Кофирларнинг болалари ҳақида Принтер учун
15.05.2010 й.
islom.uz

Бу сарлавҳа остидаги бобда кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари ҳақида келган таълимотлар ҳақида сўз кетади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (софтабиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», деди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» сўзи «соф табиат», «динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод» деган маъноларни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир боланинг соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан, сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, улар яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар».
Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳакозо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг, «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир» деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди.
Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.
Ушбу ҳадисдан қуйидагича фойдалар оламиз:
Туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан туғилиши.
Ота-она тарбияси боланинг динига асос бўлиши.
Аллоҳ таоло бандани бирор динда бўлишига мажбур қилмаслиги.
Маънавий нарсаларни тушунтириш учун ҳиссий мисолларни келтириш фойдали эканлиги.
Ҳадисларнинг маъносини таъкидлаш учун Қуръон оятларини далил қилиб келтириш аҳамиятли эканлиги.
Кофирларнинг вояга етмай бу дунёдан ўтган фарзандлари соф табиат ила ўлишлари.
Ушбу ҳадисда катта ҳикмат мавжуддир.
Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда инсоннинг ҳам ўрни бор.
Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир. Боланинг динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса уни берувчи Зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчидир. Ҳар бир мусулмон ота-она шу масъулиятни тўлиқ тушуниши, ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериши керак.
Кофир қавмларнинг вояга етмаган болалари соф табиат ила ўлганлари туфайли уларга куфр нисбати берилмайди.

«Туш китоби»да, узун ҳадис шарҳининг охирида қуйидаги матн ўтган:
«Боғдаги новча одам Иброҳим алайҳиссаломдир. Унинг атрофидаги болалар эса, соф фитрат ила ўлган барча болалардир. Шунда мусулмонлардан бири:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мушрикларнинг болалари ҳамми?» деди.
«Мушрикларнинг болалари ҳам», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Мазкур «Туш китоби»да ўрганиб ўтганимиз узун ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари кўрган тушларини айтиб берганлар. Ўшанда кўпгина нарсалар қаторида «Биз юриб кетдик. Охири яшил боққа етиб бордик. Унда улкан дарахт бор. Унинг остида бир чол ва кичкина болалар» деган гаплар ҳам бор эди. Ўша саёҳат охирида фаришталар Пайғамбар алайҳиссаломга ўзлари кўрган нарсаларни шарҳлашлари асносида ҳозир биз ўрганаётган матнни ҳам айтганлар.
Демак, кофир қавмларнинг соф фитрат ила ўлган ёш болалари жаннатда мусулмонларнинг болалари билан бирга бўлар эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мушрикларнинг зурриётлари ҳақида сўралди. Шунда у зот:
«Уларнинг нима қилувчи эканларини Аллоҳ билгувчироқдир», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бундан кофир қавмларнинг ёш ўлиб кетган фарзандлари нима бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, деган маъно келиб чиқади.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир гўдак вафот қилди. Унга яхшилик бўлди. Жаннатнинг чумчуқларидан бир чумчуқ бўлди, дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ жаннат ва дўзахни халқ қилганини, унисига ҳам аҳлни, бунисига ҳам аҳлни яратганини билмайсанми?» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, Аллоҳ жаннат учун аҳлини халқ қилган. Уларни ул учун халқ қилганидан бери улар оталарининг сулбида эдилар. У Зот дўзах учун аҳлини халқ қилган. Уларни ул учун халқ қилганидан бери улар оталарининг сулбида эдилар», дейилган.
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ерда ҳеч кимнинг, ҳатто кичик болаларнинг ҳам жаннатий ёки дўзахий эканлигини бандалар қатъий суратда билмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина жаннат аҳли ва дўзах аҳлларни Ўзининг илми азалийси ила билиб туради.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мўминларнинг зурриётлари-чи?» дедим.
«Улар ота-оналари биландир», дедилар.
«Амалсиз ҳам-а?» дедим.
«Уларнинг нима қилувчи эканларини Аллоҳ билгувчидир», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг Расули, мушрикларнинг зурриётлари-чи?» дедим.
«Улар ота-оналари биландир», дедилар.
«Амалсиз ҳам-а?» дедим.
«Уларнинг нима қилувчи эканларини Аллоҳ билгувчидир», дедилар».
Абу Довуд ривоят килган.
Шарҳ: Бу масала бўйича ўрганиб ўтган ривоятларимизга разм соладиган бўлсак, кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болаларининг охиратдаги ҳоллари ҳақида уч хил ривоят борга ўхшайди.
Аммо бошқа далил ва ҳужжатларни ҳам синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаққиқ уламоларимиз, улар жаннат аҳллари ила бўладилар, деганлар. Мана шу қавл Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглигига тўғри келиши ҳам таъкидланади.
Шунга биноан, кофир қавмларнинг вояга етмай ўлиб кетган ёш болалари жаннат аҳлининг хизматида бўладилар, дейилган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz