Савоб ва иқоб Принтер учун
09.04.2010 й.
islom.uz

Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзуига узвий боғлиқдир.

Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга дахли йўқ, деганлар, банданинг амалига яраша савоб ёки азоб бериш Аллоҳ таолога вожибдир, дейдилар.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида эса, Аллоҳ таоло бандага унинг қилган яхшилиги ва тоати учун савоб берса, Ўз фазлидан беради. Агар Аллоҳ таоло бандани иқобга дучор қилса, Ўз адли ила дучор қилган бўлади, дейдилар.
Чунки борлиқдаги барча нарса, жумладан, савоб ва иқоб ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз мулкидаги нарсадир. Аллоҳ таоло қилган ишидан сўралмас зотдир.
Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло мўмин ва солиҳ бандаларига савоб бериши ҳақида такрор–такрор таъкидланади. Савоб банданинг бу дунёда қилган амали мукофотидир.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди», деган (148-оят).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:«Ким бу дунё савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам у дунёнинг савоби бордир», деган (134-оят).
Шунингдек, Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло гуноҳкор бандаларига иқоб бериши ҳақида такрор-такрор таъкидланади. Иқоб банданинг бу дунёда қилган гуноҳларининг жазосидир.
Аллоҳ таоло «Сод» сурасида: «Барчалари, албатта, Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг иқобим ҳақ бўлди», деган (14-оят).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Албатта, Роббинг мағфират эгасидир ва аламли иқоб эгасидир», деган (43-оят).

Мукофот ёки жазо амалга қараб бўлади.
Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини тааммул қиладиган бўлсак, савоб ҳам, иқоб ҳам амалга қараб берилиши умумий қоида эканини кўрамиз.
Аллоҳ таоло «Зухруф» сурасида: «Мана шу, қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган жаннатдир», деган (72-оят).
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Фаришталар уларнинг жонларини пок ҳолларида ола туриб: «Сизларга салом бўлсин. Қилиб юрган ишларингиз туфайли жаннатга киринг», дерлар», деган (32-оят).
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар», деган (180-оят).
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Қилиб ўтган амалларингиз туфайли мангу азобни тотинг!» дейилур», деган (14-оят).
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўлурми?! Тенг бўлмаслар. Ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир. Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг», дейилур», деган (18-20-оятлар).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг ҳадиси шарифларида ҳам кишиларга савоб ёки иқоб бериш, уларни жаннат ёки дўзахга киритиш амалларига боғлаб қўйилганини кўрамиз.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мени бир амалга далолат қилингки, уни қилсам жаннатга кирай», деди.
«Аллоҳга ибодат қиласан ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Фарз намозни қоим қиласан. Фарз қилинган закотни адо этасан. Рамазон (рўзаси)ни тутасан», дедилар.
«Жоним унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан зиёда қилмайман», деди.
У қайтгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни аҳли жаннатдан бир одамга назар солиш хурсанд қилса, бунга назар солсин», дедилар
».
Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қирқта хислат бор, энг олийси эчкини (соғиб ичишга) бериб туриш, қай бир одам ўшалардан бир хислатга савоб умидида ва қилган ваъдасининг тасдиғи учун амал қилса, Аллоҳ, албатта, уни ўша туфайли жаннатга киритур», дедилар
».
Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда У зотга яқинлашиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», – дедим.
«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан. Ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан. Рамазон (рўзаси)ни тутурсан. Байтни ҳаж қилурсан», – дедилар. Сўнгра:
«Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми: Рўза сақловчидир. Садақа, худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», дедилар ва «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра эса:
«Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» – дедилар.
«Оре, Эй, Аллоҳнинг Расули», – дедим.
«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса, жиҳоддир», – дедилар. Сўнгра эса:
«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» – дедилар.
«Оре, Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари», – дедим.
Бас, У зот тилларини тутдилар ва:
«Мана буни тийгин!» – дедилар.
Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» – дедим.
«Онанг азангни тутсин, Эй, Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юз тубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» – дедилар
».
Имом Термизий ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг тушунчалари ҳам бундан ўзга бўлган эмас.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан, «лаа илаҳа иллаллоҳу» билан амал зарар қиладими ёки у билан наф ҳам берадими, деб сўраган одамга у киши, солиҳ амал қил, ғурурга кетма, деганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri