Дўзах Принтер учун
12.03.2010 й.
islom.uz

Дўзах Аллоҳ таоло кофир, мунофиқ ва осийлар учун тайёрлаб қўйган ва уларга азоб–уқубатлар бериладиган макондир. У ҳам жаннат каби халқ қилинган, унинг азоб–уқубатлари жисм ва руҳга оид ҳамда абадий боқий қолувчи нарсадир.

Дўзахнинг махлуқ эканига Қуръондан далил:
Аллоҳ таоло «Набаъ» сурасида қуйидагиларни айтган: «Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчидир. Туғёнга кетганларнинг қайтар жойидир» (21-22-оятлар).
Биз, «пойлаб турувчидир», деб таржима қилган ибора душманни пойлаб туришга ишлатиладиган иборадир. Йўлда, пана жойда, келса таппа босаман, деб душманни кутиб туриш «мирсод» дейилади. Жаҳаннам ҳам ҳозир халқ қилинган ва туғёнга кетган бандаларни қачон қиёмат бўлса, таппа босаман, деб кутиб турган бўлади. Қиёматда эса, вақти келиши билан уларни таппа босади.
Дўзахнинг махлуқ эканига Суннатдан далил:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, агар, мен кўрган нарсани кўрсангиз, албатта, оз кулар ва кўп йиғлар эдингиз»,–дедилар.
Одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, нимани кўрдингиз?»–дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатни ва дўзахни кўрдим»,–дедилар
».
Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган пайтида Жаброилни жаннатга юборди...» деб туриб ҳадис охирида: «Сўнг, уни дўзахга юборди. Бор, унга назар сол. Унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга назар сол»,–деди. Бас, назар солувди, қараса, унинг баъзиси, баъзисининг устига чиқаётган экан», деганлар.
Дўзахнинг азоб–уқубатлари ҳам жасад ва руҳ учун аталгандир. Баъзи бир тоифалар айтганидек, фақат руҳ учунгина эмас. Бу ҳақиқатни англаш учун Қуръони Каримдаги дўзахни таъриф қилувчи оятлардан бир-иккисини ўқишнинг ўзи кифоя қилади.
Аллоҳ таоло «Ғошия» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ўшал кунда бир чеҳралар қўрқинч билан тўладир» (2-оят).
Бу чеҳралар бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг чеҳраларидир. Уларга дўзахга тушишлари аён бўлганидан кейин қўрқинчга тўладилар.
«Улар иш бажарувчидир ва ниҳоятда чарчагандир» (3-оят).
Ҳа, улар охиратда оғир ишларни бажарадилар. Улар дўзахда ўзлари боғланган кишан ва занжирларни кўтариб юриб, дўзахнинг паст-баландларига тушиб-чиқиб, оловларга кириб юриб иш бажарадилар ва ниҳоятда чарчайдилар.
«Ўта қизиб турган оловга кирадир» (4-оят).
Дўзахнинг ўти дўзахийларнинг кириши учун ўта қиздириб қўйилган бўлади.
Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳу таъриф қилишларича:
«У роса қиздирилиб, Аллоҳнинг душманларига ғазаби қайнаб турган» бўлади. Бу дунёда кофирлик, фосиқлик, осийлик, айшу ишрат ва ҳаром-хариш билан ўтганлар охиратда ана шундоқ жойга кирадилар. Аммо, уларнинг азоб-уқубатлари бу билан тугал бўлиб қолмайди. Уларни ҳамма томондан азоб-уқубат ўраб олган бўлади. Ҳаттоки, жаҳаннам оловида қизиб чанқасалар:
«Улар қайнаб турган булоқдан суғориладир» (5-оят).
У булоқнинг суви қайнашнинг охирги нуқтасига етган бўлади. Қандоқ ҳам қаттиқ азоб-а?! Ўзи қаттиқ қиздирилган дўзахда ёниб жизғанак бўлиб турса-ю, ўта қаттиқ чанқаб, бирор ҳўплам совуқ сувга зор бўлиб турганда, суви ўта қайноқ бўлган булоқнинг суви ила суғорилса, бу, устидан ёниб турган одамни ичидан ҳам куйдиришдир.
Энди, сув ичган одам таом ҳам ейиши керак бўлади. Аҳли жаҳаннамга қандоқ таом бор экан?
«Уларга тикандан бошқа таом йўқдир» (6-оят).
Ўша жаҳаннамийларга бериладиган таом тикон, махсус тикондир. Номи «шибриқ» деган тикон навидир. У энг ёмон, энг ифлос ва энг ёқимсиз таомдир. Демак, жаҳаннамий оловда куйиб жизғанак бўлиб, ўта қайноқ булоқнинг сувидан ичиб, ички аъзолари ҳилвираб турганда, тиконни таом ўрнида ер экан. У тикон теккан ерини шилиб, титиб ўтиши муқаррар.
Шу билан бирга...
«У на семиртирмас ва на очликни кетказмасдир» (7-оят).
Демак, у фақат жаҳаннамдаги нобакорни азоблаш учун берилади. Улар ўта оч қолганларидан ўша тиконни таом ўрнида ейишга мажбур бўладилар. Шундоқ қилиб, ўта чанқаганларидан қайнашнинг юқори нуқтасига етган сувни ичиб, ўта оч қолганларидан тиконни еб, абадий «мазза» қилиб юраверадилар.
Аллоҳ таоло «Воқеъа» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Сўнгра, сиз, эй, адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар» (51-оят).
Ундан кейин, сиз Эй, иймон, ҳидоят, тўғри йўлдан адашган гумроҳлар, Эй, Пайғамбарни, илоҳий китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар!
«Албатта, Заққум дарахтидан еювчисизлар.
Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар» (Воқеа: 52-53).
Ўша машъум кунда, сиз адашганлар ва ёлғонга чиқарувчилар Заққум номли дарахтдан ейсизлар, еганда ҳам қоринларни тўлғазиб ейсизлар.
Заққум дарахт қандоқ эканини ҳеч ким аниқ билмайди. Лекин яхши нарса эмаслиги ҳаммага маълум. Шундан умуман аччиқ, ёқимсиз нарсаларни «заққум» дейишлик одат тусига кириб кетган. Бошқа бир оятда заққум дарахтининг меваси Шайтоннинг калласига ўхшашлиги айтилган. Шайтонни ҳам ҳеч ким кўрмаган. Лекин унинг энг хунук, энг ёмон нарса эканини ҳамма билади. Демак, дўзахиларнинг таоми энг аччиқ, энг хунук, энг ёмон нарса экан. Улар шу даражада оч қолар эканки, ёмонлик, хунуклик ва аччиқликда тенги йўқ ушбу нарсадан қоринларини тўлдириб олар эканлар. Азоб устига азоб, қийноқ устига қийноқ.
Албатта, қорин аччиқ нарсага тўйгандан сўнг, киши бирон нарса ичиб, оғиздаги аччиқни, қориндаги оғриқни бостиргиси келади. Шунда бу гумроҳларга нима берилади?
«Бас, устидан ўта қайноқ сувдан ичувчисизлар» (54-оят).
Яъни, заққумнинг устидан бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб ўта қайноқ сувни ичасизлар. Ичганда ҳам,
«Бас, чанқоқ туядек ичувчисизлар» (55-оят).
Оятдаги «ҳийм» сўзи чанқоқ касалига учраган туя маъносини билдиради. Маълумки, туя одатда кўп сув ичади, чанқоқ касалига учраганда эса, ичиб тўймайди. Заққумдан қорнини тўйғазиб олган дўзахилар ҳам чанқоқ босаман деб, ўта қайноқ сувни тинмай ичаверар эканлар.
«Уларнинг қиёмат кунидаги зиёфатлари мана шу!» (56-оят).
Аллоҳ таоло бунақа «Зиёфат» дан Ўзи асрасин!
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун, бош-қа тери алмаштирармиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир» (56-оят).
Куфрнинг охири яхшилика олиб бормаслиги аниқ. Куфр келтирганлар бу дунёда турли бало-офатларга дучор бўлиб ўтишлари собит бўлган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Куфр келтирганларнинг охиратда нима бўлишларини ушбу ояти карима васф этмоқда.
«Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз.»
Аллоҳнинг оятига куфр келтирганлар жаҳаннамга кириш билан чегараланиб қолмайдилар.
«Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун, бошқа тери алмаштирармиз.»
Улар кўпроқ азоб тортишлари учун терилари ҳар гал етиб пишганда, бошқа янги терилар алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул абад давом этади.
«Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.»
Шунинг учун ҳам, куфр келтирганларга мазкур азобни раво кўргандир.
Уламолар ушбу даҳшатли ҳолатни тушунтириш учун бир қанча ривоятлар келтирганлар. Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади:
«Бир одам ҳазрати Умар ҳузурларида мазкур оятни ўқиган эди, у киши:
«Бу оятни менга яна қайтариб ўқиб бер»,–дедилар.
У одам қайта ўқиди. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу:
«Бу оятнинг тафсирини мен биламан, бир соатда териси етмиш марта алмаштирилади»,–дедилар. Ҳазрати Умар:
«Худди шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман»,–дедилар.
Демак, ўт-олов кучли бўлганидан, бир зумда куйдириб жизғанак қилиб ташлайди ва яна янгидан азоб чекишлари учун тезда терилари янгиланади. Аммо у терилари бу дунёдаги териларига ўхшаш бўлмайди, Аллоҳ таоло дўзахиларнинг азобини янада кучайтириш учун териларини ҳам бошқача қилиб қўйган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса, Уҳуд тоғича бўлади», деганлар.
Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб алмашишини тасаввур қилиб олаверинг!
Дўзахнинг абадийлигига Қуръондан далиллар:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатоси иҳота қилиб олган бўлса, бас, ана ўшалар дўзах соҳибларидир. Улар унда бардавом қолурлар» (81-оят).
Аллоҳ таоло «Зухруф» сурасида қуйидагиларни айтади:
Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида абадий қолурлар. У улардан енгиллатилмас ва улар у(азоб)да ноумид ҳолда қолурлар» (74-75-оятлар).
Яъни, азоб аҳли жаҳаннамдан ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.
Аллоҳ таоло «Зухруф» сурасидаги бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:
«Улар: «Эй, Молик! Роббинг бизни битирсин!» – деб нидо қилдилар. У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», – деди» (77-оят ).
Яъни, дўзахилар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб:
«Эй, Молик! Роббинг бизни битирсин!» – деб нидо қилдилар».
Роббинг бизни йўқ қилиб юборсин. Бу ҳолга чидай олмаймиз. Бундан кўра йўқ бўлиб кетганимиз яхши, дедилар. Дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб яхши ишлар қилишга имкон бўлмаганидан, азобни енгиллатишдан умидсизликлари сабабли шундай орзу қилдилар. Бу амалга ошадиган орзуми ўзи? Бу талабга Молик нима дейди?
«У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», – деди».
Эй, жаҳаннам аҳллари, бу орзу беҳуда, Роббим сизни йўқ қилиб юбормайди. Унда сиз қилмишингиз жазосини олмай қутулиб кетган бўласиз. Сиз, албатта, жаҳаннамда ва унинг азобида абадий туриб қолишингиз керак.
Дўзахда абадий қолиш мўмин-мусулмонлардан бошқалар учундир. Мўмин-мусулмонлардан гуноҳкор бўлганлари қилган гуноҳига яраша дўзахда жазолангандан кейин жаннатга чиқариладилар. Бу ҳақда «Ақийдатут Тоҳовия»да қуйидагилар айтилган:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваҳҳид–тавҳидга ишонган ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллоҳга У зотни таниган ҳолларида рўбару бўлганларидан кейин, дўзахда бардавом қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади.
Аллоҳ Ўз китобида: «Ва ундан бошқани хоҳлаган кимса учун мағфират қилади», деган. (Нисо: 48) Агар хоҳласа, уларни Ўз адли ила азоблайди. Сўнгра, уларни Ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса, жаннатига юборади. Бу, Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчилар, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганлар ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Эй бор Худоё, Эй Ислом ва Унинг аҳли дўсти, бизни Исломда собит қил, токи сенга у билан рўбарў бўлайлик».

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri