Бу илмнинг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир.
Кишининг ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтарилишдир.
Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш аксинча бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилиш.
Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш.
Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Бизларни соф ақийдага йўллаган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Бизларга энг мукаммал ақийдани баён қилиб берган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин!
Бизлардан олдинги авлодларга энг осон ақийда байроғини кўтариб келган саҳобаларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
Бизларга Ислом ақийдаси етиб келишида хизмат қилган зотларнинг ҳаммаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Азиз ва муҳтарам ўқувчи! Ҳозирги кунимизда ақийда ўта долзарб масалага айланиб қолгани ҳаммамизга маълум.. Шу билан бирга бу муҳим масала бўйича мусулмонлар оммасига тушунарли бўлган, осон услубда ёзилган китоб етишмай тургани ҳам маълум..
Охирги пайтда ақоидга оид бир неча китоблар таржима қилинди. Уларнинг баъзилари кўпинча ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб ҳам бўлди. Баъзиларини эса илмли кишилар ҳам англаб олиши қийин бўлди.
Ана шу маънода камина ходимингиз ҳам бир иш қилган эди. «Ақоиди Таҳовия»нинг талхийси-хулосасани таржима этган эди. Бунда аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг мўътабар китобларидан бири кишилар онгидаги диний маънавий бўшлиқни тўлдирар деган мақсад бор эди. Узоқ вақт чоп қилиш имкони бўлмагани учун туриб қолган бу китобни чоп этишга рухсат бўлганда, барибир халқ оммасига ўзи тушунадиган тил ва услубда бир китоб керак экан деган фикр пайдо бўлди.
Ўша фикрни амалга ошириш учун ақийда бобида ёзилган эски ва янги китобларнинг услубидан ва маълумотларидан фойдаланган ҳолда бир китоб ёзишга Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда қўл урилди. Китобни ёзишда ҳозирги кунда аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳаби асл ҳақиқатларини англаб етишга нисбатан эҳтиёж кучайгани ҳисобга олинди. Шу билан бирга баъзи илмни даъво қилса ҳам ўзлари илмдан йироқ бўлганларга раддиялар бериш кўзда тутилди.
Асл мақсадни ифода этиш мақсадида китобга «Сунний ақийдалар китоби» деган ном танланди.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишни осон ва фойдали қилсин. Омийн!
АҚИЙДА НИМА?
«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жаъми (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир.
Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.
АҚОИД ИЛМИНИНГ ТАЪРИФИ
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.
«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
«У яқийний - ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.
«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдуроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
«У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.
Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Эҳёу Улумиддин» номли китобларида:
«Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида:
«Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.
Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Рисолатут Тавҳид» китобида:
«Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритади», дейди.
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, Аллома Али Қорининг «ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:
«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».
Биз эса ушбу таърифлар бир - бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.
АҚОИД ИЛМИНИНГ МАҚСАДИ
Бу илмнинг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир.
Кишининг ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтарилишдир.
Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш аксинча бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилиш.
Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш.
Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
АҚОИД ИЛМИНИНГ МАВЗУИ
Бу илмнинг мавзуига келсак, зарурат юзасидан, ўз-ўзидан излаб топиб ёки далил ахтариб эътиқод қилиш лозим бўлган ишлардир. Ақоид илмида ўша ишларнинг барчаси ҳақида баҳс юритилади. Бу кўпчилик учун сир эмас.
АҚОИД ИЛМИНИНГ НОМЛАРИ
Ақоид илми ўз тарихининг турли босқичларида шароит ва тушунчалардан келиб чиқиб бир неча номлар билан аталган.
Дастлабки вақтда Исломий илмларнинг барчаси битта «Ислом» номи остида эди. Кейинроқ ундан ҳар хил илмлар ўзига хос ном билан ажраб чиқа бошлади. Ақоид илми ҳам ўзининг охирги номида барқарор бўлгунча бир неча исмларни алмаштирди.
«ал-Фиқҳул Акбар».
Ақоид илмига «ал-Фиқҳул Акбар» номини берган киши Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдирлар. У киши ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни «ал-Фиқҳул Акбар» деб номлаганлар. Бу китоб чоп қилинган. Ҳанафийлар ва бошқалар томонидан ўрганилади.
Аслида фиқҳ сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади. Намоз, рўза, олди-сотди, бошқа муомалалар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга фиқҳ деб айтилади.
Шаръий ақийдавий аҳкомларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга эса «ал-Фиқҳул Акбар» – катта фиқҳ, деб айтилади. Чунки шу илм бўлмаса, уни тушуниб етилмаса, қилган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам амалий фиқҳ – кичик фиқҳ, ақийдавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади.

«Илмул Калом»
Бу исм ақоиднинг энг машҳур исмидир. Бу исм ўзидан олдинги исм, «ал-Фиқҳул Акбар» исми билан бир асрда, яъни иккинчи ҳижрий асрда зоҳир бўлгани кўринади. Чунки бу исм Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик, Имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида илми Калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар.
«Илми калом» исмининг ишлатилишига эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала шу илмда ўрганилганидандир.
«Илми Усулиддин»
Яъни, Ислом шариати ва диндан олинган эътиқодий ҳукмларни баҳс қилувчи илм, дегани. Чунки бу илм асл бўлиб, бошқа диний илмлар унга эргашади.
Бу ном ҳам иккинчи ҳижрий асрда чиққан бўлиб, Аллоҳ таолонинг «Унинг асли собитдир, фаръи-шохи эса осмондир» оятидан олиб шаръий ҳукмларни аслларга ва фаръларга тақсим қилингандан кейин келиб чиққан.
Бу исмни биринчи бўлиб ишлатган шахс Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийдирлар. У киши ўз китобини:
«Ал-Ибона фил усулид Дияна» деб номлаганлар. Кейин эса Абдул Қодир ал-Бағдодий ал-Ашъарий «Усулуд дин» китобини ёзган.
«Илмут Тавҳид»
Ҳақиқатда, Тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи Аллоҳга лойиқ бўлган ва Аллоҳнинг зотида ундан ўзгача лойиқ бўлмаган ҳамма нарсаларни баён қилувчи нарсадир. У Ислом миллатининг шиоридир. Ислом у билан танилган ва бошқа динлардан имтиёзли бўлган.
Зарурий ақийдаларнинг бу ном билан аталиши, Аллоҳнинг ваҳдонияти бу ҳақдаги баҳсларнинг энг машҳури ва энг шарафлиси бўлгани учундир.
Бу исм ўнинчи ҳижрий асрдан кейин кенг тарқалди. Мисол учун, Шайх Муҳаммад Абдуҳ «Рисолатут Тавҳид»ни таълиф қилди. Машҳур тафсирчи ал-Қосимий «Далоилут Тавҳид»ни ёзди.
«Илмул Ақоид»
Бу ўзидан олдинги исмлардан кейинроқ, тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган. Ақоид фалсафа билан, айниқса нақлий ақийдалар ақлийлари билан аралашиб кетганидан сўнг салафи солиҳнинг холис ақийдасини, яъни кейингиларнинг фалсафа аралашган, ақлий таъвилларга қоришган ақийдасидан ажратиш учун ушбу исмни ишлатишга ҳожат тушган.
|