Салам ҳақида Принтер учун
08.04.2010 й.
islom.uz

«Салам» луғатда «таслим қилиш», «бериш» каби маъноларини англатади.

Шариатда эса, зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади.
Бундоқ савдони «салаф» ҳам дейилади, бу қиймати олдин берилган, деган маънони англатади.
Бу савдо ҳожат тушганда рибо аралашмаслиги шарти ила жоиз. Яъни, олди-сотди қилинаётган нарса бир хил бўлмаслиги ва рибонинг бошқа кўринишлари бўлмаслиги керак.
«Салам»да олувчи сотувчига: «Мен сенга бу динорни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар мевани бир йил, икки йилга «салаф» савдо қилар эдилар. Бас, у Зот:
«Ким хурмони (бошқа ривоятда, бир нарсани) салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан, маълум муддатга салаф қилсин», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Мадина аҳлининг «салаф» савдоси жоҳилият қоидаси бўйича бўлар эди. Меванинг қанча берилиши, қачон ва қаерда берилиши тайин қилинмас эди. Шунинг учун ҳам, ораларидан турли келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқар эди.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «салаф» савдосининг исломий васфини қилиб бердилар. Салаф савдода қуйидагилар бўлиши шарт:
1. «Маълум ўлчов».
Соъ, мудд каби ёки бошқа ўлчовлар аниқ айтилиши керак. Мен сенга бу динорларни бунча соъ хурмо учун бердим, деб, сотиб олинаётган нарсанинг ўлчови аниқ айтилиши керак.
2. «Маълум вазн».
Нархи олдиндан берилаётган савдо молининг вазни, агар унинг миқдори вазн билан ўлчанадиган бўлса, аниқ айтилиши керак. Мисол учун, мен сенга ушбу динорлари менга бунча мисқол тиллони сотишнинг учун таслим қилдим, дейиши керак.
3. «Маълум муддат».
Яъни, нархи олдиндан берилган савдо моли харидорга қачон берилиши ҳам аниқ келишиб олиниши керак. Ана шунда турли келишмовчиликларнинг олди олинган бўлади.

Муҳаммад ибн Абу Мужолид розияллоҳу анҳу айтадиларки:
«Мени Абдуллоҳ ибн Шаддод ва Абу Бурдалар Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг олдига юбориб:
«Сўра-чи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг даврларида буғдойла «салаф» савдо қилишар эканларми?» дедилар. Бас, у:
«Шом аҳли набийтлари билан буғдойда, арпада ва ўсимлик ёғида маълум ўлчов ва маълум вақтга салаф қилар эдик», деди.
«Ҳузурида (молнинг) таги борлар биланми?» дедим.
«У ҳақида улардан сўрамас эдик», деди.
Сўнгра икковлари мени Ибн Абза ҳузурига юбордилар, ундан ҳам сўрадим. Бас, у:
«Ҳа, улардан экинлари борми-йўқми сўрамас эдик», деди
».
Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Абу Довуд ва Ибн Можа келтирган ривоятда:
«Ким бир нарсада салаф қилса бошқасига буриб юбормасин», дейилган.
Шарҳ: «Набийт» сўзи ер остидан сув чиқаришга уста одам, деган маънони билдиради.
Ҳадисда Шом аҳли набийтлари — деҳқонлари маъносида ишлатилган. Чунки улар экинларини суғориш учун ер остидан сув чиқаришга уста бўлганлар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Саҳобаи киромларнинг илмга бўлган қизиқишлари ва ҳар бир нарсани аниқ билиб, ҳалол - ҳаромига қараб, кейин қилишга ҳаракатлари эътиборга сазовор. Абдуллоҳ ибн Шаддод ва Абу Бурда розияллоҳу анҳумлар катта ва илмли саҳобийлар бўлатуриб Муҳаммад ибн Абу Мужолид розияллоҳу анҳуни Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ва Абдурраҳмон ибн Абза розийаллоҳу анҳумларнинг ҳузурларига салаф савдоси буғдойда жоизми-йўқми эканини билиб келиш учун юборишлари шуни кўрсатади.
Ҳақиқий мусулмон шундоқ бўлиши керак. Ҳар бир нарсани яхши ўрганиб, шариатга мувофиқ қилиб адо этишга уриниши лозим. Зотан, мусулмон билан мусулмон бўлмаганнинг фарқи ҳам шунда ўзи.
2. Саҳобаи киромлар Шомдаги ғайридин – насоролар билан ҳам тижорий алоқалар қилганлари.
3. Буғдой, арпа ва ўсимлик мойида салаф савдоси жоизлиги.
4. Салаф маълум ўлчов ила бўлиши шартлиги.
5. Салаф маълум муддатга бўлиши шартлиги.
6. Салаф савдосида иккинчи томонда айтиладиган молнинг асли бўлиши шарт эмаслиги.
7. Салаф савдосида сотиладиган молни нарх берган одам ўзи олмасдан бошқа молни талаб қилиши ёки бошқа бировга ўтказиб юбориши жоиз эмаслиги.
«Салаф» савдоси ҳақида уламоларимиз фиқҳ бобида чуқур ва кенг кўламли баҳслар қилганлар. Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанлар. Қуйида ўша муборак илмий изланишларнинг самараларидан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.

«Салаф» савдосига Қуръони каримда ҳам далил бор:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Эй иймон келтирганлар, қачон маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзинг», деган.
«Салаф»да ҳам шу маъно бор. Ислом умматининг илм денгизи, Қуръон таржимони лақабларини олган улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Шоҳидлик бераманки, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга келишилган «салаф»ни Аллоҳ Ўз китобида ҳалол қилиб изн берган», деб туриб юқоридаги оятни қироат қилар эканлар.
Ислом умматининг ҳаммаси «салаф» – «салам» савдоси жоиз эканига доимо иттифоқ қилиб келишган.
Бу ҳақда Имом Ибн Мунзир қуйидагиларни айтадилар:
«Биз билган ҳар бир илм аҳли саламнинг жоиз эканига ижмоъ қилишган. Чунки одамлар бунга муҳтождир. Улар зироат, мол ва тижорат эгалари маҳсулотларини бозорга чиқаргунча бунга муҳтож бўлиб турадилар. Шунинг учун ҳам ҳожатни ҳисобга олиб, «салам»га изн берилган».
«Йўқ нарсани сотиб бўлмайди» деган умумий қоидадан истисно тариқасида иқтисодий фойдани кўзлаб, одамларга енгиллик яратиш мақсадида жорий қилинган «салам» савдосининг худди бошқа савдолар каби учта рукни бор: савдо қилувчи, савдо моли ҳамда ийжоб ва қабул.
1. Савдо қилувчи – олувчи ва сотувчи икки тараф.
2. Савдо моли – нарх ва унинг эвазига кейин бериладиган мол.
3. Ийжоб ва қабул.
Ийжоб – нарх берувчининг нархни бериб, мол эгасидан розилигини сўраши.
Қабул – мол эгасининг нархни ва шартларни қабул қилиши.
«Салам» савдосининг тўғри бўлиши учун бир неча тоифа шартлар мавжуд бўлиши керак.
Нарх учун берилаётган раъсулмол-сармояда бўлиши лозим шартлар тоифаси.
Олдиндан нархи олинаётган молда бўлиши лозим шартлар тоифаси
«Салам» савдосининг умумий сифатлари тоифаси.
Шу шартлар билан қисқача танишиб чиқайлик:
I. «Салаф»нинг умумий шартлари:
1. Маълум жинсда бўлиши шарт.
«Салам» – «салаф» савдоси қилинаётган нарсанинг жинси номаълум бўлса бўлмайди. Кейин жанжал чиқади.
2. Миқдори маълум бўлиши керак.
Нархни бераётган одам ушбу пулимга фалон миқдор нарса берасан, деб аниқ миқдорни айтиши, нархни олаётган ўшанга рози бўлиши керак. Хоҳлаганингча берарсан, одамлар нима бўлса, биз ҳам шу-да, каби умумий, ноаниқ гаплар бўлмаслиги керак.
3. Маълум муддатга бўлиши керак.
Нархни бераётган одам фалон куни молни берасан, деб аниқ айтиши, қабул қилаётган киши ўша муддатга рози бўлиши керак. Пишганда берарсан, керак бўлганда берарсан каби гаплар бўлмайди. Ке¬йин жанжал чиқади.
4. Раъсулмолнинг миқдорини билиш керак.
Яъни, олдин топширилаётган нархнинг аниқ миқдорини икки томон ҳам билиши керак.
5. Нархи берилган молни топшириш жойи тайин бўлиши керак. Чунки уни олиб келишга кетадиган харажат тўғрисида кейинчалик хилоф чиқиши мумкин.

II. Нарх учун берилаётган раъсулмолда бўлиши лозим шартлар тоифаси:
1. Жинси баён этилиши керак.
Пул бўлса динорми, дирҳамми ёки бошқами. Бош¬қа нарса бўлса ҳам нималиги очиқ-ойдин баён қилиниши керак.
2. Тури баён қилиниш керак.
Мадинанинг динорими, Боғдодникими, Макканинг дирҳамими ёки Шомникими, аниқ айтилиши керак. Шунингдек, бошқа нарсаларнинг ҳам тури аниқ айтилиши керак.
3. Сифати баён қилиниши керак.
Бу нақд пулдан бошқа нарсаларга тегишли. Ўша бериладиган нарса янгими, эскими, аъло сифатлими, ўртачами ёки паст сифатлими айтилиши лозим.
Ушбу уч шарт савдодаги ноаниқликни йўқотишга хизмат қилади. Ушбу нарсалар олдиндан аниқ қилиб олинмаса, кейин ўртада низо чиқади. Агар ушбу нарсалар бўлмаса, савдо фосид бўлади (бузилади).
4. Нархи олдиндан берилаётган мол учун ажратилган молнинг миқдори аниқ кўрсатилиши керак. Бир тўп пулни кўрсатиб сенга ушбу пулни бераман, сен менга бунча буғдой берасан, деса бўлмайди. Бу ҳам ноаниқлик, бу ҳам низога сабаб бўладиган иш.
5. Берилаётган пул текширилган бўлиши керак.
Чунки қалбаки пул бўлса жанжал чиқади. Ёки пулни олган одам бир муддатдан кейин берган пулинг қалбаки экан, деб қолиши ҳам мумкин. Кейинчалик низога сабаб бўладиган ҳар бир ноаниқлик савдони бузади.
6. Савдо тугаб, икки томон ажрашишидан олдин қўлга тутқазилиши лозим.

III. Олдиндан нархи олинаётган молда бўлиши лозим шартлар:
1. Жинси маълум бўлиши шарт.
Буғдойми, арпами, хурмоми, олмами ёки бошқами.
2. Нави маълум бўлиши керак.
Ажфа хурмосими, тобуний хурмосими ёки бошқами. Тоифий узумми, ҳусайнийми ёки бошқами.
3. Сифати маълум бўлиши керак.
Олий навлими, ўртачами ёки пастми ва ҳоказо.
4. Миқдори маълум бўлиши керак.
Неча соъ, ботмон, кило, метр, адад ёки бошқа ўлчови аниқ бўлиши керак.
Ушбу тўрт шарт ҳам ноаниқликни кўтариш учун киритилган. Агар бу шартлар мавжуд бўлмаса, низо чиқиш эҳтимоли бор.
5. Раъсулмол ва нархи олдиндан олинадиган молда рибонинг иллатлари бирлашмаслиги керак. Аввало, иккиси бир жинсдан бўлмаслиги лозим. Тилло билан кумуш орасида салаф савдоси бўлмайди. Шунингдек, таомларда ҳам бўлмайди. Пулга таом, тижорат молларини салаф қилса бўлади. Шунингдек, тижорат молларини бир-бирига салаф қилса бўлади. Умуман, рибо бўлиб қолмаслигининг риояси бўлиши керак.
6. Нархи олдиндан олинаётган мол ҳозир бўлмаслиги керак. Ҳозир бўлса ўша вақтнинг ўзида сотиб олинади.
7. Нархи олдиндан олинган молнинг васф қилинган нави ва сифати салаф савдоси қилинган вақтидан токи, уни бериш вақтигача бозордан топиладиган нарса бўлиши керак. Маълум вақт ўтгач, сўнг бозордан йўқолиб қоладиган нарса бўлиши керак эмас. Мисол учун, қулупнайга салаф қилса, ўша салаф қилган вақтда ҳам, уни харидорга берадиган вақтда ҳам, оралиқ вақтда ҳам бозорда бўлиши керак. Чунки ўзининг кўзлаган ҳосили битмай қолса бозордан олиб бериш имкони бўлсин.
8. Савдо аҳдномаси қатъий бўлиши керак. Яъни, икки тарафда ҳам айниш ихтиёри бўлмайди. Чунки айниш ихтиёри молни синаб кўриш, айби бўлса аниқлаш мақсадида шариатга киритилган. Салам савдосида бу ҳолат умуман йўқ.
9. Нархи олдиндан берилган молни таслим қилиш жойи аниқ бўлиши керак.
Кўриниб турибдики, салаф савдоси ҳам бошқа савдолар каби нозик нарса. Мусулмон инсон бу ишни қилишидан олдин яхшилаб ўрганиб олиши керак. Молиявий муомаласида ҳаром аралашиб гуноҳкор бўлмаслиги, бировнинг ҳақини еб, икки дунёда шарманда бўлмаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан тасарруф қилиши керак.
Молиявий муомалаларнинг ҳаммасидаги каби аниқ, шубҳага ва бировнинг ҳақи зое бўлмаслигига ўрин қолмайдиган шаклда иш юритиш керак.
Бу ишларни иккита одил гувоҳ ҳузурида ёзиб-чизиб, ўта ишончли қилиб юргазиш керак. Шариатдан узоқлашганимиз туфайли эътиборсизлик қилиб, ҳар қадамда ноқулай ҳолатга тушаётганимиз бизга сабоқ бўлиши керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz