Яхшиликнинг турлари ҳақида Принтер учун
20.01.2010 й.
islom.uz

Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:
«Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот:
«Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам», дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:
«Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.
Ёмонлик кишининг фикрига келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.
Бу ҳадиси шарифда «Яхшилик ҳусни хулкдир» дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу ҳадиси шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини ҳам билиб оламиз. Энди яхшиликларни ўрганишга киришамиз.

ЭНГ УЛУҒИ – ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК

Аллоҳ таоло:«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» деган (Исро: 23).
Исро сурасидаги бу оятда ягона маъбудга - Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир, бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганида юзланадиган кўнгил ҳуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчи.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида, Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема».
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси - ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси - ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, дегани.
«…уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!
«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт». (Исро, 24)
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. Ў ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳмшафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир дин ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурайдадан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади:
«Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб сўрабди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар».
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт», деган (215-оят).
Савол нимани нафақа қилиш ҳақида бўлган эди.
«Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар».
Жавоб эса бундан ташқари, кимларга нафақа қилишни ҳам баён этаяпти.
«Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин».
Демак, яхшиликни нафақа қилинар экан.
Қуръони Каримда хайр, яхшилиқ сўзи кўпинча мол-дунё маъносида ишлатилган. Бу жойда ҳам худди шу маънони англатмоқда.
Нафақага лойиқлар ичида бекорга ота-она биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати ўзи шуни тақозо қилади. Ўзидан кейинги биринчи ҳақдор ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга нафақа қилишдан нима фойда бор?
Шунингдек, яқин кишилар, қариндошлар ҳақдорлик жиҳатида бошқалардан устунлар ва ҳоказо. Нафақа қилиш худди шу тартибда бўлиши лозимлиги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган.
Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига:
«Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо», деган эканлар.
Нафақа қилиш бандадан, унинг савобини бериш - такдирлаш Аллоҳдан. Чунки, «Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир».
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас», деган (Зб-оят).
Мулоҳаза қилсак, ушбу ояти каримада тавҳидга амр этилганидан сўнг, бир неча тоифа кишиларга яхшилик қилишга буюриляпти.
«Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар».
Биринчиси - ота-оналаргадир.
Исломда ота-оналарга яхшилик қилиш катта иш, эътиборга молик амал эканлиги ҳаммага маълум. Ҳар бир инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлган бу улуғ зотларнинг ўз фарзандларидаги ҳақлари, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари ҳақида Қуръони Каримда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида келган таълимотлардек олиймақом таълимотлар инсоният тарихида ҳеч бир дин ёки фалсафада кўрилмаган!
Дунёда мусулмонларчалик ота-онасини ҳурмат қиладиган халқмиллат ҳам бўлмаган!
Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг тавҳидидан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилишга буюрмоқда.
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида:
«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир. «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир», деган (14-оят).
Қуръони Каримда фарзандларга ота-онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки ота-онанинг ҳаққини Ислом юқори қўяди. Бу мавзудаги оятлар ўрни билан ўрганилди ва яна ўрганилади. Ушбу оятда эса, ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён этилмоқда.
«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик...»
Тавсия, кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас. Балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилмоқда.
«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».
Яъни, ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.
«Уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир».
Яъни, қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.
Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу оятдан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади.
Мисол учун, уни эмизган аёл унга эмизикли она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опасингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.
Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.
Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат эканлиги айтилади:
«Менга ва ота-онага шукр қилгин».
Эй инсон фарзанди, аввало, Менга - яратган Роббингга, кейин ота-онангга - сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга, шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир.
«Ва қайтиш фақат Менгадир».
Билиб қўй, ана ўша қайтиш бўлганида, бу ҳакда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсада Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (Луқмон, 15).
Ҳа, ота-онанинг ҳаққи фарзандда кўп. Уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳақи ундан ҳам юқори. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратгувчи ва ризқ бергувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»
Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиб, боласини ширкдан қайтариш ўрнига, уни ўзи билмаган нарсани Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Бу масалада ота-онага итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик аллақачонги гапдир.
Лекин бу дегани, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.
«Ва дунёда икковларига яхшилик қил...»
Мусулмон фарзанд кофир ота-онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради.
Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурмат этишни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.
«...ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш».
Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин-мусулмонларнинг изидан юр.
«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».
Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.
«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман».
Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар эса, нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.
Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида:
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонларданман, деди», деган (15-оят).
Ушбу ояти кариманинг аввалида Аллоҳ таоло инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрмоқда.
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик».
Бу инсонийлик бурчидир. Инсон фақат инсонлиги учун ота-онасини ҳурмат қилиши, эъзозлаши зарур. Лекин шу билан бирга, оятнинг ўзида ота-онага яхшилик қилишнинг сабабларидан баъзиси айтиб ўтилмоқда.
«Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди».
Ҳомилодорлик катта машаққат. Ҳомила пайдо бўлиши билан онанинг машаққатлари бошланади. Кўнгли айнийди, заифлашади ва бошқа турли қийинчиликларни бошидан ўтказади. Вақт ўтиб ҳомила катталашиб борган сари онанинг машаққати ҳам катталашиб боради. Бу машаққатларни фақат Аллоҳ берган оналик меҳригина енгиллаштириши мумкин.
Кейин туғиш жараёни. Онаси
«уни қийланиб туғди».
Энг қийин жараёнлардан бири шудир. Ҳар бир она ўз фарзандини катта қийинчилик билан туғади. Тўлғоқ, туғиш - булар ҳаммаси фақат Аллоҳнинг инояти билан амалга ошади. Ҳар бир инсон ана шу қийноқларни бошидан кечириб туққан онасини қанча эҳтиром қилса, шунча оз. Сўнгра туғилган болани эмизиб, ювибтараб, тарбиялаб катта қилиш керак бўлади.
«Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир».
Болага ҳомиладор бўлгандан тортиб, уни сутдан ажратгунгача бўлган даврда қанчадан-қанча машаққатлар ўтади. Инсон боласи энг ожиз бўлиб туғиладиган жонзотдир. Бошқа ҳайвонларнинг боласи туғилганидан бир оз ўтгандан сўнг ўзининг кунини ўзи кўриб кетаверади. Аммо инсон боласи узоқ муддатли парваришга муҳтождир. Бу меҳнатни ҳам асосан она бажаради. Шунинг учун онага ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади.
Оятда «Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир», дейилишидан баъзи уламолар ҳомиланинг энг оз вақти олти ой бўлиши мумкин деган фикрни айтишган. Чунки бошқа оятда, ким эмизишни батамом қилмоқчи бўлса, оналар болаларини икки йил тўлиқ эмизадилар, дейилган. Маълумки, икки йил йигирма тўрт ойдан иборат. Эмизиш билан ҳомиладорлик ўттиз ой бўлса, демак ўттиздан йигирма тўрт чиқариб ташланса, олти ой қолади.
Шундай қилиб, агар инсон иймонли, мустақил бўлиб, «Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида, «Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин», дер экан.
Инсоннинг камолга етиши ўттиз билан қирқ ёшнинг ўртасида бўлар экан. Қирқ ёшга етган инсон ҳамма тарафдан мукаммаллашган ҳолга келади. У бу ёшда ҳамма нарсани чуқур мулоҳаза қиладиган, ўтган тажрибасига суянадиган, охиратни ҳам ўйлайдиган, хуллас камолот ҳолатига етар экан.
Шунинг учундирки, Муҳаммад алайиҳиссалом ҳам қирқ ёшларида Пайғамбар бўлганлар. Бу ёш деярли умрнинг ўртаси бўлади. Ўша пайтда илтижо ҳам неъмат берувчи Роббил Оламийннинг Ўзига холис, қаратилган бўлади.
«Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга»
Ҳар бир инсон учун Аллоҳ таоло унга берган неъмат учун шукр қилиш муҳим ишдир. Ношукрлик куфрони неъматдир. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Бу иш ўта муҳим ва нозик бўлганидан уни амалга оширишда бошқа ишлардан илгари айни шу масалада Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўралмоқда.
Шу билан бирга, қолган умрини шукр билан қўшиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, Аллоҳнинг розилигини ахтаришга истак кучаяди. Шунинг учун ҳам ушбу дуода
«сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишга илҳом бергин», дейиляпти.
Ҳақиқий мўмин ўзининг солиҳ амали билан кифояланиб қолмайди, балки зурриёти, бола-чақаси ҳам солиҳ бўлишини истайди. Чунки солиҳ зурриёт икки дунёнинг бахтидир. Шу боисдан ҳам, «Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин», дейиляпти.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман», деган (8-оят).
Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишилардир. Ислом дини, ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради.
Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган таълимот, йўкдир. Бу ҳакда кўплаб оятлар бор. Жумладан, ушбу ояти кариманинг аввалида ҳам:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик», дейилмоқда.
Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.
Аммо иймон масаласида, дин аҳкомлари масаласида бу қоида амалдан тўхтайди.
«Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма».
Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди.
«Қайтишларингиз Менгагинадир».
Қиёмат куни Менга қайтурсизлар. Бошқага эмас. Шунинг учун гуноҳ бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат қилинмайди.
«Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман».
Бас, бу дунёда ким нима амал қилган бўлса, охиратда ҳаммасининг хабарини берурман. Ана ўшани ҳисобга олиб яшаш керак.
Аллоҳга ширк келтириб, унга осий бўлиб қолиш эҳтимоли бор ишларда инсон учун энг ҳакли кишилар - ота-онанинг амри, истак-хоҳиши инобатга олинмайди. Шундай экан, бошқа қариндошларнинг амрлари, истак-хоҳишлари умуман ўтмайди.
Уламоларимиз ушбу ояти карима Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Бошқа ёшларга онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу мисол қилиб кўрсатилар эди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар.
Имом Термизий бу ҳакда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга:
«Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам овқат ҳам емайман, ичимлик ҳам ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени, эй онасини ўлдирган, деб чақиришади», деди.
Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлса-ю биттабиттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хохласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.
Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?» деди.
«Онанг», дедилар.
«Сўнгра ким?» деди.
«Онанг», дедилар.
«Яна ким?» деди.
«Онанг», дедилар.
«Яна ким?» деди.
«Отанг», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Киши учун бу дунёда унинг қиладиган яхшиликларига ота-онасидан кўра ҳақдироқ кимса йўкдир. Аммо ота-онадан қай бирлари бу яхшиликка сазоворроқ дейилса, ушбу ҳадиси шарифга биноан, албатта, она, деган жавоб берилади. Онанинг бу тарзда отадан кўра уч баробар ҳақлироқ бўлиши боланинг дунёга келиши ва вояга етиши йўлида у тортган қийинчиликлар, тутган ўрни ва қилган хизматлари ҳисобигадир.
Албатта, бола ҳомилалик пайтида она қийналади. Уни тўққиз ой ва ундан кўпроқ қорнида кўтариб юради. Уни ўз вужуди ила озиқлантиради. Умуман, она ҳомиласи учун яшайди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Туғишни бўйинга олиш ўлимни бўйинга олишдир. Фарзанд муҳаббати онани ўша хатарни қўрқмай бўйинга олишга чорлайди. Кўпгина оналар шу сабаб ҳаётдан кўз юмадилар. Қолганлари эса, ўзлари соғ қолсалар ҳам, фарзандларини туғиб олгунча ўша хавфни яшаб ўтадилар.
Кейин болани эмизиш меҳнати келади. Кечалари ухламай, кундузлари дам олмай болага қараш керак бўлади. Уни ювибтараш, унга қараш осон бўлмайди. Кейинроқ ҳам болани таомлантириш, кийинтириш ва бошқа-бошқа ҳамма хизматлар онанинг масъулиятида бўлади.
Ота бу хизматларнинг барчасида деярли четда туради. Шунинг учун ҳам унинг боладаги ҳаққи онанинг ҳаққидан кейинга қўйилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?» деди.
«Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, сўнгра отанг. Сўнгра яқининг ва яқининг», дедилар».
Муслим ривоят килган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдингисини таъкиддаб келмоқда ва ота-онадан кейин бошқа насаб жиҳатидан улардан кейин турадиган яқин кишиларнинг ҳақларини баён қилмоқда.
Тўғри, Исломда фақат ота-онага яхшилик қилиш билан кифояланиб қолинмайди, балки бошқа қариндошларга ҳам яхшилик қилиш лозим бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бурни ерга ишқалсин! Сўнгра бурни ерга ишқалсин! Сўнгра бурни ерга ишқалсин!» дедилар. «Кимнинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дейилди. «Ота-онасининг иккисини ёки бирини катталик чоғида топиб, жаннатга кирмаган кимсанинг», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан ота-она катта ёшга етганида уларнинг хизматини қилиш, розилигини олиш алоҳида аҳамият касб этиши чиқади. Албатта, ҳар қандай қарияни ҳам қарилиги учун ҳурмат қилинади.
Аммо қари ота-онани ҳам қарилиги учун, ҳам ота-оналиги учун эҳтиром қилиш керак бўлади. Ота-онаси ёки улардан бири қариб, катта ёшга етсалар уларни рози қилиш билан жаннатга кириш имкони очилар экан. Кимки ўша зўр фурсатдан вақтида фойдаланмаса, бурни ерга ишқалган билан баробар бўлар экан.
Шунинг учун ота-онани ҳар доим ҳурмат қилиш билан бирга, уларга қариган чоғларида алоҳида эҳтиром кўрсатмоқ лозим бўлар экан. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят   қилинади:
«Онам мушрик ҳолида келди. У Қурайшнинг аҳдига кирган эди. Улар унинг отаси ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузган эдилар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўраб:
«Онам рағбат қилиб келди. Унга силаи раҳм қилайми?» дедим.
«Ҳа, онангга силаи раҳм қил», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Одатда, мушриклар ўша вақтда мусулмонлар билан уруш ҳолида бўлганлар ва душман исобланганлар. Улар билан дўстлик ва яхшилик алоқасини қилиш мумкин бўлмаган. Аммо Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг оналари Маккадан Мадийнага рағбат қилиб, қизини кўргани келганида онанинг ҳаққи улуғлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга силаи раҳм қилишга изн берганлар.
Шундан ота-она мушрик бўлса ҳам уларга яхшилик қилиш мумкинлиги ҳукми келиб чиққан.

Баҳз ибн Ҳакимдан, у киши отасидан, у киши бобоси розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» дедим.
«Онангга, сўнгра онангга, сўнгра онангга, сўнгра отангга. Сўнгра яқинингга ва яқинингга. Бир киши ўз яқинидан унинг ортиқча нарсасини сўраса-ю, у ҳалиги нарса олдида бўла туриб бермаса, албатта, қиёмат куни ўша ўзи ман қилган ортиқча нарсаси заҳарли илон ҳолида унга чақирилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарқ: Ушбу ҳадиси шарифнинг аввалги онага, отага ва яқинларига яхшилик қилишга чорловчи қисми юқорида ўтди. Ҳадиснинг қолган, янги қисмида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имкони бўла туриб, яқинларига яхшилик қилмаган одамнинг охиратдаги ҳоли қандай бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар.
«Бир киши ўз яқинидан унинг ортиқча нарсасини сўраса-ю, у ҳалиги нарса олдида бўла туриб, бермаса, албатта, қиёмат куни ўша ўзи ман қилган ортиқча нарсаси заҳарли илон ҳолида унга чақирилади».
Ўша чақирилган ўта заҳарли илон уни роса боплаб чақади. Унинг бу дунёда имкони бўла туриб, яқинларига яхшилик қилмаганининг жазоси шу бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай ҳолатдан барчамизни Ўзи асрасин.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Энг аввал ота-онага яхшилик қилиш зарурлиги.
  2. Онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан кўра муқаддам ва таъкидланган эканлиги.
  3. Яқин қориндошларга ота-онадан кейинги ўринда яхшилик қилиш лозимлиги.
  4. Яқин кишилар ортиқча нарсани сўраганларида дарҳол бериш лозимлиги.
  5. Ўзидаги ортиқча нарсаларни яқинларига бермаган одам қиёмат куни азобга дучор бўлиши.
  6. Қиёмат куни азобга қолиш фақат фарзу вожибни тарк қилиш ёки ҳаром ишни қилиш билан бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, имкони бўла туриб, яқин қариндошларга силаи раҳм қилмаслик ҳам ҳаром экани келиб чикди.

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» дейилди.
«Онангга, отангга, опасинглингга, ака-укангга. Сўнгра уларга яқин келадиган яқинингга. Бу вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда яхшиликка ҳакдорлик борасида она-отадан кейинги ўринда турадиган баъзи яқинлар ҳам зикр қилинмоқда. Шу ерда ота-она деганда катта она ва катта оталар ҳам киришини айтиб ўтмоқ лозимдир. Чунки ота сўзи боболарни ҳам, она сўзи момоларни ҳам ўз ичига олади.
Ана ўшалардан кейинги ўринда қуйидагилар турар экан:

  1. Опасингиллар.
  2. Ака-укалар.
  3. Улардан кейин келадиган яқинлар.

Шу ерда аёл бўлганлари учун опасингиллар ака-укалардан олдин қўйилганини аллоҳида таъкидлашимиз лозим.
Бу ҳадиси шарифда зикр қилинганларга яхшилик қилиш вожиб ҳақ экан. Ким ўшаларга яхшилик қилса, силаи раҳм қилган бўлар экан.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Макканинг йўлида у кишига учраб қолди. Ибн Умар унга салом берди ва уни ўз эшагига миндириб олди. Кейин унга бошидаги салласини берди.
Шунда Ибн Дийнор унга:
«Аллоҳ сенинг ишингни ўнгласин. Булар аъробийлар. Улар оз нарсага ҳам рози бўлаверадилар», деди.
Абдуллоҳ бунга жавобан:
«Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг оғайниси эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сила қилишидир» деганларини эшитган эдим», деди».
Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўта илмли саҳобалардан бўлган машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишда ҳаммага ўрнак бўладиган даражада эдилар. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амалларнинг ҳар бир катта-кичигига ўта аникдик билан эргашар эдилар.
Ана ўша зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сила қилишидир» деган сўзларига амал қилиб оталари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг аъробий дўсти ўғлига ҳурмат-эҳтиром кўрсатган эканлар.
Эътибор берайлик-а, дўстнинг ўзига эмас, дўстнинг ўғлига. Эътибор берилганда ҳам бирга кетаётган ҳамроҳлар ажабланадиган ва сабри чидамай танбеҳ берадиган нарсага эътибор берилган.
Бундан нафақат отанинг ўзига яқин қориндошларига, балки унинг оғайниларига ҳам яхшилик қилиш фарзанднинг бурчи эканлиги чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Менинг бир хотиним бор эди. Унга муҳаббатим бор эди. Умар уни ёқтирмас эди. Бас, менга уни талоқ қилиш ҳақида амр қилди. Мен бош тортдим. Умар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Шунда У зот (менга):
«Уни талоқ қил», дедилар».
«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.
Шарҳ: Уламо аҳли бу амр фақат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга хос. Бошқаларга жорий бўлмайди, дейдилар. Чунки Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша аёлни Аллоҳ учун ёқтирмаган эдилар. У киши уни ушлаб туриш шариатга тўғри келмаслигини яхши билар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақиқатларни билганларидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ўз хотинини талоқ қилишга амр қилганлар.
Бошқа ҳолатларда бировнинг амрига биноан хотинни талоқ қилиш йўқ.

Бани Саламадан бир киши келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим керак бўлган яхшиликлардан бирор яхшилик қолдими?» деди.
«Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар воситаси ила қилинадиган силаи раҳмни қилиш ва уларнинг дўстларини икром қилиш», дедилар».
Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Мазкур давом этилиши лозим ишлар қуйидагилардан иборат:

1. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш.
Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчларидан бири унинг ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин дуо қилиб туришидир. Чунки бола ота-онасига дуо қилса, уларнинг савобига савоб қўшилиб туришига сабаб бўлади.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларини келтирганлар:
«Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади, лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», деганлар.
Имом Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад» китобида келтирадилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Маййитнинг ўлганидан кейин даражаси кўтарилади. Бас, у:
«Эй Роббим! Бу нима?» дейди.
«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».
Албатта, инсон ўлгандан кейин унинг ўзи амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмай кутиб туришдан бошқа нарсага ярамаган ҳолда бўлади.
Аммо бир кишининг ўлганидан кейин даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб ўлимидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. Бас, у:
«Эй Роббим! Бу нима?» дейди.
Унинг ажабланиш ила берган саволига жавобан:
«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан боланинг истиғфори - мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота-онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.
Шунинг учун ота-онасига уларнинг ўлимидан кейин яхшилик қилмоқчи, уларнинг ортидан савоб етказмоқчи ва охиратдаги мақоми яхшиланиб даражаси юқорилашини истаган фарзанд уларга мағфират сўраб дуода бўлиши лозим.

2. Уларга истиғфор айтиш.
Яъни, фарзанд вафот этиб кетган ота-оналари учун Аллоҳ таолога истиғфор айтиб туриши керак. Бу унинг вафот этган ота-онаси олдидаги бурчидир.

3. Улардан кейин аҳдларига вафо қилиш.
Яъни, ота-онанинг васиятларини амалга ошириш. Бу ҳам фарзанднинг вафот этиб кетган ота-она олдидаги бурчидир.

4. Улар воситаси ила қилинадиган сила раҳмни қилиш.
Ота-онанинг воситаси ила қилинадиган силаи раҳмларга амаки-тоға ва амма-холаларга қилинадиган яхшиликлар киради.

5. Уларнинг дўстларини икром қилиш.
Бу иш ҳам фарзанднинг вафот этиб кетган ота-она олдидаги бурчларидан ҳисобланади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади-ки:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши савол қилиб: «Ё Расулуллоҳ! Ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?» деди.
«Ҳа, тўрт хислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечмакни Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттиришдир», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан келган бу ҳадисда айтилади:
«Бир киши Расулуллоҳга:
«Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам фойдаси тегадими?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифларида равшанроқ қилиб:
«Отангнинг дўстлигини риоя қил, Аллоҳ таоло сенинг нурингни ўчирмайди», деганлар.
Яъни, бу отанг билан дўстлашган одамлардан алоқангни узма, деган сўз.

Ибн ат-Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Жиъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. У зот уни кўриб ўринларидан турдилар ва унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди. Мен:
«Бу ким?» дедим.
«У зотни эмизган оналари», дейишди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Туққан она тугул эмизган онани ҳам эҳтиром қилиш лозим экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини эмизган аёлга кўрсатган олиймақом ҳурматлари ҳаммага ўрнак бўлиши лозим. Агар эмизган онага шунчалар эҳтиром бўлса, туққан ва эмизган ҳамда ювибтараб ўстирган онага бўладиган яхшилик ва ҳурматни ҳар ким ўзи билиб олавериши керак.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У кишининг олдига бир одам келиб:
«Менинг хотиним бор. Онам менга уни талоқ қилишни амр қилади?» деди.
Шунда Абу Дардо:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, волид жаннатнинг энг яхши эшигидир», деганларини эшитганман. Хоҳласанг уни зое қил, хоҳласанг муҳофаза қил», деди».
Шарҳ: Бу гап билан ота-онанинг эҳтироми қанчалар зарур нарса эканлиги таъкидданмоқда. Аммо бундан ота ёки она боласига хотинингни талоқ қил деса, қилиш керак бўлиб қолади, деган гап чиқмайди. Бу ҳақда олдин ҳам сўзланди.
Қолаверса, ота-оналар болаларига шариат ҳукмидан ташқари сабаблар туфайли, хотинингни талоқ қил, демасликлари зарур.
Мабодо шу каби ҳолатлар содир бўлиб қолса ҳам, фарзанд ишни яхшилик билан ҳал қилиши, ота-онасини ҳам рози қилиб, хотинини ҳам талоқ қилмаслиги лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар».
Шарҳ: Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таолони норози қилмайман деган одам Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини норози қилмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ», деганлар. Яъни, бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Хола онанинг ўрнидадир», дедилар».
Шарҳ: Холанинг она ўрнида бўлиши эҳтиром бобидадир. Мерос бобида ёки бошқа ҳақ-ҳуқукдар бобида эмас.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.
«Сенинг онанг борми?» дедилар.
«Йўқ» деди.
«Сенинг холанг борми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Унга яхшилик қил», дедилар».
Тўртовини Термизий ривоят   килган.
Шарҳ: Онага яхшилик қилиш қанчалик улуғ иш эканини қаранг! Бу иш гуноҳларни мағфират қилинишига ҳам сабаб бўлар экан. Агар онанинг ўзи ўтган бўлса, онанинг синглисига яхшилик қилиш ҳам гуноҳларни мағфират қилинишига сабаб бўлар экан.
Ҳеч бир дин, фалсафа ёки халкда Исломдаги каби ота-она улуғланмаган. Ота-онани эҳтиром қилиш уларни эъзозлаш бобида мусулмонлар каби одамлар бўлмаган. Бу улкан ҳақиқат мусулмон адабиётида ва шеъриятида ҳам ўз аксини топган. Қуйида ўша маълумотлардан баъзи намуналар келтирамиз:
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар.
Шунда бир киши:
«Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» деб сўради.
«Агар улар болаларига зулм кўрсатган бўлса ҳам бола уларни ранжитмаслиги керак», дедилар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга ижозат сўради. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар.
«Ҳа, ҳаёт», деди.
«Сен шу ота-оналаринг ҳақида жиҳод қил», дедилар.
Яъни: «Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жахдинг билан ҳаракат қил», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?» деб сўрадим.
«Фарз намозларни ўз вақтида адо этмоқлик», дедилар.
«Сўнг қайсиниси?» дедим.
«Ота-онасига яхшилик қилмоқ», дедилар.
«Ундан сўнг яна қайсиниси севикли?», дедим.
«Сўнг Аллоҳ таоло йўлида жиҳоддир», дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бу ҳадис аниқ шуни кўрсатадики, ота-онага яхшилик Исломдаги энг оғир ва шарафли вазифа бўлмиш жиҳоддан ҳам олдин зикр қилиниб, афзал кўрилган. Ҳатто жиҳодда ҳалок бўлиб кетиш эҳтимолига қарамай, унинг мартабаси ота-онага қилинган яхши муомаладан кейинга қўйилишидан ҳам фарзанд олдида ота-она ҳаққининг нақадар улуғ эканлигини, агар шу ҳадиси шарифларга биноан иш қилса, фарзанд қанчалик савобларга эришишини яққол билса бўлади.
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннат ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини ота-онасига оқ бўлган, гуноҳкор ва қариндошларидан алоқасини узган киши билмайди», дедилар.
Табароний ривоят қилган.
Фарзанд ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам уларнинг нафақотини яхшилаш, нафақа бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай иззат кўрсатиши лозим. Оталари заифлашган, қартайган вақтларида фарзанддари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди.
Ислом шариати қодир фарзандларга ожиз бўлмиш ота-оналар ҳаққини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам кейинчалик қазоси вожиб бўлади.
Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Бола отаси мукофотини қайтара олмайди. Фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилса,ина, мукофот бўлиши мумкин».
Абу Бурда ибн Абу Муъаи ал-Ашъарийнинг айтишларича:
«Абдуллоҳ ибн Умар бир яманлик киши ўз онасини елкасига опичиб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юраркан:
«Онаизори учун бўйнини эгган теваман, Тева минган она ҳориса-да, мен ҳоримам».
У бу байтни ўқиркан, Абдуллоҳга қараб:
«Эй Абдуллоҳ ибн Умар. Мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўрабди.
«Йўқ, бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», дебди Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу.
Бухорий ривоят қилган.
Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳакдарини адо этиши лозим бўлади.
Шунга кўра ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-она ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz