Адолат мулкнинг асосидир Принтер учун
18.01.2010 й.
islom.uz

Аллоҳ таоло:«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (Наҳл, 90).

«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дерлар.
Албатта, Аллоҳ: «Адолатга амр этади»
Адолат деганда ишларни тўғри, инсоф билан олиб бориш ва одамлар орасида тенгликни жорий қилиш тушунилади.
Аллоҳ буюрган адолат исломий мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир.
«Эҳсонга амр этади».
Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.
«Қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».
Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлиқ ҳам инсонлик ҳақлари бор.
«...ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир».
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.
«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.
«Зулмкорлик» эса, хаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.
Шу нарсалар ила:
«У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».
Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир», деган (8-оят).
Ушбу ояти карима аввалида келган «Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидодир. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишларига тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиганга ўхшайди.
«Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».
Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас.
Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.
Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади:
«Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин».
Бу дегани - душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди.
Аммо Иймон-Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида бу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар.
Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сонсизсаноқсиз. Биргинасини бу ерда келтирамиз:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар.
У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишда фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:
«Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар.
Шунда яҳудийлар ажабланишиб:
«Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган.
Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам Иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима шуни таълим беради бизга:
«Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир».
Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина:
«Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:
«Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар», деган (152-оят).
Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш олиб бориши зарур. Бу эса, унинг доимо адолат ила гапириши лозимлигини тақозо қилади. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон инсоний заифликка бориб, қариндошларига ноҳақ ён босишга имкон бермайди.
Адолат Аллоҳнинг амри бўлиб, барча унинг олдида баробар. Бир ҳукмда қариндошга бир хил, бошқага ўзгача муомала қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолни фақат мусулмонларгина ҳаётга татбиқ қилганлар, холос.
Бошқалар адолат ҳақида ҳар қанча сафсата сотсалар ҳам, нари борганда нисбий адолат, яъни, ўз яқинлари ва ўз тоифасига нисбатангина адолатли бўла оладилар.
«Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг».
Аллоҳга берган аҳдда ушбу оятларда зикр қилинаётган ҳодисалар, жумладан, қариндошга бўлса-да, адолат қилиш, ўлчов ва тарозини адолат билан адо этиш, ноҳақ одам ўлдирмаслиқ Аллоҳга ширк келтирмаслик ва бошқалар бор.
«Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар».
Яъни, ғофил бўлмасдан, ҳар бир нарсани эслаб, қилар амалларингизни Аллоҳ амрига мувофиқ олиб борингиз.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир», деган (58-оят).
Мусулмонлар жамоасига Аллоҳ таоло амр этган муҳим ишлардан бири - омонатларни ўз аҳлига эриштириш деб аталди.
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни» амр этур.
Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатни турлари кўпдир.
Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Демак, омонат кенг тушунилиши лозим бўлган атамадир. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Бу омонат инсондан бошқа махлуқотларга қасдсиз, иродасиз, ҳаракат ва йўлланмасиз берилгандир.
Улар хоҳласалар-хоҳламасалар иймонлидирлар. Фақат инсонгина ақлга ва ҳур иродага эга бўлгани учун, ўз иродаси, ҳаракати, қасди ва уриниши билан мўмин бўла олади. Худди мана шу она омонатдан бошқа омонатлар туғилади. Иймон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини ҳамда бандалар орасидаги омонатларни ҳалол адо эта оладилар. Барча омонатларни ўз эгаларига эриштирганларгина иймони ҳақиқий кишилар ҳисобланадилар.
Мўминлар ушбу иймон ила жаҳон халқлари ичида танилганлар. Омонатга хиёнат қилиш мунофикдикнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди.
Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган такдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир!
Аллоҳ таоло мусулмонларга юклаётган иккинчи буюк вазифа - одамлар орасида адолат ила ҳукм юритиш деб аталмоқда.
«...ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур».
Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: «Бу оят ҳокимлар тўғрисида нозил бўлгандир», деганлар. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда:
«Бир соатлик адолатли ҳукм қирқ йиллик ибодатга тенгдир», дейилган.
Эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада:
«Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз» дейилмоқда.
Ҳа, айнан «одамлар» орасида, мусулмонлар орасидагина ёки бошқа бирор махсус тоифа орасида эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритиш мусулмонларнинг бурчидир.
Воқеликда ҳам мусулмонлардан бошқа ҳеч ким, ҳеч қайси жамият бу ишни уддалай олмаган. Исломнинг ҳукм ҳақидаги назариясига биноан, ҳукмни ва давлатни бардавом бўлмоғи учун асосий шарт —адолат ҳисобланади.
Иймон асосий шарт эмас. Уламоларимиз, иймонли ва адолатсиз ҳукм узоқ давом этмайди, аммо ҳукм адолатли бўлса, бардавом бўлади; ҳам иймонсиз, ҳам адолатсиз ҳукм эса, доимо вақтинчалик ҳукм бўлади, деб алоҳида қайд этганлар.
Бир оятнинг ўзида икки буюк асосга —ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилиш катта марҳаматдир. Шунинг учун оятнинг давомида:
«Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур!» дейилмоқда.
Бизнинг бурчимиз эса, Аллоҳ таолонинг ваъ-зини жон қулоғимиз ила тинглаб, унга амал қилишдир. Чунки Аллоҳ биз бандаларининг бу амрга қандай амал қилаётганимизни эшитиб, кўриб турибди.
«Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир».
Эшитиш ва кўриш эса, охиратдаги ҳисоб-китоб учундир. Албатта, Аллоҳ Ўзига хос эшитиш хусусияти билан ҳамма нарсани эшитади ва ўзига хос кўриш хусусияти билан ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Унинг эшитиш ва кўриш қудратидан четда қолмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда соясига олур; Одил Имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда мен Аллоҳдан қўрқаман деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холи қолиб эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ кун қиёмат кунидир.
Қиёмат куни шиддатли иссиқ бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса, ҳамма ҳам ўзини ола билмайди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларнигина Ўз соясига олур.
Ушбу ҳадисда, ўша даҳшатли қиёмат кунида Аллоҳ Уз соясига оладиган одамлардан етти тоифасининг зикри келмоқда:

1. «Одил Имом».
Адолат ила ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланмоқда.
Бу маъно ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарликнинг тутган ўрни муҳимлигидан ушбу етти тоифа ичидан биринчи бўлиб Одил Имом зикр қилинмоқда. Қолаверса, ушбу ҳадиси шарифнинг бу бобда келтирилишининг боиси ҳам айнан шунда.

2. «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш».
Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовор. Қариб-ҳориб, ҳеч нарсага ярамай қолганда, ноилож қолиб ўзини ибодатга уриш осон нарса. Аммо ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни ҳамда ҳавойи нафсни енгиб, ёшликдан тоат-ибодатни тўла қилиб, ўсиб бориш ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан ўсишга қаттиқ аҳамият берилади.

3. «Қалби масжидга боғлиқ киши».
Бунда масжидларга кўнгли боғлиқ бўлиш қанчалар фазилатли иш экани баён қилинмоқда. Кўнгли масжидларга боғлиқ бўлиш қалбида масжидларнинг муҳаббати борлигидандир.
Бундоқ одам доимо масжиддан қолмай ибодат қилиш билан ҳаёт кечиради ва шу ишқ билан юради. Бир марта бориб намозини ўқиб чиққандан кейин янаги намоз вақтига тезроқ етиб бориш фикрида юради.

4. «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши».
Дунёда кишилар ўртасидаги ўзаро муҳаббат, дўстликбиродарлик турли нарсалар учун бўлади. Кимлардир шахсий манфаатлар, кимлардир иш, ҳизб, молу дунё ва бошқа манфаатлар юзасидан яқинлашади. Яна бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.
Аммо Исломда ҳақиқий биродарлиқ ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади.
Мусулмон инсон ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қилади. Ундаги Аллоҳнинг амрига бўйсуниш сифатларини такдирлайди.

5. «Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам».
Аллоҳ таолодан қўрқиб, ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилат. Гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олиш, охират азобидан қўрқиб, ўзининг оний лаззатидан воз кечиш катта жасорат. Аллоҳ таоло бундоқ бандани муносиб равишда мукофотлайди. Мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганда, унинг чақириғига рад жавоб беришга фақатгина Аллоҳ таолодан қўрқиш мо-нелик қилса, дарҳақиқат, улкан қаҳрамонлик содир бўлади.

6. «Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли, ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам».
Исломда хайри садақа қилишга, шу йўл билан бева-бечора, етим-есирларга иқтисодий ёрдам беришга қаттиқ тарғиб қилинади. Шу билан бирга, садақанинг махфий бўлиши марғуб саналади. Ана ўшанда садақа холисона бўлади, риё ва хўжакўрсиндан сақланилади.
Энг муҳими, садақани қабул қилиб олаётган кишининг хижолат бўлмаслиги таъминланади, садақа Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлгани исботланади.

7. «Аллоҳни холи ҳолида эслаганида кўзидан ёш оққан одам».
Бу жумлада тақводорликда риёкорликдан холи бўлиш ҳақида сўз кетмоқда. Кишилар кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб, кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар ҳам оз эмас.
Лекин ҳақиқий тақводор хўжакўрсинга эмас, ёлғиз ўзи қолганида Аллохдан қўрқиб кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ўша даражага етган одамгина ушбу ҳадисда ваъда қилинаётган улкан даражага эришади.
Қиёмат куни ана ўша даражага етган кишигина Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади.
Аллоҳ таоло бизлар ҳам ўшандоқ бандалар қаторида бўлишимизни насиб этсин.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга эга бўлишга ҳаракат қилувчилардан қилсин

Иёз ибн Ҳимор ал-Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз хутбаларида:
«Огоҳ бўлинглар! Ушбу кунимда менга Роббим Ўзи менга таълим берган нарсалардан сиз билмаган нарсани сизга таълим беришимга амр қилди. У Зот:
«Бандага берганим барча мол ҳалолдир. Албатта, Мен бандаларимни ҳаммаларини соф табиат ила халқ қилдим. Сўнг уларга шайтонлар келдилар ва уларни динларидан адаштирдилар. Улар аларга Мен ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилдилар. Уларга Мен ҳужжат нозил қилмаган нарсаларни Менга ширк келтиришга амр қилдилар», деди.
Албатта, Аллоҳ ер аҳлига назар солди ва уларга - арабларига ҳам, ажамларига ҳам ғазаб қилди. Илло, аҳли китобдан қолган-қутганларига ғазаб қилмади.
Ва У Зот (менга):
«Мен сени синаш учун ва сен билан (бошқаларни) синаш учун юбордим. Мен сенга сув ювмайдиган, уйқу ҳолида ҳам, уйғоқ ҳолда ҳам ўқийдиганинг китобни нозил қилдим», деди.
Албатта, Аллоҳ менга Қурайшни ёндиришимни амр қилди. Мен У Зотга:
«Эй Роббим! Ундоқ бўлса, улар менинг бошимни ёриб, синган нонга ўхшатиб қўюрлар», дедим.
«Улар сени чиқарганларидек, сен ҳам уларни чиқар. Уларга қарши жанг қил, Биз сенга кўмак берамиз. Нафақа қил, Биз сенга нафақа қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унга беш баробарини юборурмиз. Ўзингга итоат қилганлар билан сенга осий бўлганларга қарши қитол қил», деди.
«Аҳли жаннат уч тоифадир; одил, садақа қилувчи ва муваффақиятли султон. Ҳар бир қариндош ва мусулмонга раҳмли ва қалби юмшоқ киши. Иффатли ва ўзини иффатли қилиб кўрсатувчи аёлманд», деди.
«Аҳли дўзах беш тоифадир; Ичингиздаги аҳлни ҳам, молни ҳам истамайдиган тобе бўлган эсипаст заифлар. Тамаси махфий бўлмаган, энг кичик нарсада ҳам хиёнат қиладиган хоин. Эртаю кеч сени аҳлинг ва молингда алдайдиган киши», деди ва бахиллик ва ёлғонни зикр қилди ва фаҳш иш қилиб, фаҳш гап айтадиган одам», деди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда ўзларига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳадиси қудсий шаклида келган ваҳийни умматларига етказмоқдалар.
«Огоҳ бўлинглар! Ушбу кунимда менга Роббим Ўзи менга таълим берган нарсалардан сиз билмаган нарсани сизга таълим беришимга амр қилди».
Ушбу ўзига хос таълимда кўпгина муҳим маълумот ва амал қилиниши лозим ишлар ҳақида сўз бормоқда.
«Бандага берганим барча мол ҳалолдир».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига берадиган барча моллар аслида ҳалол бўлган. Уларнинг ичида ҳаром мол бўлмаган.
«Албатта, Мен бандаларимни ҳаммаларини соф табиат ила халқ қилдим».
Аслида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло одамларни мусаффо табиат билан яратган. Уларнинг ичида табиати бузуғи бўлмайди.
«Сўнг уларга шайтонлар келдилар ва уларни динларидан адаштирдилар».
Шайтонлар одамларни иғво қилиб, уларнинг соф табиатларни ифлосладилар. Энг ёмони, одамларни динларидан адаштирдилар. Исломдан бошқа динларда юришларига сабаб бўлдилар.
«Улар аларга Мен ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилдилар».
Яъни, ҳалол нарсани ҳаромга айлантирадиган ишларни қилишга чорлаб, топадиган молларини ҳаром бўлишига сабаб бўлдилар.
«Уларга Мен ҳужжат нозил қилмаган нарсаларни Менга ширк келтиришга амр қилдилар».
Баъзи одамлар гаайтонларнинг бу иғвосига ҳам учиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтирдилар.
«Албатта, Аллоҳ ер аҳлига назар солди ва уларга - арабларига ҳам, ажамларига ҳам ғазаб қилди. Илло, аҳли китобдан қолган-қутганларига ғазаб қилмади».
Ушбу жумладаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ер аҳлига назар солиши ва арабларига ҳам, ажамларига ҳам ғазаб қилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар этиб юборилишларидан аввал бўлган. Ўшанда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат аҳли китобдан қолган-қутган асл илоҳий таълимотларга амал қилиб келаётганларига ғазаб қилмади.
«Мен сени синаш учун ва сен билан (бошқаларни) синаш учун юбордим».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни синаши у зотнинг Пайғамбарликни етказишлари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига чақиришдаги қийинчиликларга сабр қилишлари каби ишлари ила бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошқаларни синаш эса, у зотнинг умматларини Ислом ва иймон йўлида юришлари, ихлосли бўлишлари каби жиҳатларда бўлади
«Мен сенга сув ювмайдиган, уйқу ҳолида ҳам, уйғоқ ҳолда ҳам ўқийдиганинг Китобни нозил қилдим».
Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг асосий муҳофазаси уни ёд олиб, қалбларда сақлаб юриш ила собит бўлишини ирода қилди.
«Албатта, Аллоҳ менга Қурайшни ёндиришимни амр қилди. Мен У Зотга:
«Эй Роббим! Ундоқ бўлса, улар менинг бошимни ёриб, синган нонга ўхшатиб қўюрлар», дедим.
«Улар сени чиқарганларидек, сен ҳам уларни чиқар. Уларга қарши жанг қил, Биз сенга кўмак берамиз. Нафақа қил, Биз сенга нафақа қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унга беш баробарини юборурмиз. Ўзингга итоат қилганлар билан сенга осий бўлганларга қарши қитол қил», деди».
Ҳадиси шарифнинг бу қисмидаги жумлаларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларига қарши чиққанларга қарши курашда ёрдам ваъда қилмоқда. Воқеликда бу ишлар бўлиб ўтган ҳам.
«Аҳли жаннат уч тоифадир;

1. «Одил, садақа қилувчи ва муваффақиятли султон».
Ушбу ҳадиси шарифни айни шу бобда келтирилишининг сабаби ҳам шу жумладир. Унда адолат қилишга тарғиб борлиги учун зикр қилинган. Ҳукмдорнинг адолатли, садақа қилувчи ва муваффақиятли бўлиши уни аҳли жаннатлар қаторига қўшадиган омиллардан экан.

2. «Ҳар бир қариндош ва мусулмонга раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши».
Қариндошларга, мусулмонларга раҳмли ҳамда қалби юмшоқ бўлиш ҳам кишининг аҳли жаннатлардан бўлишига олиб келадиган омиллардан экан.

3. «Иффатли ва ўзини иффатли қилиб кўрсатувчи аёлманд».
Баъзи аёлманд кишилар ўзининг ночор иқтисодий ҳолатини баҳона қилиб, иффатни унутиб қўядилар. Турли услуб ва найрангларни ишга солиб, тамагирлик йўлига ўтадилар.
Аслида аёлманд кишиларнинг тамагирликдан четда бўлганлари ўзлари учун яхши. Уларнинг иффатли бўлишлари охиратда ҳам катта фойда келтирар экан. Уларнинг жаннатга киришларига сабаб бўладиган омиллардан бири экан.
«Аҳли дўзах беш тоифадир;

1. «Ичингиздаги аҳлни ҳам, молни ҳам истамайдиган тобе бўлган эсипаст заифлар».
Бундан фақат қорнини ўйлаб юрган қорин бандаларининг оқибати яхши бўлмаслиги келиб чиқади.

2. «Тамаси махфий бўлмаган, энг кичик нарсада ҳам хиёнат қиладиган хоин».
Тамагирликни очиқ-ойдин қилиш, кичик хоинликни ўзига эп кўришлар ҳам кишининг дўзахи бўлишига сабаб бўладиган омиллардан экан.

3. «Эртаю кеч сени аҳлинг ва молингда алдайдиган киши».
Бундан алдамчилик ҳам дўзахи бўлишга сабаб бўладиган омиллардан эканлиги чиқади.

4. «ва бахиллик ва ёлғонни зикр қилди».
Бахиллик ва ёлғон катта гуноҳлардан эканлиги ҳаммага маълум ва машҳур.

5. «фаҳш иш қилиб, фаҳш гап айтадиган одам».
Бу ишларнинг ўта ёмонлиги ҳеч кимга сир эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz