Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари Принтер учун
11.04.2010 й.
islom.uz

Абу Сирма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Албатта мен Сендан беҳожатлигимни ва мавломнинг беҳожатлигини сўрайман», дер эдилар
».

Шарҳ: Бу ҳадис бошқа йўл билан ҳам ривоят қилинган экан.
Бу ердаги беҳожатлик маънавий ҳам, моддий ҳам бўлиши мумкинлигини уламоларимиз таъкидлашган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нафсимизнинг беҳожатлигини ва молу мулкда ҳам беҳожатликни сўраб дуо қилиб туришимиз кераклигини таълим бермоқдалар.

Шатийр ибн Шакл ибн Ҳумайд отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Менга фойда келтирадиган дуо ўргатиб қўйинг», дедим.
«Аллоҳим! Менга қулоғимнинг, кўзимнинг, тилимнинг, қалбимнинг ва манийимнинг ёмонлигидан офият бер, деб айт», дедилар».
Вакийъ, «манийим» яъни, зино ва фужур», деди.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда саҳобаларнинг илмга бўлган иштиёқларидан бир намуна келтирилмоқда. Ровий саҳоба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзига фойда келтирадиган дуони таълим беришни илтимос қилмоқдалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одатларича энг фойдали таълимни тақдим қилмоқдалар.
«Аллоҳим! Менга қулоғимнинг, кўзимнинг, тилимнинг, қалбимнинг ва манийимнинг ёмонлигидан офият бер, деб айт», демоқдалар.
Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган қулоқ, кўз, тил, қалб ва фарж каби нарсалар ўз ўрнида ва тўғри ишлатилмаса ёмонликка бурилиб қолиши ҳам бор экан.
Демак, банда қулоқ, кўз, тил, қалб ва фарж билан қилинадиган гуноҳлардан сақланиб юриши керак экан. Чунки асосан гуноҳ содир бўладиган аъзолар шулардир.
Шунинг учун уларнинг гуноҳга кириб қолмаслигини доимий равишда Аллоҳ Таолодан дуо қилиб, сўраб турилса, инсон манфаат топар экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Менга ёрдам бергин, менга қарши ёрдам бермагин. Менинг фойдамга нусрат бергин, менинг зиддимга нусрат бермагин. Менга ҳидоятни осон қилгин», дер эдилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан сўраётган нарсалари уч қисмга бўлинади.
1. Менга ёрдам бергин, менга қарши ёрдам бермагин.
Ёрдам сўрашда Аллоҳ таолонинг Ўз амр қилган нарсаларга амал қилишда ва дин, дунё ишларидаги нафс, шайтон, жин ҳамда инсдан бўлган душманларга қарши туришда мувофақият сўраш бор.
2. Менинг фойдамга нусрат бергин, менинг зиддимга нусрат бермагин.
Нусрат сўрашда Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлардан устин бўлиш, уларнинг босқиси остида қолмасликка нусрат тилаш бор.
3. Менга ҳидоятни осон қилгин.
Менга ҳидоятни осон қилгин дейилганда ҳидоятга эргашишни ва яхшилик йўллари ва сабабларини осонлаштиришни сўраш бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Роббим! Менга ёрдам бергин, менга қарши ёрдам бермагин. Менинг фойдамга нусрат бергин, менинг зиддимга нусрат бермагин. Менинг фойдамга макр қилгин, зараримга макр қилмагин. Менга ҳидоятни осон қилгин. Менга тажовуз қилганларнинг устидан менга ёрдам бергин.
Роббим! Мени Ўзингга кўп шукр келтирувчи, Ўзингни кўп зикр қилувчи, Ўзингдан қўрқиб турувчи, Ўз амрингга бўйсунувчи, Ўзингга хушуъ-хузуъ ила талпинувчи, кўп оҳ урувчи ва барча ишларда ўзингга қайтувчи қилгин.
Тавбамни қабул эт. Гуноҳимни юв. Дуоимни ижобат эт. Ҳужжатимни собит эт. Қалбимни ҳидоят эт. Тилимни тўғри эт. Қалбимнинг қорасини суғириб ол» деб дуо қилганларини эшитдим
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жамловчи калималар – қисқа сўзлари ила кўп маънони ифода этувчи услуб ила дуо қилганларига шоҳид бўлиб турибмиз.
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа дуолари каби бу муборак дуолари ҳам ҳаммамиз учун ўрнак ва таълимдир. Бу дуони чуқур тушунган, ёдлаб ўрганган ва қилиб юрган шахс кам бўлмайди.
Келинг, ушбу дуони қисқача бўлса ҳам ўрганиб чиқайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дуоларида қуйидагиларни илтижо ила Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар:
1. Менга ёрдам бергин, менга қарши ёрдам бермагин.
2. Менинг фойдамга нусрат бергин, менинг зиддимга нусрат бермагин.
Бу икки маъно аввалги ҳадиси шарифда ўтди.
3. Менинг фойдамга макр қилгин, зараримга макр қилмагин.
Аллоҳнинг макри дейилганда У зотнинг ўз балоларини ўз душманлари улар сезмаган тарафдан туширилиши англанади.
Аллоҳнинг макри банданинг умрини узайтириб қўйиш, унга зоҳирий неъматларни бериб қўйиш кабилар билан бўлиши мумкин.
Аллоҳнинг макри гоҳида бандани тоатлар ила даражама даража олиш ила бўлиши ҳам мумкин. Банда ўзича ибодатларим қабул бўлди дея ўзидан кетиб юраверади. Аслида улар қабул бўлмаётган бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу дуода «Макрингни менинг душманларимга раво кўргин, менга эмас» деган маъно бор.
4. Менга ҳидоятни осон қилгин.
Бу маъно ҳам аввалги ҳадиси шарифда зикр қилинган.
5. Менга тажовуз қилганларнинг устидан менга ёрдам бергин.
Бошқа шахс томонидан бирор бандага тажовуз қилиниши катта ташвиш ва ғам бўлади. Шунинг учун бу нарсадан сақлашини Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб дуо қилиб туриш жуда ҳам яхши бўлади.
6. Мени Ўзингга кўп шукр келтирувчи (қилгин).
Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофатдир. Шукрнинг асли, неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда савоб ва ажр ҳамда гўзал мақтовдир», деган.
Муновий: «Шукр икки хил бўлади. Биринчиси, тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси, аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофат тақдим қилиш билан адо этилади», деган.
Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.
7. Ўзингни кўп зикр қилувчи (қилгин).
Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У зотнинг ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У зотга дуо қилиш, У зотдан бирор нарсани сўраш, У зотга ҳамду сано айтиш, У зотни улуғлаш ва У зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.
Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.
Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.
Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримдаги кўплаб оятларда биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрда бардавом бўлишни ва уни кўп қилишни нажот учун шарт қилинган. Зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларни ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлаган.
Аллоҳ таоло зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб бошқа нарсани эслайдиганларни ҳасрат-надоматда қолишини таъкидлаган.
8. Ўзингдан қўрқиб турувчи (қилгин).
Дунёда Аллоҳ таолодан қўқмайдиган одамдан ёмони йўқ. Шунинг учун ҳам нақлда «Аллоҳдан қўрмайдигандан қўрқ» дейилган. Аллоҳ таолодан қўрқиб турувчи бўлиш эса ҳар бир банда учун катта бахт ва улкан саодатдир.
Аллоҳдан қўрқишлик доимо руҳий ҳаётнинг асосларидан бўлиб келган. Чунки бу нарса доимо инсонни яхшилик чўққиларига олиб чиққан. Шунинг учун ҳам барча динлар мана шу фикрни кишилар қалбига жо қилиш учун келган бўлиб, уларга Аллоҳнинг ғазаби бу дунёю у дунё азобига гирифтор қилишини баён этган.
Гарчи инсон Аллоҳдан қўрқмас экан, у ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи-нафси нимани хоҳласа шуни қилади, бу йўлда ўзидан бошқаларга қандай жабрлар етиши ҳақида қайғурмайди. Инсонни ўзидан бошқага ёмонлик қилишдан қайтариш учун тузилган ҳеч қандай қонунлар ҳозиргача фойда бергани йўқ.
Исломда доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш, унинг азобидан хавфда бўлишни кишиларга эслатиб келган. Шундай бўлгандагина кишилар Аллоҳга итоат қиладилар ва унинг розилигига муяссар қилувчи тўғри йўлдан борадилар. Қуръон оятлари бунинг гувоҳидир:
1. «Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир» («Нур» сураси, 52-оят).
2. «Албатта ўз Роббиларидан ғойибдан қўрқадиганлар учун гуноҳларини кечиш ва улкан ажр-савоблар бордир» («Мулк» сураси 12-оят).
3. «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У зотдан рози бўлдилар. Бу Роббисидан қўрққанлар учундир» («Баййина» сураси, 8-оят).
Аллоҳдан қўрқиш инсонни одоб доирасида шижоатли қилади. Бу эса энг яхши инсоний сифатларидандир.
Кишининг ўз парвардигоридан қўрқишнинг чегараси бўлиб, у ноумидликка етиб бормаслиги керак. Фақат қўрқитиш асосида қилинган тарбия, Ислом назарида нотўғри тарбия ҳисобланади. Чунки бундай тарбия қалблардаги нурни сўндиради ва яхшилик аломатларини беркитади. Ҳар бир кишида яхши иш қилишга хоҳиш бўлиб, бу хоҳишни яхши мукофот ва Аллоҳнинг фазли карамига эришиш ваъдаси билан руҳлантириб туриш лозим.
Аллоҳдан умидворлик билан қўрқиш инсоннинг ишларига таъсир қилувчи энг муҳим омиллардан биридир. Шу нарса инсон виждонини тарбиялайди ва уни инсоният жамиятининг яхши аъзосига айлантиради.
9. Ўз амрингга бўйсунувчи (қилгин).
Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунувчи бўлиш банданинг улкан бахти. Ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш банданинг бурчидир. Бу ҳолатга эришиш ҳар банда учун улуғ мақомдир. Ана ўшани дуода сўраб туриш кераклигини ушбу ҳадиси шарифдан ўрганмоқдамиз.
10. Ўзингга хушуъ-хузуъ ила талпинувчи (қилгин).
«Хушуъ» қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир. Маълумки, хушуъ қалбга оид амалдир. Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир. Қалбнинг бузуқлиги ва тузуклигига қараб инсоннинг ўзининг бузуқ ёки тузуклиги белгиланади.
«Хузуъ» луғатда таврзуъли бўлиш, ўзини паст олиш ва ўзини хор тутишни билдиради. Унда бўйсуниш ва итоаткорлик маъноси ҳам бор.
Хузуъ ва хушуъ бир-бирига яқин маънолардир. Уларнинг орасидаги фарқни айтадиган бўлсак, хузуъ фақат баданда бўлади, хушуъ эса банда, овозда ва кўзда бўлади. Хузуъни сунъий равишда қилиш мумкин. Хушуъни эса, сунъий равишда қилиб бўлмайди.
Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверади.
Бу икки сифат ўта зарурий бўлганидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни дуоларида Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар.
11. Кўп оҳ урувчи (қилгин).
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни оятда «оввоҳун» деб сиатлаган. Яъни, кўп нола қилиб, оҳ урувчи киши деган. Бу ҳам гўзал сифат бўлганидан уни дуода сўралмоқда.
12. Барча ишларда Ўзингга қайтувчи қилгин (қилгин).
Албатта, барча ишларда Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтадиган бўлиш банда учун энг зарурий сифатлардан бири. Мўмин-мусулмон банда катта-кичик, ошкор ва махфий ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтувчи бўлгандагина тўла нажотга эришиши мумкин.
12. Тавбамни қабул эт.
Ҳар бир банда учун тавбасининг қабул бўлмай қолишдан кўра ёмон ҳолат бўлмаса керак. Зотан беайб фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи. Ҳар бир банда тавба қилишга ва тавбасининг қабул бўлишига муҳтож.
Демак, биз тавбани қилиш билан бирга унинг қабул бўлишини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб, илтижо қилиб туришимиз керак экан.
13. Гуноҳимни юв.
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию кейинги гуноҳларини мағфират қилинганини Аллоҳ таолонинг Ўзи эълон қилиб қўйган. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бандалик мақомида бу дуонинг қилишлари ўзлари учун шарафдир. Икккинчидан бу дуолар умматлари учун таълим ҳамдир.
14. Дуоимни ижобат эт.
Дуонинг ижобат этилиши ҳам банда учун катта неъмат. Дуоси қабул бўлмай қолишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Бундан дуонинг ижобат этилишини ҳам илтижа ила сўраб туриш кераклиги чиқади.
15. Ҳужжатимни собит эт.
Уламоларимиз ушбу дуодаги ҳужжжатнинг собит этилиши дунёда ва қабрда эканини таъкидлаганлар.
16. Қалбимни ҳидоят эт.
Яъни, шариат ҳақиқатларини идрок этишга қалбимни ҳидоят қил.
17. Тилимни тўғри эт.
Яъни, фақатгина ростни нутқ қилишим ва фақатгина ҳақни гапиришим учун тилимни тўғри қил.
18. Қалбимнинг қорасини суғириб ол.
Яъни, қалбимда ҳеч бир қоралик қолдирма.

Муҳаммад ибн Каъб Қаразийдан ривоят қилинади:
«Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб:
«Аллоҳим! Албатта, берганингни манъ қилувчи йўқ. Аллоҳ манъ қилганни берувчи йўқ. Бойлик эгасига Сенинг ҳузурингда бойлик манфаат бера олмас. Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди».
Мен бу калималарни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди мана шу ёғочлар устидан эшитганман», деди
».
Шарҳ: Бу ривоятдан саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини катта эътибор билан ўрганганлари, дуо қаерда ва қандай қилганигача ёдлаб олганларини билиб оламиз.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб У зотдан ўрганиб олган дуони ўқиб уни қандай ёд олганларини одамларга айтиб бермоқдалар.
«Албатта, берганингни манъ қилувчи йўқ».
Аллоҳ таоло берганини ким ҳам манъ қила олар эди. Агар бутун жунё бирлашиб Аллоҳ таоло берган нарсани манъ қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч нарса қила олмайдилар.
«Аллоҳ манъ қилганни берувчи йўқ».
Аммо Аллоҳ таоло бандага бирор нарсани манъ қилиб қўйса, У манъ қилган нарсани берувчи зот ҳам йўқ. Бундай зотнинг бўлиши ҳам мумкин эмас.
Аллоҳ таоло бандасига Ўзи истаган нарсани беради. Унинг берганини манъ қилувчи зот йўқ. Бундай зотнинг бўлиши мумкин ҳам эмас.
Аллоҳ таоло манъ қилганини ким ҳам бера олар эди. Агар бутун жунё бирлашиб Аллоҳ таоло манъ қилган нарсани бермоқчи бўлса ҳам, ҳеч нарса қила олмайдилар.
«Бойлик эгасига Сенинг ҳузурингда бойлик манфаат бера олмас».
Бу дунёда бойлк эгаси бўлганлар ўз бойликларидан турли фойдалар олиб юришлари мумкин. Бойликлари уларга обрў бўлиши мумкин.
Аммо у дунёда, оламларнинг Роббиси ҳузурига борганда эса бойларнинг бойлиги уларга манфаат бера олмай қолади. У ерда манфаат берадиган нарса иймон, ибодат ва амали солиҳ бўлади.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида иймон, ислом, тақво, ибодат ва амали солиҳлар манфаат беради. Бойлик ҳеч қандай манфаат бера олайди. Бойлик бу дунёнинг матоҳи, холос.
«Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди».
Бу диний илмларни яхши ўзлаштирган олимлар учун улкан башоратдир. Динда фақиҳ бўлиш, Аллоҳ таолонинг бандага яхшиликни ирода қилгани аломатидир.
Динда фақиҳ бўлишилик Аллоҳ таолонинг бандага яхшиликни раво кўрганининг белгиси эканини ушбу жумладан билиб оламиз. Бас, динда фақиҳ бўлишга ҳаракат қилайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дуонинг энг ишончлиси «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Мен бандангман. Мен ўз-ўзимга зулм қилдим ва гуноҳимни тан олдим. Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилмас. Роббим, мени мағфират қилгин» дейишингдир», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода энг ишончли ва мустаҳкам дуо зикр қилинган. Унда дуо қилувчи бандалигини ва гуноҳларини бўйнига тўлиқ олиб туриб илтижо ила қилиши борлигини мулоҳаза қиламиз.
Бас, дуоларимизда мана шу омилга алоҳида эътибор беришимиз керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Менинг ишимнинг тутувчиси бўлган динимни салоҳиятли қилгин. Менинг унда маошим бўлган дунёимни салоҳиятли қилгин. Ўлимни мен учун ҳар бир ёмонликдан раҳмат қилгин» деб дуо қилар эдилар
».
Шарҳ: Уламоларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу дуолари ўзида жамловчи калималарни мужассам қилган дуолардандир, дейдилар. Чунки бу дуода бу дунё ва охиратнинг салоҳияти ва ўлимнинг яхшиликка бўлиши сўралган.
«Аллоҳим! Менинг ишимнинг тутувчиси бўлган динимни салоҳиятли қилгин».
Диннинг салоҳиятли бўлиши банда учун унинг ҳаётининг мазмунидир. Дини яхши бўлмаган одамнинг дунёси ҳам, охирати ҳам яхши бўлмаслиги бор ҳақиқат.
«Менинг унда маошим бўлган дунёимни салоҳиятли қилгин».
Ҳаётни яхши ўтказиш, динга амал қилиш учун одам боласининг маоши макони бўлган бу дунёси ҳам салоҳиятли бўлиши керак.
«Ўлимни мен учун ҳар бир ёмонликдан раҳмат қилгин».
Турли ёмонликларга гирифтор бўлмасдан ўлиш ҳам банда учун Аллоҳнинг раҳмати бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам балонинг қаттиқ бўлишидан, бадбахтлик етишидан, қазонинг ёмонлигидан ва душманларнинг ичқоралигидан паноҳ тилар эдилар».
Суфён: «Ҳадисда учта. Мен битта зиёда қилдим. Қай бири эканини билмайман», деди
».
Шарҳ: Ушбу ривоятда тўрт ёқимсиз нарсадан паноҳ сўраш бор. Аслида учта бўлган. Аммо ровийлардан Суфён биттани қўшган ва қай бири қўшилганини ўзи билмайди. Мана шу ҳолатни у кишининг ўзи эътироф ила айтиб ҳам қўйган.
Балонинг қаттиқ бўлишидан мурод инсонга етадиган ҳар бир машаққат кўзда тутилган. Уни кўтаришга одамнинг тоқати етмайди. Уни даф қилишга қудрати йўқ бўлади.
Баъзи уламолар, балонинг қаттиқ бўлишидан мурод инсон бундан кўра ўлганим яхши дейдиган даражадаги мусибатдир, деганлар.
Бадбахтлик етишидан мурод саодатга тескари ҳолат пайдо бўлишидир.
Бадбахтлик икки хил, диний ва дунёвийга тақсимланади.
Дунёвий бадбахтлик нафсоний, жисмоний ва хорижийларга турларга тақсимланади.
Диний бадбахтлик гуноҳ ишларни қилиш ила бўлади.
Дуода уларнинг барчасидан паноҳ тиланади.
Қазонинг ёмонлигидан мурод бандага тақдир қилинган нарсалардан бандани маҳзун қиладиганларидир. Бу нарса умумий бўлиб, у банданинг динида, дунёсида, ўзида, аҳлида, молида ва бошқа нарсаларда бўлиши мумкин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазонинг ёмонлигидан паноҳ сўраб дуо қилишларидан бу иш қазои қадарга рози бўлишга хилоф эмаслиги келиб чиқади.
Қазо бандаларга нисбатан икки қисмдан иборат бўлади. Яъни, яхши ва ёмондан. Биз бандалар уларга иймон келтириш ва рози бўлишга амр қилингамиз. Бас, бунга амал қилишмиз лозим. Биз бандалар қазонинг ёмонидан паноҳ сўрашга амр қилинганмиз. Бас, унга ҳам амал қиламиз. Иймонимиз ҳам, паноҳ сўрашимиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига биноандир.
Душманларнинг ичқоралигидан мурод душманнинг ўз душмани хурсандлигидан хафа ва хафалигидан хурсанд бўлишидир.
Ичиқоралик салбий тасири кучли бўлгани учун, одамларда адоватни кучайтириши турган гаплигидан ундан панох сўралмоқда.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беш нарсадан: дангасаликдан, бахилликдан, кибрнинг ёмонлигидан, қалбдаги фитнадан ва қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар».
Шарҳ: Келинг, дуодаги беш нарса ила батафсил танишиб чиқайлик.
1. Дангасалик жуда катта офат. Бундай офатдан доимий равишда паноҳ сўраб туриш керак. Дангасалик мунофиқларнинг сифатларидан бири ҳисобланади.
2. Бахиллик ҳам жуда ёмон хислат, кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифат. Бахил кишини қариндош-уруғ ҳам, аҳлу аёли ҳам ёмон кўради. Ўзининг охиратдаги сифати ҳам ёмон бўлади. Аллоҳ булардан Ўзи сақласин.
3. Аввалги ҳадисда айтилганидек, кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни пастга уришдир. Мўмин-мусулмон киши бировга жабр қилувчи, кибрланувчи бўлмаслиги керак. Аксинча, ўзини фақир тутиши, ҳаммани тенг кўриши, мутавозеъ бўлиши лозим.
Кибр-ҳавога берилган одамлар қиёмат куни маҳшаргоҳга одам суратидаги заиф, кўзга илинмайдиган чумолига ўхшаш ҳайвон шаклида тирилтириладилар. Хорлик, зорлик уларни ҳамма тарафдан қоплаб туради, улар эса қўрқиб, титраб-қақшаб турадилар.
4. Қалбдаги фитнадан мурод инсон қалбидаги ботил ақийдалар, ҳасад, ҳақни қабул қилмаслик сифатлардир. Буларнинг ҳар бири ўз эгасига олам-олам бало офатлар олиб келиши мумкин.
5. Қабр азоби гуноҳкор банда учун энг ёмон азоблардан бири ҳисобланади. Бу нарса ҳам ҳар қанча паноҳ сўралса, арзийдиган ишдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, ўта қариликдан паноҳ тилайман.
Мен сендан ҳаёту мамотнинг фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман», дер эдилар
».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда олти нарсадан паноҳ сўрамоқдалар.
1. Ожизлик.
Ожизлик сўзи луғатда бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни анлатади.
2. Дангасалик.
Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб баданининг роҳатини кўзлаб тарк этишни билдиради.
3. Қўрқоқлик.
Қўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўяди. Шунинг учун Аллоҳ Таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.
4. Ўта қарилик.
Ўта қариб, бошқаларга оғирлиги тушиб қолиш ҳам шундай. Аллоҳ Таоло бундан ҳам сақласин.
5. Ҳаёту мамотнинг фитнаси.
Ҳаёту мамотнинг фитнаси жамловчи сўзлардан бўлиб жуда кўп нарсаларга далолат қилади. Дунёнинг фитнасига учиб охиратни унутиб қўйиш жуда ҳам ёмон оқибатларга олиб бориши ҳаммага маълум. Охиратнинг фитнаси ҳам турли бўлади. Муҳими банда улардан ўзига етганидан халос бўлишни ва етмаганини дафъ қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриши керак.
6. Қабр азоби.
Қабр бу дунёнинг охирги ва охиратнинг дастлабки манзилидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, икки дунё орасидаги бир манзиладир. Шу билан бирга қабр охиратдаги мақомни белгиланиш жойи ҳамдир.
Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади:
«Усмон қачон қабр устига келса йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Бас, унга:
«Жаннат ва дўзахни зикр қиляпсанми? Йиғлама. Шунга йиғлайсанми?» дейилди. Шунда у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, қабр охиратнинг манзилларидан аввалгисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингилари ундан осондир. Агар ундан нажот топмаса, ундан кейингиси, ундан кўра шиддатлидир», деганлар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қанча даҳшатли манзара кўрган бўлсам, қабр ҳаммасидан кўра даҳшатлироқдир», деганлар», деди.
Термизий ривоят қилган.
Ҳа, қабр энг қўрқинчли, энг даҳшатли жой экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳим! Мен Сендан ғам ва маҳзунликдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарздорликнинг кучайиб кетишидан ва одамларнинг менга ғолиб бўлишидан паноҳ сўрайман» деганларини эшитим
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўта муҳим нарсалардан пннаноҳ тилаб дуо қилиб юришни таълим бермоқдалар.
1. Ғамдан.
Биз «ғам» деб таржима қилганимиз сўз арабчада «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.
2. Маҳзунликдан.
Маҳзунлик эса, бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.
3. Ожизликдан.
Ожизлик сўзи луғатда бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни анлатади.
4. Дангасаликдан.
Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб баданининг роҳатини кўзлаб тарк этишни билдиради.
5. Қўрқоқликдан.
Қўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўяди. Шунинг учун Аллоҳ Таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.
6. Бахилликдан.
Бахиллик луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.
Уламолар истилоҳида бахиллик бир неча хил таъриф қилинган бўлиб, улар бир-бирларини тўлдириб келади.
Журжоний дейди: «Бахиллик ўз молини ман қилишдир».
Яна: «Ҳожат тушганда ўзидан устун кўришни тарк қилиш бахиллик ҳисобланади», деган.
Ибн Ҳажар: «Бахиллик сақлаб турилган нарсадан талаб қилинганда ман қилишдир», деган.
Бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафа-қани қилмасликдир.
Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади.
7. Қарздорликнинг кучайиб кетишидан.
Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб қарздорнинг ноилож қолишидир.
Ўтган азизларимиздан бирлари: «Агар қарзнинг ғами қалбга кирса, албатта ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.
8. Одамларнинг ғолиб бўлишидан.
Одамларнинг ғолиб бўлишидан эси ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.
Зотан, разолатлар уч турли бўлади; нафсоний, жисмоний ва хорижий.
Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ақлий қувватга ғам ва маҳзунлик боғлиқ бўлади. Қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.
Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.
Ожизлик разолати бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида кўпроқ юзага келади.
Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол пайтида бўлади.
Хорижий разолатлар ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб бири молга иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.
Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуолари:
«Аллоҳим! Мени аввалги ва кейинги, сир ва ошкора бўлган ҳамда мен билмай, сен билган гуноҳларимнинг ҳаммасини мағфират қилгин.
Сен Ўзинг Аввалсан ва Охирсан, Муқаддимсан ва Муаххирсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ», эди
».
Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадисни оз сўзлар билан кўп нарсани ифода қилувчи жавомул калим-жамловчи сўзлар эгаси бўлган ҳадиси шарифлардан деб баҳолайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифдаги дуолари Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан баъзиларини эсга ва тан олиб ихлос ила қилинган дуодир.
Унда банданинг барча гуноҳларини кечирилиши сўралмоқда. Ожиз банданинг аввалги ва кейинги, сир ва ошкора, билиб билмай қилган барча гуноҳларига мағфират сўралмоқда.
Баъзи уламоларимиз бу дуодаги маъноларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хослашга уриниб таъвил қилишга ўтганлар. Аммо бу дуо У зотнинг умматларига таълим ҳам эканини унутиб қўйганлар.
Бизлар ҳам бу дуоларни ёдлаб доимо ўқиб юришга одатланишимиз лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоятни, иффатни, беҳожатликни сўрайман», дер эдилар
».
Асҳобларимиз Амрдан «Ва тақвони» деганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятни шарҳ қилган уламолар унинг охирида номи зикр қилинган Амр имом Бухорийнинг шайхлари Амр ибн Марзуқ бўлса керак, дейдилар. Мазкур Амр исмли зот ўз ривоятида «Ва тақвони» сўзини ҳам қўшиб айтар экан. Шу маънони имом Бухорий қўшимча маълумот тарийқасида келтирган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ҳис туйғусиз, қуруқ сўз сифатида эслаб юрадиганлар бебаҳра қолишларини эслатиб қўйишимиз лозим. У зотнинг дуоларига эътибор билан, ихлос билан муносабатда бўлган одам олам - олам маънони, балоғат ва фасоҳатни, бандаликни бутунлай тан олишни, Аллоҳ таолони улуғлашни, банданинг илтижо ва тазарруъни, оз сўзлар билан кўп нарсани сўрашни ва бошқа фойдаларни кўради.
Ушбу ривоятдаги дуода сўралаётган тўрт нарсани олиб кўрайлик. Ўзини билган ҳар бир одам боласига худди шу тўрт нарсадан ўзгаси керак эмаслиги ҳеч кимга сир эмас.
1. Ҳидоят.
Ҳидоятга-тўғри йўлга бошлаш, луғатда, бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишга айтилади.
Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири Ҳодий-Ҳидоят қилувчидир. У зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни, Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.
Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.
Бу дуода айни ўша ҳидоят сўралмоқда.
2. Иффат.
Иффат сўзи луғатда қабиҳ нарсадан тийилиш маъносини англатади. Ибн Манзур: «Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир», деган.
Уламолар иффат ҳақида бир – бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:
Роғиб: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосиб бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланади.
Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», деган.
Жоҳиз: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлашдир. Уни жасадни тик туришига ва соғлигини муҳофаза қилишига етадиган нарса билан кифояланишдир. Барча лаззатли нарсалардан исрофдан четта бўлиб, мўйтадиллик йўлини тутишдир. Кифояланган шаҳватлари ҳам мустаҳаб равишда ва уни қондиришга иттифоқ қилинган ҳамда ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак. Шу билан бирга ундан кўпга ҳожат тушмайдиган миқдорда бўлиши лозим», деган.
Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у баўкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги туғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир», деган.
3. Беҳожатлик.
Бу ердаги беҳожатлик маънавий ҳам, моддий ҳам бўлиши мумкинлигини уламоларимиз таъкидлашган.
Беҳожатликни бойлик деб аташ ҳам мумкин. Арабчадаги «ғина» сўзини шундай таржима қилганмиз. Яъни, моддий ва маънавий бойлик дегани. Бой одам бировга ҳожати тушмагани учун ғаний – бой деб аталган. Бу сифат ҳам зарур сифатлардандир. Яъни, моддий ва маънавий маъноларда тўқ бўлиш катта бахтдир.
4. Тақво.
Аслида «тақво» сўзи сақланмоқ, эҳтиёт бўлмоқ маъноларини англатади. У виқоя сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборатдир. Гоҳида тақво хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан, тақво нима, деб сўраганда, араблар сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар, деганлар.
Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳнинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.
Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтганлар:
Роғиб:
«Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу ман қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади», деган.
Ферузободий:
«Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни, маъсиятдан ва ортиқча-кераксиз нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан у фарз ва нафлга тақсимланади», деган.
Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:
«Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилмоқлик ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларни тарк қилмоқликдир», деган.
Қуръони Каримда «тақво» сўзи хавф, қўрқиш, ибодат, маъсиятни тарк қилиш, тавҳид ва ихлос каби маъноларда ишлатилган.
Қоронғи жойга кириб олиб, тасбеҳ ўгириб ўтириш тақводор бўлиш учун шарт эмас. Тақво – бу гуноҳ ишлардан ўзини сақлашдир. Аллоҳнинг азобидан сақланиш учун ҳаракат қилишдир. Бунинг учун ёмонликлардан сақланиш, яхши амалларни қилиш керак.
Бу дуода айнан ушбу тўрт муҳим нарса сўралгандир.

Самома ибн Ҳазан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир чолнинг баланд овоз билан:
«Аллоҳим! Мен Сендан ҳеч нарса аралашмаган ёмонликдан паноҳ сўрайман» деб дуо қилаётганини эшитдим.
«Бу чол ким?» дедим.
«Абу Дардо», дейилди.

Шарҳ: Ҳазрати Абу Дардо розияллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан бўлганлар. У киши бу дуони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган бўлсалар керак деган тахмин борлигидан уни бу ерда келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Мени худди кир кийимнинг кири поклангани каби муз, дўл ва совуқ сув билан поклагин.
Аллоҳим! Сенга осмонлар тўла, ер тўла ва Сен нимани ҳоҳасанг, ўша тўла ҳамд бўлсин!» дер эдилар
».
Шарҳ: Уламолардан кийимнинг кирини совуқ эмас иссиқ сув билан кетказиладику, нима учун ҳадисда муз, дўл ва совуқ сув айтилган деб сўралган. Бу саволга улардан баъзилари қуйидаги маънода жавоб берган.
Гуноҳлар қалбда ҳарорат, нажосат ва заифлик пайдо қилади. Улар худди оловга ташланган қуруқ ўтинга ўхшайди. Гуноҳлар кўпайган сари қалбнинг олови, кири ва заифлиги кўпайиб бораверади. Сув кирни ювади ва оловни ўчиради. Агар у совуқ бўлса, жисмнинг қуввати ва салобатини зиёда қилади. Сув билан бирга қор ва дўл ҳам бўлса, совутиш, салобат ва шиддат яна ҳам кучли бўлади.
Албатта, Аллоҳ таолога айтиладиган ҳамд осмон ёки ерга тўладиган нарса эмас. Уни оғирлиги, узунлиги ёки бошқа ҳажми йўқ. Лекин дуода унинг ҳаддан ташқари кўплигини ифода қилинмоқда, холос.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар:
«Аллоҳим! «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин

Шўъба айтди: «Мен Қатодага айтган эдим, Анас бу дуони қилар эди. Аммо кўтармаган деди».
Шарҳ: Кўтармаган дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ривоятини етказмаган дегани.
Бу дуо мусулмонларнинг дуоси. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради.
Мўмин-мусулмонлар динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳой-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.
Бу дуода юксак одоб ҳам ёрқин кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани таъйин қилиб номини айтмасдан, умумий қилиб «яхшилик» деб айтилмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи «яхшилик»нинг нималигини яхши билади.
Имом ибн Касир: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», деганлар.
Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «(Байтуллоҳнинг) бурчагидан ҳар ўтганимда, «Омийн!» деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, «Роббана атина фиддуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қийна азабан-наар»ни ўқинглар», деганлар.
Бу дуо Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.
Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилган:
«Анас ибн Молик ҳузурида эдик. Собит у кишига: «Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти», деди. Анас ибн Молик «Роббана атина...»ни ўқиди.
Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Туришмоқчи бўлишганда:
«Эй Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз», деди.
Шунда Анас ибн Молик:
«Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку», деди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Мен Сендан фақирликдан, озликдан ва хорликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан зулм қилишимдан ва зулмга қолишимдан паноҳ сўрайман», дер эдилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода ҳам бир неча нохуш нарсаларадан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаш бор.
1. Фақирлик.
Фақирлик сўзи аслида фақр-умуртқа поғанасининг синишидан олинган. Бундай мусибатга учраган одам қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзгаларга муҳтож бўлиб, қимирлай олмай ётиб қолади. Фақирлик ҳам шунга ўхшаш, кишига муҳтожлик келтиради.
2. Озлик.
Яъни, яхшилик ва хайр-бараканинг камлиги. Бу ҳам одамни муҳтожлигининг аломати ва бошига тушган кулфати бўлади.
3. Хорлик.
Кишининг бошқалар олдида ҳақорат қилиниши хорлик бўлади. Бошқалар уни одам ўрнида кўрмаган, ҳурмат қилмаган ва унинг билан ҳисоблашмаган одам хор бўлади. Бу ҳам ҳар бир одам учун катта мусибат бўлади.
4. Зулм қилиш.
Бу ишни қилган одам золим бўлади. Золимнинг кимлиги ва оқибати қандай бўлишини ҳамма яхши билади.
5. Зулмга қолиш.
Бунга дучор бўлган одамни мазлум дейилади. Бу ҳолат ҳам ҳеч кимга муносиб кўрилмайдиган нарсалардан.
Уламолар ушбу дуолардан мурод умматга таълим беришдир деганлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бас, У зот кўп дуо қилдилар. Уни ёдлай олмадик.
«Биз ёд олмаган дуони қилдингиз», дедик.
«Мен Сизларга ўшаларнинг ҳаммасини жамлайдиган насани айтаман – Аллоҳим! Албатта, биз Сендан Набийинг Муҳаммад алайҳиссалом сўраган нарсани сўраймиз. Биз Сендан Набийинг Муҳаммад алайҳиссалом паноҳ сўраган нарсадан паноҳ сўраймиз.
Аллоҳим! Ёрдам сўралувчи Сенсан. Етказувчи Сенсан. Аллоҳдан бошқада қувват ҳам, тоқат ҳам йўқ», дедилар
».
Шарҳ: Демак, Аллоҳ Таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган нарсани сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган нарсадан паноҳ сўрайман, деб қилинган дуо жуда кўп нарсани қамраб олар экан.
Уламолар, ушбу дуо каби жамловчи ва фойдали нарса йўқ, деганлар. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуоларида дунё ва охиратнинг яхшиликларидан бирор нарсани қолдирмай сўрадилар ва дунё ва охиратнинг ёмонлигидан бирортасини қўймай паноҳ сўрадилар.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳим! Мен Сендан Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман ва дўзахнинг фитнасидан паноҳ сўрайман» деганларини эшитдим
».
Шарҳ: Дўзахнинг фитнасидан мурод дўзахга тушишга сабаб бўладиган фитнадир.
Бу дуода қиёматга яқин ва охратга боғлиқ ёмонликлардан паноҳ сўраш бор.
1. «Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман».
Дажжол сўзи аслида кўп алдовчи деган маънони билдиради. Кўп алдамчилик қилиши учун қиёмат яқин қолганда чиқадиган Дажжол ҳам шу лақабни олган. Унинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади. Шунинг учун уни масийҳ сифати ила сифатланади.
Дажжолга берилган сеҳр, баъзи одамларни ўлдириб бошқаларини тирилтириш каби нарсалар одамларни алдаб қўйиш хавфи бор. Шунингдек, у ҳақни ботил ила кўмиб ташлаш қобилиятига ҳам эга.
У асли яҳудий одамдир. Мадинаи Мунавварага нисбатан машриқ тарафдан чиқади. У одамлар орасида аҳли салоҳликни ва тақводорликни даъво қилади. Кейинроқ худолик даъвосини қилади.
Унинг фитнасига жуда кўп одамлар, хусусан, яҳудийлар учади ва унга эргашади.
2. «Дўзахнинг фитнасидан паноҳ сўрайман».
Дўзахнинг фитнасидан мурод дўзахга тушишга сабаб бўладиган нарсалардир.
Аллоҳ таоло барчамизни Дажжол ва дўзахнинг фитнасидан Ўзи асрасин!

Саъийддан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос: «Аллоҳим! Мени берган ризқингга қаноатли қил. Уни менга баракотли қил. Мендан ғойиб бўлган нарса ўрнига яхшисини бер», дер эди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу дуоларида инсонга аввало бу дунёда керак бўладиган уч нарсани сўраш бор.
1. «Мени берган ризқингга қаноатли қил».
Агар амал оз насибага сабр қилиш бўлса, қаноат дейилади.
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сафат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қаноатни лозим тутинглар! Қаноат туганмас молдир», дедилар».
Имом Тобароний ривоят қилган.
2. «Уни менга баракотли қил».
Ризқнинг баракали бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг бандага улкан раҳматидир. Ризқидан барака бўлган банда жуда ҳам катта бахт соҳиби бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзи ризқнинг баракасиз бўлишидан асрасин. Бас, ризқнинг баракали бўлишини сўраб дуода бўлишимиз керак.
3. «Мендан ғойиб бўлган нарса ўрнига яхшисини бер».
Биз ўзимиз учун яхши деб билган нарсамиз ғойиб бўлса, афсус надомат қилмалигимиз, фиғон чекмаслигимиз керак. Балки ушбу дуони қилишимиз лозим.
Афсус надомат ва дод вой билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаслик деган ўзимизга номуносиб иш содир бўлади.
Бундай патларда сабр ила ушбу дуони ўқиш эса, бу дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп дуолари:
«Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин!
» эди.
Шарҳ: Бу дуонинг батафсил шарҳи олдин ўтди. Алҳамду лиллаҳ! Бу дуо халқ ичида жуда яхши ўзлаштирилган ва одамларни уни ихлос билан ўқиб юришга одатланганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча:
«Аллоҳим! Эй қалбларни айлантириб турувчи зот! Қалбимни динингда собит қилгин!» дер эдилар
».
Шарҳ: Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни англатади.
Қалбнинг тез ўзгарувчанлигини Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда тез-тез эслатиб турилади. Ушбу ҳадис ҳам шундай эслатмалардан биридир.
Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади. Ушбу ҳадиси шариф ҳам бизга ўша ҳақиқатни эслатмоқда.
Қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар.
Улар бу дунёю, у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳдан қалбларни Ўз динида собит қилишни сўраб дуо қилинмасин?!
Банда учун унинг қалбининг динда собит бўлиши икки дунёнинг нажоти ва ютуғининг асосий сабабидир.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони кўп қилар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони қилардилар:
«Аллоҳим! Сенга осмонлар, ер ва сен ҳоҳлаган нарсаларнинг барчаси тўла ҳамд бўлсин.
Аллоҳим! Мени дўл, қор, совуқ сув билан поклагин!
Аллоҳим! Мени гуноҳлардан поклагин! Мени оппоқ кийимни кирдан тозалангандек поклагин
».
Шарҳ: Бу маънодаги дуо ҳам олдин ўтган ва уни батафсил шарҳ қилганмиз. Бу ривоятда олдин Аллоҳ таолога ҳамд айтиш зиёда бўлган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуолари ичида:
«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматларинг заволидан, офиятинг бошқа тарафга ўтишидан, тўсатдан келадиган уқубатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ сўрайман» бор эди
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда.
1. Неъматларнинг заволидан.
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.
Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.
Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилишбилан бирга ушбу дуони ҳам қилиб турса яхши бўлади.
2. Офиятинг бошқа тарафга ўтишидан.
Офият сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Уни бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятни бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лоўим бўлади.
3. Тўсатдан келадиган уқубатдан.
Бундай уқубат тўсатдан келгани учун бандан тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.
4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.
Яъни, Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки, Аллоҳ таолонинг қай бир ғазабига дучор бўлган банда, албатта, ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.
Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жуда кўп.
Ҳозирги кунимизда ҳам ҳамма дуога жуда ўч бўлиб қолган. Бугунги кунда дуо китоблари чиқса, тезда тарқалиб кетмоқда.
Одамларнинг дуога ўч бўлиб қоладиган ҳолатлари бўлиб туради. Айниқса, омадсизликка учраганда Аллоҳдан сўрайдиган нарсалари кўпайиб қолади.
Бозорда намоз китоби, рўза китоби туриб, бир ёқда дуо китоби турган бўлса, ҳамма дуо китобини олади. Чунки кўпчилик, намоз, рўзадан кўра дуо қилиб, ниятимга ета қолсам, деган тушунчада.
Бироқ ундай эмас. Тўғри, дуо, унинг лафзи бор нарса, айниқса, Қуръони Каримда келган дуолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган, у Зотнинг муборак лафзларидан қолган дуолар бор. Бироқ, бу дуоларни ўқиш билан иш битиб қолмайди.
Дуо бу маълум бир сўзни қўлларни кўтариб туриб, Аллоҳдан сўраб, айтишнинг ўзи эмас. Буни талаб дейилади.
Масалан, мен ёнимда ўтирган одамга сув бериб юборинг, десам, у киши олиб беради. Мана шу талаб бўлади. Талабнинг дуодан фарқи бор. Талаб – кимдандир бирон нарсани сўрашдир.
Дуо эса инсоннинг ўзидаги нафсоний бир ҳолатдир. Дуо - бутун вужуд билан берилиб, ҳамма нарсани унутиб, Аллоҳ Таолога қурбат – яқинлик ҳосил қилиб туриб, Парвардигори оламнинг ўзига ёлворишдир.
Қўлларни очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Эҳтимол, чин дуо қилаётган одам йиғлаб туриб, бир оғиз ҳам сўз айта олмас, лекин кўнглидан, қалбидан бир нималар ўтиб туради, юрагида Аллоҳдан қўрқув – хушуъ ва хузуъ бор, ёлвориш, тилак бўлса – ана шунинг ўзи кифоя қилади.
Шунинг учун, албатта бундай бу чала-чулпа таржима қилинган дуоларни ўқиш, ёдлаш яхши, бироқ унинг моҳиятини тушуниш лозим.
Дуо қилишнинг одоблари, услублари, шартлари бор. Имкони бўлса, дуодан олдин бирор солиҳ амални тақдим қилиш керак.
Дуоларим қабул бўлсин, деган киши учун энг биринчи шарт – тавбадир. Чунки тавба – солиҳ амалдир. Қилинган гуноҳларга афсус-надоматлар билан, пушаймон бўлиб, Аллоҳ Таолога йиғлаб, ёлвориб, астойдил тавба қилиш – дуодан олдин қилинадиган солиҳ амалдир.
Ундан кейин, дуолар қабул бўладиган соатлар, ҳолатлар бор, дуонинг қабул бўлиши учун қилинадиган амаллар бор. Ана шуларни топиш, излаш керак.
Дуо қабул бўладиган соатлар – тонг, саҳар чоғларидир. Ана шу пайтлардаги дуолар кўпроқ қабул бўлади.
Жумъа намозида иккинчи азон билан иқомат ўртасидаги вақт ҳам дуолар қабул бўладиган пайтдир.
Ҳадисларда келишича, банданинг Аллоҳ Таолога энг яқинлашган пайти – саждада турилган пайт ҳам – сўраладиган нарсаларни сўраб олинадиган пайтдир.
Дуо кўп қабул бўладиган вақтлардан яна бири фарз намозларидан кейинги вақтдир.
Бизда фарз намозларидан кейинги вақт дейилса, фарз намозидан кейин, суннат намозидан аввал дуо қилиш керак экан, деган тушунча пайдо бўлган. Бу ҳам нотўғри.
Бизнинг мазҳабимиз бўйича равотиб суннатлар фарз намознинг бир қисми, уни тўлдирувчи намозлар ҳисобланади.
Шунинг учун фарздан кейин суннати бор намозларда ўша суннатларни ўқигандан кейин дуо қилинади. Ва шу дуо фарз намозидан кейин қилинган дуога ўтади.
Қуёш ботаётган пайтдаги (айниқса жумъа кунларида) дуолар ҳам ниҳоятда яхши қабул бўлади.
Арафа куни, ҳайит куни, лайлатул қадр кечаларидаги дуоларнинг ижобат бўлишини ҳам ҳамма билади.
Дуо қабул бўладиган энг улуғ вақтлардан бири - Қуръони Каримни қироат қилгандан кейинги вақтдир. Шунингдек, хайр-садақа қилгандан кейин қилинган дуолар ҳам яхши қабул бўлади.
Дуо қабул бўлиши учун қўлларни кўтариш керак, қиблага юзланиш керак, таҳоратли бўлиш керак, ўзининг хорлигини изҳор қилиши керак, айни пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга салавот айтилмагунча, кишининг дуоси бошидан юқорига кўтарилмайди», деганлар.
Демак, мана шу одобларга риоя қилиб, нафсоний ҳолатларга риоя қилиб туриб, астойдил дуо қилиш керак экан.
Майда-чуйда нарсаларни қаторлаштириб, ҳар нарсаларни санаб, қофиясини келтириб дуо қилиш мутлақо қабул бўлмайди.
Шунингдек, кишининг ҳалқуми пок бўлмаса ҳам дуо қабул бўлмайди. Ҳатто, бир луқма ҳаром еган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди. Бу жиҳатларни ҳам билиш керак.
Хуллас, дуонинг матни муҳим эмас. Машҳур дуоларнинг матнларини билиш яхши, лекин бу дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўладиган асосий омил эмас. Дуонинг қабул бўлиши учун юқорида айтилган ҳолатлар мавжуд бўлиши керак.
Энг муҳими – инсоннинг қалби Аллоҳга боғлиқ бўлиши, Аллоҳга илтижо қилиш, сўраётган нарсасини фақат Аллоҳдан сўраб, бошқа бирор банда ёки нарсани бунга яқинлаштирмаслиги керак бўлади. Ана шунда дуолар қабул бўлади.
Бугунги кунда дуо қиляпмиз, лекин қабул бўлмаяпти, дейдиганлар ҳам кўп учрайди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Банда «Мен дуо қиляпман, лекин қабул бўлмаяпти» демаса, дуоси қабул бўлади. Акс ҳолда дуоси қабул бўлмайди.
Шунингдек, дуони ўзига қилиш билан бировга қилишнинг ҳам фарқи бор. Ҳозирги кунда кўпчиликнинг ҳаққига қилинган дуолар қабул бўлмаяпти. Чунки беш-ўнта киши йиғлаб, астойдил дуо қилиб ўтирса, ҳақларига дуо қилинаётган кишиларнинг эса худо билан иши йўқ, намоз ўқимайди, ароқ ичади, зино қилади – парвойи фалак. Бу ёқда ўтирволиб, ўша Аллоҳга осийлик қилаётганларнинг ҳаққига қилинган дуо қандай қабул бўлсин?
Шунинг учун, дуо – ибодатнинг мағзи, илиги, мўминнинг силоҳидир, жуда катта, улуғ бир фазийлатдир. Бироқ унинг одоби, шартларини йўлга қўйиш лозимдир. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло дуоларимизни қабул бўладиган дуолардан қилсин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri