Қора дона (Седана) Принтер учун
09.04.2010 й.
islom.uz

Арабча матнларда «ал-ҳабба ас-савдаа» номи ила зикр қилинган нарсани биз сўзма-сўз «қора дона» шаклида таржима қилдик.

Чунки ушбу «қора дона» нима экани ҳақида уламоларимиз кўп тортишганлар. Кўпчилик уни «шунбиз» номли қора рангли дона эканини таъкидлаган. Аслида, у қорамтир яшил бўлар экану, лекин кўпчилик қора сифатини айтишга одатланган экан. У «қора зира», «ҳинд зираси» деб ҳам аталар экан. Бизда «седана» ҳам дейилади.
Қадимги ҳадис шарҳи китобларида ва тиб китобларида бу нарсанинг қандоқ қилиб ишлатилса қайси дардга даво бўлиши ҳақида саҳифа-саҳифа маълумотлар ёзилган. Мақсадимиз бошқа бўлгани учун бу васфларни четлаб ўтамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Унинг лафзи қуйидагича:
«Сизлар мана бу қора донани лозим тутинглар. Чунки унда сомдан бошқа барча дардга шифо бор. Сом ўлимдир».

Ибн Абу Атийқ розияллоҳу анҳу бир беморнинг олдига кирди ва:
«Сизлар мана бу қора доначани лозим тутинглар. Ундан беш ёки олти дона олиб, майдалаб туйинглар. Сўнгра унинг бурнига зайтун ёғи билан мана бу тарафга, мана бу тарафга томизинглар. Оишанинг менга айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, мана бу қора донада сомдан бошқа барча дардга шифо бор», деганларини эшитган экан», деди.
«Сом нима?» деган эдим.
«Ўлим», деди
».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларда «қора дона»ни ўлимдан бошқа барча дардларга даво экани қайта-қайта таъкидланмоқда. Бу маънони қандоқ тушунмоқ керак?
Уламоларимиз бу саволга атрофлича жавоб берганлар. Уларнинг ҳамма жавобларида ҳам ушбу ҳадиси шарифларнинг маъносини сиртдан кўрингандек тушунмаслик кераклиги таъкидланган.
Хаттобий:
«Бу ерда умумий гапириб, хусусийни ирода қилиш қоидаси ишлатилган. Бу ерда ҳамма дардлар дейишдан, рутубат ва балғамдан келиб чиқадиган хасталиклар ирода қилинган», деган эканлар.
Абу Бакр ибн Арабий бўлса:
«Табиблар наздида «қора дона»дан кўра асал барча дардга даво бўлишга яқинроқ. Шундоқ бўлса ҳам баъзи хасталикка йўлиққан кишилар асал ичсалар озор топадилар. Аллоҳ таоло асалда одамлар учун шифо бор, деган бўлса ҳам уни ғолибо маъносида тушунилгандан кейин «Қора дона»ни ҳам шунга яқин маънода тушуниш лозим», деган.
Бошқалар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давони хас¬танинг ҳолига қараб туриб васф қилар эдилар. У зотнинг «қора дона» ҳақида айтган гаплари маълум кишиларга тегишли бўлган», деганлар.
Ушбу фикрларни жамлаб ҳаммаси ҳам тўғри фикр эканини тасдиқласак яхши иш қилган бўламиз.
Яна қўшимча равишда таъкидламоғимиз лозимки, ҳақиқатда «қора дона» ўша вақтда, ўша муҳитда мавжуд бўлган кўплаб хасталикларга даво бўлганини табиблар тасдиқлаганлар.
Ҳозирги замонда эса «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар ҳайъати» ҳаракати билан ўтказилган илмий баҳслар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қора дона» ҳақида айтган ҳадиси шарифлари тиббий мўъжиза эканини тасдиқлади. Бу ҳақида алоҳида китоб ҳам чоп этилди.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri