Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди.
Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди.
Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи академиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Ҳозирда фаолият кўрсатиб турган Ислом фиқҳи академияларининг баъзилари билан қисқача танишиб чиқайлик.
ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ
Бу академия Ислом конференсияси ташкилоти–Ислом давлатлари уюшмаси қошидаги муассасадир. Унинг тўлиқ номи «Ислом конференсияси ташкилоти ҳузуридаги халқаро Ислом Фиқҳи академияси»дир. Қароргоҳи Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳри.
Ушбу академиянинг ташкил этилишидан мақсад замонавий ҳаёт муаммоларини ўрганиш, улар ҳақида фаол ва асл ижтиҳод қилиб Исломий илмий меросга асосланган ва исломий фикр тараққиётидан келиб чиққан ечимларни тақдим қилишдир. Шунингдек, фиқҳий усулий меросни ва хилоф китобларини янгилаш, тадқиқотчи фақиҳлар ва шариат уламолари учун манбаълар тақдим қилишдир.
Жиддадаги Ислом Фиқҳи академияси Ислом давлатлари раҳбарларининг учинчи олий кенгашида, Макка шаҳрида, ҳижрий 1401 – милодий 1981 йилда ташкил этилган.
Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг тасис қурултойи Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1403 сана 26–28 Шаъбон –милодий 1983 сана 7–9 июн кунлари бўлиб ўтган.
Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг биринчи мажлиси ҳижрий 1405 сана 26–29 сафар – милодий 1984 сана 19–22 ноябр кунлари бўлиб ўтган. Унда Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг низомномаси ва режалари ишлаб чиқилди. Ташкилий масалалар кўрилди. Котибият кенгаши ва режалаштириш, илмий тадқиқотлар ҳамда фатво шўъбалари тузилди.
Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг йиллик мажлислари қатор Ислом давлатларида бўлиб ўтмоқда. Уларда кунимизнинг муҳим масалаларига оид муаммолар атрофлича ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Тасаввур ҳосил бўлиши учун Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг милодий 2007 йилда қабул қилинган қарорларидан бирини ҳавола қиламиз.
ИСЛОМ КОНФЕРЕНСИЯСИ ТАШКИЛОТИ ҚОШИДАГИ ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ ҚАРОРИ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
Ислом конференсияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академияси Малайзиянинг Бутражая шаҳрида ҳижрий 1428 йили Жумадул охир ойининг 24-дан 29-гача яъни милодий 2007 йил 9 июлдан 14 июлгача бўлиб ўтган мажлисда қуйидаги мавзуни муолажа қилди:
«КОСМЕТИК ЖАРРОҲЛИК ВА УНИНГ ҲУКМИ»
Бу мавзу бўйича тақдим қилинган илмий ишлар муноқаша қилиниб, у ҳақда бўлиб ўтган тортишувларни эшитиб, Ислом конференсияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академияси қуйидагича қарор қилади.
Биринчи: Косметик жарроҳликнинг таърифи;
Косметик жарроҳлик инсоннинг зоҳирий жисмидаги бўлакларидан бирини ўзгартириш орқали унга чирой киритиш ёки шикаст етганлиги сабабли бузилган вазифасини қайта изга тушириш учун хизмат қиладиган жарроҳликдир.
Иккинчи: Косметик жарроҳлик мобайнидаги умумий шартлар ва нормаларга амал қилиш;
1. Жарроҳлик шаръий эътибор билан амалга оширилган бўлмоғи лозим. Масалан, вазифани қайта йўлга қўйиш, айбни ислоҳ қилиш ва хилқатни аслига қайтариш.
2. Жарроҳлик умид этилган манфаатнинг ўрнига зарарни ошириб юбормаслиги керак. Бу ишни мутахассис ва ишончли кишилар амалга оширмоғи лозим.
3. Жарроҳлик амалиётини қилувчи табиб ёки ҳамшира ўша касбнинг аҳли ва мутахассиси бўлиши ва бу масъулият академиянинг 142-рақамли қарорига мувофиқ бўлиши лозим.
4. Жарроҳлик амалиёти беморнинг изни билан бўлиши шарт.
5. Табиб онгли ва воқеъ бўлиши мумкин бўлган хатарларни кўра била оладиган бўлиши лозим.
6. Жарроҳликдан таъсири оз бўлган бошқа муолажа бўлмаслиги лозим.
7. Шаръий манбайларга мухолиф бўлмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:
«Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздиртирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган», деганлар.
Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, соч уловчи аёл ва соч улаттирувчи аёлни, игна билан баданига сурат чизувчи аёлни ва чиздиртирувчини, оғриқсиз баданига сурат чизувчини лаънатланган.
Ва яна, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакни ҳамда ўзини эркакка ўхшатувчи аёлни бундай қилишидан манъ этганлар.
8. Даволаниш қоидаларига амал қилмоғи лозим. Номаҳрам билан холи қолмаслик, авратларни очмаслик ва шунга ўхшаш нарсалардан четланиш шарт. Зарурат учун ёки мажбур бўлиб қолганда зарари йўқ.
Учинчи: Шаръий аҳкомлар:
1. Косметик жарроҳлик зарурат ва ҳожат юзасидан шаръан жоиздир.
А – Жисмдаги аъзо шаклини Аллоҳ халқ қилган ҳолатига қайтариш.
Аллоҳ Қуръонда бу ҳақда: «Дарҳақийқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик» («Тийн» сураси, 4-оят), деб айтган.
Б – Жисм аъзосига таниқли маълум вазифасини қайтариш.
В – Халқий айбларни ислоҳ қилиш, масалан, дарз кетган лаб, қийшиқ бурун, хол, бармоқ ва тишларнинг ортиқчаси ёки бармоқ ёпишиб қолиб, унинг шу тарзда туриши моддий ёки маънавий зарар келтирса.
Г – Бахтсиз ҳодисалар сабабли ёнғин, касаллик ва шунга ўхшаш нарсалар туфайли юзага келган ноқулайликларни бартараф қилиш. Масалан, касал терини олиб ташлаб, соғ терини ямаш амалиёти, эмчакнинг касалликка олиб боришидан хавфга тушилса, баъзи қисмини ёки барчасини олиб ташлаш, соч тўкилиб кетганда, соч экиш. Бу, хусусан, аёлларда учрайди.
Е – Бадбашараликни йўқотиш, хусусан, у нафсий азиятга сабаб бўлса.
2. Косметик жарроҳлик амалиёти тиббий муолажа бўлмай, балки инсоннинг текис хилқатини ўз ҳавойи нафсига эргашиб ёки бошқаларга тақлид қилиб, рағбатларини рўёбга чиқариш мақсадида бўлса, жоиз эмас. Худди юзни муайян кўринишда кўриниш учун ёки фириб қасди ва адолатни бузиш маъносида бошқача қилиш, бурун шаклини ўзгартириш, лабни катта ёки кичик қилиш ва кўз шаклини ўзгартириш ҳамда лунжини кенгайтириш кабилар.
3. Вазнни илмий воситалар билан камайтириш, агар вазн касалликни келтириб чиқарса, жарроҳликдан бошқа йўл қолмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз.
4. Ажинни жарроҳлик йўли орқали ёки укол орқали модомики, касаллик ҳолати бўлмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан жоиз эмас.
5. Қизлик пардаси бахтсиз ҳодиса ёки зўравонлик оқибатида ёки мажбурлашлик билан йиртилиб кетган бўлса, уни тикиш жоиз. Аммо, фоҳиша сабабли ўша қилган гуноҳини ёпиш учун бўлса, шаръан жоиз эмас. Бу амалиётда дўхтир аёллар бошчилик қилмоғи лозим.
6. Мутахассис табиб тиббий амалларда шаръий қоидаларга амал этмоғи ва жарроҳлик амалиёти қилдираётганларга насийҳат қилмоғи лозим. Чунки, «Дийн насийҳатдир», деб айтилган.
Қуйидаги нарсалар тавсия қилинади:
1. Шифохона ва хусусий клиника дўхтирлари, Аллоҳга тақво қилишни лозим топинг. Амалиёт давомида ҳаром нарсаларга йўл қўйманг.
2. Табиблар ва жарроҳлар хос тиббий машғулот ва косметик жарроҳликга тааллуқли нарсаларда фиқҳини билмоқлари ва у ишларида шаръий ҳукмни аниқламасдан туриб фақат моддий манфаатни ўйламасликлари лозим. Ҳамда ҳаққга мухолиф бўлган савдога тарғиб қилувчи нарсага ҳам бормаслиги лозим.
Валлоҳу аълам.
Ислом конференсияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг асосий фаолиятлари қуйидагилардан иборат:
1. Замонавий муаммоларни ўрганиб, ечим топиш учун йиллик кенгашлар ўтказиб туриш.
2. Фиқҳий энсиклопедия нашр этиш.
3. Фиқҳий қоидаларни батафсил ўрганиб, нашр қилиш.
4. Академиянинг мажалласини нашр қилиш.
5. Турли илмий анжуманлар ўтказиш.
Милодий 2008 йилнинг аввалида Ислом конференсияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг раиси доктор Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд эди. Феврал ойида у киши вафот этди.
Академиянинг бош котиби шайх Ҳабиб Бил Хожа эди. 2008 йилнинг аввалида Иорданиялик олимлардан Абдуссалом Довуд Убодий янги бош котиб этиб таъйинланди.
Академиянинг Ислом давлатлари уюшмасида қатнашувчи турли давлатлардан аъзолари бор.
* * *
ФАТВО ВА ИЛМИЙ БАҲСЛАР БЎЙИЧА ЕВРОПА МАЖЛИСИ
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлиси мустақил ихтисослашган исломий ҳайъат бўлиб, уламолар гуруҳи томонидан ташкил этилгандир. Унинг қароргоҳи Ирландия жумҳуриятидадир.
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлисининг таъсис учрашуви Британиянинг пойтахти Лондон шаҳрида ҳижрий 1417йили 21–22 Зулқаъда – милодий 1997 йили 29–30 мартда бўлиб ўтган. Мазкур учрашув Европадаги исломий ташкилотлар бирлиги бўлиб ўтди ва унда мажлиснинг асосий низоми лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Фатво ва илмий баҳслар бўйича европа мажлиси қуйидаги ишларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб олган:
1. Европа саҳнасидаги уламолар орасини яқинлаштириш, ораларидаги фиқҳий масалалар ҳамда муҳим фиқҳий муаммолар атрофида бирлашиб, уларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш.
2. Европадаги мусулмонлар ҳожатини қондирадиган, уларнинг муаммоларини ечиб берадиган, шариат ҳукмлари ва мақсадлари ёғдусида Европа жамияти билан бир ёқадан бош чиқариб яшашни тартибга солиш.
3. Шариат мақсадлари, халқ манфаатларини амалга оширувчи ҳамда Европа саҳнасида янги пайдо бўлган ишларни муолажа қилувчи шаръий тадқиқот ва фатволар чиқариш.
4. Умуман, Европадаги мусулмонларни, хусусан, ўниб-ўсаётган ёш авлодни тўғри йўлга солиш. Тўғри йўлга солишдаги асосий восита аслий бўлган Исломий тушунчалар ва кучли шаръий фатволар бўлиши.
МАҚСАДНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШДАГИ ВОСИТАЛАР
Мажлис мақсадларини рўёбга чиқаришда қуйидаги воситаларга суянади:
– Мажлис аъзолари орасидаги вақтинча ёки доимий аъзолардан мутахассис ҳайъатлар ташкил қилиш ҳамда уларга мажлис мақсадларини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган ишларни топшириш.
– Фиқҳий, мустаҳкам манбаъларга, хусусан, саҳиҳ далилларга суяниш.
– Бошқа илмий муассаса ва фиқҳий академиялар чиқарган фатволар ҳамда тадқиқотлардан фойдаланиш.
– Европанинг расмий доираларида ушбу мажлиснинг расмий тан олиниши учун ҳамда Исломий шариат аҳкомларини танитишга бор кучини сарфлаш.
– Уламо ва даъватчиларни тайёрлаш учун шаръий курсларни очиш.
– Баъзи фиқҳий мавзуларни ўрганиш мақсадида анжуманлар ўтказиш.
– Даврий ва даврий бўлмаган нашр ишлари ва фатво рисолачаларини тайёрлаш. Ҳамда ўша фатво, тадқиқот ва ўрганилган нарсаларни Европа тилларига таржима қилиш.
– Мажлис номидан журнал ташкил қилиш. Ва у журналда мажлис муноқаша этган фатво, баҳс ҳамда тадқиқотларни эълон қилиб боришдан иборат.
ФАТВО МАНБАЪЛАРИ ВА НОРМАСИ
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлиси фатво чиқаришда қуйидаги манбаъларга суянади:
1. Уммат жумҳури орасида иттифоқ қилинган Исломий шариат манбаъи бўлмиш Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёс.
2. Ихтилоф қилинган шариат манбаълари бўлмиш истеҳсон, маслаҳатул мурсала, саддуз зароиъ, истисҳоб, урф, саҳобалар мазҳаби, биздан олдингилар шариати кабилар. Албатта буларнинг илм аҳли орасида таниш бўлган шартлари ва нормалари бўлиб, хусусан уни олишда умматга манфаат бўлсагина фатво чиқарилади.
У, шунингдек, қуйидаги режага суянади:
* Улкан фиқҳ бойлиги бўлган тўрт мазҳаб ва улардан бошқа илм аҳли мазҳабини эътиборга олиш ва далили саҳиҳ бўлгани ҳамда манфаати кўринганини ихтиёр қилиш.
* Фатвода саҳиҳ далилларни риоя қилиб, эътимодли манбаъларга бориб тақалиш, воқеъликни билиш ва енгилини эътиборга олиш.
* Шариат мақсадининг риояси ва мақсадни рўёбга чиқаришда ман этилган ҳийлалардан четланиш.
ФАТВО ВА ҚАРОРЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШДАГИ ЙЎНАЛИШ
Мажлиснинг оддий ёки фавқулоддаги йиғинида, агар имкони бўлса, қатнашувчиларнинг барчаси ёки аксари тўплангандагина фатво ва қарорлар ишлаб чиқилади. Мухолиф фикрли аъзо, мухолифлик сабабларини фиқҳий академиянинг амалдаги усулларига биноан исботлашга ҳаққлидир.
Асосий низом шу асосда ишлаб чиқилади. Мажлис бошлиғи ёки аъзоларидан бирортаси фатвони ишлаб чиқишда мажлис номидан агар улар мувофиқ бўлишмаса, фатво чиқаришга ҳаққдор эмаслар. Демак, аъзолардан ҳар бир киши шахсий сифати билан фатво бериш ёки расмий мажлиснинг варақларига ёзиб, қайд этиш ҳуқуқига эга.
МАЖЛИСНИНГ ШОХОБЧА ҲАЙЪАТЛАРИ
Мажлиснинг даврий йиғини узоқ фурсатларда бўлиши ва шу билан бирга Европадаги мусулмонларнинг шошилинч фатволарга жавоб берилишига умумий ҳожатлари борлигини ҳисобга олиб, иккинчи йиғинида фатволар учун шахобча ҳайъатини таъсис этди. Бу шохобчанинг бири Франсияда, иккинчиси эса Англияда жойлашган.
Ана шу пайтдан бери улар ўз ишларини ўтказиб бормоқдалар. Шу сингари, мажлис «Баҳс ва тадқиқотлар» марказини ҳам таъсис этди. Бу марказ, асосан, ушбу Мажлис мажалласи, қарор ва фатволарини босиш шуғулланади.
ФАТВО ВА ИЛМИЙ БАҲСЛАР БЎЙИЧА ЕВРОПА МАЖЛИСИ
ЎН ТЎРТИНЧИ СЕССИЯ (23 – 27 ФЕВРАЛ, 2005 ЙИЛ)
Қарор 2\14.
УЙЛАНИШДАН ОЛДИН ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТИШ ҲАҚИДА
Мажлис уйланишдан олдин икки никоҳланишни истовчилардан бирида юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтиш масаласини кўриб чиқди. Бу борада тайёрланган илмий тадқиқотни атрофлича ўрганиб чиққандан кейин мажлис қуйидагиларга қарор қилди:
1. Уйланишдан олдин ўтказиладиган тиббий кўрикнинг юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни аниқлашда фойдалари бор. Бу сабабли уйланишдан сақланиш мумкин. Шу билан бирга, бу ишнинг айб ва салбий тарафлари ҳам бор. Хусусан, бировнинг айбини очиш, унга маънавий зарар етказиш ва келажагини хавф остида қолдириш кабилар.
2. Тиббий кўрикни манъ қилувчи нарса шариатда йўқ. Жумладан, ирсий кўрикнинг ҳам. Фақат, айбни ошкор қилмаслик керак ва даволанишга йўл топиш лозим.
3. Агар никоҳни истовчи тарафлардан бири уйланишдан олдин тиббий кўрикни шарт қилса, монеълик йўқ.
4. Агар икки тараф уйланишдан олдин келишган ҳолда тиббий кўрикдан (ирсийдан бошқа) ўтишни истасалар, монеълик. Фақат, сатр бўйича Ислом одобларига амал қилиш ва бошқа тарафга зарар еказмаслик шарт.
5. Икки тарафга ҳам уйланишдан олдин ўзидаги юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни яшириш жоиз эмас. Агар яширса ва бу иш иккинчи тарафнинг хаста бўлиши ёки ўлимига сабаб бўлса, сабабчи тараф шариат ҳукми бўйича барча жазо ва тўловларни ўташи мажбурий бўлади.
6. Агар никоҳдан кейин икки тарафдан бири иккинчисининг юқумли ёки уйланиш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталиги борлигини билиб қолса, никоҳни бузишга ҳаққи бор».
ФАТВО ВА ИЛМИЙ БАҲСЛАР БЎЙИЧА ЕВРОПА МАЖЛИСИ ТАРКИБИ
Шайх доктор Юсуф Қаразовий – раис (Қатар).
Шайх қози Файсал Мавлавий – раис ноиби (Ливан).
Шайх Ҳусайн Муҳаммад Ҳалова – бош котиб (Ирландия).
Турли давлатлардан йигирма тўртта аъзо мавжуд.
* * *
ҲИНДИСТОН ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ
Академиянинг таъсис санаси: 1989 йил.
Ўрни: Нюделҳи, Ҳиндистон.
Бош муассис: Марҳум қози Мужоҳид Ислом Қосимий.
Академия бош котиби: Шайх Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний.
АКАДЕМИЯНИНГ УМУМИЙ МАҚСАДЛАРИ
– Исломий фиқҳга аҳамият бериш;
– Замонавий муаммоларда жамоавий ижтиҳод;
– Янгича муаммоларга шаръий ечим;
– Йўналишни давом эттирувчи ёшларни тарбиялаш.
АКАДЕМИЯ МАҚСАДЛАРИ
Ҳиндистон Ислом Фиқҳи академияси ташкил этилганидан бери қуйидаги нарсаларни амалга оширишни ўзига мақсад қилиб олган:
1. Иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, саноат каби соҳалардан келиб чиққан муаммоларни Қуръон, суннат, саҳобалар фикри ва салаф уламолари сўзлари асосида ҳал қилиш.
2. Замонавий аср янгиликларига ечим топиш, ҳолат ўзгариб қолса, ижтимоий тадқиқ йўлидан бориб, исломий фиқҳ усуллари соясида қадимий муаммоларга солиштириб, ўша ишни қайтадан кўриш.
3. Исломий фиқҳ манбаълари, қоидалари, умумий тушунчалари ва фиқҳий назарияларнинг шарҳи, таъвийли ва тадбиқини йўлга қўйиш.
4. Исломий фиқҳ ва унинг шарҳини асримиз услубида тақдим қилиш.
5. Фиқҳ мавзуларини асримиз талаб ва эҳтиёжларига қараб ўрганиш.
6. Янги муаммоларда ишончли дийний муассаса ёки муҳаққиқ уламолар фикр билдирган фатволарни қўлга киритиш, сўнгра ўша фатволарни мусулмонлар оммаси орасида тарқатиш.
7. Жамийки фиқҳий муассасалар ва Ҳиндистон ичкариси ва ташқарисидаги бошқа тадқиқотчилар билан алоқани тиклаш, илмий маълумотларни айирбошлаш.
8. Фиқҳий мавзуларда турли қомусларни тайёрлаш.
9. Уламолар ва ишончли муассасалар томонидан ишлаб чиқилган фатволарни танлаб, уни асримиз услубида намойиш қилиб, бу билан маънавий меросимизни сақлаб, келгуси авлодларга фойдани умумийлаштириш.
10. Иқтисодий, ижтимоий ва тиббиёт ишларида пайдо бўлган муаммоларни бартараф қилиш ҳамда ҳар турли ўлка, муҳитларни ўрганиш ва Ҳиндистон ичида ёки ташқарисида маъриий ишларни олиб бориш, тадқиқ этилган натижалардан одамларни огоҳ этиш.
11. Исломий қонунлар татбиғини ҳинд маҳкамалари ёки унинг ташқарисида содир бўлаётган ҳукмларда намойиш этиш.
12. Ислом қонунларига мусташриқлар (шарқшунослар) ёки бошқа кимсалар томонидан билдирилаётган шубҳаларни бартараф қилиб, саҳиҳ фикрларни тарқатиш.
13. Исломга қарши йўналтирилган янгича саволларга асримизга мувофиқ келадиган услубда раддиялар қайтариш.
14. Қобилиятли ёш уламоларни шижоатлантириб, тадқиқот, изланиш, ўрганиш учун уларни тарбиялаб, битта марказга уламоларни боғлаш.
15. Дийний мадрасаларда кучли устозлар ва замонавий университетни битирувчи ақлли кишиларимизни фиқҳий ва дийний асосларни асримиздаги зарурий, асосий илмлар билан бойитиб, уларга лозим бўлган аҳамиятни қаратиш.
16. Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун ҳалқалар, йиғинлар ва имконият кўтарганича илмий муассасаларни барпо қилиб, тадқиқот ҳайъатларини ташкил қилиш.
ФАОЛИЯТ МАЙДОНИ
1. Фиқҳий анжуманлар ўтказиш.
2. Кувайтдаги фиқҳий қомусни урду тилига таржима қилиш.
3. Талабалар учун маданий кечалар ташкил қилиш.
4. Мадрасаларда маърузалар ўқиш.
5. Устозларни тайёрлаш.
6. Фиқҳий қўлёзмаларни тадқиқ қилиш.
7. Рибавий бўлмаган молия муассасаларни ташкил қилиш.
8. Нашр ишларини амалга ошириш.
* * *
АМЕРИКАДАГИ ШАРЪИЙ ФАҚИҲЛАР АКАДЕМИЯСИ
Академия мақсадлари
Ислом ҳақидаги таҳлил ва тадқиқотлар, фатво ва шаръий баҳслар чиқариш ҳамда имомлар курсларини ташкил қилиш.
Академия аъзолари
Аъзолар бетарафлик, шаръий мутахассис ҳамда илм, шариат ва воқеъликни билиш сифатларини ўзларида мужассам қилиш билан ажралиб туради. Академия олий раёсат ҳайъати, фатво учун доимий аъзо ҳамда бутун дунё атрофидан маслаҳатчиларни ўз ичига олади.
Академиянинг таъсис этилиш фикри
11 сентябрдаги воқеъалардан кейин умматнинг забардаст уламолари бегона юртдаги мусулмонларга боғлиқ бўлган муаммоларни ҳис этиб, унинг масъулиятини кўтарган ҳолда бу фикр уйғонди. Бундан ташқари, Ғарб ўлкаларида яшовчи, бегона, оз сонли мусулмонларнинг, хусусан Америка қўшма штатларидаги мусулмонларнинг муаммоларига аҳамият берган ҳолда шаръий мутахассисларни етказиб бериш мақсадида ушбу академия барпо этилди.
Академия бир қанча расмият ишларини амалга оширганидан кейин ўз йўналишини нурли йўл сари одимлатди. Ҳатто ушбу уюшма Американинг расмий ҳукумати яъни федерал томонидан ҳам олқишлаб, эътироф этилди.
Америкадаги Шаръий Фақиҳлар академияси илмий муассаса бўлиб, моддий фойда кўришни олдига мақсад этмаган. У, ислом уммати фақиҳлари ва уламоларидан таркиб топган бўлиб, Америкада яшовчиларга фалокат ва муаммолар ориз бўлганида шариат ҳукмларини баён этишга ҳаракат қилади.
Академиянинг мақсадлари
* Фалокат ва муаммолар ориз бўлганида шариат ҳукмига биноан фатволар чиқариш.
* Америка жамиятидаги мусулмонлар ҳолатлари ва улар тўқнаш бўладиган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва таълим ишларидаги муаммоларни бартараф этиб, муносиб фиқҳий ечимлар топиш ва уларни амалга оширишда шаръий тадқиқот ва баҳслар режасини тузиш.
* Ахборот воситаларида Ислом ва исломий мерос ҳақида тарқатилаётган хабарларни таҳлил қилиб, саҳиҳ бўлганларидан фойдаланишга йўналтириш, хато бўлганларини тўғрилаш ёки раддия бериш.
* Молиявий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиб, баҳс ва тадқиқотларни тайёрлаш, молиявий таъминот ташаббуслари билан чиқиш, уларга керакли фатволар ва маслаҳатларни тақдим қилиш.
* Исломий марказ мудирлари ва имомларнинг оилавий, молиявий муаммоларни ҳал этишга лаёқатли бўлишлари учун курсларни ташкиллаштириш.
* Бошқа фиқҳий академия ва ҳайъатлар билан ўзаро алоқаларни тиклаш.
* Фуқаролик муаммолари ва Ғарб ўлкаларида мусулмонлар зиммасига юклатилган ҳамда фойдаланилаётган ҳуқуқларни муолажа қилиш.
* Ғарб ўлкаларидаги оз сонли мусулмонлар барпо қилган шаръий ҳукмлар билан шуғулланувчи ҳайъатлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар кўтариб чиққан қарор ва тавсияларни кўриб чиқиш, оила ва молиявий муомалотга тегишли масалалардаги фиқҳий ҳукмларни қонунга киритиб, Ғарбдаги ҳукм чиқарувчи томонларга манбаъ қилиб бериш.
* Қонун ва низом ижозат берган миқдорда закот ва ижтимоий кафолат жамғармаларини барпо қилиш. Албатта, бунда расмий томонлардан мувофиқликни қўлга киритиш.
Мутахассислик ва бетарафлик
Ушбу академия бошқа исломий муассасалардан қуйидаги кўринишларда ажраб турса, ажаб эмас.
– Академиянинг ҳар бир аъзоси Исломий шариат соҳасида докторликни қўлга киритганлиги учун, бу ерда мутахассислар йиғилган;
– Бу академия умматнинг мулки бўлгани учун бетарафдир. Умумий илмий, қўшма бирлашма бўлиб, машриқдагию мағрибдаги Аллоҳнинг дийнига амал қилувчилар бу ерда учрашадилар. Албатта булар партия блоки ёки замонавий тузилган гуруҳлардан йироқ ҳолатдадир.
– Шариат илми билан воқеъликдан хабардорлик орасини жамлайди. Ушбу академияда фақиҳларга қўшимча равишда билимдон кишилар ҳам бўлиб, уларнинг сони фақиҳлар сонидан оз эмас.
– Ана ўшалар фатвонинг татбиқ этилишида воқеъликни ўрганиб, фақиҳларни мустаҳкамлаб туришади. Чунки, аҳли илмлар айтишганидек, фатво «воқеъликдаги мажбуриятни ўрганиш»дир. Бутун дунёдаги фиқҳий академиялар тиббий муаммоларни, масалан, инсон аъзоларини экиш, сунъий урчитиш, клонлаштириш кабиларни ўрганади. Бирор киши, фақиҳ бу муаммоларни бартараф этишда табиб бўлиши керак, деб айта олмайди. Фақатгина ушбу академиядаги тиббиёт мутахассислари баён қилишган нарсалар билан танишиш фақиҳ учун кифоя қилади. Агар ўша табиб фиқҳий қарорни чиқаришдаги овоз бериш босқичида иштирок этмаса ҳам. Ўша мутахассисларнинг ичида иқтисод, қонун, сиёсат, информатика билан шуғулланувчилари ҳам бор. Ва яна уларнинг ичида илмий майдонда мутахассисликни қўлга киритганлари бор. Масалан, Исломий марказ мудирлари ёки исломий молиявий муассасаларда ишловчилар ёки оммавий ахборот билан шуғулланувчилар бор.
– Академиядаги доимий фатво аъзолари етти кишидан иборат бўлиб, улар шариат бўйича докторлик дипломларини қўлга киритишган. Улар Американинг ичида муқим яшашади. Улар академияга келаётган кунлик муаммоларни ҳал қилиш ва қарор чиқаришга тайинланган.
– Фатво учун уммат ичидан саккизта забардаст фатво аҳли маслаҳатчилар бўлиб, доимий аъзолар, ҳолат тақозо қилиб қолса, уларга мурожаат қилишади. Албатта бунда дунёдаги энг юқори даражадаги алоқа воситаларидан фойдаланилади. Масалан, электрон почта ва академиянинг интернетдаги махсус ўрни, яъни сайти бўлиб, Токиодан туриб Вашингтон билан бемалол алоқа тиклаш мумкин.
– Ушбу академия бошқа академиялар билан кучли алоқалар тиклагандир. Аслида, академия ташкил қилишдан мақсад тартибга келтириш ва такомиллик сари боришдир. Асло, мусобақа, тортишув ва зиддият эмасдир. Шунга биноан, бошқа академиядагилар, агар кўрсатилган низомдаги аъзолик шартларига мувофиқ бўлишса, эшиклар очиқдир. Академия бор куч-қувватини тарқоқликни жамлаш ва дунёдаги барча уммат фақиҳларининг орасида алоқа кўпригини қуришга сарф этади.
АКАДЕМИЯНИНГ АСОСИЙ ҲАЙЪАТИ
Устоз. Доктор Ҳусайн Ҳомид Ҳассон, академия раиси;
Устоз. Доктор Али Солус, академиянинг аввалги раиси;
Устоз. Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий академия раисининг 2-ноиби;
Устоз. Доктор Салоҳ Совий академиянинг бош котиби.
Аммо академиянинг доимий аъзолари кунлик ҳожатларни ҳисобга олиб, академиянинг таъсис йиғинини ўтказадилар. У беш аъзодан кам бўлмаслиги керак. Албатта фатво чиқариш кўпчиликнинг овози билан амалга оширилади.
У қуйидаги олимлардан ташкил топган.
– Доктор Салоҳ Совий – Азҳар, Уммулқуро дорулфунуни устози, Вашингтондаги Араб ва Исломий илмлар институтининг собиқ устози ҳамда «Америка очиқ университети»нинг раис ўринбосари.
– Доктор Иброҳим Кулайб – Виржинадаги Исломий ва Арабий илмлар институнинг ҳадис илми устози.
– Доктор Ҳусайн Шаввот – «Америка очиқ университети»нинг ҳадис илми устози.
– Доктор Юсуф Шубайлий – Виржинадаги Исломий ва Арабий илмлар институтининг фиқҳ устози.
– Доктор Фуад ал-Ғунайм – Виржинадаги Исломий ва Арабий илмлар институтининг исломий тадқиқотлар қисми раиси.
– Доктор Холид Билонканшиб – Филаделфиядаги Тумбел университетининг исломий тадқиқотлар қисми раиси.
– Доктор Аҳмад Шулайбик – Жўржия штатидаги Жаннат номли масжид имоми ва Виржинадаги «Америка очиқ университети» исломий фиқҳ устози.
– Доктор Аҳмад Суҳайб Ҳасан – Британиядаги Қуръони Карим жамияти раиси ҳамда исломий шариат йиғини секратари.
Доимий фатво ҳайъатининг маслаҳатчилари
– Устоз. Доктор Ҳусайн Ҳомид Ҳассон – Исломободдаги Бутун дунё исломий университетининг раиси ва шаръий тафтиш комиссияси қошидаги тўртта исломий банк раиси.
– Устоз. Доктор Али Аҳмад ас-Солус – Қатардаги шариат факултетининг фиқҳ ва усул фанидан устози ва Ислом конференсияси ташкилотига қарашли фиқҳий академиянинг фиқҳ ва иқтисод мутахассиси.
– Устоз. Доктор Абдуллоҳ Муслиҳ – Риёздаги имом Муҳаммад ибн Сауд университетининг фиқҳ устози ва Саудиядаги тижорат билан шуғулланувчи «Аҳлий банки»нинг шаръий тафтиш ҳайъати аъзоси.
– Устоз. Доктор Аҳмад Али Тоҳа Раййон – Азҳар университетидаги шариат ва қонун факултетининг собиқ мудири ва фиқҳнинг қиёсий солиштирув қисми раиси ҳамда вақф ишлари бўйича вазирлик қошидаги Исломий фиқҳ қомусининг раиси.
– Устоз. Доктор Ваҳба Мустафо аз-Зуҳайли. Дамашқдаги университетнинг олий ўқув қисмида устоз, Робитатил Оламий Исломий қошидаги фиқҳий академия ҳамда Ислом конференсияси ташкилоти қошидаги фиқҳий академия аъзоси.
– Устоз. Доктор Муҳаммад Раъфат Усмон – Фиқҳнинг солиштирув соҳасида устоз, Азҳар университетининг шариат ва қонун факултетининг собиқ мудири.
– Устоз. Доктор Умар ал-Ашқар – Иорданиядаги университетнинг шариат факултетининг фиқҳ ва ақийда устози.
– Ҳуффоз Сано ал-Маданий – Лоҳурнинг исломий университетидаги ҳадис устози. Ҳамда Лоҳурдаги «Ансорус сунна» марказининг фатво ҳайъати раиси.
– Устоз. Доктор Ужайл Нашмий – Қувайт университетининг шариат факултетида собиқ мудир.
* * *
МИСРДАГИ ИСЛОМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР АКАДЕМИЯСИ
Ушбу академия дунёдаги энг қадимий ислом фиқҳи академиясидир. Фатволарнинг бирлашиши ва янги пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ислом оламининг барча томонидан келган ҳар турли уламоларни ўз ичига олади. Исломий ҳукумат ва халқлар унинг фикридан фойдаланишади. У академия шубҳасиз, ишончли нарсалар ҳақида қарорлар чиқаради.
Азҳари шариф дорулфунунидаги Исломий тадқиқотлар академияси ислом оламидаги энг қадимий фиқҳий академиядир. У шаръий тафтиш қилиш бўйича илмий йўналиш бўлиб, таснийф этилган китоб ёки Мисрда содир этилган қонуннинг ислом шариатига мухолиф эмаслигини ўрганиб чиқади. Ушбу академияга «буюк имом», «Азҳар дорулфунуни шайхи» бошчилик қилади.
Азҳар дорулфунуни шайхининг миссияси ва хайрия тармоқлари кўп бўлиб, Миср ва унинг ташқарисидаги ҳаётда, хоҳ у сиёсий, хоҳ ижтимоий ёки даъватга тааллуқли бўлсин, фаол таъсири ва катта ўрни бордир.
Азҳари шарифнинг тарихига назар солсак, ушбу академияни танишимиз осон бўлади. Азҳари шарифнинг тарихи Мисрдаги Фотимийлар давлатининг замонасига бориб тақалади. Қўмондон Жавҳар ас-Сақалий ҳижрий 358-сана, Шаъбон ойининг 17-сида Фустот шаҳрини босиб олганидан кейин Қоҳира шаҳрига асос солган эди. Аҳли сунна бўлган мисрликлар билан тўқнаш келмаслик учун Шийъа мазҳабига қарашли, фотимийлар шиори бўлган масжид қуришни режалаштирди. Ва Мисрда Фотимийлар салтанати рамзи сифатида масжид бино қуришга азму қарор қилди. Азҳар жомеъсини ҳижрий 359, милодий 970-сана, жумодул аввалнинг 24-сида қуриш бошланди. Ҳижрий 361, милодий 972-санада масжид қуриб битказилди. Мазкур санада, яъни Рамазон ойининг еттинчисида биринчи Жумъа намози ўқилди.
Азҳар жомеъси аввалига Жавҳар ас-Сақалий барпо қилган янги пойтахт номи билан аталди. Азизбиллаҳ Фотимий замонасида зоҳира (гуллаб яшновчи, нур сочувчи) қасрлар бунёд этилгандан кейин, жомеъни «Азҳар» (гуллаган, нур сочувчи) деб номланди.
Баъзиларнинг фикрича эса, келажакда илмлар ривожланиб, улуғ мақомларга эришиши кўзда тутилганлиги учун шундай номланган. Ва яна бошқа кишиларнинг фикрича, Фотима аз-Заҳрога нисбат қилиб шундай номланган. Чунки, Фотимийлар ўзларини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қизларига нисбат бериб шу ном билан аташган.
ИСЛОМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ
Тадқиқот маркази милодий 1961-санадаги Азҳари шариф дорулфунунни ривожлантириш хусусидаги 103-рақамли қонунда баён қилинганидек, катта уламолар ўрнини босиш мақсадида ташкил этилди. Ўша қонун бандида келтирилишича, ушбу академия исломий тадқиқотлар учун олий ҳайъат бўлиб, унга Азҳар шайхи раислик қилади. Академиянинг вазифаси тадқиқотга тегишли бўлган нарсаларни кўриб чиқиш ёки исломий маданиятнинг янгича шаклини амалга ошириш ва ушбу маданиятнинг ортиқча ва камчиликларини ажратиш, маданиятни жавҳари бўлмиш аслини аниқлаш, исломий даъват тарқалишини амалга ошириш, Азҳарнинг миссияларини Мисрдан тортиб бутун ислом оламида тартибга солиш.
Унинг рисоласи аср руҳида яшаётганлар билан мусулмон уламолари орасидаги фикрни боғлашни мақсад қилади. У ташкил этган конференсияларда ушбу асримизда мусулмонлар ҳаётида учраб турадиган ҳар турлик масалаларда қарорлар чиқарилиб, бу қарорларни исломий ҳукумат ва халқлар ўзларига ечим сифатида қабул этишган.
Академия мусулмон уламолари орасида академик фикр маркази ва исломий ақийда майдонидаги масалаларни бирлаштирувчи марказ ҳамдир. Шунда ислом руҳига зарар берувчи якка шахслар ижтиҳоди юзага чиқмайди. Яна ҳам аниқроғи, ушбу академия замонавий исломий фикрлар учун тартибга солиб турувчи мослама вазифасини ўтайди. Исломий ақийдага тааллуқли бўлган барча фикрларни қолипга солиб, ундан шубҳа аралашмаган исломий фикрларни манбаъ қилиб чиқаради. Шу билан у дийнни, ижтиҳод масаласани ва мусулмонлар сулукини ҳимоя қилади.
Академия Миср ва ислом оламидаги 45 та мутахассис олимни ўз ичига олади. Уларнинг барчаларига янги пайдо бўлган ишларда ва янги нарсаларда ижмоъ билан фатво чиқаришдаги тадқиқот ва тафтиш ишлари масъулияти топширилган.
Фатво қўмитаси
Академия фатво қўмиталарига бошчилик қилади. Унинг қароргоҳи Азҳар аш-Шариф. Фатво қўмиталари Мисрнинг вилоятларида ёйилган. Мана шу қўмиталар академиянинг қарор ва фатволарини татбиқ қилувчи томондир. Шунингдек, мазкур қўмита исломга кирганини эълон қилганлар билан ҳам шуғулланади. Фатво қўмитаси барча мазҳабда мутахассис бўлган забардаст уламолардан ташкил топган. Ҳаётнинг барча жабҳаларидаги масалаларни сўровчиларга эшикларини бепул очиб қўйган. Унинг Мисрда муҳим сиёсий, ижтимоий ўрни бордир. Қўмита ишлаб чиқарган ҳар қандай масаладаги фиқҳий баёнот кўпинчаисломга мос ва омма фикрига аҳамиятли бўлиб келган.
Тафтиш ҳайъати
Тадқиқот маркази, шунингдек, таълийф ва таржима ишларига ҳам масъул томондир. Идоранинг муҳим иши ҳам шудир. Бу, тафтиш ҳайъати бўлиб, исломий таснийф этилган, аввало Мисрда чоп этиладиган ёки ташқаридан киритиладиган Қуръон китобларини ўрганиб чиқади. У тафтиш ҳайъати бозордаги Қуръон ва суннат китобларини суриштириш ҳуқуқига эга. Мисрда мана шу ҳайъат рухсат бермагунича бирорта ҳам Қуръон чоп этилмайди.
Шу сингари, ушбу ҳайъат исломий моддаси мавжуд кассета ва рисолачаларни ёки шубҳасиз нарсаларга ҳужум қилувчи китобларни ҳам текширади.
Идора кассета, диск ва электрон жиҳозларни текширишда замонавий воситалардан фойдаланади.
Ваъз ва иршод қисми
Бундан ташқари, тадқиқот маркази Мисрдаги энг катта даъват секторини ҳам бошқаради. Мазкур ваъз сектори бўлиб, 5000 даъватчини ўз ичига олади. Улар Мисрнинг ҳудудида ёйилган бўлиб, Азҳар рисоласини одамлар тўпланадиган масжид, клуб, ижтимоий муассаса ва бошқа ҳар турли жамоат жойларида тарқатади.
Академиянинг фаолиятларидан бири ҳар ойда китоб бўлиб чиқадиган исломий тадқиқотларга маблағ ажратиш ва уни ҳар бир шахс сотиб олишга қодир бўладиган нархда сотувга чиқариш. Бунга қўшимча равишда, исломий фиқҳ ва фикрий тадқиқотларни ўз ичига олган Азҳар мажалласини чоп этади.
Қонунда кўрсатилганидек, академиянинг раиси Азҳар шайхидир. Ва яна, бош котибни, вазирни аввалги вакил даражасига тайин қилиш ҳам қонунда кўрсатилган.
Бу мансабда 1961 йилдан ҳозиргача қуйидаги олимлар ўтиришган.
Доктор Маҳмуд Ҳасабуллоҳ
Доктор Абдулҳалим Маҳмуд
Доктор Муҳаммад Абдурроҳман Байсор
Доктор Муҳаммад Ҳусайн Заҳабий
Шайх Халаф Саййид
Доктор Абдулжалил Шалабий
Доктор Ҳусайний Абдулмажид Ҳошим
Доктор Абдурроҳман Барака
Шайх Саййид Сауд
Шайх Самий Муҳаммад Мутавалли Шаъровий
Шайх Саййид Вафо Абу Ажур
Ҳозирда бу мансабда шайх Иброҳим Файюмийдирлар.
Академия ташкил топганидан бери 15 та конференсия ўтказди. Унда мусулмонларга муҳим бўлган муаммоларни ҳур ва бетараф ҳолда ечиб беради. Бир қанча ишлаб чиқарган тавсияларига ҳукумат ҳам амал қилди. Миср ҳукумати билан биргаликда янги қонунларни ўрганиб, ислом шариатига мувофиқ бўлганини амалга оширади.
Ундай қонунларнинг энг муҳими гражданлик ҳолати ҳақидаги қонун, иқтисодий қонунлар ва банк муомалаларидир. Бундан ташқари, иқтисодий муомалалар, жиҳод, урфдаги эр-хотинлик, Қуддус, Фаластин, Ироқ ва бундан бошқа янги муаммоларда фатво ва баёнотлар берди.
1690-йилдан бери Азҳарнинг шайхлик мансабини 42 та шайх эгаллади. Ўша шайхларнинг биринчиси шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Хирошийдирлар.
|