Мажлислар одоби ҳақида Принтер учун
05.05.2010 й.
islom.uz

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир», деган (Мужодала, 11).

Бу ояти кариманинг тушиш сабаби ҳақида ҳазрати Муқотил ибн Ҳайён бундай ривоят қиладилар:
«Бу оят жума куни тушган. Пайғамбар алайҳиссалом ўша куни суфада, тор жойда ўтирган эдилар. У кишининг одатлари — Бадр уруши қатнашчиларини иззат-икром қилар эдилар. Бадр уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи мажлисга кеч қолиб келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом қаршиларига келиб: «Ассалому алайкум, айюҳан Набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу», дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом алик олдилар. Улар ўтирганларга ҳам салом бердилар. Ўтирганлар ҳам алик олдилар. Келганлар жой берилишини кутиб тик туриб қолдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларнинг нимага туриб қолганларини билдилар. Лекин уларга жой берилмади. Бу эса, Пайғамбаримизга оғир ботди. Шунда у зоту бобаракот ат-рофларида ўтирган, Бадр урушида қатнашмаган кишиларга: «Ҳой фалончи, фалончи» деб бирмабир ўринларидан турғизиб, Бадр аҳлини ўтқаздилар. Бу эса, ўрнидан турғазилганларга оғир ботди. Пайғамбар алайҳиссалом буни уларнинг юзларидан сездилар.
Мунофиқлар бу ҳолатдан усталик билан фойдаланиб, «Пайғамбаримиз кишилар орасида адолат ўрнатади, деб юрар эдинглар-ку?! Аллоҳга қасам, анавиларга ҳеч адолат қилмади. Бир хил одамлар ўз Набийларини яхши кўриб унга яқинлашувди, уларни турғазиб юбориб, ўринларига ўзгаларни ўтқазди», дейишга ўтдилар. Шу онда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ўз биродарига жой берган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. Шундан сўнг одамлар ўринларидан шошилиб тура бошладилар ва биродарларига жой бўшатдилар. Ана шундай ҳолат бўлиб турган пайтда ушбу оят нозил бўлди:
«Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг дейилса, бас, силжинг, агар туринг, дейилса, туринг».
Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват этилди.
Шу билан бирга, иймон ва илмнинг тутган ўрни жуда ҳам юқори эканлиги эслатилиб:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир», дейилди.
Бу оят тафсиридан яна шу нарса ойдинлашадики, баъзи кишилар ўзларича обрў-эътибор деб юрадиган мансаб, пул, йиғилган молу дунё ва бойликларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ экан. Фақат иймону илм билан Аллоҳ тақводорлар мартабасини юқори тутар экан.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўлларда ўтиришдан сақланинг», дедилар.
«Эй Расулуллоҳ! Мажлисларимиз лозим нарсалар. Биз уларда суҳбатлашамиз», дейишди.
«Агар ўтиришдан бошқа илож топа олмасангиз, йўлга ўз ҳаққини беринг», дедилар.
«Унинг ҳаққи недир?» дейишди.
«Кўзни тийиш, озор бермаслик, саломга алик олиш ҳамда амру маъруф ва наҳйи мункар», дедилар
».
Шарҳ: Бекордан-бекорга йўл бўйида ўтириш яхши эмас. Агар йўл бўйида ноилож ўтириб қолинган чоғда ҳам кўзни нолойиқ нарсалардан тийиб, бировга озор бермасдан, ўткинчиларнинг саломига алик олиб, кези келганда, яхшиликка амр қилиб, ёмонликдан қайтариб ўтириш лозим бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши бошқа бир кишини мажлисидан турғазиб, сўнг ўзи унинг ўрнига ўтирмайди. Лекин силжинглар ва кенгайтиринглар
», дедилар.
Икковини тўртовлари ривоят қилишган.
Муслим ўз ривоятида:
«Ибн Умар биров ўрнидан туриб унга жой бўшатса, ўша ерга ўтирмас эди»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Мажлисда ўтирган бир кишини турғазиб ўрнига бошқани ўтқазиш ҳаромдир. Чунки бу ишда аввал келган кишини беҳурмат қилиш бор. Аммо кенгайиб жой очилса, яхши бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг биров ўрнидан туриб, унга жой бўшатса, ўша ерга ўтирмасликлари ўзларининг ўта камтарликларидандир. Аслида, ўтирган одам бир кишини улуғлаб ва ҳурматлаб чин кўнгилдан жой бўшатиб берса, ўтирмоқ жоиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз жойидан туриб, яна қайтиб келса, у
ўшанга ҳақлидир», дедилар
».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мажлисда ўтирган одам бирор сабаб ила ўрнидан туриб чиқиб кетсаю ҳожатини чиқаргандан кейин яна қайтиб келса, ўзининг аввалги жойига ўтиришга энг ҳақли одам бўлади. Унинг ўрнига бошқа бировнинг ўтириб олишга ҳаққи йўқ. Бинобарин, илмий мажлислар, дарслар ва тез-тез такрорланадиган йиғинларда маълум ерга ўтиришни ўзига одат қилган одамларнинг ўша ерга доимий равишда ўтиришга ҳақлари бор.

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсак, биримиз ўзи етган жойга ўтирар эди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, ҳар ким ўзи келганда мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтиргани афзал экан. Одамлар ўтирган бўлса ҳам олдинга қараб интилиб, ўтирганларни нотинч қилмагани маъқул.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чап ёнбошларидаги болишга суянган ҳолларида кўрдим».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мажлиснинг тақозои ҳоли кўтарса, болишга суянса ҳам бўлар экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бомдодни ўқиб бўлсалар, қуёш гўзал бўлиб чиққунча чордана қуриб ўтирар эдилар».
Абу Довуд ривоят килган.
Шарҳ: Сўнгра ишроқ намозини ўқиб, уйлари томон йўл олар эдилар. Бомдодни ўқиш билан қайта ухлашга ётмас эдилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида икки қўллари билан тиззаларини қучоқлар эдилар».
Абу Довуд ва Баззор ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида икки думбаларини ерга қўйиб, қўллари билан тиззаларини қучоқлаб ҳам ўтирганлар. Ушбу ривоятда айнан ўша ўтириш ҳақида сўз кетмоқда.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кишига икки кишининг изнисиз уларнинг орасини ажратиш ҳалол бўлмайди», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилиўган.
Шарҳ: Бир-бири билан яқин ўтирган, ораларида одам сиғадиган жой бўлмаган икки кишининг орасига уларнинг изнисиз суқилиб ўтириб олиш ҳаромдир. Бу уларга ноқулайлик туғдириши турган гап. Аммо уларнинг ўзлари изн берсалар, мумкин.

Термизийнинг ривоятида:
«Кишининг султонида унга имомлик қилинмайди ва унинг хос жойига ўтирилмайди. Илло, унинг ўзи изн берса, мумкин», дейилган.
Шарҳ: Киши ўз уйида, иш жойида ва раҳбарлик қилаётган жойида намозга ўзи имомлик қилишга ҳақли. Шунингдек, унинг ўзи учун тайёрланган ўринга фақат ўзи ўтиришга ҳақли. Бошқалар унинг изнисиз имомлик ҳам қила олмайди, жойига ҳам ўтира олмайди.

ҲАЛҚА БЎЛИШ ВА МАЖЛИСНИНГ КЕНГЛИГИ

Мажлис қуриб ўтирганда ҳалқа шаклида ва одамларнинг сонига қараб, кенгроқ бўлиб ўтирган афзал.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида улар ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирган эдилар. Шунда у зот: «Нима бўлдики, сизларни тарқоқ ҳолда кўрмоқдаман», дедилар».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан бир масжиднинг қавми турли ҳалқаларга бўлинмай битта ҳалқада ўтиришлари афзал экани келиб чиқади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мажлисларнинг яхшиси кенгидир», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Имкон бўлатуриб, тор доира олиш, албатта, турли ноқулайликлар туғдиради. Шунинг учун имконга қараб, кенг доира олиш лозим.

Абу Мижлаз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши ҳалқанинг ўртасига ўтирди. Шунда Ҳузайфа: «Муҳаммаднинг тилида малъундир ёки Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари ила ҳалқанинг ўртасига ўтирганни лаънатлади», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки ҳалқанинг ўртасига ўтирган одам бу борадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига хилоф иш қилган ва одамларни бир-бирларидан тўсган бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri