Саломни етказиш Принтер учун
05.05.2010 й.
islom.uz

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Оиша! Бу Жаброил, сенга салом йўлламоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу! Э-и, сиз биз кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда бошқа бир киши орқали бировга салом йўллаш мумкинлиги очиқ кўриниб турибди. Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом йўлламоқдалар. Албатта, бунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг олиймақом фазллари намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, у киши ҳам Жаброил алайҳиссаломга Пайғамбар алайҳиссалом орқали алик олмоқдалар. Шундан келиб чиқиб, фалончи сенга салом айтди, дейилганда «ва алайҳиссалому» деб алик олмоқ керак бўлади.

Ғолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Ҳасан розияллоҳу анҳунинг эшигида ўтирган эдик. Бир киши келиб:
«Менга отам бобомдан ҳадис айтди: «Отам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди ва: «Ҳузурларига бориб, у зотга салом айтгин», деди. Бас, мен у зотнинг ҳузурларига бордим ва: «Отам сизга салом айтди», дедим.
Шунда у зот:
«Сенга ҳам, отангга ҳам салом бўлсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, саломни етказувчи бировнинг саломини етказса, унга ҳам, салом юборувчига ҳам бирданига алик олиш лозим бўлар экан.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz