуд алайҳиссалом ибодат қилиб турганида тўсатдан икки кишининг меҳробга чиққанларини кўриб қолди. Ҳеч ким киролмайдиган ерга бу икки одам нима учун девордан ошиб киришди, деб у зот қўрқиб кетди. Яхши нияти бўлса, бу суратда келмас эди, деган фикр хаёлидан ўтди.
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша ҳодисани эслатмоқда.
«Сенга даъволашганларнинг хабари келдими?»
Демак, даъволашганлар бор экан. Бир масалани талашиб қолиб, уни ҳал қилиш учун Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурига боришса, у зот ибодатда экан. Улар қизишганларидан, у зотнинг ибодатни тугатишини ҳам кутиб турмасдан, меҳроб устига чиқиб боришибди.
«Ўшанда улар меҳробга чиқишган эди».
Довуд алайҳиссалом ибодат қиладиган меҳробга чиқиб олишган эди.
«Ўшанда улар Довуднинг олдига киришган эди».
Даъволашган ўша икки киши ибодат қилиб турган Довуд алайҳиссаломнинг олдига изнсиз киришган эди.
«Бас, у улардан қўрқиб кетди».
Кутилмаганда, изнсиз, ман қилинган жойга девор ошиб кириб келишлари яхшилик аломати эмас эди. Мўмин одам Пайғамбарнинг ҳузурига бундай суратда кириб бормайди. Ишончли одам ҳам ҳеч қачон ўзига бу ишни эп кўрмайди. Шунинг учун ҳам Довуд алайҳиссалом қўрқиб кетди. Кириб келганлар буни пайқаб, у зотни тинчлантиришга ҳаракат қилишди.
«Улар: «Қўрқма, булар икки даъволашгувчи томон».
Эй Довуд, сен биздан ёмонлик кутма. Биз икки даъволашувчи томонмиз.
«Биз бир-биримизга зулм қилдик».
Шунинг учун даъво талашиб, сенинг олдингга келдик.
«Бас, орамизда ҳақ ила ҳукм чиқар».
Сен бизнинг орамизда даъвомиз бўйича адолатли ҳукм чиқар.
«Жабр қилма».
Ҳукмингда ҳеч кимга зулм қилма.
«Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил», дедилар».
Эҳтимол, талашиб-тортишиш оқибатида биз адашгандирмиз. Сен бизни тўғри йўлга солиб қўй, дейишди.
Сўнг биттаси асосий мақсадга кўчиб, деди:
«Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиғи бор. Менинг эса, биргина сов­лиғим бор. Бас, у: «Уни ҳам менинг кафолатимга бер», деди ва сўзлашувда мендан устун чиқди» (23-оят).
Икки даъвогарнинг бири иккинчисига очиқ зулм қилибди. У ўзининг тўқсон тўққиз совлиқ қўйига бировнинг биттагина совлиғини ҳам қўшиб олибди. Энди ўша мазлум одам Довуд алайҳиссаломга унинг устидан шикоят қилиб турибди.
Довуд алайҳиссалом арзни эшитиб бўлиб, унга жавоб берди.
«У: «Дарҳақиқат, сенинг совлиғингни сўраб, ўз совлиқларига (қўшиш) билан сенга зулм қилибди. Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз», деди. Ва Довуд Биз уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди» (24-оят).
(Ушбу оят сажда оятидир.)
Довуд алайҳиссалом биринчи даъвогарнинг сўзини эшитиши билан дарҳол ҳукм чиқаришга киришди ва унга:
«Дарҳақиқат, сенинг совлиғингни сўраб, ўз совлиқларига (қўшиш) билан сенга зулм қилибди», деб унинг фойдасига ҳукм чиқарди.
Ҳолбуки, адолат юзасидан аввал иккинчи даъволашган одамнинг ҳам гапини эшитиб туриб, ке­йин ҳукм чиқаришлари керак эди.
«Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар», деб муносабатини яна таъкидлади.
Молни аралаштириб шерик бўлганлар доимо бир-бирларига зулм қилиб келган. Сенинг соҳибинг ҳам сенга зулм қилибди, демоқчи бўлди.
«Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина».
Яъни, улардан зулм содир бўлмас, деди. Бу билан иккинчи одамга яна ҳам қаттиқроқ гап тегди. Сўнгра Довуд алайҳиссалом:
«Улар жуда ҳам оз», деди».
Яъни, иймон келтириб, солиҳ амал қиладиганлар жуда оз. Лекин шу пайт хато қилганини англаб қолди. Бу оддий ҳолат эмас, ўзи учун синов эканини тушуниб етди. Дастлаб, меҳробга кирган икки киши ҳақида ёмон гумон қилган, кейин бир томонни эшитиб турибоқ ҳукм чиқариб юборган эди. Бундай йўл тутиш олиймақом, муқарраб бандаларга хос иш эмаслигини ёдга олди.
«Ва Довуд Биз уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди».
Бошқалар ҳақида ёмон гумон қилганига, ҳукм чиқаришда бир оз шошилганига қаттиқ афсусланди. Аллоҳ таолога истиғфор айтди, саждага бош қўйди, ибодат этиб, тавба қилди.
Муҳаққиқ тафсирчи олимларимиздан Фахриддин Розий ва Абу Ҳаййон оятдаги шу маънони таъкидлаш билан бирга, Бани Исроил Аллоҳ таолога ва Пайғамбарларга бўлган одобсизликларидан яна бирини Довуд алайҳиссалом ҳақида бўҳтонлар тўқиганини айтиб ўтадилар. Шунингдек, Бани Исроилнинг баъзи уйдирмалари айрим тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганига қаттиқ афсус қиладилар. Шунингдек, Пайғамбар алайҳимуссаломнинг маъсумлигини, гуноҳ қилишдан сақланганларини доимо эсда тутишимиз лозим. Довуд алайҳиссалом ҳеч қандай гуноҳ қилганлари йўқ, балки бир эътиборсизлик туфайли хато содир бўлди, холос, дейдилар.
«Бас, Биз унинг ўша(хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир» (25-оят).
Яъни, Довуд алайҳиссалом учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида муқарраблик ва гўзал оқибат бордир. Бу гап ҳам Довуд алайҳиссаломдан Бани Исроил тўқиган уйдирмалар асло содир бўлмаслигига далолатдир. Аллоҳга яқин бўлган бандалар ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳузурида гўзал оқибати бор бандалар ҳам, ҳеч қачон гуноҳ ишларни қилмайдилар.
Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда эҳтиёткор бўлишни яна бир бор таъкидлайди:
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавои нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (26-оят).
Инсон зоти, аслида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса, зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир эканини таъкидланмоқда.
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик».
Яъни, Биз сени ер юзида ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бўл.
«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит».
Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юрит.
«Ҳавои нафсга эргашма!»
Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.
«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин».
Чунки ҳавои нафсига эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адаштириб келган. Одамлар орасида адолат билан ҳукм юритаман деган одам, албатта, Аллоҳ йўлидан адашишга дучор бўлиши турган гап. Бунинг эса, оқибати ёмон.
«Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир».
Ҳавои нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса, ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани, Аллоҳни унутиш деганидир. Бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмлари турганда, бошқа ҳукм юритилар эдими?! Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирганларга  шиддатли азоб бордир.
Аллоҳ таоло Ўз иноятига олган бандаларини эса, худди Довуд алайҳиссалом сингари, аввалдаёқ огоҳлантириб қўяди.
Машҳур тафсирчиларимиздан Ҳофиз Исмоил ибн Касир ушбу ояти каримага тегишли хабарлар ичида қуйидаги ривоятни ҳам келтиради:
«Абу Заръа розияллоҳу анҳу халифа Валид ибн Абдулмалик олдига кирди. Валид унга:
«Менга айт-чи, халифа ҳам ҳисоб-китоб қилинадими? Сен Қуръонни яхши ўргангансан, чуқур биласан», деди. У:
«Эй мўминларнинг амири, айтаверайми?!» деб сўради. Валид:
«Аллоҳнинг омонидасан, айтавер», деди. Абу Заръа:
«Эй мўминларнинг амири! Аллоҳ учун сен ҳурматлимисан ёки Довуд алайҳиссолату вассаламми?! Аллоҳ таоло унга халифалик ва Пайғамбарликни жамлаб берганидан сўнг унга Ўз китобида таҳдид қилиб:
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавои нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир», деган», деди».

Довуднинг мўъжизалари

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга берган нарсалари ҳақида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтар ва қушлар ҳам» (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик» (10-оят).
Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога итоатли бандалардан бўлгани учун оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга бошқаларда йўқ нарсаларни бергани ҳақида хабар бермоқда.
«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик».
Пайғамбарлик ато этгани, илоҳий китоб бўлмиш Забурни туширгани, тоғларни ва қушларни у зотга хизматкор қилиб қўйгани, темирни юмшатиб бергани ва бошқа нарсалар Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга берган мўъжизалардир. Улардан баъзиси ушбу оятда зикр қилинмоқда.
«Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтар ва қушлар ҳам» (дедик).
Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога тасбеҳ айт­ганларида, Забурни тиловат этган пайтларида тоғу тошлар ҳам, қушу ҳайвонлар ҳам у зотга қўшилар эди.
«Ва унга темирни юмшоқ қилдик».
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.
«Ва (унга): «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман, дедик» (11-оят).
Яъни, Биз Довудга, ўзингга берилган хамирдек юмшоқ темирдан совут ясагин. Ўша совутларнинг бичимини ўлчовли қилгин, дедик. Довуд алайҳиссаломгача совут бир бутун тўсиқ шаклида ясалар экан. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илҳом бергач, совутни ҳалқалардан улаб кийим шаклида қиладиган бўлган экан. Оятдаги, бичимини ўлчовли қил, дегани ўша совутнинг ҳалқаларини бир-бирига мослаб ўлчовли қил, деган маънони англатади.
Айни пайтда, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг аҳлларига хитобан:
«Солиҳ амаллар қилинглар», демоқда.
Яъни, сизларга шунчалик фазлни бериб қўйдим. Бу эса, сизларнинг яхши амаллар қилишингизни тақозо этади. Бу ишда нуқсонга йўл қўя кўрманг­лар.
«Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик».
Қилган амалингизга яраша мукофот ёки жазо берилади.
Довуд алайҳиссалом юз ёшга етганларида бу дунёдан ўтдилар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz