Биров маслаҳат сўрамаса ҳам, маслаҳат бериш Принтер учун
11.04.2010 й.
islom.uz

Ваҳб ибн Кайсон розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
«Ибн Умар чўпонни ва қўйларни яхшимас маконда кўрди. Ундан яхши маконни кўрди ва:
«Эй шўринг қурғур! Ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсадан масъулдир», - деганларини эшитганман», - деди
».

Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт эмас, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб:
«Эй, шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсадан масъулдир», - деганларини эшитганман», - деган эканлар.
Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради.
Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади.
Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг» деб сўрамаган. Абдуллоҳ ибн Умар оқил киши бўлганларидан, ҳадисга амал қилганлари туфайли, қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрганларидан, чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар.
Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. «Сўрамади-ку, менга нима» деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz