Айюб алайҳиссалом Принтер учун
11.04.2010 й.
islom.uz

Қуръони Каримда Айюб алайҳиссаломнинг номлари тўрт сурада тўрт марта зикр қилинган. Бу суралар Нисо, Анъом, Анбиё ва Сод сураларидир.

У ЗОТНИНГ НАСАБЛАРИ

У зот Айюб ибн Амвос ибн Зориҳ ибн ал-Ийс ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир.

АЙЮБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БАЛОГА САБРЛАРИ

Қуръони Каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганликларидан бошқа, ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келган эмас. Шунинг учун биз у зотнинг зикрлари келган ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.
«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулай-монларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).
Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган зот битта. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олган.
«Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни ҳам (ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз» (Анъом сураси, 84-оят).
Бу оятда ҳам Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломни ўзининг машҳур пайғамбарлари ила бир сафда зикр қилмоқда.
«Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла (Анбиё сураси, 83-оят).
Аллоҳнинг пайғамбари Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди.
Ушбу оятда ҳам Айюб алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлбориб илтижо қилаётганлари келяпти, холос. Айюб алайҳиссалом ўша илтижода ҳам одобга риоя қилиб, ўзларига етган зарар нималигини айтмайдилар. Фақат зарар етганини ва Аллоҳ таоло раҳмлиларнинг раҳмлиси эканини эслайдилар.
«Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!»
Яъни, менга зарар етганини, унинг нималигини Ўзинг яхши биласан, Сен энг раҳмли зотсан, менга қандай раҳм қилишни ҳам Ўзинг биласан, деб илтижо қилганлар.
«Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик».
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг дуоларини қабул этди.
«Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик».
Ривоятларда келишича, у зот касал бўлган экан. Қандай касаллигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Уламоларимиз, Айюб алайҳиссаломга етган жирканчли касалликлар ҳақида баъзи ривоятларда келган гапларда муболаға бор, пайғамбарлик мақомига ҳам тўғри келмайди, дейишади.
«Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик».
Бундан кўриниб турибдики, Айюб алайҳиссаломга етган зарар ичида аҳли аёлларини олиш ҳам бўлган экан. Фақат бир хотинигина у зот билан қолганлар. Лекин Айюб алайҳиссалом сабр қилиб, Аллоҳга ёлборганларидан кейин, Аллоҳ таоло у зотга аҳлларини қайтариб, яна шунчага кўпайтириб берди. Аллоҳ таоло бу ишларни беҳикмат қилгани йўқ.
«Буни Ўз раҳматимиз ила ва обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик».
Яъни, сабрли бандаларимиз доимо раҳматимизга ноил бўлишларини билдириш ва обидларга ибрат учун шундай қилдик. Обид–ибодат қилувчи шахс. Айюб алайҳиссалом обидларнинг энг мухлис ва машҳурларидан эдилар. Демак, обидлар ҳам синов маъносида ҳар хил балоларга учраб турадилар. Обидлик–улуғ мартаба, унга осонлик билан эришиб бўлмайди. Ҳақиқий обидлик мақомига эришиш учун банда анчагина синовлардан ўтиши керак.
«Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди» (Сод сураси, 41-оят).
Эй Муҳаммад, сен Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. У ҳам кўп қийинчиликларга учраган. Бу нарса сенга ва умматларингга ўрнак бўлсин.
«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди».
Бутун дунёда Айюб алайҳиссаломнинг сабри зарбулмасал бўлиб кетган. Биров ўзига сабр сўрайдиган бўлса, менга Айюб алайҳиссаломнинг сабридек сабр бер, деб сўрайди. Биров бошқа бировнинг сабрини мадҳ қилмоқчи бўлса ҳам, фалончига Аллоҳ таоло худди Айюб алайҳиссаломнинг сабридек сабр берган, деб васф этади.
Айюб алайҳиссалом ҳам ҳаётида худди Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссалом каби синовга дучор қилинган. У зотнинг сабри айнан ўша машаққатли синовда намоён бўлган. Лекин айнан қандай синов келгани ҳақида маълумот йўқ. Чунки муҳими синовнинг келгани, унинг тури эмас. Моҳияти ибрат учун керак.
Шу боисдан ҳам, Қуръони Каримда Айюб алайҳиссалом қандай синовга учраганлари зикр қилинмаган. Ҳадиси шарифларда бу хусусда ривоят йўқ.
Бани Исроил эса, одатдагидек, бошқа анбиёларга нисбатан тўқигандек, Айюб алайҳиссаломга ҳам бўҳтонлар тўқиб ташлашган. Уларнинг асосий жиноятларидан бири ҳам шудир. Маълум сабабларга кўра, жумладан, Исломни қабул этган Бани исроилликлар орқали ёки улардан айримларининг душманликлари оқибатида улар тўқиган уйдирмалар баъзи тафсир китобларимизга ҳам кириб қолган. Лекин, алҳамдулиллаҳ, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз бу офатга қарши курашиб, у қиссаларнинг ботил эканини исбот қилганлар. Кўплари мусулмонларнинг зеҳнини заҳарламаслик учун ўша уйдирма қиссаларни зикр ҳам қилмайдилар.
Айюб алайҳиссалом ҳақида, у зотнинг сабри ҳақида тўқилган ёлғонларнинг энг одоблисида айтилишича, у зот жуда хунук дардга мубтало бўлган эмиш. Яқинида туриб бўлмайдиган даражада ёмон аҳволга тушган эмиш. Бадани парча-парча бўлиб, узилиб тушаверармиш. Фақат бир хотинигина қолиб, бошқалар ундан нафрат қиладиган ҳолга келишганмиш ва ҳоказо.
Бундай афсоналар пайғамбарлик мақомига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло бошқаларга ўрнак бўладиган хос бандасига–пайғамбарга одамлар нафрат қиладиган даражада жирканч касаллик бермайди.
Қолаверса, Аллоҳ таоло бандаларга пайғамбарларнинг қиссаларидан ибрат олишни амр қилган. Улар ҳақида турли қиссалар тўқишга ёки касалининг турини ахтаришга буюрган эмас. Шунинг учун, энг тўғри йўл Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифда келган хабарлар билан кифояланишдир.
Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбаридир. Бошқа пайғамбарлар қатори, Аллоҳ таоло у зотни ҳам синовга солган. Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар бермоқда. Аллоҳ таолонинг синовини Айюб алайҳиссалом жуда ҳам гўзал сабр билан қарши олган. Афтидан, синов молу дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлганга ўхшайди. Айюб алайҳиссалом бу синовларнинг ҳаммасига сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмай, Унга бўлган ишончи сусаймай, розилигини тилаб турган.
Шайтон эса, машаққатли синов лаҳзаларида Айюб алайҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўша мухлислар ичида у зотнинг хотинлари ҳам бор эди. У аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга, агар Айюбни Аллоҳ яхши кўрганида уни балога гирифтор этмас эди, дейиларди. Бу гаплар Айюб алайҳиссаломга ҳам етиб келди. Хотини мазкур гаплардан баъзиларини айтганида, у зот имкон топганида аёлни уришга қасам ичди.
«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди».
Айюб алайҳиссалом ҳамма нарса Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билса ҳам, кўнгилсиз нарсани одоб юзасидан шайтонга нисбат берди. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзи ҳам озорланаётганига ишора қилди.
Аллоҳ таоло у зотнинг бу илтижосига, ёлборишига муносиб жавоб берди:
«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (Сод сураси, 42-оят).
Яъни, оёғинг билан ерни тепгин, деди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёғи билан ерни тепган эди, у ердан сув чиқди. Шунда Аллоҳ таоло:
«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди.
Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.
Уламоларимиз шу жойда ўта нозик бир жиҳатга эътибор берадилар. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга тайёр сувни кўрсатмасдан:
«Оёғинг ила ерни тепгин», деди. У зот ерни тепганида, сув чиқди. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди.
Бундан Аллоҳ таоло ҳамма нарсани тайёрлаб бермайди, балки банданинг ўзида ҳаракат бўлса, ёрдам беради, деган маъно англашилади. Шунинг учун ҳар бир нарсада, жумладан, дардга даъво излашда ҳам банда Аллоҳдан ёрдам тилаган ҳолида ўзи ҳаракат қилиши керак.
«Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди» (Сод сураси, 43-оят).
Айюб алайҳиссаломга мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб, шифо топганидан кейин Аллоҳ таоло у зотга аҳлини қайтарди. Улар билан бирга зиёда қилиб, яна ўшанча аҳл ҳам берди. Қандай қилганини Ўзи билади. Ўлиб кетганларини тирилтирганми, қочиб кетганларини қайтарганми ёки бутунлай янгитдан берганми бу томони Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум.
«Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди».
Айюб алайҳиссаломга аҳли қайта берилиши ва яна уларнинг мислича аҳл ҳам зиёда қилиниши Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Шунингдек, ақл эгалари учун эслатма ҳамдир. Бу ҳодисадан хабардор бўлган ҳар бир ақлли одам бошига бало-офат ва мусибат тушганида Айюб алайҳиссалом каби гўзал сабр қилса, охир-оқибат Аллоҳнинг раҳмати келишини эслайди, ибрат олади.
Шундай қилиб, Айюб алайҳиссалом соғайиб кетди, аҳли ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди учинчи нарса қолди. Энг оғир пайтларда ихлос билан ёнида турган вафодор хотинини имкон топганида уришга қасам ичиб қўйган эди, ўша қасамга амал қилиш қолди. Бу мушкул иш эди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотган инсонни мушкул ариганидан кейин юз таёқ уриш керак.
Дарҳақиқат, бу оғир муаммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила бу муаммони ҳам ҳал этди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга деди:
«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма», (деди). Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир» (Сод сураси, 44-оят).
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамини қандай адо этишни ўргатмоқда ҳамда у зотга ўзи томонидан бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабабини баён қилмоқда:
«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма».
Эй Айюб, неча марта уришни айтган бўлсанг, ўшанча новдани бир даста қилиб ол-да, у билан хотинингни ур. Шунда қасамингни адо этган бўласан. Қасаминг бузилмайди.
Бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабаби:
«Биз уни сабрли топдик».
Синов келганида, Айюб гўзал сабр ила сабр қилди. Бизга бўлган ишончи сусаймади. Бир лаҳза ҳам Бизнинг розилигимизни топишдан умидини узмади.
«У қандай ҳам яхши банда».
Айюб ниҳоятда яхши бандадир.
«Албатта, у ўта қайтгувчидир».
Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтади.

У ЗОТ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айюб яланғоч ғусл қилаётган эди. Устидан тиллодан бўлган чигиртка (ҳайкали) тушди. Айюб уни кийимига ўрай бошлади. Шунда Роббиси унга:
«Эй Айюб! Мен сени кўриб турган нарсангдан беҳожат қилмабмидим», деди. У:
«Иззатинг ила қасамки, шундоқ бўлган. Лекин, мен Сенинг баракангдан беҳожат эмасман», деди».
Бухорий ривоят қилган.

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Тарихчилар таъкидлашларича, Айюб алайҳиссалом 93 ёшларида бу дунёни тарк этганлар. У зотнинг 26 та ўғиллари бўлган. Ўшалардан бирининг исми Бишран бўлиб, у Қуръони Каримда зикри келган Зул Кифл алайҳиссаломдир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz