Қон олиш жойи ва замони Принтер учун
09.04.2010 й.
islom.uz

Бизда «қон олиш» деб аталадиган истилоҳ арабларда иккига бўлинади.

Биринчиси, «ҳижома» деб аталиб, бошдан қон олишни англатади.
Иккинчиси, «фасд» деб аталиб, жисмнинг бошдан бошқа қисмидан қон олишни англатади.
Иссиқ ўлкаларда, жумладан, Арабистонда бошдан қон олиш фойдали бўлгани учун «ҳижома» истилоҳи машҳур бўлиб кетган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик ҳолларида бошларининг бир томони оғриганда, бошларидан қон олдирдилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳром боғлаб Маккаи Мукаррама томон кетаётиб муборак бошларининг бир томони оғриб қолган. Леҳяй жамал номли жойга етганларида қон оладиган мутахассисни чақиртирганлар. Шунда Абу Тийба исмли ҳажжом келиб у зотнинг бошларидан қон олган.
Ана шундан қон олдириш лозим бўлганда қон олдириш керак, эҳромдалик ҳолда ҳам қон олдирса бўлади, деган ҳукмлар олинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходималари Салмадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бошидаги хасталикдан шикоят қилса, қон олдир, дер эдилар. Ким оёқ оғриғидан шикоят қилса, ҳинно қўй, дер эдилар».
Шарҳ: Албатта, Салма розияллоҳу анҳо ўзлари гувоҳ бўлган нарсанинг хабарини бермоқдалар. Бу ишлар ва маслаҳатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган муҳит, шароит ва беморларнинг хусусиятига қараб, тажрибага суяниб айтилган. Бу ҳадиси шарифдан ҳар қандай бош оғриғига қон олдириш, ҳар қандай оёқ оғриғига ҳина қўйиш даво экан, деган хулоса чиқариб олиш керак эмас.

Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларидан ва икки кураклари орасидан қон олдирар эдилар ва:
«Ким мана шу ердан қон оқизса, бир нарса ила, бир нарса учун даволанмаса ҳам бўлаверади», дер эдилар
».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу гапдан вақти-вақти билан мазкур жойдан қон олдириб турган одам хасталикка дучор бўлиш эҳтимоли камаяди, деган маъно келиб чиқади. Шунинг учун ҳам авваллари баҳор мавсумида зулук солиш одати бўлган. Ҳозирги пайтда ҳам тажриба қилганлар бу маънони тасдиқлайдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйинларининг икки томонидаги томирларидан ва елкаларининг юқори қисмидан қон олдирар эдилар. Ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирар эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қонни қаердан олдириш ҳам аҳамиятли. Кўринган жойдан қон олдиравериш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Балки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганга ўхшаш мутахассислар тажриба орқали аниқлаган ва фойдали эканини тасдиқлаган жойдан олдирилади. Албатта, қонни қаердан олишни бемор эмас, табиб белгилайди.
Иккинчи муҳим нарса қонни қачон олдириш масаласи. Ушбу ривоятда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнинг «Ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирар эдилар».
Бу нарса ўта муҳим. Чунки ой ернинг йўлдоши у билан доимий боғлиқ. Ой кечаси ерга нур сочиб туради. Ойнинг тортиш кучи ҳам ерга ва ундаги нарсаларга ўз таъсирини ўтказиб туради. Ойнинг бундан бошқа таъсирлари ҳам жуда кўп. Шундоқ экан, ойнинг янги чиққан кунидаги таъсири бошқача, тўлин бўлгандаги таъсири бошқача ва охирлаб қолгандаги таъсири бошқача бўлиши турган гап. Қон олиш инсон вужудида катта ўзгаришларга сабаб бўладиган жараён. У ишни энг муносиб шароитларда қилиш керак. Ана ўша шароитлардан бири у амалиётнинг қилиш вақтини тўғри танлай билиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқланган тажрибаларга суяниб ушбу ривоятда зикри келган кунлари қон олдирар эканлар.
Уламолар бу ишнинг ҳикматини англаш учун тажриба ўтказиб ҳақиқатда мазкур кунлар қон олдириш учун энг муносиб кунлар эканини тасдиқлаганлар. Бу ҳақиқатни Ибн Қайюм ал-Жавзийя «Зодул маъод фии ҳадйи хойрил ибод» номли китобида батафсил баён қилган.
Ҳозирда бу масалага энди-энди бир оз эътибор берилмоқда. Баъзи бир жарроҳлик амалиётларини мавсумга қараб қилишга ўтилмоқда. Тез-тез «магнит бўрони» кунлари юрак хасталигига чалинганлар ўзларини эҳтиёт қилиш кераклиги эълон ҳам қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлари қон олдирса, ҳар бир дарддан шифо бўлур», дедилар
».
Шарҳ: Албатта, қон олдиришга боғлиқ дардлардан шифо бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанба куни қон олдиришдан наҳий қилар ва:
«У кун қон кунидир. Унда бир соат бор, унда (қон) тўхтамас», дер эдилар».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сешанба кунини қон куни номи ила атаганларини уламоларимиз икки хил таъвил қиладилар.
Биринчиси, Қобил Ҳобилни сешанба куни ўлдирган. Одам боласининг қони биринчи бор сешанба куни оққан. Шунинг учун бу куни қон куни ҳисобланади ва у кунда қон олдириш мар¬ғуб эмас.
Иккинчиси, ҳафтанинг сешанба куни инсоннинг қони фаоллашган бўлади. Агар ўша куни қон олдирса, қони тўхташи қийин бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига исро қилдирилган кеча ҳақида сўзладилар. Албатта, қайси бир фаришталар тўпи олдидан ўтсалар, умматингни қон олдиришга амр қил, деганлари ҳақида сўзладилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятларда қон олдиришга кўп тарғиб қилинишининг асосий сабаби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ўша пайтдаги мусулмонлар ўта иссиқ минтақа ҳисобланган Ҳижозда яшаганларидандир. Уларнинг шароити шундоқ бўлишини талаб қилган.

Икрима розияллоҳу анҳу айтади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг учта қон олувчи ғуломлари бор эди. Улардан иккитаси унга ва унинг аҳлига даромад келтирар эди. Биттаси ундан ва унинг аҳлидан қон олар эди».
Ибн Аббос, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳажжом қандоқ ҳам яхши банда, қонни кетказади, қуйилганни енгиллаштиради ва кўзни равшанлаштиради», деганлар», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, қайси бир фаришталар тўпи олдидан ўтсалар, қон олдиришни лозим тут», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдаги янгича маъно қон олишни касб қилиб даромад топиш, ўзи ва оиласи учун хос табиб — қон олувчи ихтиёр қилиш жоизлигидир.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қон олишни касб қилиб олган шахс— ҳажжом ҳақида яхши сўзлар айтганларидир.
Учинчи нарса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қон олиш туфайли етадиган фойдалардан учтасини зикр қилганларидир:
1. «қонни кетказади»
Яъни, қон олиш орқали бемордаги хасталикка сабаб бўлаётган қон чиқиб кетади.
2. «қуйилганни енгиллаштиради»
Қон олдириш даражасида хаста бўлганларнинг кўпларининг қони қуйилиб, қон томирлари қотишиб қолиши маълум. Қон олиш туфайли қолган қон ҳам суюқлашади, томирлар ҳам юмшаб қон айланиш жараёни ўз ҳолига қайтади.
3. «ва кўзни равшанлаштиради»
Бу ҳолат ҳам тажрибалардан ўтган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri