Мавлуд ҳақидаги хилоф Принтер учун
17.02.2010 й.
Мавлуд маросими кўпгина ихтилофларга сабаб бўлган ва бўлиб келаётган масалалардан бири ҳисобланади. Кўпчилик мусулмонлар мавлуд қилганлар ва қилиб келмоқдалар. Бир тоифа мавлудга қарши чиққан ва қарши чиқиб келмоқда...

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Рабиъул аввал ойи ҳижрий йил ҳисобида учинчи ойдир. Бу ой мусулмонлар учун алоҳида маҳбуб ойдир. Унда Роббул оламийннинг ҳабиби, оламларнинг сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Шунинг учун ҳам бу ойга мусулмон уммати мавлуд ойи номини берган. Мавлуд ойида улар ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва буюк ҳаётларини эсга оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини янгилайдилар ва ҳаётлари ҳамда сийратларини яна ҳам мукаммалроқ ўрганиш ҳаракатида бўладилар. Келинг, биз ҳам ҳабиб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлудлари–туғилишларини қисқача эслаб ўтайлик.

У зот алайҳиссаломнинг туғилишлари

Муҳаммад алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмутталибнинг ал-Ҳорис, аз-Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду Маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, ал-Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кенжа, эрка ва маҳбуб ўғлидир.
У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва босиқ-вазмин йигит бўлиб ўсди. У турли қи-йинчиликларга доим тайёр туришни отасидан ўрганди. Шунинг учун ҳам назрга вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганида бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганида ҳамма бу ишга қарши чиқиб уни ҳимоя қилди.
Абдуллоҳнинг ишқида қавмининг қизлари куйиб-ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас эди. У доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири-замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди.
Абдуллоҳ вояга етганида отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳола (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.
Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди.
Оминанинг ўзи ҳам ўша пайтда қавми қизларининг олди, фазилатлиси, бўлиб ўсган эди. Уни келин қиламан деганларнинг саноғига етиб бўлмас эди.
Омина ўта одобли, сабрли ва гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга эди. Қисқаси айтиладаган бўлса, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун қизи эди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундоқ ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили бўлган ота-онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.
Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти Ясрибга жўнаб кетди. Абдуллоҳ кўп ўтмай ўша ерда вафот қилди.
Ўша пайтда Оминанинг сарвари оламга ҳомиладор бўлганига кўп бўлгани йўқ эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб бева қолди.
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ўша ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди.
Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Аммо туш кўрар эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга: албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг, дер эди.
Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда Омина ўз ҳомиласини ёруғ дунёга туширди. Унинг қорнидан бир нур ер юзига тушди. Гўдак худди сажда қилаётган одамдек ҳолда ерга тушди.
Дунёнинг нурга тўлдирган, бутун вужудни бахтга чўмдирган бу улуғ кун Рабиъул- аввал ойининг ўн иккинчи, душанба куни эди. (570 мелодий сана, 20 апрел)

У зот алайҳиссаломнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар

Ўша куни одамлар кўпгина одатдан таш-қари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар;
1. Бутлар ларзага тушиб қимирлаб кетди. Баъзилари юз тубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди.
2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунё-га келган эди.
3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб: «Эй, қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими», деган. Улар: «Билмадик», деганлар. Шунда ҳалиги яҳудий: «Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.
4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий: «Эй, яҳудийлар жамоаси!!!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман, улар: «Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.
«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди.
5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган.
Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, ғайри мусулмонлари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг бирортаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар.
Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.
Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмутталибга одам юбориб: сизга бир ғулом ту-ғилди, келиб унга бир назар солинг, деди.
Эҳтимол, бу билан янги куёвлик чоғида вафот этган ўғли куйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандир?
Абдулмутталиб қувончга тўлган ҳолида шошиб етиб келди. Мурғак набирасини қўлга олиб ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасини «Муҳаммад» деб номлади. Араблар ичида бу ном тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди.
Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир, дегандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу Муҳаммад сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар.
Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақт-ларида туш кўрганларида болалари туғилганида «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан.
Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ ма-қомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг тасирида ва келиннинг гапига биноан Абдулмутталиб набирасини Муҳаммад деб номлаган экан.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.
Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтди.
Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам хотиним ўғил туғса исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.

У зот алайҳиссаломнинг эмизилишлари

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича болалар саҳролик аёлларга эмизилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб улғаярди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб бир неча кунга у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизиб турди.
Ўша кунлари Маккага саҳродан Бани Саъд қабиласилик эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун келиб қолдилар.
Ўша йили қурғоқчилик йили эди. Одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб, бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отасиз етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёл топилмади.
Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани панд берди. Дугоналари бойларнинг болаларини эгаллаб олишибди.
Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмаганидан кейин бир оз ўйлаб қолди. Нима, эмизгани бола олмай кетадими? Хотинлар: Ҳалима қуруқ қайтди, деб ҳаммаёққа гап тарқатишиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул. Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. Ҳалима Муҳаммад алайҳиссаломни эмизгани олди.
Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ улови тузалиб, тезлаб юраётганини пайқади. Ажабо, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин ўз масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда Аллоҳ таоло халқ қилган одамзотлар, ичидаги энг афзалига кўкрак тута бошлади.
Албатта, Ҳалима ўзининг инсоният тарихига охирги замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган онаси сифатида кириб қолишини ўша онларда билмас эди.
У кейинчалик, асрлар оша, қиёматгача миллионлаб мусулмонлар уни Ҳалимаи Саъдия онамиз (розияллоҳу анҳо) деб юксак эҳтиром ила ёдга олишларини билмас эди.
Аммо у шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди. Ўзининг сути ҳам кўпайиб кетди. Хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари ҳайвонларини қаерда боқишларидан қатъий назар уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди.
Шунинг учун ҳам болани эмизиш муддати тугаганида ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб: менинг олдимда яна бир оз тарбия топсин, деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмикдош ака ва опалари билан бирга саҳронинг соф ҳавосида ўйнар эдилар.
Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетди. Ҳалимаи Саъдия болаларни олиб келиб бир оз ухлатмоқчи бўлди. Уларни ичкарига чақириб: ташқарида юрманглар, офтоб уриб кетади, деди.
Шунда унинг қизи: Муҳаммад билан ўйнасак, бизни офтоб урмайди. Чунки унинг устида булут доимо соя солиб туради, деди. Ҳалимаи Саъдия Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.
(«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг йигирма биринчи жузидан).

У зотга иймон келтирмоқ, итоат қилмоқ ва муҳаббат қилмоқнинг вожиблиги

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмагунча ҳеч ким мўмин-мусулмон бўла олмайди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилингандир; «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир. Уларнинг даст-лабкиси, Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона зотлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканлиги ҳақида шаҳодат беришдир. Бусиз ҳеч ким мусулмон бўлмайди ва қолган тўрт рукн ҳам қабул қилинмайди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фариштларга, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобеъ бўлади.
Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни, ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминмусулмонларни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни қайтақайта такрорлаган.
Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас.
Аллоҳга ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш ҳар бир мўмин банданинг бурчидир. Ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳга ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилмай, ортга қайтиш кофирликдир. Ким шу ишни қилса, унга Аллоҳ муҳаббат қилмайди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зотнинг ҳаётлик чоғларида шахсий амрларига бўйсуниш билан, кейин эса, суннатларига, шариатларига амал қилиш билан бўлади.
Ҳар бир мўмин-мусулмон Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиши лозим ва лобуддир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Зуҳра ибн Маъбуднинг боболари қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турар эдилар. Умар:
«Аллоҳга қасамки эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбубсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз мен унга ўзидан ҳам маҳбуб бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар. Умар:
«Энди сиз, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен учун ўзимдан ҳам маҳбубсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана энди, тўғри бўлди, эй Умар», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва ҳамма одамлардан маҳбуб бўлмагунимча комил мўмин бўла олмайди», дедилар».

У зотдан ўрнак олиш лозимлиги

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:
«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган.
Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўр-нак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин!

У зотга солавот айтиш ҳақида

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Аҳзоб» сурасида:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деган (56-оят).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Му-ҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ тао-лонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда.
Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор.
Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.
Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.
Ояти каримада таъкидли хабардан ке-йин мўминларга:
«Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.
Бу амрга биноан ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.
Амалда эса, охиргиси–ҳар номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, худди шу савол ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда пайдо бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку биламиз, аммо саловот айтиш қандай бўлади?» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар.
Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сийғада саловот айтиш шарт эмас. Турли сийғада айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, айтиш керак.
Баъзи кишиларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Бу муҳтамал саволга жавоб шуки: Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», деганлар.
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ тао-лонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофиъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:
«Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», деганлар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оят ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи-шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

У зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш лозимлиги

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш вожиб бўлганидан у зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш ҳам вожиб бўлади.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганмай туриб, у зотга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш имкони ҳам йўқ.
Бу масалада, бошқа кўпгина ҳолатлардаги каби «Вожиб амални бажариш учун унга олиб борадиган нарса ҳам вожибдир» қоидаси кучга киради.
Шунинг учун ҳам мусулмон уммати ўзининг дастлабки давридан бошлаб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганишга алоҳида аҳамият бериб келмоқда.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида саҳоба киром у зотнинг ҳаётларида содир бўладиган ҳар бир нарсани қанчалик аҳамият билан ўрганиб борганлари, ҳар бир сўзлари, ҳаракатлари, имо-ишораларини ҳам яхшилаб ёдлаб борганлари маълум ва машҳур.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафийқул аълога интиқол қилганларидан ке-йин мусулмон уммати у зотга тегишли бўлган ҳар бир нарсани кўз қорачиғидек асрашга, ёдлашга ва қадрлашга беқиёс аҳамият бериб келди. Мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримни саҳифаларга ёзиб бўлганидан кейин биринчи ўринда ёзган нарсаси ҳабиб пайғамбарларининг сийрати шарифлари бўлди.
Аввалги сийрат китобларини ёзилишида Ваҳб ибн Мунаббаҳ (10–34 ҳ.с.), Урва ибн Зубайр (23–94 ҳ.с.), Абон ибн Усмон ибн Аффон (22–105 ҳ.с.)лар ҳаммага ўрнак бўлдилар. Кейинроқ, Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом каби сийрат илми имомлари кўзга кўриндилар.
Мусулмонлар оммаси айнан мазкур сийрат уламолари ёзган китоблардан ўз пайғамбарлари алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва хил-қатларини ўрганар ва амал қилиб, ўрнак олар эдилар.
Вақт ўтиши билан турли халқлар, миллат ва элатлар вакиллари мусулмон бўлди, одамларнинг ташвишлари кўпайиб, бир неча жилдли, ровийлар санади билан битилган китобларни ўрганишлари қийинлашиб қолди.
Уламолар бу ҳолатни эътиборга олдилар ва уни муолажа қилишга ўтдилар. Керакли уриниш ва изланиш ҳамда илмий ишлардан кейин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида мухтасар сийрат китоблари юзага чиқди. Кишилар уларнинг ёрдамида ўзларининг ҳабиб пайғамбарлари ҳаётлари, сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва хилқатларини ўрганадиган бўлдилар.
Турли сабабларга кўра, вақт ўтиши билан халқ оммаси яна пайғамбар алайҳиссалом ҳақларидаги маълумотларни ўрганишда қийналадиган бўлиб қолди. Бу ҳол ўша вақтдаги мусулмон уламолар ва раҳбарларни ташвишга солди. Одамларга Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги керакли маълумотларни осон ва таъсирли услубда етказиш ташвишини қилдилар. Охири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва сифатлари ҳақида шеърий услубда қисқа ва жамловчи асарлар тайёрлаб, халқ оммасини тўплаб ўқиб эшиттиришни маъқул кўрдилар. Бу ишни амалга ошириш учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ва ойлари танланди.
Бу таклиф ҳаммага ёқиб тушди. Ироқда бошланган бу иш зудлик билан Ислом оламининг турли тарафларига тарқалди. Юқорида зикр этилган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларидаги шеърий асарлар «Мавлудун-набий» ёки «Мавлуд» деб аталди. Аста-секин мавлуд ўқиш ва у зотга салавот айтиш одамлар орасида одат тусига кирди. Вақт ўтиши билан бошқа ишлардаги каби бу ишда ҳам асл мақсаддан оғиш, баъзи бир бидъат ва хурофотларга берилиш ҳолатлари ҳам содир этилган бўлиши бор.
Бизнинг диёрларимизда мавлуд маросимларида шомлик олим ва шоир Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Мавлуд» асарини ўқиш одат тусига кириб қолган ва ҳозиргача давом этмоқда. Бошқа юртларда мазкур асарни ва бошқа асарларни ҳам ўқилади. Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Тоиф ва бошқа Ҳижоз шаҳарларида турли шоирларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида айтган шеърларидан намуналар ўқилади.

Мавлуд ҳақидаги хилоф

Мавлуд маросими кўпгина ихтилофларга сабаб бўлган ва бўлиб келаётган масалалардан бири ҳисобланади. Кўпчилик мусулмонлар мавлуд қилганлар ва қилиб келмоқдалар. Бир тоифа мавлудга қарши чиққан ва қарши чиқиб келмоқда.
Мавлудга қарши чиқадиганлар: бу иш бидъатдир, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир», деганлар, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларнинг даврида мавлуд деган нарса бўлмаган, Қуръонда ва Суннатда мавлуд қилиш ҳақида буйруқ йўқ, дейдилар.
Мавлуд тарафдорлари, дастлабки вақтларда мавлуд бўлмаган бўлса ҳам, қадимдан ҳамма мавлуд қилиб келган, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни эслаш, у зотга солавот айтиш ва ҳаётларини ўрганиш ёмон иш бўлармиди?!, дейишади.
Мавлудга қарши чиқадиганлар: мавлуд пайтида ширк ишлар юзага келади. Ҳар хил ношаръий амаллар қилинади. Шариатда йўқ ишни қилиш савоб эмас, гуноҳ бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган бўлса, у мардуддир», деганлар, дейдилар.
Мавлуд тарафдорлари: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиром қилиш, у зотнинг сийратларини ўрганиш ва ўргатиш ҳамда у зотга саловот айтиш шариатда йўқ дейиш мутлақо нотўғри гап. Қуръонда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга амр бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу ишга ундаганлар. Катта уламолар бу ишни тўғри деганлар. Улар мавлудга қарши чиқадиганларча илмсиз эмаслар, дейишади.
Орадаги низо кучайиб бориб, бир-бирларини турли оғир айблар билан айблаш, устлардан ҳар хил ҳукмлар чиқаришгача етадилар. Гоҳида оғзаки тортишувлар етишмай қолиб, амалий ҳаракатларга киришиб кетилган ҳоллар ҳам бўлган.

Мавлудга қарши гап намунаси

Адолат юзасидан ва билиб қўйиш учун мавлудга қаршиларнинг гапидан намуна келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар деб ўйлайман.
Бунинг учун «Сўфийлик меъзонлари Қуръон ва Суннат ёғдусида» номли китобни олдик. Бу китобнинг 277-бетидан «Мавлудлар бидъати» деб номланган мавзу бошланган. Муаллиф аввал Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида гапирган, учта оятини далил қилган ва шарҳлаган ҳамда саҳобаларнинг бу борадаги ишларини мадҳ қилган. Сўфийлар бунга зид иш қилишларини айтган.
Кейин «Мавлудлар динга хилофдир» деб сарлавҳа қўйган ва бу бир неча жиҳатдан эканини таъкидлаган.
«Биринчи жиҳат:
«Мавлудлар яҳудийлар, насоролар ва бутпарастларнинг суннатидир. Улар буни рози қиладиган амал ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, бу ишлар ширк, бутпарастлик ва бидъатдир. «Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам...» (Фотир, 8-оят).
«Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин» (Каҳф, 103-104-оят).
Сўфийлар мазкур бидъатларда насоролар ва бошқаларга тақлид қиладилар ва ўшаларни рози қилишга уринадилар!».
Кейинроқ Жабартий деган одамнинг «Ажойибул осор» номли китобидан иқтибос келтиради:
«Мавлудлар ва жамиятлар иши бошланиб, франсаликлар одамларга бу ҳақда рухсат берди. Чунки улар бу ишларда шариатдан чиқиш, аёлларнинг тўпланиши, шаҳват ва лаҳвнинг ортидан эргашиш ва турли ҳаром ишларни кўрган эдилар. Шунинг учун мавлуд бошқа қайта тикланган ишлар қатори қайта тикланди».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, ўзингиздан олдин ўтганларнинг суннатига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасиз. Ҳаттоки зобб-нинг уясига киришса, сиз ҳам кирасиз», деган ҳадисларини келтиради.
Мулоҳаза:
Ушбу сатрларни ўқиган одам мавлудни фақат жиноятчи ва шариатни оёқ ости қиладиган одамлар ўтказадилар, деган фикр-га келади. Боз устига мавлудчилар кофир ва бутпарасларни рози қилиш учун фаолият кўрсатар экан, деган фикрга келади. Бу фикр эгасига қуйидаги саҳиҳ ҳадисни эслатамиз.
Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимда) Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб яҳудийлар Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:
«Бу нима?», дедилар.
«Бу – солиҳ кундир. Бу – Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен, сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар».
Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларини нима деб баҳолаш мумкин, деб сўраймиз. Кейин «Бош-қаларга тақлид ва ношаръий ишлар қилмай мавлуд ўтказаётганларга нима гап айтилади, деб сўраймиз.
«Иккинчи жиҳат:
«Мавлудлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг суннатлари, саҳобалар ва дастлабки уч аср авлодининг йўли эмас. Бу мавлудлар мазкур асрлардан кейин тўртинчи асрда зиндиқ фотимийлар томонидан ва еттинчи асрда шомдаги Малик Музаффар томонидан бидъат ўлароқ ташкил қилинган».
Кейин аввалгига ўхшаш матн Али Маҳфуз деган одамдан нақл қилинади. Бу матн-да мавлудлар олтита: мавлудин-набий, мавлуди Али, мавлуди Фотима, мавлуди Ҳасан, мавлуди Ҳусайн ва мавлуди халифа эканлиги айтилади.
Мулоҳаза:
Бу бўлимда ҳам бизга умуман бегона гаплар айтилмоқда. Қачондир, кимдир ушбу айтилган нарсаларни қилган бўлиши мумкин. Аммо буни ҳаммага умумийлаштиришга кимнинг ҳақи бор?!
Учинчи жиҳат:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мавлудларни билмаганлар. Уларнинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари кучли бўлишига қарамай Аллоҳга мавлуд орқали ибодатқилмаганлар!».
Кейин Шотибийнинг бидъат ҳақидаги таърифини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган бўлса, у мардуддир», деган ҳадисларини келтиради ва шарҳ қилади.
Охир оқибат, хулоса қилиб қуйидаги гапларни айтади:
«Бас, сўфийларнинг мавлудлари нашавандларнинг дастурхонларидир. Зотан, наша ўсимлигини ўшалар кашф қилганлар. Бу мавлудлар баччавозлик, аёлларни овлаш йиғинларидир!».
Мулоҳаза:
Нашавандлик, баччавозлик ва хотинбозликсиз мавлудлар йўқми? Агар бор бўлса, ҳукми қандай бўлади?!

Нима қилмоқ керак?

Мавлуд ҳақидаги тортишувларни илм тарозисига солиб тортса бўладими? Инсоф билан таҳлил қилишнинг иложи борми? Бу масаланинг тарихини ва тафсилотини ўрганиш имкони борми? Ёки бу жанжал фақат жанжал бўлиб қолиши учун юзага чиқ-қанми?
Бунинг учун, менимча, олдин бидъат нималигини англаб етишимиз керак. Англаб етганда ҳам, ҳар ким ўзича эмас, катта уламоларнинг таърифлари ва кўрсатмалари асосида назар солмоғимиз лозим.

Бидъат нима?

«Бидъат» сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.
«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб таҳлил қилган мутахссислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.
Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шомалар, моликийлардан Қурофий ва Зарқонийлар, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зо-ҳирийлардан Ибн Ҳазмлар кирадилар.
Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръон ва Суннатда йўқ ва динда янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.
Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб унда:
«Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.
Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:
1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки, бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Бу нарса Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.
2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.
3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.
4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.
5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ ва киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.
Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатни мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:
1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».
2. Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: Кимдир ўзи намоз ўқимоқда. Кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар:
«Менимча анавуларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбанинг ортидан жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди. Умар:
«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал» деди. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди.
Бухорий ривоят қилган.
3. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб Зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, яхши бидъат, деди».
Кўпчилик мазкур таърифга оид бидъатни майдалаб ўтирмай иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва бидъат икки хил бўлади: бидъа-ти ҳасана–яхши бидъат ва бидъати саййиъа–ёмон бидъат, дейдилар.
Иккинчи йўналишдаги уламолари имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамийлар, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймиялар бўлиб, уларнинг фикрича бидъатнинг барчаси, ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.
Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифидир. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган:
1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш билан Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.
Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгартиш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.
Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат эканлиги таъкидланган.
Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан бири ҳисобланади ва бидъатга қарши туришда энг ашаддийлардан биридир.
Ҳақли равишда нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз: имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган, деб жавоб берганлар.
Имом Шотибийнинг биринчи–тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади деганларнинг фикри, иккинчи–кенг таърифида эса бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.
Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.
Иккинчи йўналишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.
Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига–жавҳарига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши керак экан. Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилгандир:
1. Оиша розияллоҳу анҳодан имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар томонидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз деганларидир.
2. Жобир розияллоҳу анҳудан имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».
Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди. Пай-ғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган ва ҳоказолар эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.

Мавлуднинг ҳукми

Юқорида барча мазҳабларнинг кўзга кўринган уламолари иштирокида бидъатнинг нималигини билиб олганимиздан ке-йин мавлуднинг ҳукми ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтсак, маъқул бўлса керак.
Бидъатни ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръон ва Суннатда йўқ, динда янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдиган йўналишдаги уламолар гапига амал қиладига бўлсак, мавлуд мандуб бидъатлар қаторига кириши турган гап. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, мавлуд бидъати ҳасана бўлади.
Иккинчи йўналишдаги, бидъатни икки хил таъриф қилган ва:
«Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш билан Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.
Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади», деган уламоларнинг гапини оладиган бўлсак, мавлуд умуман бидъат бўлмайди. Чунки ҳеч ким, ҳеч қачон мавлудни диннинг жавҳарига оид нарса демаган ва демайди ҳам.
Иккинчи йўналишдаги таърифга би-ноан мавлуд бидъат бўлмаса, нима бўлади, деган ҳақли савол юзага келиши турган гап.
Ҳар биримиз дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборатлигини яхши биламиз. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер курасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди.
Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.
Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосини ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар.
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва Суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб иш юритганлар. Мазкур таълимотлар асосида қуйидаги манбалар асосида ижтиҳод қилиш қоидаларини ишлаб чиққанлар:
1. Қуръон.
2. Суннат.
3. Ижмоъ.
4. Қиёс.
5. Истеҳсон.
6. Шаръу ман қоблана.
7. Масолиҳул мурсала.
8. Урф.
9. Мазҳабус саҳобий.
10. Истисҳоб.
Бу манбаларнинг кейинги саккизтаси аввалги иккитасига боғлиқ, икковларидаги таълимотлар асосида бўлади. Аввалги тўрттасида барча фақиҳлар иттифоқ қилганлар ва уларни шу тартибда манба деб олганлар. Қолганларида ихтилоф бор. Баъзиларини олиб, қолганларини олмаганлар ҳам бор.
Албатта, ҳозир биз мазкур манбаларнинг тафсилотини ўрганиш мақсадида эмасмиз. Шунинг учун ўзимизга керак мавзу-мавлуд қайси манба асосида жорий бўлган деган саволга жавоб ахтарамиз.
Уламоларимиз мавлуд «Масолиҳул мурсала» асосида амал қилинган нарсадир, дейдилар. «Масолиҳул мурсала»нинг луғатдаги маъноси «эркин қўйилган манфаатлар» десак, хато қилмаган бўламиз.
«Масолиҳул мурсала»нинг усули фиқҳ илмидаги истилоҳий маъносини билиб олиш учун бир оз муқаддима қилишимизга тўғри келади.
Ислом шариатнинг барча таълимотлари уч хил манфаатни кўзлаган бўлади:
1. Зарарли нарсаларни қайтариш.
Бунга эришиш учун беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, обрў ва ақлни муҳофаза қиладиган таълимотлар ва қонун-қоидалар жорий қилинган.
2. Фойдали нарсаларни жалб қилиш.
Бунга эришиш учун ҳаётда ҳожат тушиб турадиган ибодат ва муомалот каби ишларда одамлардан ортиқча қийинчиликни кўтариш бўйича таълимотлар жорий қилинган.
3. Карамли ахлоқлар ва гўзал кўринишлар тақозоси бўйича юриш.
Бунга эришиш учун таҳсийниёт–яхшиловчи ҳукмлар жорий қилинган.
Ушбу уч турли манфаатларни шариат эътиборга олиши ёки олмаслиги бўйича уч йўналиш бор.
1. Эътиборли манфаатлар.
Буларни шариат эътиборга олиб, уларни сақлаш борасида тадбир-чоралар кўрган. Мисол учун, беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, обрў ва ақлни муҳофаза қилиш учун уларга тажовуз қиладиганларга қарши жазоларни белгилаган.
2. Эътиборсиз манфаатлар.
Буларда баъзи бир манфаат бўлиши мумкин. Аммо зарари манфаатидан кўп бўлгани учун ўша оз манфаати эътиборга олинмаган. Мисол учун, қимор ва хамрда пул топиш манфаати бор. Аммо бу икки нарсанинг зарари фойдасидан кўп. Шунинг учун шариатда уларнинг озгина фойдасида воз кечилган.
3. Эркин қўйилган манфаатлар.
Булар ҳақида шариатда маълум бир кўрсатма йўқ. Уларни қиёс қиладиган ҳужжат ва далил ҳам йўқ.
Эркин қўйилган манфаатлар ибодатларда бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма иттифоқ қилган. Аммо ибодатлардан бошқада «Масолиҳул мурсала»–«Эркин қўйилган манфаатлар»ни ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари шариат манбаларидан бири деб қабул қилганлар.
Хулосасини айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар «Масолиҳул мурсала»ни эътиборга оладилар ва уни ишлатадилар.
Зотан, шариатнинг асосий мақсади бандаларнинг икки дунёдаги саодатларини таъминлашдир. Қуръон ва Суннатдаги барча ҳукмлар айни шу мақсадда жорий қилинган. Бандаларнинг майда-чуйда манфаатлари эса тугамайди. Вақт ўтиши билан янгиланиб туриши ҳам бор. Шунинг учун шариат булар учун очиқ майдон қолдириб қўйган. Қуръон ва Суннатда зикр қилинмаган масалаларни улардан олинган қоидалар асосида умматнинг уламолари ҳал қилиб бораверадилар. Уламолар бунда Исломнинг фойдани жалб қилиш, зарарни даф қилиш қоидасини маҳкам тутадилар. Бу жараён қадимдан бўлиб келмоқда.
«Масолиҳул мурсала»нинг шариат манбаларидан бири бўлиши учун учта шарт қўйилган:
1. Шариат мақсадларига мувофиқ бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» асосида жорий бўлаётган иш шариатнинг асл қоидаларига ва далилларига хилоф бўлмаслиги шарт.
2. Маъносиниг охиригача ақл етадиган ва йўналиши батафсил идрок қилинадиган бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» таҳорат, намоз, рўза каби маъносининг охиригача ақл етмайдиган ва йўналиши батафсил идрок қилиш имкони йўқ ибодатларда жорий қилинмайди.
3. Зарурий нарсаларни муҳофаза қилишга қаратилган бўлиши.
«Масолиҳул мурсала» дин, мол, жон, обрў ва ақл каби зарурий нарсаларни му-ҳофаза қилишга ёки динда қийинчилик туғдириши мумкин бўлган нарсаларни бартараф қилишга қаратилган бўлиши шарт.
«Масолиҳул мурсала» асосида қабул қилинган энг машҳур амалларга усулул фиқҳ уламолари Қуръони Каримни жамлаб китоб ҳолига келтириш, девонларни ташкил қилиш, жума намозида имом минбарга чиққанда айтиладиган азондан аввал бир азон айтиш, ҳибсхоналар қилиш каби ишларни мисол қилиб келтирадилар. Жумладан, мавлуд ҳам кейинроқ «Масолиҳул мурсала» асосида жорий бўлган нарсалардан биридир.

Катта уламолар мавлуд ҳақида

Мавлуд ҳақида уламоларнинг гаплари ҳақида маълумот ахтариш давомида биринчи бўлиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фии шарҳил минҳож» китобидаги матн эътиборимни тортди. Уни ўқиб чиққандан сўнг мақсадни баён қилиш учун етарли деб билиб бошқаларини ахтаришдан воз кечдим. Мазкур матнни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдим. Чунки, мазкур матндан кўп нарсаларни англаб олиш имкони бор экан. Жумладан, мавлуд ҳақида баҳс юритган уламоларнинг вакиллари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Мазкур матн бошидан-охиригача машҳур аллома, ҳофиз Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳ, алайҳга оид бўлиб, биз номини айтиб ўтган китоб эгаси Ибн Ҳажар Ҳайтамий у кишидан тўлиқ кўчирган.
Матнни эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин унда номи зикр қилинган ва мавлудни қўллаб-қувватлаган уламолардан фақат иккиталари ким эканлиги ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш масалани англаб етишга ёрдам берар, деб умид қилишимизга сабаб бўлди.
Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий. Муҳаққиқ ва машҳур олим. Ўта машҳур ва фойдали китоблар муаллифи. 849 ҳижрий сананинг Ражаб ойида таваллуд топган. Саккиз ёшлигида Қуръонни хатм қилган. Кўплаб матнларни ёд олган. Ёзган китобларининг сони беш юзтадан ошган. Китобларининг шуҳрати ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ.
У киши ўз замонасининг ҳадисга оид барча илмларида пешқадам ҳам бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёддан билган ва яна бошқаларини топсам ёдлар эдим, деган. Қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, ҳаммага маълум ва машҳур «Жалолайн» тафсирининг икки муаллифидан бири худди шу имом Жалолиддин Суютий бўладилар.
Энди, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фии шарҳил минҳож» китобидаги матнни шарҳлашга ўтайлик. Шарҳдан ажраб туриши учун матннинг остига чизиқ қўйдик.
Ҳофиз Суютийнинг фатволарида, валийма бобида Робийъул-аввал ойида мавлудиннабий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўладими, йўқмилиги ҳақида сўралди.
У киши қуйидаги жавобни берди:
«Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тар-қалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир.
Уни қилган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлудлари муносабати ила хурсанчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».
Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг мавлуд ҳақидаги бу фатволаридан бир неча хулосалар чиқариб оламиз.
1. Мавлуд бидъати ҳасанадир.
Мавлудда қуйидаги ишларни қилишга рухсат берилади:
2. Қуръон тиловати.
Иложи бўлса, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятларни ўқиб, ҳар қавм ўз тилида тафсир қилса, жуда ҳам яхши бўлади.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни ривоят қилиш.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш даврларида бор жаҳолат ҳолатини, у зотнинг хайр ва барака бўлиб туғилганларига оид саҳиҳ ривоятларни ўқиб, таржима ва шарҳ қилиб берилса, халқ оммаси керакли маълумотни олган бўлади.
4. У зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилиш.
Бунда асоссиз, муболағали ва тўқима хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи китобларда ана шундай нарсалар аралашиб қолганини унутмаслик керак. Ҳадис ва ишончли сийрат китобларида келган хабарларнинг ўзи етарли.
5. Охирида егулик нарса улашиш.
Бунда ҳам ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўймаслик лозим.
6. Бошқа нарсаларни зиёда қилмай тар-қалиб кетиш.
Яъни, юқорида зикр қилинган нарсалардан ортиқча иш қилмаслик керак. Бизнинг одамларимиз бундан бошқа нима бўлиши мумкин, дейишлари мумкин. Бошқа ерларда, хусусан, арабларда турли бидъат ва хурофот ишлар бўлган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютий бу шартни алоҳида таъкидламоқдалар.
7. Мавлуд қилган одамга савоб берилиши.
Бу савоб мавлуд қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлудлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади.
Кейин яна қуйидагиларни зикр қилган:
«Буни биринчи бўлиб қилган шахс Ирбилнинг Каттаси Малик Музаффар бўлган. Унинг ҳузуридаги мавлудга уламо ва сўфиларнинг аъёнлари ҳозир бўлар эди. Сўнгра Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳя унга (Малик Музаффарга) мавлудин-набий ҳақида бир китоб тасниф қилди ва «Танвийр фии мавлуди башийрин назийр» деб номлади.
Имом Жалолиддин Суютийнинг маълумотлари бўйича биринчи бўлиб мавлуд маросимини ташкил қилган одам Ирбилнинг Каттаси Малик Музаффар бўлган.
Бу гапни бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шайх Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадияту тасаввуфил исламий» номли китобда қуйидагиларни айтади:
«Мавлудин-набийни биринчи бўлиб нишонлаган шахс Малик Музаффар (Тоғрил) Ироқдаги Ирбилнинг подшоҳи бўлган. У имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан бу ишни қилган».
Дастлабки мавлуд маросимлари катта уламолар ва сўфийлар ҳузурида бўлгани алоҳида эътиборга сазовор ҳолдир.
Яна мавлуд ҳақида китоблар ёзилгани ҳам бежиз эмас.
Сўнгра моликийларнинг кейингиларидан Фокиҳоний номи билан машҳур бўлган шайх Тожиддин Умар ибн Али Лахмий Сакандарий мавлудин-набий ёмон бидъат эканини даъво қилиб чиқди ва бу ҳақда «Ал-Маврид фил калами ала амалил мавлуд» деган китоб ёзди.
Ўша вақтда оз бўлса-да мавлудга қарши чиққанлар ва ҳатто бу масалада китоб ёзганлар бўлган экан.
Ҳофиз Абул Хаттоб ўша китобни аввал ҳаммасини кўчира туриб, кейин бирма-бир чиройли танқид қилди ва балоғатли рад-диялар берди. Аллоҳ бундай Ҳофизнинг хайрини берсин!
Аммо мавлудга қарши бўлганларга ўз ўрнида ва қойиллатиб илмий жавоб ҳамда раддиялар берилган экан.
Асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлуд ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:
«Мавлуднинг асли бидъат бўлиб, унинг ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди».
Аввало, бутун бошли бир асрнинг ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар кимлигини билиб олайлик.
У киши Ҳофиз, Шайхулислом Абул Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдир. Бу зот ҳижрий ҳисоб бўйича 773 - 852, мелодий ҳисоб бўйича 1372 - 1449 йилларда яшаб ўтган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ҳадис, тарих, фиқҳ, адабиёт, усулуд-дин ва усулул-фиқҳ бўйича ёзган китоблари юз элликдан зиёддир. Жумладан, бутун дунёга машҳур «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китоби ҳам Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансубдир. У кишининг «Исоба фии тамйизис Саҳоба» китоби ҳам ўз бобида тенги йўқ китоблардан ҳисобланади.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг мавлуд ҳақидаги гаплари ҳам бу борада асос бўладиган гаплардандир. Улардан қуйидаги фойдаларни оламиз:
1. Биринчи уч асрда мавлуд бўлмагани.
2. Ўша вақтдаги мавлудларда яхши ва ёмон нарсалар аралаш бўлгани.
3. Мавлуднинг яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлинса, бидъати ҳасана бўлиши.
4. Мавлуддан кўзланган яхши мақсадлардан бошқа нарсани аралаштириб бўлмаслиги.
Имом Жалолиддин Суютий гапларининг давомида яна қуйидагиларни айтади:
Сўнгра менга бу ишни собит асосдан чиқариб олиш зоҳир бўлди. Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимда) Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб яҳудийлар Ошуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:
«Бу нима?» - дедилар.
«Бу солиҳ кундир. Бу–Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен, сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар».
Мана шундан Аллоҳга муъаяян кунда берган неъмати ва балони рад қилгани учун шукр қилиш ҳамда уни ҳар йили ўша кунда қайтариб туриш жоизлиги истифода қилинади. Аллоҳга келтириладиган шукр сажда, рўза, садақа ва тиловат каби турли ибодатлар билан адо этилади. Ўша кунда раҳмат набийси бўлган набийимизнинг дунё-га келишларидан ҳам улуғ неъмат борми?! Шунинг учун, Ошуро куни Мусонинг қиссасига тўғри келадиган тайинли бир кунни ихтиёр қилиш лозим бўлади. Ким буни мулоҳаза қилмаса, ойнинг қайси кунида бўлса ҳам мавлуд қилаверади. Баъзи бирлар бундан ҳам кенг олиб, йил бўйи қиладилар. Булар мавлуднинг аслига тегишли гаплардир.
Энди ўша кунда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, улар шукр маъносини англатадиган, аввал айтиб ўтганимиз тиловат, садақа, таом улашиш, набийни мадҳ этувчи ва қалбларни ҳаракатга келтирувчи зоҳидлик шеърларини ўқиш, яхшилик ва охират учун керак ишларни қилишдан иборат бўлиши лозим.
Аммо самоъ ва лаҳв нарсалар ҳақида айтиш лозимки, хурсандчиликка сабаб бўладиган мубоҳ нарсалар бўлса, ҳечқиси йўқ. Лекин ҳаром ва макруҳ нарсалардан ва яхшиликка хилоф бўлганларидан тийилиш керак.
Имом Жалолиддин Суютий ушбу қитъа-да мавлуднинг савобли иш эканига, уни қилиш жоиз эканлигига ҳадиси шарифдан далил келтирмоқдалар. Яҳудийлар нишонлаб келган Ошуро кунини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам биз ҳам келаси йили рўза тутамиз, деб қабул қилишлари мавлудга ўхшаш нарсаларни жорий қилиш мумкинлигига асос қилиниши мумкинлигини айтмоқдалар.
Шу билан бирга, Имом Жалолиддин Суютий мавлуднинг асли, уни қачон қилиш мумкинлиги ва унда қилинадиган ва қилинмайдиган амаллар бўйича ҳам умумий қоида бўладиган ибораларни келтирмоқдалар. Бу ибораларни мавлуд қилиш тарафдорлари яхшилаб ўрганишлари ва уларга амал қилишлари лозим.
Сўнгра зикр қилиндики, Ҳофиз Ибн Носириддин ўзининг «Вирдис Содий фии мавлудил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади:
«Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабдан дўзахнинг азоби енгиллатилади. Чунки, у шу куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан масрур бўлиб Сувайбани озод қилган. Шеър:

Икки қўли қурисин деб ёмонланган кофирга.
Жаҳаннамда абадий қолдирилган кофирга.
Аҳмад туғилганига масрур бўлган кофирга.
Ҳар душанба азоб енгил бўлса бу кофирга.
Умр бўйи Аҳмаддан масрур бўлган мўминга.
Не мукофоту шараф, не мақомлар бўларкин».

Бу қитъада Имом Жалолиддин Суютийдан бошқа олимлар ҳам мавлуднинг жоизлигига далил келтирганларига намуна сифатида Ҳофиз Ибн Носириддин «Вирдис Содий фии мавлудил ҳодий» номли китобида келтирган гаплари тақдим қилинмоқда.
Юқорида келтирилган маънони имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ҳам топамиз:
«Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси бўлган. Абу Лаҳаб уни озод қилган. Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан кейин баъзи аҳли уни тушида жуда ёмон ҳолда кўрган. Унга, сенга нима бўлди, деб сўраган. Абу Лаҳаб унга, сиздан кейин Сувайбани озод қилганим учун мана шунча суғорилганимдан бошқа яхшилик кўрмадим, деган.
Имом Бадриддин Айний ушбу ривоятнинг шарҳида: «Суҳайлий зикр қилишича, Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган:
«Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб уни тушда жуда ҳам ёмон ҳолда кўрдим. У менга, сиздан кейин ҳеч бир роҳат кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатилмоқда, деди. Бунинг сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилдилар ва Сувайба Абу Лаҳабга у зотнинг мавлудларини суюнчилаган ва Абу Лаҳаб шунинг учун уни озод қилганлигидандир».
Бошқа уламолар ҳам мавлуд қилиш жоиз-лигига турли далилларни келтирганлар. Аммо биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Хулоса шуки, умматнинг улкан уламолари мавлуднинг жоизлигини таъкидлаганлар ҳамда керакли ҳужжат ва далилларни тақдим қилган эканлар.

Нима учун хилоф қиламиз?

Юқорида зикр қилинган мавлудга рухсат берган улуғ уламоларнинг далил ва ҳужжатларига қарамай, мавлудга қаршиларнинг гаплари баъзи ношаръий ишларни рўкач қилишдан бошқа нарса эмаслигига қарамай, бир тоифа ватандошларимиз мавлудга ашаддий равишда қарши чиқишни ўзларининг асосий масъулиятлари деб биладилар. Улар: мавлуд бидъатдир, у Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳнинг давр-ларида йўқ эди, кейин пайдо бўлган янги нарсадир, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», деганлар. Ким мавлуд қилса, у бўлади, бу бўлади, деб такрорлашдан чарчамайдилар.
Ўз-ўзидан «бундан нима фойда бор?» деган савол пайдо бўлади. Хилофчи тоифа бунга нима деб жавоб беради, билмаймиз. Аммо ўзимиз бу маънода ўйлаб кўрайлик.
Мавлуд масаласида хилофчи тоифанинг барча гапларини қабул қилдик, деб фараз этайлик. Бидъатнинг яхшиси йўқ, ҳаммаси залолат дейлик. Мусулмон умматининг барчаси қадимдан ҳозиргача иттифоқ қилиб келган буюк ҳақиқатни инкор қилиб, шариатга Қуръон ва Суннатдан бошқа манба йўқ ҳам дейлик. Мавлуд шу асосда ҳеч нарсага арзимайдиган нарса ҳам дейлик.
Аммо умматнинг эътиборли уламолари ихтилоф қилган масалада талашиб-тортишиш мумкин эмас, деган қоидага нима деймиз?!
Иттифоқ қилган нарсамизда ҳамкорлик қиламиз. Ихтилоф қилган нарсамизда бир-биримизнинг узримизни қабул қиламиз, деган улуғ қоида нима бўлади?!
Ахир Аллоҳга даъват қилиш, амри маъруф ва наҳйи мункарнинг бош одобларидан бири мункарлигига уммат ижмоъ қилган нарсага қарши биргаликда курашиб, мусулмонлар ихтилоф қилган ижтиҳодий масалаларга шўнғимаслик эмасмиди?!
Ёки ҳаётимизда мавлуддан бошқа эътибор берадиган нарса қолмадими?!
Ҳеч бўлмаганда очиғини тан олайлик. Бу масалада мусулмонлар жумҳури билан бир гуруҳ орасида ихтилоф бор, дейлик. Бу каби масалаларда бир-бирини маломат қилиб бўлмайди, дейлик.

Мавлудчиларга

Мавлуд тарафдорлари эътибор беришлари лозим ишлар ҳам анчагина. Аввало, мавлуднинг ҳақиқатини ва ундан кўзланган мақсадларни равшан билиб олиш керак. Бу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказиш лозим. Энг муҳими, мавлуд маросимлари ҳақидаги майда ихтилофларга барҳам бериш зарур. Минг афсуслар бўлсинки, бу хилдаги ноқулай ҳолатлар кўпчиликни ташвишлантиришига қарамай, давом этиб келмоқда.
Маҳалли қиём ҳақида ва унда ўқиладиган матн ҳақидаги ихтилофлар кўпчилик афсусига сабаб бўлмоқда. Мавлуд яхши ният билан бошланган иш бўлганидан ке-йин унда бу каби ноқулай ҳолатларнинг юзага келиши тамоман мақсадга номувофиқ ишдир.
Маҳалли қиёмда–яъни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ҳақидаги хабар ўқилганда мавлуд иштирокчиларининг ўриндан туришлари жуда ҳам тортишадиган масала эмас. Туришни истаганлар турсин, истамаганлар турмасин. Аммо, энг муҳими, ихтилоф қилмасин, бирбирлари билан жанжал қилмасин.
Ўша пайтда «муҳаяян» деб ўқиладими ёки «толаъал бадру»ми деган тортишув ҳам худди аввалгисига ўхшаш. Тортишишнинг ўрнига иккисини ҳам ўқиб қўйса, айб бўладими? Агар кимнинг айтганини аввал ўқиш тўғрисида талашув бўлса, қуръа ташлаб аниқласа бўлмайдими?
Нима қилиб бўлса ҳам, бу масалада мусулмонлар орасида ихтилоф қўзғалмаслиги учун чора кўриш лозим. Мандуб бидъат нарсани қиламан деб, ҳаром ишга қўл урмаслик лозим.
Энг муҳими, мавлуд маросимига келганлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида керакли маълумотларни олсинлар, ўзларида лозим бўлган маърифат ҳосил қилсинлар. Бидъат-хурофотларга мутлақо йўл қўйилмасин! Барча яхшиликлар тарғиб қилинсин!
Мавриди келганда, бир неча йил аввал мавлуд ҳақида эълон қилинган, аммо кўпчиликка етиб бормаган бир мақоламни ҳам эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлудлари – нурнинг туғилиши

Мана, кун ўтиб, ҳафта ўтиб, ой ўтиб яна Рабиъул-аввал ойи келди. Аҳли мусулмон бу ойнинг бошқа исмларини қўйиб, қисқа қилиб «Мавлуд ойи» деб номлайдиган ой келди. Туғилиш ойи. Ҳа, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш ойлари. У кишининг сиймоларида инсониятнинг залолат қоронғулигидан ҳидоят ёруғлигига бошловчи нурнинг туғилиш ойи. Жаҳолат ботқоғига ботиб ётган инсониятни халос қирғоғига олиб чиқувчи кучнинг туғилиш ойи. Инсониятни икки дунё саодатига эриштирувчи халоскорнинг туғилиш куни.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, дунёдаги барча миллат ва элатлар, хусусан турли динлар вакиллари ўз улуғларининг, раҳнамоларининг туғилган кунларини алоҳида эътибор билан нишонлайдилар. Кўплари эса ўша кунларни ўз тарихларининг бошланғич санаси қилиб олганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, мусулмонлар ўзларининг маҳбуб пайғамбарлари, сарвари коинот бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кун ва ойларини ўзаро ихтилофлар билан кутиб оладилар. Ҳар йили Рабиъул-аввал ойи яқинлашиши билан, «Мавлуд» номли маросим ҳақидаги ихтилофлар янгидан бошланади. Кўпчилик бу ишни қилиш яхши деса, баъзилар бу бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолат, ҳар бир залолат куфрдир, дейди.
Натижада, йиллар бўйи давом этиб келаётган ихтилоф янгидан бошланади. Яна аввал бошдан эски гаплар қўзғолади. Икки тараф бир-бирига қарши фатволар чиқаради. Бу эса ўз навбатида икки тараф ҳам иттифоқ қилган нарса–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва таълимотларини халққа етказиш ишини орқага суради, заифлаштиради.
Кўриниб турибдики, бефойда тортишувларни йиғиштириб қўйиб, ҳар икки томон ихтилоф қилаётган нарсаларида ўз фикрларида қолган ҳолда, иттифоқ қилган нарсалари набийларнинг хотими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларию сийратлари, васиятларию суннатларини халойиққа етказишга эътибор берсалар яхши бўлар эди.
Шак-шубҳа йўқки, ҳар икки томон ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз муҳаббатларининг чексиз эканлигини даъво қиладилар. Ҳар икки томон ҳам Аллоҳга муҳаббати зўр эканлигини таъкидлайди. Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш умидида эканлигини изҳор этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ўзининг қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръони азимушшаънда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан:
«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», дейди.
Аллоҳга муҳаббат борлигини даъво қилган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни орзу қилган одам ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Агар мусулмон уламолар, хутоболар, ёзувчилар ва талабалар мавлуд ҳақидаги ихтилофга сарфланаётган билим, куч-қувват, ақл-заковат, моддий ва маънавий имкониятларини юқорида зикр қилинган ҳақиқатни дунёга тарқатишга сарф қилганларида, айни муддао бўлур эди.
Шу ўринда қадимги мусулмон фотиҳлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли ҳодисани эслаб ўтиш жоиз. Ер юзига Ислом нурини таратиш, инсонларни турли тузумлар зулмидан Ислом адолатига олиб чиқиш, бандаларга қуллик қилиш хорлигидан, Аллоҳга бандалик қилиш шарафига эриштириш учун чиққан фотиҳлардан бир гуруҳи бир неча бор уринсалар ҳам бир жойни фатҳ эта олмабдилар. Ўйлаб кўришса, авваллари бундан бир қанча қийин ишларни ҳам осонлик билан амалга оширган эканлар. Аммо, бу сирни тушуна олмай хуноб бўлибдилар. Келишиб, тафаккур қилиб бу ғалати ишнинг сабабини топишга қарор қилишибди. Тузукроқ ўйлаб қарашса, ўша кунлари баъзи омилларга кўра, ҳабиб пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирига амал қила олмаган эканлар. Ҳаммалари ўзларига келиб, ўша тарк этилган набавий суннатга амал қилибдилар ва дарҳол фатҳу нусратга ноил бўлибдилар.
Ушбу қисса бугунги кунда нафақат битта суннати набавийни, балки ҳамма суннат, вожиб ва фарзларни тарк эта туриб, нима учун мусулмон бўлсак ҳам, пайғамбар уммати бўлсак ҳам муваффақиятга эриша олмаяпмиз, деяётганларнинг кўзини очиши керак.
Бундан келиб чиқиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаганлар Аллоҳга муҳаббатлари борлигини даъво қилмасинлар ҳамда Аллоҳнинг муҳаббатидан умидвор бўлмасинлар, дейиши мумкин. Чунки юқорида зикр қилиб ўтилганидек, Аллоҳнинг ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан:
«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», демоқда.
Инсониятга икки дунё бахт-саодатини таъмин этувчи илоҳий таълимотларни олиб келган, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расули акрам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслаётган бугунги кунимизда, бутун олам у кишининг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканлигини асримизнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида замонамиз муом-моларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди», деган сўзлари билан ифодалаган эди.
Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону-шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору- номусдир.
Ҳа, инсоният бугунги кунда сарвари коинот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига, у кишининг шахсий сифатларига ниҳоятда муҳтождир. Биргина ҳусни хулқ-одоб, ахлоқни олиб кўрайлик. Инсоният бугунги кунда одобсизлик, ахлоқсизлик ботқоғига ботиб ётибди. У ҳозир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлган ростгўйлик, меҳрибонлик, жувонмардлик, аҳдига вафо қилишлик, омонатдорлик, сахийлик, ҳалимлик, шижоатлилик каби кўплаб яхши сифатлар билан сифатланишга жуда ҳам муҳтож.
Комил инсон бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ахлоқ эгаси ҳам эдилар. Бу сифатни васф этиш учун оддий инсон тили ожизлик қилади. Бу борадаги васф инсонларнинг Раббиси томонидан келмишдир. Аллоҳ жалла жалолуҳу ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда Қуръони мажидда хитоб қилиб:
«Албатта, сен улуғ хулқдасан», дейди.
Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари оддий ахлоқ-одоб эмас, улуғ ахлоқ-одобдир. Бинобарин, у кишига эргашганларнинг ахлоқ-одоблари ҳам шундай бўлмоғи даркор.
Кишилар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари, мўминларнинг онаси Ошаи Сиддиқа розияллоҳу анҳодан у Зоти бобаракотнинг хулқлари қандай бўлганлиги ҳақида сўраганларида: «У кишининг хулқлари Қуръон эди», деган эканлар.
Бу дегани, у зот Қуръонда келган ҳамма яхши сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар, деганидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги яхши сифат ва таълимотларни нафақат ўзларида мужассам қилган эдилар, балки уларни ҳарфма-ҳарф ўз умматларига тадбиқ қилиб, кўрсатиб ҳам берган эдилар. У зотдан бевосита таълим олган саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ер юзида қадам ташлаб юрадиган тирик Қуръонларга айландилар. Бунинг самараси ўлароқ, улар қисқа муддат ичида бутун дунёга Ислом нури таралишига сабаб бўлдилар.
Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб мусулмонлар тирик Қуръон бўлиш уёқда турсин-у, кўплари Қуръон нималигини, унинг бирорта сурасини маромига етказиб тиловат қилишни ҳам билмайдиган ҳолга келдилар.
Қуръони азимуш-шаънда улуғ хулқ эгаси сифатида васф қилинган, ўзларининг хулқлари Қуръон бўлган, ҳусни хулқлиларнинг имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудлари-туғилишларини эслаётган бугунги кунимизда у кишига тўлиқ эргашадиган, у кишининг хулқ-ларини ўзига хулқ қилиб оладиган, у кишининг таълимотларини тўлиқ ўзлаштириб, ер юзида тирик Қуръон бўлиб юрадиган мусулмон умматининг қайтадан туғилиши учун ҳаракат бошлаш зарурлигини ҳам эслашимиз лозим.
Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслар эканмиз, у кишига содиқ уммат бўлиш аҳдини янгилаймиз.
Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини эслар эканмиз, у Зотга саловоту саломлар юборамиз, Аллоҳ таолодан бу дунёда у кишига эргашиб яшашликни насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва пай-ғамбарининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз. Омийн!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort