Дунёвий ишларда зоҳирга биноан ҳукм чиқарилади Принтер учун
12.03.2010 й.
islom.uz

Уламоларимиз ислом мусулмонлар жамоаси ҳаққидир, иймон Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, дейдилар. Иймон қалбга боғлиқ ҳақиқат бўлиб, унинг ҳақиқатидан ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа бирорта зот хабардор бўла олмайди. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Ўзининг хос ҳаққидир. Иймон бўйича баҳони ҳам, мукофот ёки жазони ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Мўмин-мусулмонлар эса, зоҳирий аломатларга қараб муомала қиладилар. Уларнинг одамлар ичидаги ҳақиқатни билишга имконлари йўқ ва бу нарса улардан талаб қилинган ҳам эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад»-ларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Жуҳайнанинг ерларидан Ҳурқага юбордилар. Биз уларни тонг чоғида босдик. Уларнинг ичида бир одам бор эди. Улар биз томон бостириб келсалар, ўша одам ичларида бизга қарши энг ашаддийси бўлар эди. Агар қочсалар, у орқаларидан ҳимоя қилиб борар эди. Мен ансорийлардан бири билан унинг устига бостириб бориб қолдим. Биз унга етай деб қолганимизда у:
«Лаа илаҳа иллаллоҳ!»–деди.
Ансорий тўхтади. Мен уни қатл қилдим.
Бас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Бас, у зот:
«Эй, Усома! Лаа илаҳа иллаллоҳу, деганидан кейин ҳам уни қатл қилдингми?!»–дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди»,–дедим.
У зот ўз гапларини қайта-қайта такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳаттоки, ўша кунгача мусулмон бўлмай турсам бўлар экан, деб орзу қилдим
».
Ушбу ривоятни имом Бухорий ва Муслимлар ҳам келтирганлар.
Ибн Исҳоқнинг ривоятида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда хабар бердик. Шунда у зот:
«Эй, Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!»–дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди»,–дедим.
«Эй, Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!»–дедилар.
У зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан Исломимдан олдин ўтгани бўлмаса эди, бугун Исломга кирган бўлсаму уни қатл қилмасам эди, деб орзу қилдим ва:
«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтган одамни қатл қилмайман!»–дедим.
«Мендан кейин ҳам-а?»–дедилар у зот.
«Сиздан кейин ҳам»,–дедим
».

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz