Жисмни толиқтиришдан қайтариш Принтер учун
09.04.2010 й.
islom.uz

Исломда инсон ўзини-ўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун биров нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб ўзини толиқтиришига шариат қарши бўлади. Чунки бу нарса соғлиқка зарар келтириши мумкин. Шунингдек, ҳаддан ташқари кўп нафл рўза тутиб ўзини чарчатиш ҳам мумкин эмас.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Уч кишидан иборат бир гуруҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келдилар. Бу ҳақда хабар берилганда, уларга Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари оз кўринди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар-у, биз қаёқдамиз, у зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.
Битталари:
«Мен доимо кечаси билан намоз ўқиб чиқаман энди», деди.
Иккинчиси:
«Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди.
Учинчиси эса:
«Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб:
«Сизлар шу-шу гапларни айтдингизми? Аммо, Аллоҳга қасамки, ичингизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчингиз менман ва унга энг кўп тақво қилувчингиз ҳам менман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким суннатимдан ўзини тортса, мендан эмас», дедилар».
Шу билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб онт ичиш ёки жисмни толиқтирадиган даражадаги нафл ибодатни вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда ҳеч кимнинг Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳақи йўқлиги таъкидланди.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга хабар берилишича сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар. Мен:
«Албатта мен ўшандоқ қилурман», дедим.
У зот:
«Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳақи бор, аҳлингнинг ҳам ҳақи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт», дедилар
».
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ва у киши орқали барча умматларини амалда тежамкор бўлишга, оз бўлса ҳам бардавом амални қилишга чорламоқдалар.
Биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари даврида бўлиб ўтган бир воқеа сабаб бўлган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг оталари Қурайш қабиласига мансуб чиройли келинга уйлаб қўйибди. Куёв бўлса, янги келин билан иши бўлмай, ибодатга берилиб, кечаси билан намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юраверибди. Бу ҳақда отаси Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга насиҳат қилибди. У киши эса, ибодатга берилганлик ва ёшлик ғурури таъсирида отанинг насиҳатига қулоқ осмапти. Ўз билганини қилиб, кечаси намоз ўқиб, кундузи рўза тутиб, оиласи билан иши бўлмай юраверибди. Шунда ноилож қолган отаси бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилибди. У зот Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чорлаб:
«Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан ибодат ғурурига кетган ёш йигитлар билан муомала қилишни ўрганиш керак. У зот унга дўқ ҳам қилмадилар, отанг менга сендан шикоят қилди, ҳам демадилар. Худди унинг ибодати ҳақида ноаниқ шахс томонидан хабар эшитгандек гап бошладилар. Гапларида унинг қилмишини танқид қилиш аломати ҳам сезилмади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Амр дадилланиб:
«Албатта, мен ўшандоқ қилурман», деб жавоб берди.
Абдуллоҳ ибн Амрнинг устидан тушган шикоятни ўзига тасдиқлатиб олганларидан кейин, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аста насиҳат қилишга ўтдилар:
«Агар сен ўшандоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади», дедилар.
Яъни, сен кечаси билан намоз ўқиб, кундузи рўза тутишни давом эттираверадиган бўлсанг, соғ¬лиғингга зарар етади: Кўзинг заифлашади. Ҳадеб узлуксиз нафл ибодат қилавериш нафсингга малол келади. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келади. Кейин ибодат қилишни хоҳламай қоласан.
«Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳақи бор».
Яъни, сенда нафсингни ҳам ҳақи бор. Уни ҳалол йўл билан меъёрида қондиришинг керак. Бўлмаса, Аллоҳ таоло сенга қўшиб халқ қилган табиатга хилоф қилган бўласан.
«Аҳлингнинг ҳам ҳақи бор».
Яъни, оила аъзоларингнинг ҳам сенда ҳақи бор. Уни ҳам адо этишинг керак. Бу ҳам шаръий бурчинг.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида унинг хотини ҳақида гап кетмоқда. Хотиннинг эрда ҳақи бор. Бир оила эру хотин бўлиб яшагандан кейин эр эрлик бурчини адо этиши керак. Намоз билан рўзага берилиб, хотинни тарк қилиб қўйишлик мусулмон кишига тўғри келмайди.
«Бас, рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам юр».
Нафл рўза тутишга иштиёқинг бор экан, майли меъёрида тут. Аммо оғзинг очиқ ҳам юр.
«Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт».
Кечалари бедор бўлиб, намоз ўқишга иштиёқинг бор экан, бу яхши, буни ҳам меъёрида қил. Аммо вақтида ухла ҳам. Бу ҳам керак.
Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, ушбу бобдаги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда нафл ибодат ҳақида сўз кетади. Чунки фарз ва вожиб ибодатларда тежамкор бўлиш, оз амал қилиш, деган гап бўлмайди. Беш вақт намознинг тўрт вақтини ўқий, рўзанинг ярмисини тутай, деб бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида ҳам кечалари ухламай нафл намоз ўқиш, кундузлари нафл рўза тутиши ҳақида сўз кетмоқда.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri